Бадиий адабиёт зиммасига ҳаёт ҳақиқатини, инсоннинг ички дунёси, руҳий оламини бутун борлигича, бўёқ билан безамай рўй-рост кўрсатиш, одамлар характери ва жамият ҳаётида юзага келаётган, келиши мумкин бўлган бедаво иллатларнинг олдини олиш, урчишига йўл қўймаслик вазифаси юкланган. Фақат шу эмас, тили, дини, турмуш тарзи, тараққиёт даражаси ва ва онг-тафаккури турлича миллат ва элатларни бир-бирига яқинлаштириш, эзгу фазилатларини бир-бирларига ўрнак қилиб кўрсатиш, ёш авлодни ўтмиш аждодларнинг маънавий-ахлоқий сабоқларидан баҳраманд қилиш ҳам зарур. Бу вазифа инсоният тарихининг буюк ихтироси, ақл-идрокнинг ёзма ҳосиласи бўлмиш адабиёт орқали амалга ошади.
Собиқ тузум шароитида “синфийлик ва партиявийлик” ҳақидаги мафкуравий талаб боис, адабиёт ҳаётда учраб турадиган салбий ҳодисалар, нуқсонларни четлаб ўтди ёки уларни ўқувчига хаспўшлаб, пардозлаб кўрсатди, мадҳиябозлик билан шуғулланди. Тафаккурни чеклаш, уни маълум мафкуравий қолипларга солиш ёки мослаштириш, ақидапарастлик, шахсга қуллуқ қилиш талаблари эндиликда ортда қолди. Бугун биз эркин тафаккур, янги озод адабиёт, янги қаҳрамонлар, янгича талқинлар даврида яшамоқдамиз. Бугунги қаҳрамонлар фақат ижобий ёки фақат салбий эмас, улар ҳаётда бор, ютуқ-камчиликлари, орзу-ўйлари, фаол ёки танбалликлари, фидойи ёки худбинликлари ҳаётнинг ўзига ўхшаш, жамиятда кечаётган жараёнларга муносабати турлича бўлган кишилардир. Китобхон бугунги адабиётни шу жиҳати учун ҳам қадрлайди. Чунки янги қаҳрамонлар унга деярли бегона эмас, кўпларини ҳаётда, кўчада, жамоада кўрган, ёнма-ён ўтирган, мулоқот қилган, баъзиларига ҳаваси келса, баъзиларидан ҳафсаласи пир бўлган. Тоғ чўққилари бир хил баландликда бўлмагани, ҳаёт фақат қувончу ёруғликдан иборат эмаслиги каби, одамлар ҳам виждон, иймон, ҳалоллик, инсоф-диёнат, меҳнатсеварлик, қатъият, журъат борасида ҳар хилдирлар. Ҳаёт ҳақиқатига мос адабиётнинг таъсирчанлиги шунда. Зеро, тепалик устида туриб, осмон бағрига туташиб кетган чўққининг улуғворлигини ҳис этамиз, ёмонликларни кўриб, ўзимизни нималардандир тиямиз. Зулмат борлиги учун ёруғликни, ўғрилик борлиги учун ҳалолликни қадрлаймиз.
ХХ аср адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов асарларида айни шу манзара ва ҳолатларга, турфа хил тақдирларга дуч келамиз, улар айни шу икки қарама-қарши жиҳатнинг ёнма-ёнлигига асослангани учун ҳам эътиборни тортади. Уларда “қаҳр ва муҳаббат, висол ва ҳижрон, соғинч ва ўкинч туйғулари бир-бири билан мураккаб бир тарзда, тасдиқ ва инкор, эътироф ва эътироз шаклларида қўшилади ва фарқланади. Адибнинг услубида тасвирланаётган воқеаларнинг табиати ва шаштига қараб майллик ва жўшқинлик сезилиб туради, баъзан оддий, жўн нарсалар талқинидан ҳам катта фалсафа ва ҳикмат унади. У чизиқлари, ҳажм, вазн, сиғим, қабат, қатлам ва томонлари аниқ кўриниб турган жонли, жонсиз предметларнигина эмас, балки тамомий абстракт тушунчалар, ҳис-туйғулар, ранг-бўёқлар, маънолар, мусиқа, боқишлар, юз-кўз ифодалари, булутлар, ҳаво, сув, буғ, туман, булут ҳатто кишилар ва ҳайвонларнинг номларини ҳам ажиб бир тарзда турлайди, тасвирлайди” (Ғ.Саломов).
Не бахтки, бугун миллий адабиётимиз ўз нигоҳини айни шу жиҳатларга қаратмоқда. Беихтиёр Чингиз Айтматовнинг бундан кўп йиллар аввал айтган қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Ёшлар, шуни билингларки, жамият ва адабиёт сизнинг олдингизга қўяётган бугунги вазифалар адабиётимизнинг катта авлоди олдида бир вақтлар турган вазифалардан кескин фарқ қилади. Биз бугун тарихнинг шу чоққа қадар юрилмаган йўлларидан ҳам юрмоқдамиз. Жамият, ижтимоий ҳаёт, адабиёт ўсиб, ривожланиб бормоқда. Шундай экан, сизларга катта устозларингиз босиб ўтган ижод йўлидан кўра мураккаброқ йўлларни босиб ўтишга тўғри келади. Шунинг ўзи сизларга, ҳаммамизга дахлдор масъулият. Бундан кейинги ишларимиз шу масъулиятдан келиб чиқишини англаб етмоғимиз зарур… Асар ёзиш учун қўлига қалам олган ижодкор гапни узундан узоқ чўзмаслиги, бўлар-бўлмас воқеаларни қуруқ баён қилиш билан ўқувчининг бошини қотирмаслиги керак, деб ўйлайман. Бунинг ўрнига бугунги кун одамининг руҳий олами, ички дунёсини очиб берувчи, фалсафий ўй-фикрлар билан суғорилган, чинакам адабиёт талабларига жавоб бера оладиган, одамларнинг қоғоздаги нусхасини эмас, ҳаётдаги реал образини кўрсатадиган бақувват асарлар яратишга бел боғланглар. Бундай асарлар юксак граждандик пафоси акс этган поэма, балким, трагедия, маиший мавзудаги драма ёки новелла бўлиши мумкин. Гап жанрда эмас. Ҳар қандай асар истеъдод билан ёзилган, ўқувчини тўлқинлантира оладиган бўлиши зарур”.
Миллий адабиётимизга улуғ устознинг шу муҳим ўгитлари назаридан кўз ташласак, ҳаётимизнинг бугунги нафаси уфуриб турадиган, янги замоннинг янги одамлари қиёфаси, ички дунёси, маънавий олами, ижтимоий фаоллиги ёхуд турмуш изтироблари акс этган кўплаб янгича талқинларни кўрамиз. Эркин Аъзамов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Ҳалима Аҳмедова, Гўзал Бегим, Эшқобил Шукур, Ҳаким Сатторий, Фахриёр, Икром Отамурод, Турсун Али, Абдуқаюм Йўлдошев, Луқмон Бўрихон, Носиржон Жўраев ва бошқа кўплаб ижодкорлар қаламига мансуб асарларда буни яққол кўриш мумкин. Албатта, ҳар бир асарда новаторликка, янгича шакл ва ифодага эришиш мушкул иш, аммо бугун наср, назм, драматургия ва бадиий публицистикада содир бўлаётган фикрий ва талқиний ўзгаришларни, миллий тараққиётнинг олдинги сафларида бўлиш истагини сезмаслик мумкин эмас. Бундай асарларда, устоз Айтматов уқдирганидек, гап асло чўзилмаган, мавзунинг долзарблиги қайта-қайта уқдирилмаган, аксинча, ўқувчи асар моҳиятини, муаллифнинг фикрини дастлабки саҳифаларданоқ билиб олади. Янада муҳими, янгича талқиндаги асарлар муаллифларнинг дунё адабиётида кечаётган мураккаб жараёнлар, янги оқимлар, янгича шакл-шамоиллардан яхши хабардорлиги белгисидир.
Бадиий адабиёт, китобхонлик маданияти ҳамма замонларда ҳам миллий тараққиётнинг, айни чоғда жамиятнинг маънавий-маърифий даражасини, демакки, унинг келажагини белгилаб келган. Қадим ўтмишда узоқ-яқин мамлакатларда бўлиб қайтган сайёҳлар ўз таассуротларида қадамлари етган мамлакатларда қироатхоналарнинг оз ёки кўплигига, китоб расталарида қандай китоблар сотилаётганига эътибор берганлар, бу хусусда тўлиб-тошиб гапирганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Китоб, оғзаки ва ёзма адабиёт Шарқ тафаккурини улуғ мақомга эриштиргани, инсоният тарихида ўчмас саҳифа бўлиб келаётган буюк уйғониш – Ренесанс даврига доялик қилгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Шарқ адабиёти неча минг йилликлардан бери таълим-тарбия билан бирга, буюк нажоткорлик вазифасини ҳам ўтаб келган.
Файласуф Конфуций ёшлигидан ёғоч, шойи, бамбук парчаларига ёзилган китобларни қайта-қайта ўқиб чиқади, уларда баён этилган маъноларнинг мағзини чақишга ҳаракат қилади. Йигирма икки ёшида донишмандлик даражасига етади, мўътабар муаллим, улуғ устоз мақомига эришади. Олимнинг фикрича, инсон, энг аввало, яхши хулқи, одоб-ахлоқи, илм-тафаккури, одамларга тегаётган нафи, эзгу инсоний фазилатлари билан инсон. Бу фазилатларга у китоб мутолааси туфайли эришади.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатда китобхонликни ривожлантириш тўғрисидаги қарори, бу муҳим ҳужжатда қўйилган вазифаларни бажариш юзасидан белгиланган ва амалга оширилаётган ишлар, шубҳасиз, китоб ва китобхонлик йўлларини кенгайтириб юборди. Дастлабки натижаларни кўриб турибмиз: бугун жамиятимизда китобга, китобхонлик маданиятига қайтиш жараёни бораётир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ижод аҳлига кўрсатаётган эътибори, пойтахтимиз марказида бунёд этилган адибларнинг фусункор хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси, адабий-бадиий нашрларнинг самарали фаолияти учун яратилаётган имкониятлар қалам аҳлига маънавий куч бағишламоқда. Бундай пайтда илҳом билан ижод қилмасликнинг, юртимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида, одамларнинг онг-тафаккурида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида ёзмаслик мумкин эмас. Жамият ҳаётида, одамларнинг фикр-ўйида, орзу-ниятида янги уйғониш фасли, шу фараҳли кунларга етказгани учун шукроналик туйғуси шуълаланмоқда десак, муболаға бўлмайди. Дунё бугун ҳазрат Алишер Навоийни, Заҳириддин Муҳаммад Бобурни, Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирийни, уларнинг муносиб издошларини завқ билан ўқиётган экан, адабиётимизнинг мавқеини янада кўтариш, энг сара асарларни жаҳон халқлари тилларига ўгириш, хорижий мамлакатларда ўзбек адабиёти тарғиботини кучайтириш, адабий-маданий алоқаларни янги сифат босқичига олиб чиқиш биз учун ғоят муҳим вазифадир.
Шу маънода 7-8 август кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва республика Фанлар Академияси ҳамкорлигида пойтахтимизда биринчи марта ўтказилган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро анжуман адабиёт ихлосмандлари учун муҳим воқеа бўлди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган ижодкорлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига йўллаган табригини баланд руҳ билан кутиб олдилар. Давлатимиз раҳбарининг “Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Биз миллий тикланишдан — миллий юксалишга эришишни ўз олдимизга энг муҳим ва устувор вазифа қилиб қўйдик. Бу улуғ мақсадга эса жаҳон аҳли билан ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб яшаш, очиқ демократик жамият қуриш, ҳаётимизда миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада кенг қарор топтириш орқалигина эришиш мумкинлигини биз яхши англаймиз”, деган сўзлари анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Озарбойжонлик таниқли адиб Анор мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан мамнунлигини изҳор қилар экан, “Озар ва ўзбек адабиётининг улуғ устозлари, тили, дили ва илдизлари бир. Ҳар бир давлат ўзининг миллий чегараларига эга, ижодкорлар ўз асарлари билан уларни янада кенгайтиради. Ҳар бир давлат муаммоларини ички имкониятларидан келиб чиқиб ҳал қилади, ижодкорлар эса ҳар қандай муаммони сўзнинг улкан куч-қудратига суяниб ҳал қиладилар”, деди.
Дарҳақиқат, ҳозирги таҳликали ва нотинч замонда инсоният ҳаётида юзага келаётган янги-янги муаммолар, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва экологик таназзулларни ҳал этиш, ер юзида тинчлик-тотувликни, умуман, инсон ҳаётини, тирикликни сақлаб қолиш, бу борадаги ният ва ҳаракатларни бирлаштириш, мақсад-муддаоларни уйғунлаштириш, жаҳон аҳолисининг учдан бирини ташкил этадиган ёш авлод тарбиясини тўғри йўлга қўйишда бадиий адабиёт, сўз санъати ва маънавий тарғибот имкониятларидан самарали фойдаланиш ғоят муҳим. Иккинчидан, ҳар бир миллий адабиётда миллатнинг маънавий қиёфаси, эзгу инсоний фазилатлари, онг-тафаккури, олийжаноб мақсадлари ўз аксини топади. Шундай экан, бугун адабиётимиз уфқларини янада кенгайтириш, энг сара асарларни жаҳон ҳалқлари тилларига таржима қилиш диққат-эътиборимизда бўлмоғи керак.
Дунё мамлакатларида яхши асарларни тарғиб қилиш, бошқа тилларга ўгириш, шунингдек, моҳир таржимонларни тайёрлаш, улар билан ишлаш борасида ноёб тажриба тўпланган. Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам жаҳон халқлари тилларида яратилган буюк асарларни ўзбек тилига таржима қилишда ўзига хос маҳорат мактаблари яратилган десак, муболаға бўлмайди. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Кибриё Қаҳҳорова, Мирзиёд Мирзоидов, Қодир Мирмуҳамедов, Лола Тожиева, Эркин Миробидов каби забардаст адибларимиз бошлаган хайрли ишларни бугун истеъдодли ёшлар давом эттирмоқдалар. Қувонарлиси шуки, эндиликда жаҳон адабиётининг дурдона намуналари ўзбек тилига бевосита оригинал тилидан ўгирилмоқда. Кейинги йигирма йил ичида биргина “Жаҳон адабиёти “ журнали саҳифаларида жаҳон адабиётининг 300 дан ортиқ дурдона асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, журналхонларга тортиқ қилинди. Жеймс Жойс, У.Фолкнер, Ҳ.Ҳессе, Г.Маркес, Я.Кавабата, Франц Кафка, С.Цвейг, А.Камю, Ф.Достоевский, А.Чехов, Б.Пастернак, И.Бродский каби номдор ёзувчи ва шоирларнинг асарлари ўзбек ўқувчилари дунёқарашини бойитди, тафаккурини чархлади, дея баралла айта оламиз.
Анжуман иштирокчилари турли шуъбаларга бўлиниб, ҳар икки тажрибани уйғунлаштирган ҳолда халқаро адабий-маданий алоқаларни янги сифат босқичига кўтариш, бадиий таржимачилик борасидаги илмий-назарий қарашларни ўрганиш, ютуқ-камчиликларни таҳлилга тортиш, таржимада асар ғояси, муаллиф фикри ва услубини сақлаш, бадиий ифодада миллий ва диний ўзига хосликларни назардан қочирмаслик, хорижий мамлакатларда ўзбек тили ва адабиётини тарғиб қилаётган ижодкорлар билан мустаҳкам алоқада бўлиш масалаларини қизғин муҳокама этдилар.
Афғонистонлик таниқли олим Абдулҳаким Жузжоний дунё мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётган тарихимиз, адабиёт ва санъатимизга тааллуқли қимматли қўлёзмаларни ўрганиш зарурлиги хусусида фикр юритди. Франциялик Элен Мэла хонимнинг фикрича, таржимон бир халқ маданияти ва тарихини бошқа бир халққа етказувчи тинчлик элчиси, бинобарин, у бадиий таржима билан шуғулланар экан, зиммасидаги бу масъулиятни унутмаслиги керак. Литвалик Сергей Гетман анжуман иштирокчилари эътиборини адабиёт жуғрофий жиҳатдан бир-бирига узоқ бўлган кишиларни ўзаро дўст-қадрдонга айлантирувчи куч, маънавий восита эканлигига қаратди. Узоқ йиллардан бери бадиий таржима масалалари билан шуғулланиб келаётган ижодкор ва олимлар Саодат Комилова, Хуррам Раҳимов, Хайрулла Ҳамидов, Раъно Азимова, Бобохон Шарипов, Антонина Иплина ва бошқалар таржимачиликда мақсадга тўла эришиш, асосан асл нусха билан ишлаш, муаллиф ва ношир ҳуқуқини ҳурмат қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимларига тўхталиб ўтдилар. Қирғизистонлик таниқли адабиётшунос олим, академик Абдуллажон Ақматалиев Ўзбекистонда ижодкор зиёлиларга кўрсатилаётган эътибор, мамлакат раҳбарининг қарорига биноан буюк ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш бўйича амалга оширилаётган кўламли тайёргарлик ишлари, ёзувчи асарлари ўзбек тилида муттасил чоп этилаётгани, театрлар саҳналарида спектакллар намойиш этилаётгани, Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий тадқиқот маркази фаолият юритаётганидан мамнунлигини изҳор қилди. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида анжуманда иштирок этаётган олимлар билан ҳамкорликда ўзбек адабиётининг хорижий дўстлари кенгашини тузиш, унинг фаолиятини тизимли асосда ташкил этиш тўғрисидаги таклифи эса барчанинг дилидаги гап бўлди.
“Иностранная литература” журнали бош муҳаррири Александр Ливергантнинг фикрича, жаҳон адабиёти дунё халқлари ёзма маданиятининг энг сара намуналаридан ташкил топади. Ён атрофларимизда, олис-олисларда турли тилларда яратилаётган пишиқ-пухта асарлардан хабардор бўлиш, умум адабиёт ривожига ҳисса бўлиб қўшиладиган ижод намуналарини таржима қилиш зарур. Шу маънода “Иностранная литература” ва “Жаҳон адабиёти” журнали ўртасида ижодий ҳамкорлик меморандумини имзолаганимиз самара беришидан умидворман”, деди у.
Туркиялик ношир Имдод Авшар кейинги йилларда мамлакат нашрларида ўзбек адабиётига алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаб ўтди. Тадқиқотчи Барно Орипова Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг немис тилига ўгирилиши мисолида бадиий таржима масъулияти ҳақида сўз юритди. Таржимон Хуррам Раҳимов Олмониядаги “Олмон-Ўзбек илмий жамияти” архивларида узоқ йиллар давомида ўзбек тилидан немис тилига таржима қилинган турли жанрлардаги асарлар ҳақида маълумотлар мавжудлигини таъкидлади. Ўзбек-олмон таржимашунослигида узоқ йиллар давомида жуда катта илмий-ижодий тажриба тўпланган. Бу иш билан дастлаб Ҳерман Вамбери, Мартин Ҳартманн, У. Брайденбах, Йоханн Аветараниан, кейинчалик А. Фон Габайн, Нёта Тун, Йоханн Бенцинг, Дориц Шульц, Ингеборг Балдауф, Якоб Таубе, Карл Райхл, Барбара Хайнкеле, Барно Орипова, Ўзбекистонда эса Йўлдош Нурмуродов, Шариф Рўзиев, Раъно Файзуллаева, Шавкат Каримов, Отабой Жуманиёзов, Ровияжон Абдуллаева, Акмалхон Абдуллажонов, Шуҳратхон Имяминова, Зоҳид Жуманиёзов, Мусохон Тожихўжаев, Зоҳиджон Турсунов ва бошқалар давом эттиришган. Бугун эса бу сафга ҳар икки томонда ҳам янги-янги номлар қўшилмоқда. Бу — яхши албатта. Аммо гап сафда эмас, сифатда. Анжуманда айтиб ўтилганидек, Расул Гамзатов, Қайсин Қулиев, Давид Қуғултинов каби сўз санъаткорларининг дунё адабий майдонга чиқиши, ном қозониши, шубҳасиз, таржимонларнинг маҳорати билан боғлиқ. Ўзбек адабиётининг энг пешқадам вакилларига эса бундай омад кулиб боқмади, буни ҳеч ким инкор этмайди. Шундай экан, бугун бадиий таржима тўғрисида жиддий ўйлаб кўрмоқ, тегишли ташкилотчилик ишларини амалга оширмоқ зарур бўлади.
Бугун Ўзбекистон кўп жиҳатдан дунё эътиборида турибди. Кейинги икки йил ичида ҳаётимизда юз берган шиддатли ўзгаришлар, давлатимиз раҳбарининг янги халқпарвар сиёсати, “Раҳбарларнинг бош ва асосий вазифаси халқнинг турмуш шароитини яхшилаш” деган сўзлари, эл-юрт манфаатлари кўзланган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий дастурлар, сўз ва амал уйғунлигига эришиш борасидаги ислоҳотлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий қизиқиш уйғотди. Халқаро анжуман иштирокчилари билан суҳбатларда дунёнинг АҚШ, Германия, Франция, Канада, Италия, Япония, Корея, Ҳиндистон каби мамлакатларида ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга бўлган қизиқиш кун сайин ортиб бораётгани ҳам маълум бўлди. Чунончи, Ҳиндистондаги йирик миллий университетлардан бирида ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ташкил этилган бўлиб, у ерда доктор Шоҳид Таслем ҳар йили ўттиздан ортиқ талабага сабоқ беради. Ушбу олий ўқув юрти ҳамда Тошкент давлат Шарқшунослик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мутахассислари (М.Абдураҳмонова, А.Орипова, Ш.Нурматова) томонидан тайёрланган ўзбек тилини ўрганиш бўйича ўқув дарсликлари кўзни қувонтиради. Хорижий мамлакатларда тилимиз, адабиётимиз ва маданиятимизни тарғиб қилаётган, бу муҳим ишни амалий натижалар билан мустаҳкамлаётган фидойи инсонлар оз эмас.
Адабиёт – катта боғ, унда узоқ йиллардан бери муттасил ҳосил бераётган салобатли дарахтлар билан бирга, энди-энди гуллаётган, қаддини ростлаётган ниҳоллар ҳам бўлади. Яхши боғбон уларни меҳр билан парваришлайди, ҳамиша кўз-қулоқ бўлиб туради. Чунки, ҳаётда бўлганидек, боғда ҳам табиий алмашинув ҳодисаси юз беради. Ушбу анжуман адабиётимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш, нуфузини кўтаришга ҳисса қўшаётган фидойи олимлар, тажрибали ва ёш таржимонларга эътиборни кучайтириш, заҳматли меҳнатларини қадрлаш, хорижий нашриётлар билан алоқаларни йўлга қўйиш зарурлигини кўрсатди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон