Забаржадга мактуб
Синглим Забаржад! Телефонда айтган: “Аям яқинда эллик ёшга тўладилар, у киши ҳақида бирор нарса ёзиб берасизми?” мазмунидаги гапингиз мени қанчалик хижолатга солганини билсангиз эди. Нега бу гапни минг бир истиҳола билан ийманиб айтасиз? Ахир, шунга ҳам ярамасак, шугина ишни ҳам қилмасак, дунёда не деб бош кўтариб юрамиз? Ҳаёт, Адабиёт бизни нимага ўргатдию, бу сабоқ ҳақига биз недир бир нарса қайтармасак?..
Умри ижод ва турмуш заҳматларида кечган Сизнинг аянгиз – менинг Замира опам учун адабиёт на обрў-иззат ёхуд амал-эътибор пилапояси, на машҳурлик васвасасию на ўзгаларга ўзини тақдим этиш воситаси эди. У киши бундайларнинг кўпини кўрар, кузатар ва… биз — “шижоатли танқидчилар”дан фарқ қилароқ, ўзига ниҳоятда ярашадиган, у кишидан кейин бошқа ҳеч кимда кўрмаганимиз завқ билан маза қилиб кулар эди. Биз жиғибийрон бўлганимизга қасдма-қасд кулар эди. Бугун – орадан шунча йиллар ўтиб маълум бўлаяптики, Замира опа ҳақ экан, минг марта ҳақ экан.
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари андижонлик ижодкорлар бошини қовуштириб, ҳафтада бир марта адабий суҳбатларга чорлаб турадиган даргоҳга ўз вазифасига ихлос билан ёндашадиган бағрикенг ижодкор Олимжон Холдор бошчилик қиларди. Вилоятнинг энг чекка туманларидан тортиб, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биносининг шундоқ биқинида жойлашган Андижон педагогика инстутидан чиқиб келган ўттиз-қирқ нафар, аксарияти ёш қаламкашлар давраси тўрт-беш соатлик қизғин суҳбатсиз тарқамасди. Мана шу даврада тенгдошларидан, ҳатто ўзидан каттароқ қиз-йигитлардан кўра кўпроқ нарса ўқиган, билган, энг муҳими — ёзган нарсалари билан шахси ўртасида қилча фарқ сезилмайдиган, демакки, кўнглини алдашга, аврашга ўрганмаган Замира Эгамбердиеванинг ҳозир бўлиши кўпчиликни тараддудга солиб қўярди. Ҳолбуки, бу қиз ҳеч қачон бошқаларни туртиб-суртиб олдинга интилмас, дўстлари ўқиётган ҳар бир нарсани ерга қараб жон қулоғи билан тинглар, оҳорли мисра учраб қолса бир қалқиниб қўяр, ўзига навбат берилишини эса, жимгина кутарди. Навбати етгач, ўша замоннинг ўйноқи, башанг оҳангларига ёт, аксарият маҳзун туйғулар ифодаси бўлмиш шеърларини сокин овозда ўқиб берарди. Шоира тилсиз-забонсиз мавжудотларга тил бўлишга, уларнинг ўзиникига ўхшаш тақдирларидан арзи ҳол қилишга уринарди. Шеърларнинг биридан туш кўришга умрбод маҳтал, ҳеч қачон ухламайдиган, кўз ёшлари денгиз сувини шўр қилган балиқлар йиғисини эшитсангиз, бошқа бирида кўпчиликнинг ҳавасини қўзғотадиган тувакдаги гуллар абадий тутқунликнинг, эрксиз қисматнинг унсиз рамзи бўлиб Сизга арз қиларди:
Уларнинг юзига тушмайди шабнам, Уйқусиз ўтказар бутун ҳаётин. Очилиб турарлар ҳатто қишда ҳам, Ҳеч кимса тинглолмас унсиз фарёдин. Эркин ўсаётган боғ гулларидан Бирор фарқи борми ёки гуноҳи? Нега ичолмайди тоғ сувларидан Кимларга тушаркан буларнинг оҳи?Ўқишни битирган Замира опанинг кейинги ҳаёти пойтахтда давом этди. Ёш ижодкорларга ўзига хос дорилфунун вазифасини ўтаган “Шуъла” ижодий уюшмасини иқтидорли шоира Мукаррама Муродова ҳамда қалами ўткир журналист Мирзакарим Пирматов бошқарар, бу тўгарак республиканинг турли бурчакларидан келган ёшларнинг интиқиб кутадиган ижодий мулоқот манзилига айланиб улгурган эди.
Ёдимда, қиш кунларининг бирида машғулотдан чиқсак, қоронғи осмонни парқуга буркаб лайлак қор ёғаётган экан. Мен Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонага, Замира опа бўлса, ўша атрофдаги маҳаллалардан бирида жойлашган, дугоналари билан турадиган ижара уйга кетишимиз керак. Ҳозирги Алишер Навоий номидаги кино саройи олдида машина тўхтатмоқчи эдим, Замира опа: “Қаранг, қанақа тоза, ёруғ тун бўлаяпти, ердаги манави оппоқ қор эртага бўлмаслиги мумкин, келинг, уйларимизгача пиёда кетамиз”, деб қолди. Шу тариқа, биз яёв йўлга тушдик. Билмадим, неча соат юрдик. Зеро, биз шошилмас, кета-кетгунча нафис адабиёт, санъат намуналари, ҳозиргина машғулотда эшитганимиз шеъру достонлар тўғрисида сўзлашиб борар, бу суҳбатга на бир оғиз инсоний ғийбат, на бир бачкана ташвиш аралашарди. Замира опа ҳаётдан эмас, адабиётдан топгани мард ва танти инсонлар, гардсиз-ғуборсиз ҳис-туйғулар, реал дунёда кун кўриши мумкин бўлмаган покиза қалбларнинг ишқ-муҳаббат қиссалари ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилар, юпунгина уст-бошимиздан аллақачон ўтиб улгурган тунги изғиринни мутлақо сезмасди ҳам.
Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида кечган, миллатимиз бошида сўнгги қатлиом қиличини ўйнатган сиёсат ўзбекнинг виждони уйғоқ бирор қаламкашини бефарқ қолдирмади. Замира Эгамбердиева ҳам, жумладан, 1987 йили ёзган шеърларидан бирида
Бу қандай синоат, қандай кўргулик: Ўзингнинг соянгдан ҳуркиб яшасанг. Хавотир уйғотса барча янгилик, Орзулар шол бўлса, умидлар гаранг. Ҳавас-ла энтикиб кўкка қарадим, Ҳар кеча байрамдир, ахир, осмонда. Юлдузлардан йиғлаб туриб сўрадим: Қачон тўй бўлади бизлар томонда?! —дея шоир акалари – Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Мирзо Кенжабеклар сафига дадил қўшилган эди…
Забаржад, аянгиз ёки дадангиз, албатта, айтишган бўлса керак: Сиз чақалоқлигингиздан фақат алла эшитиб катта бўлмагансиз. Замира опа Сиз ва сингилларингиз – йиғлоқи қизалоқларини ўзбекнинг мумтоз куйлари оҳангида ором олдирарди. Уйларингизда меҳмон бўлганимизда бунга неча бор гувоҳ бўлганмиз. “Шашмақом” ёзилган пластинкадан “Чўли Ироқ” янграр, дадангиз билан меҳмонларга дастурхон тузаб бўлган Замира опа бешикни оҳиста тебратиб, бундай усул боланинг руҳияти тўқ, нафис оҳангни илғайдиган, шуурларига гўзаллик сингган инсон бўлиб вояга етишига ёрдам беришини астойдил ҳикоя қиларди. Бу гапларни бежиз эслаётганим йўқ. Сизга чин маънодаги зиёлилар — ижодкорлар оиласида туғилиб, вояга етиш насиб этганининг ўзи катта бахтингиз. Дадангиз Турсунбой акани истеъдодли рассом сифатида биламан. У киши аянгизнинг ижодий ютуқларидан чин дилдан қувонар, унга ҳар ишда далда бериб, қўлидан келган ёрдамини аямас, иккалалари адабиёт, муайян асар тўғрисида соатлаб суҳбатлашишдан чарчамасдилар. Бундай покиза, руҳоний муҳит фарзандлар тарбиясига қанчалар ижобий таъсир қилганини биргина Сизнинг ёзаётган мақолаларингиз, уюштираётган ижодий суҳбатларингиздан ҳам сезиш қийин эмас.
Мендан яхшироқ биласиз — Замира опанинг кўплаб шеърлари Андижонда қолган яқинлари — туну кун соғинадигани ота-онаси, қўли енгил шифокор опаси, елкаларида кўтариб катта қилган акаси ва сизлар — бу дунёга келиб топган энг азиз бойлиги — уч нафар қизига бағишланган эди. Бу кўнгил қўшиқларидаги самимият, ростлик, тўғрилик олдидан бефарқ ўтиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бирида Замира опанинг, бошқа бирорта шоирникига ўхшамайдиган сокин овози, жимгина термулиб туриши, маъюс табассуми нақшланиб қолган. Шоиранинг кундалигидан топилган мана бу гап нақадар ҳақ: “Кўнгилнинг ичида ҳеч нарса йўқолмайди”.
Замира Эгамбердиева кўнглидан жой олмаган туйғуларга шеъридан ҳам жой бермас эди. Шундай экан, шоира кўнглининг гўзал акси бўлмиш унинг шеърлари ҳам ҳеч қачон йўқолмаяжак.
Забаржад, аянгиз қизларининг кутилмаган, бир-биридан топқир гапларини ҳам энг севимли шеъридек ардоқлаб ёзиб борган экан. Мана ўшалардан биттаси – Сиз ва синглингизнинг аянгиз эшитиб қолган суҳбати:
— Моҳинур, қара, аямнинг расми!
— Йўқ, бу аяммас!
— Вой, нега ундай дейсан. Қара, аям-ку!
— Йўқ, аяммас. Аямга кулинг деса, кулардилар. Бу кулмаяпти-ку!..
Биламан, тушунаман, Забаржад, Сиз, дадангиз ва сингилларингиз Замира опамнинг ҳеч ким қайтара олмайдиган ғуборсиз кулгусини, табассумини, ўзини соғингансизлар. Мен-чи, мен соғинмабманми? Энди бу армонни селгитмоқнинг биргина йўли бор — у киши битган шеърларни, кундаликларни, мақолаларни қайта-қайта ўқимоқ. Ахир, ўшалар ичида Замира Эгамбердиева деган дилбар қалбнинг бутун ҳарорати тафт бериб турибди-ку…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 24-сонидан олинди.