ФАХРИЙ ЁРЛИҚ ТОПШИРИШ
Император Ҳазрати Олийларидан олган Ишонч ёрлиғини Президент Каримов Жаноби Олийларига топшириш маросими Ўзбекистонга келганимнинг бешинчи куни, яъни 1999 йил 12 августда бўлиб ўтди. Маросим Президент саройида тантанали вазиятда кечди.
Биз ўзбек тилида «Оқсарой» деб аталадиган Президент қароргоҳига келдик. Протокол бошлиғи бизни катта залга таклиф қилди. Ушбу тантанали маросимда япон тарафидан элчи сифатида мен, ўша пайтдаги Элчихона маслаҳатчиси жаноб Такахаши, Элчихонанинг биринчи котиби жаноб Сесомэ, ўзбек тарафидан ҳам бир неча расмий кишилар Президент чиқишини кутардик.
Хонанинг тўридаги эшик очилиб, бир неча шахслар билан бирга Президент чиқиб келди. У кулимсираб, биз томонга меҳр билан тикилиб турарди. Унинг ушбу нигоҳини кўриб, бу мамлакатда ишлаш менга осон кечишига ишондим. Улкан залнинг маркази томон одимлар эканман, тўхтаб, секин-аста сўзимни бошладим. Жаноб Сесомэ менга эргашди ва нутқимни таржима қилиб турди.
Мен нутқимни тугаллаб, Ишонч ёрлиғини Президентга топширар эканман, унинг чеҳрасида табассум жилваланди. Ўзимни худди қадрдон амаким билан учрашгандек ҳис қилдим. Президент бир қарашдаёқ одамни ич-ичидан кўра олишини англадим. Бундан анча хотиржам тортдим. Ва яна бир бор бу раҳбарга ҳар томонлама ишониш мумкин деган фикр кўнглимдан ўтди. Менимча, у менинг ўй-ҳиссиётларимни тўлиқ тушунди.
Президент ҳузурида расмий учрашувдан сўнг оддий ўзбекистонликлар билан гаплашиш имкониятига эга бўлдим ва шуни билдимки, ўз кўзинг билан ҳақиқий вазиятни кўрмагунча уни тушуна олмайсан. Японлар коса тагидаги нимкосани уқиб олишга уста. Ўзбеклар ҳам гапиришдан олдин озгина сукут сақлашади, бу япон одатига жуда ўхшаб кетади. Шунинг учун биз бир-биримизни оғиз жуфтламасданоқ тушунамиз. Англадимки, вазиятга европалик ёки америкалик кўзи билан эмас, япон кўзи билан қараш ва бундан муносиб хулосалар чиқариш зарур. Нима бўлганда ҳам, бу Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган ҳудуд. Улар ҳатто японлардан ҳам ўтказиб суҳбат қуришар, айтганимдек, биздан ўтказишар ҳам экан. Мен Япониядан жуда олисда яшайдиган шундай жиддий, софдил, илтифотли ва хушмуомала кишилар билан учрашганимдан ғоят хурсанд эдим.
Элчи вазифасидаги ваколатим тамом бўлгандан кейин ҳозирги кунда ҳам мен Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ришталарини янада қаттиқроқ боғлаш учун бор куч-қудратимни сарфлашга тайёрман.
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ҲАЁТ
Ўзбекистон замини 3 минг, ҳатто 4 минг йиллик қадимий тарих, бой маданий анъаналар гувоҳи. Ўзбекистон 1991 йилнинг 31 августида мустақилликка эришди. Мустақиллик куни 1 сентябр. Шундан буён 16 йил ўтди. Бу унчалик узоқ муддат эмас. Қилинадиган ишлар эса ниҳоятда кўп. Ҳозир Президент Каримовнинг зийрак раҳбарлиги остида халқнинг таълим даражасини ошириш устувор йўналишга кўтарилган сиёсат олиб борилмоқда. Кўплаб сиёсатчилар, иқтисодчилар, маданий соҳа ходимлари мамлакатда барқарорликни таъминлаш йўлида меҳнат қилмоқдалар, жамият гуллаб-яшнаши учун куч-ғайрат сарфламоқдалар.
Масъул раҳбарлар ва ҳукумат идоралари ходимлари ҳар куни кечқурунлари ҳам ишлайдилар, шанба, якшанба нима эканини билмайдилар. Баъзан биз уларни қабулга, зиёфатга чақирганимизда, улар 10-15 дақиқа ўтириб, яна ишга шошадилар. Талабалар илм-фанни эгаллашга қаттиқ берилганлар. Бу ҳол Европа мамлакатлари ва Америка тарихида бўлган шундай ижобий белгиларни эслатади.
Ҳозирги пайтда мамлакатнинг асосий вазифаси – жамиятни янгилаш ва иқтисодни либераллаштириш деб ўйлайман.
Агар кўчада йўловчиларни тўхтатиб, бугунги ҳаёт ҳақида сўрайдиган бўлсангиз, улар мамнунлик билан жавоб беришади: Мустақил давлат бўлганимиз қандай яхши. “Мустақилликкача ҳамма нарса бошқача эди. Аввал, Иттифоқ даврида, жамият ичида махфий маълумот етказиш одатдаги ҳол бўлиб, ўз фикрингни эркин айта олмасдинг. Ҳозир эса ҳамма нарса ҳақида хотиржам гапириш мумкин».
Одамни лол қолдирадиган ҳақиқат шундаки, ўзбеклар узоқ давом этган совет даврига қарамай, ўз миллий маданиятларини, тарихини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишган, ҳозир уни секин-аста замонавийлаштиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу борада намуна сифатида Японияни олишмоқчи. Ахир Япония ҳам ўз анъаналарини сақлаган ҳолда секин-аста замонавийлашган эмасми. Улар Японияга ўхшашни исташади. Улар Японияни синчиклаб ўрганишади. Улар Японияда таълим олишни хоҳлашади. Бу – кўплаб ўзбекистонликларнинг дил изҳори.
АНЪАНАВИЙ ЖАМИЯТ ҲУДУДИ. МАҲАЛЛА
Ўзбеклар билан яқиндан танишганим сайин бир нарсани тушундим, ён-веридагилар билан бирор нохуш ҳодиса рўй берса, улар биргаликда ташвиш чекар эканлар. Ҳатто хизмат пайтида ҳам улар бировни ортиқча безовта қилишга тортинишар, агар кимгадир қўнғироқ қилмоқчи бўлишса, аввал симнинг нариги томонидаги одамнинг тинчлигини ўйлашар, шундагина қўнғироқ қилишга журъат этишар экан. Ана шунақа тортинчоқ одамлар. Кимдир кулфатга учраса, унга кўмак, далда беришга шошилишар, бу уларнинг шу кунгача сақлаб келаётган қадимий удуми экан. Улар бир бурда нонни бўлиб ейишар экан ҳатто. Ўзбеклар бир-бирларини самимий ҳурмат қилишарди, бу жиҳатдан японларга жуда ўхшаб кетадилар.
Хизмат жойида баъзан совет давридан мерос бўлиб қолган қўпол муомала учрайди, лекин маиший турмушда оддий ўзбеклар яқин кишилари учун қайғурадилар, бу улар учун одатдаги ҳол. Улар кўҳна тарихга эга зироатчи миллат сифатида шундай ажойиб жамият барпо қилганлар.
Ўзбек жамиятининг пойдевори – маҳалла, у японларнинг квартал кенгашига ўхшайди. Бу давлат идораси эмас. Ҳар бир маҳалланинг шу ерда бўлаётган барча воқеа-ҳодисалардан кўз-қулоқ бўлиб турадиган оқсоқоли (раиси) бор. У маҳалладаги ҳамма нарсани ипидан-игнасигача билади, кимнинг қизи қаерда ишлайди, кимнинг ўғли ўқишга кирди, уйланди, фарзанд кўрди, бирор корхонага ишга жойлашди. Агар кимнингдир бошига кулфат тушса, у бутун маҳаллани йиғиб, унга кўмак беришга чорлайди.
Ўзбекистонда болаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бутун жамият уларни асраб-авайлашга чоғланган. Албатта, ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳамма жойида ҳам катта оилаларни (бу ота-она, фарзандлар ва неваралар бир хонадонда яшайди дегани) учратиш қийин. Лекин маҳаллаларда ҳозир ҳам кўплаб оилалар борки, бир том остида ота-она ва фарзандлар бирга яшашади ва агар оилада фарзанд туғиладиган бўлса, унга фақат ёш ота-она эмас, балки бобо, буви ва амаки, аммалар ҳам қарашади. Бу – болалар йўргакдан бошлаб атрофдагиларнинг ғамхўрлигини ҳис қилган ҳолда ўсиб, бундай ғамхўрликни катталардан ўрганиб боради деган гап. Маҳалланинг кундалик асосий таомили – бу катталарга ҳурмат, ёлғон сўзламаслик, бировнинг мулкига кўз олайтирмаслик, бировнинг жонини оғритмаслик, айниқса, одам жонига қасд қилмаслик.
Агар болалар кўча-кўйда шўхлик қилишса, маҳалла аҳли уларга танбеҳ беради, тартибга чақиради. Катта ёшдагилар бола тарбияси билан астойдил шуғулланишади, улар доим болаларга кўз-қулоқ бўлиб туришади, бу кундалик удумга айланган, ўз навбатида болалар ҳам бобо ва бувиларига қулоқ қоқмай бўйсунишади.
Маҳалла шу кунги замонавий Тошкентда ҳам мавжуд. Бир сафар Буюк Британияда ўзбек элчиси бўлиб ишлаган ходимнинг аёли бир маҳалладаги мукофотлаш маросимига таклиф қилди. Кеч куз эди. Ўша йили энг чиройли ва шинам уй қурган (айтмоқчи, мени таклиф этган аёлнинг эри), йилнинг энг серҳафсала уй бекаси бўлган оилани мукофотлашди, мукофотни эса маҳалла оқсоқоли топширди. Маросим жуда мароқли бўлди, мусиқа янграр, ҳамма ўйинга тушарди.
Япон элчисининг қароргоҳи шу маҳаллада жойлашган. Бизни маҳалла билан боғлаб турадиган одам ходимимиз Анвар эди. У ўзи яшайдиган маҳалланинг оқсоқоли ҳам экан.
КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАЙДИГАН ЖАМИЯТ
Ўзбек жамиятидаги осойишталикка асосий сабаб – бу ёши катта ва кекса кишиларга ҳурмат-эҳтиром. Агар маҳаллада бирон масала юзасидан қарор қабул қилмоқчи бўлишса, оқсоқолнинг фикри кўпчилик томонидан ҳисобга олинади ва қўллаб-қувватланади. Ёшлар катталарни нафақат маҳаллада, балки жамиятнинг кундалик ҳаётида ҳам иззат-ҳурмат қилишади. Кекса кишилар у ёки бу масала юзасидан ўзларининг аниқ фикр-мулоҳазаларини билдиришади ҳамда жамиятда анчагина муҳим ўрин тутишади.
Мен ўзим кўрмаганман, лекин айтишларича, жамоат транспортида, у автобус ёки метро бўлсин, кекса киши пайдо бўлиши биланоқ ёшлар дарҳол туриб жой бўшатар эканлар ва бу одатдаги ҳол экан. Японияда таълим олган бир киши менга шундай деганди: «Мен Японияда поезд вагонида кетар эканман, кекса бир киши кириб, менинг тепамда туриб қолди, мен дарҳол туриб, унга ўрнимни бўшатдим. Буни кўрган вагоннинг деярли барча йўловчилари менга ҳайрон бўлганларича тикилишди, бундан ўзимни ноқулай ҳис этиб, бошқа вагонга ўтиб кетдим. Катталарга ўрин бўшатиш Ўзбекистонда кундалик ҳодиса. Японияда шундай бўлса керак деб ўйлаб хато қилибман». Бу гапга жавобан чурқ эта олмадим.
Кекса кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатадиган жамият бу чинакам яхши жамият. Бу «чангалзор қонуни» ҳукмрон бўлган жамият эмас. Кекса одамлар ҳамиша диққат-эътиборда. Бу маънавий бой жамият, у фойдадан анча юксакда туради. Фақат фойда кетидан қувган жамиятда яшаш қийин. Ўзбек жамиятида сақланиб қолган ва бизнинг руҳимизга яқин жиҳатлардан япон жамияти мосуво бўлган.
ЯПОНИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИК
Марказий Осиё мамлакатлари ниҳоят мустақилликка эришгач, ўз анъанавий маданиятларини жаҳонга кўз-кўз қилиш имкониятига эга бўлдилар. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда анъанавий мусиқа, рақс, амалий санъат буюмларини ясаш яна тараққий этмоқда, ҳукумат бу жараёнга ҳар томонлама кўмак кўрсатаётир.
Маданий тадбирларни ўтказишда ҳукуматга Халқаро ҳамкорлик Япон агентлиги (JICA), Япон фонди ва Савдони ривожлантириш Япон ташкилоти катта ёрдам кўрсатмоқда. Ушбу ташкилотлар фаолияти Японияга қизиқиш билан қараётган Ўзбекистон халқи томонидан юксак баҳоланмоқда. Иқтисодий муносабатлар, техникавий ва маданий ҳамкорликдан мақсад ушбу мамлакатлар ўртасидаги алоқани кучайтириш бўлиб, бу нарса Япония ва Ўзбекистон орасидаги дўстона муносабатларни янада чуқурлаштиради.
JICA ваколатхонаси 1999 йил май ойида Тошкентда очилди, шундан бери JICA кўмаги билан Япониядан Ўзбекистонга турли соха мутахассислари юборилди. Ўзбекистондан синов муддатини ўтовчи ишчилар қабул қилинди. 2000 йилнинг декабр ойида эса Тошкентда Инсон ресурсларини ривожлантириш Япон маркази ўз фаолиятини бошлади. Бу марказда япон тили ўқитилади, ўзбекистонликларни япон маданияти билан таништириш бўйича тадбирлар ўтказилади ва айтиш жоизки, марказ мамлакатларимиз орасидаги маданий алмашувни чуқурлаштиришга бебаҳо ҳисса қўшмоқда.
Тошкентдаги JETRO ваколатхонаси 2000 йил октябрдан иш бошлади. JETRO кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон ҳукуматига ҳар тарафлама кўмак бермоқда. Ташкилот идораси япон корхоналари ҳақида ахборотга қизиқаётган ёш ўзбек ишбилармонлари билан ҳамиша тўла.
ЯПОН ФЕСТИВАЛИ
Ўзбекистонга келганимнинг кейинги йили, яъни 2000 йилнинг баҳоридан бошлаб биз ўша йилнинг кузидаёқ Ўзбекистонда Япония маданияти кунларини ўтказишга тайёргарлик кўра бошладик. Ўшанда Япон фонди Ўзбекистонга япон қўғирчоқлари кўргазмаси ва «Вадайко» ноғорачилар гуруҳини юборишга қарор қилди. Булар дастуримизнинг гуллари бўлишини билардим ва мен яна қандай японча дастур билан ўзбекистонликларни таништириш мумкин, дея узоқ ўйладим. Маълумки, Ўзбекистонда япон жамияти тузилган, бу ерда яшайдиган япон фуқаролари шу жамиятга аъзо бўлиб киришган. Бир куни ушбу жамият аъзолари билан учрашганда уларга шу саволни бердим ва бир зумда жавоб ҳам олдим: «Япон фестивали ўтказсак, нима дейсиз?»Лекин бу осон бўлмайди. Бунинг учун нима қилиш лозим? «Олтин балиқча», «Тунги бозор», «Дўконча», «Бон рақслар фестивали». Бу Японияда ўтказиладиган фестиваллар. Бундай фестивалларни бу ерда қандай ўтказиш мумкин, қанча маблағ керак бўлади?
Шундан сўнг биз яна учрашдик ва ҳаракат дастурини пишита бошладик. Барча японлар гуруҳларга бўлиниб, ушбу маданий байрамда иштирок этишга, унга ўз ҳиссаларини қўшишга интилдилар. Турган гап, Элчихона ўз тарафидан «Япон фестивали»ни Япония маданияти кунлари доирасида ўтказишга қарор қилди. Шундай қилиб, бу дастур Япония элчихонаси ва Ўзбекистондаги япон фуқароларининг қўшма тадбирига айланди.
МИЯДЗАКИ ПРЕФЕКТУРАСИДАН ДЎСТОНА ТАШРИФ
Шу йилнинг баҳорида менинг турмуш ўртоғим таваллуд топган Миядзаки префектурасидан Ўзбекистонга дўстона вакиллик юборишга қарор қилинди, тузилган дастур асосида бунинг учун Миядзаки префектурасидан Тошкентга учадиган ёлланма рейслардан фойдаланишга келишилди.
Бир самолётга 180-190 одам сиғарди. Миядзакидан ташқари бутун Япониядан бу вакилликка иштирок этишни истаганлар кўп эди. Дўстона вакиллик аъзоларини ҳафта давомида уч ёлланма рейс билан жўнатишга келишилди. Барча рейслар тиғиз бўлиб, вакиллик аъзоларининг жами 500 кишига яқин эди.
Япон қўғирчоқлари кўргазмаси ва «Вадайко» ноғорачилар гуруҳини октябр ойида жўнатишга қарор қилинди, шу тариқа Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари ўтиш муддати октябрга белгиланди. Ташриф дастурини тузишда биз, турган гап, вакиллик иштирокчиларининг истакларини инобатга олдик. Ташриф дастури ва қатнашувчилар сони аниқ бўлгач, биз улардан «бизга ёрдам беришга, яъни Ўзбекистонда Япония маданияти кунларида иштирок этишга розимисизлар» деб сўраганимизда, улар бир овоздан: «Албатта ёрдам берамиз» дейишди.
Дўстона вакиллик иштирокчилари орасида чой маросими, икэбана ва каллиграфия усталари, мусиқачилар, қўғирчоқ ясовчи усталар, шунингдек, Миядзаки префектурасининг анъанавий рақси «Боккен-одори»нинг раққослар гуруҳи ҳам бор эди. Мен хурсандлигимдан ўзимни қаерга қўйишни билмасдим.
Мен бўлаётган ишлардан мамнун эдим ва дўстона вакилликни кутиб олишга ҳозирлик кўриш қолганди, холос. Элчихона атташеси Сея хоним маданият масалаларига масъул бўлиб, ўзбек томони билан кунора боғланиб турарди.
Қўғирчоқлар кўргазмасини Ўзбекистон санъати музейи биринчи қаватидаги катта залда намойиш этишга қарор қилинди, залга кираверишдаги йўлак деворларига япон плакатларини осишга келишдик. Залнинг бетон деворларини чиройли мато билан безадик, натижада зал жуда шинам хонага айланди. Музей директори Насиба Иброҳимова хоним ва соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда ҳар бир қўғирчоқни муайян мато фонида жойлаштирдик.
Бу залда соф япон руҳи ҳукм сурарди. Уч ҳафта мобайнида япон қўғирчоқларини умум назарига қўйдик, ҳафтада бир марта миядзакилик усталар томошабинларни япон маданияти билан таништириб турдилар. Миядзакилик усталарнинг хизмати текин бўлиб, улар кўнгиллилар сифатида ишлашарди. Чой маросими, икэбана, каллиграфия, қўғирчоқларни намойиш этиш учун зарур бўладиган барча ашёлар Япониядан келтирилганди. Улар шунингдек, олти дона «Като» кўпторли мусиқа асбоби ҳам келтиришганди
Кўргазманинг очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари қатнашиб, нутқ сўзлади, япон маданияти билан танишиб, завқ олиш мақсадида кўргазмага кўплаб ўзбек томашабинлари ташриф буюришди.
Чой маросимини икки уста намойиш қилди. Томошабинлар ерга тўшалган гиламнинг ҳусн-тароватидан завқланишарди, улардан айримлари чой маросими санъатини ўрганишга ҳавас билдирдилар.
Қўғирчоқлар намойиш этилганда, баъзи қўғирчоқлар яхши кўринмаяпти, деган шикоятлар сабаб айрим столларни четга суриб қўйишга тўғри келди. Каллиграфия (ҳуснихат) кўрсатилаётган пайтда кўплаб аёллар ва ўқувчи болалар тўпланди, шунинг учун усталар бу санъат ҳақида баланд овозда сўзлашга мажбур бўлдилар.
Япон мусиқачилари эса шу ернинг ўзида, музей залида ўз санъатларини намойиш қилдилар.
Икэбана Ўзбекистонда маълум ва машҳур, унинг тақдимотига келган болалар, ота-оналар қизиқиб кетишиб ҳатто маслаҳатлар беришарди: «Калтароқ қилса бўлмасмикан?» ёки «Агар новдани аниқ горинзонтал тарзда қўйса нима бўлади?» Бу кишилар ҳозир уйларида ўз икэбаналарини ясаётган бўлсалар ажаб эмас. Чунки ўзбекистонликлар, ўзбек халқи гулни жуда севади.
* * *
2000 йил 18 октябрда ўтмишда япон асирлари иштирокида қурилган Алишер Навоий театри биносида «Вадайко» япон ноғорачилар гуруҳининг илк концерти бўлиб ўтди. Эртаси 19 октябр роппа-роса 18.00 да Навоий театри олдидаги майдонда «Вадайко» ноғорачиларининг иккинчи концерти бошланди. Майдонга йиғилган томошабинлар ноғорачиларимизни қизғин олқишладилар, улкан ноғоралар садоси кечки Тошкент бағрига таралиб сингиб кетди.
«Вадайко» гуруҳи билан биргаликда у билан мусобақалашган каби «Аббос» ўзбек доирачилар гуруҳи ўз санъатини намойиш қилди. Ўзбек найи ва танбурининг ёқимли янгроқ овози ноғоранинг шиддатли оҳанги билан уйғун жаранглашини тинглаш жуда мароқли эди. Кўнглим сезганидек, шу оқшом япон ва ўзбек мусиқа гуруҳлари ялакат мағиз бўлиб бирлашиб кетгандек эдилар.
Сўнг Миядзаки префектурасининг «Беккен-одори» анъанавий рақс гуруҳи раққослари ўз чиқишларини бошлашди. Улар қадимий япон кийим-кечаги билан ясанган эдилар, айтиш жоизки, ўшанда Ўзбекистонда қадимий япон рақслари илк бор намойиш этилаётганди. Бу қадимги японларнинг кундалик киядиган либослари бўлиб, уст сидра оппоқ, бошда ва белда гунафшаранг белбоғ, белда яна ёғоч қилич тақилган, улар рақсни ўзига хос японча оҳангда ижро этишарди. Саҳнада мўъжизакор сеҳрли кайфият ҳукм сурар, миядзакилик қизлар терлаб-пишиб астойдил рақсга тушишарди.
Кейин саҳнада «Япон фестивали» бошланди.
Навоий театри олдидаги кенг майдон одамлар билан лиқ тўлган, ҳамма ерда туманот одам. Тунги савдо дўкончалари ўриндиқларида Япон жамияти аъзолари ўтиришар, дўкончалар бўйлаб ҳар бир метрда қўлбола «Бонъяри» япон чироқлари ўрнатилганди.
Бу нарсаларнинг ҳаммаси Япониядан ёлланма рейс билан олиб келинган эди.
Тошкентда истиқомат қилувчи япон биродарларимиз учун махсус «Якисоба», «Такояки» номли япон таомлари тайёрланди, шунингдек, кабоблар шу ернинг ўзидаёқ дастурхонга тортилди.
Ушбу тадбирда тошкентликлардан ташқари япон тили муаллими Ямамото етакчилигидаги Самарқанд чет тиллар институти талабалари ҳам иштирок этдилар.
Газеталарнинг якшанба сонларида тадбир кенг ёритилди, айтишларича, ўша куни майдонда 30 мингга яқин одам йиғилган эди.
“ЮДЗУРУ” ОПЕРАСИ
«Япон фестивали» ўтишидан сал олдин, яъни 2000 йилнинг ёзида мен собиқ Бош вазир жаноб Цутому Хата рафиқаси билан Навоий театрига ташрифи пайтида унга ҳамроҳлик қилганман. Бу театр олис совет замонларида япон асирлари иштирокида қурилган. 1966 йилда Тошкентда рўй берган қаттиқ силкинишларда «бино атрофидаги деярли барча иморатлар дарз кетди, лекин Навоий театри қилт этмай туриб берди» дейишади ерли аҳоли. Шу кунларда ҳам ушбу театрда опера, балет асарлари қўйилади, турли концертлар бўлиб ўтади, театр ўзининг ҳусн-таровати билан бутун Марказий Осиёда машҳур.
Театр биносининг чап биқинида лавҳа ўрнатилиб, унда ўзбек, рус ва япон тилларида шундай сўзлар ўйиб ёзилган:
«Алишер Навоий театри қурилишида 1945-1946 йиллар мобайнида Узоқ Шарқдан келтирилган бир неча юз япон фуқаролари иштирок этган».
Илгари ушбу лавҳада «Япон асирлари» деб ёзилган эди. Лекин Президент Каримов, Ўзбекистон ҳеч қачон Япония билан урушмаган ва японларни асирга ҳам олмаган, дея матнни «япон фуқаролари..» деб ўзгартиришга буйруқ берганди. Бу Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Президентнинг Японияга нисбатан илк гўзал дипломатик қадами эди.
«Шундай ўтмишга эга шундай машҳур театрда бирон бир япон тадбири ўтказиш айни муддао бўларди»,– дедим мен жаноб Хата ва рафиқасига. Биз лавҳа билан танишиб, театрнинг орқа томонида одимлар эканмиз, жаноб Хатанинг рафиқаси шундай таклифни ўртага ташлади: «Шу театрда «Юдзуру» операси намойишини ташкил қилса қандай бўларкан?!».
Айтилган сўз – отилган ўқ. Шундай қилиб 2001 йил 28 ва 29 август кунлари бастакор Дан Икума ва жаноб Судзуки ёрдами билан «Юдзуру» операси ушбу театрда намойиш этилди. Бу катта миқёсдаги илк япон маданий тадбири эди. Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллигига бағишланди ҳамда Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари дастурига киритилди. У япон жамғармаси томонидан молиялаштирилди.
«Юдзуру» операсининг биринчи кунги намойишига Президент рафиқаси, талай расмий шахслар, маданият арбоблари, дипломатик корпус аъзолари ташриф буюрдилар, театр залидаги барча ўриндиқлар лиқ тўла эди. Келаси кун театр оддий томошабинлар учун очилди ва қизиғи шундаки, бу кун ҳам театрга одам сиғмай кетди. Анчадан буён одамларнинг операга ва умуман маданий тадбирларга қизиқиши кучли бўлиб, шунинг учун япон балети ҳам қизғин қарши олинганди.
Парда кўтарилди, мусиқа шунчалик сокин таралардики, одамларнинг нафас олишлари эшитиларди гўё. Асарнинг мазмуни титрда ёзилиб борди. Навоий театрининг Давлат оркестри ўз ўрнини эгаллаганди. Опера бошланиши биланоқ ҳамманинг нигоҳи саҳнага қадалди. Мусиқий асбоблар хониши ажойиб саҳна чироқлари билан ажиб уйғунлик касб этарди. Саҳнада ўзбек болалари калта бежирим кийимларда япон тилида куйлашарди. Улар худди фаришталарга ўхшашарди. Болалар саҳнада тўлиб-тошиб куйлашаркан, аксар томошабинларнинг кўзларида ёш қалқиди. Саҳна ва томоша зали гўё бир бутун бўлиб кетганди. Бу чинакам муваффақият эди. Парда тушиши биланоқ томошабинлар оёққа қалқиб, узоқ чапак чалдилар. Саҳна япон тилидаги ёзувлар билан ярқираб кўринар, қарсаклар бетиним янграрди. Улар ҳозир ҳам қулоғимда ўша кунгидек жаранглаб турибди.
Шу куни театрда яна бир ҳаяжонли воқеа содир бўлди дейиш мумкин. Гап шундаки, дўстона вакиллик аъзолари орасида Нагата Икуо (рафиқаси билан) бошчилигидаги йигирмадан ортиқ кишилар бўлиб, улар бир пайтлар шу театр қурилишида ишлаган, ҳозир эса «Юдзуру» операсини берилиб томоша қилардилар. Шу билан бирга улар ўшандаги оғир пайтлар бирга ишлаган ҳамкасблари билан учрашиш бахтига муяссар бўлишганди. Уларнинг ҳис-ҳаяжонларини кўрсангиз эди…
Бундай маросим журналист, «Япония-Ўзбекистон жамияти» НПО раиси томонидан уюштирилган эди. «Юдзуру» операси янграган Навоий театри биноси қурилиши ҳақида ушбу жамият томонидан тафсилотларга бой «Навоий театри қурилиши ҳақида эсдаликлар» деган китоб тайёрланган эди. Бундан ташқари жаноб Нагата бир пайтлар бирга ишлаган ҳамкасблари ҳақида эсдаликлар тўплаб, уни «Навоий театри қурилиши ва 4-лагер ҳақида хотиралар» китобига киритган эди.
Оркестрга раҳбарлик қилмоқчи бўлган жаноб Дан Икума, минг афсуски, ўша йилнинг май ойида вафот этганди. У опера томошасида оркестрга шахсан ўзим бошчилик қиламан, деганди, бахтга қарши у бу орзусига эришолмади. Бу биз учун катта йўқотиш бўлди.
Қароргоҳимизда зиёфат пайтида бир дақиқа сукут сақлаш билан биз жаноб Дан хотирасига ҳурмат бажо қилдик. Зиёфатда барча ижрочилар, мусиқачилар ва тадбирда иштирок этган ҳамма кишилар йиғилдилар. Бунда японлар ва ўзбеклар биргаликда улкан муваффақиятдан мамнун бўлишиб, ярим тунгача суҳбат қурдилар. Ўзаро мулоқотлар, пианино чалишларга қўшилиб кетди, хуллас, оқшомни ажойиб тарзда ўтказдилар. Навоий театридаги томошада бўлган қароргоҳ ходимлари меҳмонларни самимий олқишладилар. Бизнинг Анвар эса боғ ўртасида катта гулхан ясаб, барчанинг кўнглини хушнуд қилди.
Ушбу маданий дастурдан кейин Ўзбекистондаги кўплаб одамлар анча вақтгача: «Сиз «Юдзуру» операсини кўра олдингизми?»,– деб бир-бирларидан сўраб юришди.
ЯПОН БОҒИ
2001 йилда Япония маданияти кунлари ва «Юдзуру» операси кўрсатилиши арафасида биз Тошкентда япон боғини очдик. Япон боғи ўзбекистонликларнинг азалий орзуси эди. Ўзбекистон ҳукумати Бизнес маркази ва болалар паркига тегишли бўлган катта майдоннинг ярмисини бизга ажратди. Бу боғни яратишда Ўзбекистондаги япон компанияларининг ваколатхонаси катта ёрдам кўрсатди, лойиҳалаш ва қурилиш ишларини олиб бориш жаноб Кишино зиммасига тушди.
Япон боғининг очилиш маросимига Президент Каримов шахсан қатнашиб, шундай сўзларни айтди: «Бу ерга келар экансан, ўзингни худи Япониядагидек ҳис қиласан. Ўйлайманки, энди бу ер Тошкентнинг энг гавжум жойига айланади, келган барча одам ўзини японча кайфият ва японча маданият оғушида ҳис қилади». Сўнг бу сўзлар маҳаллий газеталарда босилди ва телевидение орқали намойиш этилди.
2005 йилнинг март ойида, мен Япон боғида эдим. Ташқари анча салқин эди. Лекин шунга қарамасдан, боғ бўйлаб бир келин-куёв тўй либосларида сайр қилишарди. Шу кунда ҳам япон боғи ёш келин-куёвлар зиёрат қиладиган жой ҳисобланиб, ташриф дастуридан ўрин олган. Япон боғидан ташқари ёш келин-куёвларнинг суюкли сайргоҳи Олий Мажлис биноси яқинида жойлашган Алишер Навоий номидаги Миллий боғ бўлиб, у ерда ҳамиша кўплаб келин-куёвларни учратиш мумкин.
ЯПОНИЯНИНГ ИҚТИСОДИЙ ЁРДАМИ
Агар икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлашга назар ташлайдиган бўлсангиз, Япония Ўзбекистондан олтин, тўқимачилик хомашёси, ва буюмлари – жами 93 млн. доллар миқдорда (2004 йил бўйича Молия вазирлиги манбаларидан), импорт қилиши, у Ўзбекистонга турли ускуналар, кимёвий моддаларни умумий 56 млн. доллар миқдорда (ўша манба бўйича) экспорт қилишини кўриш мумкин. Агар Ўзбекистоннинг бой хомашё ресурсларини ҳисобга олсак, бу товар айирбошлаш жуда кам ва агар Ўзбекистон товар сифати устидан назорат қилишни кучайтирса, келажакда савдо-сотиқни ривожлантиришнинг катта имкониятлари очилиши аниқ.
Агар иқтисодий ёрдамни оладиган бўлсак, бундаги кўрсаткич бошқа мамлакатларга таққослаганда анча паст. Мен келажакда бизга анча яқин регионга кўрсатадиган иқтисодий ёрдамимиз фоизи кўтарилишини чин дилдан истайман. 2004 йилга қадар бўлган манбалар бўйича иена билан бериладиган кредит орқали умумий миқдори 97,5 млд. иенага тенг 8 лойиҳа амалга оширилган, бадалсиз ёрдам йўли билан 16,7 млд. иена, техникавий ҳамкорлик орқали 5,2 млд. иена, инсонпарварлик ёрдами орқали эса 15 млн. доллар (Ўзбекистондаги Япония элчихонаси манбаларига асосан) ажратилган. Кредит лойиҳалари орасидан «Телекоммуникация тармоғини кенгайтириш лойиҳаси», «Уч маҳаллий аэропортни замонавийлаштириш лойиҳаси», «Таълимни тараққий эттириш лойиҳаси», «Тош ГРЭСни аввалги ҳолда тиклаш лойиҳаси», «Темир йўлнинг янги тармоғини қуриш лойиҳаси»ни алоҳида таъкидлаш мумкин. Мен бу ерда таълим соҳасига ёрдам тариқасидаги «Таълимни тараққий эттириш лойиҳаси» борасида тўхталмоқчиман. Яна кичик миқёсдаги лойиҳаларга бадалсиз ёрдам кўрсатиш ҳақида икки оғиз тушунтириш бермоқчиман.
ТАЪЛИМГА ЁРДАМ
Ҳозир Ўзбекистонда таълим соҳасига катта эътибор қаратилган. Турган гап, маълумотлилик даражаси анча юқори, мамлакатда 100 фоиз саводхонликка эришилган, лекин бунга қарамасдан ҳукумат ушбу даражани яна бир поғона юксак кўтармоқчи.
Масалан, 2005 йилда Давлат бюджетининг 33 фоизи таълим соҳасига ажратилди. Ёш авлодга юқори малакали таълим бериш, улар учун иш ўринлари яратиш, яшаш шароитини яхшилаш – бу Ўзбекистон ҳукумати ўз олдига қўйган асосий мақсад. «Бунинг учун балки анча вақт зарур бўлар, лекин таълим мамлакатни ҳимоя қилиш ва тараққий эттиришнинг асосий йўлидир» дейди ўзбекистонликлар.
2000 йилнинг май ойида Япониянинг ўша пайтдаги Бош вазири жаноб Кейдзо Обучи вафот этди, таъзия билдириш учун элчихонага кўплаб кишилар келди, улар орасида ҳукумат аъзолари, дипкорпус вакиллари бор эди. Шунда биз кутилмаганда элчихонага Президент Каримов ташриф буюрмоқчи экани ҳақида хабар олдик. Бу Президент Каримовнинг элчихонамизга биринчи бор келиши эди. Жаноб Обучи 1997 йил июл ойида Парламент аъзоси сифатида Ўзбекистонга келган ва Президент Каримов билан учрашганди. Айтишларича, у Президентда хуш таассурот қолдирган экан. Президент Каримов таъзия китоби қўйилган хонага кириб, ўз таъзиясини билдирди ва суҳбат чоғида жаноб Обучи чинакам дўст бўлганини таъкидлаб, унинг бевақт ўлимидан қаттиқ қайғуда эканини айтди.
Ўзбекистонда бошланғич ва ўрта мактаб ўртасида бўлиниш йўқ, болалар 1-синфдан 9-синфгача битта мактабда ўқишади. Тўғри, академик лицейлар ҳам мавжуд, лекин аксар болалар 9 йил ўқишади.
Университетлар даражаси жуда юқори, ўрта мактабни тугатиб университетга кирадиганлари ҳам бор, лекин мактабдан сўнг болаларнинг аксарияти иш топишга ҳаракат қилишади.
Иқтисодни либераллаштириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш жараёнида, умуман иқтисодни ялпи тараққий эттиришда ёш техник мутахассисларнинг тақчиллиги сезилади. Шунинг учун ҳам ихтисослашган ўқув муассасалари яратишга эҳтиёж катта. Ана шу талаблардан келиб чиқиб, 1997 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон ҳукумати энг муҳим давлат дастурларидан бири «Кадрларни тайёрлаш миллий дастури»ни эълон қилди, натижада таълим соҳасидаги ислоҳотлар бошланди.
Юқоридаги суҳбатдан кейин ўша пайтдаги элчихона маслаҳатчиси жаноб Макиядан тортиб ҳамма ходимлар бу таклиф қондирилиши зарур, деган фикрда эдилар. Мен Президентнинг «биз Японияга ишонамиз» деган гапини эсладим ва учрашувдан кейин зудлик билан япон ҳамкасбларимни бу илтимос ҳақида хабардор қилдим.
Илтимосномадан кейин бир неча ой ўтди, бу орада масъул вазирликлар Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда бу муаммони ўрганиб чиқди. Натижада кредит ажратишга қарор қилинди. Шундай келишиб олинди – ОТБ саноат соҳасига, Япония эса қишлоқ хўжалик соҳасига васийлик қиладиган бўлди.
2001 йил кузида Япониядан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалик бўйича мутахассислар юборилди, Ўзбекистондан эса Япониянинг турдош соҳадаги олий ўқув юртларига кўплаб масъул шахслар малака оширишга жўнатилди. Бизнинг ёрдамимиз фақат ўқув муассасалари очиш билан чекланмай, инсоний борди-келдиларни ҳам йўлга қўйдики, мен бундан ғоят мамнунман.
УНИВЕРСИТЕТЛАРАРО АЙИРБОШЛАШ
Япония ва Ўзбекистон университетлари орасидаги ҳамкорлик юксак баҳоланади ва қадрланади. Бундай ҳамкорлик доирасига ўзбек талабаларини япон олий ўқув юртларига қабул қилиш, шунингдек, ўзбек олийгоҳларига япон профессорларини юбориш киради.
Мен Ўзбекистонда бўлган пайтимда бу ерга Васэда университетининг ректори жаноб Окушима ташриф буюриб, Ташқи ишлар ва Олий таълим вазирлари билан учрашди. Бу ташриф икки мамлакат университетлари орасидаги айирбошлашни янада кенгайтиришга кучли туртки бўлди. Васэда университети жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига, Иқтисодиёт университетига, Тошкент тўқимачилик институти ва Самарқанд чет тиллар университетига ўзбек томонидан юксак қадрланган 20 минг нусхага яқин ўқув материалларини тақдим қилди. Ўзбек талабаларини япон олий ўқув юртларига қабул қилиш ҳам йилдан йилга кўпайиб бораётганини менга айтишди.
ЯПОН ТИЛИ
Мамлакатда япон тилини ўрганишга қизиқиш кучли. Тошкент ва Самарқанддаги университетларнинг кўплаб талабалари япон тилини ўрганишмоқда. Мамлакатдаги етакчи ўқув муассаса – Ўзбекистон Миллий университетида япон филологияси кафедрасини очиш ҳам режалаштирилган. Марказий Осиёда япон тили бўйича ўтадиган конкурсларда кўпинча ўзбек талабалари ғолиб бўлишади. 2001 йилда Москвада ўтган МДҲ мамлакатлари ўртасидаги япон тили конкурсида ўзбекистонлик талаба бош совринни қўлга киритдики, бу бежиз эмас.
Ўзбекистонда япон тилини ўқитиш борасида мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Тошкентда иш олиб бораётган Рейко Сугано хоним фаолияти муҳим ўрин тутади, шунингдек, ундан бошқа кўплаб юқори малакали япон ўқитувчилари бу соҳада хизмат қилишмоқда. Бу ерда япон ўқитувчилари кўнгилли сифатида ишлаб, ўзбеклар билан бирга яшаб, бир ҳаводан нафас олмоқдалар ва япон тилини алифбодан бошлаб сидқидилдан ўргатмоқдалар.
Фарғона вилоятидаги Риштон шаҳрида эса япон тилидаги мактаб «Норико гаккю» иш олиб бормоқда. Бу мактаб «Комацу» фабрикаси Риштонда иш юритаётган пайтлари жаноб Озаки ва унинг рафиқаси Норико хоним томонидан очилган бўлиб, бу ишда уларга ўша ердаги одамлар ҳам ёрдам беришганди, албатта. «Норико гаккю» мактабида қизиқиш билан таълим олган болалар Японияга ҳам ўқишга боришмоқда. Қисқаси, «Норико гаккю» мактабининг имконияти бениҳоя катта. Айтишларича, яқинда ушбу мактаб ҳақида фильм яратилар экан.
* * *
Биз ўзбек тупроғига сакура кўчатларини ўтқазар эканмиз, мезбонлар билан бир нарсага келишдик. 15 –20 йил ўтгач, кўчатлар вояга етиб, улкан дарахтларга айланади. Бизда сакуранинг гуллаш мавсуми байрам қилинади. Кўплаб японлар дарахт ёнига тўпланиб, сакура гулларига тикилганларича узоқ-узоқ хаёл сурадилар.
Донишмандимиз Доген ёзганидек, «Сакура гуллаши қалбимиз табассумига йўлак эмасми?» Биз, насиб этса, 20 йилдан сўнг, айтайлик, 2022 йилда Тошкентда тўпланиб, шу гўзал манзарага биргаликда тикиламиз.
Йигирма йил оз фурсат эмас, албатта, ҳеч қурса, ўн йилдан кейин мен баҳорда, албатта, Тошкентга келаман. Мутахассислар фикрича, ўзбек сакураси аввалроқ, март ойи ўрталарида гуллар эмиш. Демак, сакура гуллашидан завқ олмоқ учун аввал Ўзбекистонга келиш, кейин Японияга қайтиб, завқли томошани давом эттириш мумкин. Шундай кун келишини орзиқиб кутмоқдаман.
Мен Ўзбекистонда кўп дўстлар орттирдим, улар менга ҳамма соҳада, жумладан, сакура ниҳолларини ўтқазишда ҳамжиҳат бўлишди. Ўйлашимча, бу кўчатлар барчамизга ўз болаларимиздек азиз бўлиб қолди. Уларни биргаликда парвариш қиламиз, зеро улар аллақачон Япония ва Ўзбекистон дўстлиги рамзига айланиб қолишди.
Япон тилидан Беҳзод Гулметов ва Сувон Мели таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 1-сон
* * *
Киоко Накаяма 1940 йил Токио шаҳрида туғилган. 1963 йил Токио дорилфунунини тугатиб, иш фаолиятини Япония молия вазирлигида бошлаган. Молия ва иқтисодий тадқиқотлар соҳасида турли вазифаларда хизмат қилган. Дунёга машҳур Япон фондининг ижрочи вице-президенти бўлган. К.Накаяма шу кунда Япония парламенти Юқори палатасининг депутати ва Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчисидир.
К.Накаяма 1999 – 2002 йиллар мобайнида Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси вазифасида ишлаб, мамлакатимиз маданий ҳаётида фаол иштирок этган. Накаяма хонимни Ўзбекистоннинг ҳақиқий шайдоси дейиш мумкин.