Сиз тирикчилик ташвиши билан кўпроқ кўча-кўйда юрасиз. Болангиз эса мактабга кетади. Куннинг асосий қисмини уйдан ташқарида – бошқа кишилар орасида ўтказади. Мактабдан уйга қайтгунча нималаргадир чалғиб, ҳар хил жойлардан ўтади. Аммо сиз фарзандингизнинг айнан қайси йўлдан уйга қайтишига ва бу пайтда кимлар билан юзма-юз бўлишига ҳеч қизиққанмисиз? Ва яна, кузатганмисиз, мактаб ёшидаги болаларнинг айримлари кўп ҳолларда ўртоқларига қўшилиб, бир нималарга чалғиб доим бошқа йўлдан уйига қайтади.
Ҳар қадамда интернет клублари ҳамда компьютер ўйини марказлари бор. Бу ерда нафақат ўсмирлар, ҳатто кичик ёшдаги мактаб болалари ҳам жангари, беҳаё ҳамда даҳшатли тасвирларга бой, ваҳшийликни тарғиб қилувчи қўрқинчли ўйинларни киприк қоқмасдан ўйнашади.
Бир куни зарурат юзасидан интернет клубга кирдим. Қарасам, ўтирганларнинг барчаси мактаб ўқувчилари. Ишонсангиз, ёши энг кичик бола учинчи ёки тўртинчи синфда ўқийди. Баъзилари ўйинга қизиқиб сумкасини ҳам ечмасдан ўриндиққа илиниб ўтириб олган. Айримлари эса тик турганча ўйин ўйнарди. Лекин, энг ачинарлиси, бирорта бола фақат одамкушлик ва вайронкорликдан иборат бу ўйинлардан қўрқмас ва жирканмас эди. Аксинча, ўзи бошқарган “қаҳрамон”ининг ваҳшийлигидан ҳузурланар, “ғалаба”ни нишонлашда ўша ўйинлар таъсирида орттириб олган ғалати ҳаракатларни намойиш этарди…
Бир пайтлар “бобов”, “олабўжи” деган афсонавий мавжудотларнинг номини эшитиб, ранги ўчадиган болаларимиз бугун улардан бешбаттар қўрқинчли ва бадбашара махлуқлар билан бемалол виртуал мулоқотга киришмоқда, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, хаёлан минглаб одамларнинг қонини тўкишмоқда.
Баъзи ўйинлар гуруҳ бўлиб ўйнашга мўлжалланган. Уч-тўрт синфдош ўйинда ўзаро рақиб бўлади-да, бир-бирини сўйишга, портлатишга, отишга, хуллас, ўлдиришга киришиб кетади… Бу ўйинларни муттасил ўйнаб улғаяётган болада меҳр ҳисси қолармикан?! Ахир, энди саккиз-ўн ёшга кирган бола ҳар куни вайронкорлик, бузғунчилик, қон тўкиш каби ваҳшийликларни кўраверса ва буни ўзи бажараётгандай роҳат олаверса, унга яхшилик, саховат, меҳр-оқибат ҳақидаги панд-насиҳатларимиз арзимас чўпчак, оддий вайсаш ва эзмалик бўлиб туюлмасмикан?! Чунки компьютер қошида бола ўзини ўйин қаҳрамонидек ҳис этади. Бутун хаёлини эгаллаган бу бузғунчи ўйинлар оқибатида бола маҳдуд фикрлайдиган, ўқув фанларини ўзлаштира олмайдиган, ўзлаштирса-да хотирасида узоқ вақт сақлаб турмайдиган бўлиб қолади. Шу руҳда ўсган бола сал улғайгач (масалан, 7- ёки 8-синфга кўчганда), ўқишга деярли рағбат сезмай қўяди.
Улар бу ўйинларни деярли ҳар куни, камида бир соат ўйнашади. Кераксиз, айни пайтда зарарли нарсалар билан тўлган кичкина мияси Навоий ва Бобурнинг оҳанрабо ва нафис ғазалларию Анвар Обиджон ҳамда Турсунбой Адашбоевнинг гўзал ва ўйноқи, ўз навбатида илмли ва заковатли бўлишга ундайдиган, ватанпарварлик руҳини шакллантирадиган шеърларини ўзига сингдира олармикан?
Тафаккури ва тарбиясига кескин зарар келтирадиган бундай ўйинларни муттасил ўйнаб юрадиган бола биринчи галда атрофдаги оламдан узилиб қолади. Аниқроғи, ёнидаги одамлар ва ҳодисаларга бефарқ қарайдиган бўлади. Зўравонлик, ваҳшийлик ва қотилликка асосланган ўйинлар кўзи пишиб кетган боланинг онгу шуурини ўғирлаб, унда ҳаётда ҳам шундай, яъни бировни қийнаб, унга зўравонлик қилиб, “лидер”га айланиш лозим, деган тасаввур уйғота бошлайди.
Хабарингиз бўлса керак, охирги пайтларда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ёшлар ўртасида можаролар рўй бераяпти. Бу тўқнашувларда ўқувчилар совуқ қуроллар – пичоқ, бигиз, ҳатто кичик болталардан ҳам фойдаланиб, бир-бирларига жароҳат етказишмоқда. Шундай воқеаларнинг айримлари ўлим билан тугаган… Буларга нима сабаб бўлиши мумкин? Ота-онанинг эътиборсизлигими, таълим даргоҳларида интизомнинг йўқлигими ёки ўша зарарли ўйинларнинг мурғак онгларга ўтказган беаёв таъсирими?
Маълумотларга қараганда, компьютер қулига айланган болаларда ўсмирликка ўтиш даврида кечадиган физиологик ва руҳий ўзгаришлар тенгдошларига нисбатан жиддий тус олади. Улар ҳаддан ташқари жиззаки ва қайсар бўлиб қолади. Ўзларига нисбатан қаршиликлардан жуда тез жаҳли чиқади ва бунга нисбатан жисмоний жавоб қайтаришга интиладилар. Улар фақатгина ўз фикрларини инобатга олиб, бошқаларнинг гапларини назар-писанд қилишмайди.
Ҳатто шундай воқеалар ҳам бўлганки, компьютер ўйини қулига айланган бола ўз яқинларини калтаклаган, тан жароҳати етказган ва ҳатто… қотиллик қилишдан қайтмаган. Энди диққат қилинг. Россия Федерациясининг бир неча шаҳарларида қуйидаги ҳолатлар юз берган: Петрозаводскда ёш йигит 80 ёшли бувисини калтаклади. Тергов пайтида у “Бувим компьютер ўйнашимга халақит бергани учун калтакладим”, деган. Кемеровода 14 ёшли Саша К. компьютерда ўйин ўйнаётганида чалғитгани учун 20 ёшли опасини ғишт парчаси билан уриб ўлдирди. Сашанинг ўқитувчилари у мактабда жуда яхши ўқигани, лекин кейинги олти ойда ўзлаштириши пасайганини билдиришди. Краснодарда 15 ёшли Ярослав М. отасини унга компьютер ўйнашни тақиқлагани сабабли ўлдиргани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ижевскда 17 ёшли йигит отасининг қотилига айланди. У бутун кунини интернетда ўтказар, турли онлайн ўйинлар ўйнарди. У ҳаттоки хонасидан кунлаб чиқмай қўйди, овқатини ҳам хонасида ейдиган бўлди. Сабр косаси тўлган ота унинг компьютерини олиб қўймоқчи бўлганида йигит отасини пичоқлади…
Хўш, болаларнинг бундай “роҳатхона”ларга келишига нима сабаб бўлмоқда?
Бир куни ўн ёшлар чамасидаги болакай компьютерхонага ўртоғини етаклаб кирди-да:
– Дадам ҳар олган “беш”имга беш юз сўмдан берадилар. Кеча бешта “беш” олиб боргандим, мана, икки ярим минг сўм бердилар, – деб унга пулни кўрсатди. Ёнидаги бола ўртоғининг дадаси нақадар сахийлигидан қувонди, шекилли, кўзлари чақнаб кетди. – Контир ўйниймизми?
Бола отаси берган пулни овқатланишга ишлатмасдан, фақат отиб ўлдиришдан иборат “Сounter strike” ўйинини ўйнаш учун асраган. Аммо ота-онаси унга “контир ўйнагин” деб пул бермагандир!? Нега унда бола бу ерга келди? Ким етаклаб келган уни биринчи марта бу жойга? Бунинг жавоби бор. Аввал айтганимиздек, мактабга кетишида изидан кузатилиб, келиши назоратсиз қолдирилган боланинг чалғиган ҳолати бу. “Вой-бў, шунга шунча ваҳимами? Ўйнаса, ўйнабди-да, сенинг пулингга ўйнамайди-ку”, дейдиганлар топилади. Тўғри, отасининг пулига ўйнайди. Лекин бундан ким, қандай наф топади? Бундай зарарли ўйинларни кўп ўйнаш бир томондан боланинг тарбиясига салбий таъсир қилса, иккинчи томондан соғлиғига зиён етказади. Компьютер олдида соатлаб ўтириш кўриш қобилиятини ёмонлаштиради. Кўздаги қаттиқ оғриқлар, кўз ёшланиши, қорачиқ ва қовоқлар қизариши, пешона соҳасидаги зирқирашлар, тез чарчаш ҳолатлари – экран олдида кўп ўтиришнинг оқибати.
Қолаверса, компьютер ва бошқа электр асбоблари ўзидан электромагнит нурлари чиқаради. Алалоқибат, чиқаётган электростатик нурлар ҳамда майда чанг зарралари терининг очиқ жойларига тушиши натижасида турли хилдаги аллергик касалликлар келиб чиқади. Ҳатто соч тўкилиши, тери қуриши ҳам кузатилар экан. Бундан ҳам даҳшатлироғи, кўп ўтириш давомида стул билан тана ўртасида ўзига хос “иссиқ компресс” ҳаёти юзага келиб, простатит, геморрой касалликларига сабаб бўлади. Кам ҳаракатлилик моддалар алмашинуви бузилиши ҳамда семириш касаллигига ҳам замин яратади.
Кўриниб турибдики, бундай компьютер ўйинлари энди ўсиб келаётган боланинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам руҳий кушандасидир. Шундай экан, ота-оналар фарзандларига доимо эътиборли бўлишлари, ҳар бир босган қадамидан бохабар бўлмоқлари керак. Бундан ташқари, мутасаддилар томонидан компьютер ўйинхоналари назорат остига олиниши зарур. Тўғри, компьютер ўйинхоналари давлат рўйхатидан ўтиб, мустақил равишда қонуний фаолият юритяпти. Аммо бу дегани мактаб болаларига, ҳатто дарс вақтларида ҳам ўйин ўйнашга бемалол рухсат бериш мумкин, дегани эмас-ку. Миллат болалари онгини зарарли ғоялар билан заҳарлашга шароит яратиш – халққа, унинг келажагига хиёнат қилиш билан баравар. Шу боис онги энди шаклланаётган, ўн беш-ўн олти ёшдан кичик мактаб ўқувчиларини бундай жойларга киритмаслик зарур, деб ўйлайман.
Мактаб ўқувчиларини бефойда амаллардан қайтариш учун бир қатор чора-тадбирлар кўрилиши керак. Жумладан, ҳар бир ўйинхонага мактаб ўқувчиларининг киришини тақиқловчи йўриқнома илиб қўйиш лозим. Шу талабни бузган компьютер ўйинхоналари эгаларига тегишли жазо қўлланилиши керак. Шундагина болаларимизда оммалашиб кетаётган дангасалик ҳамда билимсизликнинг олдини оламиз, уларни миллийлигимиз ва қадриятларимизга зид ғоялар таъсиридан асраган бўламиз. Бундай қатъий чоралар кўрилмаса, бефарқлигимиз жуда катта иллатларга йўл очиши мумкин. Негаки, қизиқарли кўринаётган ўйинлар замирида айёрона ғоялар ва чорловлар бор. Ваҳший ўйинлар улғаяётган боладаги нозик туйғуларни хиралаштиради, ижобий хислатларнинг йўқолишига замин яратади. Унинг эътиқоди ва дунёқарашини тескари томонга буриб юборади. Онги, фитрати бузилган ўсмир эса келажакда жамиятнинг катта муаммосига, бошоғриғига айланади. Чунки, яхши биламиз, бола ниҳолдай гап. Ким қаёққа тортса, ўша томонга эгилаверади…
Мутахассисларнинг фикрича, боласи билан суҳбатлашишга вақт топмайдиган, уларнинг қизиқишларига бефарқ бўлган ота-оналарнинг фарзандлари кўпроқ кўчадан “меҳр” топади. У кўпроқ кўчада юришни, дўстлари билан қаерларгадир боришни доимий одатга айлантиради. Бунинг оқибатида компьютер ўйинларига қизиқиб, уларга муккасидан кетиши мумкин. Шу боисдан ҳам психологлар ота-оналарга қуйидаги тавсияларни беришади. Биринчиси, болангиз билан ҳар куни гаплашинг, дардлашинг. Болангиз ўқиётган мактабга тез-тез бориб, унинг ўқишини суриштиринг. Кунда-кунора ишингиздан ортиб, уни мактабидан олиб, қизиқарли жойларга олиб боринг ва ўзингиз уйга кузатиб қўйинг. Шунда болангиз унга бефарқ эмаслигингизни, доим уни тергаб туришингизни ичдан ҳис қилади. Ёки бўлмаса, икки ҳафтада бир марта қўғирчоқ ёки ёш болалар учун мўлжалланган театрларга олиб боринг. Яна бир тавсия: фарзандингизга мактабдан қайтгач, то ўзингиз ишдан келгунингизча шуғулланиб туриши мумкин бўлган бирор бир қизиқарли машғулотни бажаришни тайинланг. Ва албатта ушбу топшириқни бажарганлигига қараб мукофотлашни ҳам унутманг. Шунда болангизнинг бўш вақтини зарарли ишларга сарфламаслигининг олдини олган бўласиз.
Кўпинча ота-оналар фарзандларини “Суянган тоғим” деб эркалайди. Бир умр оқ ювиб, оқ тараган дилбандига кексайган чоғи суянишни ўйлайди. Албатта, бу ҳар бир ота-она учун улкан бахт. Лекин бу бахт ўз-ўзидан келмайди. Эътиборлироқ бўлинг, суянмоқчи бўлган тоғингизнинг “олабўжилар ин қурган” компьютер қошида, кўзингиздан пинҳон равишда нурашига йўл қўйманг…
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 12-сон