Ўз вақтида Мовароуннаҳр Шайбонийлар қўлига ўтгач, ноилож қолган Бобур 1501 йили она юртидан кўнгил узиб, отасига унинг суннат тўйида бобоси Абу Саид Мирзо совға қилган Кобулга қараб йўл олади ва 1504 йили Кобулни забт этишга муваффақ бўлади. Илмий экспедиция аъзоларини шу тафсилотлар қизиқтирарди.
Сафаримизнинг дастлабки марраси қўшни Новқат шаҳри бўлди. Чап томонда Ўш. «Бобурнома»да табиати, хуш ҳавоси, гул-чечаклари мақталган шаҳар. Ундаги Барокўҳ тоғи ва Бобур қурдирган ҳужра… беихтиёр кўз олдимизга келади.
Бобур қурдирган ҳужра 1960 йилгача яхши сақланган. Бироқ уни «хурофот маскани» сифатида шўро амалдорлари кўрсатмаси билан бузиб юборишган. Не бахтки, Бобурни чин дилдан севган ўшликлар Бобур ҳужрасини янада кўркамроқ қилиб қайта бунёд этибдилар…
Бобур изидан юриб, Ўш, Аравон, Қизилқия, Учқўрғон, Сўх ва Ҳушёр, Ворух ва Даҳкат қишлоқларига етиб бордик. Бу қишлоқлар оддий қадамжолар эмас, бу ерларда Бобур ва унинг яқинлари бир йилга яқин яшаган. Бу ерда — Сўхнинг Тул қишлоғидаги тоғда ўша машҳур кўзгутош — Санги Ойина бор!
Ҳушёр қишлоғининг «Бобурнома»даги тасвирини кўз олдимизга келтирамиз: «Исфарадан бир шаръий (2,4 км) масофада жануб томонида тоғликлар орасида бир йирик тош бор. Уни «Санги ойина» дейдилар. Узунлиги тахминан ўн қари (7 метр) келади. Баландлиги баъзи ери одам бўйича, баъзи ери пастлиги киши белигача бўлиб, ойнадек ҳар нима акс этади».
Бу жойлардан ўтиб борар эканмиз, Тул қишлоғи ёнидаги кўҳна тоғларга кўзимиз тушади. Йўл бошловчиларимиз «Санги ойина» мана шу тоғда эканлиги, Бобур Мирзонинг шу ерда бўлганлигини яхши билишар экан. «Санги ойина» шу тоғ тепасида эди. Уни кўришга муяссар бўлдик. Бобомиз тоғ ёнбағридаги булоқ атрофида дам олиб, ҳордиқ чиқарган. Биз ҳам шу булоқдан тўйиб-тўйиб сув ичдик.
Тожикистоннинг Ғончи туманида истиқомат қилувчи Абдулла ака Қаюмов Ўзбекистон радиосида Бобур қадамжолари ҳақида гапирганларини эслаб, у кишини ахтариб топдик. Уловда Даҳкат қишлоғининг тепа қисми билан юриб, Бобурчак деган табиати ғоят гўзал жойга бордик. Бу жойни Бобур бурчаги деб аташар экан. Бобур шу жойда яшаган пайтда тепага соқчи-кузатувчи қўйилган, шунинг учун бу жой Қоровултепа ҳам дейилар экан.
Тоғ ёнбағридаги булоқнинг лабига Бобуршоҳ бир туп зирк дарахти ўтқазган. Уни зирки Бобур дер эканлар. Овчи дарёси бўйлаб юриб, Бобур тошига дуч келдик. Дарё қирғоғидаги йўл бўйида, хиёл тепароқда катта супасимон, усти теп-текис тошга кўзимиз тушди. Шу ерлик кишиларнинг айтишича, Бобуршоҳ мана шу тош устида намоз ўқиган экан. Шу кунга қадар сақланиб келган ушбу тошни аҳоли «Тахти Бобур» деб аташлари барчамизни хурсанд қилди.
Дарёнинг Танги дарвозасидан ўтиб Овчи қишлоғига бордик. Овчиликлар Мирзо Бобур ҳақида ҳикоятлар сўзлаб беришди. Овчиликлар Ҳисорга ўтиб кетаётган Бобуршоҳни билиб қолишиб, унга катта иззат-икром кўрсатишади ва Оббурдон довонигача кузатиб қўйишади. Одамларнинг айтишича, Овчи ва Ҳушёр қишлоғидан бир қанча йигитлар Бобур мирзо хизматига ўтиб, Кобулга бирга кетишган эканлар.
Овчи дарёсининг ўнг ирмоғи Оббурдон довони дарасидан, тўғридан оқаётган ирмоқ эса Фалғар довони дарасидан бошланади. Бобур Оббурдон довонига ирмоқ бўйлаб чиқиб кетган. Об-ҳаво ноқулайлиги боис машинада довондан ўта олмай, бошқа йўл билан Ўратепа, Айний орқали сафарни давом эттиришни лозим топдик…
Шайбонийхон Марвда Исмоил Сафавийдан енгилганидан сўнг, 1510 йилларда Мирзо Бобур Мовароуннаҳрни ўз тасарруфига қайтариш ҳақида ўйлаб, Султон Саидхонни Андижонга хон қилиб юборади. Андижон қўрғонини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзига яхши таниш ва қулай бўлган тоғ йўллари, яъни Ҳисор-Масчо-Ўратепа орқали келиб, 1512 йилда Самарқандни учинчи маротаба олишга муяссар бўлади. Бобурнинг Афғонистон, Ҳисор, Зарафшон, Туркистон тоғ тизмалари орқали Самарқандга кириб келишини, албатта, душманлари кутмаган эди. Аммо сон жиҳатидан устун бўлган Шайбонийлар 1513 йилларда Бобурни Самарқанддан Кобулга, Султон Саидхон билан Мирзо Ҳайдарни Андижондан Кошғар томонга чиқиб кетишга мажбур қилишади. Демак, Оббурдон қишлоғидаги тошбитиклардан бирининг ёзилиш вақти 1511 — 1512 йиллар — Бобур Самарқандни учинчи маротаба олган вақтга тўғри келади.
Сафаримиз чоғи биз Хўжанд шаҳрида ҳам тўхтаб ўтдик. Бобур Самарқандга ўтишда бу шаҳарда қайта-қайта бўлган, ҳатто бир ярим йил яшаган ҳам. У илк маротаба Хўжандда — Ойиша Султон бегимга уйланган. Ҳайдар Мирзо «Тарихи Рашидий»да бу шаҳар ҳақида маълумот берар экан, йўл-йўлакай бир неча марта бу ерда бўлгани, Шайбонийхоннинг буйруғи билан Тошкент ҳукмдори Султон Маҳмудхон 1509 йилда беш фарзанди билан қатл этилиб, Шайх Муслиҳиддин қабристонига қўйилгани хусусида ёзади. «Бобурнома»да Хўжанд шаҳри, Мутуғул (Мўғул) тоғи ва Сирдарё (Хўжанд суйи) ҳақида жуда батафсил, муҳим маълумотлар берилган.
Бобур шаҳар қўрғони билан дарё оралиғи бир ўқ отими масофасида эканини қайд этган. Биз дарё соҳилида туриб, қалъа, дарё ва тоғни кузатар эканмиз, Бобурнинг олимона заковатига тан бердик. Ҳозир қалъа дарвозаси қайта таъмирланиб, ўлкашунослик музейига айлантирилган. Биз музей экспонатлари билан танишдик, Хўжанд университети ўзбек филология факултети олимларига янги китобларимиздан тортиқ қилдик.
Истаравшан йўлидан ўнгга бурилиб, Куркат қишлоғи шимолига қараб юрсак, Бобур қадамжоларидан бири — Ҳаштияк қишлоғига борасиз. Бу қишлоқ Бекобод шаҳрига туташ. Бобур Шайбонийни таъқиб этиб бораётиб, Ҳаштиякда суви музлаб ётган ариқда чўмилган. Бу ҳақда «Бобурнома»да: «Менда ғуслга эҳтиёж бор эди. Ўн олти маротаба сувга шўнғидим», деб ёзади.
Сафаримизнинг навбатдаги манзили Ўратепа (Истаравшан) ва унинг теварак-атрофидаги қишлоқлар бўлди. Бобур ушбу шаҳарда ва унинг теварагидаги қишлоқларда ойлаб яшаган. Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Ўратепада униб-ўсган. Чунки отаси Муҳаммад Ҳусайн Мирзо Тошкент хонининг фармони билан Ўратепада тўққиз йил (1492 — 1501) ҳокимлик қилган. «Тарихи Рашидий»да Муҳаммад Ҳайдар уларнинг Бобур мирзо оиласида азиз меҳмон бўлганини фахр билан эслайди. Ўратепада XV — XVI асрларда қурилган кўкгумбаз масжиди ва нақшинкор синчли бинолар сақланган.
Бу манзилдан Шаҳристон довони томон йўл олдик. Баланд довондан ошиб ўтиб, кечқурун Айний (собиқ Варзиманор — Фалғар)га етиб келиб, меҳмонхонада тунадик. Эрта саҳар Анзоб довонига қараб юрган эдик, йўлимиз икки томонга айрилди. Зарафшон дарёсига қурилган кўприкдан ўтиб, шарқ томонга —дарё бўйлаб кетсангиз Масчо, Оббурдон қишлоқларига борар экансиз. Бобур 1501 — 1502 ва 1511 — 1512 йилларда бир неча маротаба шу жойларда яшаган ва ўз дастхатини қоятошу қабртошларда қолдирган. «Бобурнома»да шоир бу хусусда бир мунча батафсил маълумотларни ёзиб қолдирган: «Масчонинг пастки кенти Оббурдондир. Оббурдондан қуйироқда бир чашма бўлиб, бу чашмадан юқориси Масчога қарашли. Қуйиси Палғарга тааллуқлидир. Ушбу чашма бошида, унинг ёқасидаги тошга бу уч байтни ўйиб ёздирдим:
Шунидамки, Жамшеди фаррухсиришт, Ба сарчашмае бар санге навишт: Бар ин чашма чун мо басе дам заданд, Бирафтанд то чашм барҳам заданд. Гирифтем олам бо мардию зўр, Ва лекин набурдем бо худ ба гўр».Мазмуни:
Эшитганим борки, Жамшиддек номдор Бош булоқ тошига ёздирди ёдгор: Бу булоқ бошига кўплар етдилар, Кўз юмиб очгунча йитиб кетдилар. Мардлигу зўрлик-ла оламни олдик, Лекин қабристонга қуруқ йўл солдик.Бу тоғли масканда тошга байт ва сўзларни ўйиб битиш одатдир». Экспедиция аъзолари ушбу тошни излаб, Озахак ва Шурох булоқларини бориб кўрдик. Шу ерлик кишилар Саъдий Шерозий байтлари битилган ўша машҳур «Бобур тоши»ни тожикистонлик олимлар, жумладан академик Аҳрор Мухторов бир неча бошқа тошлар билан Душанбега олиб кетганини айтишди. Дарҳақиқат, ўша сип-силлиқ қорамтир тош ёзувлари жуда яхши сақланган ҳолда Душанбедаги тарих музейида кўргазмага қўйилган. Биз уни бориб кўрдик. Тарихчи Собир Зикирзода «Бобур тоши» номи билан машҳур бўлган ёзувли тошнинг Душанбе шаҳрига келтирилиши ҳақида «Ҳисор тарихи» китобининг сўнгсўзида яхши маълумот берган экан. Ўша китобни Ҳисор музейи директори Абдуғани ака орқали қўлга киритишга муяссар бўлдик. Музейдаги тошбитикларга назари тушган машҳур тарихчи олим А.А.Семёнов «Бобур тоши жаҳоннинг энг машҳур музейлари зийнати бўла олади!», деган экан. Иншоолллоҳ, ушбу тошбитикнинг нусхаси яқин вақт ичида Андижондаги қадимий шаҳарсозлик маданияти музейига ҳам қўйилса ажаб эмас.
Шамтич қишлоғидан Ҳожи Умарқул исмли киши тошбитиклар ҳақида яхши маълумотга эга деган хабар олдик. У киши бизни «Дуруст» қабристонига бошлади ва Бобур номи билан алоқадор тошбитикларни кўрсатди. Қабристон дарёнинг ўнг соҳилига жойлашган. Дарё қирғоғидаги тошлардаги ёзувларни бемалол ўқиш мумкин. Бу қабристонда биз ўрганган байтларни музейга кўчириб олиб кетилмагани сабаби бор: улар кўчирилса, матнлар тошлар билан бирга парчаланиб кетади. Экспедиция аъзолари улкан қора тошларга чўккалаб, битикларни ҳижжалаб ўқий бошладик, ёзувларни фото ва видео лавҳаларга олдик. Энг катта қоятошдаги матн қуйидагича:
Фи айёми салтанати султон Бобур халлада мулкаҳу. 907.(Таржимаси: Бобур ҳукмронлиги кунлари. Оллоҳ унинг шоҳлигини абадийлаштирсин).
Шу матн остида қуйидаги байт ўйиб ёзилган:
Кофиро, мардумшикоро, як замон оҳистатар, К-оҳуи бечораро ба тиритуркон тоб нест.Катабаи мирам Бобур халладалоҳ мулкаҳу султонаҳу. 907
Мазмуни:
Эй кофир, эй одам овчиси, бир лаҳза шошма, Шўрлик кийик турклар ўқига дош беролмайди.Амирим Бобурнинг катабаси-тошбитиги. Оллоҳ унинг мулки ва салтанатини боқий этсин.
Бобур, тошдаги саналарга кўра, 1502 ва 1512 йилларда қочқин эмас, ҳукмдор сифатида бу қишлоқларда меҳмон бўлиб вақт ўтказган. Битикларни тошга муҳрлаганлар кўпинча Бобурнинг ўз мулозимлари, гоҳо маҳаллий тошйўнарлар бўлишган. Бўш вақти борлиги ва тошга ёзишга ҳаваси бўлгани учун Бобурнинг ўзи ҳам ёзган. Ўша юқоридаги ёзув «Амирим Бобурнинг катабаси-тошбитиги» деган қайд бу мулоҳазамизни исботлаб турибди.
Қишлоқ аҳли бу байтларни ёддан билишади. Ҳожи Умарқул отанинг ширали овозини тинглаб, ушбу таъсирчан байтнинг рамзий маъноларини мушоҳада этишга ҳаракат қилдик.
Оббурдон довонидан яна Айнийга(Фалғар)га келиб, таниш меҳмонхонада тунадик. Эртаси куни азонда Анзоб довонига қараб йўл олдик. Тоғда йўллар йўналишини дарё ва сойлар белгилайди. Биз Душанбега элтадиган довонга қараб бораяпмиз. Йўлда хитойлик йўл усталари таъмирлаш ишларини олиб бораётгани сабабли 3-5 км. масофани Зарафшон дарёсининг шўх ирмоғи ичида босиб ўтдик. Тепаликка ўрлаганимиз сари булутларга ёндашардик. Тоғ чўққилари ёнбағридаги йўлга кеча шивалаб ўтган ёмғир қор бўлиб тушгани, қор кўчкилари 100 метрлар пастда музлаб ётганини кўриб, табиат мўъжизаларига қойил қолардик. Душанбега кириб келганимизда қош қорая бошлаган эди. Фурсатни ғанимат билиб, Ҳисорга жўнадик. Бобур Масчодан Ҳисорга келганини шундай ҳикоя қилади: «Муҳаррам ойида Фарғона вилоятидан Хуросонга бориш ниятида Ҳисор вилояти яйловларидан бўлган Илок яйловига келиб тушдим. Ушбу юртда йигирма уч ёшнинг ибтидосида юзимга устара теккиздим… Илокдан уч-тўрт кўчиш билан Хожа Имод деган ерга келиб тўхтадик…».
Султон Маҳмуд мирзо ва унинг ўғиллари Бойсунғур мирзо ва Масъуд мирзолар мулки бўлган Ҳисорни ўша пайтда Хисравшоҳ исмли бек бошқарарди. Бобур бетамиз, ахлоқсиз Хисравшоҳнинг тубан қилиқлари туфайли Ҳисор аҳлида бузуқчилик ва ичкиликбозлик кучайганини қайд этади: йигирма минг кишилик лашкари Бобур томонга ўтиб кетгач, у уялмай-нетмай юкуниб келади. Хисравшоҳ билан суҳбатлашиб, Бобур у ҳақда ёзадики: «Номардлик ва ҳаромхўрликдан ташқари, у бефаросат ва бемаза вайсақи ҳам экан».
Сафар йўлимиз Кўлобга бурилди. Бу ерда Мир Саид Али Ҳамадонийнинг қабр-мақбараларини зиёрат қилдик. Бу азиз зотга Бобурнинг меҳри ўзгача эди.
Кўлобдан Хоруғ томон йўлга тушдик. Шағиллаб оқаётган Панж дарёси бўйлаб узоқ юриб, ниҳоят Хоруғ шаҳрига кириб бордик. Меҳмонхонада бир оз тин олиб, Хоруғ давлат университетига бордик. Университетнинг тарих факултетида, сўнгра меҳмонхонамизда Хоруғ Давлат университети олимлари: профессор Н.Офаридаев ва мозийшунослар М.Алимшоев, Ю.Шодмонбеков, А.Шоҳинбековлар билан қизғин суҳбат уюштирдик.
Бадахшонлик олимлар темурийлар ва бобурийлар тарихидан яхши хабардор эканлар. Уларнинг қуйидаги фикрлари биз учун янгилик бўлди:
— Бобурийлар Бадахшон ҳукмронлигини қўлга киритгач, бадахшонликлар Буюк Ипак йўлига чиқишга муваффақ бўлдилар. Қўшни давлатлар билан маданий алоқа, савдо-сотиқ ишлари ривожланди. Талабаларимиз орасида Бобурхон, Шоҳрух Мирзо, Бобур Саид каби исмлар борлиги ҳам халқимиз темурийлар ва бобурийларни унутмай келаётгани ва қадрлашининг далилидир. Бадахшон ўлкасидаги Ишкошим ва Султон Ишкошим оралиғидаги чўққининг Ҳумоюн чўққиси («Қуллаи Ҳумоюн») деб аталгани ҳам ушбу фикримизни исботлаб турибди.
Хоруғдан Бадахшоннинг Афғонистон томонига ўтмоқчи бўлиб йўлга чиқдик. Бироқ машинамизнинг олд ғилдираклари яхши тортмади. Довонларга чиқолмаслигимизга кўзимиз етиб, яна Хоруғга қайтдик. Ишкошимдан Файзободгача бўлган йўл хориж давлатлари ёрдамида яхши таъмирланганини чегарачилардан эшитиб, Помир тоғлари бўйлаб Ишкошимга қараб кетдик.
…Чегара ҳудудидан Афғонистонга ўтиб, Султон Ишкошимда Қуллаи Ҳумоюн — Ҳумоюн чўққисини томоша қилдик. Сўнг Файзобод томон йўлга тушдик. Узоқ юрдик. Тоғ йўллари бўйлаб борар эканмиз, Юмғон қишлоғида азиз қадамжолардан бирига дуч келдик. Асли қабодиёнлик бўлган, ўз даврининг машҳур шоири, аллома Носир Хисрав қадамжоларини зиёрат қилдик. Унинг «Сафарнома» китобини тарихчи Ғулом Карим таржимасида ўқиганимизни эсладик.
Эрталаб барвақт йўлга тушиб, икки соатлар чамаси дарё оқими бўйлаб юриб, Файзободга етиб келдик. Бадахшоннинг бу қисми Афғонистоннинг энг чекка ҳудуди бўлгани учун ободончилик нисбатан камроқ.
Шаҳарнинг номи Бобур ва Ҳумоюнлар замонида Жавзгун бўлган. XVI асрда Бадахшоннинг пойтахт шаҳри Қалъаи Зафар эди. Бу ерда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг укаси Носир Мирзо, ўғиллари Ҳумоюн Мирзо, Ҳиндол Мирзо, жияни Султон Аҳмадхоннинг ўғли Султон Саййидхон, холаваччаси Муҳаммад Ҳайдар Мирзо ва бошқалар кўп марта бўлишган, яшашган, ҳукмфармолик қилишган.
Бадахшон халқи тарихидаги муҳим маълумотлардан яна бири шуки, Ҳумоюн Мирзо Бадахшонда ҳукмрон бўлган йиллари Фарғона водийси, Андижондан, Марғилон ва Қува атрофларидан кўп ўзбек оилалари бу ерга кўчиб келишган. Биз аҳоли, хусусан, зиёлилар, Бадахшон волийси билан суҳбатлашганимизда шу маълумотларга эга бўлдик. Эртаси куни кўплаб ўзбек зиёлиларининг меҳмонхонага келиши биз учун кутилмаган воқеа бўлди.
Муҳаммад Ҳайдар Мирзо «Тарихи Рашидий»да Бадахшоннинг 1510-1530 йилларидаги ҳудудий сиёсий вазиятини жуда муфассал кўрсатган.
Биз вилоят маърифат ва маданият ишларининг масъул ходими Абдумаъруф Росих ёрдамида вилоят волийси Ғози Маҳмуд Аҳмад қабулида бўлдик. Табиб ва шоир Кескин билан танишдик. У кишининг хонадонларига кирдик. Кескин Тошкентда тиббиёт олийгоҳида сабоқ олган врач экан.
Росих жаноблари бизни вилоят маърифат-маданият марказига ҳам олиб борди. У ерда марказ раҳбари, шоирлар ва мухбирлар билан самимий мулоқотлар уюштирилди. Улар бобурийларни Бадахшон ҳукмдорлари сифатида ҳурмат қилишлари, бобурийлар Бадахшонга маърифат тарқатганликлари хусусида мароқ билан сўзладилар. Биз экспедициямизнинг мақсади, мустақиллик туфайли Ўзбекистонда юз берган ўзгаришлар ҳақида гапириб бердик. Буюк аждодларимизнинг Афғонистон ҳудудидаги қабр-мақбараларини тиклаш, ободонлаштириш каби хайрли ишларни амалга ошириш ҳақида фикрлашдик. Ўз навбатида, улардан Бобурнинг биз излаётган «Ҳарб иши» ва «Асрори мусиқий» асарлари ҳамда «Бобурнома» қўлёзмаларини аҳолидан суриштириб топишга кўмаклашишларини илтимос қилдик. Сафаримиз давомида топилган манбаларнинг энг қимматлиси шу бўлдики, олинган маълумотларга кўра, Муҳаммад Ҳайдар Мирзо 1529-1530 йилларда Бадахшонда бўлган пайтлари «Жаҳоннома» достонини эски ўзбек тилида ёзиб тугатган экан. У Аёз тахаллуси билан ижод қилган. Интернетдан олинган маълумотларга қараганда, «Жаҳоннома»нинг қўлёзма нусхаси Берлин университети кутубхонаси ва Урумчи Жамоа академиясининг қўлёзмалар бўлимида сақланмоқда.
«Бобурнома»да 1510-1519 йилларда содир бўлган воқеаларнинг тафсилоти мавжуд эмас. Шу 9 йил (жами 18 йиллик воқеалар баёни йўқ) мобайнида Бобур Мирзо ўз қаламравидаги ҳудудларни кенгайтириб, маданий алоқаларни йўлга қўйган бўлиши керак. У «Бобурнома»да Табриз, Ўш, Косон ва Кобул шаҳарларининг об-ҳавоси мўътадил иқлимли, ёқимли эканини ёзади…
Шунингдек, «Бобурнома»да Берунийдек буюк олим Афғонистоннинг Ғазна шаҳрида яшаб, Ҳиндистонга саёҳат қилиб, «Ҳиндистон» ва бошқа машҳур асарларни ёзгани ҳақида ҳам ҳеч нарса айтилмаган. Бобур Беруний ҳақида ўз муносабатини ҳозирча топилмаган саҳифаларда билдирган бўлса ажаб эмас.
Бобуршоҳ 1511 — 1512 йилларда Афғонистондан Ҳисор-Олой тоғ тизмалари орқали Фалғар-Масчо-Оббурдон қишлоқларида тўхтаб, водийга, Зарафшон воҳасига учинчи марта келиб, Самарқандни олиши ҳам «Бобурнома»да ёзилмаган. Лакнау шаҳридаги машҳур Худобахш кутубхонасида сақланаётган миниатюрада «Бобурнинг Кошғарни қамал қилиши» номли сурат берилган. Бироқ «Бобурнома»да Табриз об-ҳавоси таърифланганига қарамай Бобурнинг Эронга — Табризга боргани ва Кошғарни қамал қилгани ҳақида маълумот йўқ. Ушбу воқеалар бу қомусий асарнинг йўқолган қисмида (18 йиллик воқеалар) бўлиши мумкин.
Мирзо Бобур мусиқа тинглаб, «Чоргоҳ» куйини басталагани ва бу куйни ўзи ижро этганини ҳам «Бобурнома»да ёзади. Демак, бугунги тадқиқотчи-бобуршунослар учун «Бобурнома»нинг йўқолган қисмлари, «Мусиқа сирлари» ва «Ҳарб иши» асарларини излаб топиш, илмий истеъмолга киритиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
…Тахор вилояти томон йўлга тушдик. Экспедиция аъзоларига Бадахшон волийси қози Салимуллоҳ Холиқийни йўл кўрсатувчи қилиб бердилар. Қоронғи тушганда вилоятнинг Кишим шаҳрига етиб келдик. Шинамгина ошхонада афғон палови ва товуқ гўштидан тановул қилиб, биз учун ушбу вазиятда қулайроқ бўлган ҳарбий казармада тунадик.
Эртаси куни Тахор волийси жаноб Абдуллатиф билан учрашдик. Бобораҳим Машрабнинг ночоргина мақбаралари шу вилоятга қарашли Ишкамиш шаҳрида жойлашган. Волий билан шоҳ Машраб қабр-мақбараларини ободонлаштириш ҳақида маслаҳатлашиб олдик. Волий бизнинг хайрли фаолиятимиздан ғоят мамнун бўлиб, бу ишда қўлидан келадиган ёрдамга ҳамиша тайёр эканлигини изҳор этди. Ҳоким (волий) навқирон ўзбек киши эди. Вилоятда асосан ўзбеклар яшаб, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан шуғулланишар экан.
Файзободдан Тахор ва Тахордан Мозори Шарифгача бўлган йўл кафтдек текис экан. Бирин-кетин Қундуз шаҳри, Боғлон, Пули Хумри, Самангон, Айбак, Работак, Тошқўрғон ортимизда қолди. Ниҳоят, Мозори Шарифга кириб бордик. Шаҳар зиёлилари — асосан ўзбеклар бизни шаҳар дарвозасидаёқ кутиб олдилар ва Самир Волид меҳмонхонасида учрашув-зиёфат маросимини уюштирдилар.
Мезбонларга фондимиз фаолияти ҳақида, сафаримиз мақсади хусусида муфассал маълумот бериб, кейинги йилларда чоп қилинган илмий-адабий нашрлардан юзга яқин китобни Мозори Шарифдаги Навоий ва Бобур анжуманига тортиқ этдик. Бу китоблар орасида «Бобурнома»нинг асл туркий тилдаги 2002 йилги нашри, асарнинг 2008 йили ҳозирги ўзбек адабий тилига қилинган табдили, Бобурнинг «Ғарибинг Андижонийдир» девони, Комрон Мирзо «Девон»ининг ўзбек ва араб ёзувидаги илмий матни, Шафиқа Ёрқин тайёрлаган «Бобур девонига такмила» китоби, Румер Годеннинг «Гулбадан» романи, Ғафуржон Сатимовнинг «Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида Бобурийлар даври» монографияси, Қамар Раиснинг «Бобурнинг ҳаёти ва шеърияти» рисолалари бор эди.
Мезбонлар номидан Навоий ва Бобур анжумани раиси Абдулла Руйин нутқ сўзлаб, Алишер Навоий асарларидан тўрт китобни, Гулханийнинг «Зарбулмасал» асари Мозори Шариф нашрини бизга ҳадя қилди. Улуғбек анжумани раиси Пуҳниёр Ҳидоятулло Ҳидоят «Бобурнома»нинг мукаммал Мозори Шариф (2008) нусхасини тортиқ қилди.
Китоб дўконларидан Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашидий» асарининг 2004 йилги Теҳрон нашрини топишимиз экспедиция аъзолари учун қувончли воқеа бўлди. Айниқса, фондимиз буюртмасига биноан бу асарни ўзбек тилига таржима қилган сафардошимиз Ваҳоб Раҳмоннинг қувончи ичига сиғмасди, чунки ушбу нашрнинг савияси юқори ҳисобланар экан…
Сафар давомидаги йиғилиш ва учрашувларимиз, зиёратгоҳлар шунингдек бобурийларга тааллуқли нимани кўрган бўлсак, ҳаммасини видео ва фото лавҳаларга туширишга ҳаракат қилдик. Коргарнинг «Темуриён» (Темурийлар) китобининг Теҳрон нашрини файзободликлар бизга тортиқ қилишди. Ушбу йирик китобда темурийлар ва бобурийларнинг ҳаёти ва фаолияти тўкис қамраб олинган.
Биз Ҳирот шаҳрини зиёрат қилишни ҳам кўзлаган эдик. Аммо ички вазият боис бу орзуни бироз кечиктиришга тўғри келди. Айритом (Хайратон) орқали Ватанга қайтдик. Ҳар қалай, йигирма кунлик сафаримизда Бобур ва бобурийлар, Ҳайдар Мирзога тегишли анча-мунча ашёвий далиллар ва илмий-адабий маълумотлар тўплашга муваффақ бўлдик. Уларни мавриди билан илмий истеъмолга киритиб оммалаштириш ниятидамиз. Ушбу сафар якуни бўйича Тошкент, Фарғона ва Андижон шаҳарларида бобуршунос олимлар, ёзувчи-шоирлар, журналистлар, вилоят фаоллари иштирокида учрашувлар ўтказдик. Навбатдаги вазифалардан бири «Бобур қомуси» яратилишини тезлаштириш ва Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашидий» асарини фондимиз ҳомийлигида ўзбек тилида чоп этишдан иборат.
Зокиржон Машрабов,
Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция раҳбари
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 2-сонидан олинди.