Ҳусомий Хивақий-Қоракўлий (1442-1505) Ўрта Осиё халқлари маънавий-маданий, жумладан, адабий ҳаёти ривожига муносиб ҳисса қўшган сиймолардан. Бу борада шоирга замондош ва кейинги давр муаллифлари махсус сўз юритишган. Ҳусомий ижодига берилган таърифу тавсифлар жуда юксак.
Ҳазрат Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг учинчи мажлисида ўзи кўрган ва суҳбатда бўлган шоирлар қаторида Ҳусомийни қуйидагича тилга олади: “Дарвеш Хусомий хоразмлиғдур. Бу матлаъ анингдурким: Фиғон, эй дустон, к-он лаъли ширин аз ҳавас моро, Бикушту ҳеч кас бар сар наёмад жўз магас моро (Фиғон, эй дўстлар, ул ширин лабли ҳавас юзасидан бизни ўлдирди-ю, пашшадан бўлак ҳеч ким бошимизга келмади).» Сом Мирзо Сафавий «Туҳфаи Сомий” (1550) тазкирасида: «Мавлоно Ҳусомий Қоракўлий асли Хоразмдан. Аммо Бухорога қарашли Қоракўлда ўсиб-улғайган. Дарвеш ва абдолваш киши бўлган. Шеърда мовароуннаҳрлик шоирлардан ҳеч бирининг шеъри унинг санъаткорона сўзлари даражасига етган эмас. Яхши шеърлари жуда кўп…», деб ёзади.
Нисорий «Музаккири аҳбоб»(1566)да Ҳусомийнинг асли Хевақдан, кейинчалик Қоракўлда яшаб, ўша ерда вафот этганини Ҳусомий тилидан айтилган бир байт орқали билдиради ва Ҳусомийни шиаликда айблашгани, аммо унинг шеърларидаги чорёрлар олқиши бу айбловни рад қилиш учун далил бўла олишини таъкидлайди. Тазкирада қаландар Ҳусомийнинг Маккага боришдаги ўлкалардан бири ҳокимига айтган ҳикматли сўзлари, 5 байтли бир ғазали ва яна бир ғазалининг 3 байти ҳавола этилади. Бу асарда Ҳусомийнинг Жомий вафотига атаб ёзган таърих-тўртлиги ҳам келтирилган: Жомий ки бар сипеҳри камол офтоб буд, Тасниф кард нусха зи ҳар илм беҳасиб. Рафт аз жаҳону монд миёни суханварон, Таърихи фавти хештан «ашъори дилфариб”— Етуклик осмонининг қуёши бўлмиш Жомий, турли илмлар бўйича сон-саноқсиз китоблар битди. Ўзи жаҳондан ўтди-ю, сўзамоллар орасида «дилни ўғирловчи ашъори»ни вафотига таърих қилиб кетди.
Дарвешали Чангий «Рисолаи мусиқа»(1603)да Ҳусомий Хивақийнинг мусиқа соҳасига оид бир рисоласи борлигини эслатиб, шоир шеърларидан намуналар ҳавола этади. Дарвешали ҳикоя қилишича, Ҳусомий Қоракўлдан туриб Хожа Аҳрорга хат ёзган, сўнг Самарқандга келиб, Хожа Аҳрор билан Хожа Муҳаммад Даштий Қатағон алайҳурраҳма мақбарасида учрашган. Хожа Аҳрор билан бирга Андижон, Туркистон шаҳарларига сафар қилган. Аҳмад Яссавий мақбараси зиёрати чоғи эса одамлар Ҳусомий кароматининг гувоҳи бўлишган. Ўшанда Ҳусомий Туркистондан қайтгач, аввал Самарқандга келиб, сўнг Қоракўлга кетган. Ҳусомийнинг муаммо фани бўйича рисоласи, битта форсча ва битта туркий тилдаги шеърий девонлари бўлган. «Рисолаи мусиқа»да шоирнинг 29 байтли бир қасидаси берилиб, Ҳусомийнинг қабри Қоракўлдаги «Дарвозаи Дуоб ул-қоф» қабристонида экани айтилади.
Абдулла Кобулийнинг «Тазкират ут-таворих»(1690) асаридаги Ҳусомий ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар ҳам қимматли: «Мавлоно Ҳусомий — сирлари муқаддас бўлсин — табъи яхши, ширин калом ва мажзуб, бош-оёғи яланг тарзда фақр либосида сулукка машғул киши ўтган. Хожа Аҳрор ҳазратлари — сирлари муқаддас бўлсин — унга илтифот назари билан қараганлар ва ўзига ҳамсуҳбат тутишга майллари кўп бўлган. Ҳазрат Мавлавий Жомий — Оллоҳ руҳларини ёрлақасин — ва бошқа улуғлар Ҳусомийни йўқлаб, кўришга муштоқ юришаркан. Аммо унинг ҳеч кимга эътибори-ю, ҳеч нарсага иштиёқи бўлмаган. Дилга ўрнашувчи ашъор, қасида ва тенгсиз сўзларининг кўпи хос ва авом ўртасида тўла шуҳрат қозонган… Ҳусомий ҳижрий 897 йили касалланиб, сўнг ўзи Қоракўлга келиб мақом тутган Чўкурдум Ото қабристонидаги (ҳозир бу қабристон халқ тилида «Чўбурдон Ота» шаклида айтилади — И.Б.) хонақоҳда вафот этган ва Чўкурдум Отонинг нурли мозори ёнига дафн қилишган”.
Саййид Роқим «Торихи Роқим”(1690)да Ҳусомийнинг асли Хивақ вилоятидан бўлиб, кейинчалик Қоракўлга келиб ватан тутгани ҳақидаги тўртликни тўлиқ ҳавола этади: «…Ман булбули диёри Қоракўл — гулшанам, Дур аз мақоми аслии худ наъра мезанам. Аслам зи шаҳри Хивақу ҳоло дар ин диёр, Дарвозаи Отост мақоми мўаййанам (Мен гулшан диёр — Қоракўл булбулиман. Асл юртимдан узоқда наъра тортмоқдаман. Аслим Хивақ шаҳридан, ҳозир бу диёрда, «Дарвозаи Ото» деган жой турғун мақомим).
…Ҳусомий кўп йиллар Хожа Аҳрор ёнида бўлган. Унинг ғоятда латофатли ва ниҳоятда назокатли бир девони бор… Ҳусомий ҳижрий 911 йили рабиъ ул-охир ойи жумъа куни(1505 йил сентябр-октябр — И.Б.) вафот этган. Шоирлар Ҳусомий вафоти муносабати билан кўплаб таърих айтишган..».
Лутфалибек «Оташкадаи Озар”(1770) тазкирасида: «Ҳусомийнинг асли Хоразмдан. Аммо кўпинча Мовароуннаҳрнинг Қоракўлида яшаган ва Ҳусомий Қоракўлий нисбаси билан танилган…», дея маълумот бераркан, шу ерда Ҳусомий шеърларидан 5 байтини намуна сифатида келтиради.
Мутрибий «Тазкират уш-шуаро»да XVI аср иккинчи ярми шоирлари ҳам Ҳусомий шеърларига татаббуъ ёзганларини мисоллар билан қайд этиб кетган. Ҳатто тазкиранавис Ҳусомийнинг «Дар жаҳон эй ёракон албатта бояд ёраке, Нозукак, хубак, латифак, дилбарак, дилдораке» матлаъли ва «Вақти он омад Ҳусомиддин хамеш кун даҳанаке, Саҳмгинак, Қутбиддинак, Шамси беағёраке» мақтаъли ғазалини янглиш ҳолда Жалолиддин Румий шеъри сифатида ҳавола қилади.
Европалик Ҳерман Вамбери ҳам Ҳусомийнинг мусиқадаги фаолияти борасида мақтовли сўзлар айтган.
Биз ЎзФА ШИ қўлёзмалар фондидадаги 159/VI рақами остида сақланувчи баёзда Ҳусомийнинг битта мадҳ, 222 ғазал ва 22 байтли муножоти мавжудлигини аниқлаган эдик. Бу баёз 1855 йили Бухоро шаҳрида Мунириддин Абулшараф Муҳаммад ал-Ҳусайний бин Умар ал-Бухорий суммил-Булғорий томонидан тартиб берилган. Ҳусомий ғазалларининг бир қанчасида шоир ғояси тасаввуфий-ирфоний тушунча, сўфиёна рамзлар воситасида ва Яъқуб пайғамбар, Шоҳи араб (ислом пайғамбари) ҳамда Шамси Табрезий, Жалолиддин Румий, Жомий, Хожа Аҳрор каби буюк сиймоларга мурожаат орқали ёритилган. Ишқ мавзуидаги сатрларда Лайли, Мажнун, Фарҳод, Ширин, Хусрави Парвиз, Вомиқу Узро ва Мансури Халлож образлари қатнашади. Ҳусомий ўзининг қаландарлик маслаги хусусида ёзади.
Шоир шеърларида Низомий, Хусрав Деҳлавий, Камол Хўжандий исмлари ҳам тилга олинади ва Ганжа, Табриз, Бардаъ, Хўжанд, Шаҳрисабз шаҳарлари номлари қайд этилади.
Ишқ мавзуи табиат манзараси уйғунлигида тараннум этилиб, баҳор, ёр васфи ва висол саодати, ҳижрон азоби кабилар қуйидагича ўйноқи сатрларда баён қилинади: Гул вақти-ю, баҳор мавсумидир бу кун, Бода келтир, дўстлар ҳузури ғанимат бугун. Қумри-ю, булбул фиғони боғ аро, Сарвигулу гулюзлилар ишқи туфайлидир. Ёр оёғининг чанги сабо қўлидадур, Не келтирса ул ел кўзимга тўтиё. Туркларга тўғри сўзлик хос эрса, Менинг турк (гўзал) ёримда ҳам тўғрилик, ҳам софлик мужассам. Ҳусомийнинг қуйидаги ғазали инсоннинг Яратгувчига нисбатан ҳайрат-муҳаббатини англатиб, бу изҳор заминий муқоясалар воситасида амалга ошган.
Гуфтамаш: дар шаҳр чун чашми ту як бебок нест. Гуфт: агар бебокий ояд зи мастон бок нест. Гуфтамаш: аз сўхтан арбоби жаннат фориғанд. Гуфт: дар жаннат магар он руйи оташнок нест? Гуфтамаш: ба доғи ишқат хирқаи сўфий аст пок. Гуфт: агар сад бор мешуянд уро, пок нест! Гуфтамаш: даъвои рухсори ту дорад офтоб. Гуфт: он саргаштаро як заррае идрок нест Гуфтамаш: хоки сари кўят киёнанд ин замон? Гуфт: ҳоло чун ҳусомий касе ба кўям хок нест.Мазмуни:
Дедим: шаҳр аро кўзлари сен каби бебок йўқ. Деди: мастлардан бебоклик келса ҳеч бир бок йўқ! Дедим: куймакдан жаннат аҳли озод эрур. Деди: жаннатда магар ул юзи оташнок йўқ? Дедим: ишқинг доғидан сўфи хирқасидир пок. Деди: юз бор ювсалар ҳам бўлмас ул пок, йўқ! Дедим: юзинг даъвосин қилмоқда-ку офтоб. Деди: ул саргаштада чун бир зарра идрок йўқ. Дедим: кўчанг тупроғи кимлар эрур бу айём? Деди: Ҳусомийдек бу дам кўйимда бир хок йўқ!(Бебок — шўх; бок — ажабланиш; хок — тупроқ.)
Хуллас, Ўрта Осиё халқлари маданий-маънавий ҳаёти тарихида фаол қатнашган Ҳусомий адабий меросини ўрганиш навбатдаги вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 14-сонидан олинди.