Устоз адибимиз Саид Аҳмад ҳаёт бўлганида ҳозир табаррук 90 ёшини нишонлаётган бўлардик. Назаримда, салкам бир асрлик таваллуд айёмини ҳам у киши беғараз кулиб ва кулдириб, жисму жонидаги хасталикни, вужудидаги хорғинликни ҳеч кимга сездирмай, албатта, биронта жиддий асари билан нишонлаётгандек туйилаверади. Саид Аҳмад ака табиатан ниҳоятда иродали, сабр-тоқатли, дардга чидамли, тушкунликка бегона, хурсандчиликка ошно одам эди. Бу фазилатлари билан ҳам ёзувчи, ҳам шахс сифатида ўзидан яхши ном ва катта мерос қолдирди. Бундай ўзига хос хусусиятини муҳтарам Президентимиз адибнинг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмадга йўллаган табрик хатида шундай таърифлаган эдилар:
“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Сизнинг букилмас ирода ва қатъият билан давр бўронларидан мардона ўтиб, халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқаётган мана шу озод замонга етиб келганингизда ҳам теран рамзий маъно бор. Бу, одам яхши ният йўлида сабру қаноат билан меҳнат қилса, албатта, бахтли кунларга эришади, деган қадим ҳақиқатни яна бир карра тасдиқлайди”.
Чиндан ҳам Саид Аҳмад 87 йиллик умрининг атиги 15 йилинигина хотиржам, чин юракдан кулиб-қувониб яшади ва эмин-эркин ижод қилди, десак сира муболаға бўлмайди. Республикамиз мустақиллигини 72 ёшида кутиб олган адиб, кексайиб қолганига қарамай, шу қадар кўп ва хўб асарлар яратдики, унча-мунча ёш ижодкорнинг бундай мавқега эришувига ишониш қийин. У шўролар даврида айтолмаган гапларини айта олиш, ёзолмаган мавзуларини ёза олиш, ярим аср мобайнида юрагида асраб келган дардларини ўқувчиси билан баҳам кўриш фурсати етганлигини англаб, чексиз илҳом ва беқиёс ғайрат-шижоат билан ижод қилди.
Мустақиллик йилларида Саид Аҳмаднинг ё ҳар йили ёки икки йилда битта китоби нашр қилинди десам, ишонаверинг. 1991 йили босилган “Собиқ ўғри” номли мўъжазгина тўпламидан то адабий ўйлар, хотиралар ва ҳикоялардан иборат “Тошларда қотган ҳайрат” (2006) деб аталган, ўндан зиёд китоблари мана шу самарали меҳнатнинг натижасидир. Бу асарлари билан ёзувчи халқимизнинг мустақилликка бўлган меҳрини оширди, зулмга, ёмонликка, инсонни менсимаслик сиёсатига қарши нафратини кучайтирди. Саид Аҳмаднинг чин юракдан қилган хизмати Президентимиз томонидан юқори баҳоланди. Ёзувчи “Буюк хизматлари учун”, “Дўстлик” орденлари билан мукофотланди. “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга сазовор бўлди.
ХХ асрнинг 40-йилларидан бошлаб, ҳозирги ўзбек адабиётининг тараққий этишида, айниқса, насрдаги улкан муваффақиятлар, унда баёнчиликдан чекиниб, лиризмнинг устувор фазилатга айланишида, шубҳасиз, Саид Аҳмаднинг алоҳида ўрни ва хизмати бор. Адиб ижоди ҳақида гапирганда унинг ўзбек адабиёти тарихида биринчи роман-трилогия муаллифи эканлигини алоҳида таькидлаш лозим. Ёзувчи ўзининг “Уфқ” трилогияси билан ХХ аср замонавий ўзбек адабиёти тарихида янги саҳифа очди.
Мустақиллик йилларига келиб, Саид Аҳмад ижодига янги мавзу, янги қаҳрамон, янгича оҳанг, янги тасвир усуллари кириб келди. Бу фазилатларни аслида янгича, деб таърифлаш ҳам унчалик тўғри бўлмас. Негаки, отахон адибимиз ўтган асрнинг 50-йилларида шўро ҳукумати ташкил этган навбатдаги қатағон қаҳрига учраб, совуқ лагерларда азобли кунларни бошидан кечириб келган бўлишига қарамай, кўп йиллар улар ҳақида лом-мим демай яшашга мажбур бўлди. Ўз кўрган-кечирганларини ёзишга ҳам ботина олмади. Адабиётшунос У.Норматов, ёзувчи Ў.Ҳошимовнинг бу тўғрида берган саволларига, ёзинг деб қилган илтимосларига кулибгина “Юрагим кўтаролмайди”, деб қўя қолган эди. Мана энди мавриди келиб, Саид Аҳмад узоқ йиллар ўзининг “қалбини ўртаган, ардоқлаган, оғир ва шу билан бирга гўзал, мунгли, фараҳбахш, мусибатга тўла, ва айни пайтда, одамга қувват берадиган умид, ишонч барқ уриб турган ҳақиқий ҳаёт манзараларини, ўлимларни доғда қолдириб, бало-офатлардан омон чиққан ўзи каби замондошларининг мадҳи”ни (У.Норматов) куйлашга астойдил киришди. Айнан муаллифнинг ўз кўзи билан кўрган-кечирганларини реалистик усулда тасвирлаши истиқлол даври адабиёти учун янгиликдир. Устоз адибимизнинг “Қоракўз мажнун”, “Киприкда қолган тонг”, “Зилзила”, “Тошларда қотган ҳайрат” каби китоблари шу жиҳатдан ибратлидир. Улардан ўрин олган ҳикоялар, ҳангомалар, интермедиялар, қиссалар, “эссе-хотиралар китобхон кўнглини чароғон этадиган Саид Аҳмадга хос лирик тароналар, қувноқ ҳаётбахш юмор билан йўғрилган”лиги (У.Норматов) туфайли эътиборни тортади.
“Киприкда қолган тонг” китобидан ёзувчининг иккита қиссаси, учта эссе-хотира, ўнга яқин ҳикоя ва бир неча адабий ўйлари жой олган. Бу асарларнинг барчаси ғоят таъсирчан ва самимийлиги, улкан меҳр-муҳаббатга бойлиги билан қимматлидир. Ундаги асарларнинг деярли ҳаммаси муаллифнинг ўзи кўрган, гувоҳ бўлган, билган одамлар ҳамда бошидан ўтказган воқеалар тўғрисидадир. Шу боисдан, бу китобни бемалол “биографик характердаги асарлар” мажмуаси, деб аташ мумкин. Агар “Киприкда қолган тонг” қиссаси, гарчи истеъдодли адиб, ўзи ҳам, сўзи ҳам, феъл-атвори ҳам, асарлари ҳам том маьънода гўзал бўлган Ўлмас Умарбековга бағишланган бўлса-да, ундан Фарғона афандиси Адҳам Ҳамдам, кулги чемпиони Йўлдош Сулаймон, Абдулла Қаҳҳордек устоз назарига тушиб, меҳрини қозонган Анвар Муқимов, истеъдодли шоир ва қалами ўткир журналист Анвар Эшонов сингари ўнга яқин ижодкорлар ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин. Бу хусусияти билан ушбу китоб адабиётшунослик фанида ҳам ўрганилишга лойиқдир. “Умрим баёни”, деб аталган қиссаси эса тўла маънода автобиографик характерга эгалиги билан қимматлидир.
Саид Аҳмаднинг “Сароб”, “Борса келмас дарвозаси”, “Офтоб ойим”, “Кўз ёши томган ҳикоялар” (туркум)и ўзининг ғоявий мазмуни, воқелик ва қаҳрамонга нисбатан муаллиф муносабатининг аниқлиги, инсон ички кечинмаларининг чуқурлиги ва ранг-баранглиги билан ўқувчига кучли таъсир қилади. Муаллиф бу ҳикояларида инсоннинг инсонга ҳар доим меҳр-оқибатли, мурувватли бўлиши нечоғли таҳсинга лойиқлигини, аксинча, қабиҳлик ва ёвузликнинг бир кунмас-бир куни Оллоҳ томонидан ҳеч қачон кечирилмаслигини, жазо шубҳасиз, мустаҳиқ эканлигини ибратли образлар орқали акс эттиради. Юртига, миллатига, оиласига, касбига содиқлигини йўқотмаган, ақл-фаросат билан узоқни кўзлаган мустаҳкам иродали кишиларнинг қиёфасини тасвирлашга кўпроқ эътибор беради. Зеро, бу асарларнинг буюк тарбиявий аҳамияти ҳам айнан мана шу ғоявий ният билан ўлчанади.
Шу нуқтаи назардан, ёзувчининг мустақиллик даврида яратилган ана шу мавзудаги асарларининг яна бир фазилатини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Аёнки, бу асарларнинг барчасида шўролар даврида рўй берган воқеалар қаламга олинган. Бироқ муаллиф бирон-бир жойда очиқ-ошкора “совет тузуми ундоқ эди, мустақиллик бундоқ қилди”, дея панд-насиҳат қилмайди. Аксинча, воқеани, унда иштирок этаётган персонажнинг сурати ва сийратини холис баён қилиш орқали ўқувчи қалбига истиқлолнинг мунаввар кунлари қадрига етиш туйғусини сингдиради. Адиб асарларини тўла нурлантириб турган бу истак кўпни кўрган ҳамда она халқини, юртини жон-дилидан севган, унинг миллий урф-одатларини бениҳоя қадрлаган донишманд санъаткорнинг дил изҳори сифатида жаранглаб туради.
Саид Аҳмаднинг “Йўқотганларим ва топганларим”, деб номланган китобидаги “Йўқотганларим” бўлимидан ўрин олган эссе-хотираларни мутолаа қилган бугунги ўқувчи, адибнинг ўзи айтганидек, “Устозларимизнинг умри фақат минбарларда, олқишу гулдурос қарсаклар остида ўтган эмас. Балки уларнинг оддий бир инсон сифатида ғам-андуҳ чеккан пайтлари ҳам, дилига озор берган дўстларидан ранжиган дамлари ҳам кўп бўлган”лигига чин дилдан ишонади ва устоз адибларнинг қадрини янада баланд кўтаради.
Китобнинг “Топганларим”, деб аталган бўлимидан атоқли адибнинг садоқатли шогирдлари Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Тоғай Мурод, Носир Фозилов, Мақсуд Қориев, Тўлан Низом ҳақидаги мақолалари жой олган. Ёзувчи услубининг ўзига хослиги ҳар икки бўлимдаги ҳикоялар оҳангида яққол сезилади. Унинг йўқотган устозлари ва қадрдон дўстлари тўғрисидаги эссе-хотиралари аллақандай хўрсиниқ, мунгли оҳанг билан суғорилган бўлса, шогирдларига бағишланган ҳикоялар ҳазил-мутойиба, ифтихор, самимият, қониқиш туйғуси билан жаранглайди.
Йўлдош Солижонов,
филология фанлари доктори
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 24-сонидан олинди.