Бобур номидаги халқаро илмий экспедициянинг Ҳиндистонга навбатдаги илмий сафаридан мақсад Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар ҳамда Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарида баён этилган воқеа-ҳодисалар билан боғлиқ манзил-маконлар бўйлаб илмий изланишлар олиб бориш; Бобур ва Ҳайдар мирзо қадамжоларида бўлиб, уларнинг ҳаёти ва ижодига доир илмий маълумотлар тўплашдан иборат эди.
Бобур номидаги халқаро жамғарма ташаббуси билан “Тарихи Рашидий” ўзбек тилига орадан беш юз йил ўтиб ўгирилди. Бироқ Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг 1540-1551 йиллардаги фаолияти ҳақида маълумотлар озлиги туфайли, нашр бироз кечиктирилиб, ушбу Ҳиндистон сафари, жумладан Кашмирга саёҳат кун тартибига қўйилди. Чунки мазкур тарихий асарга унинг муаллифи қисмати ҳам бевосита дахлдордир.
Тошкентдан ҳавога кўтарилган А-310 самолёти бизни саноқли соатлар ичида Ҳиндистон пойтахти Деҳлига етказди. Бобур асли “Дилли” деб аталадиган бу шаҳарда кўп марта бўлган. Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳам етти йил Лаҳўр ва Аграда Ҳумоюн мирзо ва Комрон мирзо саройларида яшаб, Кашмирни забт этиш олдидан бу жойларда бўлган.
Бобур комил инсон деб мақтаган валиаҳд фарзанди Ҳумоюн мирзонинг мақбара-оромгоҳи ҳам Деҳлидадир. Ям-яшил хиёбон бўйлаб юрамиз. Мана, Ҳумоюн мирзо мақбараси. Бу улкан иншоот одам бўйидан баланд катта чорқирра майдон узра юксалган. Мақбара гумбазининг йириклиги, гумбаз остидаги хилхоналарнинг кўплиги шакл улуғворлигини мазмун буюклиги билан уйғунлаштиради.
Эски Деҳлида Ҳумоюн мирзо мақбарасидан унча узоқ бўлмаган жойда, ўтмишда юртимиздан Ҳиндистонга келиб қолган адабиёт, тарих, санъат арбобларининг қабр-мақбаралари ҳам бор. Марказий йўлнинг шундоққина чеккасида “Боғи Бедил” деган ёзувга кўзимиз тушди. Шинам, сокин боққа кириб, йигирма қадамлар ичкарида Мирзо Бедил мақбарасига дуч келдик.
“Абулмаоний” (маънолар отаси) нисбали Мирзо Абдулқодир Бедилнинг боғи шоирнинг ўзидай майин ва меҳмондўст, бағрикенг, тинч, сокин экан.
Мақбара одмигина — олди очиқ шинам, пастқам бино. Унинг пештоқига зиёратга келувчилар кўнглини очиш учун шоирнинг қуйидаги икки мисраси ёзиб қўйилган:
Жаҳон боғи чаманида атиргуллар ғунчаси кўп, Бул Бедил ҳам бу дунёда бир ғунчанинг шайдосидир.Боғ шинам ва саришта. Бундаги ҳар бир дарахтга шакл берилгани, ҳатто дарахтлар остига — сояга ҳам гуллар экилгани, шоир қабри устига анъанавий яшил гулдор шоҳи қабрпўш ёпилгани — буларнинг ҳаммаси боғ эгасининг диди, энг муҳими, шоир шахсига ихлосмандлигини билдириб турарди.
Мирзо Абдулқодир Бедилнинг руҳи покларига дуои фотиҳа қилдик ва шу ердан Мирзо Асадуллахон Ғолиб зиёратига жўнадик. Асли аждоди Самарқанддан бўлган бу азиз инсон номидаги академияга етиб бордик. Мирзо Ғолиб мақбарасида таъмирлаш ишлари бораётганидан, ноқулайликдан ранжимадик, балки буюк шоир даҳосига муносиб таъмир ишлари бўлаётганидан қувониб, бандалик қарзини уздик.
Мирзо Ғолиб академияси йўлагидаги гул бозори бизга ғалати туюлган эди. Негадир атиргулларни ипга тизиб шода-шода қилиб сотишар экан. Бунинг сирини биз буюк хамсанавис Амир Хисрав Деҳлавийнинг худди Бедилникидай камтаргина мақбараси зиёратига кирганимизда билдик. Икки томони дўконлар билан сиқилган тор йўлакдан юриб, Амир Хисрав мақбараси ҳовлисига кирдик. Ҳовлида давра қуриб ўтирган ҳофиз ва созандалар Амир Хисрав шеърларини куйга солиб, хониш қилмоқдалар. Мақбара ичида: ўртада шоир қабри, оёқ томонларида тарихчи олим Мавлоно Хондамир қабри… Қабрлар теварагида қорилар муттасил Қуръон тиловат қилмоқдалар. Зиёратчилар қабрпўш устига ҳалиги бозордагидек ипга тизилган атиргул шодаларини қўймоқдалар!
* * *
Деҳлидан Аграга — бобурийлар салтанатининг илк пойтахтига йўл олдик. Ҳиндистон сафарига борадиган ҳар қандай кишининг улуғ орзуси Аградаги Тож Маҳал мақбарасини бориб кўриш бўлади, албатта. Тож Маҳал жуда кенг тўртбурчак майдон-саҳн узра салобат билан (ердан 61 метр баланд) қад кўтарган. Йигирма минг қурувчи, архитектор, муҳандис, тошкесарларнинг йигирма йиллик тинимсиз меҳнат-машаққатлари бунёди бўлган Тож Маҳал йигирма минг йил эмас, абадий яшаб қолсин! — деб орзу қиласан киши.
Тош жилоси, тош улуғворлиги, тош санъатининг жозибадорлиги ва шукуҳи Тож Маҳалда барқ уриб туради. Дарҳақиқат, абадиятга даъвогарликда тошдан умрбоқийроқ нима бор?… Бобурийзода Шоҳ Жаҳон ва Мумтоз Маҳаллар сўнмас муҳаббатининг бу улуғвор тимсоли зиёратига жаҳоннинг ҳамма гўшаларидан сайёҳлар келишмоқда.
Биз Тож Маҳал билан кўнгил узолмасдан хайрлашдик. Шоҳ Жаҳоннинг бобокалони Бобур мирзо яшаган Ором боғ томон юрдик. Темир дарвозадан ичкари кириб, боғ ҳақидаги маълумотномани ўқидик ва ичкари йўналдик. Бу боғнинг бунёдкори, меъмори Бобурнинг ўзи. У бу боғда умрининг сўнгги тўрт йилини кечирган. Уни “Боғи гулафшон” (гулсочар боғ) деб атаган. Кечалари боғнинг турли бурчакларидаги хоналарда шамлар ва машъалалар ёқилгани туфайли манбаларда бу боғ “Боғи Нурафшон” деб ҳам аталган.
Боққа кирганимиз заҳоти аниқ симметрияли тўртбурчак тарҳли сўлим, ям-яшил, кенг, дарахтлари сийрак чаманзор баҳри дилингизни очиб юборади. Боғ санъатининг ютуғи табиийликка эришишда экан: дарахтларда майда жониворлар ўрмалашади, ола-була лайлакни эслатувчи саарас қушларининг бамайлихотир юриши боққа янада табиийлик ва жозиба бағишлайди.
Тиккага қараб юрамиз: рўпарамизда йигирма метрлар оралиқ масофа билан ўртаси айвонли икки хонали бинолар қад кўтарган. Бобур подшоҳ шу биноларнинг бирида сўнгги уйқуга кетган. Боғнинг бошқа томонида Бобур Мирзонинг қизғиш тошлардан бунёд этилган мақбараси ҳозиргача сақланган. (Маълумки, вафотидан сўнг 9 йил ўтиб, шоҳ хоки Кобулга кўчирилган). Бу табаррук қадамжода шоҳ ва шоир хотирасига дуои фотиҳа қилдик.
Агра зиёратидан сўнг Деҳлига келдик ва бу ердан Кашмир қалби — Сринагарга, Мирзо Ҳайдар оромгоҳи томон йўл олдик.
Кашмирнинг энг фусункор масканларидан бири — Даллейк кўлидаги “Сафина” кема-меҳмонхонасига жойлашдик. Эрталаб “Сафина”дан бизни қайиқда соҳилга чиқариб қўйдилар. Биз шу жойдаги зиёлилар билан суҳбатлашиб, Мирзо Ҳайдар ҳақида, буюк алломанинг қайси қабристонга дафн этилгани тўғрисида бирламчи маълумотларга эга бўлдик. Ушбу қабристон Сринагарнинг эски шаҳар қисмида жойлашган бўлиб, майдони 3,5-4 гектарни ташкил қилар экан. Қабристонга Кашмир подшоҳи Зайнулобиддин томонидан Деҳлам дарёсининг чап соҳилида асос солинган. Экспедиция аъзолари — ушбу мақола муаллифлари, тасвирчи Фурқат Саидмаматов ва таржимон Шафоат Соткинова машинага ўтириб, Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг табаррук мазоротини излаб, Зайнулобидин қабристонига бордик. Қора темир панжарали икки тавақали дарвозадан ўтилгач, ўнг томонда, шоҳ Султон Зайнулобиддин онасининг беш юз йил бурун тошдан бунёд этилган улуғвор бино-мақбараси кўзга ташланади. Ундан чапроқда тўғрига сал юрилса, султон Зайнулобиддин, унинг оила-аъзолари, амалдорларга тегишли қабрлар ва катта-кичик сағаналар кўринади. Бироз пастроқда, дарё бўйида яна бир қанча қабр ва сағаналар иҳоталаб ажратилган майдонча диққатимизни тортди. Сергак қизимиз Шафоатхон ям-яшил лавҳа узра эгилиб “мирзо” сўзини ўқишлари билан бир қўлини кўтариб бизни чақирди. Биз ҳам ўша ёққа жадал юрдик. Бирдан уч киши шу қабр лавҳасига юзма-юз бўлдик. Қуръони каримдан тиловат қилиб, Мирзо Ҳайдар олдидаги инсонийлик бурчимизни адо этдик.
Қабр узра улуғвор бир тут дарахти тарвақайлаган шохларини ёзиб турарди. Мақбара лавҳасининг узунлиги 1,5 метр, эни 80 см. келадиган бу тўртбурчак лавҳа бошида тик турган оқ мармарга форсий тилда, араб ёзувида қуйидаги мазмунда матн битилган:
Шаҳидлик юртига ноғора чалиб Йўл олди Кўрагон шоҳ Ҳайдар мирзо. Илоҳий қазоси шундай юз берди. Ўлими тарихи: “Илоҳий қазо”.Бу қабр тоши 1822 йилда бир инглиз сайёҳи, капитан Вильям Моркрафт ҳиммати билан барпо этилган. Мақбара ёзувида Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳаёти ва фаолиятининг ихчам баёни берилган. Бу қабр тоши матнида уч нуқсон бор:
1. «Абусаид» сўзини Бобурнинг бобоси Абусаид мирзо эмас, балки Султон Саидхон деб тушуниш керак. У Ёрканд хони, Саидия давлатининг асосчисидир;
2. Ҳайдар мирзо Ўратепада эмас, Тошкентда туғилган;
3. Юнусхон унга она томондан эмас, ота томондан бобо ҳисобланади.
Қабртошдаги лавҳа матни қуйидагича:
У (Оллоҳ) боқийдир
Мирзо Ҳайдар Кўрагон ибн Мирзо Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон ибн Юнусхон. Бобур подшоҳнинг холаваччаси, Аҳмадхоннинг ўғли Ёрканд ва Мўғулистоннинг подшоҳи Абу Саидхоннинг вазири. Хонлар — Туғлуқ Темурхон авлодидан, Чиғатой ибн Чингизхон наслидан. Мирзо таваллудининг қутлуғ йили ҳижрий 805 йилда Ўратепа шаҳрида бўлган. Кўп замонлар ўтишидан сўнг Абу Саидхон ҳукми билан Ёркандга қайтди, Тибетни эгаллаганидан сўнг, 4000 отлиқ билан Шаъбон ойининг 4-кунида Кашмирни фатҳ этди. Кашмир подшоҳи — Муҳаммад шоҳга тахтни қайтариб бериб, Тибетга — Султон Саидхон ҳузурига қайтиб кетди. Султон Саидхон Мирзони Лҳасага ҳоким этиб тайинлади ва ўзи Ёркандга қайтаётганда ҳалок бўлди. Мирзонинг қарори кескин ўзгариб, Бадахшонга кетди. У ердан Ҳиндистонга — Ҳумоюн подшоҳ ҳузурига борди. Ҳумоюн подшоҳ енгилиб Эронга кетганда, Мирзо 450 отлиқ билан Лаҳордан чиқиб, Кашмирга жўнади ва ҳижрий 947 йил Ражаб ойининг 22-сида Кашмирни яна эгаллади. У ерда 10 йил ҳукм сурди.
Илоҳий қазо туфайли ўз тан қўриқчисининг тасодифий ўқи билан шаҳид бўлди. Мирзо Турон, Мўғулистон ва Синд (Ҳиндистон) мамлакатларида буюклар хизматларида бўлди, ҳунар ва илмга бўлган муҳаббати сабаб ёшликдан ботир, тадбирли, идрокли бўлиб етишди.
Инглиз сайёҳи капитан Вильям Моркрафтнинг ҳиммати билан ва Саид Муҳаммад Иззатуллоҳнинг саъй-ҳаракати билан ушбу тарих ёдгорлиги 1822 йилда қўйилди.
Албатта, европалик инглиз сайёҳининг Кашмирга келиб Мирзо Ҳайдар дафн этилган қабристонни топиб, у буюк алломага ёдгорлик қўйиб кетишига асосий сабаб, «Тарихи Рашидий» қомусий асарини ўқиб, олган таассуротлари боис бўлса, ажаб эмас. Бинобарин, инглизлар ушбу араб ёзувидаги ноёб асарни форс тилидан ўз она тилига биринчилардан бўлиб, ХIХ асрнинг бошларидаёқ таржима қилиб улгурган эдилар.
Биз Сринагардан бобурийлар яратган машҳур Шалимар боғи зиёратига бордик. Кеч куз бўлганидан, асосий дарахтлар япроқларини тўккан, фақат улкан чинорлардагина сийраккина заранг япроқлар кўзга ташланади.
Бир томондан Ҳимолай тоғи билан чегарадош, пастки тарафи кўл ёқасидаги катта йўлга туташган. Ҳимолай тоғининг сув айирғич қисмидан сувлар ёғилиб, табиий шаршаралар, фавворалар ҳосил қилиб, боққа файз бериб турибди.
Боғ тузилишидаги симметрия, саҳннинг кенглиги ва орасталик билан қисмларга бўлинишлар боғ кўркига кўрк ва шинамлик қўшиб, Шалимар боғида алланечук нафосат шукуҳи улуғворлиги ҳукм сурарди. Йўлаклар четидаги боғ саҳнидаги парча-парча гулзорларда ҳам санъат ва боғ санъаткорлиги уйғунлашиб кетган: бир бўлак гулзорга чинор барги шаклида тартиб берилган, бошқа бир бўлаги юрак тарзида, учинчиси ҳилол ва якка юлдуз тузилишида.
Буюк аллома Мирзо Ҳайдарнинг 10 йиллик фаолиятини ва Кашмир тарихини чуқурроқ ўрганиш мақсадида «Археология ва қадимги Кашмир» музейига бориб, тарихий манбалар, ёдгорликлар, Бобур ва бобурийлар, шунингдек, Мирзо Ҳайдарга доир ашёвий далиллар ва кўргазмалар билан танишдик.
Кашмир университетининг тарих факултети профессори Муҳаммад Ашраф Воний жаноблари бошчилигидаги ўрта аср тарихи бўйича мутахассислар билан қизиқарли учрашув бўлиб ўтди. Ўзаро фикр алмашувлар чоғи олинган ёзма манбалар, Кашмир, Алигарх университетларида, Деҳлида чоп этилган китоблар асосида Мирзо Ҳайдарнинг Кашмирда подшоҳ бўлган вақти хусусида нисбатан тўла маълумотларга эга бўлдик. Ҳуқуқшунос олим Назир Аҳмад билан у кишининг хонадонида бир пиёла чой устида суҳбатлашиб, Кашмир тарихи ва Мирзо Ҳайдар ҳақида қимматли маълумотлар олдик: Назир Аҳмад суҳбат чоғида бизга «Тарихи Ҳассан» китобини туҳфа қилди. Пир Ғулом Ҳассан Қуҳҳиҳонийнинг ушбу «Тарихи Ҳассан» жуғрофияга оид асарида Муҳаммад Ҳайдар Мирзо ва бобурийлар ҳақида қимматли маълумотлар берилган экан.
«Тарихи Рашидий» асаридан маълумки, Муҳаммад Ҳайдар мирзо 1532 йили Кашмирга юриш қилиб, юртни эгаллайди. Ва кутилмаганда Кашмирнинг собиқ ҳукмдори Муҳаммад Шоҳ, Малик Абдол Мокри ва бошқаларни музокарага чақириб, шоҳнинг бир қизини шаҳзода Искандарга олиб беради-да, сулҳ тузиб, Шарқий Туркистонга қайтиб кетади.
“Тарихи Рашидий”да қайд этилганидек, Кашмир маликларининг бош-бошдоқлиги кейинги йилларда ҳам олдингидек давом этиб, улар юрт ҳукмдори Муҳаммад Шоҳни писанд қилишмайди. Ҳатто 1540 йилда Абдол Мокри, Занги Чаклар номидан элчи бориб, Муҳаммад Ҳайдар мирзони Кашмир ҳукмдорлигини олиб, уни бошқаришга таклиф қилади.
Кашмирдаги ҳарбий-сиёсий вазиятни яхши билган Ҳайдар мирзо бу маслаҳатни Ҳумоюн мирзо муҳокамасига қўяди ва ундан 400 отлиқ аскар олиб, Кашмирга юради. Навшаҳрда Муҳаммад Шоҳга мухолиф бўлган Кашмир маликлари ўз ҳарбий кучлари билан унга қўшиладилар.
Муҳаммад Ҳайдар мирзо бу дафъа Кашмирни деярли жанг-жадалсиз эгаллайди. Унга қарши бўлган маликлар афғон Шерхон Сурдан мадад олиб, жангга отланадилар.
Мирзо маҳаллий маликлар ва ўз лашкари билан 5000 кишилик ёв устидан ғалаба қозонади. У Кашмирда ўн йилдан ортиқроқ муддат ҳукмронлик қилади.
Муҳаммад Шоҳнинг вафотидан кейин унинг валиаҳди Нозук Шоҳ тахтга чиққан эди. Олти ойдан сўнг Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кашмирга киргач, у ихтиёрий равишда ҳукмронликни мирзога топширди. Шунинг учун хутбада Нозук Шоҳ мақталар ва пулда ҳам унинг исми зарб қилинар эди. Баъзи бир ўша даврдаги Кашмир тангаларида Ҳумоюн мирзо исми ҳам учрайди.
1445-1448 йилларда Муҳаммад Ҳайдар мирзо Тибетга юриш қилиб, жуда кўп қалъаларни бўйсундирди. Ражаори ҳисобига ҳам Кашмир ҳудуди кенгайтирилди. Мирзо Ҳайдарнинг яқин кишилари бўлган Қора Баҳодир, Муҳаммад Назир, Носир Али ва Мулло Қосимлар Тибет ва Кашмир вилоятларида хотиржам ҳукмронлик қила бошлайдилар.
Бироқ, 1550 йилга келиб, Мир Шамсиддин Ироқий бошчилигида мусулмонлар бир-бирига душман бўлиб, иккига бўлиниб, Эйди Райна бошчилигида Мирзо Ҳайдарга қарши чиқадилар. Бҳира ҳокими Қора Баҳодирни ва Ражаори ҳокими Муҳаммад Назирни асир олади. Муҳаммад Ҳайдар мирзо эса исёнчиларга қарши тунги юришларнинг бирида ўз танқўриқчиси Шоҳназар отган тасодифий ўқдан яраланиб, вафот этади. Нозук Шоҳ воситачилигида Муҳаммад Ҳайдарнинг хотини ва синглиси маликлар билан музокарага киришиб, сулҳ тузилади.
Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг хизматларига тарихан баҳо бермоқчи бўлсак, биринчидан, унинг ўн йиллик ҳукмронлигида Кашмир собиқ вайроналиклардан тикланиб, яшнай бошлайди; иккинчидан, у билан бирга келган сиёсий, илмий ва диний арбоблар Кашмирга ўша давр цивилизациясини келтирдилар, дейиш мумкин. Бу даврда Кашмир Буюк Ипак йўлига уланди. Бунинг сабаби, янги ҳукмдор ташаббуси билан шойи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мусиқа санъати ривож топди.
Учинчидан, Кашмир иморатсозлигининг янги усули ва боғ-роғ яратиш санъати урф бўла бошлади. Боғи Сафо, Боғи Баҳоролардан сўнг бобурийлар бу ерда Шалимар боғи, Боғи Нишот каби ўнлаб боғлар барпо этдилар.
Тарихда шахс ролининг ҳал қилувчи аҳамиятини Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг ўн йиллик ҳукмронлигида кўрамиз, десак муболаға бўлмайди. Олимлар билан суҳбат асносида Алигарх университетининг профессори Мансура Ҳайдарнинг “Мирзо Ҳайдар Дуғлат” номли (Деҳли, 2002) китоб ёзгани ҳақида хабар топдик ва бу китобни Деҳлида қўлга киритдик. Китобда тарихий асарлардан Мирзо Ҳайдар ҳақида маълумот берувчи ўринлар танлаб олиниб, ўзига хос тарихий мажмуа тузилган экан.
Кашмирликлар қадимдан асосан тошдан иморат ясаб келишган. Ўрта асрларга келиб эса бу анъанадан воз кечишган. Чунки, кучли зилзилалар пайтида тошдан тикланган иморатлар юз минглаб қурбонларга сабаб бўлган экан. Ва шундан сўнг уйлар ёғочдан тиклана бошлаган. Муҳаммад Ҳайдар мирзо уларнинг кўп иморатлари ёғочдан ва кўп қаватли эканини “Тарихи Рашидий”да қайд этган. Бироқ бу иморатлар оловга дош бермаганлиги туфайли яна ишончни оқламаган. Муҳаммад Ҳайдар Ўрта Осиёдан кўплаб иморат усталарини Кашмирга таклиф қилган. Улар тош, тупроқ ва ёғочдан фойдаланиб, фалокатга чидамлироқ синчли уйлар қура бошлашган. Бу ҳол бутун Кашмирга расм бўлган. Мусиқа, қўшиқчилик санъати, илм-фан тараққиётига ҳам Ҳайдар мирзо катта ҳисса қўшган. Кашмирда йирик режали боғ-роғларга асос солган ҳукмдор Муҳаммад Ҳайдар мирзо бўлган. Ундан сўнг Бобурийлар салтанати таркибига киритилган Кашмирда том маънода йирик-йирик, шинам-шинам боғлар барпо этишнинг жадал суръати кузатилади. “Тарихи ҳассан”дан олинган маълумотларда Бобурий шоҳлар даврида Кашмир далалари, кўл соҳиллари, Бҳат дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб ўнлаб йирик шинам боғлар бунёд этила бошлангани айтилган. Кашмир жаннатдан бир намунадир, деган ибора ана шу даврга тўғри келади.
Энди Муҳаммад Ҳайдар мирзо шахсиятига доир маълумотларни келтириб ўтсак.
1540-1551 йилларда Кашмир ўлкасида ҳукмронлик қилган Ҳайдар мирзо Саидия давлатининг асосчиси, Андижон, сўнгра Ёрканд хони бўлган Султон Саидхоннинг 24 йиллик вазири (1512-1533); Тибет ва Кашмирни ишғол қилган ҳарбий қўмондон. У форс тилида битилган “Тарихий Рашидий” номли машҳур қомусий асар муаллифидир. Муҳаммад Ҳайдар соҳибдевон шоир, қадимги ўзбек тилида ёзилган “Жаҳоннома” ва “Маҳмуднома” достонларининг ижодкори. У Тошкентда 1499-1500 йил Хуб Нигор хоним ва Муҳаммад Ҳусайн оиласида туғилган, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг холаваччаси. У уч йил давомида Бобур Мирзо тарбиясида бўлган. Отаси ўша замонларда Тошкент ҳокимлигига қарашли бўлган Ўратепада 9 йил (1493-1502) беклик қилган.
Муҳаммад Ҳайдар мирзо Кашмир муҳити тарихий-адабий анъаналарига амал қилиб, «Тарихи Рашидий» асарини форс тилида ёзган бўлса-да, у саройда ва оилада ўзбек тилида сўзлашган ва ёзган. Бунинг исботи унинг туркий-ўзбек тилдаги «Жаҳоннома» ва «Маҳмуднома» достонларидир.
Бобуршунос япон олими Эйжи Мано ўзининг «Бобур ва унинг даври» номли йирик тарихий асарида «Бобурнома» ва «Тарихи Рашидий» асарлари асосида Марказий Осиёнинг ХVI аср тарихини яратди. Ушбу илмий кашфиёт «Тарихи Рашидий» асарининг «Бобурнома»дек машҳур ва ўта муҳимлигига далил бўлиб турибди.
Атоқли инглиз олимаси Аннет Сюзен Бэвериж: «Бобурнома» бутун тарихда яратилган ёзма ёдгорликларнинг энг бебаҳосидир», деб ёзган. Олима Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг маҳоратига тан бериб, «Муҳаммад Ҳайдар мирзо мемуарнависликда Бобурга рақобатчидир», деб айтгани ҳам бежиз эмас.
Муҳаммад Ҳайдар мирзо қабрига 1822 йил инглиз сайёҳи қабртоши қўйдирганини айтиб, унинг ҳимматига тан бердик. Аммо вақт бу ёдгорликка ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Кашмирда ўн йил ҳукмронлик қилган Мирзо Ҳайдарга хизмати ва шон-шуҳратига яраша янги ёдгорлик-мақбара тикланишини орзу қилдик.
Машҳур саркарда, етук қомусий олим ва шоир Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг инглиз, немис, француз, хитой, уйғур, рус, қозоқ ва бошқа тилларга таржима қилинган «Тарихи Рашидий» қомусий асарини иншооллоҳ, бу йил ўзбек китобхонлари ҳам ўз она тилларида ўқишга муяссар бўладилар.
Зокиржон Машрабов,
Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция раҳбари,
Ваҳоб Раҳмонов,
экспедиция аъзоси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 8-сонидан олинди.