Энди ақлини таний бошлаган бир ўспирин отасидан ўзи туғилиб ўсган Диёрбакир шаҳрида беш-олти юз йил аввал бир миллион қирқ минг китоб фондига эга кутубхона бўлганини эшитади. Бу маълумот уни жуда ҳайратлантиради. Шу сабаб бўлиб, у китобга, китоб сотиб олишга ишқибоз бўлади. Бир миллионли, ҳеч бўлмаганда, ўн беш-йигирма минг фондли кутубхона ташкил этишни ният қилади. Қўлига пул тушди дегунча, китоб сотиб ола бошлайди. Тўққиз ёшли бу болакай Али эди. У умрининг охирига қадар ана шу одатини тарк этмади. Ҳафтада икки-уч марта китоб дўконларига, расталарга борар, тарих, адабиёт, тил, маданият ва сиёсатга оид китобларни сотиб олар эди. Шундай қилиб у йигирма мингдан ортиқ нодир китоблар, қўлёзмалар тўплайди. Бу миллат учун жуда катта хизмат бўлганини, эҳтимол, у хаёлига ҳам келтирмагандир…
Бир куни Али, одатдагидек, эски китоблар сотиладиган саҳҳофлар бозорига боради. Бурҳонбейнинг дўконига кириб, эски китобларни титкилайди. Ўзига маъқул ҳеч вақо топмаганидан сўнг Бурҳонбейдан бирор янги нарса борми, деб сўрайди. Сотувчи бир китоб бору, бироқ қиммат эканини, ҳатто маориф вазирлиги ҳам олмаганлигини айтиб, китобни унга кўрсатади.
Али Амирий китобни қўлига олиши билан бу асар ягона қадимий нусха эканини, асарнинг жаҳоншумул аҳамиятини дарҳол тушуниб етади, бироз ҳаяжонланди. Буни Бурҳонбейга сездирмасдан у билан савдолашиб, китобни 33 лирага сотиб олади. Али Амирий шундан кейинги таассуротини маслакдошларига бундай ҳикоя қилган эди: «Китобни олиб уйга келдим. Еб-ичишни ҳам унутиб, бир неча соат унинг мутолааси билан машғул бўлдим. Дўстлар, сизга билдираяпман. Бу китоб эмас, Туркистон ўлкасидур! Туркистон эмас, жумлаи жаҳондур! Турклик, турк тили бу китоб соясида чинакам равнақ топади! Араб тили учун Сеййибуйиҳнинг китоби қанчалик муҳим бўлса, бу ҳам турк тили учун шунчалик аҳамиятлидир. Ҳозирга қадар турк тилида бунинг каби китоб ёзилгани йўқ. Бу китобнинг ҳақиқий баҳоси аниқланмоқчи бўлса, жаҳоннинг хазиналари бунга тенг келолмас.
Бу китоб билан ҳазрати Юсуф орасида бир ўхшашлик бор. Юсуфнинг акалари уни арзимас ақчага сотдилар. Бироқ уни Мисрда ўзининг вазнича келадиган жавоҳирга пулладилар. Бурҳонбей бу китобни менга 33 лирага сотди. Мен эса буни беҳисоб олмосларга, зумрадларга бермайман».
Бу китоб Маҳмуд Кошғарийнинг ҳали илм аҳлига маълум бўлмаган «Девону луғатит-турк» асари эди. «Девон»нинг топилиши катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳатто уни кимлардир қўлга киритиш пайига тушди. Мажористон Фанлар академияси асарни ўн минг олтин пулга сотиб олишни таклиф этди. Французлар «Девон»ни қўлга киритиш учун қуюқ ваъдалар бериб кўрди. Бироқ миллат манфаатини ҳар қандай моддий бойликдан устун қўядиган Али Амирий барча таклифларни рад этди.
«Девон» 1915-1917-йиллари Истамбулда чоп этилди. Кейинчалик инглиз, немис, рус, турк, озарбойжон, уйғур ва ўзбек тилларига таржима қилинди. Туркийшуносликда асар ҳақида кўплаб тадқиқотлар яратилди. Бу асарни илмий ўрганиш ва оммалаштиришда ўзбек олимларининг ҳам хизмати беқиёсдир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, «Девон» бўйича ҳозиргача қанча кўп тадқиқот қилинган бўлса, асар ҳали бундан ҳам кўп ишга мавзу бериши мумкин.
Бошқа муаммоларни қўйиб, биргина асарнинг топилиш санаси ва жойи билан боғлиқ фикрларга эътибор берайлик. Олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжаллаб чиқарилган «Ўзбек адабий тили тарихи»да «Девон»нинг 1914 йили Туркиянинг Диёрбакир шаҳрида топилгани таъкидланган(У.Турсунов, Б.Ўринбоев. Ўзбек адабий тили тарихи. Т., 1982, 35-бет). Ушбу «Тарих»нинг қайта ишланган нашрида ҳам айнан шу фикр келтирилган (У.Турсунов, Б.Ўринбоев, А.Алиев. Ўзбек адабий тили тарихи. Т., 1995, 66—67-бетлар). Бошқа ўзбек олимларининг ишларида ҳам шундай фикр учрайди. Татар олими Х.Махмутов эса асарнинг 1915 йили Истамбулда топилганини қайд этади (Х.Махмутов. Мангулик ёдгор. Қозон, 2002, 8-бет). Машҳур туркийшунос олим А.Н.Кононов Али Амирий «Девон»ни Истамбулдаги эски китоблар сотиладиган бозордан 1914—1915 йиллар оралиғида сотиб олган, деган фикрни билдирган «Ўзбек тили ва адабиёти», 1972, 1-сон, 34-бет). Али Амирий фаолиятини ўрганган турк олими Мухтор Тевфик ўғли эса «Девон» 1908—1912-йиллар оралиғида топилган, деган хулосага келган (Мухтор Тевфик ўғли. Али Амирий. Анқара, 1989, 72—73-бетлар.).
Маълум бўладики, бу борада аниқ тўхтамга келинмаган, тафовутли хулосалар турлича.
«Девон»нинг қачон ва қаердан топилгани ҳақидаги дастлабки маълумот асарнинг биринчи ношири ва илк таржимони килисли Рифатнинг «Янги тонг» газетасида («Yeni sabah», 1945 йил 30 сентябр, 4, 7, 11, 14, 18 октябр) эълон қилган хотираларида учрайди. Хотиралар Туркияда бир неча марта қайта нашр қилинган. Унда асарнинг топилган жойи сифатида саҳҳофлар бозори кўрсатилган.
Хўш, бу ҳолда «Ўзбек адабий тили тарихи»даги маълумот қандай пайдо бўлди? Саҳҳофлар бозори қайси шаҳарда? Бу саволларга аниқлик киритилиши зарур. Асарни топган Али Амирий асли Диёрбакир шаҳридан бўлган. Шу боис, Рифат хотираларда «диёрбакирли Али Амирий афанди», деб тилга олган. Али Амирий «Девон»нинг топилгани ҳақидаги маълумотларни ҳам «Диёрбакир қироатхонаси»да гапириб берган. Манбаларда «Девон» топилган саҳҳофлар бозори Истамбул шаҳридаги Боязид майдонида жойлашгани қайд қилинган (Мухтор Тевфик ўғли. Али Амирий. Анқара, 1989, 73—74-бетлар). Диёрбакир қироатхонаси ҳам Истамбулдаги Қарабаба кўчасида жойлашган. Али Амирий 1908 йили Истамбул шаҳрига кўчиб келиб, умрининг охирига қадар шу шаҳарда яшаган. Бироқ Рифат хотираларида саҳҳофлар бозори ва Диёрбакир қироатхонасининг Истамбул шаҳрида жойлашгани, Али Амирийнинг 1908 йили бу шаҳарга кўчиб келгани ҳақида маълумот берилмаган. Худди шу ҳол «Ўзбек адабий тили тарихи» муаллифларини чалғитган кўринади.
Энди «Девон»нинг топилиш санаси хусусида. Рифат хотираларида «Девон» ҳижрий 1333 санада топилгани кўрсатилган. Бу милодий ҳисоб бўйича 1915 йил. Х.Махмутовнинг асар 1915 йили, А.Н.Кононовнинг 1914—1915-йиллар оралиғида топилган дейишлари сабаби шунда бўлса керак.
Бизнингча, бу ва юқорида келтирилган саналарнинг «Девон» топилган вақтга дахли йўққа ўхшамоқда. Нега? Чунки «Девон»нинг босма биринчи ва иккинчи жилдлари ҳам ҳижрий 1333 йили Истамбулда нашр қилинган. Бу ўз-ўзидан «Девон»нинг 1915 йили топилганига шубҳа уйғотади. Чунки бир йил ичида «Девону луғатит-турк»дек катта ҳажмли асарнинг икки жилдини нашрга тайёрлаб, чоп эттириш мушкул экани аён.
Бундан ташқари, хотираларда номи келтирилган Маориф вазири Амруллоҳ афанди ҳам, «Девон»ни дўкондан сотиб олиш учун Амирийга пул бериб турган дорулфунун домласи Фоиқ Решатбей ҳам 1914 йили вафот этган (Мухтор Тевфик ўғли. Али Амирий. Анқара, 1989, 72-бет.). Мазкур далиллар «Девон»нинг ҳижрий 1333 йили топилгани ҳақидаги фикрлар асоссиз эканини кўрсатади.
Рифат хотираларида «Девон»нинг топилиш вақти билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам борки, ҳозирга қадар тадқиқотчиларнинг бирортаси буларга эътибор бермаганга ўхшайди. Али Амирий «Девон»ни дастлаб килисли Рифатга кўрсатиб бундай дейди:
« — Рифат, бу китоб нақадар машҳур бўлса, шуқадар юксак, қанчалик қимматли бўлса, шунчалик бебаҳо. Бироқ ташвишли жиҳати ҳам бор. Китобнинг муқоваси чириган, устки қисми титилиб кетган, варақлари қоришган, боши, сўнги ўқиб бўлмас даражага етган. Саҳифаларининг рақами йўқ. Китоб якунланганми, йўқми? Тартиб бериш имкони борми? Бу каби саволлар мени маҳзун этар. Ажабо, китоб бекаму кўстмикан? …Рифат, сендан илтимос қиламан, ҳар куни кел. Шу китоб билан бир-икки соат шуғуллан. Бу китобда камчилик йўқми, буни аниқла.
Таклифни мамнуният билан қабул қилдим. Икки ойча мунтазам равишда бир неча соатдан шуғулландим. Китобни уч марта ўқиб чиқдим. Варақларини бир ердан олиб, иккинчисига қўйдим. Мос келмади. Сўзларнинг ўқилишига, баҳснинг давомига қарадим. Хуллас, ишлай-ишлай китобга тартиб бердим. Саҳифаларига рақам қўйдим».
Демак, Рифатнинг гапларига кўра, асар варақларини жой-жойига қўйиб тартиблашга икки ойча вақт кетган. Бу орада «Девон» топилгани ҳақидаги хабар зиёлилар орасида кенг тарқалган. Бундан Зиё Кўкалп ҳам дарак топган. У асарни кўрмоқчи бўлиб, зудлик билан Али Амирийнинг олдига келган. Бироқ Али Амирий унга китобни кўрсатмаган. Сўнгра Зиё Кўкалп Рифатнинг олдига келиб бундай деган: «Бу китобни олиб, нашр этайлик, деб ният қилдим. Бу хазинанинг калити сенинг қўлингда. Кел, менга ёрдам бер. Шу китобни олайлик. Уни бутун туркларга армуғон этайлик. Қани, менга чорасини айт!»
Шундан кейин улар орасида яна қуйидагича суҳбат бўлиб ўтади:
« — Талат пошо билан учраша оласанми? Унга сўзинг ўтадими?
— Марказ аъзоси бўлганим учун ўтади, албатта. Нима демоқчисан?
— Талат пошони Али Амирий жуда ҳурмат қилади. Қачон унинг номи тилга олинса, оғзидан бол томади. Менимча, бу китоб учун Талат пошо Амирий афандига рухсат берса, Амирий ҳам китобни дарҳол беради. Фақат Талат пошо бунга рози бўлармикан, билмадим?
— Талат пошо ишончли ва одамшаванда инсонларни яхши кўради. Балки бунга кўнар. Ҳамма гап буни қай тарзда амалга оширишда. Талат пошо Амирий афандининг ҳузурига борса бўлмас. Уни Бош вазирликка (Бабиалий) ёки марказга (Иттиҳод ва тараққий партияси марказига)чақириш ҳам унчалик тўғри эмас».
Шу суҳбатдан кейин Рифатнинг режасига кўра, Зиё Кўкалпнинг уюштириши билан Али Амирий ўзи ҳурмат қиладиган Адлия вазири Иброҳимбейнинг уйига ифторликка чақирилади. Бу тадбирга Талат пошо ҳам таклиф қилинади. Олдиндан режалаштириб қўйилганидек, Талат пошо Али Амирийдан «Девон»ни чоп эттиришга рухсат беришини илтимос қилади. У рози бўлиб, бу ишни шогирдларидан килисли Рифатга топширади. Рифат китобни ўзида қанча муддат сақлагани ҳақида хотираларда бундай ёзган: «Мана шундай эҳтиёткорлик билан бу китобни бир ярим йилгача муҳофаза этдим. Минг қатла шукр, эгасидан олганимдай қайтардим».
Шу ўринда Талат пошо фаолиятининг айрим саналарига ҳам тўхталиб ўтиш зарурати сезилади. Фикр юритилаётган мавзуни ойдинлаштиришда бунинг алоҳида ўрни бор. 1994 йили Истамбулда нашр этилган «Турк жумҳурияти энциклопедияси»нинг 372—373-саҳифаларидаги маълумотларга кўра, Талат пошо ўша даврда Туркиядаги энг эътиборли шахслардан бўлган. Иттиҳод ва тараққий партиясининг етакчи раҳбарларидан, 1909—1911-йилларда Ички ишлар вазири, 1912 йилда Почта ва телеграф вазири лавозимларида хизмат қилган. 1913 йили Бош вазирликка (Бабиалий) тайинланган.
Энди Зиё Кўкалп ва Рифат ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатда Зиё Кўкалпнинг «Талат пошо Амирий афандининг ҳузурига борса бўлмас. Уни Бош вазирликка ёки марказга чақириш ҳам унчалик тўғри эмас», деган гапларини эсга олсак, ушбу суҳбат Талат пошо Бош вазирликка тайинланган 1913 йилдан олдин бўлмагани ойдинлашади. Бундан Мухтор Тевфик ўғлининг «Девон» 1908—1912-йиллар оралиғида топилган, деган фикри ҳам тўғри эмаслиги билинади.
Келтирилган далиллардан маълум бўлмоқдаки, «Девон» топилганидан маълум бир муддатдан кейин Рифат асарга икки ойча тартиб берган. Сўнгра нашрга тайёрлаш учун бир ярим йилча ўзида сақлаган. Асарни чоп эттириш учун рухсат сўраган Талат пошо 1913 йили Бош вазир лавозимига тайинланган. Рифат хотираларида номлари келтирилган Маориф вазири Амруллоҳ афанди ҳам, дорулфунун домласи Фоиқ Решатбей ҳам 1914 йили вафот этган. Бизнингча, бу далиллар «Девону луғатит-турк» Истамбул шаҳрида 1913 йили топилган, деб хулоса чиқаришга асос бўла олади.
Жўра Худойбердиев,
ЎзМУ катта ўқитувчиси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 8-сонидан олинди.