Каримбой Қурамбоев. Холисликка нима етсин (2011)

Туркман адабиётининг мутафаккир шоири Махтумқули-Фироғий шеърияти билан ўзбек китобхонларини таништиришда таржимонларнинг хизматлари таърифга лойиқ. Бу ишга дастлаб таниқли олим, ёзувчи ва таржимон Жуманиёз Шарипов киришиб, 1958 йили шоирнинг “Танланган асарлар”ини ўзбек тилига таржима қилиб, “Фан” нашриётида чоп эттирган эди. Кейинчалик мазкур шеърий тўплам мухлисларнинг талаб ва эҳтиёжлари боис ўзбек тилида кўп нусхаларда уч марта қайта босилди.

Мустақиллик йилларида Махтумқули шеърларини ўзбек тилига қайта таржима қилишнинг янги босқичи бошланди. М.Аҳмад, Э.Очилов, М.Кенжабек, О.Тўраев, А.Жумаев ва Ж.Зулпиев сингари таржимонлар Махтумқули асарларини ўзбек тилига ағдариб, алоҳида-алоҳида нашр эттиришди. Бу таржималарнинг бадиий савияси ҳақида тўхталиб, фикр билдириш ниятимиз йўқ. Сабаби, бу мавзу махсус тадқиқотни тақозо этади. Биз мавзунинг бошқа бир қирраси – айрим мақолаларда Махтумқулининг баъзи таржимонлари меҳнатига, таржималарига баҳо беришдаги субъектив ёндашувлар, бошқачароқ айтганда, беписанда муносабатда бўлиш ҳолатлари тўғрисида сўз юритмоқчимиз.

2008 йилда “Ўзбекистон” нашриёти Абдумўмин Жумаев ва Жуманазар Зулпиев таржимасида Махтумқулининг “Сайланма” китобини ўзбек тилида чоп этди. Таржима асарлар савиясидан қониқиш ҳосил қилдик, уларда Махтумқули услубига хос бадиий талқин ва бошқа хусусиятлар аслиятдагидек берилган. Ушбу китоб яна бир жиҳати билан диққатимизни тортди. Унга Махтумқулининг “Оқ ит” ва “Чақир калла” номли икки асари киритилган. Профессор Н.Комилов “Сайланма”га ёзган сўзбошида бу икки шеърни “кичик достон” деб атайди. Бу янги фикр. Махтумқулининг турли йилларда ўзбекчада нашр этилган китобларининг ҳеч бирида, шоир ижоди тўғрисидаги тадқиқотларда ҳам унинг достон ёзгани ҳақида маълумот учрамайди. Бу асарларнинг биринчи марта ўзбекчалаштирилиб ўқувчиларга етказилгани Махтумқули лирикасининг мавзу доираси, жанри хилма-хиллиги хусусида яхши тасаввур беради.

Ушбу “Сайланма”нинг аввал ўзбек тилида нашр этилган шоир китобларидан яна бир фарқи шундаки, А.Жумаев ва Ж.Зулпиев ҳозирга қадар ўзбек китобхонларига маълум бўлмаган, диний мазмундаги Махтумқули шеърларини ҳам ўзбекчалаштириб, мухлисларга тақдим қилган. Китобхонлар уларни ўқиб, Махтумқули нафақат ахлоқий-маърифий шеърларнинг моҳир ижодкори, шунингдек, тасаввуф руҳида шеърлар, достонлар ёзишда туркман, қолаверса, Шарқ мумтоз адабиётида ҳам катта салоҳиятга эга қалам соҳиби бўлганига ишонч ҳосил қилади.

Мазкур таржиманинг бадиий савиясини умуман эътироф этган ҳолда, унга илова қилинган филология фанлари номзоди М.Азимовнинг “Меҳнат ва маҳорат меваси” сарлавҳали мақоласидаги баъзи фикрлар бизда эътироз туғдирди. Мақола катта эмас, икки бет. Лекин шу икки саҳифада анча-мунча мунозарали фикрлар бор. Унда, асосан, таржимонлардан бири Абдумўмин Жумаев (тахаллуси Шийх Абдол Мўмин) ҳақида батафсил маълумот берилади, яъни А.Жумаевнинг бирор олий ўқув юртини тугатмаган бўлса-да, адабиётни, шеъриятни бир адабиётшуносдан кам билмаслиги, ҳар икки – ўзбек ва туркман тилида бирдай шеърлар ёза олиши, 25 йилдан бери Махтумқули шеърлари таржимаси билан шуғулланиб келаётгани, шоир ижодини тўла таҳлил қилиб чиққани, шунинг учун “унинг таржималари Махтумқули таржимонлари ағдармалари ичида энг яхшиси” эканлиги ҳақида гапирилади. Ҳатто мақоланинг ўртароғида: “Агар Махтумқули ўзбек бўлганида, худди шундай ёзар эди”, деган жумлани ҳам қистириб ўтади. Умуман, А.Жумаев ва Ж.Зулпиевнинг Махтумқулидан қилган таржималарига мақола муаллифи юқори баҳо беради. Бу фикрларга бутунлай қарши эмасмиз, қисман қўшиламиз. Лекин негадир иккинчи таржимон – Ж.Зулпиев ҳақида мақолада ҳеч қандай маълумот йўқ. Унинг таржимонлик фаолияти умуман тилга ҳам олинмаганига, очиғи, тушунмадик.

Мақоланинг бизда эътироз туғдирган бошқа бир жиҳати бор. Бир вақтлар Махтумқулидан таржима қилиб, ўзбек китобхонларини хушнуд этган, шоир меросининг Ўзбекистонда кенг ёйилишига салмоқли ҳисса қўшган таржимонлар фаолиятига нисбатан мақолада жиддий танқидий фикр айтилган. Бу танқид мақола муаллифи номидан эмас, балки мақолада А.Жумаев фикри сифатида келтирилади. Мана, мақоланинг ўша жойи: “Ўтган асрнинг 50-йилларида олим Жуманиёз Шарипов Махтумқули бобомизнинг шеърларидан бир қисмини ўзбекчалаштириб, элга тақдим этди. Шўроларнинг худосизликка асосланган сиёсати таъсири яққол билиниб турган у таржималар ўз даври учунгина яроқли эди (таъкид бизники — К.Қ.), десак ҳақиқатдан узоқлашмаган бўламиз. Сўнг бу ишга ёш таржимон Музаффар Аҳмад уриниб кўрди. Унинг ҳам тилни яхши билмаслиги ва Махтумқули меросини юзаки ўрганиб, таржима қилгани муваффақиятсизликка сабаб бўлди.

2004 йилда эса Мирза Кенжабек бу ишга қўл урди. Афсуски, унинг таржимаси энг муваффақиятсиз бўлиб, Махтумқули руҳияти, услубидан жуда йироқ эди. Ана шу муваффақиятсиз ўгирмалар мени таржима ишига қатъийроқ киришишга ундади…”.

А.Жумаев фикрига кўра, унгача Махтумқули ижодидан қилинган таржималар муваффақиятсиз, талабга жавоб бермайди. Бундай қатъий ҳукм, яъни барча таржималарни яроқсизга чиқариб, улардаги ютуқлардан кўз юмуш тўғримикан? Ж.Шарипов таржималарида камчиликларга йўл қўйилгани ҳақиқат. Бу фикр ўз вақтида таржимашуносликда мисоллар билан таҳлил қилиб кўрсатилди. Бироқ ҳеч бир мақолада Ж.Шарипов таржималари фақат “ўз даври учунгина яроқли, бугун аҳамиятини йўқотди”, деган фикр, бизнингча, айтилган эмас. Аксинча, Ж.Шариповнинг бу ижодий меҳнатига ўша даврда ҳам, ҳозир ҳам кўпгина илмий тадқиқотларда ижобий баҳо берилди. Ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ атоқли олим Ғайбулла Саломов таржимашуносликка доир тадқиқотларидан бирида Ж.Шариповнинг таржимонлик фаолияти хусусида сўз очиб, унинг Махтумқули шеъриятидан қилган таржималарининг камчиликларини қайд этгани ҳолда, ютуқларини ҳам кўрсатиб, ижобий баҳолаганди. Олим шундай деб ёзган эди: “Туркман шоири Махтумқулининг кўзда ёши билан жўшиб ёзган ажойиб шеърлари халқимизнинг тилига тушган, уни дилида севиб куйланмоқда. Бу – туркман шоири ва у билан баравар ўзбек таржимони(Ж.Шарипов – К.Қ.)нинг ҳам ижоди элга, халққа, шеър ихлосмандларига манзур бўлди, деган сўз”.

Академик Б.Назаровнинг Ж.Шарипов таржималари ҳақидаги қуйидаги фикрлари мавзуга доир асл ҳақиқатнинг илмий хулосаси, десак хато бўлмас: “Бу ноёб ижодни (Махтумқули ижоди назарда тутилмоқда – К.Қ.) ўрганиш, ўзбек тилига ўгириш, кенг оммалаштиришда йирик таржимашунос олим ва мутаржим Жуманиёз Шарипов катта ишларни амалга оширди… бу таржималар ўз даври талабларига жавоб берди, бинобарин, унинг таржималаридан, хусусан, муҳтарам Жуманиёз Шариповдан миннатдор бўлишимиз керак”.

Таржимон ва адабиётшунос Э.Очиловнинг Жуманиёз Шарипов таржималари хусусидаги мана бу фикрлари таржимон фаолиятига холис баҳо беришнинг яхши намунаси: “Жуманиёз Шарипов таржималари Махтумқулини халқимиз орасида иккинчи марта чинакамига машҳур қилди. Агар бу таржималар муваффақиятсиз чиққанда қайта-қайта нашр этилмас, “Бўйларинг­га”, “Кўринг”, “Тўхтамас”, “Айлар”, “Намасан”, “Юргинг келади”, “Айрилдим”, “Бўлмаса”, “Қарамас”, “Бўлмас” каби бир неча ўнлаб шеърлар ҳофизлар тилига тушиб, қўшиққа айланмас эди” (“Ўзбек тили ва адабиёти”, 2008, 5-сон). Таржимон ва шоир М.Кенжабекнинг Жуманиёз Шарипов таржималари юзасидан билдирган эътирофи нафақат унинг фикри, балки Махтумқули шеърларини ўзбек тилига ўгирган ҳар бир таржимоннинг дил сўзидек туюлди бизга: “Оғир мустамлака замонларида Махтумқули шеъриятини такрор-такрор ўзбек китобхонларига тақдим этган муҳтарам таржимон Жуманиёз Шарипов шоир ижодига қўл ураётган барча янги таржимонларга ҳақли устоздир. У кишининг тажриба мактабидан биз ҳам баҳраманддирмиз”.

Ҳатто Махтумқулининг ушбу “Сайланма” китобига сўзбоши ўрнида илова қилинган профессор Н.Комиловнинг “Халқ ёдиндан айрилма” мақоласида ҳам: “Махтумқули-Фироғий халқимизнинг севимли шоирларидан. Унинг асарлари ўтган асрнинг ўрталарида Ж.Шарипов томонидан танланма шаклда таржима қилиниб, нашр этилган эди”, деб ёзилган, лекин “бу таржималар ўз даври учунгина яроқли эди” қабилида бирор фикр айтилган эмас.

Булардан ташқари С.Мамажонов, С.Ғаниева, Ҳ.Абдуллаев, Ж.Юсупов, М.Сапаров, М.Тайлақова каби олимлар ҳам турли йилларда эълон қилинган мақолаларида Ж.Шарипов таржималари ҳақида сўз юритиб, таржималарнинг хатоларини кўрсатиш билан бирга, ютуқларини ҳам четлаб ўтмаган эдилар.

Албатта, ҳар қандай бадиий таржимада камчиликлар учрайди. Ж.Шариповнинг Махтумқули шеъриятидан қилган таржималари ҳам бундан мустасно эмас. Лекин баъзи шеърлар таржимасидаги хатоликлар китобдаги барча таржималар яроқсиз дейишга, бизнингча, асос бўла олмайди. Агар Ж.Шариповнинг Махтумқулидан қилган таржималари яроқсиз бўлганида қисқа муддатларда тўрт марта, жуда кўп нусхада (25 минг, ҳатто айримлари 150 минг нусхада) қайта нашр қилинармиди?

Хуллас, бу масалада бир томонлама фикр юритиш таржимон меҳнатини қадрсизлантиради, ҳатто камситишга сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, таҳлил жараёнида ҳар икки жиҳат ҳам – таржиманинг муваффақиятлари ҳам, камчиликлари ҳам инобатга олиниши мақсадга мувофиқ.

А.Жумаев ва Ж.Зулпиевнинг баъзи бир таржималарини Ж.Шарипов таржималарига қиёслаб кўрдик. Айрим шеърларнинг таржималари Ж.Шарипов таржималаридан фарқ қилмайди, ҳатто сўзма-сўз тўғри келади. Баъзи мисолларга диққатингизни қаратамиз:

Ж.Шарипов таржимаси:

Қарақчими, ё саидми, хўжами,
Ё соқийми, ё шаробми, ё жоми,
Ё йилмисан, ё кундузми, кечами,
Ё оймисан, ё кунмисан, намасан?

(Махтумқули, Танланган асарлар, “Фан”, Т., 1958, 66-бет).

А.Жумаев ва Ж.Зулпиев таржимаси:

Қароқчими, ё сайидми, хўжами,
Ё соқийми, ё шаробми, ё жомми,
Ё йилмисан, ё кундузми, кечами,
Ё Оймисан, ё Кунмисан, намасан?
(165-бет)

Кейинги таржимада “Ой”, “Кун” сўзларининг катта ҳарфлар билан ёзилганини истисно қилсак, қолганлари Ж.Шарипов таржимасининг айнан ўзи. Яна бир мисол.

Ж.Шарипов таржимаси:

Махтумқули шукр этгил худога,
Ўлим баробардир шоҳу гадога,
Бесабр қул тез йўлиқар балога,
Сабрлик қул бора-бора шод бўлар.
(139-бет)

А.Жумаев ва Ж.Зулпиев таржимаси:

Махтумқули, шукур этгил Худоға,
Ўлим баробардир шоҳу гадоға,
Бесабр қул тез йўлиқар балоға,
Сабрлик қул бора-бора шод бўлар.
(70-бет)

Бу таржиманинг, “г” ҳарфининг “ғ”га айлантирилганини айтмаса, Ж.Шарипов таржимасидан бирор ўзгачалиги бормикан? Бизнингча, ҳеч қандай фарқи йўқ.

Бундай мисолларни яна келтириш, қиёслаш мумкин. Бу хилдаги “эгизак” таржималар билан танишар эканмиз, мутаржимлар Махтумқулининг айрим шеърларини ўгираётганда Ж.Шарипов таржималаридан фойдаланмадимикан, деган фикр хаёлимиздан ўтганини яширмаймиз.

Бу мулоҳазалар А.Жумаев ва Ж.Зулпиев таржималарининг аҳамиятини пасайтирмайди, албатта. Таржиманинг фазилатлари кўп. Лекин бир фикрни таъкидламоқчимиз. Ж.Шарипов таржималари, муаллифлар айтганидек, фақат “ўз даври учунгина яроқли” бўлиб қолмасдан, балки ҳозирги авлод, бугунги шеърият мухлислари учун ҳам маънавий тарбия қуроли вазифасини ўтаб келмоқда.

М.Азимов мақоласида М.Аҳмад, М.Кенжабек таржималарига нисбатан айтилган танқидий фикрларга ҳам тўла-тўкис қўшила олмаймиз. Ҳар икки таржимоннинг Махтумқулидан таржималарини муваффақиятсизликка учраган таржималар деб мутлақ ҳукм чиқариш, мутаржимларни туркман тилини яхши билмасликда айблаш унчалик тўғри эмас. Албатта, уларнинг таржималари ҳам камчиликлардан холимас. Лекин бу фикр уларнинг таржималари умуман муваффақиятсиз, улардан воз кечиш керак, деган маънони англатмайди. Гапнинг очиғи, ҳар икки мутаржимнинг ижодий меҳнатини, таржималарини юз фоиз йўққа чиқариш, ютуқларини бутунлай инкор этиш адолатдан бўлмаса керак.

Махтумқулининг ўзбек таржимонлари фаолияти билан боғлиқ мулоҳазаларимизни академик Б.Назаровнинг қуйидаги фикрлари билан якунласак, ўйлаймизки, М.Азимов мақоласида баъзи таржимонларга нисбатан билдирилган танқидий фикрларга ўринли жавоб бўлар: “Таниқли шоир Мирза Кенжабек, Шарқ шеъриятининг нозик билимдони ва таржимони Эргаш Очил, қозоқ, туркман, қорақалпоқ шеърияти намуналарини ўзбек тилига муваффақият билан ўгираётган шоир Музаффар Аҳмад ва бошқаларнинг Махтумқули ижоди юзасидан амалга оширган янги нашрлари, мақола ва таржималари Махтумқули асарларининг янги-янги қатламларини очишга муносиб ҳисса қўшмоқда” (“Ўзбек тили ва адабиёти”, 2008 йил, 5-сон).

Каримбой Қурамбоев,

филология фанлари доктори, профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 48-сонидан олинди.