Олимлар, турли бошқарув ва назорат органлари, жамоатчилик — ҳамма масъулиятни ўзидан соқит қилиб, “ўлдирсанг ўлдир, қорнимга тепма” қабилида иш тутар экан, миллат ўзини англаб олгунча, тарихий меросимизнинг каттагина қисмидан ажраб қоламиз.
Орадан етти-саккиз йиллар ўтди. Мен бугун яна Жиззах яқинидаги Сизмойил ота – Чизмали қоятош суратлари манзилидаман. Ўқувчилик йилларимда бу ердаги қадимги суратларни ҳаваскорлик билан ўрганиб, нималарнидир қоралаб қўйгандим. Сафарга чиқишдан олдин ўша Ёзувларни бир кўздан кечирдим: қадимги давр беҳзодлари чизган дурдона асарлар галереясини яна бир томоша қилиш иштиёқи қалбимни чулғаб олди. Афсуски, тошдан тошга сакраб, сойдан сойга ўтиб ёдгорликни айланар эканман, ўша иштиёқ ҳам, Чизмалининг бой тарихий манба эканига ишонч ҳам ўз-ўзидан сусая борди. Минг йиллар оша табиат синовидан ўтиб, қор-ёмғиру шамолларга дош бериб келаётган тош ёдгорликлар бугун салбий экологик ҳолат оқибатида емирилмоқда ёки одамлар қўли билан йўқотиляпти. Дарвоқе, бизгача етиб келган тошчизмаларнинг ўзи ҳам балки ўндан биридир, балки юздан бири…
Тош ойнадан акс этган ўтмиш
Тасвирий санъат бундан 30-40 минг йиллар илгари пайдо бўлган, дейилади илмий адабиётларда. Табиий бўёқ билан чизилган суратлар ўчиб кетиш эҳтимоли юқори бўлгани учун кунимизгача кам етиб келган. Тасвирий санъатнинг сал кейинги даврларига тегишли бўлган тошга ўйиб ишланган расмлар — петроглифлар эса нисбатан кенг тарқалган ва бугунга қадар яхши сақланган. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ҳудудида 150 га яқин шундай тарихий ёдгорликлар қайд этилган. Лекин, афсуски, уларнинг аксар қисми ҳамон ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди.
Олимлар петроглифларни ўргана бошлагандан бери қадимги одамларни тошга ўйиб расм ишлашга нима мажбур этди деган савол устида бош қотириб келадилар. Аксар мутахассислар буни диний ишонч — тотемизм, чорвачилик ва овчилик билан боғлиқ афсунгарлик, сеҳр-жоду туфайли деб изоҳлашади. Бундан ташқари, Ёзувларнинг илк кўриниши, болаларга таълим бериш, одамларнинг ҳаётдан олган завқлари ва бошқа шу каби фикрларни қоятош суратларининг чизилишига сабаб қилиб кўрсатадиган олимлар ҳам бор. Ҳатто петроглифларни тарихий ёдгорлик сифатида тан олмайдиганлар ҳам топилади. Сабабнинг нима эканлидан қатъи назар ҳақиқат шуки, қадимги одамлар ўзлари кўрган-билган нарсаларини тошларга муҳрлаганлар. Ҳар бир хатти-ҳаракат киши ботинидан сўзлаганидек, бу кўҳна тош китиобларда аждодларимиз ҳаётидаги ўзгаришлар, тафаккуридаги олға силжишлар ҳам ўз аксини топган. Шу маънода қоятош суратлари бизга ўша даврлар ҳақида бой маълумотлар беради. Масалан, эрамиздан олдинги даврга тегишли петроглифлар ичида қўй расмлари деярли учрамайди. Антик юнон тарихчиси Страбоннинг “Жўғрофия” асарида ёзилишича, массагетларда қўй жуда оз эди. Шунинг учун улар қўйни қурбонликка сўйишмаган. Йилномачилар ёзадиларки, ўлимга маҳкум қилинган кишилар қўй ёки от эвазига авф этилиши мумкин бўлган. Ёки олайлик, ўлкамиз азал-азалдан самовий отлар ватани ўлароқ довруқ қозонганди. Бу ҳақда ҳам қоятошлар гувоҳлик беради. Эрадан аввалги И мингйилликка тегишли петроглифлар орасида от расмларига кенг ўрин ажратилган. Қачонлардир бизда шерлар яшаганига ишонасизми? Ишонишга тўғри келади: чунки қоятош суратлари шундай демоқда бизга. Ахир, одам ўзлари кўрмаган ҳайвонларни бунчалик аниқлик билан чиза олмайди-ку! Сармишсойда (Навоий вилояти) йирик мушуксимон йиртқичлар қатори шер тасвири ҳам бор. Бизонлар энг қадимги петроглифларнинг асосий мавзуси бўлган. Лекин бугун юртимизда бундай ҳайвонлар яшамайди. Палезоологларнинг маълумот беришича, бизонлар қайси бир сабабларга кўра эрадан олдинги И мингйиллик арафасида қирилиб кетган экан. Уларнинг суяк қолдиқлари шу давргача бўлган археологик қазилмалардагина топилган. Чизмали тоштахталарида хартумли иккита ҳайвон сурати бор. Бир қарашда филга ўхшайди. Лекин аниқ шундай деб ҳукм чиқариш учун баъзи жиҳатларига аниқлик киритилиши лозим. Яна бир сурат борки, динозаврмикин дейсан киши. Бирор йил олдин хориж матбуоти Мексикада динозавр петроглифи топилгани ҳақида бонг урганди. Илм-фандаги қатъий қолипларга таянадиган бўлсак, бундай хабарларга ишониб бўлмайди. Чунки динозаврлар Ер юзида инсониятдан анча аввал яшаб ўтган, дейилади илмий китобларда. Қайдам?! Бирор тўхтамга келиш учун ҳозирча қўлимизда маълумотлар етарли эмас…
Ўлкамизнинг ўтмиш ҳайвонот манзараларини ўрганиш учунгина эмас, халқ урф-одатларининг шаклланиши, фалсафий тафаккурнинг ривожланишини тадқиқ этишда ҳам петроглифларнинг аҳамияти беқиёс. Славян халқларидан фарқли ўлароқ туркийларда отнинг ёли ва думини калтартириш, турмаклаш одати бор. Қоятошлардаги от тасвирлари бу урфнинг анча қадимийлигидан дарак беради. Тарихий манбаларда сак-хамуварка қабилалари узун бош кийимида юргани ёзилади. Сармишсойнинг темир даврига оид одамлар расмларида ҳам чўққили қалпоқ яққол тасвирланган.
Қирғизистондаги Саймалитош, Қозоғистондаги Тамғали ва юртимиздаги қоятош суратлари манзилларида бир чизма такрорланиб туради: худди қуёш тасвирлангандек, айланадан 12 та нур таралиб турибди, 13-нур узунроқ ва айри кўринишида. Айрим чизмаларда эса ичма-ич иккита “қуёш” акс эттирилган. Катта “қуёш”дан 28 та нур таралиб турган бўлса, ички “қуёш”да 13 та нур бор. Мутахассислар бундай чизмаларни қадимги календарлар дея изоҳлашган. Бундай тошчизмалар билан ўзбек сўзаналаридаги нақш-гулларнинг ўхшашлиги эътиборимизни тортди. Сўзаналардаги турли шакллар астраномия билан боғлиқ деган фикрнинг яна бир тасдиғи шу эмасми?
Минтақамиздаги петроглифларга хос бўлган юқоридаги чизманинг Шимолий Америка қоятошларида ҳам учраши яна бир ҳайратига сабаб бўлади. Чизмалида маъноси тушунуксиз бир суратга дуч келдик: ичма-ич беш (ёки олти) та айлана чизилган. Тирандозларнинг нишон тахтасига ҳам ўхшаб кетади. Интернет маълумотларини кўриб ўтириб, айнан шундай шакл Шимолий Америка петроглифлари орасида ҳам борлигига гувоҳ бўлдик… Қоятош ёдгорликларида номаълум маънога эга суратлар, чизмалар озмунча дейсизми? Барининг замирида ўзига хос бир бир сир ётгани аниқ. Хуллас, петроглифларни чуқур ўрганиш ўтмишнинг кўпгина қоронғу томонларини ойдинлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Тошлар ҳам мангу эмас
Ўз кечинмалари, ўй-мушоҳадаларию кўрган-билганларини тошларга ўйиб муҳрлар экан, қадимги одамлар асарларининг тошлардай абадий қолишига ният қилган бўлса керак. Не ажабки, тошлар ҳам мангу эмас. Вақт шамоли тоғу тошни ҳам билимсиз-билимсиз емириб бораверади.
Чизмали қоятош суратлари манзилининг маркази — учқур қояли чўққи. Тоғнинг бошида тошлар худди дўппидек бўлиб турибди. Унинг шарқ томонида қадимий ўчоқ бор. Ҳар баҳор одамлар чўққига чиқиб, ўчоққа чироқ ёқиб, оловни тавоф қилишади, ниятлар айтилади. Халқ орасида Сизмойил отанинг тошига тегмаслик керак, агар уларга зиён етказилса, бирор фалокат юз беради, деган ишонч бор. Етти-саккиз йил бурун қўй боқиб юрган момо бизга Сизмойил отанинг тошига тегинган бировининг оғир касалга чалиниб ётиб қолгани, ахийри бир ҳўкиз сўйиб қурбонлик қилгач, тузалиб кетгани ҳақида айтиб берганди… Гап манзилнинг илоҳий ёки илоҳий эмаслиги борасида кетмаяпти. Муҳими, халқ орасидаги мана шу ишонч Чизмали дурдоналарини асрлар оша одамзод тажовузидан сақлаб келмоқда. Бугунга келиб эса, фақат чўққига тегинилмай, ён-атрофдаги тошларни қўпориш одатий тусга кириб қолган. Улар қурилиш ашёси сифатида ишлатилмоқда. Шу тариқа уч-тўрт мингйиллик тарихимиздан достон сўзловчи ёдгорликлар кимларнингдир уйига пойдевор бўлиб кетяпти. Бу ҳолат биргина Чизмали манзили учун хос эмас.
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг шаҳару қишлоқларида бунёдкорлик ишлари авж олаётгани бор гап. Қурилишни эса тошсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис тоғлардан тош қазиб олишга эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Тўғри, баъзи қишлоқларда тош қазиб сотиш кун кечиришнинг асосий манбаи бўлиб қолган. Аслида, петроглифлар чизилган қоялар табиат таъсирида бироз мўрт бўлиб қолган, пойдевор учун тупроқ остидан ковлаб олинган тошчалик сифатли хомашё бўлолмайди. Лекин айрим дунёбехабар, бироз ялқов юртдошларимиз ер тагидан тош қазиб олиш меҳнатига чидамай, тайёр қояларни қўпоришни афзал билишади. Оқибатда, бой тарихий меросимизга путур етади. Такрор айтиш лозим, бундай аянчи аҳволни аксар қоятош ёдгорликларида кузатиш мумкин. Баъзи “ўзини билган маданий кишилар”нинг қилиғи ўлганнинг устига тепгандай бўлади. Минг-минг йиллик суратлар устига номларини ёзиб, чиройли расмларни қўпориб олиб кетишади. Уч-тўрт йил илгари Сармишсойдаги ана шундай аҳвол ҳақида матбуотда чиқишлар бўлганди. Фақатгина илмга маълум бўлган петроглиф манзилларининг ўзи 150 га яқин бўлса, қайси олим қайси ёдгорликни бошига бориб қўриқлаб ўтирсин?! Ўзи, қоятош суратлари билан шуғулланадиган мутахассислар республикада бармоқ билан санарли даражада кам.
Наҳотки, петроглифлар тарихимиз, маданиятимиз ёдгорлиги деб ҳисобланмаса, муҳофаза қилинмаса?! Тарихий ёдгорликлари бизникидан кўра оз ва қиммати ҳам унчалик юқори бўлмаган халқлар уларни асараб-авайлаб, тадқиқ қилиб, “Инсоният биздан тарқалган, дунё сивилизатсиясига биз асос солганмиз” каби даъволар билан чиқади. Интернет тармоғига жойлаб, жаҳонга кўз-кўз қилади. Бизда эса бундай тарихий ёдгорликларнинг каттагина қисми ҳали фанга ҳам маълум эмас. Чизмали атрофида яшайдиган қишлоқлар аҳолисиниг, ҳеч бўлмаса, 50-60 фоизи уларга яқин жойда қадимий қоятош суратлари борлиги, ўзлари топинадиган Сизмойил ота зиёратгоҳининг тарихи ҳам узоқ-узоқларга бориб тақалишидан хабардор эканига ишонгинг келмайди. Халқимиз учун петроглифлар фақат китобларда учрайдиган камёб нарсадай бўлиб туюлади. Бироқ атрофга қаранг: бундай тарихий ёдгорликларимиз сероб. Балки қишлоғингиз яқинидаги тоғларда ҳам бой қоятош суратлари манзили жамоатчилик эътиборидан четда қолиб, йўқолиб кетишга маҳкум бўлиб ётгандир?!
Бизнингча, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига ўз ҳудудидаги тарихий ёдгорликларни сақлаш масъулияти юклатилиши лозим. Олимлар, турли бошқарув ва назорат органлари, жамоатчилик — ҳамма масъулиятни ўзидан соқит қилиб, “ўлдирсанг ўлдир, қорнимга тепма” қабилида иш тутар экан, миллат ўзини англаб олгунча, тарихий меросимизнинг каттагина қисмидан ажраб қоламиз. Сўнгра бизда шундай нодир ёдгорликлар “бор” деб эмас, “бор эди” деб ёзишимизга тўғри келади. Собиқ Иттифоқ даврида йўқотилган ёки ташиб кетилган қанчадан қанча ноёб осори атиқалар, китобларга бугун аза очамиз. Кечаги кун ҳақида надомат чекиб гапираётганимизда, ҳеч ўйлаб кўрамизми, бугун ҳам шундоқ кўз ўнгимизда тарихий ёдгорликларимизга путур етиб, ўз қимматини йўқотиб бормоқда. Ўтган ишга саловат, деганларидек, афсус-надоматни йиғиштириб, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга, қолган тарихий меросимизни асраб қолишга қачон ўрганамиз?!
…Бу диёрнинг ҳар бир зарра тупроғи, ҳар бир парча тоши буюк маданият ва бой тарихдан дарак беради. Уларни асраб-авайлашимиз ва ўрганишимиз даркор.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).