Бегали Қоcимов. Ўзбек мардикорлик шеърияти (2011)

Бегали Қосимов илмий асарлари ўзининг теран мантиқи, изчиллиги, содда ва равон тили билан ўзбек адабиётшунослиги тарихида айрича ҳодиса. Домланинг архивидан топилиб, “ЎзАС” ўқувчиларига тақдим этилаётган мазкур тадқиқот нафақат қўйилган масаланинг миллийлиги, теранлиги, илмийлиги билан, балки бир ўқигандаёқ ўқувчи қалбига етиб бориши жиҳатидан ҳам ўзига хос.

Тадқиқот марказига қўйилган “Ўзбек мардикорлик шеърияти” мавзуси илк бор 70-йилларда айнан профессор Б.Қосимов томонидан кашф этилган, ўрганилган, илмий муомалага олиб кирилган. Шундан бери “Ўзбек мардикорлик шеърияти” ХХ аср бошлари ўзбек адабиётига хос илмий истилоҳ сифатида яшаб келади. Мутахассислар бу шеърият ҳақида ўз фикр-қарашларини айни истилоҳ асосида баён ­қиладилар. Шу тариқа “Ўзбек мардикорлик шеърияти”га доир махсус тадқиқотлар амалга оширилди, диссертациялар ёқланди.

Мақола ҳажман катта эмас, аммо ҳар бири махсус ўрганишга арзирли бир неча мустақил концепцияни ифодалайди. Биринчидан, ишда мардикорлик шеъриятини майдонга келтирган руҳий-маънавий, ижтимоий-тарихий омиллар кўрсатилган, аниқ фактлар мисолида асосланган. Иккинчидан, “Ўзбек мардикорлик шеърияти”нинг манбалари тасниф қилинган. Учинчидан, ушбу воқеалар билан эгиз туғилган адабиёт ва буларнинг замонавий ёзма адабиётга ўтиши, бадиий акс этиш жараёнлари ёритилган. Тўртинчидан, ­“Ўзбек мардикорлик шеърияти”нинг талқин ва тасвир кўлами, поэтик тамойиллари белгиланган, хусусан, ­“Лошмон” тўпламига кирган шеърларнинг тизимли таҳлили амалга оширилган. Бешинчидан, айни шеъриятнинг ­ўзбек фолклори, мумтоз адабиёт, шеър поэтикаси ва шеър муаллифлари ижодий принциплари билан ­узвий алоқадорлиги ҳақида фикр юритилган.

Устоз олимдан мерос қолган ушбу кичик тадқиқотда ёш авлод учун ибрат ва сабоқ, маърифат зиёси бор.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ

“Ўзбек мардикорлик шеърияти” — адабий термин сифатида ўзбек адабиётшунослигида 70-йилларнинг охирида пайдо бўлди ва 1916 йилда Туркистондан мардикор олиниши, уларнинг фронт ортидаги ҳаёти ва 1917 йилнинг февралидан кейин эса ватанларига қайтиб келишлари билан боғлиқ воқеаларни акс эттирувчи асарларни кўзда тутади.

Мардикорлик воқеаси маълум ва машҳур воқеа.

1916 йилнинг 25 июнида 2-Николай империядаги ғайрирус аҳолининг эркакларини фронт ортидаги қора ишларга хизматга олиш ҳақида фармон чиқаради. Туркистондан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 250 минг ишчи олинадиган бўлади. Бу эса халқ орасида жуда катта норозилик туғдиради, тўқнашувлар юз беради. 1916 йилнинг июлида халқ қўзғолонлари бутун Туркистонни қамраб олади.

Сабаби:

1.Халқнинг 50 йил давомида онгли равишда ҳарб ишларидан узоқ тутилганлиги.

2.Маҳаллий халққа ишончсизлик. Улар аскарликка эмас, мардикорликка – қора ишга олиниши.

(Мардикорлик воқеаларида бевосита қатнашган Лазиз Азиззоданинг хотирлашича, ғалаёнчилар аксарият “Аскар бера-миз! Қора ишчи бермаймиз!” деб кўчага чиққанлар.)

3.Фармоннинг кутилмаганда берилиши.

4.Фармоннинг суиистеъмол қилиниши.

(Мардикор олишдаги тенгсизлик, бир кишининг ўрнига иккинчи кишини ёллаш мумкинлиги ва ҳ.к. Совет тарих фани, кўпинча, шуни асосий сабаб қилиб кўрсатиб келди.)

Тўқнашувлар қаттиқ кечган. Ғалаён шафқатсиз бостирилган. Бу воқеалар ўша давр матбуоти ва адабиётида озми-кўпми ўз аксини топган. Сўнг кейинги 50-60 йил давомида адибларимиз бу мавзуга қайта-қайта мурожаат этдилар. Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи, Н.Сафаровнинг “Кўрган-кечирганларим”и, А.Мухторнинг “Чинор”, М.Алининг “Боқий дунё” шеърий романи кабиларни эслаш мумкин. Бу мавзу Туркистондаги барча адабиётларда деярли ишланди. Бу бежиз эмас.

1916 йилнинг 9 августида Тошкентга келган “Вақт” мухбири Шаҳид Муҳаммадёров ўз таассуротларини шундай ёзган эди:

“Мардикорлик ари уясига чўп суққандек бўлди. Туркистонда бамисли ер титради. Халқ бош кўтариб, ён-атрофга қаради. Бул Туркистон учун чинликдан 1905 йил бўлди… Туркистон бирдан XVIII асрдан XIX асрга кирди…”.

Бу борада янги-янги материаллар чиқмоқда. 1996 йили “Ўзбегим” мажмуасининг 2-сонида Жиззах қўзғолонининг қатнашчиси М.Аллаёровнинг хотиралари эълон қилинди.

Чор ҳукумати ён беришга мажбур бўлади. Мардикорликка олинадиганлар сони қисқартирилади. Уларни жўнатиш учун комиссия юборилади. Туркистонни яхши билган А.Н.Куропаткин генерал-губернатор қилиб тайинланади ва ҳ.к.

Мардикорлар тушган биринчи эшелон Тошкент­дан 1916 йилнинг 18 сентябрида жўнатилди. Ғоят тадбиркорлик билан иш кўрилди. Мардикорларга ош тортилди, пул, ширинликлар улашилди. Оқподшоҳ шаънига шиорлар битилди. Мардикорларга генерал Куропаткиннинг шахсан ўзи оқ йўл тилаб қолди.

18 октябрда эса 2-Николай эшелоннинг вакилларини ўз қароргоҳида қабул қилади. Мукофотлар беради. Хуллас, йил охирига келиб, қўзғолонлар пайсал топади. Ундан кейин қўзғолончиларни шаф­қатсиз жазолаш бошланади.

Йигитларимизнинг мана шу мардикорликка кетишлари, у ёқдаги ҳаётлари, сўнг эса қайтишлари ҳақида ўз даврида шеърлар, достонлар, драматик асарлар майдонга келган. Булар ўз даврининг бадиий солномаларидир. Афсуски, улар тўпланган, ўрганилган эмас. Улардан айримларигина ўрганилди (масалан, Ҳамза — Л. Қаюмов; Пўлкан — Т. Мирзаев).

Бу асарлар орасида алоҳида ўринни шеърлар эгаллайди. Ҳозирча ўзбек адабиётида ўнга яқин шеърий тўплам 1916 — 1917 йилларда чоп этилгани маълум.

Булар: “Лошмон” (тузувчи М.Иброҳимбеков), “Сафсар гул” (муаллифи Ҳамза), “Мардикорлар ашувласи” (Авлоний), “Ватанга хизмат” (Акбарий Тошкандий), “Рабо(т)чилар намойиши”, “Рабо(т)чилар келиши”, “Русия инқилоби” (Сидқий Хондайлиқий), “Ватан хизмати” (Муртазо бин Исмоилжон), “Янги шугуфа ёхуд миллий адабиёт” (Азмий-Азизий).

Мазкур тўпламлардаги шеърларни мавзуига кўра уч гуруҳга бўлиш мумкин:

1.Мардикорликка жўнатиш билан боғлиқ кечинмалар ифода этилган шеърлар.

2.Мардикорларнинг фронт ортидаги ҳаёти.

3.Ватанга қайтиб келиш.

“Лошмон” — булар орасидаги илк тўплам, Наманганда 1916 йилда чоп этилган. Унда М.Иброҳимбековдан бошқа Рафиқий ва Лутфулла Олимий ҳам иштирок этганлар.

Шеърларда туркий адабиётдан, хусусан, Зиё Кўк Алп, Меҳмед Эмин Юрдақул ижодидан таъсирланиш кучли. Шоирларимиз улардан кўплаб иқтибослар оладилар.

Масалан:

Мен бир туркман, диним, жисмим улуғдир,
Менинг қалбим оташ бирла тўлуғдир.
Инсон бўлган ватанининг қулидир.
Турк авлоди уйда турмас кетарман.

Ёки:

Юртум мани шул Турон,
Бобом мани Кўрагон.
Ватан учун хизматга
Доим белим боғланган.

Миллат келажагига умид бор:

Кулгил Лутфий, чекма ҳеч ғам, етар гул очилади,
Кетар қишлар, бўрон-қорлар, бўлар миллат баҳори!

Авлонийнинг “Мардикорлик қўшиқлари” ўзига хос хайрлашув қўшиқларидир. Бу қўшиқлар 18 сентябр куни йигитларни жўнатиш пайти айтилган. Ундаги туйғулар анча мураккаб. Унда ватанни қутқаришга бораётган йигитнинг эмас, ватанидан ажратиб олиб кетилаётган кишининг туйғулари устун:

Фалак бизни жудо қилди сизлардан ҳам ватандан,
Ватанимиз қутқарамиз бизлар бориб душмандан.

Акбарий Тошкандийнинг “Ватанга хизмат” китобида эса масаланинг бошқа томони бўртиб туради. Мана унда қандай сатрлар бор:

На учунким бойлар ўғлин қолдуруб,
Минг сўмга камбағал ёллаб олдуруб.
Оналарин юрак-бағрин ёндуруб.
Бир Оллога топшурдум ман сизларни.

Ўзбек адабиётида бевосита ғалаённи, унинг оқибатларини акс эттирган асарлар ҳам анча. Улар алоҳида бир мавзу.

Бир туркум шеърлар мардикорларнинг мардикорликдаги ҳаётини ёритади. (Ҳамзанинг “Соғиниб”, “Салом айтинг” шеърлари бунинг машҳур намуналаридир.)

Бир туркум шеърларда, масалан, Сидқий Хондайлиқийнинг “Ситамдийда рабо(т)чилар келиши” манзумасида ҳам келиш қувончи, ҳам мардикорлик ҳаёти тасвирланган.

Танланган шеърлар шакли — диалог. Манзума шундай бошланган.

Савол:

Мунча муддатларда қолдингиз қаён?! Хуш келдингиз!
Қайси жойга бордингиз, бермай нишон?! Хуш келдингиз!
Йиғламоқдин бўлди кўзлар ёши қон, хуш келдингиз!
Ғамда қад бўлди дуто, тан нотавон, хуш келдингиз!
Эмди ғамгин дил уйиға меҳмон, хуш келдингиз!

Жавоб:

Мунча муддатларда биз кетдук уруш майдониға,
Баъзимиз тўп зовтиға, баъзимиз мис кониға.
Пўрма кийдук, олдук ўзни эмди солдат сониға,
Бўйнумиз сундук бу золим шоҳнинг фармониға,
Сиз сўранг биздин деб “Эй, зиндониён, хуш келдингиз! ”

Мардикорлик ишининг тафсилотлари ҳам бор:

Берди бир қўлға чироғу ёна бир қўлға темур,
Ер тагиға ушбу ҳолат бирла кирдук биз ғаюр.
Баъзимизга берди гурзи, мисни тобсанг мунда ур.
Ер таги намноку танлар ожиз ўлди мисли мўр.
Айтингиз табрик этиб, “Эй, қаҳрамон, хуш келдингиз!”

Айрим шеърлар мардикорларнинг бевосита қайтиб келишлари қувончини ифода этади. Масалан, Сидқийнинг бир шеъри “Сизларга мужда” деб аталган. Унда шундай сатрларни учратамиз:

Фалакни жавридин синган ўшал болу парим келди,
Вужудим боғи нахли, равшани чашми тарим келди.
Худонинг шукрини қайси забон бирлан адо айлай,
Карам дарёси жўш урди, дурахшон гавҳарим келди.
Фироқида дамодам, эй кўзум, қонлар тўкар эрдинг,
Бас эмди қон ёшингни тўкмаким, ул дилбарим келди.
Мусофирлиғда ранги каҳрабо янглиғ сариғ бўлғон,
Қизил гулдек юзи сўлғон менинг боғу барим келди.
Ғариблиғда жафо чеккан, ситам тортган, алам кўрган,
Қади ғамдин дуто бўлғон машаққатпарварим келди…

Шеърдаги туйғулардан шундай маъноларни анг­лаш мумкин:

1.Бу хизмат – Ватан хизмати эмас эди, ўз оти билан мардикорлик эди.

2.Улар Ватанда эмас эдилар. Аксинча, Ватандан айрилган эдилар, ғарибликда, мусофирликда эдилар.

Мардикорлик шеърлари ифодасига кўра содда: кўпчилиги халқ қўшиқлари оҳангида. Вазнига кўра эса бармоқда ёзилганлари ҳам бор, арузда ёзилганлари ҳам бор.

Тахмин қилиш мумкинки, бу қўшиқларнинг кўпчилиги бевосита халқнинг ўзидан олинган. Шунга кўра уни ёзма адабиёт билан оғзаки адабиёт ўртасидаги бир ҳодиса деб қарамоқ мумкин.

Иккинчидан, бу ҳодиса фақат бизда эмас, Туркистондаги бошқа туркий адабиётларда (масалан, қозоқларда) ҳам бор.

Мардикорлик ҳодисаси татар адабиётида ҳам акс-садо берган. Масалан, Шайхзода Бабич 1916 йилги Туркистон қўзғолонини бостиришда қатнашган генерал Абдулазиз Давлетшинни қораловчи шеър ёзган:

Сен тўра, Абдулазиз, бор ихтилолларни битир,
Турма ҳеч виждон, имон деб, бор, мусулмонни ў(л)тир.

Хулоса:

1.Мардикорлик воқеалари Туркистон истиқлол ҳаракатида муҳим рол ўйнаганидек, мардикорлик шеърияти янги ўзбек адабиётининг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

2.1916 йил воқеалари туркий халқларни бир-бирига яқинлаштирди. Адабиётимиз бу яқинликдан озиқ ва илҳом олди.

3.“Ўзбек мардикорлик шеърияти” мазмун-моҳиятига кўра туркий халқлар ва адабиётлари бирлигини намойиш этувчи ҳодисалардандир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 51-сонидан олинди.