Оқтов Чотқол тоғи тизмаларидан бири. Унинг манзараси атрофдаги тоғлар манзарасидан тубдан фарқланади. Чотқол юртимиздаги энг табиати бой тоғлардан бири бўлиб, агар минтақаларга бўлиб таърифлайдиган бўлсак, унинг тупроқ-ўсимлик қоплами тоғ-дашт минтақасидан бошланиб, абадий қорлар билан қопланган нивал минтақасида тугайди. Тизманинг этакларида бўз тупроқлар кенг тарқалган. Унда ўсимликларнинг ўнлаб турини учратиш мумкин. Юқорироқ жойларда, яъни каштан тупроқларида эса баланд бўйли ўтлар қатори тиканакли бодом, дўлана, зирк, ва айниқса, арчалар кўп учрайди. Бир сўз билан айтганда,Чотқол табиати таърифга сиғмайдиган даражада ранг-барангдир.
Тоғ бошидан аримайдиган оппоққори туфайли бу манзил “Оқтов” деб юритилгандек, унинг этагидаги тизмалар ва бурмалар “Катта охур”, “Кичик охур”, “Тераклисой”, “Маҳлиёсой” каби номлар билан аталади. Тоғдаги арчаларнинг жойлашувига қарабоқ Оқтовнинг баланд-пастлиги хусусида маълум тасаввурга эга бўлиш унчалик қийин эмас. Боиси, арчалар, одатда, 1500 метрдан 3000 метргача бўлган баландликда ўсиб, икки мингинчи метрда қуюқлашади. Шунингдек, арчаларнинг кўркамлиги жой табиатининг нечоғли қулай ёхуд нобоплигидан дарак беради. Бу ердаги арчаларнинг бўйчанлиги ва бир текислиги Оқтов иқлимининг ниҳоятда қулайлигини билдиради. Қисқаси, бу улкан ҳудуд, тоғликлар таъбири билан айтганда, қуёшга қараган бўлиб, наботот оламининг, қолаверса, тириклик дунёсининг ўсиб-унмоғи ва ривожланишига ўта соз маскан ҳисобланади.
Қуйида эса Ертош қишлоғи сув ёқалаб чўзилиб кетган. “Ертош” сўзи “тошли ер” деган маънони билдиради. Қишлоқ одамлари ота-боболари тошлоқ ерда боғ-роғ ярата олганликлари билан фахрланиб,улар ишини давом эттириб келишади.
Оқтовнинг ўсимлик дунёси ниҳоятда бой ва ранг-баранг. Бу ерда ўсимликларнинг ўнлаб турини учратиш мумкин. Агар кўклам яхши келса, бу ўсимликлар тоққа дастлабки қор тушгунча яшнаб туради. Тоғликлар айрим ҳашаротларни “фасон қурт” деб аташаркан. Ҳақиқатан, табиат баъзи бир ҳашаротларга шу қадар усталик билан зеб берганки, томоша қилиб чарчамайсан. Айрим ҳашаротлар эса тоғликлар ақидаси бўйича бойлик рамзи ҳисобланаркан. Агар қурумчумолилар кимнингдир томорқаси ёки ҳовлисида қўним топган бўлса, ўша одамнинг хонадонига қут-барака ёғиларкан. Шунинг учун бу чумолилар ҳеч кимса томонидан безовта қилинмас экан. Улар инларини хас-хашакдан қуришади. Тоғ аҳли қурумчумолига қотинган кишини сира-сира кечиришмайди. Улар бу чумоли турини, қай бир маънода, илоҳийлаштирганлар. Тупроқни озиқлантиришда уларнинг ҳиссаси жуда катта.
Тоғдан сойликдаги қишлоққа энарканмиз, кўзимиз бир текис кузалган толларга тушади. Одатда, толлар сояси учун, кўп жойларда эса новдаларидан четандевор тўқиш учун экилади. Лекин шунда ҳам толлар таралмайди, кузалмайди, қайтанга новдалари узун бўлсин дея, ўз майлига қўйиб берилади. Хуллас, ертошликлардан толларнинг бу тарзда кузалиш сабабини сўраганимизда, уларнинг жавобидан ҳайратимиз ошди. Бу тол новдаларида қора ва ушоқ молларни семиртирадиган икки турдаги ёғ моддаси мавжуд эмиш. Тол новдалари айни қиш чилласида озуқа сифатида молларга берилса, жониворларнинг тезроқ семиришига ёрдам бераркан, уларни қаттиқ совуқдан ҳам асраркан.
Бу қишлоқда биз оппоқ либос кийган дарахтларни ҳам учратдик. Турли вилоятларда ўралган узум бошларини кўп кўрганмиз. Лекин бошдан-оёқ либос кийдирилган дарахтларни илк бор кўриб туришимиз. Бунинг барига қушлар айбдор, дейди ертошликлар қувноқлик билан, боғдаги мева сал қизариши билан улар йўқ ердан ҳозиру нозир бўлишади. Ризқимизга шерик бўлгани етмагандек, меваларни тўкиб-сочиб кетади. Шунинг учун қушлар билан кун бўйи талашиб-тортишиб юргандан кўра, дарахтларга докадан узун либос кийдириб қўя қолдик. Бу ишимиздан дарахтлар хурсандиру, лекин қушлар жуда хафа. Қаранг, ҳатто сайрагиси ҳам келмаяпти.
Умуман олганда, Оҳангарон туманида таърифига сўз ожиз қоладиган қишлоқлар кўп. Лекин бу қишлоқлар орасида Ертошалоҳида ўрин тутади. Тоғлар орасида жойлашган бу қишлоқнинг табиати саховатли, сойлари ўйноқ, ертошликлар тили билан айтганда, бу гўзал гўшада йилнинг тўрт фасли турланиб, тусланмайди, балки бор-йўғи икки фаслнинг ранг-туси, яъни қишнинг оппоққори билан кўкламнинг яшил рангигина ўрин алмашади. Аниқроққилиб айтадиган бўлсак, бу ерда оппоққиш олти ой деганда зўрға адоқлайди, яшил кўклам ҳам шунча вақтга чўзилади. Ва шу боисайрим мевалар қор тушгунча зўрға пишишга улгуради, айримлари эса, йилнинг келишига қараб, кўклигича қор тагида қолиб кетаверади.
Бу масканда шўх, ўйноқи сойдан тортиб дарахтларгача, чечаклардан тортиб қушларгача, қўйингки, бутун борлиқ куйлайди. Шунингдек, унинг одамлари ҳам. Бу қишлоқда ўлан билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Тўрт одам йиғилган ерда, албатта, ўлан айтилади. Биз ўлан айтилаётган боғда бироз бўлиб, одатдагидек, яна ўз ишимизда давом этамиз ва бу ҳудуддаги аксарият тоғқишлоқларига хос бўлганқорин эти тайёрлаш жараёнига гувоҳ бўламиз.
“Қорин эти” деган ғалати атама қишлоққа келган кунимизоққулоғимизга чалингани боис бундан кўпда ажабланиб ўтирмай, бу ишга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Хўш, “қорин эти” дегани нима? “Қорин эти” дегани ёз ойлари тоғдан бери тушмайдиган чўпонларга мўлжалланган озиқ-овқат заҳирасидир. Уни ҳозирлаш эса унчалик ҳам мураккаб эмас. Бунинг учун янги сўйилган қўй эти керагича тузланиб, ўша жонлиқнинг обдон ювиб тозаланган қорнига зичлаб жойлаштирилади. Шундан сўнг қоринга жойланган эт бир йилгача айнимай туради, вақт ўтган сари унинг хушхўрлиги орта боради. Дарвоқе, тузланган эт тўлдирилган қорин оғзи боғлангач, унга хамир суркалади. Хамирга эса қалин қилиб туз сепилади. Қорин эти тайёр бўлгач, у қишлоққа тушган бирон бир чўпон-чўлиқдан тоққа бериб юборилади.
Бор гап шу. Лекин бу нарса тоғликларнинг қадим ҳаётий тажрибалари асосида юзага келганлиги билан аҳамиятлидир. Аксарият тоғликлар бу усулдан ҳозиргача унумли фойдаланиб келишади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 44-сонидан олинди.