Ўзбек таржимачилиги тарихи минг йилдан ортиқ даврни ўз ичига олади. Бадиий адабиёт ва илму фаннинг турли жабҳаларига доир асарлар қадимдан ўзбек тилига ўгирилиб келинган. Ўзбек тилида битилган нодир китоблар эса араб, форс, лотин ва бошқа тилларга таржима қилиниб, жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган. Ўтган асрлар ўзбек таржимачилиги тарихи ва қадимда шаклланган таржима мактаблари хусусида сўз юритувчи тадқиқотларда (Ж.Шарипов, Ю.Пўлатов, Н.Комилов) келтирилган маълумотлар фикримизни тасдиқлайди.
Ўтган ХХ аср жаҳон таржимачилиги ва таржимашунослиги равнақида муҳим аҳамият касб этди. Халқаро таржимонлар федерацияси (ФИТ) собиқ президенти Пйер-Франсуа Кайе таъкидлаганидек, «ХХ аср — таржима асри» бўлиб тарихга кирди. Аср бошидан жаҳон илму фанининг жадал тараққий этиши, адабиёт ва санъатда янги жанр ва методларнинг юзага келиши таржима амалиётига бўлган талаб ҳамда эҳтиёжни ошириб юборди. Даврнинг тезкор тараққиёти ва илм-фан равнақи ўлароқ, филология соҳасида таржимашунослик, деб ном олган янги фаннинг шаклланишига замин ҳозирлади. Асрнинг етмишинчи йилларига келиб, таржима дунё халқлари ўртасида уларни барча соҳаларда боғловчи алоқа воситаси ёхуд «дўстлик кўприги»га (Ғ.Саломов) айланди.
Асрнинг ўттизинчи йилларида ўзбек таржима амалиёти ва таржимашунослик илмининг тамал тошини қўйган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Аъзам Аюб, Отажон Ҳошим, Санжар Сиддиқ, Маннон Ройиқ сингари адиблар мероси шўролар мафкураси тарафидан узоқ йиллар рад этилиб, ўрганилмасдан келинган эди. Ваҳоланки, Чўлпоннинг Шекспир («Ҳамлет») ва жаҳон драматургиясидан, А.Қодирийнинг М.Твен, А.П.Чехов ва италян новеллистикасидан, Усмон Носирнинг Лермонтов («Демон «) ва европа шеъриятидан қилган таржималари ёхуд Отажон Ҳошим, Санжар Сиддиқ ва Маннон Ройиқнинг таржима назариясига бағишланган мақола ҳамда рисолалари ҳозирга қадар илмда ўз аҳамиятини йўқотган эмас, тадқиқотчилар тарафидан ўрганилиб келинмоқда.
Уларнинг таржимонлик анъаналарини давом эттирган Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Миртемир, Мирзакалон Исмоилий жаҳон адабиёти классиклари асарларини тилимизга ўгириш билан машғул бўлдилар. Таржима асарлари ва таржимонлар меҳнати самараси ўлароқ, бу йилларда ўзбек адабиётида проза (роман, новелла, эссе) ва драматургия (трагедия, комедия) шаклланди, шеъриятимиз сонет, баллада, поэма, драматик достон каби жанрлар билан бойиди. Ўзбек театр санъатининг юксалишида ўша йилларда таржима қилиниб, саҳналиштирилган Шиллернинг «Қароқчилар» ва «Макр ва муҳаббат», Шекспирнинг «Ҳамлет» ва «Отелло», Молъернинг «Хасис» ва «Тартюф», Лопе де Веганинг «Қўзибулоқ», Гоголнинг «Ревизор» ва «Уйланиш» асарлари катта аҳамият касб этган эди.
Ўтган асрнинг 50 — 60 йилларида собиқ иттифоқ ва Европа филология илмида шаклланган таржимашунослик фани равнақида ўзбек олимлари ҳам фаол иштирок этгандилар. Бу даврда таржима тарихи (Ж.Шарипов, М.Расулий, Ю.Пўлатов) ва таржима назарияси (Ғ.Саломов, Н.Владимирова, Қ.Мусаев) масалаларига бағишланган йирик тадқиқотлар яратилди. Ўзбек китобхони бу даврга келиб жаҳон адабиётидан Ф.Рабле ва Сервантес, Шекспир ва Байрон, Балзак ва Мопассан, Тагор ва Войнич, Пушкин ва Толстой асарларини ўқишга муяссар бўлдилар. Асрнинг етмишинчи йилларида ўзбек таржима амалиётида «реалистик таржима» (Г.Гачечиладзе) учун кураш, яъни барқарор таржима асарлари яратиш сари дадил қадам ташланди. Таниқли шоирларимиз Абдулла Орипов Данте Алигери «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» китобини, Эркин Воҳидов Гётенинг «Фауст» фожеасини юксак маҳорат билан тилимизга ўгирдилар. Муҳаммад Али Роберт Бёрнснинг «Қўшиқ ва балладалар» ва Юсуф Шомансур Шекспирнинг «Сонетлар» китобини таржима қилишди. Шунингдек, бу йилларда П.Мерименинг «Карл IX салтанати йилномаси» романи О.Шарафиддинов таржимасида, Стендалнинг «Қизил ва қора», «Парма ибодатхонаси» романлари Ҳ.Тўрабеков таржимасида босилиб чиқди. Байрон асарларининг бир жилдли «Сайланма»си (Ҳ.Олимжон, М.Шайхзода, Ж.Жабборов, М.Али, Р.Парфи таржималари) алоҳида китоб ҳолида нашр этилди. Айниқса, бу йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров таржима борасида сермаҳсул ижод қилди. Унинг таржимасида Мопассаннинг «Азизим», Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз», «Алвидо қурол!» романларининг нашр этилиши катта воқеа бўлган эди. Юқоридаги таржима асарлари ўзбек адабиётининг кейинги равнақида муҳим рол ўйнади, ёш қаламкашлар ижодига сезиларли таъсир кўрсатди.
Таржима асарларига давр талаби ва эҳтиёжнинг ортиб бориши, бу йилларда таржимон ва таржимашуносларимиз олдига янгича талаб, яъни бевосита аслият тилидан ўгириш ва ўгирилган таржималарни асл нусха матни билан қиёсий-типологик аснода тадқиқ қилишни тақозо этди. Шу боис, Ёзувчилар уюшмасида таржима бўлими, Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти таржима ва адабий алоқалар сектори, Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да Таржима назарияси кафедраси ўз фаолиятини бошлади. Мазкур ижод ва илм даргоҳларида таржима асарлари мунтазам муҳокама қилиниб борилди, таржимашунослик муаммолари тадқиқ этилиб, ёш таржимон ва мунаққидлар тайёрлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Тез орада, ғарб тилларини ўрганган шоир-таржимонлар Жамол Камол Шекспир фожеаларини инглиз тилидан, Абдулла Шер Хайнриҳ Ҳайненинг «Қиш эртаги» достонини немис тилидан, Шавкат Раҳмон Гарсиа Лорканинг достон ва романслари тўпламини («Энг қайғули шодлик») испан тилидан ўзбекчага ўгирдилар. Шунингдек, Шарофат Ботирова Виктор Гюгонинг «Шарқ куйлари», Садриддин Салимов Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони» туркумидаги шеърларни француз ва немис тилларидан бевосита таржима қилишди. Айниқса, бу йилларда таржимашунос олима Янглиш Эгамова фидойилик кўрсатиб, буюк немис шоири Гётенинг «Ёш Вертернинг изтироблари» ва Бруно Апицнинг «Қашқирлар чангалида» романларини аслиятдан она тилимизга ағдарди. 1981-1985 йилларда Уилям Шекспир «Танланган асарлар»и беш жилдлигининг тилимизда чоп этилиши маданий ҳаётимизда қувонарли воқеа бўлган эди.
Бу даврга келиб ўзбек таржимашунослиги ҳам дадил ривожланди. Олимларимиз яратган илмий тадқиқотлар собиқ иттифоқ ва Европа таржимашунослиги илмида тан олинди. Бу ўринда, профессорлар Ғайбулла Саломов, Нинел Владимирова, Гулнора Ғафурова, Қудрат Мусаев, Нажмиддин Комиловнинг монографик тадқиқотларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиздир. Энг қувонарлиси, хорижий тилларни пухта билган С.Очил, Р.Файзуллаева, М.Исроилова, Я.Эгамова, М.Бақоева, Н.Отажонов, Ў.Сотимов, Ё.Ҳамроев, Ғ.Хўжаев, Қ.Тожиев, З.Исомиддинов, Р.Абдуллаева, Б.Эрматов каби бир қатор иқтидорли таржимашунос олимлар шу мактабда шаклланишди.
Мустақиллик даври, яъни ўтган ўн саккиз йил ичида мамлакатимизнинг халқаро алоқалари жуғрофияси янада кенгайди, адабиётимиз ҳам истиқлол ва истиқбол йўлига кирди. Таржимон ва таржимашуносларимизнинг имконият доиралари янада кенгайди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган «Жаҳон адабиёти» журнали, мана, ўн йилдирки дунё адабиётидаги номдор адибларнинг энг сара асарлари таржималарини чоп этиб келмоқда. Айни пайтда Жаҳон тиллари университети, Тошкент Шарқшунослик институти, Андижон тиллар институти, Самарқанд чет тиллар институти ва Ўзбекистон Миллий университетининг роман-герман филологияси факултетидан хорижий тилларни пухта эгаллаган ёш таржимон ва таржимашуносларнинг етишиб чиқаётгани қувонарли ҳолдир. Шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги шу мақсад йўлида фаолият кўрсатаётган «Ёш таржимонлар» ижодий тўгарагининг фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Назаримда, сўнгги ўн-ўн беш йил ичида таржимашунослик илми таржима амалиётига қараганда бирмунча орқада қолаяпти. Тўғриси, «собиқ иттифоқ даврида шаклланган таржима назарияси бугунга келиб МДҲ давлатларининг барчасида ҳам таназзулга юз тутди» (П.М.Топер). Охирги ўн беш йил ичида олимларимиз тарафидан бу соҳада жаҳон илми талабига жавоб бера оладиган йирик тадқиқотлар яратилмади ҳисоб. Ҳатто ФИТнинг 1993 (Москва), 1996 (Мельбурн), 1998 (Лондон) йиллардаги ва кейинги илмий анжуманларида иштирок ҳам этолмадик. Таниқли олим Ғайбулла Саломов асос солган Миллий университетдаги таржима назарияси кафедраси, Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти қошидаги таржима ва адабий алоқалар бўлимининг олдинги довруғи эшитилмай қолди. Таржима назарияси ва амалиётнинг минбари бўлган «Таржима санъати» алманахи нашри тўхтаганига ҳам анча йиллар бўлди.
Энди икки оғиз сўз «Жаҳон адабиёти» журнали хусусида. Журнал фақат таржима асарларини эълон қилиб борувчи нашр бўлиб қолмасдан, унда хорижий шарқ ва ғарб тилларидан ўзбек тилига таржима муаммоларига бағишланган мақолалар ҳам мунтазам ёритилиб борилиши зарур. Айни пайтда, республикамиз нашриётларида чоп қилинаётган таржима асарлари хусусида журналнинг ҳар сонида библиографик маълумотлар ва тақризлар бериб борилса янада маъқул бўларди. Бир сўз билан айтганда, «Жаҳон адабиёти» журнали хорижий тиллардан хабардор, жаҳон адабиётини яхши биладиган мунаққид ва таржимонларнинг минбарига айланса, илм аҳли ва журналхонлар олдида унинг обрўйи янада ошган бўларди.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган аср таржимашунослик илмида эришган ютуқларимизни бойитмоғимиз, таржима амалиёти ва назарияси бобида янги ижодий-илмий мактаблар яратмоғимиз зарур. Гарчи ўтган аср таржима асри сифатида қайд этилган бўлса-да, янги асрда бу соҳада илмий, ижодий изланишлар изчил давом этишига ишончимиз комил.
Муҳаммаджон Холбеков,
филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 2-сонидан олинди.