“Диний илм” деймиз, “дунёвий илм” ҳам бор. “Сиёсат” деймиз, лекин бунда, негадир, “дунёвий сиёсат”ни тушунамиз, ваҳоланки, “диний сиёсат” ҳам бор, фақат, биз шу атамани ишлатмаймиз холос.
Худди шу тушунчалар сингари, “диний экстремизм” бор бўлса, “дунёвий экстремизм” хам бор-да! Ахир, “экстремизм” сўзини ишлатган назариётчилар бекорга “диний” демаганлар-ку! Уларнинг онгидан “дунёвий экстремизм” тушунчаси ҳам ўтиб турган бўлиши керак, лекин лом-мим демаганлар, уни бошқача тушунча билан атаганлар (бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз).
Айтилган иккита тушунчани ёнма-ён қўйган одамда, “Экстремизм нима, ўзи?” деган савол туғилиши табиий.
Лотинча “экстремум” сўзининг луғавий маъноси – бирор нарсани тавсифловчи кўсаткичнинг энг кичик ва энг катта қиймати демакдир. Масалан, муайян бир жуғрофий маконга хос ҳаво ҳароратининг экстремал қийматлари бор, оралиқ қийматлари бор. Бундай билим ўрта мактабнинг юқори синфларида, математика фани бўйича ўргатилади.
Демак, математика нуқтаи назардан қараганда, экстремум тушунчаси энг катта ёки энг кичик қийматни ёки икковини бирваракайига англатса, ҳаётий нуқтаи назардан “бирёқламалик” (энг чекка) деган маънога эга. Масалан, кимда-ким, ҳаётий бир муаммони ҳал этишда нуқул бирёқлама кетаверса, яъни энг чекка ҳолатни ёқлаб, “Мана шундай бўлиши керак, тамом-вассалом!” деб тураверса ва бундай ҳолат муттасил давом этаверса, у одамга экстремист деб баҳо берса бўлади. Бир-икки мартагина шундай бўлса, экстремист деб бўлмайди, балки “қатъийлик” дейиш тўғрироқ бўлади.
Қуръони каримда одамзод ўз жамиятини қайси шаклда бошқариши кераклиги айтилмаган, лекин бор-йўғи биттагина сўз шунга алоқадор, у ҳам бўлса – Закот! Мабодо, бир жамият Закотни маҳкам тутиб, уни амалга оширишга киришса, давлат структуралари ўз-ўзидан келиб чиқаверади. Бунда маҳкамаларни кўплаб вариантларда ташкил этиш имкони бўлади. Буёғи, жамиятнинг ўзига, яъни одамларнинг эътиқодига, иймони, ҳалоллиги, интизоми ва шу каби хислатларига боғлиқ. Диний давлат бўладими, монархиями, яриммонархиями, республиками, бари бир!
Аллоҳ Қуръонни нозил қилиб қўйиб, бандаларини экстремизмдан қайтарган, яъни кофир бўлиб қолманг (энг кичик қиймат) ҳам, жуда берилиб ҳам кетманг (энг катта қиймат), ўрта йўлни тутинг (ўрта уммат, ўрта миллат бўлинг) деган (Бақара, 143-оят). Бунинг сабаби – энг чекка қиймат (ҳолат)лар турли таъсирларга берилиб, бузилиб кетиш эҳтимоли бор экан. Ўрта қиймат (ҳолат) ташқи таъсирларга дучор бўлганда ҳам, экстремал қийматлар оралиғида қолаверар экан (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири Ҳилол, 1-жилд, 121-бет).
Ислом дини ҳамма ҳаётий масалаларда ўртача йўл тутишни маслаҳат беради (“васатия”). Экстремал қийматлар орасида бошқа (оралиқ) қиймат (ҳолат)лар жуда кўп, шулардан қайсиниси ўрта қиймат (ҳолат) бўлади? Энг кичигига яқинроғими ёки энг каттасига яқинроғими ёки қоқ ўртасидагими, деган саволлар туғилади. Бу – қийин масала, ҳар бир одам ўзининг савиясига қараб мўлжал олиши керакка ўхшайди. Нима бўлганда ҳам, ана ўша “ўртача йўл” ёки “васатия” (ўртача ҳолат, даража, миқдор ва ҳоказо) ҳозирги дунёвий илмлар тилида “мақсадга энг мувофиқ” ёки “оптимал” (ҳолат, даража, миқдор ва ҳоказо) дейилади.
Аллоҳ мўминларни экстремизмдан қайтарган экан, демак, ислом дини экстремизмни келтириб чиқаради, дейиш, исломни билмаслик ёки ғаразли муносабатдан бошқа нарса эмас. Мабодо, диндор одамлар экстремистик ҳаракатларга қўшилиб кетса, бу ҳеч қачон диний масалалар ва муаммолар билан боғлиқ бўлмайди, балки адолатсизлик ва моддий манфаатлардан келиб чиқиши мумкин.
Диний экстремизм тушунчасига озми-кўпми ёндошиб, изоҳ бердик. Хўш, дунёвий экстремизм нима экан? Қанақа мисоллар келтириш мумкин?
Диний экстремизм қанчалик муқаррар бўлса, дунёвий экстремизм ҳам шунчалик мавжуд. Табиат жараёнларида ҳам, ижтимоий жараёнлару ишлаб чиқариш ва иқтисодиётда ҳам экстремал ва оралиқ ҳолатлар бор. Олимларнинг вазифаси улардан мақсадга энг мувофиғини, яъни “оптимал ҳолат”ни топиб, ҳаётга жорий қилишдан иборат. Баъзан “энг кичик қиймат (ҳолат)” оптимал бўлиб чиқса, бошқа масалаларда “энг катта қиймат (ҳолат)” ёки “оралиқ қиймат (ҳолат)” шундай бўлиши мумкин.
Ижтимоий ҳаётда бўладиган дунёвий экстремизм учун шўролар тузумидаги мафкурадан мисоллар келтирамиз.
Коммунистик мафкура кучайиб кетган бир даврда (ўтган асрнинг 60-йиллари) “Коммунизм қурувчисининг маънавий кодекси” ишлаб чиқилди ва одамлар онгига сингдирилди. Ўн икки банддан иборат бу кодекснинг тўртта бандида муросасизлик, тоқатсизлик деган экстремистик сўзлар ишлатилган. Кимда ким коммунизм ғояларини ёқтирмаса, душман ҳисобланган, шунинг учун биронта одам бундай фикрини очиқ айтолмаган.
“Душман” сўзини ҳар кимга нисбатан ишлатавериш тўғри эмас-да! Дейлик, кимдир коммунистик ғояларни ёқтирмайди. Нима бўпти?! Шунинг учун уни душман ҳисоблаб, тоқатсизлик, муросасизлик, аёвсизлик қилиш керакми? Ҳаёт ўзи шунақа – одамларнинг табиати ҳар хил бўлгани каби, дунёқараши ҳам ўзига хос. Муроса қилиб, одамгарчиликни унутмасдан муомала қилавериш яхшироқ эмасми? Агар илгари сурилаётган ғоялар ҳаётий, айни муддао бўлса, амалга ошса, коммунизмни ёқтирмаганлар ўз-ўзидан сафга келиб қўшилаверади, бўлмаса – йўқ.
Коммунистик мафкура, уни қўллаб-қувватламаган одамни эзиб-янчиб ташлар эди. Ҳамма бирдек фикрлаши талаб этилар эди. Мана бу – дунёвий экстремизмнинг энг чўққиси бўлган.
Агар, онгли ҳаёти совет ҳокимияти даврларида ўтган одам, мустақиллик даврида, қонунда тариф берилганидек, экстремист бўлиб чиқса, бунга ислом динини эмас, коммунистик мафкурани айбдор қилиб кўрсатиш керак. Шу адолатлироқ ҳукм бўлади.
Гарчи коммунистик мафкуранинг умри тугаган бўлса-да, у даврларда яшаб, ўша мафкура остида тарбияланган, ўша экстремистик ғояларни ўз онгига сингдирган одамлар ҳали ҳам кўп. Улар ичида экстремистик одатлардан қутулганлар бор, қутулолмасдан, ўша одатларини турли-туман шаклларда намоён қилаётганлар ҳам топилади. Масалан, диний экстремизмда айбланиб, камоққа ташланганлар устида социологик, психологик тадқиқотлар ўтказилса, коммунистча экстремистик одатлардан қутулолмаганлар кўплаб топилиши мумкин.
Коммунистик мафкура йўқ бўлди, шу билан дунёвий экстремизм ҳам тугади ҳисобми?
Йўқ, биз истаймизми, истамаймизми, экстремизмнинг бундай тури бари бир мавжуд. Бунга ҳозирги ҳаётимиздан минглаб мисоллар келтириш мумкин, биз уларни айтиб ўтирмаймиз, жамият ҳаётига оид ҳар қандай масалага доим бирёқлама муносабатда бўлиш (“экстремум”нинг луғавий маъносини эсланг!) “дунёвий экстремизм” га тортиб кетади. Бу тушунча ҳеч тилга олинмайди, лекин унинг муқобили – “максимализм”ни сиёсатчилар билибми, билмайми, баъзан тилга оладилар, барибир, бу “изм” беэътибор қолаверади.
Қудрат Дўстмуҳаммад
2016 йил, 3 декабр
e-mail: [email protected]