Июн ойининг ўрталарида шахсий юмушларим билан “Чилонзор буюм бозори”га боргандим. Эрталаб бозор ҳовлисини супураётган аёлларнинг гаплари қулоғимга чалинди. “Бу нима бало, ҳамма ёқни чигиртка босиб кетибди”, — деб ерда уюлиб турган ўлик чигирткаларни челакка солди улардан бири. Атрофга эътибор билан разм солиб қарасам, чиндан ҳам жуда кўп чигиртка ерда ётарди.
Орадан бир неча кун ўтди. Уйда телевизор томоша қилаётгандим, деразадан бирваракайига учта катта-катта чигиртка учиб кирди. Уларни бир амаллаб ҳовлига чиқариб ташладим. Кейин уйга кириб, очиқ қолган деразани яхшилаб ёпиб қўйдим. Яна бироз вақт ўтгач кимдир деразани кетма-кет чертгандек бўлди. Бемаҳалда ким экан у, деган хаёл билан бориб деразадан ташқарига қарадим. Ҳеч ким кўринмасди. Биров ҳазиллашган бўлса керак, деб телевизор қаршисига энди чўккаламоқчи эдим, дераза яна кетма-кет чертилди. Бориб ташқарига қарадим. Ҳовлидаги чигиртка тўдаси ёруғликка интилиб, ўзини дераза ойнасига уриб, уйга кирмоқчи бўларди.
7 июль куни дўстларимиз билан “Бунёдкор” ва “Насаф” футбол жамоаларининг ўйинини томоша қилиш учун “Жар” стадионига бордик. Учрашув қоронғи тушганидан сўнг, 20:00да бошланди. Аҳволни қаранг: футболчилар майдонда ўйинни, ҳавода эса чигирткалар базмни бошлади. Айтмоқчиманки, ушбу ҳашарот бу ерга ҳам етиб келибди. Қисқаси ўша куни ўйингоҳда сон-саноқсиз чигирткалар “хиром” айлади.
* * *
Чигиртка қадим-қадимдан инсоният учун катта хавф туғдириб келган. Ҳозирда ҳам кўпгина мамлакатларнинг экинзорларига катта талафот етказиб, очарчилик балосини келтириб чиқараётган ҳашарот ҳисобланади. Бу зараркунанда деярли табиатнинг барча гўшаларида учрайди. Улар ёпирилган жойларда чорва моллари ва инсон истеъмол қилиши учун яроқли бирон ўсимлик қолмайди. Шу туфайли қадимда минглаб шаҳару қишлоқлар аҳолиси очликдан қирилиб кетгани тарихдан маълум. Одамлар чигиртка офатидан сақланиш мақсадида кўчиб яшашга мажбур бўлишган. Тарихчи Плинийнинг ёзишича, милоддан аввалги 125-йилларда Саҳрои Кабирдан учган чигирткалар Тунисда 300 минг кишининг қирилиб кетишига сабабчи бўлган. Ҳаттоки, баъзи ҳудудларда одамлар чигирткадан безиб, экин экмай қўйишган. Жумладан, Мўйноқ тумани аҳолиси 1900-1904 йилларда бу зараркунандадан чўчиб деҳқончилик қилишмаган. Яна бир эътиборли томони, одамларни очликка дучор қилувчи бу ҳашаротлар милоддан 3000 йил аввал яратилган қадимги Мисрнинг деворий суратларида ва папурисларида ҳам тасвирланган.
Маълумотларга қараганда, дунёда чигиртканинг 20 мингдан ортиқ тури бўлиб, шулардан 50 тага яқини хавфли ҳисобланади. Чунки бу турлар ёппасига кўпайиб миллионлаб ҳашаротлар йиғилган тўдаларни ҳосил қилади. Бундай тўдалар қисқа муддатда катта-катта майдонлардаги ўсимликларни йўқ қилиши мумкин. Уларнинг ялпи кўпайиш ҳудудлари деярли барча қитъаларда мавжуд. Лекин улар асосан, Африка, Осиё давлатларига жиддий талафотлар етказади. Ўзбекистон ҳудудида 200 дан ортиқ чигиртка тури бор. Улардан 3 та тури ёппасига кўпайиш хусусиятига эга. Булар осиё, тўқай чигирткаси, итальян ёки воҳа чигирткаси ва марокаш чигирткаларидир. Бундан ташқари, якка ҳолда ҳаёт кечирадиган бир қанча чигиртка турлари мавжуд бўлиб, айрим йилларда улар ҳам экин ва яйловларга сезиларли даражада зарар етказади. Осиё чигирткасининг табиий ривожланиш масканларидан энг йириги Амударёнинг қуйи оқими ва Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган. Чунки бу зараркунанда серсув ва одам қадами етмайдиган жойларда тез кўпаяди. Бундай шароитда уларни назорат қилиб туриш анча қийин. Шу сабабли осиё чигирткаси вақти-вақти билан миллионлаб ҳашаротлар йиғиндисидан иборат тўдалар ҳосил қилиб, қисқа вақт ичида минглаб гектар экинзорларнинг кулини кўкка совуради. Марокаш чигирткаси ҳам бу борада ундан қолишмайди. У тоғ олди ҳудудларида яшашга мослашган бўлиб, республикамизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кенг тарқалган.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлашимиз керакки, чигиртканинг катта зарар етказиш сабабларидан бири, уларнинг қисқа вақтда кенг майдонга тарқалиб, узоқ масофага уча олишидир. Масалан, осиё чигирткаси соатига 50 километр тезликда 1000-1200 километр масофани бир кун ичида босиб ўтиши аниқланган. Айрим манбаларда 1924 йилда чўл чигирткаси Эрондан Хоразм воҳасига учиб келиб, тез орада бу ердаги экинларни еб битиргани ҳақида ёзилган. Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиб ўтиш мумкинки, ушбу ҳашарот ўсимликларни танламай еяверади. Шунингдек, уларнинг анчагина хўралиги ҳам аниқланган. Битта чигиртка ўз оғирлигига нисбатан 100 баробардан ортиқ ўсимликни еб битириши мумкин.
Мутахассис муносабати
Дарҳақиқат, чигиртка нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда глобал офат, муаммо ҳисобланади. Ушбу зараркунандадан қутулиш, уни йўқотиш доимо долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу сабабли унга қарши курашиш, бу ҳашаротдан ҳимояланиш борасида мутахассислар изланишлар олиб боришмоқда. Чигиртка ёпирилган ҳудудларда тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, бугун Тошкент вилояти ва шаҳрида чигирткалар пайдо бўлгани ҳам рост. Шу боис, ўзимизни қизиқтирган саволлар билан, қолаверса, пойтахтимиз ва унинг атрофидаги туманларда мазкур зараркунанданинг кўпайиш омилларини билиш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази башорат бўлими бошлиғи Одилжон Исоқовга мурожаат қилдик.
— 2005-2009 йилларда ушбу жонзотнинг энг хавфли тури бўлган марокаш чигирткасининг республикамиз ва қўшни давлатларда ёппасига кўпайгани ва тарқалганини айтиб ўтмоқчиман. Қолаверса, жорий йилда об-ҳавонинг салқин ва серёғин келгани ҳам уларнинг эрта ривожланиши, катта майдонларга тарқалишига сабаб бўлди. Бундан ташқари, қўшни давлатларимизнинг чегарадош майдонларида чигирткага қарши курашиш ишлари ҳамжиҳатликда олиб борилмади. Оқибатда ушбу ҳашаротнинг юртимизда кўпайиши кузатилди. Масалан, Туркманистоннинг Лебон вилоятидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига, Тожикистондан Жиззах ҳудудига ва Қозоғистоннинг Сариёғоч туманидан Тошкент вилояти ҳамда шаҳрига зарарли чигиртка тўдалари ёппасига учиб келди. Шунингдек, июнь ойининг охирида ва июль ойининг бошларида шимолдан жанубга эсган кучли шамол туфайли ҳамда Қозоғистон далаларида буғдой ўримининг бошланиши, адирлардаги ўт-ўланларнинг қовжираши сабабли чигиртка тўдалари пойтахтимизгача учиб ўтди.
— Уларнинг ёпирилиши одамларни хавотирга солмасдан қўймади, албатта. Демоқчимизки, айрим юртдошларимиз мазкур зараркунанданинг шу алфозда кўпайиб бориши қишлоқ хўжалик экинларини еб битиришидан ташқари турли касалликларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида ҳам гапиришмоқда. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин?
— Биринчи навбатда шуни айтиб ўтиш керакки, бош кентимизга учиб келган чигирткалар қишлоқ хўжалик экинларига, дарахтларга зарар етказмайди. Инсонлар ва ҳайвонлар учун хавфли касалликлар тарқатмайди. Аммо шаҳар аҳолиси учун кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин. Айтайлик, ёш болаларда қўрқув пайдо бўлиши мумкин. Маълумки, чигирткалар тупроққа қўйган тухум ҳолида қишлаб чиқади ва йилида бир марта авлод бериб ривожланади. Тухумдан чиққан личинкалар об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда 25-40 кун ичида 5 ёшни ўтаб қанот чиқаради. Ушбу зараркунандаларнинг бир ёши бир неча кунга тенг. Кейин эса табиий равишда нобуд бўлади. Ҳозир Тошкент шаҳрида пайдо бўлган чигирткалар айнан уруғ қўйиб, кейин ўладиган ёшда. Яъни умрининг охирги йилларини яшамоқда. Шунинг учун хавотирланишга асос йўқ.
— Ушбу зараркунандаларни камайтириш ва йўқотиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Бугунги кунда зарарли чигирткаларга қарши кураш кимёвий ҳолда олиб борилмоқда. Бу усул нафақат республикамизда, балки дунё миқёсида ҳам мақбул ҳисобланади. Унинг муҳим афзаллиги шундаки, бунда чигиртка тарқалган ҳудудларда хавфни тез ва самарали бартараф этиш мумкин. Кимёвий препаратлардан фойдаланилганда зараркунанданинг камида 85-90 фоизи йўқ қилинади. Шу ўринда кўпчиликда савол туғилиши мумкин: кимёвий препаратлардан фойдаланиш одамларга салбий таъсир кўрсатмасмикин? Айниқса, аҳоли яшайдиган ҳудудларда? Албатта, бу инсон учун зарарли. Шу сабабли кимёвий препаратлардан фақат кечқурун фойдаланаяпмиз. Айни пайтда пойтахтимиздаги Хасти Имом, Мустақиллик майдони ва бошқа истироҳат боғларида бу ишлар амалга оширилди. Айрим жойларда эса ҳанузгача давом этмоқда.
Қолаверса, қўшни давлатлар билан ҳам ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бу жонзотнинг тўдаларини бартараф этиш учун кўплаб миллий ва халқаро ташкилотлар жалб қилинган. Жумладан, БМТнинг озиқ-овқат дастурида чигирткага қарши курашни мувофиқлаштирувчи махсус бўлим фаолият олиб бормоқда.
— Суҳбатимиз давомида пойтахтимиз ҳудудига учиб келган чигиртка тухум қўйиш вақтида, деб айтиб ўтдингиз. Шундай экан, агар зараркунанда шаҳримизга уруғ қўядиган бўлса, кейинги мавсумда улар бир неча марта кўпайиб кетмайдими?
— Тўғри, ҳашаротнинг шаҳримиз ҳудудида тухум қўйиш хавфи юқори. Лекин у тупроқ жойларда — уватларда, каналлар ва зовур бўйларида тез кўпаяди ва тарқалади. Шаҳарларда эса кўп жойлар асфальт ва бетон қилинган. Бу ўз навбатида чигирткаларга ин қўйишга тўсқинлик қилади. Яна бир нарса борки, уларнинг тухумдан чиқиш даври узоқ бўлиб, май ойидан бошлаб то октабрь ойигача ривожланиши мумкин. Шу сабабли бундай маконлар доим кузатув остида бўлиб, бир неча марта такрорий дорилаш ишларини ўтказишга тўғри келади.
— Қишлоқ хўжалик экинларига бу ҳашарот қандай зарар келтираяпти ва зараркунандаларга қарши қандай чоралар кўрилаяпти?
— Шу кунга қадар республикамизнинг вилоят ва туманларида жами 600 минг гектардан зиёд майдон зарарли ҳашаротларга қарши дориланди. Шундан 280 минг гектардан ортиқроғи Қашқадарё вилояти ҳудудига тўғри келади. Бундан ташқари, Сурхондарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги майдонларга ҳам зарарли ҳашаротга қарши кимёвий дорилар қўлланилди. Офатга қарши жиддий чоралар кўрилиши учун жойларда зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилаяпти.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).