Аҳмаджон Мелибоев. Бола тарбиясига яширинган даромад

Жаҳон банки президенти Жим Ён Кимнинг Америка Қўшма Штатларида чоп этиладиган нуфузли “Foreign affairs” журнали сайтида эълон қилинган “Инсон капиталини ривожлантиришдаги узилишлар” сарлавҳали таҳлилий ҳисобот мақоласида келтирилган мушоҳадалар, банк экспертларининг муҳим хулосалари, умуман, инсон капиталига эътиборни кучайтириш зарурлиги ва бундай сиёсатнинг самаралари билан боғлиқ факт ва рақамлар ушбу мавзуга дахлдор кишиларни бефарқ қолдирмайди. Бунга мақоланинг қизиқарли, ноанъанавий услубда ёзилгани билан бирга, мавзунинг ҳамма замонларда, бугун ҳам, келажакда ҳам жаҳоннинг жамики давлатларига – бойигаю камбағалига истисносиз тааллуқли экани, миллий тараққиёт йўлидан бораётган ёки бу йўлни орзулаётган ҳеч бир давлат инсон капиталини ривожлантиришдек муҳим вазифани четлаб ўтиши мумкин эмаслиги сабабчи дегим келади.

Ижтимой-сиёсий ҳаётда давлат-жамият-шахс муносабатлари мавжуд экан ва бу учлик сафига яқин-келгусида бирор ўзгартириш киритиш, масалан уни қисқартириш ёки бошқа бир тушунча билан бойитишнинг зарурати йўқлиги боис, инсон манфаатлари ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди. Аммо бу тушунча қайси бир ҳолатда қайси бир жойда, минтақада маълум муддат эътибордан четда қолиши, мавҳум даражали масалага айланиши мумкин. Бунда, шубҳасиз, миллий тараққиёт, умумривожланиш, мақолада айтилганидек, “мураккаб узилишларга дуч келади”, жамият инқирозга юз тутади, одамларнинг турмуш тарзи, харид қуввати сусаяди, давлат-жамият-шахс муносабатларида ўнглаш қийин бўлган номутаносиблик юзага келади.

Бу ҳолатга тушишнинг аянчли оқибатларини собиқ тузумнинг сўнгги йилларида иттифоқдош республикалар ҳаётида юз берган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий танглик, инсоний фожеалар, озиқ-овқат тақчиллиги мисолида яққол кўриш мумкин бўлди.

Иқтисодчи, молиячи мутахассислар илмий мулоқот тилида “инсон капитали” иборасини ишлатишади. Оддий тилда мулоҳаза юритиш учун “инсон манфаатлари” иборасидан бемалол фойдаланиш мумкин, зеро, бундай оддийлик бу икки иборанинг бир-биридан фарқ қилувчи айрим жиҳатларини  инкор этмайди. Шундай экан, фикримизни оддий мушоҳада тилида баён қилишга ҳаракат қиламиз.

Бу ёруғ оламда инсон ҳаёти пайдо бўлганидан бери одамлар яхши, тинч яшашни орзу қилади. Бунинг учун кўп нарса керак эмас: тирикчилик шароити, тинч уй-жой, болалари ҳаётининг хавфсизлиги бўлса, бас. Дунё дунё бўлганидан бери, ер юзининг қайси бир пучмоғида бўлмасин, юзага келган жамиятлар ҳам, аслида, шу уч ниятни ўзининг бош мақсади деб билган. Инсониятнинг бутун тарихи давомида давлат тепасига келган ҳукмдорларнинг ҳаммаси одамлар  ҳаётини яхшилашга интилишган, ҳаракат қилишган, турли-туман ислоҳотларни амалга оширишган (Бундан ёвуз ниятли бузғунчилар, вайронкор кимсалар, қонхўр золимлар, истисно, албатта). Аммо биргина ниятнинг ўзи билан иш битмаган. Чунки, бундай ислоҳотларда ҳукмдорлар билан жамият аъзоларининг манфаатлари ўзаро уйғунлашмаган, аниқроғи, икки тараф хоҳиш-истакларининг мос келишини раҳбар доиралар хоҳлашмаган.

Собиқ совет тузумида айнан шундай номақбул йўл тутилгани бугун энди ҳеч кимга сир эмас. Шўролар салтанати ўзининг юксак чўққисига кўтарилган пайтларга доир ҳужжатларни варақлар экансиз, “инсоннинг камолоти, бахт-саодати, қадр-қиммати, фахр-ифтихори, совет оиласининг мустаҳкамлиги” тўғрисида шу қадар кўп гапирилгани,  бу ҳақда бутун дунё­га жар солингани, жамики расмий ҳужжатлар, узундан-узоқ маърузалар, “буюк истиқбол режалари” айни шу сўзлар билан тўлиб-тошганига гувоҳ бўласиз. Аслида эса, расмий сиёсат тамомила бошқа  –  одамларнинг онг-тафаккурини жиловлаш, фикр эркинлиги йўлига тўсиқ қўйиш, жамиятни карахт ҳолатда тутиб туриш, миллий уйғониш, ўзликни англашга изн бермаслик  йўлидан борди.

Биргина мисол. Шўро тузуми дунё мамлакатларининг ҳеч бирида қўлланилмаган, ақлли-ҳушли одамнинг ҳатто тушига ҳам кирмаган ғайриинсоний сиёсатни амалга оширди – мамлакатда тадбиркорлик, ишбилармонлик расман тақиқлаб қўйилди. Бу тақиқни бўз ерни не азоб-уқубат билан ўзлаштириб, экин эккан, кузда мўл ҳосил кутаётган деҳқоннинг  шу экинга келадиган сув йўлини бошқа биров эмас, ўзи, ўз қўли билан бузиб ташлашига менгзаш мумкин. Бошқача ифодалаш қийин. Таассуфки, бу калтабин сиёсат узоқ вақт ҳукм сурди, оқибат натижада тузумнинг ўзини таназзулга олиб келди.

Бугун дунё ҳам, одамлар ҳам ўзгарди. Инсоният яхши ният билан янги асрга қадам қўйди. Оламшумул ихтироларнинг саноғи кун сайин ошиб бормоқда. Аммо… муаммолар саноғи ҳам  шунга яраша бўлмоқдалиги ғалат. Илмий-техникавий тафаккур ривожи янги аср муаммолари олдида танг қолаётган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Уларни бирма-бир санашга ҳожат йўқ, одам савдоси, гиёҳвандлик, қочоқлар, терроризм, диний мутаассиблик каби бало-офатларнинг ўзи ҳаммасини айтиб турибди. Бунга баъзи расмий маълумотларни қўшайлик: дунёнинг ривожланган ўн давлатида ҳарбий-саноат комплекси харажатлари кун сайин эмас, соат сайин ошаётгани аниқ. Дунёда  инсоннинг яшаши учун яратилаётган жамики имкониятлардан аҳолининг атиги 17 фоизи фойдаланаётир, қолган 83 фоиз аҳолига эса 17 фоиз имконият қолмоқда. Бундай “тақсимот” наҳотки сақланиб қолаверса?

Жим Ён Кимнинг мақоласида келтирилишича, инсон капиталига инвес­тиция киритишдан кўра самарали иш, доно ечим йўқ. Бу қўйилма таълим соҳасида, айниқса,  яхши самара беради. Буни иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония тутган йўл ҳам тасдиқлайди: четдан қарз олинмагани, мавжуд ички имкониятлар асосан мактаб таълимига йўналтирилгани боис, Япония қисқа муддат ичида ўзини тиклаб олди. Жаҳон банки томонидан ўтказилган тадқиқотлар ҳар бир қўшимча таълим йили инсон даромадини ўртача 10 фоизга оширганини кўрсатган. АҚШдаги бошланғич мактабнинг алоҳида синфида ишлаётган паст малакали ўқитувчини ўрта даражадаги мутахассисга алмаштириш ўқувчиларга бутун иш фаолияти давомида қўшимча 250 минг долларгача даромад олиш имконини берган. 2010 йили Мичиганда таълим самарадорлигини ошириш учун сарфланган ҳар бир доллар жамиятга 7-12 долларгача фойда бўлиб қайтган.

Бундай мисолларни бошқа манбалардан ҳам келтириш мумкин. Юқоридаги тўрт муаммонинг урчиши, асосан, ишсизлик, таълим-тарбиянинг сустлиги, саводхонлик даражасининг (зиёлиликнинг) пастлиги билан бевосита боғлиқ. Социолог Фишманнинг фикрича,  она тилига эътиборнинг пастлиги ҳам ёшлар орасида жиноятчиликнинг кўпайишига олиб келар экан.

Ўйлаб кўрайлик, дунёнинг етакчи мамлакатларида ўтказилаётган турфа хил ислоҳотлар, тараққиёт дастурлари, илмий-техникавий тадқиқотлар марказида ҳамиша ҳам инсон манфаати ётадими ёки уларда бошқа мақсадлар ҳам борми? Масалан, бугун ривожланган мамлакатларда оғир саноат соҳасида меҳнат қилаётган ишчиларни “сунъий интеллект” деб номланган роботлар билан алмаштиришга жиддий эътибор берилмоқда. Давос шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги форумда россиялик тадбиркорлар бу йўналишда эришган ютуқларини завқ билан намойиш қилишди. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин-келгусида бундай қурилмалар узоқ йиллик меҳнат стажига эга, тажрибали 250-300 минг кишининг ўрнини эгаллайди. Демакки, шунча киши ишдан бўшатилади. Хўш, улар оиласининг таъминоти, ўзининг тақдири нима бўлади? Бундай ҳолатлар бугунги тараққиёт, даромад кетидан қувиш шиддати  инсон манфаатларини четлаб ҳам ўтмоқда, деган аччиқ мушоҳадага олиб келади. Эътироз билдириш қийин. Чунки, роботлар одамларга ўхшаб иш ҳақи талаб қилмайди, иш ташлаш ҳолатлари юз бермайди, намойишлар тўхтайди, ёши ўтганида уларга нафақа  тўланмайди.

Масаланинг қисқача моҳияти шундан иборат. ХХI аср эркинлиги ҳар бир давлатга ўзи танлаган йўлдан юришга изн берди. Аммо бу ёруғ дунёда йўл дегани шу қадар кўпки, уларнинг ҳаммаси Римга ҳам, кўзланган мақсадга ҳам элтмайди. Ҳар бир давлат ўзи учун мақбул тараққиёт йўлини белгилар экан, бунда, аввало, кўзлаган мақсадидан келиб чиқади. Ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги бошида мустақилликка эришган республикаларда айнан шундай бўлди – ҳар ким ўзига мақбул тараққиёт йўлини танлади. Ўзбекистон ташқаридан қарз кўтармасликка, ўзининг ички имкониятларига ва халқимизнинг салоҳияти ва хоҳиш-иродасига таяниб иш кўришга қарор қилди. Бу қарор нечоғли тўғри бўлганини бугун дунё ҳамжамияти эътироф этиб турибди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кейинги икки йиллик фаолияти, янги халқчил  ижтимоий-иқтисодий сиёсати ва биринчи йилнинг “Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили” деб номланишидаёқ инсон капиталини ривожлантириш мақсадлари яққол кўзга ташланади. Халқ билан мулоқотга киришиш, танқидий мушоҳадаларини тинглаш, одамларнинг ҳақли эътирозлари ва амалий таклифларини ўрганиш, таҳлил қилиш, ўринлиларини қабул қилишнинг ўзи сон-саноқсиз муаммоларни ижобий ҳал қилиш имконини берди. Бугун ҳам давом этаётган бу жараён мамлакат иқтисодиётига қанча самара берганини оддий рақамларда акс эттириш қийин. Бу самара мурожаатлари ўрганиб чиқилган ва тегишли чора-тадбирлар белгиланган миллиондан ортиқ юртдошларимизнинг турмуш тарзида, бугунги фарахли кунларга етиб келгани шукронасида ўз ифодасини топиб турибди. Бундан ортиқ самара бўлмас.

Иккинчидан, давлатимиз раҳбари жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ривожлантириш, эл-юртнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига  ишончини мустаҳкамлаш орқали содир этилаётган  жиноятларнинг олдини олиш, бу йўлга билиб-билмай кириб қолган, хатосини тушуниб, чин дилдан тазарру қилган ёшларни (катта ёшлиларни ҳам) оилага, маҳаллага, фаол ижтимоий ҳаётга қайтаришни  ғоят муҳим вазифа сифатида белгилади. Қисқа вақт ичида кўплар оила бағрига, фарзандлари ёнига, қариндошлар сафига қўшилди, мутасаддилар уларнинг соғлиғини тиклаш, ишга жойлаштириш, оилавий муаммоларини ҳал этиш билан жиддий шуғулланмоқдалар. Енгил қонунбузарлик қилган ёшларнинг хулқи ота-оналари, жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилиб, улар маҳалла ва  ёшлар иттифоқи томонидан кафилликка олинди.  Ишсиз, уюшмаган ёшларнинг катта қисми ишга жойлашди, уқувлиларига тадбиркорлик билан шуғулланиш имкони  берилди. Демакки, қанчадан-қанча жиноятларнинг олди олинди, оилалар бут бўлди, кўнгли ўксик фарзандларнинг қадди тикланди, муштипар оналарнинг чеҳраси ёришди.  Бу ишлардан келаётган мўмай фойдани ҳатто жаҳон банки кузатувчилари ҳам аниқ ҳисоблай олмасалар керак.

Давлатимиз раҳбари яхши қўшничилик, аҳил-иноқлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром сиёсатини юксак  поғонага кўтарди. Ҳам ичкарида, ҳам ташқарида ўринли-ўринсиз қўйилган тўсиқлар олиб ташланди, асоссиз текширувларга, шубҳа-гумонларга барҳам берилди. Узоқ йиллар бир-биридан узилиб, бегоналашаётган  оилалар, бир ота-онанинг фарзандлари, сулолалар, дўст-қадрдонлар, касбдошлар бугун бир-бирларини бағриларига босиб, Президентимизни дуо қилмоқдалар. Маданият, адабиёт, театр ва кино санъати намояндаларининг ўзаро борди-келдилари, ижодий ҳафталик ва декадалар  тиклана бошланди, бугун барчамиз ижодкорликдаги янги уйғониш фаслига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўш Давлат Академик драма театри ижодкорлари Миллий Академик драма театримиз саҳнасида Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссаси асосида тайёрланган спектаклни намойиш этдилар. Ўзбек ва қирғиз кино ижодкорлари биргаликда “Дилбарим” фильмини суратга олмоқдалар. “Жаҳон адабиёти” журналининг бу йилги тўртта сони Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ижодкорларига бағишланмоқда. “Шарқ юлдузи” ва Қирғизистонда чоп этиладиган “Ала-тоо” адабий-бадиий журнали ўртасида ижодий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ёзувчилар уюшмасида Украинанинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан биргаликда оташнафас шоира Леся Украинканинг ўзбек тилига ўгирилган “Марварид ёшлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари қўшни Қозоғистонда бўлиб, ҳамкасблари билан дилдан суҳбатлашиб, янги ижодий режалар тузиб қайтдилар. Бошқа соҳаларда ҳам қувонарли ўзгаришлар юз бераётир. Халқ кўнгилдаги кўтаринкилик, янги ижод намуналари, янги китоблар, таржималар, устоз-шогирдлик анъаналари  – булардан келаётган фойдани ким ҳисоблайди? Буларнинг ҳаммаси инсон капиталини ривожлантириш, инсон манфаатларига хизмат қилиш, ҳазрати Инсонни улуғлаш эмасми?!

Буюк адиб Чингиз Айтматовнинг бундан роса йигирма икки йил аввал Тошкентда сўзлаган нутқида айтилган қуйидаги сўзлари беихтиёр ёдга тушади: “Борди-келдиларимиз деярли тўхтаб қолди. Ҳозир ўзбек адабиётида, хусусан ёш ўзбек адиблари ижодида қандай ютуқлар бор, улар қайси мавзуларни қаламга олмоқдалар, қандай янги йўналишлар мавжуд – бундан биз томондаги тенгдошларингизнинг хабари йўқ. Ва, аксинча, бизда нима гап, ёзилаётган, чоп этилаётган асарларнинг мазмуни, ғоявий-бадиий савияси қандай – буни сизлар билмайсизлар. Бу кетишда бир-биримиздан  узоқлашиб кетамиз. Бора-бора бир-биримизни танимай қоламиз, бир-биримизга ишончсизлик, ҳадик кўзи билан қараш бошланади. Мен асло бўрттираётганим йўқ. Бепарво юраверсак, бир-биримизга интилмасак, шу даражага тушишимиз аниқ. Бора-бора бир-биримизни таржимон орқали тушунадиган бўлиб қоламиз. Бу – тузатиш қийин бўлган катта маънавий фожиа бўлади…” Не бахтки, бугун ана шу маънавий фожеа қирғоқларидан узоқлашмоқдамиз. Бу жараён  бардавом бўлсин.

Кейинги икки йил ичида мамлакатимизда миллий таълим соҳасини амалда ислоҳ қилишга, хусусан, соҳа кадрлари малакасини  оширишга алоҳида эътибор берилди. Мамлакатда мактабгача таълим соҳаси ночор аҳволга тушиб қолганини, бу борада бепарво ўтказаётган  ҳар  кунимиз шундоқ ҳам мураккаб муаммони янада мураккаблаштириши  мумкинлигини тушуниб етдик, Президент Фармонига биноан янги вазирлик ташкил этилди. Мактабгача тарбия муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари белгиланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Яқин Шарқ мамлакатларидан бирида болаларни бўлажак касбга йўналтириш… боғча тарбиясидан бошланади. Тарбиячилар (тажрибали педагог ва руҳшунослар) ота-онаси боғчага олиб келган боланинг қандай ўйинчоқлар ўйнаши, бошқа болалар билан муомаласига қараб, уларни маълум йўналишли гуруҳларга ажратилади. Бунда улар боланинг  томирлари қайси соҳага мойиллигини билишга ҳаракат қилишса керак. Шундай қилинганда бола ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага яқинлашади, уни ўрганади ва… боғчадан кейин мактабда, олий ўқув юртида яхши ўқийди, фанларни аълога ўзлаштиради. Бундан келадиган даромадни тасаввур қиласизми?

Давлатимиз раҳбарининг оилани мустаҳкамлаш борасидаги Фармон ва қарорларини олайлик. Оила – инсоният ўзининг бутун тарихи давомида ихтиро қилинган энг ноёб ячейка бўлса керак. Оила таназзулга юз тутса, айтайлик, ундаги ўртача уч-тўртта бола қаровсиз қолса, бири жиноятга, иккинчиси гиёҳвандликка, учинчиси порахўрликка, тўртинчиси танбалликка мойил бўлиб вояга етса, жамият олдида янги тўртта муаммо пайдо бўлади, уларни бу касалликдан фориғ  қилиш учун  сарфланадиган маблағнинг миқдорини ким айта олади?

Жаноб Жим Ён Кимнинг мақоласида айтилишича, шу йилнинг октябрь ойида Бали оролида бўлиб ўтадиган Жаҳон банки гуруҳининг йиллик йиғилишида бугун дунёга келадиган бола 18 ёшга етганида унинг саломатлиги қандай бўлиши, бу борада қандай муаммоларга дуч келиши  турли мамлакатлар мисолида кўрсатиб берилар экан. Бошқа мамлакатларни билмадим, аммо Ўзбекистонда бугун дунёга келган чақалоқ 18 йилдан кейин қандай ҳаёт кечиришини, саломатлиги, илми, онг-тафаккури, хулқ-одоби қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас: мамлакатимизда инсон капиталига сарфланаётган харажатлар йиллар ўтгани сайин, беш-ўн баробар бўлиб, ўзимизга, эл-юртимизга, маънавий баркамоллигимизга қайтади ва жаҳон банки мутасаддиларининг йиллик ҳисоботларини гўзал рақамлар билан безайди.

Банк ва Халқаро молия корпорациясининг сўнгги маълумотлари бундай умидворликка асос бўла олади. Чунончи,  ушбу икки нуфузли ташкилотнинг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг рейтинги 2 баробардан ортиқ яхшиланиб, жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилган, бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳити, ҳуқуқий кафолот бўйича эса мамлакатимиз биринчи ўнликдан жой олган. Бу натижалар, шубҳасиз, Ўзбекистонда амалга оширилаётган жамики ислоҳотлар марказида Инсон ва унинг манфаатлари ётишини тасдиқлайди.

 «Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 6-сон