Қозоқбой Йўлдош. Истеъдод ва ирода (2011)

Илк учрашув

Суратдаги тошиқиб кетган қалин қора сочлари бошига сиғмай, туташ қошлар тагидаги кўзларидан ўт чақнаб турган йўл-йўл кўйлакли деҳқонбичим йигитни, шундоққина қўшни туманларда яшаган бўлишимизга қарамай, олдин кўриш у ёқда турсин, эшитмаган ҳам эканман. Лекин алманахнинг илк бетидаги “Жийроним” деган шеърнинг номи ва унда акс этган туйғулар дилимга жуда таниш ҳамда яқин эди. У пайтлар ўзим ҳам худди шу шоир йигит каби тизгин билмас орзулар қанотида учиб, қачон, қайси қўналғада, қай йўсин қўним топишимни билмай юрардим. 1977 йилнинг кўкламида чиққан “Ёшлик” алманахининг мен кўриб турган 2- сони Мусо Абдураззоқ деган сирдарёлик шоир йигитнинг сурати ва шеърлари билан очилган бўлиб, ундан шу вилоятлик уч нафар ёш ижодкорнинг асарлари ҳам жой олган экан.

Аниқ эсимда, аввало, ўша шеърнинг таъсири, сўнг шу алманахда ғазаллари чиққан жондай жига­рим Хайрулла Сулаймоннинг дилбар би­тиклари ба­ҳона “Ёшлик оҳанглари” номи билан олти қоғозлик тақриз ёздим. Мақола қурмағур уч ой интизор қила-қила, ҳар томондан чўқиланиб, муаллифнинг нима демоқчилигини англаб бўлмайдиган ҳолда “Сирдарё ҳақиқати”нинг 1977 йил 20 август сонида булбулнинг кўзидай бўлиб чиқди. Ундан аниқ тушунса бўладиган нарса уч ёш шоир ва мақола муаллифининг исму фамилияси эди. Нима бўлганда ҳам, мен Абдухолиқ Абдураззоқ билан илк бор шундай учрашган ва унинг битиклари тўғрида шу тариқа ёзган эдим.

Кўринадики, кўпчилик ижодкорларнинг кўпчилик мухлислари каби мен ҳам шоир ва публицист, “Ўз­бекистонда хизмат кўрсатган журналист” Абдуҳолиқ Абдураззоқнинг ўзини кўришдан, шахсиятини билиш­дан олдин шоир сифатида таниганман. Зеро, ижод­корнинг битгани ўзидан олдинроқ юради ва бу та­биийдир. Орадан йигирма йиллар ўтгандан кейин ўзини кўрдим. Уни шахс сифатида бир қадар танишим учун эса яна беш-олти йил керак бўлди. Лекин ёзув­чининг битиклари ҳеч қандай воситачиларсиз унинг табиатини тушунишимга калит бўлди.

Бугунги одам ижтимоий муно­сабатлар оғушида яшайди. Ҳақи­қий ёзувчи фаол инсон ва ҳа­қиқатни айтишга масъул ойдин сифатида ўз яра­тиқларида ана шу муносабатларни акс эттиришга маҳ­кум. Бу жиҳат адиблар фикрига салмоқ, қарашларига эътибор, би­тикларига ижтимоий-маърифий юк бағиш­лайди. Ис­теъдодли шоир ва журналист Абдухолиқ Аб­ду­раз­зоқ шоирнинг публицистикаси пуб­лицистнинг шеър­­­­ла­ри билан бир­галикда келган “Куздаги кўклам” ки­то­бида бир ўзбек ойди­нининг ҳаёт йўли мисолида миллатнинг кечаси, бугуни ҳамда эртаси ҳақидаги ку­­затиш ва ўйларларини баён этган. Китобга ўзи, юр­ти ва юртдошларининг ижтимоий ўрни ҳақида фикр­лайдиган одамнинг ўзига хос бир ҳисоботи, босиб ўтил­ган тириклик йўли ҳақидаги ўйлари тарзида тартиб берилган. Асарнинг архитектоникаси шунга мувофиқ қурилгани унинг ўқишли бўлишини таъминлаган.

Китобни истиқлолда яшаётган, уни мустаҳкамлаш ҳақда тинимсиз ўйлаётган кишининг дил изҳорлари дейиш мумкин. Муаллиф бугунга қуруқ маддоҳлик қил­магани каби, кечаги кунни ҳам ёппасига инкор қилиш йўлини тутмайди. У эгаманлик туйғусининг бир одам, бир авлод, бир миллат қалбида қандай пайдо бўлиб улғайгани, қай тарзда реалликка айлагани ва у бераётган меваларни ўз ҳаёти мисолида кўрсатишга ҳаракат қилган.

Маълумки, ҳар қандай ёзувчи қачон, ким тўғ­рисида қалам сурмасин, аслида ўзини ёзади. “Куз­даги кўклам” китобида ҳам муаллифнинг болалик, талабалик, йи­гитлик чоғларида кўрган-кечирганлари бугуннинг фо­­­нида жонли тасвирлангани учун кўп­чилликка қи­зиқ ҳамда ўқишли чиққан. Чунки бу битикларда юрт аҳлининг тақдири бир киши ҳаёти мисолида кўр­са­тилгани каби бир киши қисматига юрт тақдири қандай тамға босгани ҳам акс этади. Китобга кирган барча битиклар муаллифнинг ўзига хос шахсияти ва ёрқин истеъдодидан далолат беради.

Истеъдод

Шоир Мусо Абдураззоқ ва публицист Абдухолиқ Абдураззоқни яқиндан таниганим ва бир қадар бил­ганим натижасида у ғоят истеъдодли одам де­ган тўх­тамга келдим. Унинг истеъдоди ҳаётининг бос­қич­лари бўлмиш: ўқувчилиги, талабалиги, шоир­ли­ги, журналистлиги, раҳбарлиги, оталиги ва ҳатто… ул­фатлиги каби кўп жиҳатларда намоён бўлади.

Абдухолиқ мактабни олтин медал билан битир­ган. Журфакнинг кундузги бўлимига киргунча, ўзбек филологияси факултетининг сиртқи, медицина инс­ти­тутининг кундузги, журналистика факултетининг сирт­қи бўлимларига қайта-қайта ўқишга кирган ва азалий орзусига эришмагунча, яъни шоирлар тайёр­лайдиган журналистика факултетининг кундузги бўли­мига кир­магунча, уринишлардан чарчамаган.

Унинг шоирлик истеъдоди “Куздаги кўклам” ва “Сиз отамни танийсиз” китобларига кирган шеърларида яқ­қол кўринади. Унинг публицистик иқтидори ҳам шу китоблардан жой олган мақолаларда акс этади. Бундан икки-уч йил олдин таниқли ёзувчи Абдусаид Кўчим “Эл сув ичган дарёлар” отлиғ янги китобига сўзбоши зарурлигини айтиб, кимга ёздирганим тузук, деб сўраб қолди. Мен: “Абдухолиқ акага айтиб кўрсак-чи?” – деб таклиф киритдим. Шундай дейишга дедиму, аммо гапнинг чини бироз чўчидим. Сабаби, билардимки, яхши сўзбоши китобнинг даражасини кўтаргани каби, унча чиқмаган сўзбоши уни тушириб юбориши ҳам мумкин. Бунинг устига, вақт масаласи ҳам доимгидай тиғиз. А. Абдураззоқ томонидан бир ҳафтага етар-етмас вақт ичида ёзилган сўзбоши Абдусаид Кўчимнинг китобини нурлантириб юборганига ҳаммамиз ҳам қо­йил қолдик.

Иккинчи воқеа, шу йилнинг февралида ҳазрат Али­шер Навоий туғилган кун муносабати билан ўтказилган тантаналарда қатнашиш учун Омон Мухтор, Абдухолиқ Абдураззоқ учовмиз Сирдарёга борганда юз берди. Вилоят театрида ўтказилган тантанали йиғиндан сўнг А. Абдураззоқ Сайхунобод ва Гулистон туманларида кўчат экиш қандай бораётганлиги билан қизиқди. Бизни ҳам эргаштириб, бу икки тумандаги уч-тўрт қишлоққа, бир неча мактаб ва коллежга, бир қанча одамларнинг уйларига кирди. Сафардан ҳориб-чарчаб, ярим кечаси қайтдик.

Кўнглимдан шу ишларни бирорта мухбирига топ­ширса бўларди-ку, деганга ўхшаш ўй ҳам ўтди. Ўша куни сешанба эди. “Ишонч” газетасининг пайшанба со­нида эса Мирзачўлни боғ-роққа айлантириш ва вилоят ҳаётига доир бир қатор долзарб масалалар кўтариб чиқилган икки бетлик жуда қизиқарли мақола чоп этилди. Орада ярим кунгина вақт бор эди, холос. Чуқур таҳлилларга тўла шундай керакли ва қизиқарли мақолани қисқа вақт ичида ёза билиш учун истеъдод керак бўлади одамга…

Ирода

Лекин, агар кишида ирода ва қатъият бўлмаса, ҳар қандай истеъдод ишга солинмай қолиб кетавериши ҳам мумкин бўлган шунчаки бир имкониятдир. Абдухолиқ Абдураззоқ имконият сифатида берилган истеъдод оловини ўчирмай, алангалатишга ўзида куч, қатъият ва ирода топа билган шахсдир. Ирода ва қатъият олти ёшга ҳам тўлмай мактабга борган, шу боис номи журналга тиркалмаган болакайнинг яхши ўқиб кетиши ва ўқув йили охирига бориб, журналга ёзилишига сабаб бўлди. Айни шу қатъият ва ирода тўртинчи синфни битирган, лекин ҳали ўн ёшга ҳам кирмаган болакайнинг ўзлари яшаётган Фармонқўрғондан етти чақирим наридаги мактабга гоҳ яёв, гоҳ велосипедда қатнаб сабоқ олишини таъминлади. Худди шу сифатлар олтинчи синфга ўтган ўсмирга ота-она бағридан узилиб чиқиб, Боёвут туманига қарашли “Тараққиёт” қишлоғидаги ётоқмактаб (интернатмактаб)да ётиб ўқишга куч берди.

Абдухолиқ ҳам ҳамма болаларга ўхшаган бола эди. Айни вақтда ҳаммага ўхшамасди ҳам. Чунончи, кўпчилик болалар бир нарсага берилса, болалигига бориб, бутун дунёни унутиб қўярди. Унинг эса бо­лаликдан вақти қатъий тақсимланганди. Дарс қилади­ган вақт келиши билан у ҳамма нарсани, ҳатто, ўйинни ҳам йиғиштириб, дарс тайёрлашга ўтирар, бошқа ҳар қандай юмуш иккинчи даражали ҳисобланар ва кутиб турарди. Болаликдан шаклланган мана шу интизом ва қатъият Абдухолиққа бир умр йўлдош ҳамда унинг ҳаётдаги барча зафарларига асосий омил бўлди.

Республиканинг турли жойларидан келган чўл­қу­варларнинг болаларига мўлжаллаб очилган “Та­рақ­қиёт” қишлоғидаги ётоқмактаб шуниси би­лан эъ­ти­бор қозонгандики, унга Тошкент олий мак­таб­ла­рини эндигина битирган ёш муаллимлар жўна­тиларди. Уларнинг чуқур билими, бошкентда ўқиган ёш­ларга хос дунёқараш ва ҳаётбахш жўшқинликлари ўқувчилар шахсияти шакл­ланишига жиддий таъсир кўрсатарди. Абдухолиқ 6-8-синфларни шу ерда ўқиди. Ётоқмактабнинг ёнги­насидаги оддий мактабда, ундан уч синф юқорида бўлажак улкан шоира Ҳалима Худойбердиева ўқирди. Вилоят газеталарида шеър­лари чиқиб турадиган бу қиз ўқувчилар орасида жуда машҳур эди. Ётоқмактабда ишлайдиган қўш­қандлик шоиртабиат Мирзабек муал­лим ёш қалам­кашлар тўгарагини ташкил этган ва унга Ҳалима ҳам қатнашар, кичкина Абдухолиқ эса, шу тў­гаракнинг фаолларидан эди.

А. Абдураззоқ ётоқмактабнинг 8- синфини битирган пайтга келиб, ўзларининг қишлоғи Фармонқўрғонда ўрта мактаб очилди. Йигитчадаги ирода ва қатъият шу билим масканини олтин медал билан битиришга омил бўлди. Суюкли муаллими Олимжон акадан ўтган билимга чанқоқлик, Тошбой ўтинчидан кўчган китобга муҳаббат, онасидан юққан кўркам сўзга ошуфталик каби сифатлар йигит табиатидаги қатъият ва ирода туфайли сайқал топиб борди ҳамда Абдухолиқнинг шахсиятига жозиба, инсоний тақдирига эса маъно бағишлади. У шоир бўлмоқчи эди ва бунинг учун, ўша пайтдаги тушунчасига кўра, албатта, журфакда ўқишим керак деб ўйларди. Ҳали ўсмирлигида “Ленин учқуни” газетасида шеъри чиққанди. Мақолалар ҳам ёзиб турарди. Лекин умри турли қишлоқлардаги турли мактабларга сочилган йигитчанинг мақолалари журфакка киришга етадиган даражада кўп эмасди. Шу боис ўрта мактабни битирган 1967 йилда унинг ҳужжатларини ТошДУнинг журфагига олишмади. Нега­ки, журфакка ҳужжат топшириш учун олтита мақола керак бўлиб, уники тўрттагина эди. Шу боис Абдухолиқ ўзбек филологияси факултетига ҳужжат топширди. Имтиҳонларнинг иккитасидан “беш”, иккитасидан “тўрт” олсада, тожикистонлик бўлгани учун кундузги бўлимга ўтолмади, сиртқига қабул қилинди. Уларнинг қишлоғи Тожикистонга ўтказиб юборилган экан. У диплом эмас, билим олмоқчи эди. Шу боис фақат кундузги бўлимда ўқишга интиларди.

Кейинги йили Тожикистонда ўқимоқчи бўлди. Ҳуж­жатларини тайёрлаб, Душанбе шаҳрига борди. У ерда математикадан Москва давлат университетига иккита одам қабул қилиниши тўғрисидаги эълонга тасодифан кўзи тушиб қолди. Мактабни олтин медалга битирган романтик йигитчанинг энди Москвада ўқигиси келиб қолди. МДУга қабул имтиҳонлари 25 июлда тугайди, мабодо, у ерга ўтолмасам ҳам, бош­қасига топширишга улгураман деб ҳам ўйлади. Опаси Шарофат унинг энг яқин маслаҳатчиси эди. Душанбедан қишлоғига телефон қилди. Почтадаги камутаторлар Шарофатни уйидан айтиб келишди. Ини Москвага кетсам маъқул бўлармикин, деганга ўхшаш гап қилди. Ундан икки ёшгина катта бўлсада, жуда мулоҳазали опа: “Ўзинг кунини зўрға кўраётган сувчининг ўғли бўлсанг, Моск­вада қандай ўқийсан, ейиш-ичишинг, кийиминг нима бўлади?” – деди.

Абдухолиқ қатъиятли ва қайсар эди, аммо жўяли гапни тан олишга ўзида куч топди. Шундай қилиб, у ҳужжатни медицина институтига топширди. Медали бўлгани учун битта имтиҳондан ўтиши керак эди. Ўша битта имтиҳон у азалдан энг яхши биладиган, ҳар қандай мураккаб масалаларни кўз очиб-юмгунча ишлаб ташлайдиган физика фанидан экан. Ўзига тушган чиптадаги иккита саволни ҳам яхши биларди, масалани-ку ўйланиб ҳам ўтирмай, бирпасда ечиб қўйди. Абдухолиқ: “Тайёрман!” – дегач, имтиҳон олаёт­ган домлалар унинг олдига келишди. Улардан бирни йигитнинг қўлидаги масала ва мисоллар ишланган қоғозга кўз ташлаб, қувониб кетди:

– Ие, жуда зўр-ку, чиройли ишлабсан. Медалинг борми? – деди.

– Ҳа! – жавоб берди Абдухолиқ.

Имтиҳончи домла комиссия раисини чақиртирди. Раис келиб, Ернинг Ойга таъсири нимага тенглиги тўғрисида савол берди. Абдухолиқ бироз ўйланиб туриб, агар 90 градусли бурчак остида бўлса, нолга тенг бўлишини айтди. Раис имтиҳон варағига шартта “5” баҳо қўйиб:

– Табриклайман, сиз ўқишга кирдингиз, – деди.

Шу тариқа Абдухолиқ Душанбе мединститути та­лабасига айланди. Медицина институтларида му­тахассислик фанлари фақат рус тилида ўтилар, биргина тарих фани ўзбекча ўқитиларди. Биринчи семестрни аълочилар сафида битирди. Лекин ичи қизиб кетарди. Ўзбекча сўзлашгиси келарди. Тилни соғинарди. Шеър ёзгиси, ўқигиси, эшитгиси келарди. Иккинчи ярим йилга келиб, ўқишдан совиди. Шунга қарамай, биринчи курсни яхши битирди.

Яхши битирди-ю, курсдошлари таътилга кетиш­ганда, у ҳеч ким билан маслаҳат ҳам қилиб ўтирмай, ҳужжатларини қайтариб олиб, Тошкентга, орзуси бўл­миш журфакка жўнади. Имтиҳонлардан яна иккита “беш” ва иккита “тўрт” олди. Мандат бўлай деб турганда опаси Шарофатнинг ўлими ҳақида хабар келиб қолди. Ҳеч нарсага қарамай, қишлоғига йўл олди. Опасини тупроққа топшириб қайтиб келса, мандат ўтиб бўл­ган экан. Олган баҳоларига қараб, уни сиртқига қа­бул қилишди. Ўқишга кирганлиги тўғрисидаги маъ­лу­мотнома билан Боёвут туман газетасига адабий ходим бўлиб ишга жойлашди.

Шу йилнинг кузида ҳарбий хизматга чақирилди. Бир вақтлар медицина институтида ўқигани учун ик­ки йил давомида Қозоғистон чўллари ва Мурманск ўрмонларида санинструктор бўлиб хизмат қилди. Хиз­матни битириб, тўғри Боёвутга “Ленин йўли” га­зе­таси редакциясига келса, ўзи ишлаган адабий хо­димлик ўрни банд, масъул котиблик бўш экан. Ҳар­бийда чи­ниққан қатъиятли йигит масъулиятидан қўрқиб ўтир­май, масъул котиб сифатида ишга тушиб кетди.

1972 йилнинг ёзида сиртқидаги ҳужжатларини қай­тариб олиб, яна журфакнинг кундузги бўлимига топширди. Ҳуж­жатини қабул қилаётган дўмбоққина домла: “Ҳой йигит, масъул котиб экансиз, кундуз ўқиб нима қиласиз? Битирганингиздан сўнг масъул котиб бўласизми-йўқми, Худо билади”, – деди. “Мен билим олмоқчиман, домла. Катта мўлжалларим бор. Уларга етишим керак”, – жавоб қилди Абдухолиқ. Йигит яна ўзининг доимий баҳолари: иккита “5”, иккита “4”ни олди. Лекин энди у ҳарбий хизматни ўтаб келган одам сифатида журфакнинг кундузги бўлимига қа­бул қилинди. Йигитнинг букилмас қатъияти уни, ниҳоят, орзусига етказди. Бу вақтда Абдухолиқнинг тенг­дош­лари аллақачон институтларни битириб, ишга ҳам жойлашиб бўлишганди.

Журфакда ўқиш билан бирга радиода ишлай бош­лади. Битиргач, Сирдарёга кетди. Бу орада ота­дан ажралишган, оила амакилар ёнига, Сирдарё ви­лоятига кўчиб келганди. Боёвут туман газетасида, йил ўтмай, Жиззах вилоят радиосида ишлади. Юрт кезди, чўлқуварларни ўрганди. Ажойиб кунларнинг бирида Республика радиосининг қишлоқ хўжалиги бў­лими мудири Ортиқбой Тиловбердиев “Бизга келинг, сизбоп иш бор”, – деб қолди. Боёвутдан Жиззахга қатнаб ишлаётган йигит йўлни Тошкентга бурди.

Мустақиллик арафасида юртимизда Президентлик бошқаруви жорий этилгач, фидойи мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлди. А. Абдураззоқ Президент девонига ишга чақирилди. Сўнг республика прокуратураси қо­шидаги “Ҳуқуқ” газетаси ва “Қонун ҳимоясида” жур­налига асос солиб, қатор йиллар бу қўшалоқ нашрни бошқарди. Кейинчалик республика касаба уюшмалари федерацияси муассислигидаги “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталарига Бош муҳаррир бўлиб ўтди. Мана беш мучал кечди ҳамки, хаёлига адоқсиз режалар, қўлига қалам, руҳига қатъият ва ирода ёр.

Туйғулар ёлқини

Шахсиятидаги ўзига хослик ижодига ҳам кўчгани учун Абдухолиқ Абдураззоқнинг шеърлари ифода йўсини ва туйғулар самимияти билан кўнгилни ром этади. Уларда муаллифнинг поэтик иқтидори ёрқин намоён бўлган дейиш мумкин. Китобдаги “Қалбинг яшнатмаса райҳоннинг иси, Дардкашлик кел­майди сенинг қўлингдан”, “Паришон ҳаётга исён­ми чора?! Оловли вужудга чорами гаврон?!” сингари мисралар муаллифнинг оламни шеърий ид­рок этиш салоҳияти нечоғлик эканидан далолатдир. У шеърларидан бирида: “Юрагимда соғинч отлиғ дарё оқар”, – дейди. Соғинчдай мавҳум туйғуни шу қадар маҳорат билан моддийлаштира олиш учун кишида тийрак поэтик назар бўлиши зарур.

Абдухолиқ Абдураззоқнинг шеърий иқтидори, ай­ниқса, “Ҳавас қилиб ой тутарди жом, Тўкиларди ундан нур – бода”, “Ойнинг ипак нурларидан Сенга сиртмоқ ясарман. Саодатли бир кунингда шу сиртмоққа осарман”, “Опажоним, айрилиқнинг ай­рисига осилай”, “Қуллик тирик қолса, Мен ўлдим” сингари поэтик кашфиётларида тўлиқ намоён бўлган. Абдухолиқ Абдураззоқ бир шеърида : “Йилларга йўл билан қайта билмадим, Фақат хотиралар унга қайтарди”, – дейди. Чиндан ҳам одамзот кечаги куни ва аждодлари билан фақат хотиралар орқалигина боғланади. Хотирасиз киши инсонлик қиёфасидан маҳ­рум бўлгани каби кечаги кунини ўйламаган кимса эртанги куни қандай бўлиши тўғрисида бош қотиришга ҳам қодир эмас. Демак, келажаги – қоронғу. Шу маъ­но­да А. Абдураззоқнинг асарларини кечаги кун юк­сакликларидан эртанинг контурларини белгилаш йў­ли­даги қадамлар дейиш мумкин.

Маълумки, миллий шеъриятимизда инсон умрини йил фаслларига ўхшатиб аташ тажрибаси бор. Шундан улги олиб бўлса керак, Абдухолиқ Абдураззоқ ҳам ўз умрининг эллигинчи довонини, шоирона тарзда, кузга, унинг истиқлолдан кейинги яшноқ йилларини эса, куз ўрнига келган кўкламга қиёс қилади ва бир китобини “Куздаги кўклам” деб номлайди. Ўз тириклигини миллат ҳаётидан айри кўрмаган шахснинг тазарру ва бадиий иқрорлари миллат аҳли учун ҳам қизиқарлидир. Ушбу китобга кирган битиклар чиндан ҳам инсоний умрининг кузида ижтимоий кўкламга дуч келган одамнинг кўнгил бўстонида очилган чечаклардир. Умид борки, бу че­чаклар ифори ўқирманни узоқ вақт тарк этмагай.

Публицистикада икки жиҳат бор: у адабиётга жур­налистик хусусият, журналистикага эса бадиийлик си­фати бағишлай олади. Шунинг учун яқингача ҳам публицистика журналистика билан адабиётга бирдай тегишли саналар эди. Зеро, бадиий адабиётга деярли ҳамиша ижтимоий юк ортилганидан у, табиий равишда, публицистик йўналишга ҳам эга бўлади. Энг қадим замонларда пайдо бўлган эртагу қўшиқлар ҳам шунчаки бадиий таъбни қондиришдан кўра, ижодкор инсоннинг дардини бўлишиш ниятида яратилган. Очиқ-ошкора тарғибий йўналишдаги «Қисаси Рабғузий», «Иброҳим Адҳам», «Шоҳ Машраб» каби битиклар-ку аслан публицистикага ёвуқдир. Маърифатчилар, айниқса, жа­дидларнинг асарлари, аввало, публицистик руҳи билан эътиборни тортарди.

Кейинги йигирма йил ичида азалдан адабиёт билан журналистикани бир-бирига боғлаб турадиган публицистика адабиётдан бир қадар йироқлашиб, унга соф журналистик жанр сифатида қараладиган бўлди. Маълумки, шўро адабиётига синфий тарафкашлик хос эди. Шўро мафкураси ҳар қандай асарнинг очиқ публицистик йўналишда бўлишини талаб этарди. Мафкуравий адабиёт алоҳида бир одамнинг руҳиятини туймоқчи бўлган ўқувчига яланғоч ижтимоий ғояни тиқиштирар, бадииятдан кўра сиёсий-публицистик руҳнинг кучли бўлиши ана шу талабнинг натижаси эди. Бу ҳол ўқирманни публицистикадан бездириб, одамларни ижтимоий йўналишдаги битикларни ўқи­майдиган қилиб қўйганди. Шу тариқа публицистика бадиий адабиётдан йироқлашиб, соф журналистик жанрга айланиб борди. Аммо ҳар қандай ҳодисанинг асл баҳосини берадиган ҳакам бўлмиш вақт бугуннинг одами ҳам ижтимоий ёндашувни қўмсаб қолишини кўрсатди ва публицистик битиклар аста-секинлик билан яна бадиийлик хусусиятларини касб этиб бормоқда. Негаки, одамнинг асл туйғулари ижтимоий муаммо-муносабатлар оғушида ҳам яққол намоён бўлиши мумкинлиги англаб етилди.

Абдухолиқ Абдураззоқнинг «Сиз отамни таний­сиз» номли китоби бадиийлик белгиларига эга бўл­ган ана шундай янгича мақоланависликнинг на­му­наси бўлди. Гап ушбу асардаги ҳар бир мақола, халқ достонларидаги каби шеър билан бирга кел­ганидагина эмас. Гарчи, бундай тасвирий услубни шакллантириш ўз ҳолича ҳам катта аҳамият касб этади. Бу ўринда асосий гап муаллифнинг ижтимоий ҳодисалар замиридаги эстетик моҳиятни тўғри топа олгани ва бадиий таъсирли ифода эта билганидадир. А. Абдураззоқ публицистик асарларининг ё боши, ё охири, ёки ўр­тасида, албатта, шеър келади. Бу ҳол мақолаларга ўзгача жозиба бахш этади. Шеърлар мақолалардаги фикрий тўлғамларга ҳиссий тус бериб, тасвирга ранг киритади. Айрим ҳолатларда шеърий мисралар ҳикмат каби жаранглайди. «Ватан менимдир» мақоласидаги «Йўллар қурган йўлда қолмас» мисраси ифодани чақириқ эмас, кўнгил изҳорига айлантиради.

«Она ватан, онажон Ватан» мақоласида юртга кўр-кўрона ва мутаасибларча фидойилик ҳали чин муҳаббат эмаслиги, уни чинакамига севиш учун билиш зарурлиги, ватанга манқуртнинг содиқлигидан унинг ўтмиши ва ҳозирини биладиган онгли фуқаронинг севгиси бир неча баравар юксак экани таъсирли йўсинда баён этилади.

Битикларига жозиба бахш этиш учун муаллиф ма­қолаларда таъсирли образлар, эсда қоладиган си­фатлашлар қўллайди. «Тилак» мақоласидаги: «Ёнил­­ғи-энергия мустақиллигидан, автомобилсозлик, машинасозлик мустақиллигидан фикр, тафаккур мустақиллиги сари улкан эврилиш юз бермоқда» тарзидаги фикр публицистнинг ниятини ёдда қоладиган тарзда ифодалаш намунасидир. Унда миллатнинг иқтисоди, руҳияти ва ижтимоий тафаккурида юз бераётган ўзгаришлар нозик илғаб олинган ҳамда таъсирли акс эттирилган.

Ҳар қандай публицистик асарга қўйиладиган асо­сий талаб унда муаллиф ниятининг очиқ ва ту­шунарли акс этишидир. Мақолада муаллифнинг мақ­сади тўла тушунарли бўлиши, ўзгача талқинга имкон бермаслиги керак. Соф бадиий асар ўқувчи томонидан истаганча талқин қилиниши мумкин. Аммо публицист ўқирманга ўз нуқтаи назарини ўтказиши шарт. Зотан, публицистик асар шу ниятда ёзилади. Абдухолиқ Абдураззоқ кўпгина мақолаларида китобхонга ўз позициясини ўтказишга эришади. Кўпчилик пуб­ли­цистлар «халқнинг тили учида турган» гапни халқ­нинг номидан гапиришга уринишади. Ҳолбуки, уларга халқ номидан гапириш ваколати берилган эмас. Абдухолиқ оғанинг мақоланавис ёзувчи сифатидаги ўзига хослиги шундаки, у ўз кўнглини безовта қилган нарса-ҳодисалар тўғрисида, фақат ўзининг номидан ёзади. Аммо даврининг илғор одами, миллатнинг ойдини сифатида унинг кўнгли халқиники билан пайваста бўлиб кетади.

Шунинг учун ҳам «Мустақиллик одимлари» ма­қоласида юртимизда қурилаётган йўлларнинг аҳа­миятини тасвирлаган, «Қадим йўлга оёқ чўзса илдизлар, Қалб осмонга бошин тираб йўл излар» мисралари ўқирман юрагига эгаманлик туйғуларидан тўлиққан шахс кўнглининг чин изҳори ўлароқ таъсир қилади. Бу сатрлардаги поэтик образлар кутилмаган теранлиги билан китобхон шуурини ром қилади. Янги қурилаётган темир йўл худди илдиздай бўлиб томир ёймоқда, лекин у шунчаки ерга эмас, балки «қадим йўлга оёқ чўзмоқ»да, чунки миллат узоқ ўтмишда ҳам ўз йўлига эга бўлиб келган. Ўтмишдаги шоннинг тикланиши муаллиф қалбини осмон қадар юксалтиб, бошини кўкка тираш имконини беради.

Ҳамиша баҳс руҳига эгалик ҳам публицистик асарларга хос жиҳатдир. Публицист доим қандайдир мухолиф билан тортишаётган йўсинда қалам суради. Бу ижодкорнинг сунъий тарафкашлиги туфайли эмас, балки жанрнинг талабидир. Публицист хо­лис бўлолмайди. У ниманидир ёқлаб, нима ёхуд ким­гадир қарши туришга мажбур. Шунинг учун ҳам А. Абдураззоқнинг нафақат ҳар бир мақоласи, балки кўп­чилик шеърларида қандайдир оппонент билан баҳслашиш, унинг қарашларини рад этишга уриниш бор. Кўп ўринларда муаллиф ўқувчини ўз фикрига ишонтириб, уни ўзига тарафдор қилиб олади, яъни баҳсни ўз фойдасига ҳал этади.

Чунончи, Абдухолиқ Абдураззоқ «Ўзбекистонни тинч қўйинг» мақоласида қамровни кенгроқ олиб, четдан туриб юртимизга тош отаётган, туҳмат қилаётган мухолифлар билан баҳсга киришади. Журналистика назариётчиси Д. Рэндаллнинг: «Ёмон журналистика воқеаларни нохолислик билан бирон-бир қора ниятни кўзлаб» ёритиши борасидаги қарашига таяниб: «Дунёнинг ҳамма нуқталарида виждон журналистикаси учун эшиклар кенг очиб қўйилади деб ишо­намиз», – дейди. У «виждон журналистикаси» атамаси билан журналистик фаолиятнинг маънавий жиҳати борасида янги тушунчани истеъмолга киритди. Мақола сўнгида келтирилган шеърнинг

Дунё жуда торайиб қолган,
Ҳеч қаерга сиғмайсан бугун.
Кенгфеъллигинг қайга йўқолган?
Юрагингда юракдай тугун.

сатрлари Ўзбекистоннинг ютуғини кўролмайдиган нохолис кимсаларга берилган кескин саволдай янг­райди.

Муаллиф «Ният» мақоласини «Зангор қирларда бир тўп бола варрак учирмоқда. Уларнинг шўх­ликлари осмонга сиғмайди. Уларнинг қувончи ҳатто осмонни ҳам гуллатиб юборган» тарзидаги шоирона тасвир билан бошлайди. Бундай сокин ва жозибали муқаддимадан сўнг гапнинг Андижон воқеаларига кўчиши ифода маромининг ўзи билан долғали кўнгилсизликнинг бутун кўламини ўқувчига сездиради.

«Ҳуқуқий тафаккур кўклами» мақоласида ҳар бир фуқаро ўз эркини ўзи қозонишга ўрганиши лозимлиги йиғилишда сўзга чиқиб, туман катталарини муаммони ҳал қилишга мажбур этган аёл мисолида жуда таъсирли акс эттирилган. «Ҳаёт» мақоласида эса муаллиф ахборот глобаллашган замонда мамлакат чегараларидан ёт ва зарарли ғояларни ўтказмаслик қийинлигини қайд этар экан, «кўнгил чегараларини мустаҳкамлаш»га чақиради. Мақолада у биқиқликка даъват этмайди, лекин ўзликни англаш ҳамда қа­димий миллий қадриятларга таяниш ёт ғоя ва қад­риятлардан сақланишнинг энг самарали йўли эка­нини таъкидлайди.

А. Абдураззоқнинг публицистик услубига хос асо­сий жиҳат шундаки, у мақолаларида турли ҳодиса ва ҳолатларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, ўзаро чоғиштириб тасвирлайди. Ҳар қандай одам ва ҳодиса моҳияти солиштирилганда ёрқин очилишига ишонган муаллиф тасвирда шу усулдан унумли фойдаланади.

Китоб бежизга «Сиз отамни танийсиз» деб ном­ланмаган. Маълумки, ўзбекда отанинг мақоми юксак, масъулияти улкан. Бизда отанинг кимлиги ва қандайлиги, кўпинча, бола келажагини белгилайди, тақ­дирини тайин этади. Муаллиф назарида, отанинг қандайлиги нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Тўпламдан жой олган ҳар бир мақолада отанинг бола шахси ва жамият олдидаги бурч ва мажбуриятлари ҳақида мулоҳаза юритилади. Улар шунчаки мулоҳазалар эмас, балки синчков ёзувчининг катта-кичик ҳаётий лавҳалардан чиқарган хулосаларидир.

«Ота ибрати ҳақида сўз» мақоласида оғир ка­салга йўлиққан ўғлига жонини бахшида қилиб шам каби сўнган йигит ёшидаги Бобур ҳамда ўт ичида қолган уйдаги қизини қутқараман деб ёниб кетган замондошимиз билан ширинлик Абдужаббор ҳожи ва очунга машҳур қамайлик профессор Жуманазар Бекназарлар ўртасида ўхшашлик кўради. Гарчи, кейинги икки шахс фавқулодда қаҳрамонлик қилмаган бўлсаларда, уларнинг чин оталарча одамий тутумлари болалари учун намуна мактаби бўлгани жуда ишонарли кўрсатилади. Синчков нигоҳга эга муаллиф кичик тафсилдан катта маъно топа олади. Номи китобга чиқарилган ма­қоласида ёзувчи суҳбатдошига фахр билан: «Сиз отамни танийсиз», – деб айта оладиган одам билан бировга бундай деёлмайдиган фарзанд руҳий ҳолатини солиштириш асносида бугунги ўзбек ҳаётидаги улкан бир муаммо – оилада оталарнинг мавқеи пасайиб, ҳатто, йўқолиб бораётганига эътибор қаратади.

Абдухолиқ Абдураззоқнинг мақолаларида ҳис­сий­лик кучли. Бу табиий ҳам. Чунки публицист ўқув­чини ўз фикрига ишонтириш, позициясига оғдириш учун унинг нафақат тафаккури, балки туйғуларига ҳам таъсир кўрсатиши керак. «Сиз отамни танийсиз» мақоласидан кейин берилган ва муаллифнинг ўз отасига бағишланган шеър ҳиссиётнинг кучли ифодаси бўлганлиги билан ёдда қолади. Шоир шеърда отанинг ўзига эмас, балки у яратган анорзорга мурожаат қилиб, кўнглини бўшатади:

Эй анорзор, боғбонинг қани?
Излаб келдим атай кўргани.
Ўксик кўнглим борар ўртаниб,
Эй анорзор, боғбонинг қани?

Шоир образли фикрлайди. Шу боис ота яратган анор­зорда кезиниб, оғочларга қилган: «Туятишлар, қорақайинлар, Шохи тикон, бағри майинлар», – му­рожаатида ҳам анорга хос энг муҳим жиҳатлар, ҳам отанинг соҳибкорлиги акс этган. Тасвирнинг самимияти шеърий мурожаатнинг айрим ўринларини поэтик муножот даражасига чиқаради:

Дунё асли мункиллаган чол,
Излари – гул, манзили – завол.
Ҳар бир дарахт – жавобсиз савол,
Оҳ, анорзор, боғбонинг қани?

Бу сатрлар ифода эмоционаллиги, ҳар бир поэтик образ ва ташбеҳнинг ўринли қўлланилганлиги, ҳар бир тасвирга салмоқли бадиий юк ортилганлиги билан эътиборни тортади. Ҳатто, «эй» ундовининг «оҳ»га айланишида ҳам поэтик маъно борлиги муаллифнинг шоирлик истеъдодини кўрсатади.

«Дивандаги эр» мақоласида жонининг тинчини ўйлаб, эркаклик ори, йигитлик шаънидан кечиб, хотинига боқиманда бўлиб ўтирган, болалар таъ­миноти ва тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган кимсалар ҳақида алам билан қалам сурилади. Ўғил болаларда йигитлик, эркаклик, эрлик туйғуларини шакллантириш учун мактабда таълим-тарбия тизи­мини такомиллаштириш, эркак ўқитувчиларни кўпай­тириш, ҳарбий хизматни миллий менталитетга му­вофиқ ташкил этиш каби муаммолар кўтарилади.

Муаллиф аксар мақолаларида ҳикмат билан сўз­лайди. Чунончи, «Прагматиклар даври» мақо­ла­сида ёзади: «…ҳадеб ёзғиравериш кишини мис­кин ва ҳокисоргина эмас, балки аламзада ва баттолга айлантириши ҳеч гап эмас», – дейди. Сўнг ўз фикрини: «Зеро, мискинлик инсон қонидаги шиддат ва ғайратни қирқади. Аламзада одам феълида эса ўр-қирни билмайдиган бетизгин сел ёки ваҳший ҳайвоннинг телба тўлғаниши яшайди», – хулосаси билан асослайди. «Яхшилик» мақоласидаги «Яхшиликни йўлларга эккил, Биров билмас, биров билади. Яхшиликни дилларга эккил, Эрта бир кун мева қилади» каби сатрларда чўнг ҳаётий ҳикмат таъсирли йўсинда ифода этилади.

«Жаҳон ўзбекча куйламоқда» суҳбат-мақоласида машҳур бастакор Анор Назаровнинг шахсияти, кўнгил кечинмалари, руҳий тўлғамлари теран очилган. Ай­ниқса, композиторга бағишлаб ёзилган шеър қаҳрамон руҳиятини ёрқин акс эттирганлиги билан эътирофга лойиқдир:

Ташқарида ёғаётир қор,
Қаҳ-қаҳ уриб қиш қасирлайди.
«Қайлардасан, азизим, баҳор?»
Тутқич бермай оҳанглар дайдир.

Бу сатрларда қасирлаган қиш қўйнидан кўкламий оҳанг қидирган бастакорнинг кўнгил ҳолати таъсирли ифода этилган. Унинг баҳорий гўзалликни ўз кўнг­лидан топганлиги «Кўчалардан топилмай макон, Соҳир ҳислар қалбга қувилар» мисраларида акс этади.

Гўзаллик ярата оладиган санъаткорнинг таъсирчан ва ҳимоясиз қалби «Юрагимни ғижимламанг, бас, Йўқотишлар йўқолиб кетсин» каби инжа сатрларда яққол кўринади. Шеърнинг «Гулга тўлиб борар ҳамма ёқ, Гуллаб кетар, ҳатто, қаҳратон» шаклидаги сўнгги мисралари ўзида турли темирдаги бир қанча товушни гўзал йўсинда уйғунлаштирган мусиқий-руҳий аккорд бўлиб янграган. Унда яратган мусиқаси билан қаҳратоннида гуллатган бастакор ру­ҳияти ўз ифодасини топган.

«Раҳмат сенга, юрак!» мақоласида келган «Қор­хат» шеъридаги «Қорхат – элчи, биламизки, эл­чи­­­ларга ўлим йўқдир, Изҳори ишқ айлагали бундан бошқа йўлим йўқдир» ёки «Қўшиқнинг энг қайноғини, жаранглаган торни севдим» сатрлари оламнинг гўзаллигини, одамнинг азизлигини туйиб тепаётган юракка хос сифатларни маҳорат ила акс эттириш намуналаридир.

Абдухолиқ Абдураззоқнинг истиқлолни мустаҳ­камлаётган замондошлар фаолияти тасвир этилган ҳароратли публицистик мақолалар билан тафаккур мустақиллигига интилаётган бугунги одам кайфияти ва руҳияти ифодаси бўлмиш шеърлар ажиб йўсинда уйғунлаштирилган асарлари, шубҳасиз, адабий ҳаё­тимиз равнақи ва миллий маънавиятимиз ривожида ўз муносиб ўрнига эга бўлади..

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 9-сон.