Ўтган асрнинг бошларида янги ўзбек адабиёти деган феноменнинг юзага келгани муҳим воқеа эди. Агар мураккаб тарихий даврда яшаган ижодкорлар шеърият, наср ва драматургия турларидаги асарлари билан янги тарихий даврнинг эрк ва ҳуррият ғояларини фидойилик билан тарғиб ва ташвиқ қилмаганларида, мудроқ халқ уйғонмаган, миллий адабиётимиз эса янги услуб ва жанрлар билан бойимаган бўларди. Шунинг учун ҳам шу давр адабиётининг бешигини тебратган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Ҳамза сингари ижодкорлар қаторида Ғулом Зафарий номини ҳам ҳурмат билан тилга олиш лозим.
* * *
Ғулом Зафарийнинг қачон ва қаерда туғилганлиги тўғрисида турлича қарашлар мавжуд.
Маълумки, ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охири – олтмишинчи йиллари бошларида, шахсга сиғинишнинг фожиали оқибатлари фош этилганидан сўнг, қатағон этилган ёзувчилар ижодини ўрганиш ва уларнинг асарларини халққа қайтариш ишлари бошланган. Шу хайрли жараёнда, филология фанлари номзоди Муҳсин Зокиров ҳам фаол қатнашиб, “Тошкент оқшоми” газетасида унутилган ёзувчилар ижодига бағишланган адабий саҳифаларни ташкил қилган. Мазкур газетанинг 1968 йил 1 июль сонида илк бор Ғулом Зафарийга бағишланган махсус саҳифа ажратилган. Мазкур саҳифада берилган Муҳсин Зокировнинг мақоласида Ғулом Зафарий 1899 йили Тошкент шаҳридаги Зарқайнар маҳалласида туғилган, деб ёзилган. Шу йили “Тошкент оқшоми”нинг “Адабий саҳифалар”ида берилган барча маълумот ва материалларнинг марҳум ёзувчилар архивидан олинганлиги сабабли, ўша маълумот Ғулом Зафарий ҳақидаги аксар мақолаларда тиражланиб келди. Камина ҳам “Гулистон” журналининг 1996 йилдаги 4-сонида босилган мақоламда: “Ғулом Зафарий 1899 йили Тошкентнинг Зарқайнар маҳалласида туғилди. У 1937 йилда ҳибсга олинганида, Каттабоғ маҳалласидаги Холиқов деган кишига қарашли 71-уйда ижарада яшаган”, деб ёзганман. Сирасини айтганда, бу сўзлар Ғулом Зафарийнинг 1937 йилдаги тергов жараёнида берган маълумотига мутлақо зид келмайди. Зеро, Ғулом Зафарийнинг маҳбуслик анкетасида туғилган санаси ва жойи “1899 йил, Тошкент шаҳри”, деб қайд этилган. Ҳибсга олинган кунларида ижодкорнинг Холиқовнинг уйида ижарада яшаганлиги тўғрисидаги маълумот ҳам шу тергов материалларидан олинган. Аммо филология фанлари доктори Бердиали Имомов “Шарқ юлдузи” журналининг 1981 йил, 11 сонида эълон қилинган “Ғулом Зафарий – шоир ва драматург” деган мақоласида адибнинг туғилган санаси ва жойи ҳақида бундай маълумотни берган: “Сиддиқа Ғуломованинг бизга ёзиб берган “Отагинам” сарлавҳали хотираномаси ва бошқа маълумотларга қараганда, Ғулом Зафарий 1888 йилда Қўқоннинг Ёғбозор маҳалласида ҳунарманд-мискар оиласида таваллуд топган (айрим манбаларда, масалан, “Тошкент оқшоми” газетасининг 1968 йил 1 июль сонида унинг туғилган жойи Тошкентда дейилиб, ёши ўн бир йилга кичрайтирилади). Ёш Ғулом эски мактабда ўқиб юрган кезларида, тахминан, асримизнинг бошларида, уларнинг оиласи Тошкентнинг Бешёғоч даҳасига қарашли Чақар маҳалласига кўчиб келади ва шу ердан ҳовли-жой сотиб олиб яшай бошлашади”.
Тўқсонинчи йилларнинг бошларида, Тошкент телевидениесининг истаги билан Ғулом Зафарийга бағишланган телекўрсатувни ташкил этганимда, адибнинг қизи Сиддиқа Ғуломова каминага ҳам “Отагинам” хотираномасининг бир нусхасини берган эди. Афсуски, уч саҳифадан иборат бу хотираномада адибнинг 1888 йили Қўқон шаҳрида туғилганлиги ҳақида бирор маълумот йўқ. Аммо, академик Мамажон Раҳмонов “Маърифат қурбони” деб номланган суҳбатида “Театр” журналининг 2000 йил 3 сонида босилган Сиддиқа Ғуломованинг 1963 йилда унга “отаси ҳақидаги қимматли маълумотлар”ни берганини айтиб, бундай деган: “Ғулом Зафарий 1889 йилда Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Асримиз бошида унинг оиласи Тошкентнинг Чақар маҳалласига кўчиб келади. Бўлғуси ижодкор аввал эски мактабни, сўнгра рус-тузем мактабини битиради”.
Сиддиқа Ғуломованинг каминага берган хотираномасига қараганда, бўлажак адибнинг отаси уста Музаффар “очиқ чеҳрали”, “жуда-жуда қизиқчи ва меҳрибон оталардан бўлган”. У маҳалла болаларини кўрганида, “уларга қанд-қурс улашар”, сўнгра: “Гижбададўнг-гижбададўнг, Пули борнинг гапи ўнг, Пули йўқнинг гапи тўнг”, деган сўзларни ашула қилиб айтар ва уларни ўйин тушишга чорлар экан. Онаси Файзинисо отин эса “ақлли, илмли, ҳожатбарор, ҳамма қўни-қўшниларга ва маҳаллага меҳрибон, тадбиркор”, “чевар, чеварлик орқасида пулдор она”лардан бўлган экан. “Маҳаллада тўй бўлса, – деб ёзган Сиддиқа опа, – маслаҳатгўй, қолаверса, пулдан ёрдамда бўлиб, <тўй-ҳашамларда> бош-қош бўлиб, доим ҳурматда бўлганлар. Ҳозир ҳам <уни> ҳурмат билан тилга олурлар”.
Адабиётшунос Бердиали Имомов адиб ҳақидаги мақоласида Сиддиқа Ғуломовадан олган маълумотларга асосланган ҳолда, адибнинг ота-онаси ва болалик йиллари ҳақида қуйидаги фикрларни келтиради: “Уста Музаффар оиладаги якка-ягона фарзанди Ғуломнинг ҳар томонлама баркамол шахс, билимли инсон бўлиб етишиши устида қайғуради. Шу мақсадда, отаси уни Тошкентдаги рус-тузем мактабларидан бирида ўқитади. Ғуломнинг санъатга меҳри ортишида унинг ўқимишли, чевар онаси Файзинисо даъватлари, кечалари эски китоблардан, достону қиссалардан ўқиб, эртаклар айтиб беришлари беиз ўтмади ва ёш фарзанди қалбида санъатга жуда эрта меҳр уйғотди.
Ўз касб-корлари орқасида яхшигина турмуш кечирган бу оила ёлғиз фарзандининг хоҳишига қараб, собиқ Эшонгузар (Тошкентдаги Самарқанд дарвоза кўчасига туташ Каттабоғ) маҳалласидан меваларга бой, кўркам ҳовли-боғ сотиб олишади ва шу ерда истиқомат қилишади.
Ўқишни битиргач, Ғулом Зафарий Кушобда ўқитувчилик қила бошлайди…”
Афсуски, Бердали Имомовнинг бу маълумоти бир оз умумий ва анъанавий сўзлардан иборат. Мақола муаллифи адиб оиласининг Тошкентга кўчиб келиш сабабларини, бизнингча, нотўғри изоҳлаган. Негаки, “ўз касб-корлари орқасида яхшигина турмуш кечирган” оила ҳеч қачон мурғак фарзандининг хоҳишига қараб, бошқа шаҳарга, бегона кишилар орасига кўчиб бормайди. Уста Музаффарнинг оиласи билан Тошкентга кўчиб келишининг бошқа бир сабаби бўлиши мумкин.
Бизга шу нарса аёнки, бўлажак драматург, дастлаб, эски мактабни, сўнгра рус-тузем мактабини битирганидан сўнг, Тошкентдаги Хўжа Аҳмад мадрасасида таҳсил олган. 1912 йили у, номаълум сабабларга кўра, Ўш шаҳрига бориб, янги усул мактабида ўқитувчилик қилган. 1913 йили эса яна Тошкентга қайтган. Бу, жадидчилик ҳаракати авж олган йиллар эди. Тошкентлик маърифат шайдолари, энди, нафақат, Туркия, Миср, Ҳиндистон, Қрим ва Татаристонда, балки ўзбек диёрида нашр этилаётган газета ва журналларни ҳам ўқиб, дунёда рўй бераётган ўзгаришларни, маориф ва маданият соҳасидаги янгиликларни зўр эътибор билан кузатаётган эдилар. Шу йилнинг сўнги кунларида Тошкент ва Самарқандда театр труппалари ташкил этилганлиги ва бу труппаларнинг илк саҳна асарларини халққа кўрсатиш учун тараддуд кўраётганлари ҳақидаги хабарлар уларни, шубҳасиз, лоқайд қолдирмаган. Ғулом Зафарий ҳам 1913 йил охирларида Авлоний томонидан ташкил этилган “Турон” театр труппасига аъзо бўлиб кирган.
1911-1912 йилларда Туркистонга Илёсбек Ашказорский, Г.Қориев, Қосим Шомил ва Комил Мутий раҳбарлигидаги татар, 1911-1917 йилларда эса Аҳмадбек Камарлинский, Аҳмадхон Хонтальшинский, Ю.Нариманов ва Сидқий Руҳулло раҳбарлигидаги озарбайжон театр труппалари келиб, ўз спекталларини намойиш этишган. Тахмин қилиш мумкинки, Ғулом Зафарий ҳам шу труппаларнинг Тошкентда намойиш этган спектаклларидан хабардор бўлган. Ва, шу ҳол туфайли, унда театр санъатига қизиқиш туйғуси уйғонган, десак, хато бўлмайди. “Турон” труппасининг 1914 йилга оид 22 кишидан иборат рўйхатида Ғулом Зафарий номининг фахрий ўринлардан бирини эгаллаб тургани тасодифий эмас.
Ғулом Зафарий шу йилларда театр санъатига ихлос қўйиш билан бирга, бир нечта ғазаллар ҳам ёзган. Унинг шундай ғазалларидан бири 1914 йили “Ойна” журналининг 40 (июль) сонида ”Э илм!” сарлавҳаси остида эълон қилинади. Орадан етти ой ўтгач, шу журналнинг 1915 йил 9 (февраль) сонида “Ҳолимиз” номли ғазали чоп этилади.
1916 йили Сидқий Руҳулло раҳбарлигидаги озарбайжон театр труппасининг Туркистонга иккинчи марта келиши ўлканинг маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлди. Сидқий Руҳулло шу сафари чоғида “Лайли ва Мажнун”, “Асли ва Карам”, “Аршин мол олон”, “У ўлмасин, бу ўлсин” каби опера ва мусиқали спектаклларини намойиш этибгина қолмай, “Турон” труппаси иштирокида “Лайли ва Мажнун” операсини ҳам саҳнага қўяди. Бу, Тошкент шаҳрида намойиш этилган биринчи мусулмон операси эди. Агар шу тарихий воқеа 1916 йил 12 ноябрь куни рўй берган бўлса, ўша йилнинг 30 декабрида “Турон” труппаси артистлари Сидқий Руҳулло раҳбарлигида “Лайли ва Мажнун” операсини ўзбек тилида намойиш этадилар. Шу спектаклдаги эпизодик ролларнинг ижрочилар орасида Маннон Уйғур, Ғулом Зафарий ва Хуршид ҳам бўлишган.
Шундай қилиб, шу йилларда, биринчидан, “Турон” труппаси мисолида ўзбек театр санъати туғилган бўлса, иккинчидан, шу труппа бағридан Маннон Уйғур, Ғулом Зафарий, Сулаймон Хўжаев, Хуршид сингари театр санъати дарғалари етишиб чиққанлар.
1917 йил Февраль инқилобидан кейин, тошкентлик ва водийлик эрксевар кучлар Қўқон шаҳрида Ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойига тўпланиб, Туркистон Мухторият ҳукуматининг тузилганини эълон қилдилар. Бу, ўзбек жадид маърифатпарварлари орзу ва армонларининг тантанаси эди. Шу қувончли воқеа муносабати билан Мунаввар қори Абдурашидхонов, Саъдулла Турсунхўжаев, Афандизода, Салимхон Тиллахонов, Норбўтабеков ва бошқа “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзолари “Турон” театри биносида махсус йиғилиш ўтказиб, Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида Мухторият фойдасига тушунтириш ишларини олиб боришга қарор қилдилар. Йиғилиш ташкилотчилари орасида Ғулом Зафарий ҳам бўлиб, у М.Уйғур, Б.Қориев, Е.Бобожонов ва А.Ҳидоятов билан бирга “Миллий иттиҳод” ташкилоти раҳбариятининг қарорларини амалга оширишда, хусусан, большевиклар томонидан қамоққа олинган кишиларни озод қилишда фаол иштирок этади. Бу факт Ғулом Зафарийнинг шу йилларда эрк ва ҳуррият йўлида курашган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон сингари ижодкорлар билан бир сафда бўлганидан шаҳодат беради.
Ғулом Зафарий 1918-1921 йилларда болалар учун “Шарифжон”, “Тилак”, “Раҳмдил шогирд”, “Тўсқинлик”, “Баҳор”, “Гунафша”, “Эр ва хотун” сингари бир пардали мусиқали пьесалар ёзади. 1919 йил 20 майда “Намуна” мактаби ҳаваскорлари “Турон” театрида унинг “Ёмон шогирд”, 13 июнда “Турон” қошидаги тўгарак иштирокчилари “Колизей” биносида “Тўсқинлик”, 16 августда “Роҳат боғча” саҳнасида “Баҳор” мусиқали драмаларини намойиш этадилар. Бу бир пардали музикали саҳна асарларининг томошабинларга манзур бўлганини кўрган “Турон” ва “Ўлка мусулмон сиёсий труппаси” Ғ.Зафарийнинг “Тилак”, “Ёмон ўғил” ва “Раҳмдил шогирд” асарларини 1919 йилнинг июнь-октябрь ойларида уч пардали спектакль шаклида томошабинлар эътиборига ҳавола этади. Ҳали болалар учун махсус адабиёт майдонга келмаган бир вақтда, Ғулом Зафарий бу асарлари билан ўзбек болалар драматургиясини бошлаб берди.
Манбаларда қайд этилишича, тилга олинган пьесаларнинг яратилиши ва саҳналаштирилишида Чўлпон, Фитрат, Маннон Уйғур, Қори Ёқубов сингари ижодкор ва санъаткорлар муаллифга яқиндан ёрдам беришган.
1919 йилнинг иккинчи ярмида Маориф халқ комиссарлиги ўзбек халқ этнографияси, театри, мусиқаси, оғзаки ижоди намуналарини тўплаш ва ўрганиш мақсадида Илмий бўлимни ташкил этган, шу бўлим ўз навбатида Мусиқий-этнографик билим ҳайъати, Ўзбек билим ҳайъати, Театр-этнографик билим ҳайъати ва Этнографик билим ҳайъати сингари шўъбаларга бўлинган эди. Мазкур шўъбалардан бири – Театр-этнографик билим ҳайъатига Ғулом Зафарий раис этиб тайинланади ва ҳайъат ўзбек фольклорининг турли жанрларига оид қизиқарли материалларни тўплашга муваффақ бўлади. Унинг шахсан ўзи 1921-1922 йилларда Фарғона водийсига, Элбек эса Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига бориб, икки юзга яқин қўшиқ, юзга яқин лапар, икки мингдан ортиқ мақол ва маталлар (вариантлари билан), юздан ортиқ топишмоқ, бир неча ўнлаб эртаклар, халқ драмаси намуналари, болалар ўйинлари, уруғлар ҳақидаги ривоятлар ва бошқаларни тўплаб, ёзиб келишади. Ғулом Зафарий ўзи тўплаган материаллар асосида “Чиғатой-ўзбек халқ театруси” (“Билим ўчоғи” журнали, 1923 йил, 2-3 қўшма сон) мақоласини ва “Эл ашулалари” (Элбек билан ҳамкорликда, 1925 йил) тўпламини эълон қилади.
“Тўпламдаги халқ оғзаки ижоди намуналари орасида, – деб ёзади филология фанлари номзоди Олим Усмонов, – юрт тарихида рўй берган бирор жиддий воқеага бағишланган тарихий қўшиқлар ҳам бор. Масалан, “Сайдаҳмад” қўшиғи Марғилонда яратилган бўлиб, 1916 йилдаги халқни ларзага солган, баъзи жойларда исёнларга сабаб бўлган мардикор олиш воқеасига бағишланган. Бу қўшиқ халқнинг маҳаллий маъмурларга ва оқ пошшога нисбатан қаҳр-ғазабини ёрқин ифода этади.
Тўпламдан “Бегижон”, “Ажаб ёрларим”, “Андижон борай, дедим”, “Оҳ, менинг шоҳим”, “Ғайра-ғайра”, “Ёринг бўлса”, “Ўртоқ”, “Омон ёр”, “Уфор”, “Гулёр”, “Дўст-дўст”, “Ал омон”, “Алла-алла, ёр, алла”, “Қашқарча”, “Чиройлик”, “Хон ўйини”, “Қани-қани”, “Гул ўйин”, “Қизил бола”, “Чаманда гул”, “Бодом қовоқ”, “Олмача-анорингга балли”, “Ҳой, бола-бола”, “Ҳой, менинг ёримсан”, “Ялла”, “Ёр” ва бошқа кўплаб ишқий-лирик қўшиқлар ўрин олган…
Халқ қўшиқларини ўрганиш Ғулом Зафарий ижодига катта таъсир кўрсатди ва унинг асарларининг халқ орасида машҳур бўлишига сабабчи бўлди. Унинг кўпгина достон ва драмаларига халқ қўшиқларидан намуналар киритилган”.
Ғулом Зафарий шу йилларда мамлакатимизнинг турли вилоятларига қилган илмий экспедицияси натижасида, халқ бадиий хотирасидан ўчиб кетиши мумкин бўлган кўплаб қўшиқларни ёзиб олиб, ўзбек фольклори асарларини тўплаш ва ўрганиш ишига муҳим ҳисса қўшди. Айни пайтда, бошқа вилоятлардаги халқ қўшиқларининг мусиқий хусусиятлари ва ўзига хослигини ўрганиб, ўз асарларининг бадиий-мусиқий жиҳатдан янада жозибадор бўлишига интилди. Унинг, масалан, “Ҳалима” мусиқали драмасини тинмай қайта ишлаб, мукаммаллаштириб боришининг сабабларидан бири ҳам адиб бадиий оламининг йилдан-йилга бойиб, нурланиб бораётганида эди.
Туркистон Мухторияти ва Бухоро амирлиги тугатилганидан сўнг, бошқа собиқ “иттиҳодчилар” қатори большевиклар партиясига ўтган Ғулом Зафарий “фирқавий фаолиятсизлик”да айбланиб, фирқа аъзолари сафидан чиқарилади. Шундан кейин у 1923 йили Термиз шаҳрига бориб, 1927 йилга қадар мусиқа билим юртида мудир бўлиб хизмат қилади. Санъаткорнинг ўзбек мусиқа санъатига доир билими ғоят бой ва чуқур бўлганлиги туфайли унинг билим хазинасидан нафақат талабалар, балки Шарқ мусиқаси билан шуғулланган рус мусиқашунослари ҳам баҳраманд бўладилар. Атоқли мусиқашунос ва композитор В.А.Успенский москвалик касбдоши В.М. Беляевга 1927 йил 18 июнда йўллаган хатида, чунончи, бундай сўзларни ёзган эди: “Самарқандда Ғулом Зафарий билан учрашдим – сенга унинг манзилгоҳини юбораяпман – Самарқанд – Китоб палатаси – унга. Сенга у билан алоқа боғлашни жуда ҳам маслаҳат бераман, у мусиқа бўйича кўп нарсани билади, энг муҳими, мусиқа тўғрисида сўз борган энг нодир китобларни титиб ташлаган. Унга сен ҳақингда гапириб берганман, у сенинг топшириғинг билан инглиз газетасига Самарқанддаги мусиқа ва театр ҳаёти тўғрисида <мақола> ёзиб бериши мумкин”. Шу муаллифнинг 1933 йил 25 июнда ёзган хатидаги қуйидаги сатрлар ҳам Ғулом Зафарийнинг ноёб мусиқашунос олим бўлганидан далолат беради. “Ўзбек шоири Ғулом Зафарий, – деб ёзади у В.М. Беляевга, – менга қуйидагиларни айтди. Дугоҳ эрталаб соат 10 га қадар, Баёт соат 10 билан 12 орасида, Чоргоҳ кундуз соат 1 билан 6 орасида, Сегоҳ оқшомда, Шаҳноз кечаси, Насруллои эса кеч соат 12 дан эрталаб соат 6 га қадар ижро этилади…”
Ўзбек мумтоз мусиқасини мукаммал билган Ғулом Зафарийнинг 1928 йили Самарқандда янги очилган Ўзбекистон мусиқаси илмий-текшириш институтига ўқув бўлими мудири сифатида таклиф этилгани тасодифий эмас. У мазкур илм даргоҳида Фитрат, Н.Н.Миронов, В.А.Успенский сингари ўзбек мумтоз ва замонавий мусиқасини пухта билган алломалар билан бирга ишлайди.
* * *
Баҳс бевосита “Ҳалима” асарининг яратилиш тарихи ва таҳлилига яқинлашар экан, замондошларнинг хотиралари асосида Ғулом Зафарийни қуршаган адабий-маданий муҳит тўғрисида ҳам тўхтаб ўтиш жоиз. Негаки, радио ва телевидение сингари самарадор оммавий ахборот воситалари бўлмаган даврда, зиёлилар ўзларига маслакдош кишилар билан яқинлашиб, тўгарак, гурунг, “гап”га ўхшаган “мажолис ун-нафоис”ларни ташкил этганлар. Шу норасмий адабий-маданий “уюшмалар”да мумтоз шоирларнинг асарларини ўқиб, таҳлил қилганлар, адабиёт ва санъат ҳақидаги янгиликлар билан танишганлар, хонанда ва созандалар ижросидаги мумтоз куй ва қўшиқлардан баҳра олганлар. Бадиий зиёлилар ўртасида бундай ижодий ҳамкорлик турларининг майдонга келиши улар ижодининг шаклланишида муҳим омил бўлган.
Ғулом Зафарий атрофида ҳам шундай адабий-маданий муҳит бўлган.
Атоқли навоийшунос олим Ҳамид Сулаймоннинг хотираларидан маълум бўлишича, унинг отаси – таниқли киноартист, кинорежиссёр ва кинодраматург Сулаймон Хўжаев Ғулом Зафарий ва биринчи ўзбек романи муаллифи Абдулла Қодирий билан бир мадрасада таҳсил олишган. “Отамнинг мадрасадаги ҳамҳужра дўстларидан энг яқинлари, – деб ёзган эди олим, – севикли адибимиз Абдулла Қодирий – Жулқунбой ва драматург Ғулом Зафарийлар эди. Абдулла Қодирийнинг туғилиб ўсган уйи Камолоннинг ғарбидаги қўшни Эшонгузар маҳалласи бўлган. Бизнинг ҳовли билан Абдулла аканинг ҳовлиси ораси ярим километрча бўлиб, шу оралиқда Ғулом Зафарий ҳовлиси ва кичик, ғоятда шинам боғи жойлашган эди. Абдулла Қодирий ва Ғулом Зафарийлар билан дадам болалик чоғидан бирга ўсиб катта бўлган. Уларнинг бир-бири билан абадий ва содиқ дўстлиги, шубҳасиз, уларнинг дунёқараши, қалби, завқи ва дидларининг бир-бирига яқин ва монандлиги билан изоҳланади…”
“Бизнинг боғимиз, – деб ёзади Сиддиқа Ғуломова ўз хотираномасида, – Тошкент Бешёғоч даҳа Эшонгузар маҳалла (ҳозирги Каттабоғ маҳалла)да жойлашган бўлиб, боғимиз гўзал гуллар билан тўла эди. Эшикдан кираверишда ҳовуз, атрофида мажнунтол, ҳовузнинг тўрт томонида хитойи гуллар бўлиб, ўртада шоҳсупа бор эди. Шоҳсупа атрофига гилам тўшалган эди. Ҳеч ким бўлмаса, кўрпача тахлаб қўйилар, тез-тез ёки истаган вақтларида Маннон Уйғур, Аброр ака, Обид Жалилов, Карим қизиқ, Сайфи қори акалар келиб, отам бўлмаса ҳам, супадаги кўрпачаларни солишиб: “Ҳой, Сиддиқа қизим, чой келтир”, – дейишар эди… Отам огоҳ бўлсалар керак, бир оздан кейин Шораҳим ҳофиз, Шожалил, Соат дуторчиларни бошлаб келар эди. Мен отамнинг илтимосига кўра, Абдулла Қодирий, Низом қори ака, яна маҳалламиздаги бир неча суҳбаткашларни чорлар эдим. Шундай давраларда Саидазим ака ҳам иштирок этгувчи эди. Ажойиб ширали овози бўлиб, туғма ашулачи эди. Жуда жозибали ашулалар айтиб, уларни хушнуд қилгувчи эди. Бундай ташрифлар бизникида кўп бўлгувчи эди…”
Сиддиқа Ғуломованинг шу сўзларидан кейин бир оз бетартиб ёзилган хотираноманинг бошларига назар ташласак:
“<Отам> 1916 йиллардан бошлаб, 1922 йилгача “Ҳалима” музикали драмасини асосан ёзиб тугат<ган эдилар. Ёдимда бор> ёзнинг охири – кузнинг бошлари эди. Боғимиздаги гулзор ўртасидаги катта супа устида Уйғур акам, Аброр Ҳидоятов, Етим Бобожон, Карим қизиқ Ёқубов ва Сайфи қори акалар келишиб, кечаси катта чироқ атрофида “Ҳалима” пьесасини ўқиган эдилар. Кўп олқишдан сўнг отам ёзган “Ҳалима” ўқилиб, тамом бўлди. Чироқ атрофида давра бўлиб ўтириб олқишлаганлари ҳали-ҳали ёдимда…”
Ҳамид Сулаймон ва Сиддиқа Ғуломованинг бу хотираларига таянган ҳолда айтиш мумкинки, Ғулом Зафарийнинг Эшонгузар маҳалласидаги боғида тошкентлик адабиёт ва санъат намояндалари тез-тез учрашиб туришган, бир-бирларининг янги ёзган асарларини тинглаб, муҳокама қилишган. “Ҳалима” асарининг ҳам спектаклдан-спектаклга, йилдан-йилга сайқалланиб боришида мазкур давранинг роли оз бўлмаган.
* * *
Республика ҳукумати шу йилларда театрнинг халқ онгини шакллантириш, маънавий ва маданий савиясини оширишдаги роли ва аҳамияти ғоят катта эканлигини инобатга олиб, 1932 йилда Республика драма комитетини ташкил этади. “Ҳалима” асари мамлакатимиз саҳналарида катта муваффақият билан намойиш этилаётган пайтда, Ғулом Зафарий мазкур комитетга ишга таклиф этилади. Аммо у янги муассасада узоқ ишлаш имкониятига эга бўлмади. 1932 йил ёзида адиб аксилинқилобий, зараркунандалик фаолиятини олиб борганликда айбланиб, 3 йилга Жанубий Сибирга сургун қилинади. Ғулом Зафарий сургундалик пайтида ҳам асарлари, дўстлари туфайли, намойиш этилишда давом этади. Чўлпон муаллифга тегишли қалам ҳақининг бир қисмини унга юбориб, иккинчи қисмини оиласига етказиб туради. Ғулом Зафарий сургундалик пайтида моддий қўллаб-қувватланиб турганлиги туфайли, бадарғалик йилларини нисбатан енгил ўтказиб, 1935 йилда юртига катта умид ва орзулар билан қайтади. У адабиёт ва санъатдаги ўрнини тиклаб олиш учун, Чўлпоннинг маслаҳати билан, пахта ҳақида достон ва опера асарини ёзишга киришади. Аммо замонавий мавзуда ижод қилиш тажрибаси бўлмаган адибнинг бу асарлари кўнгилдагидек чиқмайди. Ишсиз қолган адиб сабзавот дўконида сотувчилик қилиб, оиласини боқишга мажбур бўлади. У қисман сотувчиликдан олган моянаси, қисман “Ҳалима” намойишидан тушган қалам ҳақи эвазига тирикчилик ўтказиб, “Пахтахон”, “Янги одамлар”, “Сайил ва тўй” “оперетта”ларини ёзади. Бу асарлардан фақат “Сайил ва тўй”гина Комил Яшин таҳририда ва унинг ҳаммуаллифлигида саҳна юзини кўради ва 1937 йил майида Москвада ўтказилган ўзбек санъати ўн кунлигида “Колхозда сайил” номи билан намойиш қилинади.
1937 йил 29 октябрда Ғулом Зафарий НКВД ходимлари томонидан иккинчи марта қамоққа олиниб, орадан икки ой ўтгач, 28 декабрда, шўро давлатининг ашаддий душманларидан бири сифатида отиб ташланади.
* * *
Ғулом Зафарийнинг бизга қадар етиб келган дастлабки асарлари 1914-1915 йилларга оид. Шу ҳол адиб ижоди ўтган асрнинг ўнинчи йиллари ўрталарида бошланган, дейишимиз учун тўла асос беради. Унинг 1914 йили “Ойна” журналида чоп этилган “Эй илм”, “Садои Фарғона” газетасида эълон қилинган “Жаҳолатдамиз” шеърларида жадидона ғоялар ўз ифодасини топган ва бу асарлар муаллифнинг шу йилларда Тошкент жадидлари муҳитида яшагани ва улар билан ҳамнафас ижод қила бошлаганидан дарак беради.
Бу шеърлар ёзилган 1914 йил ўзбек маданияти тарихига биринчи ўзбек драмаси яратилган ва намойиш этилган йил сифатида киради. Драма жанри халқ оғзаки ижодида мавжуд бўлганига қарамай, шу вақтга қадар ёзма адабиётимизга кириб келмаган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий қаламига мансуб “Падаркуш” асарининг шу йили Тошкент ва бошқа шаҳарларда намойиш этилиши ўзбек халқининг маданий ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлди. Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний ва бошқа ёзувчилар “Падаркуш” таъсирида илк саҳна асарларини ёзиб, ўзбек ёзма драматургиясини бошлаб бердилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий драмаси таъсирида драматургияга шиддат билан кириб келган ёзувчилар орасида Ғулом Зафарий ҳам бор эди. Агар 1915 йилда Абдулла Қодирий “Падаркуш” таъсирида “Бахтсиз куёв” драмасини ёзган бўлса, Ғулом Зафарий шу йили ёзган илк саҳна асарини “Бахтсиз шогирд” деб атаган. Бу асар ўз вақтида саҳна юзини кўрмаганлиги ва нашр этилмаганлиги сабабли, бизгача етиб келмаган. Бинобарин, унинг сюжет чизиғи бизга аниқ эмас. Лекин асар сарлавҳасидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, “Бахтсиз шогирд” ҳам муаллифнинг болалар учун ёзилган ва ҳаваскорлик саҳналарида ўйналган асарлари сирасига киради. Бу ҳол Ғулом Зафарийнинг ижод оламидаги илк қадамидан бошлаб болалар ҳаётига мурожаат этганлиги ва ўз олдига болалар тарбиясига хизмат қилувчи саҳна асарларини ёзиш вазифасини қўйганилигидан шаҳодат беради. Агар ХХ аср бошларида Ғулом Зафарийга қадар ва ундан кейин болалар драматургияси билан бошқа бирор ижодкорнинг махсус шуғулланмаганлигини эътиборга олсак, унинг том маънода ўзбек болалар драматургиясининг асосчиси эканлиги аён бўлади. Агар драматург “Баҳор”, “Гунафша” сингари бир пардали пьесаларида табиат ва болалар мавзуси орқали улар руҳий оламига назар ташлаган бўлса, “Қуён”, “Раҳмдил шогирд”, “Тилак”, “Туйғуной”, “Татимбой ота” сингари кичик саҳна асарларида ўз олдига болаларни меҳр-шафқатли, ҳалол, виждонли, катталарга ҳурмат, меҳнатга муҳаббат руҳида тарбиялаш вазифасини қўйган ва воқеликдаги шу бадиий вазифага хизмат қилувчи қаҳрамонларни танлаган. Бу асарларнинг аҳамиятли томонларидан бири ҳам шунда: муаллиф тасвирга тортилган воқеа ва қаҳрамонларни реал кундалик ҳаётдан олган ва шу ҳол бу асарларнинг ёш томошабинлар томонидан қизғин кутиб олиниши ҳамда улар тарбиясига муайян даражада таъсир кўрсатишига сабаб бўлган.
Шу йилларда аксар истеъдодли ёшларда театр санъатига қизиқиш ва муҳаббатнинг уйғониши, уларнинг ўз тақдирларини бир умрга театр санъати билан боғлашлари Ғулом Зафарийнинг “Эрк болалари” ва “Ҳалима” мусиқий драмалари таъсирида амалга ошган.
Ёш драматургнинг болалар ҳаётидан олинган саҳна асарлари ўндан зиёд бўлгани ва у шу асарлари билан ўзбек болалар драматургиясига асос солганига қарамай, унинг ўзбек драматургияси ва театри тарихидаги катта хизмати, аввало, “Ҳалима” драмаси билан белгиланади. Ушбу драманинг дастлабки нусхаси 1919 йилда майдонга келган. Лекин муаллиф спектаклни саҳналаштирувчи режиссёр Маннон Уйғур ва театрнинг ижодий жамоаси билан ҳамкорликда асар устида ишлашда давом этган. Ва, ниҳоят, ўзбек музикали драма театрининг афсонавор спектаклларидан бири – “Ҳалима” 1920 йил 14 сентябрда Эски шаҳардаги “Роҳат боғча” саҳнасида томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. Томошабинлар “Ҳалима”нинг биринчи нусхасиниёқ қизғин кутиб олганлар. Шунга қарамай, муаллиф асарга сайқал беришда, асар тўқимасига янги персонажларни олиб кириш, қаҳрамонлар образини мукаммаллаштириш, спектаклни янги ва катта эмоционал таъсир кучига эга бўлган ария ва дуэтлар билан бойитишда давом этади. Муаллиф ва театрнинг “Ҳалима” устида узоқ йиллар давомида тинмай ишлашлари натижасида асарнинг бир неча нусхалари пайдо бўлган. Шу нусхаларнинг айримларида асарда тасвир этилган воқеанинг 1915-1920 йиллардаги халқ турмушидан, айримларида эса 1916-1922 йиллардаги ҳаётдан олинганлиги айтилади. Муаллифнинг шу изоҳоти туфайли айрим театршунослар “Ҳалима”ни реал ҳаётий воқеа асосида ёзилган асар, деб ҳисоблайдилар. Аммо гап шундаки, мазкур асар заминида ётган воқеа нафақат 1915-1920 йилларда, балки ундан олдин ҳам, кейин ҳам, ҳатто нафақат Ўзбекистон, балки Осиё ва Европа қитъаларидаги барча шаҳарларда ҳам рўй берган бўлиши мумкин.
Агар жаҳон драматургияси ва театри тарихига назар ташласак, Неъмат билан Ҳалима ўртасидаги муҳаббат тарихи жуда кўп асарларда турли вариацияларда такрорланганилигига ишонч ҳосил қиламиз. Аммо драматург ва театрнинг катта ютуғи шунда бўлдики, улар Неъмат билан Ҳалиманинг фожиали муҳаббати тарихини реал макон ва реал замонда содир бўлган воқеа сифатида талқин этдилар. 1917 йил арафасидаги ва ундан кейинги ўзбек жамиятида бойлар билан камбағаллар ўртасидаги тавофут сезиларли тус олганлиги туфайли, Неъмат билан Ҳалима муҳаббатининг фожиали ечими шу даврнинг бош конфликти билан уланиб-туташиб кетди. Аслида, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасида ҳам, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романида ҳам, ўзбек адабиётининг йигирманчи-ўттизинчи йилларда яратилган бошқа аксар асарлари замирида ҳам шу конфликт ётади. Аммо буни шўро даври мафкурасининг таъсири, деб баҳолаш тўғри эмас. Зеро, Аббат Превонинг “Манон Леско” романи, Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” трагедияси, Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони, ҳатто “Тоҳир ва Зуҳра” халқ эртаги замирида ҳам шу конфликт ётади. Бунинг сабаби шундаки, учинчи шахс аралашган, ошиқ ва маъшуқанинг ўзаро муносабатларига раҳна солган ва улар муҳаббатини оловлантириб юборган муҳаббатгина чин ва буюк муҳаббат даражасига кўтарилади. Шундай муҳаббатгина адабиёт ва санъат асарларига мавзу бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Зафарий ҳаётнинг ана шу қонунини яхши билганлиги туфайли, катта ёшдаги томошабинлар учун ёзган илк саҳна асарига фожиали муҳаббатни мавзу қилиб олган. Драматург Ҳалима ва Неъматнинг бир-бирига бўлган муҳаббати Фарҳод ва Ширинлар, Лайли ва Мажнунлар, Тоҳир ва Зуҳралар муҳаббатидек китобий, замонавий томошабиндан узоқ қаҳрамонлар бўлиб қолмаслиги учун уларни ўз даврининг тарихий шароити фонида тасвирлайди. Шу мақсадда, асарга ўтган асрнинг 10-йиллари охири – 20-йилларининг бошларидаги ҳаётий масалалар ва тафсилларни олиб киради. Натижада 20-йилларда яшаган томошабинлар Ҳалима ва Неъмат образларини ўзларининг дугона-ўртоқлари, маҳалладошлари ёки, нари борса, ҳамшаҳарлари ўлароқ идрок қилдилар. Айримлари эса улар тақдири кўзгусида ўз фожиаларини кўрдилар. Неъмат ва Ҳалима драматург ва театрнинг ҳамкорликдаги самарали ижодий меҳнати туфайли томошабинлар қалбидан реал адабий қаҳрамонлар сифатида чуқур жой олди.
“Иштирокиюн” газетасининг 1920 йил сентябрь ойидаги сонларидан бирида асарнинг саҳналаштирилгани тўғрисида қуйидаги эълон берилган: “Эски шаҳар “Роҳат боғча”синда 1920 йил 14 сентябрда, сешанба куни, ўзбек шўро артистлари томонидан беш пардали “Ҳалима” отли опера ўйналади. Ёзувчиси: Ғулом Зафарий. Бу асар ерли турмушдан олиб ёзилган фожиадир. Ҳаволари ўзбекча бўлғони билан бирга музика (чолғу)да ўзбек чолғуларидир. Ўйин бошланур соат 7 яримда…”
Асарнинг дастлабки нусхаси гарчанд беш пардадан иборат бўлса-да, ҳажм нуқтаи назаридан ҳам, персонажлар сонининг озлиги жиҳатидан ҳам кейинги нусхаларидан кескин фарқ қилган. Шунга қарамай, асарнинг илк нусхалари асосида яратилган спектакллар ҳам томошабинлар ўртасида зўр муваффақият қозонган.
Асар таҳлилига ёндашишдан аввал шуни ёдга тушириш жоизки, “Ҳалима”дан аввал ўзбек театри тарихида кўп пардали мусиқали драма асари бўлмаган ва намойиш этилмаган. Шунинг учун ҳам санъатшунослик фанлари доктори Тошпўлат Турсуновнинг қуйидаги фикрини келтириш айни муддаодир:
“Ҳалима” асари, – деб ёзган эди таниқли театршунос олим, – аввало, энг муҳим жумбоқ – музикали драма ўзбек театри учун қонуний ҳолми, борди-ю жавоб ижобий бўлса, унинг яратилиш йўллари қандай бўлади, деган саволга жавоб беради. Зотан, “Ҳалима” қўйилиши билан жамоатчилик, мутахассислар ва матбуот биринчи навбатда шу масалага жавоб истарди. Бинобарин, спектаклга биринчи ёзилган тақризнинг Абдурауф Фитрат томонидан қуйидагича бошланиши бежиз эмас. “Адабиёт ва саҳначиларимиз учун бу кеча бир синоат кечаси эди. Ўз куйларимиз, ўз чолғуларимиз билан опера қўйила олурми? Ўзбек чолғуси билан ўзбек куйи опера кечаларинда истадигимиз таъсирни бера олурми, деган сўроқларга биз шу “Ҳалима” томошасини кўргандан кейин жавоб бера олур эдик.
Бу савол, аввало, Ғулом Зафарийни кўпдан бери ўйлатар ва унга ижодкор жавоб ахтарар, изланарди. Унинг тўрт-беш йилдан бери тажриба маъносида ёзаётган бир пардали музикали драмалари шу изланишларнинг самараси эди. Кўринадики, бу муҳим муаммони “Ҳалима” музикали драмаси ҳал этди”.
Тошпўлат Турсунов бу сўзларидан сўнг, ўзбек музикали драмасининг асосчиси ким эканлиги масаласида баҳслар бўлгани ва Ғулом Зафарийнинг бу борадаги хизматлари айрим театршунослар томонидан камситилаётгани ҳақида сўзлаб, бундай давом этган: “… “Ҳалима”нинг музикали драма эканига менсимайроқ қараш ҳоллари ҳали ҳам бор. Бундай қараш кейинчалик пайдо бўлган хулоса. Чунончи, “Ҳалима” – махсус ёзилган музиканинг эмас, балки халқ музика меросининг ҳисобига вужудга келган асар. Лекин ўша даврда бундан бошқа йўлнинг ўзи йўқ эди ва ўзбек музикали драма жанри йигирманчи, ҳатто ўттизинчи йиллари ҳам шу йўлдан борди. Бу, масаланинг бир томони. Иккинчиси – “Ҳалима” ўша йўл билан бўлса ҳам, тугал музикали драма асари эди. Муҳими шу. Ғулом Зафарий пьеса музикасини билимдонлик, дид билан табдил йўлида шакллантирди. Ғулом Зафарий ўзбек мумтоз қўшиқ меросининг кучли томони – ундаги теран муҳокама ва эмоционал кайфиятни вужудга келтирувчи драматизм, туғён, театр элементларини биринчи бўлиб сезди ва музикали драма жанрига олиб кирди”.
Бу сўзлар кўпроқ асарнинг мусиқий талқинига оид эса-да, музикали драма, аввало, бадиий адабиёт жанри бўлганлиги учун драматург “Ҳалима”ни ёзишдан аввал озарбайжон театрининг “Лайли ва Мажнун” ва бошқа музикали драма жанридаги спектакллари тажрибасини қунт билан ўрганиб, шу жанрнинг ўзига хос томонлари ҳақида пухта билимга эга бўлганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Биз асарнинг қўлимиздаги беш ёки олти нусхасини ўзаро қиёслар эканмиз, музикали драма жанри ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган Ғулом Зафарийнинг қаҳрамонлар образини яратишда нафақат драма жанри, балки музика санъатининг ҳам бой имкониятларини -ария, дуэт, монолог, речитатив сингари компонентларни ўринли истифода этганлигини кўрамиз. Драматург қаҳрамонларнинг монологик ва диалогик нутқларинигина эмас, балки ария ва дуэтлар матнини ҳам ўзбекона ифодалар ва поэтик образлар билан музайян этган.
Асар марказида ошиқ ва маъшуқа – Ҳалима ва Неъмат образлари туради. Уларнинг иккаласи ҳам бир маҳалладан. Аммо Ҳалиманинг отаси маҳалланинг обрўли бойларидан бири бўлса, Неъматнинг отаси – оддий ямоқчи. Ошиқ ва маъшуқалар қаерда ва қайси замонда яшаган бўлмасинлар, шу ижтимоий фарқ асрлар давомида улар бахтига раҳна солиб келган. Неъмат, худди Қайс (Мажнун) сингари Ҳалимани бутун қалби ва вужуди билан севади. Ҳалиманинг меҳр ва муҳаббати ҳам фақат Неъматга аталган. Лекин Ортиқбойнинг совчилари Ҳалиманинг уйига кириб келиши билан ошиқ ва маъшуқанинг ошига заҳар сочилади. Муслимбой хотини Рокия ва ўғли Зокирнинг қаршилик кўрсатганларига қарамай, қизини кекса Ортиқбойга бериш ниятидан асло қайтмайди.
Вазиятнинг кутилмаганда кескин тус олиши қаҳрамонларни довдиратиб қўяди. Ота-она измига мутелик руҳида тарбияланган қаҳрамонлар фаол ҳаракат қилишга ожизлик қиладилар. Ҳалима Неъмат билан қочишга тайёр эканлигини билдирса ҳам, на унинг ўзи ва на Неъмат бундай қатъий ҳаракатга қодир эмаслар. Шунинг учун ҳам Ҳалима билан Неъматнинг самимий муҳаббатидан хабардор бўлган Зокир синглисини ҳимоя қилиб, ота раъйига қарши исён кўтаради.
Асарда, бошқа қаҳрамонлар қатори, Зокирнинг ҳам ким ва қандай инсон эканлиги ҳақида бирор шама йўқ. Лекин тахмин қилиш мумкинки, у савдогарнинг фарзанди бўлганлиги учун янги усул мактабларининг бирида хат-савод чиқарган, газета ўқийдиган, дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга бўлган йигит. У дунёнинг ўзгариб бораётганлигидан яхши хабардор. У энди Одам Атодан қолган ақидалар билан яшаш мумкин эмаслигини яхши билади. Ёш, гўзал ва ширин орзулар оғушида яшаётган Ҳалиманинг Неъматни сева туриб, кекса Ортиқбойга турмушга чиқиши асло мумкин эмас. Бу, ўн гулидан бир гули очилмаган қизнинг ҳазон бўлиши билан баравар. Шунинг учун ҳам Зокир отасининг аҳдига қарши чиқади. У ва унинг дўстлари илғор қарашлари ва оқилона хатти-ҳаракатлари билан жадидларни эслатадилар. Ҳа, у жадид. Шу важдан у чиркин урф-одатларга ҳам, шу урф-одатлар тўридан чиқа олмаган отасига ҳам қарши. Рокия – Ҳалиманинг онаси ҳам у билан ҳамфикр. Шунинг учун ҳам у ўғлининг ёнига кириб, эрига ёлборади:
“Рокия – Жон отаси, …кўра-била туриб, кўзимизни оқу қароси, биргина қизимизни ўтга ташламайлик. Ўйлаб иш қилайлик.
Муслимбой – Мен “хўп”, деб жавоб бериб юбордим. Энди сўзимдан қайтсам, эл-юрт ичида бурдим кетади, обрўйим тушади… Шуниси ҳам борки, Ортиқбой бизга қараганда бадавлатроқ, мол-дунёси, мероси дегандай… Ҳар қалай, оқмаса ҳам томади-ку”.
Рокия билан Зокир ҳам, Муслимбой ҳам Ҳалиманинг Ортиқбойга турмушга берилиши масаласида эртани ўйлайдилар. Аммо Рокия билан Зокир Ҳалиманинг бахтли эртанги куни ҳақида ўйласа, Муслимбой ўз савдо ишларининг Ортиқбой туфайли гуриллаб кетишига умидвор. У шу умидининг рўёбга чиқиши учун попукдек қизини кекса бойга инъом қилишга ҳам тайёр. Томошабин вужудга келган драматик вазиятнинг ечимида Муслимбойнинг манманлиги ва худбинлиги туфайли нафақат Неъматнинг, балки ўз қизи Ҳалиманинг умри ҳам хазон бўлганини кўради. Драматург ва театр асар асосида ётган воқеа тасвири орқали муҳаббат инсоният руҳий оламининг офтоби, уни сўндириш ошиқ ва маъшуқаларни ўлдириш, бир оиланинг осуда ҳаётини барбод қилиб ташлаш билан баравар, деган ғояни илгари суради. Ана шу умуминсоний ғоя ўз муҳаббатига содиқ қолган Ҳалима ва Неъмат образларини ичдан нурлантириб, уларни Фарҳод ва Ширинлар, Лайли ва Мажнунлар, Тоҳир ва Зуҳралар яшаётган арши аълога яқинлаштиргандек бўлади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Неъматнинг ҳам, Ҳалиманинг ҳам хатти-ҳаракатларида фаоллик етишмайди. Бу фаолсизлик уларнинг оила ва жамият ҳаётида тутган ўринлари билан изоҳланади. Лекин бу ошиқ ва маъшуқаларнинг қалбларига қулоқ тутсак, уларнинг юксак руҳий оламидаги, улар қалбидаги инсоний ҳис-туйғу ва интилишлардаги мусаффолик, порлоқлик, самимийлик бизни мафтун этади.
“Ироқ” куйига мослаб ёзилган Неъмат ариясининг қуйидаги дастлабки сатрларига эътибор беринг:
Кел, эй тонгни шамоли, уйқудаги дилдоримни уйғот,
Кўнгил торини чертар саҳар ситоримни уйғот.
Юрак дардини изҳор айлайин мен у вафодора,
Кўнгилни ўзга банд этган вафоли ёримни уйғот.
Тараб сочин, сочиб атрин димоғимга, муаттар қил,
Ўшал ноз уйқуда ётган кўзи хуморимни уйғот…
Бу сатрларда Неъмат қалбидаги оташин муҳаббат оловлари балқиб туради. Унинг ўз севгилисини гоҳ вафодор, гоҳ бевафо (“кўнгилни ўзга банд этган”) деб аташида ҳам катта зиддият йўқ: сир эмас, ошиқ ва маъшуқаларнинг муҳаббати осмонида ўқтин-ўқтин шубҳа ва гумон булутлари пайдо бўлиб туради. Неъмат, Мажнун янглиғ, ўз муҳаббатига содиқ. У ҳатто замона зўравонлари томонидан қамоққа ташланиб, роса калтакланганида ҳам ўз севгисидан воз кечмайди. Неъматни қамоқхонадан ярим ўлик, ярим тирик ҳолда олиб келганларида ҳам унинг тилидан “Ҳалима” калимаси тушмайди, унинг хаёлидан севимли ёр сурати нари кетмайди. Ҳалиманинг ўзи ҳам шундай мустаҳкам муҳаббат занжирлари билан боғланган. У ота раъйига қарши кураша олмай, Ортиқбой хонадонига келин бўлиб тушганида ҳам, Неъматга бевафолик қилишдан кўра, ўлимни афзал билиб, ўзини-ўзи бўғиб ўлдиради. У ўзининг шу хатти-ҳаракати билан Ширинни эслатади, Жульеттани эслатади.
Ҳалима шарқ қизи сифатида ўз муҳаббатини афиша қилмайди. У ҳатто Неъматнинг кўксига бошини қўйиб, усиз яшай олмаслигини айтишга журъат этмайди. Неъматнинг уни бевафоликда айблашининг сабаби ҳам шунда. Унинг қалбида кечган ишқий кечинмалар Неъмат чеккан изтироблардан кам ва енгил эмас. Агар Неъмат ўз севгисини баланд тоғ устига чиқиб ҳам ошкор қилишга шай бўлса, Ҳалима шарқ қизи сифатида бундай “имконият”дан маҳрум. Шунинг учун кучли руҳий кечинмалар унинг қалбини садпора қилиб ташлайди.
Ҳалима
Қанчалар зор йиғласам, ҳолимни билмас ҳеч ким,
Раҳм этиб кўзимдаги ёшимни сезмас ҳеч ким.
Кўксими минг пора қилсам, кўзга илмас ҳеч ким,
Йўлда ётсам ястаниб, менга эгилмас ҳеч ким.
Билмадим, бу дардими кимларга изҳор айласам,
Ғам-аламлар ичра қолдим, билмам, энди найласам?..
Ҳалима муҳаббат дардида шундай руҳий азобларни бошидан кечиради.
Шу ўринда, лирик чекиниш сифатида шуни айтишни хоҳлардикки, мазкур спектаклда Ҳалима ролини ижро этган актрисалардан бири узлуксиз шу руҳий ҳолатни бошдан кечириши натижасида, руҳий касалликка чалиниб қолган. Бу факт, бир томондан, Ҳалима образи зиммасига тушган руҳий-маънавий юкнинг нечоғлиқ чўнг ва катта бўлганидан дарак берса, иккинчи томондан, “Ҳалима” спектаклининг узоқ йиллар давомида томошабинлар онги, руҳи ва ҳаётига беҳад даражада катта таъсир кўрсатганидан далолат беради.
Инсоният гўзаллик ва муҳаббатнинг сеҳркор кучини ҳис эта бошлаган пайтлардан бошлаб, ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам “ишқий учлик” (“любовный треугольник”) тушунчаси пайдо бўлган. Айниқса, феодал тузум шароитида Ҳалима ва Неъмат сингари ёшлар муҳаббати учинчи, қудратли шахснинг ўртага тушганлиги туфайли фожиа билан якун топган. Бундай фожиали воқеалар, юқорида айтиб ўтилганидек, “Ҳалима” спектакли яратилгунга қадар ҳам, театр саҳнасида аншлаг билан намойиш этилган йилларда ҳам рўй бериб турган. Аммо “Ҳалима” саҳна юзини кўрган йилларда тарихий шароит ўзгарган, бадавлат кишиларнинг Ҳалима ва Неъматлар бахтига раҳна солиши қийинлаша бошлаган, жамиятда ошиқ ва маъшуқалар бахтини ҳимоя қилиш имконияти пайдо бўлган эди. Спектакль шундай ижтимоий-тарихий шароитда ёш йигит ва қизларнинг муҳаббат ва никоҳга бўлган муносабатларини кескин ўзгартириб юборди. Улар янги ижтимоий-тарихий шароитда ўз севгилари учун, инсоний ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишлари мумкин ва лозимлигини, муҳаббатли никоҳнинг бахт ва саодат, муҳаббатсиз никоҳнинг эса кулфат ва уқубат эканлигини чуқур тушуна бошладилар. Шу маънода, “Ҳалима” спектакли ўтган асрнинг 20-йилларидаги жамиятнинг нафақат маданий, ҳатто ижтимоий ва маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнади.
Биз “Дафнис ва Хлоя”да ҳам, “Фарҳод ва Ширин”да ҳам, “Ромео ва Жульетта”да ҳам ошиқ ва маъшуқалар манфаатини ҳимоя қилувчи кишиларни кўрмаганмиз. Аммо “Ҳалима”да маҳалланинг илғор кишилари Муслимбойнинг ҳузурига кириб, уни тартибга чақирмоқчи, унинг мол-давлат деб қизининг бахтига зомин бўлаётганини тушунтирмоқчи, замоннинг ўзгарганини айтмоқчи бўладилар. Драматург ва театр Зокирнинг бу дўстлари зиммасига катта юк қўймаганига қарамай, жамиятда маърифатли ва масъулият ҳисси билан яшовчи кишилар пайдо бўлган, Зокир ва унинг дўстлари шундай кишиларининг жонли тимсоллари эдилар.
* * *
Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларида танилган танқидчилардан бири – Сотти Ҳусайн ушбу асарни жадид адабиётининг сўнгги намуналаридан бири сифатида тўғри илғаган. Лекин, у асарда эски турмуш миллий буржуазия нуқтаи назаридангина танқид қилинганини айтиб, бундай ёзган эди: “Ҳалима”да биз эски, чирик турмушга, фикр нафратини(нг) музикали, таъсирли берилганини кўрамиз. ”Ҳалима”даги эски турмушни(нг) кўрсатилиши пролетариат нуқтаи назарида(н) эмас, буржуазия нуқтаи назарида(н)дир. Чунки асар фақат эски ҳаётни(нг) кераклигидан бошқа нарса(ни) англатмайди. Пролетариат ҳокимияти вақтида ёзилган драма бўлса-да, пролетариат инқилобининг эски турмуш билан нуқтаи назарлари сезилмайди. Асар қайси даврни ўз ичига олган бўлмасин, ўша давр ҳукумат идораларининг иштироки лозим. Аммо буни ёзувчи кўрсатмайди”.
Юқорида айтиб ўтилганидек, асарнинг турли йилларда қайта таҳрир қилинган ва тўлдирилган нусхаларида воқеа 1908-1910, 1915-1920, 1916-1922 йилларда рўй берганлиги айтилади. Асарнинг бирор эпизодида воқеанинг шўролар даврида кечаётганига шама йўқ. Ҳатто шундай шама бўлганида ҳам, драматургдан асарга шўро давлати вакиллари образларини олиб киришни талаб этиш кулгилидир. Асарда миллий буржуазия нуқтаи назари ифодаланганлиги тўғрисидаги сўзлар ҳам нодонликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, вульгар социологик танқидчиликнинг шундай талаблари билан ўзбек драматургияси тарихининг кейинги даврларида саҳна асарларига турли даражадаги партия ва давлат раҳбарлари, аксар ҳолларда эса бу раҳбарлар ўрнига рус кишиларининг нажоткор сифатидаги образлари кириб келди ва уларсиз ҳатто бирор маиший муаммо ҳам ҳал бўлмайдиган бўлди. Аммо бу нохуш жараён Сотти Ҳусайн сингари танқидчиларнинг чиқишлари туфайли эмас, балки энг юқори ва нуфузли ташкилотларнинг қарорларидан сўнг бошланди.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллар аввалида, хусусан, Ғулом Зафарийнинг қамоққа олиниб Жанубий Сибирга сургун қилиниши муносабати билан матбуотда “Ҳалима” спектаклини саҳнадан олиб ташлаш лозимлиги ҳақида мақолалар чиқа бошлади. Акмал Икромов бундай чиқишларга жавобан ЎзКП(б) Марказий Комитетининг 1932 йил 13 июлда бўлиб ўтган V пленумида бундай деган эди: “Ҳалима”, “Фарҳод ва Ширин” каби асарларни саҳналаштириш мумкин эмаслиги ҳақидаги гапларни тез-тез эшитиш мумкин. Бундай гапларни қатъий қоралаш лозим. “Ҳалима”нинг ўрнига бошқа <бундан кўра баркамол> асарни яратмай туриб, уни саҳнадан олиб ташлаш мумкин эмас. Шуни очиқ айтиш зарурки, “Ҳалима” ўзбек театри тараққиётида ижобий роль ўйнади”.
Шубҳасиз, биринчи ўзбек музикали драмаси драматургия нуқтаи назаридан ҳам, режиссура ва сценография нуқтаи назаридан ҳам, ижрочилар маҳорати нуқтаи назаридан ҳам қатор камчиликлардан холи бўлмаган. Лекин ҳар бир асарга ўз даврининг адабий-эстетик талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш лозим. Агар шундай меъёр ва мезонлар асосида ёндашсак, “Ҳалима” қачон ва қаерда саҳналаштирилган бўлмасин, томошабинларга катта эстетик таъсир кўрсатган ва 30-йилларнинг ўрталарига қадар музикали драма жанрининг энг яхши намунаси ҳисобланган. Саҳнада Ҳалима образини яратган санъаткорлар мазкур роль устида ишлаш жараёнида тақдири Ҳалимага ўхшаган таниш-билишлари, ҳатто яқин кишиларини кўз олдиларига келтириб, ролнинг янада ёрқин, ҳаётий ва таъсирчан талқин этилишига муваффақ бўлганлар. Шу ҳол ҳам спектаклнинг томошабин қалбида катта акс-садо беришида муҳим омил бўлган.
* * *
Ғулом Зафарий, бошқа қаламкаш биродарлари сингари, серқирра истеъдод эгаси бўлган. У 20-йилларнинг ўрталарида яна шеъриятга қайтиб, болалар учун бир неча достонлар ёзди. “Ваннайча”, “Чўпон Темир” (1924) ва “Ёшлар энди берилмас” (1926) достонлари ўша даврнинг долзарб масалаларига бағишланган бўлса-да, уларни болалар адабиёти тарихида қолган бадиий юксак асарлар сифатида баҳолаш қийин. Шу достонлардан бири хотин-қизлар озодлиги учун кураш кампанияси қурбонларидан бирига бағишланган. Ўзбек театрининг дастлабки юлдузларидан бири – Ваннайчанинг фожиали ўлими Ғулом Зафарийни лоқайд қолдирмади. У, Чўлпон сингари, ўзи яхши билган оташқалб аёлнинг ўлимидан қаттиқ таъсирланиб, унинг номини ўз достони билан абадийлаштиришга уринди. Достонда Ваннайчани севган йигитнинг рашк орқасида ўлдиришини, қотилнинг шу даҳшатли дақиқалардаги руҳий азобларини, умуман, яхши тасвирлаган. Аммо 20-йилларда дунё юзини кўрган бошқа ўнлаб достонлар каби бу асарнинг бадиий қимматини ҳам бугунги куннинг “газ”и билан ўлчаб бўлмайди.
Ғулом Зафарийнинг “Чўпон Темир” достонида “Тоҳир ва Зуҳра” сингари халқ эртакларига хос мотив жаранглаб туради. Фарзанд бошини силамай ўтаётган бойлардан бири камбағал оиланинг Темир исмли фарзандини ўғил қилиб олади. Бу ҳодисадан мамнун бўлган аллоҳ бойга раҳм-шафқат қилиб, ўғил беради. Темир билан Гуласал бир оилада ўсар эканлар, улар қалбида муҳаббат туйғулари ғунчалаб қолади. Бундан хабар топган бой камбағал Темирга қизини беришни ор билиб, уни ўз бағридан қувиб ҳайдайди. Темир олис тоғлар бағрида яшаб, чўпонлик қилади. Аммо Темир қалбини бир умрга забт этган муҳаббат унинг тили ва дилидан қўшиқлар бўлиб отилиб чиқади. Севимли ёр дарди билан товланган қўшиқлар Бобур шоҳнинг қулоғига етиб боради. У қизнинг отасини чақиртириб, койийди ва Темир билан Гуласал шарафига тўю томоша ташкил этиб, уларнинг бахтли муҳаббат оғушида яшашларига сабабчи бўлади. Тахмин қилиш мумкинки, Ғулом Зафарийнинг бу достони унинг мамлакатимиз вилоятларига қилган илмий экспедициялари чоғида топилган халқ эртаги асосида яратилган. Ғулом Зафарий ижодининг тадқиқотчиларидан бири Олим Усмонов тўғри кузатганидек, шоир бу достонда шўро даври ўзбек адабиётида биринчи бўлиб адолатли ва олижаноб подшо образини яратган. Унинг бу образни яратишида Бобур сиймосидан фодаланганлиги алоҳида эътиборга молик.
Достонда тасвирланган воқеа китобхонларга манзур бўлганлиги туфайли Ғулом Зафарий мазкур асар мотивлари асосида “Чин Темир ботир” операсини ёзган, аммо бу “опера” ҳам саҳна юзини кўрмаган.
Шоирнинг “Ёшлар энди берилмас” деб номланган достони ер-сув ислоҳоти мавзуига бағишланган.
Республика матбуотида эълон қилинган бу достонларидан ташқари, Ғулом Зафарийнинг “Гулёр”, шунингдек, “Кетмон чопди”, “Қора кунлар”, “Етишдилар муродга”, “Янги рўзғор эрлари” достонларини ҳам ёзганлиги маълум. Бу асарларнинг аксари муаллиф қамоққа олинган вақтда олиб кетилиб, йўқ қилиб юборилган. Ғулом Зафарийнинг яна бир лиро-эпик асари “Учқун” (Бухоро) журналида нашр этилган. “Гулёр” деб номланган бу достонда 20-йиллар учун характерли мавзу – севимли ёрига турмушга чиқаётган қизнинг маҳаллий Отеллолар томонидан ўлдирилиши мавзуида ёзилган.
Юқорида тилга олинган асарларнинг асосан хотин-қизлар мавзуига бағишланганлиги Ғулом Зафарийнинг ўз даврининг ижтимоий ва маънавий муаммолари билан яшаганидан шаҳодат беради. Чўлпон, Фитрат, Ҳамза сингари шоирлар қатори, у ҳам жамият эътиборини хотин-қизлар масаласига қаратиб, уларнинг тарихий тақдирида ўзгариш қилмасдан туриб, илғор ва инсонпарвар жамиятни барпо этиш мумкин эмас, деб ҳисоблаган.
Музика ва театр санъатининг билимдонларидан бири Ғулом Зафарий “Шарқ куйлари ва чолғулар” (1922), “Чиғатой-ўзбек халқ театруси” (1923), “Ўзбек театру тарихи” (1924), “Ўзбек музикаси тўғрисида” (1929), “Музика муаммоси” (1930) сингари мақолалар ҳам ёзиб, 20-йиллардаги маданий жараёнда фаол иштирок этган. Афсуски, у 1932 йилда ҳибсга олиниб, уч йиллик сургун муддатини ўтаб келганидан сўнг, бадиий ижод майдонларига яқинлаштирилмади. Унинг замонавий долзарб мавзуларда асарлар ёзиб, театр саҳналарини қайта эгаллаш ҳақидаги орзу ва умидлари рўёбга чиқмади. Сабзавот савдоси билан турмуш тебратишга мажбур бўлган шоир ва драматург 1937 йил қилич кўтариб келганда, бошқа қаламкаш биродарлари қатори қамоққа олиниб, отиб ташланди. Аммо унинг – биринчи ўзбек музикали драмасини яратган ва мусиқий санъатимизнинг шу соҳасига асос солган ижодкорнинг номи йигирманчи аср адабиёти тарихида абадулабад қолади.
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.