Жўра Фозил. Куёв (ҳажвия)

Ниҳоят, Жамолбойни уйлантирадиган бўлишди.
Жамол деганимиз аллақачон йигирма бешни уриб қўйган бўлишига қарамай, ҳамон бўйдоқ, сўппайганича қишлоқдаги тўй-маъракалардан қолмайдиган бир йигит. Ким нима иш буюрса, йўқ демай бажариб кетаверади. Кийимларини ивитиб сув ташиш, ўтин ёриш, ўчоқ қазиш, чой қайнатиш каби ишлар унинг зиммасига юкланади. Боғ қоровулининг боши оғриб қолса, ароқ олиб келишга ҳам Жамол боради.
Даладаги юмушларни айтмайсизми. Бригада бошлиғи, ҳисобчи-ку, майли, кичикроқ бўлса ҳам раҳбар одамлар, аммо хотин-қиз тушмагурлар ҳам уни олиб кел, буни топиб кел, деб бечорани тинч қўйишмайди. Жамол бундан хафа бўлмайди, бир зум бошини қашлаб туради-да, ишга киришиб кетаверади. Фақат, битта қусури бор — гапга чечан эмас. Айниқса, ёш жувонларнинг тагдор қочиримларига жавоб қайтара олмай, кулгига қолади.
Бир куни Жамол эгатларга сувни милдиратиб тараб бўлгач, шийпон ёнига келса, уч-тўрт киши тракторнинг бир жойларини кавлаб ётишибди. Бирор ёрдамим керакдир, деган хаёлда олдиларига яқинлашиб:
— Ҳа, тинчликми? — деб сўради-ю қўлга тушди.
— Кел, Жамолбой, — деди тракторчи жонланиб. — Ёрдам бермасанг бўлмайди.
— Нима бўлибди? — ҳайрон бўлиб сўради Жамол.
— Учқуни тугаб қолибди, бир соатдан бери ўт олдиролмаяпман.
— Ие, тракторнинг ҳам учқуни тугар экан-да?
— Тугаганда қандоқ, жон ука, мана бу челакни қўлингга олгин-да, ғизиллаб бориб базадан учқун олиб кел. Худо хоҳласа, тўйингда ўзим ғалвирда сув ташийман.
Жамол базага бориб, қидира-қидира мудир Ислом акани топади. Тракторчининг илтимосини айтади. Мудир унга бир зум тикилиб туради-да, бошини сарак-сарак қилиб дейди:
— Менга қара, ука, тўйинг бўляпти, уйлансанг ота бўладиган йигитсан. Қайси аҳмоқ учқунни челакка солиб беради, калланг борми ўзи?
Майли, бу гаплар ўз йўлига, аммо Жамолбойнинг уйланаётгани ҳақидаги хабар бир зумда бутун қишлоққа ёйилди. Саломат буви бошлиқ аёллар кўрпа қавишди. Хумор янга бошлиқ келинчаклар келинни кўндиришди. Унча-мунча йигитни оёғининг учида кўрсатадиган Зуҳра Хумор янгага шундай деганмиш:
— Эр қиламан деб кўзим учиб тургани йўқ эди-я, ҳа майли, ўзингиз кепсиз, сазангиз ўлмасин. Аммо… Жамол ўлгурнинг тили борми ўзи, кесилмаганми?
Шу пайтгача бирорта йигитнинг совчисини остонасига ҳам йўлатмаган қизнинг бу жавобидан Хумор янганинг чиройи очилиб кетди.
— Бахтинг очилди, Жамолбой, қиз бола дегани бироз чарс бўлади, энди буёғига бўшашма, яна чимилдиққа кирганингда, оёғингни келинга бостириб қўйиб, бизни шарманда қилма, — деди шарақлаб кулиб. — Эҳ, йигит бўлганимда борми…
Қишлоқ бу гапдан ўша куннинг ўзидаёқ хабар топди. Хумор янга иштирокидаги бирор бир воқеа тафсилоти ошкор бўлмай қолмасди-да.
Тўй тараддуди бошланди. Аммо янганинг бир гапи Жамолбойга тинчлик бермасди. Тўй куни Зуҳра унинг оёғини босиб олса, нима бўлиши мумкин? Бу қанақа одат ўзи? Эҳ, босса босибди-да, шунга шунча ғамми…
Тўй куни ҳам етиб келди. Янгалар Жамолбойга тегишли маслаҳатларни бериб, аста чимилдиққа киргизиб юборишди. Қўрққанга қўша кўринар деганларидек, ўзи шундоқ ҳам ҳаяжонини яшира олмай турган куёв бола чимилдиққа кираётиб, қалқиб кетса бўладими? Келин бола оёғини таппа босди! Хонани аёлларнинг қий-чуви босиб кетди. Хумор янганинг овозини ҳовлидагилар ҳам эшитди:
— Э, бола-чақанинг тагида қолгур, Жамолбой, мен сенга айтмабмидим…
Жамолбой нима бўлганини тушунмай, қалин кўрпача устига яхшилаб жойлашиб олиб, мум тишлагандай жим ўтираверди. Куёвдан садо чиқмагач, келин тилга кирди:
— Гапириб ўтиринг бундоқ, одам зерикиб кетди…
— Э, мен нимани гапирай, гапиришни билмасам, — дея чайналди Жамолбой.
— Унда билганингизни гапиринг.
— Билганимними, ҳа, ҳалиги… мен бу ерда банд бўлиб, қўйларга сув беришни унутибман…
Келин пиқ этиб кулиб юборди. Жамолбой яна бир нима демоқчи эди, гўшанганинг бир чети кўтарилиб, Хумор янганинг боши кўринди…