Бугунги кунда Хива Огаҳий орзу қилгандек обод, гўзал масканга айланди. Истиқлол йилларида шаҳардаги мадраса ва миноралар янгидан сайқал топиб, улуғ боболаримиз руҳи покларини феруза гумбазлар узра кўкларга кўтариб, ардоқлаб турибди.
Хиванинг Дешон қалъаси дарвозасидан чиқиб, эски Қўшкўприк йўлига қараб 7-8 чақирим юрсангиз, чап томонда ястаниб ётган Қиёт қишлоғини кўрасиз. Қишлоқ йўлидан сал узоқлашсангиз кўз олдингизда ўз ўрнида қайтадан тикланган Огаҳий ҳовлиси намоён бўлади. Унинг олдида 200 йилга яқинроқ умр кўрган, Огаҳий суйиб ғазалларида куйлаган бобокалон тут дарахти яшнаб турибди.
Огаҳий ана шу масканда 1809 йил 17 декабрда туғилди. Унинг отаси Эрниёзбек Хива хонлигида нуфузли Авазбий миробнинг ўғли эди. Авазбий миробнинг Шермуҳаммад шоир Мунис, Иброҳимбек мироб деган ўғиллари ҳам бор эди. Огаҳийнинг ота-боболари, амакилари ва амакиваччалари мана шу тут атрофидаги улкан боғда, ёнма-ён қурилган ҳовлиларда яшаб, ҳаммалари мироблик қилганлар. Бу мироблар сулоласининг энг сўнгги вакили Собир мироб бўлган. У 1900 йили туғилиб, жуда ёш, 1936 йили шўролар ҳукумати тазйиқларига чидолмай оламдан ўтган.
Ҳозир Собир миробнинг авлодлари Хивада истиқомат қиладилар. Унинг ўғли саксон ёшдан ошган Қодирберган ота Собировнинг Огаҳий ҳовлиси, унинг кенг саҳнидаги боғ, ундаги ғарқ пишган мевалар, атиргуллар, сайроқи булбуллар, мироб боболари тўғрисидаги дилкаш ҳикоялари бизни ушбу мақолани ёзишга илҳомлантирди.
Отаси Абдуқодир мироб, бобоси Тоғай мироб обрў-эътиборли инсонлар бўлишгани туфайли Собир мироб болалигидаёқ Муҳаммад Раҳим иккинчи Феруз саройига бориб турган. Саройдаги олтин, кумуш тангалар тайёрлайдиган зарбхона санъатига жуда қизиққан ва бу ҳунарни ўрганган.
Қодирберган отанинг боболари Абдуқодир мироб, Тоғай мироблар шоир Огаҳийнинг амакиваччалари бўлиб, ниҳоятда бақувват, баҳодир кишилар бўлишган. Улар ҳақида тарихшунос олим М.Йўлдошев «Хива хонлигида феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши» номли китобида шундай ёзади: «Бошқа мансабдорлар сингари мироблар ҳам хон томонидан айрим вазифаларни бажариб келганлар. Чунончи, Мунис ва ундан кейин Огаҳий мироблар орасида бўлганлар… улар сарой тарихчилари ҳисобланганлар. 1848-1850 йилларда Тоғай ва Муҳаммад Карим мироб 100 тиллодан, Муҳаммад Ризо мироб Огаҳий 40 тиллодан маош олганлар».
Авазбий миробнинг кенжа ўғилларидан яна бири Иброҳимбек бўлиб, у ҳам тўхтовсиз давом этган ҳарбий юришларда ҳалок бўлган. Унинг ўрнига невараси Нуруллобек мироб этиб тайинланган. Бу ҳақда Баёний «Шажараи Хоразмшоҳий» асарида ёзади: «Нуриллобек ибни Бобожонбек ибни Иброҳимбек Авазбий иноқ мағфурни мироб этдилар…».
Ёшлигидаёқ отасидан, амакиларидан ажралиб қолган Огаҳий ижодида ёлғизлик изтироби аниқ сезилади. У «Таъвизул ошиқин» («Ошиқлар тумори») девони дебочасида ёзади:
Кичикликдан тушуб бошимға кулфат,
Замоне бўлмадим беранжу меҳнат.
Қолуб ёлғуз туман андуҳ ичида,
Миҳандин лашкари анбуҳ ичида.
Огаҳий ота ўрнида тарбия берган амакиси шоир Мунис билан доимо фахрланган.
Тонг эрмас, Огаҳий, файзи илоҳиға анис ўлса,
Ки, ул бордур насаб ичра буродарзодаи Мунис.
Афсуски, Огаҳий авлоди — мироблар шажараси ҳақида етарли маълумотларга эга эмасмиз. Чунки ҳанузгача унинг тарихий асарлари тўлалигича чоп этилмаган.
Огаҳийшунос олим Субутой Долимов 20 йилдан ортиқ умрини Огаҳий ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишлади. Бироқ шўролар даври ҳукмрон мафкураси унга Огаҳий тарихий асарларини тўлалигича чоп этиш имконини бермади. Натижада, устозлар Субутой Долимов ва Ғулом Каримов Огаҳийнинг тарихий асарларидан намуналар киритиб, шоирнинг 6 жилдли асарлар тўпламини нашрга тайёрладилар. Бу мустабид мафкура ҳукмронлиги даврида ҳақиқий жасорат эди.
1829 йили, Огаҳий энди 20 ёшга тўлганида Оллоқулихон уни амакиси шоир Мунис ўрнига миробликка тайинлайди. Бироқ 1845 йили отдан йиқилиб, оёғи сингач, у ўз ихтиёри билан бу мансабдан истеъфо беради.
Орадан тўрт йил ўтгач, 1855-1856 йилларда Огаҳийни ўз ҳолига қўймай, яна мироблик мансабига қайтаришади. Орадан кўп ўтмай, 1857 йили у миробликдан кетади ва ўзини ижодга бағишлайди.
Огаҳий поэзияси билан танишар эканмиз, шоир ёшлигидаёқ ўз олдига жуда катта мақсад — сўз мулкининг соҳибқирони бўлиш орзусини қўйганини кўрамиз. У «Соқийга хитоб» маснавийсида бу ҳақда шундай ёзади:
Манга ул жомни айлаб, карам тут,
Лаболаб они дам-бадам тут…
Думоғим наъша бирла айлабон маст,
Сухан аҳли аро бўлиб забардаст.
Маоний арсаси ичра уруб ком,
Чекиб тил тийғини кўргузмай ором.
Аён айлай русуми паҳлавонлиғ,
Қилай сўз мулкида соҳибқиронлиғ.
«Маоний арсаси» — бу сўз саҳнаси, нотиқлар минбари, шоирлар мушоираси, тафаккурлар жангидир. Огаҳий талқинидаги маоний арсаси маънолар дунёси, осмон гумбазида, олам бепоёнлигида сўзнинг тутган боқий ўрнидир.
Шоир ҳаётбахш ғоя ва жонфизо мазмун ўз ижодининг пойдевори эканлигини такрор ва такрор айтади. Унинг «Сўз», «Қаламга хитоб», «Қоғоз», «Гавҳар сўз», «Огаҳий, ол маони мулкини» каби ғазаллари шеъриятида маъно ва мазмун устуворлигини кўрсатади. Шоир каломининг теранлиги беқиёслигини, унинг илғор дунёқараш соҳиби эканлигини намоён этади. Ғазалларидан бирида у: “Мен шундай бир нурафшон, саодатли сўз айтайки, у дилларни безасин, кўнгилларга ором нурини олиб кирсин. Буни кўриб ҳайрат юзидан ниқобини олиб ҳайрон боқсин, сухандонлар шоҳи эса, лол қолсин”, дейди.
Тахайюл узоридин олиб ниқоб,
Сухан шоҳидин айлайин беҳижоб.
Дейин аҳли сўз ичра мастона сўз,
Табиат писанду дилорона сўз.
Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли ўзига Огаҳий тахаллусини танлар экан, унга умрбод содиқ қолди. У жуда кўп ғазаллари, қасидалари, мухаммас ва мусаддасларида эл тинчлиги, обод ва фаровонлиги шоҳларнинг ақл-заковати, олий ҳимматига боғлиқ, деб қаради, аркони давлатни, шоҳни доимо яхшиликка, эзгуликка, даъват этиб, жаҳолат ва мазаллат ботқоғига ботишдан огоҳ этиб турди.
Мулку миллатга эмин ўлса агар огоҳлар,
Икки олам обрўйин ҳосил эткай шоҳлар.
Дарҳақиқат, Огаҳий ижодининг мундарижасини ҳаётбахш ўн саккиз минг олам гўзалликлари тараннуми, шу олам бағрида яшаётган инсонларнинг шод ва озод тақдири, ота макон тинчлигини куйлашдек юксак маънавий ғоялар ташкил этади:
Жаҳд этиб эмди ҳавас бандидин озод ўлоли,
Дайр пириға бориб толиби иршод ўлоли.
Огаҳий асарларида гўзал ва бепоён оламда инсоннинг тутган ўрни, унинг зиммасига Оллоҳ томонидан юкланган бурч, вазифа, уни адо этиш жараёнидаги аччиқ қисмат ҳақида фикр юритади. Бу олам айшу ишрат майдони эмаслиги, фозил инсонлар, илму ҳунар соҳиблари, меҳнат аҳли эл ардоғида бўлиши лозимлигидан огоҳ этади:
Қадни ҳар тун қилиб тангри руқуиға эгил,
Оч саҳарлар оҳ уруб, афғон чекиб зикрига тил,
Айшу ишрат эрмастур бу олам, онглагил.
Девонига ошиқлар тумори, яъни «Таъвизул ошиқин», деб ном қўяр экан, шоир оила муҳаббатнинг олтин пойдевори эканлигини, ишқ кўчаларининг чароғон ва ҳаётбахш нурларини ошиқона тарзда куйлайди. Ҳаётнинг олмосдай ўткир тиғли ва чигал чорраҳаларидан ўз севгисини авайлаб, ардоқлаб олиб ўтиш лозимлигини уқтиради. Садоқатли инсонлар доимо севгининг вафо боғларида вафо камарини белига маҳкам боғлаб, умр сўқмоқларини имон нурлари билан нурафшон этадилар, дейди.
Субутой Долимов суҳбатларида «Таъвизул ошиқин» девонини Огаҳий ҳаётлигида биринчи бўлиб Муҳаммад Шариф Таррох кўчирганини айтган эди. Ўша биринчи нусха чор Россияси қўшинлари Хивани босиб олганда Англияга олиб кетилган. «Таъвизул ошиқин»да она-юртнинг нақадар соз, гўзал маскан эканлигини шоир бир туркум шеърида шундай тасвирлайдики, ўқиб ҳайратга тушамиз. Бундан 200 йил илгари мавжуд бўлган дарёлар, қалъалар, қавмлар, ўрмонлар, қишлоқлар, шўролар даврида қириб битирилган турли-туман қушлар, ҳайвонот дунёси, йўқотиб юборилган боғлар, мадраса ва масжидлар ҳақида ўқиб хаёлга чўмамиз. Айниқса, халқнинг аллақачон унутиб юборилган рамазон айтиш, турли маросимлар, пойга, саёҳат ва қизиқарли ўйинлари, қадимий қўшиқлари, антиқа созлар туркуми ҳақида ўқиб аждодларимиз ҳаёти, ақлу заковати билан фахрланамиз.
Огаҳий тинимсиз ижодий меҳнат қилиб, ўз замонасида талантли шоир, уста таржимон, йирик муаррих (тарихчи) олим сифатида шуҳрат қозонди. У бизга 20 минг мисрадан зиёд шеърни ўз ичига олган улкан мерос қолдирди, шарқ мумтоз адабиёти ва маданиятининг йигирмага яқин намуналарини ўзбек тилига насрда ва назмда таржима қилиб, адабиётимизни жаҳон адабиёти дурдоналари билан бойитди.
Афсуски, Огаҳийнинг бу олтин мероси ҳануз ўз тадқиқотчилари, ноширларини кутмоқда. Унинг тарихий асарлари ҳозиргача тўлалигича нашр этилмаган. Ўрта Осиё халқлари тарихига доир бу асарлардан атиги бир неча парчалар чоп этилган, холос.
Огаҳий тарихий асарларида 1859-йиллардаёқ Орол денгизида пайдо бўлган чор ҳукумати айғоқчиларининг учта параходи (ўт учон) ҳақида ёзиб, юртдошларини мустамлакачилардан огоҳ этган эди. Ўша машъум 1873 йилнинг 26-28 май кунлари генерал Кауфман армияси Хивани ўққа тутганда, Қодирберган отанинг ҳикоя қилишича, Огаҳий Ичон қалъанинг боғча дарвозаси, амакиваччалари Абдуқодир мироблар Дешон қалъанинг Урганч дарвозаси ҳимоясида турганлар. Огаҳий 29 май куни эрталаб чор қўшинларининг Хивага ғолибона кириб келаётганини ўз кўзи билан кўрган. Жасадлар қалашиб кетган Хива кўчаларини, бомбардимон этилган ота қишлоғи Қиёт ва вайрон бўлган бошқа қишлоқларни кўриб, шоир қаттиқ изтироб чекади, хасталаниб ётиб қолади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас вафот этади. Бу ҳақда Баёний «Шажараи Хоразмшоҳий» асарида шундай ёзади: «Мундин саҳал замон ўтгандан сўнг, сана бир минг икки юз тўқсонда товуқ йили ва жавзонинг охири эрди, Кавпомон (Кауфман) отлиғ губурнатур рус лашкари билан келиб Хоразмни сулҳ била олди… Бу воқеотдин бир йил миқдори ўтгандан сўнг, Огаҳий ҳам раҳмли олами бақо бўлди».
Огаҳий 1874 йилда олтмиш беш ёшида вафот этган. Абдуқодир мироб бошчилигида қишлоқ аҳли унинг майитини махсус сандиққа жойлаштирган. Бунинг учун шоирнинг ўзи эккан катта балх тути кесилиб, ундан жуда узоқ муддат сақланиш хусусиятига эга бўлган сандиқ ясатилиб, унга майит қўйилган. Ҳозир Огаҳий ҳовлисида яшнаб турган тут ўша кесилган тутнинг шеригидир.
Огаҳийнинг майити Қиётдаги Шайх Мавлон бобо қабристонига — мироб ота-боболари гумбазига қўйилган.
Асрларни етаклаб асрлар ўтаверади. Сўз мулкининг соҳибқирони Огаҳий ғазаллари Хоразм мақомлари шўъбаларига кўчиб, мустақил Ватанимиз осмонида баралла янграйверади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 34-сонидан олинди.