Иззат Султон: «Иккаламиз битта бўлиб кетдик» (2006)

Университетда ўқиб юрган кезларимиз Ёзувчилар уюшмасида ўтказиладиган учрашувларни қолдирмасдик. Мажлисларда устоз Иззат Султон тез-тез сўзга чиқиб турарди. Устознинг чиқишларини ўттиз йилдан зиёд тинглаб келган бўлсам, бирон марта ўзларини ўзлари такрорлаганини эшитмаганман. Шу-шу, устоз ишлайдиган институтда ишлашни орзу қила бошладим. Орзуим ушалди…
Устоз Иззат Отахонович билан касалхонада айни бир пайтда даволанишимизга ҳам тўғри келган эди. Мен бу имкониятдан фойдаланиб у кишидан раҳматли акам кинорежиссёр Латиф Файзиев ҳақида гапириб беришини сўрадим. Устознинг акам ҳақидаги хотираларини магнитофон тасмасига ёзиб олдим ва қуйида ўша суҳбатнинг бир қисмини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
— Иззат Отахонович, мен акам ҳақидаги хотираларни тўплаяпман. Латиф Файзиев ҳақида ҳам ҳамкасб, ҳам мутахассис сифатида хотираларингизни гапириб берсангиз.
— Кино соҳасига алоқам бўлгани учун, албатта, акангиз билан кўп учрашишимга тўғри келган. Бирга ишлаганмиз ҳам. Эсимда яхши сақланиб қолган учрашувларимиздан бири «Қутлуғ қон» романини экранлаштириш билан боғлиқ. Менинг бу филмга эътирозим бор эди. Эътирозим шу маънодаки, филм Ойбек асаридан, оригиналдан анча узоқлашган эди. «Нега ундай бўлди?» деган маънодаги саволимга Латиф Обидовичдан қуйидаги жавобни олдим: «Ойбек асари сюжет жиҳатидан «Бой ила хизматчи»га ўхшаб кетади. Мен бу филмни Москвага олиб борсам, бунга ўхшаш сюжетли филм бор, бошқа сюжетли филм топиб келинг, деб айтишарди. Шунинг учун баъзи масалаларда чекинишга тўғри келди. Асосий сабаб шу». Бу гапдан сўнг мен, демак, ҳарқалай Ойбек асарини иттифоқ экранига олиб чиқиш йўлини топган экан, деб ўз фикримдан қайтдим.
— Бунинг сабаблари бир неча бўлса керак. Мен ҳам шу саволни берганимда акам: «Битта филмда иккита қаҳрамон — ҳам Йўлчи, ҳам Гулнорнинг ўлими томошабинга оғирлик қиларди», деб жавоб берган эди.
— Энди масалага ижодий ёндашадиган бўлсак, бу кинода бор гап, фақат Ойбек асари муносабати билан эмас, ҳамма ижодкорларда учрайди. Масалан, Горкийнинг «Она» романи бир неча бор экранлаштирилган ва ҳар сафар жуда муҳим ўзгартишлар киритилган. Шу жумладан, биринчи марта экранлаштирилганда ҳам муҳим ўзгартишлар киритилган. Романда она боласини қутқараман, деб унинг сирини очади. У фақат боласини ўйлайди. Унинг инқилобда иштирок этиш нияти йўқ. Лекин полициячиларнинг бадкорлигини кўргандан кейин ўйланиб қолади: бу қандай бўлди, ахир, улар ўғлимни озод қиламиз деб ваъда беришган эди-ку? Филмнинг режиссёри ёдимда йўқ, бош ролда Баталов ўйнаган эди. Кино соҳасида бу филмни катта воқеа сифатида баҳолашган эди. Алданган она шундан сўнг инқилобий ишга киришиб кетади, яъни унинг бу ишга киришиши табиий бир ҳолда келиб чиқади, бу — бир. Иккинчидан, кинонинг имконияти эътиборга олинган. Масалан, «Она» романида музёрар кема йўқ. Филмда халқнинг уйғониши, инқилобий ҳаракатни кўрсатиш мақсадида режиссёр музёрар кемани киритган. Ҳар икки тузатиш ё қўшимча, деймизми, романнинг фазилатларини оширишга хизмат қилган. Латиф Файзиевнинг «Қутлуғ қон»даги ишлари ҳам шунга ўхшаш оригинал. Роман билан таниш китобхонга бу ёқиши ҳам, ёқмаслиги ҳам мумкин. Кино бўлганидан кейин ҳар хил гаплар бўлади-да.
Бизда таржимон ёки режиссёр томонидан киритилган ижобий ўзгартишларни қабул қилмайдиганлар ҳам бор. Майли, бир яхши асар майдонга келди, кўпчиликка маъқул бўлди, бунинг нимаси ёмон.
Эсимда, Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак» қиссасини Константин Симонов таржима қилган эди. Ўзбекча нусхаси билан русча нусхаси ўртасида катта фарқ бор эди. Бу фақат ўқувчиларнинг эмас, кўпчилик адабиётчиларнинг ҳам ғашини келтирарди. Нега таржимон классигимиз асарини бузади, деб гапиришди. Шунда мен классигимизни тузатган бўлса-чи, дедим. Таржимада шундай бир эпизод бор. Раис — Қаландаров бирданига ўзини замондан орқада қолганини сезади-да, кутубхонага кириб китоб ўқийди. Ўттиз йил ичида ўқимаган нарсасини бир ўтиришда ўқиб ақл йиғмоқчи бўлади. Кейин биладики, бунинг фойдаси йўқ. Бу Симоновнинг қўшимчаси эди, яхши чиққан, деб ўйлайман. Таржимада шунга ўхшаш жойлари кўп. Шу боис, классик асарларга қўшимча қилса бўладими, йўқми, кинода жанр имкониятини, хусусиятларини эътиборга олиш керакми, йўқми, деган масала мунозарали. Мен кино соҳасига алоқадор бўлганим учун бундай гапларга ўрганиб кетганман. Эҳтимол, ҳамма баравар қабул қилмас, лекин мен бундай ўринларни табиий ҳол, деб биламан. Масалан, «Алишер Навоий» пиесамизда Ўдгор билан Ҳусайн Бойқаронинг жанг саҳнаси йўқ. Чунки спектаклда буни кўрсата олмайсиз. Кино имкониятлари эса бунга йўл беради. Шунинг учун жуда катта таассурот уйғотадиган жанг дақиқалари кинода берилган. Ёдингизда бўлса, Ҳусайн Бойқаро Ёдгорнинг орқасидан қувиб бориб йиқитади ва шовуллаб турган дарёнинг ўртасида уларнинг диалоги берилади. Буни Комил Ёрматов топган. Шу тариқа, жанр хусусиятидан келиб чиқиб, адабий манбадан чекиниш мумкин. Ўйлайманки, Латиф Файзиевнинг ҳам «Қутлуғ қон» филмидаги ўзгартиришлари яхши чиққан, ўзини оқлаган.
Латиф Файзиевнинг менга ёққан иккинчи филми «Улуғбек юлдузи» эди. Мен бу ҳақда унинг юбилейида гапирганимда «Бу кишининг ижодида иккита чўққи бор: бири — «Қутлуғ қон», иккинчиси — «Улуғбек юлдузи» филми, дегандим. Бугун «Улуғбек юлдузи» филмига анча эътирозлар бўлиши мумкин. Хожа Аҳрор ва бошқа масалалар билан боғлиқ тарзда. Бу замонанинг таъсири. Лекин яхлит олганда, филм яхши чиққан, номини ҳам «Улуғбек юлдузи», деб яхши топган.
Яна бир филм юзасидан ўртамизда баҳс бўлганди. Латифжон ҳиндистонлик санъаткорлар билан «Али бобо ва қирқ қароқчи» номли филмни суратга олди. Мени бадиий кенгашга таклиф этишди, қаттиқ гапирдим: пулимиз оз, имкониятимиз кам бўлса, нега биз Ҳиндистон билан кино қилишимиз керак, дедим. Раж Капур бир йилда 400та филм чиқарар экан. Бу филм 401чиси бўлибди. Ҳиндлар учун 401-филм, бизлар учун ҳеч нарса эмас, дедим. Мунозара тугади. Акангиз мулойимлик билан: «Биз танқидга қарши эмасмиз, биз танқидга қулоқ тутамиз, — деди — қўйди. — Лекин шуни айтишим керакки, ҳиндлар ҳамкорлигимиздан жуда ҳурсанд бўлишди. Бирга ишлашимизнинг маданиятларимизнинг яқинлашиши учун ташлаган ҳар бир қадамимизнинг улар учун катта аҳамияти бор. Эҳтимол, Иззат ака айтганларидек, бу ерда аҳамияти йўқдир, лекин Ҳиндистонда аҳамияти катта. Шунинг учун мен бу фикрга қўшилмайман», деди.
Мунозарадан сўнг Шуҳрат Аббосов кабинетига таклиф этди. У кезлари Аббосов киностудия директори эди. Менга шундай деди: «Сизни атайин чақирдик, филмдаги камчиликларни очиқ гапирасиз, деб. Биз — касбдошлармиз, бир-биримизга камчиликларимизни айтишга журъат этолмаймиз. Айтган бир-иккита камчиликларингиз тўғри. Лекин ҳамкорлик ҳақидаги гапингиз нотўғри, чунки биз Ҳиндистонга ўхшаш давлатлар билан кўпроқ ҳамкорлик қилишимиз керак. Майли, пулимиз оз бўлса ҳам, ҳамкорлик қилишимиз керак», деди.
— Қарашларингиз, фикрларингиз бир жойдан чиқмаган пайтлар тез-тез бўлиб турармиди?
— Бу — ижод. Қарашларимиз, фикрларимизнинг баъзан тўғри келмаслиги бирга ишлашимизга монелик қилмаган. Бундан кейинги учрашувимиз театрда бўлди. Латиф Файзиев ҳозирги Миллий театримизга бадиий раҳбар бўлиб келди. Катта ғайрат билан ишлай бошлади. Биринчи таклифи шу бўлдики, Абдулла Қодирийни қўйсак, деди. Хўп, дедим. Ёза бошладим. Нима ёзган бўлсам, ҳаммаси маъқул тушди, бу мени хурсанд қилди. Ўртамизда бирон-бир қаттиқ мунозара, тортишув бўлмади. Биронта эпизод бўлмадики, мен ёзиб олиб борган бўлсам-у, у киши бўлмайди, деса. Аксинча, хурсанд бўлган. Масалан, Зайнаб Кумушга заҳар берганидан сўнгги воқеалар билан боғлиқ эпизод. Воқеа узоқ давом этиши керак эди: қабристон, Отабек. У Қуръон ўқиши керак. Зайнаб келиши керак. Кимсан, деса, Кумушман, дейиши керак. Мен шу жойини ўзгартирдим. Зайнаб Кумушга заҳар беради ва чиқиб кетади, шу заҳотиёқ жинни бўлиб қайтиб киради. «Жуда боплабсиз», деб хурсанд бўлган эди Латифжон. Шунга ўхшаш бир-иккита жойларини жуда маъқуллади.
Унинг менга ёқиб тушган маслаҳатларидан яна бири шу бўлдики, романда ёзувчи атайин Отабекнинг Кумушга, Кумушнинг Отабекка ошиқлигини сир тутиб туради. Улар чимилдиққа киргандан сўнг билишади: «Сиз ўшами?» деб сўрайди Кумуш. Унгача Кумушга қўшилиб биз ҳам куямиз. Атайин қилинган-да бу. Лекин мотивировкаси йўқ. Ҳасанали совчиликка боради. Ҳасанали қаердан билди? Агар Ҳасанали билишини биз билсак, куймаган бўлардик. Шунинг учун ёзувчи буни биздан яширган, мотивировкасини ташлаб кетаверган. Буни биз фолклор усули, деб айтамиз. Фолклорда мотив ташлаб ўтиб кетаверилади.
Отабекнинг ошиқлиги аввал бошланган эди. Намоз олдидан ташқари ҳовлига — ариқ бўйига чиқиб, таҳорат олаётганида Қутидорнинг қизи Кумушни кўриб қолади. Мен пиесани шу ердан бошлаганман. Латифжон жуда хурсанд бўлган, тўғри қилибсиз, шу ердан бошлаш керак эди, деб ажойиб бир қўшимча ҳам қилди. Отабек билан Кумуш бир-бирини ариқ бўйида кўриб қолади, романда ёзувчи ошиқ бўлиб қолди, дейди. Лекин спектаклда бу гапни мен қандай айтишим керак. Мана шу жойини Латифжон топди. Отабек ариқ бўйида белбоғини тушириб қолдиради. Кумуш белбоғни дарров олиб беркитади. То чимилдиққа киргунларича белбоғ унда эди. Мана шу деталдан томошабин Кумушнинг Отабекка ошиқлигини билади. Бу соф режиссёрлик топилмаси эди. Бу акангизнинг яхши драматурглигини кўрсатади.
Менга ёққан яна бир нарса шу бўлдики, у киши мен яратган матнга жуда ҳурмат билан қарарди. Матндан бирон жойини олиб ташламади, тушириб қолдирмади.
Драматургларда «подзанавес», деган ибора бор. Бунда томоша якунида бирон ўта аҳамиятли гап айтиш керак бўлади. Кинода эса бунга зарурат йўқ. Мен бир «подзанавес» ишлатдим. Отабек рақибини ўлдиргандан сўнг, қўлидаги ханжарига қараб, энди сенинг менга керагинг йўқ, деб отиб юборади. Бу «подзанавес». Мана шу жойни олиб ташладик. Ҳақиқатан ҳам бу жойнинг кераги йўқ экан. Урғули гап айтамиз деб, атайин пардани яна бир неча сония ушлаб туришга зарурат йўқ эди. Хуллас, ҳамжиҳатлик билан ишладик, жуда тез ишладик. Спектакл катта муваффақият қозонди. Шу сабаб бўлса керак, нима учун «Ўтган кунлар»дан фойдаланган, деган масала атрофида, спектакл устида мунозара бошланиб кетди. Бизнинг айрим касбдошларимиз куйиб кетдими, ё акангизнинг касбдошларими, билмадим.
Мен спектаклда Абдулла Қодирийнинг ёзувчилигини кўрсатишим керак эди. Ёзувчилигини кўрсатишим учун Абдулла Қодирий даражасида ёзишим керак. Мен буни қилолмайман, кучим етмайди. Кучим етмайди деб ўтиб кетаверсам, Абдулла Қодирийни пастга тортган бўламан. Шунинг учун пиесага Абдулла Қодирийнинг ўтган кунларини олиб кирдим. Яхшими, ёмонми, янгилик юзага келди. Битта актёр иккита ролни бажаради — ҳам Абдулла Қодирий, ҳам Отабек бўлиб чиқади.
Энди яна битта нарса бор. Ҳар бир спектаклга муҳаббат можароси керак. Мен муҳаббат можаросини қаердан оламан? Абдулла Қодирий бировни яхши кўргани, куйгани, ёнгани бизга маълум эмас. Бу ҳақда бирон маълумот ҳам, ҳужжат ҳам йўқ. Ёзувчи ўзининг биографиясида бу ҳақда ёзмаган бўлиши ҳам мумкин. Абдулла Қодирийнинг уйланишидан хабарим бор. Лекин муҳаббат деган гап бўлган эмас. Шунинг учун мен спектаклга Отабекнинг муҳаббатини киргиздим. Уни ўртоқлар тушунишмади. Хабарингиз борми, билмадим, асарим икки марта муҳокама бўлди. Биринчи мажлисда менинг бунга ҳаққим бор, дедим ва мисол келтирдим. Миллер деган драматург Бернард Шоу ҳақида пиеса ёзган. «Двое на качелях», деб номланади. Мен спектаклини кўрганман. Бернард Шоунинг 400га яқин севгилисига, севгилисининг Бернард Шоуга ёзган хатлари сақланган. Драматург мана шу 400 хатга бирон-бир сатр қўшмасдан, хатлардан парча олиб, монтаж қилиб пиеса ёзган.
Хуллас, бу мунозара анча давом этди ва менинг фойдамга ҳал бўлди. Лекин асарни яна саҳнага олиб чиқиш имкони бўлмади. Шунда акангиз: кейинроқ бу масалага қайтамиз, дедилар. Бу гапни мен акангизнинг менга васияти, деб биламан. Бир ҳафсала қилсам, спектаклни тикласак акангизга яна бир хотира — ҳайкал қўйган бўламиз.
Спектаклда декорациялар шартли бўлган, чунки одамларнинг тақдири муҳим эди. Кўпчилик бунга норози бўлди, табиий декорацияга ўрганишган-да. Қозининг уйи қандай, кўрпа-тўшак, гиламлари қанақалигига эътибор берадиган томошабинлар ҳам бор. Мен уларга: биз кўрсатмаяпмиз, биз ҳикоя қилаяпмиз, Абдулла Қодирий ҳикоя қилаяпти, бўлажак асарининг мазмунини ҳикоя қилаяпти, шунинг учун декорация шарт эмас, декорация сифатида китоб ишлатилган, дедим. Гўё «Ўтган кунлар»ни ўқияпти, дедим. Бунинг қадрига етган етди, етмаган етмади. Менинг назаримда, спектакл яхши чиқди.
— Кино режиссёрининг театрда спектакл қўйишига қандай қарайсиз.
— Назаримда, театр акангизнинг стихияси эмас эди. Буни ўзи ҳам сезган бўлиши керак. Театр билан кино ўртасида, ижодий томондан ташқари, соф ташкилий томондан ҳам фарқ бор. Кинода режиссёр хўжайин. Хоҳлаган актёрини кинога олади, хоҳламаганини олмайди. «Проба» деган гап бор. Мингтасини кўриб биттасини танлаш имкони бўлади. Театрда эса бунинг иложи йўқ. Жамоа билан ишланади. Шунинг учун биз театрда Кумушни топдик деб ўйламаймиз, ҳарқалай, ташқи кўриниш жиҳатидан. Отабек — Абдулла Қодирий топилган эди.
— Камчиликсиз инсон бўлмайди…
— Кинодаги кенглик театрда йўқ. Лекин ижодий ишнинг ўзига хос бир хусусияти бор: бирга ишлаган одамлар бир-бири билан қўшилиб, омухта бўлиб кетади. Шунинг учун у кишининг камчилиги нимада, меники нимада — айтолмайман. Камчиликкина эмас, вақти келса фазилатни ҳам кўрмай қоласиз. Мен ўзимнинг камчилигимни кўрмагандай, менда бор фазилатларни бошқа биров яхши билгандай, мен ҳам у кишининг камчилигини кўрмаган бўлишим мумкин. Иккаламиз битта бўлиб кетдик. Мени бир нарса жуда қувонтиради: бизда ижодий оҳангдошлик юзага келди. Аравани мен бир томонга, у киши бошқа томонга тортганимиз йўқ. Бошқа режиссёрлар билан жанжал, муаммолар бўлиб турарди.
— Танқидга муносабатлари қандай эди?
— «Улуғбек» сценарийсини бирга муҳокама қилганмиз. Танқидни бироз писанд қилмас эди. Аввалига бу менга ёқмади. Кейин ёқди. Мен, умуман, танқидчига ёзувчининг хушомадгўйлик қилишини ёмон кўраман. Болалар ёзувчиси Корней Чуковский билан Маяковский ҳақидаги бир воқеани эшитгандим. Чуковский яхшигина танқидчи эди, кейинчалик ҳам танқидчиликни ташламади-ю, лекин болалар адабиётига ўтиб кетди. Маяковский билярд ўйнаётган экан. Чуковский унинг ёнига келиб, мен Чуковский бўламан, дебди. Ҳа яхши, дебди-қўйибди Маяковский. Шунда Чуковский Маяковскийга: мен машҳур танқидчи Чуковский бўламан, дебди яна. Орада Маяковский шаънига мақтов гаплар ҳам айтибди. Шунда Маяковский: «Агар мен ҳақимдаги гапларингиз рост бўлса, ана у ерда турган қизга бориб гапириб берсангиз», дебди. Нима учун, деб Чуковский сўраганда, мен ўша қизни яхши кўраман, отаси уни менга бермоқчи эмас, ўзи бўлса иккиланаяпти, мени мақтаб, шу қизни кўндириб беринг, деган экан. Бу воқеани Абдулла Қодирийга гапириб берган эдим, тоза боплаган экан, деб кулган. Кўрдингизми танқидга вазифа топиб берганини…

Иззат Отахонович ҳам, акам Латиф Файзиев ҳам «Ўтган кунлар» спектаклини яна саҳнада кўриш бахтини туймадилар. Уларнинг «Ўтган кунлар»ни яна саҳнада кўриш истаги энди васият бўлиб қолди. Бу спектаклга бугунги авлод — ёшлар Абдулла Қодирий, Иззат Султон, Латиф Файзиев хотираларини абадийлаштириш мақсадида яна қайтишларидан умидвормиз.

Раъно Иброҳимова,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 10-сонидан олинди.