1
Эсласам, кулгим келаверади: болалик-да, болалик. Тирмизак-тирранча бола бўлмасанг, келиб-келиб ўз отангни “фельетон” қиласанми? Тағин қаерда денг? Ўз уйида, қош-кўзининг шундоқ остида – “Оиламиз овози” газетида-я!
Шўринг қурғур бу газетнинг дунёга келишиям, кетишиям икки кунлик бўлган. Биргина сони чиқибоқ боқийликка жўнаган бундай “бебахт” газет, оммавий ахборот воситалари деб аталгувчи оламда (агар ўша газетни ҳам шу оламга алоқадор демоқ мумкин бўлса) ягона бўлса, ажабмас.
Жанобингиз ўша замонда ё бешинчи, ё олтинчида ўқирдим. Мактабимизга “мухбирлик” касали юққан эди. Ҳар синфда икки-учтадан, бешта-олтитагача “мухбир” жавлон урарди. Улар катта-кичик хабару мақолалари билан туман, вилоят, ҳатто, республика газетларини ҳам бетўхтов “бомбардимон” қилгани-қилган эдилар. Шу яқин “қоронғи дарахтда”да тангадай янгилик содир бўлса, тамом – эртасигаёқ бирваракайига икки-уч газетда элга салом бериб турарди. Мухбир сероб – ҳамма биринчи бўлиш ишқида куйиб-пишар эди-да. Ора-сира бизнинг хабарлар ҳам кўриниб қоларди у ер-бу ерда.
Ёзув-чизув иштиёқи ҳамманикидан ҳам каминада кучлироқ бўлган шекилли, кунларнинг бирида уйимизда газета чиқармоққа (бу фикр қаердан келганига ҳали-ҳали ақлим етмайди) киришибман. Дарвозадан ҳовлимизга кирган жойда мол-ҳолга ем, хас-хашак сақланадиган сомонхона бўлгувчи эди. Деворлари сувоқсиз, шифтини ўргимчак инлари қоплаган бу жой ёзда бўш тургани учун бўлса керак, Искандар, Қуддус, Абдуназар, Раҳимберди деган жўралар билан ҳашар қилиб, уйни тозаладик, сомонли лой билан девору ерини кучимиз етганича сувадик. Газетларни бир-бирига қатор улаб, шифтга елимладик. “Ёзги каникул”да ҳордиқ чиқараётган сандални ўртага жойлаштирдик. Хуллас, сомонхонага “дарсхона” тусини берган бўлдик.
“Дарсхона” яратиш жараёнида оиламизда болаларнинг дарс қилишлари билан боғлиқ бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқ-тиниқ кўриниб қолди. Ўзингиз танангизда бир бир ўйлаб кўринг, битта рўзғордан тўрт киши: акам, камина, укам ва синглим мактабга қатнаймиз. Демак, бир оилада тўртта ўқувчи бор. Лекин уйда стол у ёқда турсин, бир дона маймоқ стул ҳам йўқ. Ерда узала тушиб ётиб китоб ўқиймиз. Бироқ ўн уч болорли катта уйимизнинг учта тахмони кўрпа-ёстиққа, иккита токчаси чойнак-пиёлага тўла. Неча йиллардан буён тутилмаган чинни идишлару бўғжомага қамалган кўрпа-кўрпачалар ўрнига стол-стул олиш мумкин-ку, ахир! Модомики, ҳукумат, болалар – бизнинг келажагимиз, деётган экан, оиламиз бошлиғи бўлган отамиз нима учун бундай ҳаёт-мамот масаласига панжа орасидан қараб келмоқда?!.. Бир кўнглим, бу муаммоларни (қолаверса, қишлоғимиздаги бошқа оилалардаги аҳвол ҳам бизникидан ғариб бўлса борки, лекин яхши эмас) туман газетигами, “Тонг юлдузи” (бурунги “Ленин учқуни”)гами боплаб ур, дейди. Лекин отамдан ҳайиққаним туфайли албатта, бу фикрдан қайтган бўлсам керак. Уйда, ҳали номи тилга олинган шўрпешона деворий газетни чиқариб, юқоридаги камчиликлар учун отамни “фельетон” қилибман. Раҳматлик отам содда, аммо ўта ҳамиятли, қишлоқ обрўйи учун жон-тани билан курашадиган, ёрдамга муҳтожлардан борини аямайдиган, меҳнаткаш, танти ва чўрткесар одам эди. Сон-саноқсиз маталу масаллар, эртагу достонларни ёд билар, кўҳна қўшиқлар, айтимларни суюб хиргойи қилар, аммо саводхон эмасди. Сабаби, ота-онадан жуда эрта айрилган, оғир қийинчиликларга дучор бўлган, ўқиш-ёзишни ўрганиш имкони бўлмаган. Шунинг учун ҳам “Оиламиз овози” ғариб айвонимизнинг ўртасида – икки дераза оралиғида осилганига қарамай, отам икки кунгача эътибор бермабди. Газетни синфдошларим ўқишган эмасми, улар уйидагиларга етказишибди. Қуддуснинг отаси Арслонхон эшон бобо бир тўйда отамни кўриб қолиб, масхараомуз кулибди. Кичик укам Абдусоли ўқиб берганидан кейин эса шўрпешона газет худди Жордано Бруно сингари ёнаётган ўчоқда кулга айланди. Аммо, шуни ғурур билан таъкидлаш жоизки, сал вақт ўтмай, нафақат бизникида, балки қишлоғимиздаги бошқа айрим хонадонларда ҳам стол-стуллар пайдо бўлгани ҳеч эсимдан чиқмайди…
Яна бир тафсилот. Қишлоғимиз билан қўшни Нисбот қишлоғи орасида Янги ариқ канали бор. Туманимиз маркази бўлган Ургут шаҳрига элтувчи катта йўл ҳам ана шу каналдан ўтади. Лекин каналнинг кўприги шу қадар омонатки, юк машиналари ўтаётганда шовшаб ётган тўсинлар қалтираб, беланчакдек чайқалиб, ботмон-ботмон тупроқ ёриқлардан шовуллаб сувга тўкилади, отлиқ ҳам, пиёда ҳам юрагини ҳовучлаб ўтади. Ўша – олтинчида ўқиётганда “Ургут садоси” (бурунги “Октябрь алангаси”) газетида “Қилпиллама” сарлавҳали танқидий мақолам чиқди. Колхозимиз раиси бор эди, Аброр Тўрақулов деган. Районда донгдор, обрўли раислардан эди. Райкомдан гап эшитган экан, кўчада отамни учратиб қолиб кесатибди, лўлидан одам чиқса ўтовига ўт қўяр, деб. Отамнинг ҳурмати баланд эди Раис бобога. Раис бобога, болалик қипти, танобини тортиб қўяман, депти.Аммо ундай қилмади. Унақаларни ёзишга ҳали ёшлик қиласан, ҳозир яхшилаб ўқиш керак, деди, холос. Биласиз, бола деганда дўппидайгина шумлик ҳам бўлади, отам насиҳат қилаётганида, ичида аллақандай ғурур борлигини овозидан сезиб турдим…
Балки тасодифдир, балки режалидир, ишқилиб, орадан бироз вақт ўтиб, канал устида янги, темир-бетон кўприк қурилди…
2
Демоқчи бўлганим шуки, эслаб кўрсам, газетачиликни бешинчи ё олтинчи синфдан бошлаган эканмиз. Насиба экан-да, умримиз журналисту ёзувчилар орасида ўтаётир. Пешонамга шундай қисмат битилганига бир эмас, ўн эмас, минг марталаб шукурлар қиламан. Одамларни, элни, юртни танидим; битта-яримта таниган бўлса, буям шу касб, шу қалам туфайлидир.
Ўтган йилларда турфа феълу турфа хислатли одамлар билан учрашдим. Эҳ-ҳе, улар орасида кимлар йўқ дейсиз! Сахийи ҳам, бахили ҳам; давринг кепти, сур бегим, давронинг кепти, ур бегим, дегичлар ҳам; шаҳар – шарманданики, ютоғич туяни юнги билан ютади, дегичлар ҳам; эшак – сийпалаганни, ёмон – сийлаганни билмас, дегичлар ҳам…
Хуллас, дўст-биродар, таниш-билиш – уларнинг ҳар бири мисоли битта китоб. Лекин, улар орасида устозларнинг ўрни тенгсиз. Устоз дегани мактабдаги ўқитувчи билан ўқувчи сингари бири ўргатади, бири ўрганади, дегани эмас экан. Устоз дегани гоҳо бир оғиз панд-насиҳат қилмаса ҳам ўзининг юриш-туриши, атрофдагиларга муносабати, ҳаёт тарзи, иш услуби, муомала маданияти каби хислатлари билан беўлчов сабоқлар бериб, саховат йўлига чорлаб турар экан ҳамиша. Шунинг учун ҳам гўзал чечакка болари қўнганидек, устозлар ҳузурига ошиқар экансан. Ёши етмишдан ошган эса-да, ҳануз болалардек содда ва самимий Пирмат Шермуҳамедов, аллома ва танти Одил Ёқубов, вазмин ва бағри кенг Эркин Самандар, бетакрор адиб Ўткир Ҳошимов, каттаю кичикка бирдек суюмли ижодкор Худойберди Тўхтабоев каби улуғлар билан бирга бир ташкилот, битта жамоада ишлаш бахтига муяссар бўлдим.
Шукрким, дунёда, жамиятда яхши одамлар кўп. Мен нима учун дунёга келдим, дунёга келиб нима қилдим, бирон кишига нафим тегдими, яшашдан мақсадим нима ўзи, майда-чуйдаларга кўмилиб умр ўтказишми ёки бир туп бўлса ҳамки кўчат экиб кўкартиришми, қабилидаги ҳақли саволларни ўзингга берганинг сари ҳалигидақа қитмир кимсаларнинг башаралари хира, қилиқлари нимжон, кўримсиз ва мезон сингари ожиз бўлиб қолади.
Хусусан, ижодга дахли бор одам… майда-чуйдалардан баландда турмоғи шарт, деб ҳисоблайман. Акс ҳолда, у ёзувчи эмас, наргайи кир иғвофурушга айланиб, ёзолмайдиган бўлиб қолиши мумкин. Демакки, у, инсон деб аталмиш мураккаб жонзотнинг кўнгил қатламларида тахланиб ётган исмсиз туйғуларни кўриш, тушуниш, ўрганиш ва энг кераги бадиий таҳлил қилишдек бебаҳо бахтдан мосуво бўлади.
3
Ижодкор-ижодкор деймиз, аслида ижодкор ҳам бошқа инсонлар сингари Яратганнинг бир яратиғи. Унда ҳайратомуз шох-бутоқ ҳам, айримлар камтарона тавозе ила бот-бот писанда қилишни суядиган илоҳийлик ҳам йўқ – лиқ тўла автобусда кетаётган йўловчиларнинг бири. Уям адашади, хато қилади, кимгадир зуғум ўтказади ёки кимнингдир зуғумига учрайди.
Мавриди келдими-йўқми, билмайман, аммо шу ўринда Умар Хайём ҳазратларининг манови рубоийсига, рубоийдаги ҳақиқатга бир қаранг:
Бир қўлда Қуръону, биттасида жом, Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром. Феруза гумбазли осмон тагида На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.Мановиниси эса рус халқининг буюк адиби Лев Толстойга тегишли: ”Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни қартага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман, фаҳш ишлар билан шуғулланганман, алдаганман. Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас”.
Дунё таниган ва тан олган улуғ алломаларнинг бу тарздаги иқрорномалари баъзиларга эриш туюлиши, Умар Хайёмни “пиёниста чол” деб, Лев Толстойни эса, Озод Шарафиддинов домла айтганидек:”Вой соқолинг кўксингга тўкилгур-ей!”– деб айблаши мумкин. Лекин бу даҳолар шундай ғала-ғовур, ўйдим-чуқур йўллардан ўтган. Битта тирик жон сифатида хатолар, адашувлар тўфонида азобланган, тобланган. Энг муҳими, юксак хулосалар чиқарган. Жаҳон адабиёти дурдоналарига айланган беназир асарлар яратган.
Гапнинг абдави шуки, Яратган бировга кетмон, бировга ўроқ, бировга болта, ёзувчига эса қалам берган. Ёзувчи ёзади, ёзгани, ёза олгани учун, у – ёзувчи. Бунда тариқчаям фавқулоддалик ёки илоҳиёт йўқ. Иш —ҳамма жабҳада иш, ишлаган – тишлайди, чин ишлаган каттароқ ютуққа эришади, тилга тушади, эътибор қозонади. Адиб ҳам шу-да. Ҳамма гап қандай ёзишда. Ёзганингни кимдир ўқиса, ўқиганда ҳаяжонланса, хаёлга ботса, мулоҳаза, мушоҳада қилса. Ана унда азоблансанг арзийди!
“Олимликни ният қилган ҳар бир одам энг аввал ўз руҳини ҳақиқатни кўришга халал берувчи турли иллатлардан тозалаши зарур. Негаки, қўндоқда теккан ёмон одатлар – тарафкашлик, рақобат, тубан эҳтиросларга қул бўлиш, ҳокимият талашиш ва шу сингари жуда кўп иллатлар олимларни ҳақиқатдан кўз юмишга олиб келади”. Қомусий аллома Абу Райҳон Берунийнинг мазкур сўзлари тўлалигича адабиёт аҳлига ҳам тааллуқлидир.
Ким учса саъй-жаҳд қилмай шуҳратга, Карам либосига кўзи бўлса оч, Ғафлат соясида шод бўлур аммо, Шараф кийимисиз қолур ялонғоч.Бу ҳикмат ҳам Беруний бобомизники. Дарвоқе, изоҳга ҳожат борми?..
4
Бугун ижодкорда мириқиб ижод қилиш учун мукаммал имкониятлар муҳайё. Хусусан, ўзимизда – Ўзбекистонда.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллигининг биринчи кунларидан буён маънавият ва маърифатни, адабиёт ва санъатни юксалтариш йўлида тинмай жон куйдириб келаётир. Ўтган йиллар ичида қилинган ва қилинаётган савобли юмушлар беҳисоб. Президентимиз қарори билан “Ижод” фондининг ташкил этилгани ҳамда мазкур фондга миллионлаб маблағ ажратилиши, миллиардлар сарфланиб ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйи ва шифо масканининг қайта таъмирланиши, ер юзида инқироз бўрони оч бўридек увиллаб турган бир замонда, айниқса, мисли кўрилмаган саховатли ҳодисадир! Барча тоифа ижод аҳли қатори, ёш ёзувчи-шоирлар ҳам бундай дориламон замонда, дилда борини қоғозга тўкиб солишлари, тўлқинланиб, тўлиб-тошиб ёзишлари ва… Яхши ёзишлари керак. Сояси юпқа, мужмал, ғўжала, ҳою-ҳавасларга осонликча берилиб кетувчи, турмушнинг биринчи зарбаларига дуч келиши биланоқ тоб ташлаб, аро йўлда иккиланиб қолувчи, ўйлаб чиқарилган қаҳрамонлар бугун ҳеч кимга керак эмас. Гўзал инсоний муносабатлар, оҳори тўкилмаган характерлар ярата олмаган ланж қаламкаш эса умрбод ҳофиз бўлиш орзусида яшовчи лапарчига ўхшаб қолаверади.
Адабиётнинг вазифаси ҳаётнинг кишиларга ибрат бўладиган жиҳатларини ёритиш, дейдилар. Агар, ёзувчининг ўзи самимийлик, тўғрисўзлик, ҳалоллик, кишиларга меҳрибонлик каби фазилатлари билан бошқаларга намуна бўла олса, бунинг таъсири ҳам энг яхши асарнинг таъсиридан кам бўлмайди. Жаҳон шеъриятининг султони Алишер Навоий ҳазратларининг ҳаёти ана шу жиҳатлари билан неча асрлар оша инсониятга намуна мактаби бўлиб келаётир. Ибрат олса арзийдиган кишилар ҳозир ҳам орамизда кам эмас. Ҳаётимнинг сал кам ўттиз йили катта-кичик мансабу вазифаларда ўтаётир. Худога шукур, шу даврда маънавий баркамол, самимий инсонларни кўп кўрдим. Дунёни яхши одамлар ушлаб туради, деган кўҳна ибора замиридаги оддий ҳақиқатга қайта-қайта гувоҳ бўлдим. Ҳа, азизлар, доно боболаримиз: яхши одам, яхши дўст – бебаҳо давлат; яхшилик – нур, яхшига гул – соя, яхшилик – яроқ, яхши қанд едирар, яхши – тўрга элтар, яхшилик икки жаҳонни орттирар каби ҳикматларни бекордан-бекорга ҳадеб такрорламас, фарзандлар онги-шуурига сингдирмас эканлар.
Англаганларимдан яна бири шу бўлдики, бу ёруғ жаҳонга келганингдан кейин бир ўзинг мўридек сўппайиб яшолмайсан: кимгадир йўлдош, кимгадир сирдош бўласан. Раҳматлик отам: “Йўлдошинг олақарға бўлса, емишинг гўнг бўлади”, “Дўстда душманнинг қулоғи бор” деган калималарни кўп такрорлар эди. Бу – йўлдошни ҳам, сирдошни ҳам эҳтиёт бўлиб танлаганга бахт қуёшдек кулиб боқади, дегани экан. Ёмон йўлдош равон йўлда ҳам ғов бўлишига бот-бот дуч келдим. Аммо дўстига қалқон бўлган, ойна бўлган, қўлдош-елкадош; дўстга лола, душманга жала бўлган ва бўлаётган покдомон зотларга ҳавас билан қарайман, улардан ўрганишга, уларга сафдош бўлишга, уларга хизмат қилишга интиламан.
5
Ён дафтарларимда бир-биридан қизиқ ва ўзимча, характерли деб ҳисоблаган бир дунё қайдлар бор. Секин-секин қоғозга тушяпти…
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 6 (235)-сон.