Илк учрашув
Суратдаги тошиқиб кетган қалин қора сочлари бошига сиғмай, туташ қошлар тагидаги кўзларидан ўт чақнаб турган йўл-йўл кўйлакли деҳқонбичим йигитни, шундоққина қўшни туманларда яшаган бўлишимизга қарамай, олдин кўриш у ёқда турсин, эшитмаган ҳам эканман. Лекин алманахнинг илк бетидаги “Жийроним” деган шеърнинг номи ва унда акс этган туйғулар дилимга жуда таниш ҳамда яқин эди. У пайтлар ўзим ҳам худди шу шоир йигит каби тизгин билмас орзулар қанотида учиб, қачон, қайси қўналғада, қай йўсин қўним топишимни билмай юрардим. 1977 йилнинг кўкламида чиққан “Ёшлик” алманахининг мен кўриб турган 2- сони Мусо Абдураззоқ деган сирдарёлик шоир йигитнинг сурати ва шеърлари билан очилган бўлиб, ундан шу вилоятлик уч нафар ёш ижодкорнинг асарлари ҳам жой олган экан.
Аниқ эсимда, аввало, ўша шеърнинг таъсири, сўнг шу алманахда ғазаллари чиққан жондай жигарим Хайрулла Сулаймоннинг дилбар битиклари баҳона “Ёшлик оҳанглари” номи билан олти қоғозлик тақриз ёздим. Мақола қурмағур уч ой интизор қила-қила, ҳар томондан чўқиланиб, муаллифнинг нима демоқчилигини англаб бўлмайдиган ҳолда “Сирдарё ҳақиқати”нинг 1977 йил 20 август сонида булбулнинг кўзидай бўлиб чиқди. Ундан аниқ тушунса бўладиган нарса уч ёш шоир ва мақола муаллифининг исму фамилияси эди. Нима бўлганда ҳам, мен Абдухолиқ Абдураззоқ билан илк бор шундай учрашган ва унинг битиклари тўғрида шу тариқа ёзган эдим.
Кўринадики, кўпчилик ижодкорларнинг кўпчилик мухлислари каби мен ҳам шоир ва публицист, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” Абдуҳолиқ Абдураззоқнинг ўзини кўришдан, шахсиятини билишдан олдин шоир сифатида таниганман. Зеро, ижодкорнинг битгани ўзидан олдинроқ юради ва бу табиийдир. Орадан йигирма йиллар ўтгандан кейин ўзини кўрдим. Уни шахс сифатида бир қадар танишим учун эса яна беш-олти йил керак бўлди. Лекин ёзувчининг битиклари ҳеч қандай воситачиларсиз унинг табиатини тушунишимга калит бўлди.
Бугунги одам ижтимоий муносабатлар оғушида яшайди. Ҳақиқий ёзувчи фаол инсон ва ҳақиқатни айтишга масъул ойдин сифатида ўз яратиқларида ана шу муносабатларни акс эттиришга маҳкум. Бу жиҳат адиблар фикрига салмоқ, қарашларига эътибор, битикларига ижтимоий-маърифий юк бағишлайди. Истеъдодли шоир ва журналист Абдухолиқ Абдураззоқ шоирнинг публицистикаси публицистнинг шеърлари билан биргаликда келган “Куздаги кўклам” китобида бир ўзбек ойдинининг ҳаёт йўли мисолида миллатнинг кечаси, бугуни ҳамда эртаси ҳақидаги кузатиш ва ўйларларини баён этган. Китобга ўзи, юрти ва юртдошларининг ижтимоий ўрни ҳақида фикрлайдиган одамнинг ўзига хос бир ҳисоботи, босиб ўтилган тириклик йўли ҳақидаги ўйлари тарзида тартиб берилган. Асарнинг архитектоникаси шунга мувофиқ қурилгани унинг ўқишли бўлишини таъминлаган.
Китобни истиқлолда яшаётган, уни мустаҳкамлаш ҳақда тинимсиз ўйлаётган кишининг дил изҳорлари дейиш мумкин. Муаллиф бугунга қуруқ маддоҳлик қилмагани каби, кечаги кунни ҳам ёппасига инкор қилиш йўлини тутмайди. У эгаманлик туйғусининг бир одам, бир авлод, бир миллат қалбида қандай пайдо бўлиб улғайгани, қай тарзда реалликка айлагани ва у бераётган меваларни ўз ҳаёти мисолида кўрсатишга ҳаракат қилган.
Маълумки, ҳар қандай ёзувчи қачон, ким тўғрисида қалам сурмасин, аслида ўзини ёзади. “Куздаги кўклам” китобида ҳам муаллифнинг болалик, талабалик, йигитлик чоғларида кўрган-кечирганлари бугуннинг фонида жонли тасвирлангани учун кўпчилликка қизиқ ҳамда ўқишли чиққан. Чунки бу битикларда юрт аҳлининг тақдири бир киши ҳаёти мисолида кўрсатилгани каби бир киши қисматига юрт тақдири қандай тамға босгани ҳам акс этади. Китобга кирган барча битиклар муаллифнинг ўзига хос шахсияти ва ёрқин истеъдодидан далолат беради.
Истеъдод
Шоир Мусо Абдураззоқ ва публицист Абдухолиқ Абдураззоқни яқиндан таниганим ва бир қадар билганим натижасида у ғоят истеъдодли одам деган тўхтамга келдим. Унинг истеъдоди ҳаётининг босқичлари бўлмиш: ўқувчилиги, талабалиги, шоирлиги, журналистлиги, раҳбарлиги, оталиги ва ҳатто… улфатлиги каби кўп жиҳатларда намоён бўлади.
Абдухолиқ мактабни олтин медал билан битирган. Журфакнинг кундузги бўлимига киргунча, ўзбек филологияси факултетининг сиртқи, медицина институтининг кундузги, журналистика факултетининг сиртқи бўлимларига қайта-қайта ўқишга кирган ва азалий орзусига эришмагунча, яъни шоирлар тайёрлайдиган журналистика факултетининг кундузги бўлимига кирмагунча, уринишлардан чарчамаган.
Унинг шоирлик истеъдоди “Куздаги кўклам” ва “Сиз отамни танийсиз” китобларига кирган шеърларида яққол кўринади. Унинг публицистик иқтидори ҳам шу китоблардан жой олган мақолаларда акс этади. Бундан икки-уч йил олдин таниқли ёзувчи Абдусаид Кўчим “Эл сув ичган дарёлар” отлиғ янги китобига сўзбоши зарурлигини айтиб, кимга ёздирганим тузук, деб сўраб қолди. Мен: “Абдухолиқ акага айтиб кўрсак-чи?” – деб таклиф киритдим. Шундай дейишга дедиму, аммо гапнинг чини бироз чўчидим. Сабаби, билардимки, яхши сўзбоши китобнинг даражасини кўтаргани каби, унча чиқмаган сўзбоши уни тушириб юбориши ҳам мумкин. Бунинг устига, вақт масаласи ҳам доимгидай тиғиз. А. Абдураззоқ томонидан бир ҳафтага етар-етмас вақт ичида ёзилган сўзбоши Абдусаид Кўчимнинг китобини нурлантириб юборганига ҳаммамиз ҳам қойил қолдик.
Иккинчи воқеа, шу йилнинг февралида ҳазрат Алишер Навоий туғилган кун муносабати билан ўтказилган тантаналарда қатнашиш учун Омон Мухтор, Абдухолиқ Абдураззоқ учовмиз Сирдарёга борганда юз берди. Вилоят театрида ўтказилган тантанали йиғиндан сўнг А. Абдураззоқ Сайхунобод ва Гулистон туманларида кўчат экиш қандай бораётганлиги билан қизиқди. Бизни ҳам эргаштириб, бу икки тумандаги уч-тўрт қишлоққа, бир неча мактаб ва коллежга, бир қанча одамларнинг уйларига кирди. Сафардан ҳориб-чарчаб, ярим кечаси қайтдик.
Кўнглимдан шу ишларни бирорта мухбирига топширса бўларди-ку, деганга ўхшаш ўй ҳам ўтди. Ўша куни сешанба эди. “Ишонч” газетасининг пайшанба сонида эса Мирзачўлни боғ-роққа айлантириш ва вилоят ҳаётига доир бир қатор долзарб масалалар кўтариб чиқилган икки бетлик жуда қизиқарли мақола чоп этилди. Орада ярим кунгина вақт бор эди, холос. Чуқур таҳлилларга тўла шундай керакли ва қизиқарли мақолани қисқа вақт ичида ёза билиш учун истеъдод керак бўлади одамга…
Ирода
Лекин, агар кишида ирода ва қатъият бўлмаса, ҳар қандай истеъдод ишга солинмай қолиб кетавериши ҳам мумкин бўлган шунчаки бир имкониятдир. Абдухолиқ Абдураззоқ имконият сифатида берилган истеъдод оловини ўчирмай, алангалатишга ўзида куч, қатъият ва ирода топа билган шахсдир. Ирода ва қатъият олти ёшга ҳам тўлмай мактабга борган, шу боис номи журналга тиркалмаган болакайнинг яхши ўқиб кетиши ва ўқув йили охирига бориб, журналга ёзилишига сабаб бўлди. Айни шу қатъият ва ирода тўртинчи синфни битирган, лекин ҳали ўн ёшга ҳам кирмаган болакайнинг ўзлари яшаётган Фармонқўрғондан етти чақирим наридаги мактабга гоҳ яёв, гоҳ велосипедда қатнаб сабоқ олишини таъминлади. Худди шу сифатлар олтинчи синфга ўтган ўсмирга ота-она бағридан узилиб чиқиб, Боёвут туманига қарашли “Тараққиёт” қишлоғидаги ётоқмактаб (интернатмактаб)да ётиб ўқишга куч берди.
Абдухолиқ ҳам ҳамма болаларга ўхшаган бола эди. Айни вақтда ҳаммага ўхшамасди ҳам. Чунончи, кўпчилик болалар бир нарсага берилса, болалигига бориб, бутун дунёни унутиб қўярди. Унинг эса болаликдан вақти қатъий тақсимланганди. Дарс қиладиган вақт келиши билан у ҳамма нарсани, ҳатто, ўйинни ҳам йиғиштириб, дарс тайёрлашга ўтирар, бошқа ҳар қандай юмуш иккинчи даражали ҳисобланар ва кутиб турарди. Болаликдан шаклланган мана шу интизом ва қатъият Абдухолиққа бир умр йўлдош ҳамда унинг ҳаётдаги барча зафарларига асосий омил бўлди.
Республиканинг турли жойларидан келган чўлқуварларнинг болаларига мўлжаллаб очилган “Тараққиёт” қишлоғидаги ётоқмактаб шуниси билан эътибор қозонгандики, унга Тошкент олий мактабларини эндигина битирган ёш муаллимлар жўнатиларди. Уларнинг чуқур билими, бошкентда ўқиган ёшларга хос дунёқараш ва ҳаётбахш жўшқинликлари ўқувчилар шахсияти шаклланишига жиддий таъсир кўрсатарди. Абдухолиқ 6-8-синфларни шу ерда ўқиди. Ётоқмактабнинг ёнгинасидаги оддий мактабда, ундан уч синф юқорида бўлажак улкан шоира Ҳалима Худойбердиева ўқирди. Вилоят газеталарида шеърлари чиқиб турадиган бу қиз ўқувчилар орасида жуда машҳур эди. Ётоқмактабда ишлайдиган қўшқандлик шоиртабиат Мирзабек муаллим ёш қаламкашлар тўгарагини ташкил этган ва унга Ҳалима ҳам қатнашар, кичкина Абдухолиқ эса, шу тўгаракнинг фаолларидан эди.
А. Абдураззоқ ётоқмактабнинг 8- синфини битирган пайтга келиб, ўзларининг қишлоғи Фармонқўрғонда ўрта мактаб очилди. Йигитчадаги ирода ва қатъият шу билим масканини олтин медал билан битиришга омил бўлди. Суюкли муаллими Олимжон акадан ўтган билимга чанқоқлик, Тошбой ўтинчидан кўчган китобга муҳаббат, онасидан юққан кўркам сўзга ошуфталик каби сифатлар йигит табиатидаги қатъият ва ирода туфайли сайқал топиб борди ҳамда Абдухолиқнинг шахсиятига жозиба, инсоний тақдирига эса маъно бағишлади. У шоир бўлмоқчи эди ва бунинг учун, ўша пайтдаги тушунчасига кўра, албатта, журфакда ўқишим керак деб ўйларди. Ҳали ўсмирлигида “Ленин учқуни” газетасида шеъри чиққанди. Мақолалар ҳам ёзиб турарди. Лекин умри турли қишлоқлардаги турли мактабларга сочилган йигитчанинг мақолалари журфакка киришга етадиган даражада кўп эмасди. Шу боис ўрта мактабни битирган 1967 йилда унинг ҳужжатларини ТошДУнинг журфагига олишмади. Негаки, журфакка ҳужжат топшириш учун олтита мақола керак бўлиб, уники тўрттагина эди. Шу боис Абдухолиқ ўзбек филологияси факултетига ҳужжат топширди. Имтиҳонларнинг иккитасидан “беш”, иккитасидан “тўрт” олсада, тожикистонлик бўлгани учун кундузги бўлимга ўтолмади, сиртқига қабул қилинди. Уларнинг қишлоғи Тожикистонга ўтказиб юборилган экан. У диплом эмас, билим олмоқчи эди. Шу боис фақат кундузги бўлимда ўқишга интиларди.
Кейинги йили Тожикистонда ўқимоқчи бўлди. Ҳужжатларини тайёрлаб, Душанбе шаҳрига борди. У ерда математикадан Москва давлат университетига иккита одам қабул қилиниши тўғрисидаги эълонга тасодифан кўзи тушиб қолди. Мактабни олтин медалга битирган романтик йигитчанинг энди Москвада ўқигиси келиб қолди. МДУга қабул имтиҳонлари 25 июлда тугайди, мабодо, у ерга ўтолмасам ҳам, бошқасига топширишга улгураман деб ҳам ўйлади. Опаси Шарофат унинг энг яқин маслаҳатчиси эди. Душанбедан қишлоғига телефон қилди. Почтадаги камутаторлар Шарофатни уйидан айтиб келишди. Ини Москвага кетсам маъқул бўлармикин, деганга ўхшаш гап қилди. Ундан икки ёшгина катта бўлсада, жуда мулоҳазали опа: “Ўзинг кунини зўрға кўраётган сувчининг ўғли бўлсанг, Москвада қандай ўқийсан, ейиш-ичишинг, кийиминг нима бўлади?” – деди.
Абдухолиқ қатъиятли ва қайсар эди, аммо жўяли гапни тан олишга ўзида куч топди. Шундай қилиб, у ҳужжатни медицина институтига топширди. Медали бўлгани учун битта имтиҳондан ўтиши керак эди. Ўша битта имтиҳон у азалдан энг яхши биладиган, ҳар қандай мураккаб масалаларни кўз очиб-юмгунча ишлаб ташлайдиган физика фанидан экан. Ўзига тушган чиптадаги иккита саволни ҳам яхши биларди, масалани-ку ўйланиб ҳам ўтирмай, бирпасда ечиб қўйди. Абдухолиқ: “Тайёрман!” – дегач, имтиҳон олаётган домлалар унинг олдига келишди. Улардан бирни йигитнинг қўлидаги масала ва мисоллар ишланган қоғозга кўз ташлаб, қувониб кетди:
– Ие, жуда зўр-ку, чиройли ишлабсан. Медалинг борми? – деди.
– Ҳа! – жавоб берди Абдухолиқ.
Имтиҳончи домла комиссия раисини чақиртирди. Раис келиб, Ернинг Ойга таъсири нимага тенглиги тўғрисида савол берди. Абдухолиқ бироз ўйланиб туриб, агар 90 градусли бурчак остида бўлса, нолга тенг бўлишини айтди. Раис имтиҳон варағига шартта “5” баҳо қўйиб:
– Табриклайман, сиз ўқишга кирдингиз, – деди.
Шу тариқа Абдухолиқ Душанбе мединститути талабасига айланди. Медицина институтларида мутахассислик фанлари фақат рус тилида ўтилар, биргина тарих фани ўзбекча ўқитиларди. Биринчи семестрни аълочилар сафида битирди. Лекин ичи қизиб кетарди. Ўзбекча сўзлашгиси келарди. Тилни соғинарди. Шеър ёзгиси, ўқигиси, эшитгиси келарди. Иккинчи ярим йилга келиб, ўқишдан совиди. Шунга қарамай, биринчи курсни яхши битирди.
Яхши битирди-ю, курсдошлари таътилга кетишганда, у ҳеч ким билан маслаҳат ҳам қилиб ўтирмай, ҳужжатларини қайтариб олиб, Тошкентга, орзуси бўлмиш журфакка жўнади. Имтиҳонлардан яна иккита “беш” ва иккита “тўрт” олди. Мандат бўлай деб турганда опаси Шарофатнинг ўлими ҳақида хабар келиб қолди. Ҳеч нарсага қарамай, қишлоғига йўл олди. Опасини тупроққа топшириб қайтиб келса, мандат ўтиб бўлган экан. Олган баҳоларига қараб, уни сиртқига қабул қилишди. Ўқишга кирганлиги тўғрисидаги маълумотнома билан Боёвут туман газетасига адабий ходим бўлиб ишга жойлашди.
Шу йилнинг кузида ҳарбий хизматга чақирилди. Бир вақтлар медицина институтида ўқигани учун икки йил давомида Қозоғистон чўллари ва Мурманск ўрмонларида санинструктор бўлиб хизмат қилди. Хизматни битириб, тўғри Боёвутга “Ленин йўли” газетаси редакциясига келса, ўзи ишлаган адабий ходимлик ўрни банд, масъул котиблик бўш экан. Ҳарбийда чиниққан қатъиятли йигит масъулиятидан қўрқиб ўтирмай, масъул котиб сифатида ишга тушиб кетди.
1972 йилнинг ёзида сиртқидаги ҳужжатларини қайтариб олиб, яна журфакнинг кундузги бўлимига топширди. Ҳужжатини қабул қилаётган дўмбоққина домла: “Ҳой йигит, масъул котиб экансиз, кундуз ўқиб нима қиласиз? Битирганингиздан сўнг масъул котиб бўласизми-йўқми, Худо билади”, – деди. “Мен билим олмоқчиман, домла. Катта мўлжалларим бор. Уларга етишим керак”, – жавоб қилди Абдухолиқ. Йигит яна ўзининг доимий баҳолари: иккита “5”, иккита “4”ни олди. Лекин энди у ҳарбий хизматни ўтаб келган одам сифатида журфакнинг кундузги бўлимига қабул қилинди. Йигитнинг букилмас қатъияти уни, ниҳоят, орзусига етказди. Бу вақтда Абдухолиқнинг тенгдошлари аллақачон институтларни битириб, ишга ҳам жойлашиб бўлишганди.
Журфакда ўқиш билан бирга радиода ишлай бошлади. Битиргач, Сирдарёга кетди. Бу орада отадан ажралишган, оила амакилар ёнига, Сирдарё вилоятига кўчиб келганди. Боёвут туман газетасида, йил ўтмай, Жиззах вилоят радиосида ишлади. Юрт кезди, чўлқуварларни ўрганди. Ажойиб кунларнинг бирида Республика радиосининг қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Ортиқбой Тиловбердиев “Бизга келинг, сизбоп иш бор”, – деб қолди. Боёвутдан Жиззахга қатнаб ишлаётган йигит йўлни Тошкентга бурди.
Мустақиллик арафасида юртимизда Президентлик бошқаруви жорий этилгач, фидойи мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлди. А. Абдураззоқ Президент девонига ишга чақирилди. Сўнг республика прокуратураси қошидаги “Ҳуқуқ” газетаси ва “Қонун ҳимоясида” журналига асос солиб, қатор йиллар бу қўшалоқ нашрни бошқарди. Кейинчалик республика касаба уюшмалари федерацияси муассислигидаги “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталарига Бош муҳаррир бўлиб ўтди. Мана беш мучал кечди ҳамки, хаёлига адоқсиз режалар, қўлига қалам, руҳига қатъият ва ирода ёр.
Туйғулар ёлқини
Шахсиятидаги ўзига хослик ижодига ҳам кўчгани учун Абдухолиқ Абдураззоқнинг шеърлари ифода йўсини ва туйғулар самимияти билан кўнгилни ром этади. Уларда муаллифнинг поэтик иқтидори ёрқин намоён бўлган дейиш мумкин. Китобдаги “Қалбинг яшнатмаса райҳоннинг иси, Дардкашлик келмайди сенинг қўлингдан”, “Паришон ҳаётга исёнми чора?! Оловли вужудга чорами гаврон?!” сингари мисралар муаллифнинг оламни шеърий идрок этиш салоҳияти нечоғлик эканидан далолатдир. У шеърларидан бирида: “Юрагимда соғинч отлиғ дарё оқар”, – дейди. Соғинчдай мавҳум туйғуни шу қадар маҳорат билан моддийлаштира олиш учун кишида тийрак поэтик назар бўлиши зарур.
Абдухолиқ Абдураззоқнинг шеърий иқтидори, айниқса, “Ҳавас қилиб ой тутарди жом, Тўкиларди ундан нур – бода”, “Ойнинг ипак нурларидан Сенга сиртмоқ ясарман. Саодатли бир кунингда шу сиртмоққа осарман”, “Опажоним, айрилиқнинг айрисига осилай”, “Қуллик тирик қолса, Мен ўлдим” сингари поэтик кашфиётларида тўлиқ намоён бўлган. Абдухолиқ Абдураззоқ бир шеърида : “Йилларга йўл билан қайта билмадим, Фақат хотиралар унга қайтарди”, – дейди. Чиндан ҳам одамзот кечаги куни ва аждодлари билан фақат хотиралар орқалигина боғланади. Хотирасиз киши инсонлик қиёфасидан маҳрум бўлгани каби кечаги кунини ўйламаган кимса эртанги куни қандай бўлиши тўғрисида бош қотиришга ҳам қодир эмас. Демак, келажаги – қоронғу. Шу маънода А. Абдураззоқнинг асарларини кечаги кун юксакликларидан эртанинг контурларини белгилаш йўлидаги қадамлар дейиш мумкин.
Маълумки, миллий шеъриятимизда инсон умрини йил фаслларига ўхшатиб аташ тажрибаси бор. Шундан улги олиб бўлса керак, Абдухолиқ Абдураззоқ ҳам ўз умрининг эллигинчи довонини, шоирона тарзда, кузга, унинг истиқлолдан кейинги яшноқ йилларини эса, куз ўрнига келган кўкламга қиёс қилади ва бир китобини “Куздаги кўклам” деб номлайди. Ўз тириклигини миллат ҳаётидан айри кўрмаган шахснинг тазарру ва бадиий иқрорлари миллат аҳли учун ҳам қизиқарлидир. Ушбу китобга кирган битиклар чиндан ҳам инсоний умрининг кузида ижтимоий кўкламга дуч келган одамнинг кўнгил бўстонида очилган чечаклардир. Умид борки, бу чечаклар ифори ўқирманни узоқ вақт тарк этмагай.
Публицистикада икки жиҳат бор: у адабиётга журналистик хусусият, журналистикага эса бадиийлик сифати бағишлай олади. Шунинг учун яқингача ҳам публицистика журналистика билан адабиётга бирдай тегишли саналар эди. Зеро, бадиий адабиётга деярли ҳамиша ижтимоий юк ортилганидан у, табиий равишда, публицистик йўналишга ҳам эга бўлади. Энг қадим замонларда пайдо бўлган эртагу қўшиқлар ҳам шунчаки бадиий таъбни қондиришдан кўра, ижодкор инсоннинг дардини бўлишиш ниятида яратилган. Очиқ-ошкора тарғибий йўналишдаги «Қисаси Рабғузий», «Иброҳим Адҳам», «Шоҳ Машраб» каби битиклар-ку аслан публицистикага ёвуқдир. Маърифатчилар, айниқса, жадидларнинг асарлари, аввало, публицистик руҳи билан эътиборни тортарди.
Кейинги йигирма йил ичида азалдан адабиёт билан журналистикани бир-бирига боғлаб турадиган публицистика адабиётдан бир қадар йироқлашиб, унга соф журналистик жанр сифатида қараладиган бўлди. Маълумки, шўро адабиётига синфий тарафкашлик хос эди. Шўро мафкураси ҳар қандай асарнинг очиқ публицистик йўналишда бўлишини талаб этарди. Мафкуравий адабиёт алоҳида бир одамнинг руҳиятини туймоқчи бўлган ўқувчига яланғоч ижтимоий ғояни тиқиштирар, бадииятдан кўра сиёсий-публицистик руҳнинг кучли бўлиши ана шу талабнинг натижаси эди. Бу ҳол ўқирманни публицистикадан бездириб, одамларни ижтимоий йўналишдаги битикларни ўқимайдиган қилиб қўйганди. Шу тариқа публицистика бадиий адабиётдан йироқлашиб, соф журналистик жанрга айланиб борди. Аммо ҳар қандай ҳодисанинг асл баҳосини берадиган ҳакам бўлмиш вақт бугуннинг одами ҳам ижтимоий ёндашувни қўмсаб қолишини кўрсатди ва публицистик битиклар аста-секинлик билан яна бадиийлик хусусиятларини касб этиб бормоқда. Негаки, одамнинг асл туйғулари ижтимоий муаммо-муносабатлар оғушида ҳам яққол намоён бўлиши мумкинлиги англаб етилди.
Абдухолиқ Абдураззоқнинг «Сиз отамни танийсиз» номли китоби бадиийлик белгиларига эга бўлган ана шундай янгича мақоланависликнинг намунаси бўлди. Гап ушбу асардаги ҳар бир мақола, халқ достонларидаги каби шеър билан бирга келганидагина эмас. Гарчи, бундай тасвирий услубни шакллантириш ўз ҳолича ҳам катта аҳамият касб этади. Бу ўринда асосий гап муаллифнинг ижтимоий ҳодисалар замиридаги эстетик моҳиятни тўғри топа олгани ва бадиий таъсирли ифода эта билганидадир. А. Абдураззоқ публицистик асарларининг ё боши, ё охири, ёки ўртасида, албатта, шеър келади. Бу ҳол мақолаларга ўзгача жозиба бахш этади. Шеърлар мақолалардаги фикрий тўлғамларга ҳиссий тус бериб, тасвирга ранг киритади. Айрим ҳолатларда шеърий мисралар ҳикмат каби жаранглайди. «Ватан менимдир» мақоласидаги «Йўллар қурган йўлда қолмас» мисраси ифодани чақириқ эмас, кўнгил изҳорига айлантиради.
«Она ватан, онажон Ватан» мақоласида юртга кўр-кўрона ва мутаасибларча фидойилик ҳали чин муҳаббат эмаслиги, уни чинакамига севиш учун билиш зарурлиги, ватанга манқуртнинг содиқлигидан унинг ўтмиши ва ҳозирини биладиган онгли фуқаронинг севгиси бир неча баравар юксак экани таъсирли йўсинда баён этилади.
Битикларига жозиба бахш этиш учун муаллиф мақолаларда таъсирли образлар, эсда қоладиган сифатлашлар қўллайди. «Тилак» мақоласидаги: «Ёнилғи-энергия мустақиллигидан, автомобилсозлик, машинасозлик мустақиллигидан фикр, тафаккур мустақиллиги сари улкан эврилиш юз бермоқда» тарзидаги фикр публицистнинг ниятини ёдда қоладиган тарзда ифодалаш намунасидир. Унда миллатнинг иқтисоди, руҳияти ва ижтимоий тафаккурида юз бераётган ўзгаришлар нозик илғаб олинган ҳамда таъсирли акс эттирилган.
Ҳар қандай публицистик асарга қўйиладиган асосий талаб унда муаллиф ниятининг очиқ ва тушунарли акс этишидир. Мақолада муаллифнинг мақсади тўла тушунарли бўлиши, ўзгача талқинга имкон бермаслиги керак. Соф бадиий асар ўқувчи томонидан истаганча талқин қилиниши мумкин. Аммо публицист ўқирманга ўз нуқтаи назарини ўтказиши шарт. Зотан, публицистик асар шу ниятда ёзилади. Абдухолиқ Абдураззоқ кўпгина мақолаларида китобхонга ўз позициясини ўтказишга эришади. Кўпчилик публицистлар «халқнинг тили учида турган» гапни халқнинг номидан гапиришга уринишади. Ҳолбуки, уларга халқ номидан гапириш ваколати берилган эмас. Абдухолиқ оғанинг мақоланавис ёзувчи сифатидаги ўзига хослиги шундаки, у ўз кўнглини безовта қилган нарса-ҳодисалар тўғрисида, фақат ўзининг номидан ёзади. Аммо даврининг илғор одами, миллатнинг ойдини сифатида унинг кўнгли халқиники билан пайваста бўлиб кетади.
Шунинг учун ҳам «Мустақиллик одимлари» мақоласида юртимизда қурилаётган йўлларнинг аҳамиятини тасвирлаган, «Қадим йўлга оёқ чўзса илдизлар, Қалб осмонга бошин тираб йўл излар» мисралари ўқирман юрагига эгаманлик туйғуларидан тўлиққан шахс кўнглининг чин изҳори ўлароқ таъсир қилади. Бу сатрлардаги поэтик образлар кутилмаган теранлиги билан китобхон шуурини ром қилади. Янги қурилаётган темир йўл худди илдиздай бўлиб томир ёймоқда, лекин у шунчаки ерга эмас, балки «қадим йўлга оёқ чўзмоқ»да, чунки миллат узоқ ўтмишда ҳам ўз йўлига эга бўлиб келган. Ўтмишдаги шоннинг тикланиши муаллиф қалбини осмон қадар юксалтиб, бошини кўкка тираш имконини беради.
Ҳамиша баҳс руҳига эгалик ҳам публицистик асарларга хос жиҳатдир. Публицист доим қандайдир мухолиф билан тортишаётган йўсинда қалам суради. Бу ижодкорнинг сунъий тарафкашлиги туфайли эмас, балки жанрнинг талабидир. Публицист холис бўлолмайди. У ниманидир ёқлаб, нима ёхуд кимгадир қарши туришга мажбур. Шунинг учун ҳам А. Абдураззоқнинг нафақат ҳар бир мақоласи, балки кўпчилик шеърларида қандайдир оппонент билан баҳслашиш, унинг қарашларини рад этишга уриниш бор. Кўп ўринларда муаллиф ўқувчини ўз фикрига ишонтириб, уни ўзига тарафдор қилиб олади, яъни баҳсни ўз фойдасига ҳал этади.
Чунончи, Абдухолиқ Абдураззоқ «Ўзбекистонни тинч қўйинг» мақоласида қамровни кенгроқ олиб, четдан туриб юртимизга тош отаётган, туҳмат қилаётган мухолифлар билан баҳсга киришади. Журналистика назариётчиси Д. Рэндаллнинг: «Ёмон журналистика воқеаларни нохолислик билан бирон-бир қора ниятни кўзлаб» ёритиши борасидаги қарашига таяниб: «Дунёнинг ҳамма нуқталарида виждон журналистикаси учун эшиклар кенг очиб қўйилади деб ишонамиз», – дейди. У «виждон журналистикаси» атамаси билан журналистик фаолиятнинг маънавий жиҳати борасида янги тушунчани истеъмолга киритди. Мақола сўнгида келтирилган шеърнинг
Дунё жуда торайиб қолган, Ҳеч қаерга сиғмайсан бугун. Кенгфеъллигинг қайга йўқолган? Юрагингда юракдай тугун.сатрлари Ўзбекистоннинг ютуғини кўролмайдиган нохолис кимсаларга берилган кескин саволдай янграйди.
Муаллиф «Ният» мақоласини «Зангор қирларда бир тўп бола варрак учирмоқда. Уларнинг шўхликлари осмонга сиғмайди. Уларнинг қувончи ҳатто осмонни ҳам гуллатиб юборган» тарзидаги шоирона тасвир билан бошлайди. Бундай сокин ва жозибали муқаддимадан сўнг гапнинг Андижон воқеаларига кўчиши ифода маромининг ўзи билан долғали кўнгилсизликнинг бутун кўламини ўқувчига сездиради.
«Ҳуқуқий тафаккур кўклами» мақоласида ҳар бир фуқаро ўз эркини ўзи қозонишга ўрганиши лозимлиги йиғилишда сўзга чиқиб, туман катталарини муаммони ҳал қилишга мажбур этган аёл мисолида жуда таъсирли акс эттирилган. «Ҳаёт» мақоласида эса муаллиф ахборот глобаллашган замонда мамлакат чегараларидан ёт ва зарарли ғояларни ўтказмаслик қийинлигини қайд этар экан, «кўнгил чегараларини мустаҳкамлаш»га чақиради. Мақолада у биқиқликка даъват этмайди, лекин ўзликни англаш ҳамда қадимий миллий қадриятларга таяниш ёт ғоя ва қадриятлардан сақланишнинг энг самарали йўли эканини таъкидлайди.
А. Абдураззоқнинг публицистик услубига хос асосий жиҳат шундаки, у мақолаларида турли ҳодиса ва ҳолатларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, ўзаро чоғиштириб тасвирлайди. Ҳар қандай одам ва ҳодиса моҳияти солиштирилганда ёрқин очилишига ишонган муаллиф тасвирда шу усулдан унумли фойдаланади.
Китоб бежизга «Сиз отамни танийсиз» деб номланмаган. Маълумки, ўзбекда отанинг мақоми юксак, масъулияти улкан. Бизда отанинг кимлиги ва қандайлиги, кўпинча, бола келажагини белгилайди, тақдирини тайин этади. Муаллиф назарида, отанинг қандайлиги нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Тўпламдан жой олган ҳар бир мақолада отанинг бола шахси ва жамият олдидаги бурч ва мажбуриятлари ҳақида мулоҳаза юритилади. Улар шунчаки мулоҳазалар эмас, балки синчков ёзувчининг катта-кичик ҳаётий лавҳалардан чиқарган хулосаларидир.
«Ота ибрати ҳақида сўз» мақоласида оғир касалга йўлиққан ўғлига жонини бахшида қилиб шам каби сўнган йигит ёшидаги Бобур ҳамда ўт ичида қолган уйдаги қизини қутқараман деб ёниб кетган замондошимиз билан ширинлик Абдужаббор ҳожи ва очунга машҳур қамайлик профессор Жуманазар Бекназарлар ўртасида ўхшашлик кўради. Гарчи, кейинги икки шахс фавқулодда қаҳрамонлик қилмаган бўлсаларда, уларнинг чин оталарча одамий тутумлари болалари учун намуна мактаби бўлгани жуда ишонарли кўрсатилади. Синчков нигоҳга эга муаллиф кичик тафсилдан катта маъно топа олади. Номи китобга чиқарилган мақоласида ёзувчи суҳбатдошига фахр билан: «Сиз отамни танийсиз», – деб айта оладиган одам билан бировга бундай деёлмайдиган фарзанд руҳий ҳолатини солиштириш асносида бугунги ўзбек ҳаётидаги улкан бир муаммо – оилада оталарнинг мавқеи пасайиб, ҳатто, йўқолиб бораётганига эътибор қаратади.
Абдухолиқ Абдураззоқнинг мақолаларида ҳиссийлик кучли. Бу табиий ҳам. Чунки публицист ўқувчини ўз фикрига ишонтириш, позициясига оғдириш учун унинг нафақат тафаккури, балки туйғуларига ҳам таъсир кўрсатиши керак. «Сиз отамни танийсиз» мақоласидан кейин берилган ва муаллифнинг ўз отасига бағишланган шеър ҳиссиётнинг кучли ифодаси бўлганлиги билан ёдда қолади. Шоир шеърда отанинг ўзига эмас, балки у яратган анорзорга мурожаат қилиб, кўнглини бўшатади:
Эй анорзор, боғбонинг қани? Излаб келдим атай кўргани. Ўксик кўнглим борар ўртаниб, Эй анорзор, боғбонинг қани?Шоир образли фикрлайди. Шу боис ота яратган анорзорда кезиниб, оғочларга қилган: «Туятишлар, қорақайинлар, Шохи тикон, бағри майинлар», – мурожаатида ҳам анорга хос энг муҳим жиҳатлар, ҳам отанинг соҳибкорлиги акс этган. Тасвирнинг самимияти шеърий мурожаатнинг айрим ўринларини поэтик муножот даражасига чиқаради:
Дунё асли мункиллаган чол, Излари – гул, манзили – завол. Ҳар бир дарахт – жавобсиз савол, Оҳ, анорзор, боғбонинг қани?Бу сатрлар ифода эмоционаллиги, ҳар бир поэтик образ ва ташбеҳнинг ўринли қўлланилганлиги, ҳар бир тасвирга салмоқли бадиий юк ортилганлиги билан эътиборни тортади. Ҳатто, «эй» ундовининг «оҳ»га айланишида ҳам поэтик маъно борлиги муаллифнинг шоирлик истеъдодини кўрсатади.
«Дивандаги эр» мақоласида жонининг тинчини ўйлаб, эркаклик ори, йигитлик шаънидан кечиб, хотинига боқиманда бўлиб ўтирган, болалар таъминоти ва тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган кимсалар ҳақида алам билан қалам сурилади. Ўғил болаларда йигитлик, эркаклик, эрлик туйғуларини шакллантириш учун мактабда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, эркак ўқитувчиларни кўпайтириш, ҳарбий хизматни миллий менталитетга мувофиқ ташкил этиш каби муаммолар кўтарилади.
Муаллиф аксар мақолаларида ҳикмат билан сўзлайди. Чунончи, «Прагматиклар даври» мақоласида ёзади: «…ҳадеб ёзғиравериш кишини мискин ва ҳокисоргина эмас, балки аламзада ва баттолга айлантириши ҳеч гап эмас», – дейди. Сўнг ўз фикрини: «Зеро, мискинлик инсон қонидаги шиддат ва ғайратни қирқади. Аламзада одам феълида эса ўр-қирни билмайдиган бетизгин сел ёки ваҳший ҳайвоннинг телба тўлғаниши яшайди», – хулосаси билан асослайди. «Яхшилик» мақоласидаги «Яхшиликни йўлларга эккил, Биров билмас, биров билади. Яхшиликни дилларга эккил, Эрта бир кун мева қилади» каби сатрларда чўнг ҳаётий ҳикмат таъсирли йўсинда ифода этилади.
«Жаҳон ўзбекча куйламоқда» суҳбат-мақоласида машҳур бастакор Анор Назаровнинг шахсияти, кўнгил кечинмалари, руҳий тўлғамлари теран очилган. Айниқса, композиторга бағишлаб ёзилган шеър қаҳрамон руҳиятини ёрқин акс эттирганлиги билан эътирофга лойиқдир:
Ташқарида ёғаётир қор, Қаҳ-қаҳ уриб қиш қасирлайди. «Қайлардасан, азизим, баҳор?» Тутқич бермай оҳанглар дайдир.Бу сатрларда қасирлаган қиш қўйнидан кўкламий оҳанг қидирган бастакорнинг кўнгил ҳолати таъсирли ифода этилган. Унинг баҳорий гўзалликни ўз кўнглидан топганлиги «Кўчалардан топилмай макон, Соҳир ҳислар қалбга қувилар» мисраларида акс этади.
Гўзаллик ярата оладиган санъаткорнинг таъсирчан ва ҳимоясиз қалби «Юрагимни ғижимламанг, бас, Йўқотишлар йўқолиб кетсин» каби инжа сатрларда яққол кўринади. Шеърнинг «Гулга тўлиб борар ҳамма ёқ, Гуллаб кетар, ҳатто, қаҳратон» шаклидаги сўнгги мисралари ўзида турли темирдаги бир қанча товушни гўзал йўсинда уйғунлаштирган мусиқий-руҳий аккорд бўлиб янграган. Унда яратган мусиқаси билан қаҳратоннида гуллатган бастакор руҳияти ўз ифодасини топган.
«Раҳмат сенга, юрак!» мақоласида келган «Қорхат» шеъридаги «Қорхат – элчи, биламизки, элчиларга ўлим йўқдир, Изҳори ишқ айлагали бундан бошқа йўлим йўқдир» ёки «Қўшиқнинг энг қайноғини, жаранглаган торни севдим» сатрлари оламнинг гўзаллигини, одамнинг азизлигини туйиб тепаётган юракка хос сифатларни маҳорат ила акс эттириш намуналаридир.
Абдухолиқ Абдураззоқнинг истиқлолни мустаҳкамлаётган замондошлар фаолияти тасвир этилган ҳароратли публицистик мақолалар билан тафаккур мустақиллигига интилаётган бугунги одам кайфияти ва руҳияти ифодаси бўлмиш шеърлар ажиб йўсинда уйғунлаштирилган асарлари, шубҳасиз, адабий ҳаётимиз равнақи ва миллий маънавиятимиз ривожида ўз муносиб ўрнига эга бўлади..
“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 9-сон.