Гулноза Одилова. Аниқлик нимага боғлиқ (2010)

Таржимашунос олим И.Зингер: «Таржимон синчков ўқувчи, ажойиб услубчи, сўз устаси, психолог, ҳар томонлама билимдон бўлиши керак», дейди. Аммо шуни ҳам эътибордан қочирмаслик лозимки, бу ишга ихлос билан ёндашишга шайланган таржимонлар учун аниқ ишланган услубий йўриқнома ёхуд таржимада аниқликка эришиш борасида қатъий бир тўхтамнинг ўзи йўқ. Таржимада аниқлик таржима асарнинг аслиятга нечоғли яқинлигида, яъни адекват эканлигида намоён бўлади. Бадиий таржима турларидан бўлмиш шеърий таржимада фақат лингвистик ёки фақат адабиётшунослик нуқтаи назаридан ёндашув бирёқламаликни келтириб чиқаради. Хўш, шеърий таржимада аниқлик қандай омиллар асосида юзага келади?

Ғарблик олимларнинг бу борадаги қарашлари шу қадар тарқоқки, таржимон қайси йўлдан бориши мақбуллигини аниқлашда анча бош қотиришига тўғри келади. Тилшунос олимлар Ю.Найда, В.Комиссаров таржимада мазмун, семантик, услубий ва функционал жиҳатдан яқинлик адекватликни таъминлашдаги асосий омиллар сирасига киришини таъкидласалар, В.Виноградов фикрича, матннинг аслиятга яқинлашув даражаси кўплаб омилларга, хусусан, таржимон маҳорати, тил ва маданиятларнинг бир-бирига яқинлик жиҳати ҳамда таржима қилинаётган матннинг характерига боғлиқдир. Адекватлик масаласида адабиётшунос-таржимонларнинг қарашлари тилшунос-таржимашуносларникидан фарқланади. К.Чуковский, И.Кашкин, Г.Гачечиладзе, Вл.Росселс, О.Кундзич сингари адабиётшунос ва адиблар таржимага адабий жараён сифатида қарайдилар. Улар тил қоидалари мувофиқлигини бадиий кўмаклашувчи унсур, деб биладилар. Бундай ёндашувга кўра, адекватлик таржиманинг аслият бадиийлигига мувофиқлиги орқали белгиланади. Адабиётшунослар тилшуносларнинг тил мувофиқлигига қатъий риоя қилиш ва таржиманинг вариациялар ҳамда ижодий ёндашувни инкор этадиган меъёрий системасини яратишга уринишларини маъқулламайдилар. В.Виноградов шеърий таржима фақат аслиятга адекват бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Унингча, бадиий таржиманинг ўз ижодкори, яратувчиси, тил манбаи ва услуби мавжуд. Энг яхши шеърий таржима аслиятга мос таржимадир. Мослик даражаси фақат матнларнинг лисоний мувофиқлиги билан эмас, балки бадиий адекватлик билан ҳам баҳоланиши керак. Бу нима дегани? С.Гончаренко фикрича, бу — аслиятдаги услубий жиҳат ва шеърий матн хусусиятининг таржимада акс этганлиги билан белгиланади. Бадиий адекватлик икки тил, яъни аслият ва таржима тилининг поэтик хусусиятини бир маромда сақлаб туриши лозим.

Кўриниб турибдики, тилшунос ва адабиётшунос олимлар эквивалентлик ва адекватлик тушунчасига, асосан, ўз ихтисосликларидан келиб чиқиб ёндашадилар. Улар қарашларининг чекланганлиги ҳам шу билан изоҳланади. Чунончи, эквивалентлик билан чекланувчилар «матн, бу — система», деб қарасалар, адекватлик тарафдорлари «матн, бу — тирик организм», деб ҳисоблайдилар. Бундай баҳсларга умумий назар ташлаб, ҳар иккала қараш тарафдорлари ёндашувларида бирёқламалик мавжудлигини кўриш мумкин. Бизнингча, адекватлик масаласида умумий махражга келиш имконияти бор.

Таъкидлаш жоизки, таржима таҳлили ва танқиди таржимачиликда услубий йўриқ вазифасини ўтайди. Бир асар таржимаси таҳлилида камчиликларнинг очиб берилиши натижасида таржимонлар ўша асарни қайта таржима қилиб, мукаммал таржима вариантларини яратгани адабиёт тарихидан маълум. Аммо ҳали таржима таҳлили ва танқиди мактаби талаб даражасида шаклланмаган. Таржима муаммоларига оид фикрлардаги тарқоқлик, бирёқламалик айрим таржимашуносларнинг тадқиқотларида ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, филология фанлари номзоди Н.Исамуҳамедова тадқиқотида В.Шекспирнинг «Отелло» драмасидан “She was false as water” иборасининг Ғ.Ғулом ва Ж.Камол таржималарида берилиш услубини таҳлил этар экан, “water”(сув) лексемасининг когнитив харитасини тузади. Унга биноан, луғатларда берилган “сув” лексемасининг хавотир ва хавф билан боғлиқ ассоциацияга эга тушунча эканлигини аниқлайди. Шунинг учун ҳам False сўзининг луғавий маъносини келтиришни тўғри деб ҳисоблайди. Буни тадқиқотчининг Ғ.Ғулом ва Ж.Камол таржималарини жадвал воситасида таҳлил қилиб, Ж.Камолнинг сувга нисбатан қўллаган бетийиқ ва беқарор сифатидан Ғ.Ғуломнинг алдамчи, риёкор сифатини адекват, дейишида кўриш мумкин. Тадқиқотчи масалага лингвист сифатида тўғри ёндашган. Бироқ адекватликни таъминлашда фақат лингвистика нуқтаи назаридан ёндашилса, адекватлик борасида умумий махражга келиш қийин кечади. Мисол учун, Н.Исамуҳамедова хулосасига адабиётшунослик нуқтаи назаридан бошқача баҳо бериш мумкин. Маълумки, False сўзининг муқобиллари қуйидагича: 1. wrong(нотўғри, хато), incorrect(хато, нотўғри, ноаниқ); 2. spurious(сохта); 3. improper(номувофиқ, нотўғри); 4. deceptive(алдамчи, адаштирадиган); 5. deceitful(сунъий, сохта); 6.artificial(сунъий).7. treacherous(хоинона, ишончсиз); 8.unfaithful (хиёнаткорона, мунофиқона);9.not genuine(аслияти эмас, тоза кўнгилли эмас); 10.fake(ясама нусха,фирибгарона);11. betrayal(сотқинлик, хиёнат); 12.artificial(сунъий, юзаки). Аммо уларнинг ҳар бири ўз навбатида яна бир қанча муқобилларига эга. Уларни бир системага келтириб, умумий маънодошлари аниқланса, масала анча равшанлашади.

Ж.Камол таржимасидаги бетийиқ, беқарор сўзларининг ўзбекча: бир қарорида турмайдиган; субутсиз; ишониб бўлмайдиган; бевафо; алдамчи; иккиюзламачи; риёкор; ишончсиз; уятсиз; ваъдабоз; хоин; лафзсиз каби маъно муқобиллари бор. Кўриниб турибдики, Ж.Камол вариантининг муқобил маънолари аслиятдаги сифатнинг муқобил маъноларига деярли тўғри келади. Шундай экан, таржимада ҳар иккала таржимон келтирган сифатлар бир умумий маънони, яъни Дездемонанинг севгида собит эмаслиги, ўзгарувчанлиги, бевафолигини англатиш учун тўғри қўлланган. Аммо лингвистик жиҳатдан адекват бўлиши мумкин бўлган “алдамчи ва риёкор сув” ўзбек шеъриятида сунъий ифода саналади. Адекватликнинг қатъий талабларидан бири маъно ва ифода адекватлигидир. Ўқувчи алдамчи, риёкор сувни тасаввур қила олмайди. Аммо ўз ўзанида тинч туролмайдиган, ҳамиша турлича оқадиган сувни, яъни беқарор сувни, ўзини бошқара олмайдиган — бетийиқ сувни яхши тасаввур қилади. Беқарорлик субутсизлик, ўз сўзида турмаслик каби салбий сифатларга маънодошдир. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да беқарор ва тийиқ сўзларига қуйидагича таъриф берилади: “Беқарор — 1. Бирдек туролмайдиган, ҳа деб ўзгараверадиган. Беқарор Аму. 2. Бир жойда қўним топмайдиган, ҳа деб кўчиб юрадиган; қўнимсиз. Дарбадарликдан, ўзимнинг симобдай беқарор, саёқлигимдан жуда ўкинар эдим. Ғ.Ғулом, Шум бола. Тийиқ — 1. Ўзини тийиб, босиб, тутиб олган; 2. Қуюлган, босиқ”. Шундай экан, Ж.Камолнинг таржимаси Ғ.Ғуломникига нисбатан адекват дейишга асос бор. Бу ерда инглиз тилидаги falseнинг маъноси бузилмаган: false алдамчилик ва риёкорликнинг маъно муқобиллари бўлган беқарорлик ва бетийиқликнинг айнан ўзидир. Демак, когнитив анализнинг муҳим компонентларидан бири маъновий ёндашув бўлмоғи лозим.

Умуман, “She was false as water” ибораси инглиз адабиётида деярли учрамайди. Бу иборанинг келиб чиқиши ва муқобилларини аниқлаш мақсадида интернет тармоғида изланганимизда Шекспир мухлислари ташкил этган онлайн форумга дуч келдик. Унда бир инглиз аёли ўз ватандошларидан бу иборанинг маъносини изоҳлаб беришни ва у қандай қилиб Шекспир лексикасига кириб қолганини сўрайди. Бу сўровномага кўплаб инглиз адабиётшунослари ва классик адабиёт мухлислари жавоб қайтарган. Аксарият иштирокчилар Шекспир сувдаги бир маромда турмаслик, ҳар хил оқимда оқиш, яъни беқарорлик хусусиятларини Дездемонанинг хиёнаткорона хулқига менгзаганини таъкидлайдилар, бу ибора инглиз адабиётига ётлиги, Отеллонинг лотин-америкача тарбияси ва образини рангдор ифодалаш мақсадида қадимги лотин-америка адабиётидаги баъзи манбаларда учрайдиган мазкур иборадан фойдаланганлигини айтишади. Демак, инглиз китобхони ҳам сувга нисбатан false лексемаси қўлланганда бироз тушунмайроқ қолар экан.

Адекват таржимада китобхоннинг матнни тушуниши ва ҳис қилишига шароит яратмоқ лозим. Ўзбек китобхони учун “Оқин сувдек, у алдамчи, риёкор эди”дан кўра “Оқар сувдай бетийиқ, беқарор эди”, мисраси кўпроқ тушунарли ва айни пайтда, бу ибора инглизча “false as water” иборасига адекват қабул қилинади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ғ.Ғулом Шекспир асарини рус тилидан, Ж.Камол эса бевосита инглиз тилидан таржима қилган. Адекватлик ҳақида сўз кетар экан, буни алоҳида инобатга олиш лозим бўлади. Бу эса ҳар қандай ҳолатда ҳам бадиий асарни аслиятдан таржима қилиш афзал эканини кўрсатади.

Қисқаси адекват таржима эквивалент таржиманинг юқори даражадаги кўриниши бўлиб, унда лексик-семантик мувофиқлик китобхоннинг бадиий тафаккури ва бадиий тасвирни идрок этиш меъёрларига уйғун бўлиши лозим. Чунки руҳият ва оҳангни сақлаш адекватликни таъминлашда муҳим омил бўлиб, таржимондан тегишли адабиёт илмларидан талаб даражасида хабардорликни тақозо этади. Аммо бу адекватликни таъминлашда лингвистик маҳорат иккинчи ўринда туради, дегани эмас. Таржиманинг лингвистик томонларига эътибор қаратмай таҳлил қилиш мутаржим ишини холис баҳолашга халал беради.

Таржимашунос олим Ғайбулла Саломов: “…таржимонда ёзувчи ва танқидчи, актёр, рассом, бастакор ва олим меҳнатидан нимадир бор. Бу шундан иборатки, таржимон лингвист бўлиб лисоний манбани таҳлилдан ўтказади, актёр сингари бировнинг қиёфасига киради ва айни вақтда ўзлигини сақлайди, ўзи ўгираётган нарсага ва, айниқса, ўз меҳнатига танқидий назар билан қарайди, таржима қилинаётган аслиятни яхлит ҳолга ҳамда бўлакларга бўлиб бир неча маротаба(керакли жойда овоз чиқариб!) ўқийди, “ўлик” матн орасидан муаллифнинг жонли сиймосини ва қалбини қидиради. Хуллас, гап орқасидан қувмайди, балки маъно, куй, оҳанг, бўёқ излайди”, деб ёзади. Шундай экан, заҳматлар эвазига ўгирилган асарлар таржимасига холис баҳо бериш зар қадрини билган заргарларга хос ишдир.

Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асаридаги таржимашунослик соҳасининг ривожига доир зарур кўрсатмалари бу соҳадаги мудроқ кайфиятни сергаклантирди. Таржима давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, энди астойдил бу ишга киришиш, ечимини кутаётган муаммоларни кекса авлоднинг бой тажрибасию ёш авлоднинг шижоати ва янгича ғоялари орқали якдилликда қайтадан кўриб чиқиш вақти келди. Ишонамизки, XXI аср ўзбек таржимачилигида “бевосита таржима” мактаби тўла шаклланади. Зеро, бугунги кунда бу мактабга ташланаётган илк пойдеворлар бўй кўрсатмоқда.

Гулноза Одилова,

Қарши давлат университети ўқитувчиси

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 25-сонидан олинди.