Ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва тарихий тараққиётида XI — XV асрлар ёзма ёдгорликлари муҳим аҳамият касб этади. Бу даврга оид қўлёзмаларни излаб топишда, қаерда сақланишини аниқлашда, тадқиқ қилиб, нашр этишда дунёга машҳур ўнлаб олимларнинг хизматлари, айниқса, Европа, Туркия, Россия, Ўзбекистон, Америка, Япония, Хитой тадқиқотчиларининг қўшган ҳиссалари таҳсинга сазовордир. Айнан шунинг учун ҳам бу давр ёдгорликларига оид ҳар бир мақола, китоб мутахассисларда қизиқиш уйғотади.
Маълумки, мумтоз адабиёт намуналарини ҳозирги замон талаблари даражасида нашрга тайёрлаш мутахассисдан кенг билим, муайян малака, юксак масъулият талаб қилади. Тузувчи, энг аввало, салафларининг ишларидан яхши хабардор бўлиши, уларнинг ютуқ-камчиликларини илмий таҳлил эта олиши ва бу соҳадаги сўнгги янгиликлардан воқиф бўлиши лозим. Ҳар тарафлама чуқур билимларсиз тузувчининг ҳаракатлари, шубҳасиз, муваффақиятсизликка учрайди ва, энг муҳими, таълим жараёнига зарар етказади. Илмий матн яратиш маъсулиятини сезиш ва бутун мураккаблигини чуқур ҳис қилиш учун ноширнинг ўзи ҳам бирор қўлёзма асарни тадқиқ этиб, эълон қилиши зарур. Бундай тажриба у ҳозирлаган китобнинг илмий савиясига, матн мазмунини тушуниш ва тушунтиришга, сўзларнинг тўғри изоҳланишига ижобий таъсир кўрсатади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» (2011 йил, 29 апрел) газетасида Н.Раҳмоннинг «Тўғри матн яратиш масъулияти» номли мақоласи эълон қилинди. Муаллиф матншунослик, адабий ёдгорликлардан танлаб олиб мажмуалар яратиш хусусида мулоҳаза юритади. Бироқ унинг фикрларида мантиқий изчиллик етишмайди ва натижада ноаниқликларга йўл қўяди. Масалан, у рус тили, диалектлари, синтаксиси, морфологияси соҳасида йирик мутахассис А.Шахматов(1864—1920) тадқиқотлари хусусида гапириб шундай ёзади: «У матндаги хатоларга эътибор қаратар экан, устозлар билан зиддиятга киришмади, балки тадқиқот усулини ўзгартирди: аввал матнни тадқиқ этиб, кейин нашр қилди. Ниҳоятда ибратли усул!». Биринчидан, гап машҳур славяншунос ҳақида кетар экан, қисқароқ бўлса ҳам, у амалга оширган тадқиқотлар ҳақида маълумот бериш керак эди, афсуски, бу йўқ. Иккинчидан, олим билан устозлари орасидаги «зиддият» нималарда кўринади, деган савол жавобсиз қолган. Учинчидан эса, А.Шахматов қўллаган «тадқиқот усули» нима, ёдгорликларни қандай ўрганди ва, ниҳоят, бугунги кунда у қўллаган усулнинг қайси томонлари ўқувчи учун ибратлилиги қоронғулигича қолган. Демак, Н.Раҳмон рус матншунослик мактаби ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас. Сўз рус матншунослиги устида борар экан, биринчи навбатда, ХХ аср матншунослик фанини янги ғоялар билан бойитган академик Д.С.Лихачевнинг «Текстология» номли монографияси хусусида тўхталиш зарур эди.
Олим ўз салафлари илмий меросига танқидий ёндашиб, ривожлантириш мумкин бўлган нуқталарга эътибор қаратиб, янги умумназарий қарашларни илгари сурди ва бу илмий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Унинг фикрича, ёдгорликнинг муаллиф нусхаси(автограф) сақланмаган тақдирда матншунос беш-олти қадимий қўлёзма асосида илмий-танқидий матн яратиб, фарқли ўринларни қайд этиш билангина кифояланмаслиги лозим. Матн инсоннинг онгли фаолияти маҳсули экан, матншунос юзага келган хатоларнинг сабабини муайян давр билан боғлиқ ҳолда тушунтириб бериши ҳам зарурдир. Бир сўз билан айтганда, матн тузувчи тарихийлик принципига таяниб иш кўриши керак. Албатта, бир мақола доирасида академик Д.Лихачев фаолиятига батафсил тўхталиб бўлмайди ва шу сабабли ҳам биз ўзак масалага диққатни қаратдик, холос. Гарчи, унинг тадқиқоти рус адабиёти материали асосига қурилган бўлса ҳам, ёдгорликлар нашри билан боғлиқ қатор умумназарий фикрлар илгари сурилганлиги туфайли ўзбек матншунослиги учун ҳам илмий аҳамият касб этади. Монографиянинг ярим аср мобайнида уч маротаба нашр этилиши эса (1962, 1983, 2001) унга бўлган илмий эҳтиёждан дарак беради.
Н.Раҳмоннинг рус матншунослиги ҳақидаги мулоҳазалари тавсифий характерда. Бундан ташқари, у бу соҳада республикамизда амалга оширилган ишлардан бехабарга ўхшайди. Масалан, у Сайфи Саройининг «Гулистони бит-туркий» асари нашрлари хусусида ёзади: «Ўзбекистонда бу асарнинг икки нашри — Э.Фозилов ва Н.Даврон амалга оширган нашрлари бор”. Ваҳоланки, Ўзбекистонда «Гулистони бит-туркий» уч марта(хрестоматия, антологияларда берилган парчалар бундан истисно) чоп этилган. Дастлаб, Э.Фозилов томонидан академик М. Ойбек ва матншунос П.Шамсиев таҳрири остида 1968 йили, 1973 йили эса яна Э.Фозилов томонидан Қутбнинг «Хусрав ва Ширин» достони билан бирга туркийшунос А.Бодроглигети таҳрири остида “XIV аср Хоразм ёдномалари” китобида қайта нашр қилинган. Ҳар икки нашр бўйича республикамиз ва хорижда анча тақризлар эълон қилинди(қаранг: Академик Э. Фозилов. Т., 2009, 50—52). Орадан бир қанча вақт ўтиб асар адабиётшунос Н.Даврон томонидан 1986 йили айрим қисқартиришлар билан «Уч булбул гулшани» китобида чоп қилинди. Кўриниб турибдики, ёдгорлик Н.Раҳмон айтганидек, икки марта эмас, балки уч марта нашр этилган. Кези келганда шуни айтиш керакки, илмий ходим А. Эшонбобоевнинг «Гулистони бит-туркий»нинг уч нашри» мақоласида жорий нашрлар манбашунослик йуналишида тадқиқ қилиниб, матндаги айрим ноаниқликлар кўрсатилган ва бу илмий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинган эди. Шунингдек, биз томонимиздан асарнинг факсимил нашри ҳам амалга оширилди(қаранг: Э.И. Фозилов. Лейденская рукопись «Гулистани би-т-турки и диван Сайфи Саройи. Т., 2007). Факсимил нашрнинг илмий қиммати шундаки, мутахассисларга аслият билан танишиш имкониятини яратиб, нашрга тайёрловчининг ишини баҳолашда мезон бўла олади.
Энди эса Н.Раҳмоннинг ёдгорлик матни бўйича «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бизга билдирган эътирозларига ўтайлик.
Мазкур мақоласида Н.Раҳмон ёзади:
«Йанағи меҳрулара олма сотар.
Мисранинг мазмуни тушунарли: Ёрнинг ёноқлари шунчалик қизилки, худди қуёшга қизил олмани сотмоқчи бўлаётгандек, қуёш билан баҳслашаётгандек». (Меҳр — қуёш деб изоҳ беради Н.Раҳмон.)
Ахир, мисрада меҳр сўзи йўқ-ку! Бу ерда меҳру сўзи бор. Агар Н.Раҳмон каби меҳрулара сўзини қуёшларга деб тушуниладиган бўлса мантиқ бутунлай бузилади. Ахир, қуёш битта-ку, юлдузлардек сонсиз-саноқсиз эмас-ку!
Голландиянинг Лейден кутубхонасида сақланаётган дунёга маълум бўлган яккаю-ягона қўлёзмада юқоридаги мисра қуйидаги байтда келган:
Янгоғи сайрулара олма сотар,
Дудоғи дардийларнинг дармонидур.
(Қўлёзма, 179б-саҳифаси.)
Қулёзмадаги «сайру» — «хаста, дардли» маъносида келган. (Бу сўз ҳақида қаранг: A.Bogrogligeti, A.Four teen th Century Turkic Translation of Sa’dis Gulistan. Budapest, 1969, P. 370.) Меҳру «қуёш» сўзи қулёзма матнида йўқ, бу сўзни Н.Раҳмон ихтиро қилиб, ўзича «изоҳ» ҳам берган. Юқоридаги мисрада Н.Раҳмоннинг яна бир ихтироси йанағ сўзи бўлиб, қўлёзмада бу калима йангағ(янгоғ) шаклида берилган.
Н.Раҳмон ёзади:
«Не янгоқким мот этар тоза гулни.
Мисра мазмунини тушунишда ҳеч қандай муаммо йўқлиги учун шарҳламаймиз-да, шу байтни Э.Фозилов қандай тушунганини кўрамиз:
Не янгоқким, мот отар(?) тоза гули(?)».
Мазкур саволлардан кўриниб турибдики, Н.Раҳмон бу мисрани ҳам жўн, примитив тушунган, бундаги сўзлар шахмат ўйинидаги мотга алоқадор эмаслигини хаёлига ҳам келтирмаган.
Қўлёзмада ушбу мисра қуйидаги байтда келган:
Не янгоқ ким мот отар тоза гули,
Не дудоқ ким мисрий шакар конидур.
(Қўлёзма, 179б-саҳифа.)
Биринчи мисрадаги «мот отар», «тоза гули» сўз бирикмаларига Н. Раҳмон ҳайратда қолгандек саволлар қўйиб чиққан. Бу иборалар қадимги Шарқ ва Ғарб луғатларида ҳам биз кўрсатганимиздек ўз аксини топган.
Мот — «қийин, мушкул аҳвол»(Perplexed: F.Steingass. Persian-English Dictionary. Beirut, 1892, P. 1136.); мот от — «қийин аҳволга солмоқ; чорасиз қолмоқ; умидини йўққа чиқармоқ». Қўлёзмадан бевосита фойдаланишган академик А.Бодроглигети, профессор А.Ф.Караманўғли, профессор Х.Усманов, З.Мақсудова ва бошқалар ҳам айнан Э.Фозилов ўқиганидек келтиришган. Профессор Н.Раҳмон қўлёзмани ўқий олганида эди дунёдаги обрўли олимларнинг, шу соҳадаги мутахассисларнинг фикрига қўшилиши мумкин бўлармиди? Кадимги обидаларда от– ёрдамчи феъл вазифасида ҳам келган ва бу луғатларда акс этган: (қ.: Klaus Rohrborn. Uigurisches Worterbuch. Wien — 1977; Древнетюркский словарь. Л., 1969: севинч от-, чамат от–, қазғу от– в.ҳ).
Яна бир кичик аниқлик киритишни лозим топамиз. Юқоридаги мисрада келган «тоза гули»га Н.Раҳмон ўзича ўзгартириш киритган, яъни «тоза гулни» деб берган. Сайфи Саройи ниҳоятда дидли сўз устаси, замона тилининг моҳир билимдони бўлган. Шу сабабли қўлёзмада «тоза гулни» деб эмас, «тоза гули» деб берган.
Чунки мутахассисларнинг қайд этишича, Сайфи Саройи асарлари қипчоқ-ўғуз тилида ёзилган. Бу тилда тушум келишиги қўшимчаси –идир, буни ҳозирги ўзбек тилидаги -ни билан алмаштириш қўпол хатодир.
Насим Раҳмон ёзади:
«Қоша кўза алданурса дағийлар.
Яъни «дағийлар» — бошқалар демоқчи экани маълум. Э.Фозиловда:
“Қоша, кўза алданурса доийлар”.
Н.Раҳмонга бу ўринда ҳам қўлёзмани ўқий олмагани панд берган. Чунки «дағийлар» сўзи, умуман, Сайфи Саройи асарларида учрамайди. Бу сўз ҳам Н.Раҳмоннинг шахсий ихтиросидир. Қўлёзма матнида бу сўз «доийлар»(доъийлар) — «дуогўйлар, дуо қилувчилар» шаклида ёзилган(қ:. A.Tietze, Sprach geschichthchts und Etymologisches Worterbuch des Turkei-Turkischen. Wien—2002, s. 665).
Н.Раҳмон яна бир мантиқсиз, мазмунсиз «тузатиш» киритишга ҳаракат қилади:
«Таолаллоҳ зиҳи сурат, зиҳи маҳбуби руҳоний,
Ким онинг ҳусни шавқидин кўнгуллар бўлди нуроний.
Байтнинг биринчи мисрасидаги руҳонийни Э.Фозилов равҳоний деб ўқиганини ҳеч ҳам англаб бўлмади».
Буни англаш учун, биринчидан, байт мазмунини тушуниш керак, иккинчидан, қўлёзмада келган шаклини кўриш ва диққат билан ўрганиш керак, учинчидан, сўзларнинг маъно, мағзини фарқлаш керак.
Ахир, маҳбуб ва руҳоний — «руҳ-арвоҳга мансуб, жисмоний бўлмаган” ва маҳбуб ва равҳоний — «пок, соф, тоза; покдомон, иффатли, бенуқсон” сўзларининг қайсилари ўзаро боғлиқлиги, алоқадорлигини сезиш учун озгина Шарқ шеъриятидан хабардор бўлиш керак. Бордию, бу хислатлар табиатан йўқ бўлса, бу ҳолатдан чиқиш чораси — яккаю-ягона қўлёзмага мурожаат қилиш керак бўлади. Бу байтдаги изофа қўлёзмада Н.Раҳмон кўрсатган маҳбуби руҳоний эмас, балки Э.Фозилов келтирган маҳбуби равҳоний ёзилган (Қ.: F.Develli Oglu. Osmana — 4 Turkansiklopedik lugat, Ankara — 1962, ravhani s. 1067: кўнгулга фароғат берувчи, гўзал, сарвқомат).
Н.Раҳмон мақоласида профессор А.Н. Нажипни тилга олган, аммо XIV — XV асрларга бағишланган мажмуасидаги манбаларда уни эсламаган. Бу бежиз эмас. Н.Раҳмон ўз мажмуасидаги кўплаб хато, ғализликларни ўзгаларга юкламоқчи бўлади. У мақоласининг бошидан охиригача “Амир Нажипда” бирикмасини тез-тез ишлатади. Ваҳоланки, профессор Амир Нажип Сайфи Саройи асари матнини ҳеч қачон чоп этмаган.
Профессор Амир Нажип 1975 йили Олмаотада Сайфи Саройи тилига бағишлаган икки жилдли тадқиқот эълон қилган. Ушбу китобнинг иккинчи жилдининг иловасида «Гулистон»нинг саккизинчи бобини арабча ва туркий транскрипцияда берган. Мазкур тадқиқотда туркигўй шоирлар ғазалларидан ўрнаклар келтирилган. Н.Раҳмон ушбу нашрдан фойдалангандир. Ажабланарлиси шуки, у А.Нажип томонидан берилган ғазални ҳам сохталаштирган. А.Нажип тадқиқотида меҳрулара эмас, худди бизнинг нашримиздек сайрулара; йанағ эмас, йангағ; тоза гулни эмас, тоза гули; дағийлар эмас, доийлар шаклларида берилган. Н.Раҳмонни бунга нима мажбур этди экан?! Араб ёзувидан хабардор мутахассис Амир Нажипнинг йўқ нашрига эмас, асар қўлёзмасига мурожаат қилади.
«Мавлоно сўзини матнчи чала-ярим қилиб Мавло деб ўқиганини ҳам тушуниш қийин», деб ёзади Н.Раҳмон. Шуни қайд этиш керакки, қўлёзма матнида бу сўз икки вариантда Мавло/Мавлоно шаклларида қўлланган. Сайфи Саройининг Лейден қўлёзмасида (179г1) «Мавло» шаклида берилган. Ушбу сўзнинг иккала вариантда келиши жуда кўп қўлёзмаларда қайд этилган.
Н.Раҳмон қўлёзма матнига истаганича ўзгартириш киритишни ўзига одат қилиб олган, бунда котибларни, матн муаллифларини сакталикда ҳам айблашга ҳаракат қилган. Ҳатто бу кичик бир газета мақоласида ҳам Сайфи Саройи қўлёзмасини бузиб берган. Н.Раҳмон ёзади: «Саъдий «Гулистони»нинг форсча асл нусхаси учинчи боби 22-ҳикояси охирида «Мен айтдим» ибораси бор. Сайфи Саройи таржимасида “Хаёлга Хожа Исҳоқ Хоразмийнинг қуйидаги ҳикмати келур” деган жумладан кейин қуйидаги тўртлик келтирилган:
Тушиб бир кун отиндин, бу масални
Бадиҳа назм этти Хожа Исҳоқ:
«Жаҳон севган кишининг кўзларини
Қаноат тўлдирур ё ўлса тупроқ».
Ушбу парчада ҳам Н.Раҳмон Сайфи Саройи матнида йўқ сўз ва жумлаларни адибники деб келтирган. Ахир, «Гулистон»нинг форсча асл нусхасида қандай қилиб туркийча «Мен айтдим» бўлиши мумкин.
Сайфи Саройи қўлёзма матнида дунёни кезган бир тожир ҳақида ҳикоя қилинган: «Манга айтти» сен дағи сўзлагил кўрганингдан, ё эшитканингдан. Мен айттим: бир масали Хожа Исҳоқ Хоразмийдан ёд тутармен. Айтти: айтқил! Айттим: Шеър:
Тушуб бир кун отиндан бу масални
Бадиҳа назм этти Хожа Исҳоқ:
Жаҳон севган кишининг кўзларини
Қаноат тўлдирур ё ўлса тупроқ.
(92v 12-13, 93г 1-5).
Тааccуфки, Н.Раҳмон Ўзбекистоннинг ўтган аcр 60-йилларидаги матншунослиги ва ўша даврда чоп этилган китобларга баҳо беришда етарли билим ва малакага эга эмаcлигини кўрсатади.
Эргаш Фозилов,
ЎзФА ҳақиқий аъзоси, филология фанлари доктори.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 25-сонидан олинди.