Аждодларимиз мусиқий тафаккурга эга бўлиш комил инсон бўлиб етишишда, юксак маънавият соҳибига айланишда етакчи воситалардандир, деб сабоқ берганлар. Шу боис, аллома боболаримиз асрлар нидосини ўзида мужассам этган мақомлар сирини сидқидилдан ўрганганлар. Улар созлар, оҳанглар дунёсини билиш учун хонадонларида дутор, танбур, ғижжак, самтур, доира, най, қўшнай, сурнай каби ўнлаб чолғу асбобларини ардоқлаб сақлаганлар, улардаги куй измини, парда жилваларини, усул рукнларини ўрганиб, мақомот илмига калит топганлар. Созлардаги инсон руҳи тараннумини танбур чизиқларига муҳрлаганлар, мусиқий баёзлар битганлар.
Сўз ва матн, соз ва оҳанг қатларидаги асрлар нидосига қулоқ тутиб, келажак авлодга мақомот илмини мерос этиб қолдирганлар. Шу маънода Муҳаммад Юсуфбек Баёний ёзиб қолдирган адабий, тарихий, мусиқий мероснинг ҳар бир сатри кўзларга тўтиёдир. Баёний шоир, тарихнавис аллома, зарқаламли хаттот, бир неча тилларни мукаммал билган таржимон, созанда ва мақомшунос олимдир.
Адиб Лаффасий “Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари” асарида ёзишича, Баёний шахмат ўйинида маҳорат кўрсатиб, сарой аҳлини мот қилар экан. У хаттотлик илмини пухта эгаллаган, хушнависликнинг хати куфий, сулс, шикаста, райҳоний, хати ҳиндий турларини мукаммал эгаллаб, шогирдларига ҳам ўргатган. Ўз асарларида Мавлоно Дарвеш Аҳмаднинг уч жилдли “Саҳоифул-ахбор”, Биноийнинг “Шайбонийнома” ҳамда Табарийнинг “Тарихи Табарий” китобларини ўзбек тилига таржима қилганини ёзади.
Баёнийнинг замондоши, шоир ва хаттот Бобожон Таррох Ходим (1878 — 1971) ундан қирқ ёшларча кичик бўлиб, хон саройида бирга ишлаган. У устозининг адабиётдаги ўрни, шогирдларига меҳрибонлиги, олижаноб фазилатлари ҳақида эҳтиром билан ёзади.
Бобожон Таррох Ходим “Хоразм навозандалари” китобида: “…Муҳаммад Юсуфбекнинг илмий даражаси ниҳоятда юксак эди. Мактаб, мадраса таълимотидан ташқари, Хоразм олимларидан ҳам ўрганди. Кўп китобларни таржима қилди. Шоирликда биринчи ўринда туради. Табибликдан, соз илмидан ҳам олим эди. Хоразм олти ярим мақомини тўлиқ биларди. Ўта сахий инсон бўлиб, уйида барча чолғу созларидан икки-учта нусха сақларди. Унинг ҳовлисида соз бўлмаган кечанинг ўзи йўқ эди”, деб хотирлайди. Шоир Лаффасий ҳам Баёний тўғрисида “… танбур, ғижжакка муорибатлиғ уста бўладир”, деб ёзади.
Дарвоқе, Баёний Хоразм олти ярим мақомини нота чизиқларига кўчириб, китоб ҳолига келтирган санъаткордир. Бу соҳада у Комил Хоразмий, Муҳаммад Расул Мирзо, Худойберган Муҳркан, Муҳаммад Ёқуб Харрот, Ниёзийлар билан ижодий ҳамкорликда ишлаб, келажак авлодга мақом дурдоналарини ўз дастхати билан ёзиб қолдирган.
Баёнийнинг Янгиариқ туманидаги Шаравот қишлоғида истиқомат қилаётган невараси қўлида сақланаётган бу “Танбур чизиғи” китобининг топилиш тарихи, уни ҳозирги нотага ўтказиш жараёни ҳақида Комил Авазнинг “Олис оҳанглар” китобидан ўқиб билдик.
Баёний қадрдон дўсти Муҳаммад Расул мирзабоши ҳақида чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ёзган. Мирзо тахаллуси билан ғазаллар битган бу шоир ғазалиёт ва мақомот илмининг бобокалони Комил Хоразмийнинг ўғлидир. Баёнийнинг ёзишича, Мирзо “Танбур чизиғи” китобини 1300-ҳижрий (1883-милодий) йилда ёзиб тугатган. Бу китобнинг узоқ сақланишини истаб, 1338-ҳижрий (1920-милодий) йилда Баёний ундан нусха кўчирган.
Қадим наволарни созларга кўчирган, мақомот илмига асос солган Комил Хоразмий ва Муҳаммад Расул Мирзо ҳақида Бобожон Таррох Ходим “Хоразм навозандалари” китобида ёзишича, “… Комил Хоразмий хонлиқ вазифаси билан Россияга борғон вақтда рус бастакорлари билан учрашади. Улардан нота илмини ўрганиб қайтади. Ўн икки мақомни олти мақомга таркиб бериб ёзади. Муҳаммад Расул Мирзобоши отаси ёзган бу китобни қайтадан кўриб чиқиб, олти мақом нотасиға ярим мақом нота қўшиб ёзади. Бу ишда ўзига ёрдамчи қилиб Худойберган Муҳркан девон, Муҳаммад Ёқуб Харрот девонларни олади. Муҳаммад Расул Мирзабоши ўзидан “Мусаббак”, деган бир мақом куйини ижод қилади.
Баёний Хоразм олти ярим мақомининг пайдо бўлиши жараёнларида фидойилик кўрсатиб, уни бугунги авлодларга тўлиқ етиб боришини таъминлаш мақсадида дўстларининг “Танбур чизиғи” китобини ўз дастхати билан кўчирган эди.
Қиёт қишлоғида акаси — машҳур табиб Яхшимуродбек билан бир ҳовлида яшаган Баёний саройда ишлари қўплигидан Патрак, деган жойга кўчиб келади. Патрак Нуриллабой саройининг тепароғида жойлашган мавзе бўлиб, Кўҳна Аркка яқин эди. У жуда камбағал яшар, шеъриятни, илмиёт ва мақомотни ҳамма нарсадан устун қўярди. Хоразм шоҳлари тарихини ёзиб, ўзидан ёдгор қолдиришга киришганида у етмиш икки ёшларга бориб қолган эди. Баёний бу даврдаги ўз ҳолатини тасвирлаб “Шажараи Хоразмшоҳий” асарида: “… Фақир агарчи илтифоти шоҳонадин хурсанд бўлдим, аммо, бебизоатлигим (камбағаллигим) сабабидин андишаманд эрдиким, бу қиллати иститоат (куч-қувват озлиги) била мундоғ улуғ хизматга оё не навъ илик ура олурман…”, дея Оллоҳга илтижо этади.
Баёний бадиий юксак шеърлар битган файласуф шоирдир. У аруз вазни санъатини, барча баҳрлари, қофия илмини мукаммал эгаллади. Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари Навоий, Фузулий, Бедил, Мунис ва Огаҳий ғазалларига мухаммаслар боғлади. Арузнинг деярли барча жанрларида: ғазал, мухаммас, мусаддас, қасида, мусабба, таржибанд, маснавий, рубоий, баҳритавил, тарих каби турларида ижод этдики, бу алоҳида илмий таҳлилларга муносиб мерос. Унинг ғазалларида юксак маънавият соҳиби, ҳаёт ошиғи, севгига содиқ инсон образи яққол кўриниб туради.
Шоир ёшларга қарата ёзган шеърларида бахт ва иқбол баҳодирликда, ақл ва илм нурида, деб васият қилди. Умри давомида зарқалам хаттотлар, нафосатли ғазаллар битган шоирлар авлодини тарбиялашга ҳаракат қилди. Улар Табибий (1869 — 1911), Аваз (1884 — 1919), Чокар (1889 — 1952), Комилжон Девоний (1887 — 1938), Партав (1905 — 1956) сингари шоирлардир.
Энди Баёнийнинг сурати ҳақида икки оғиз сўз. 1960 — 1965 йилларда шоир ва хаттот Бобожон Таррох Ходим ўзининг “Хоразм навозандалари” хотира китобини ёзишга ҳозирлик кўрарди. У ўзи яшаб ижод этган адабий муҳитдаги 31 нафар шоир ҳақида материал тўплайди. Хива тарихий музейи ходимлари ва кекса фотосуратчилар ёрдамида Баёний ва бошқа ижодкорларнинг суратларини топади. Баёнийнинг ушбу фотосурати биринчи бор эълон қилинаётир.
Баёний 1923 йилнинг январида 83 ёшида Хивада оламдан ўтган. Бутун умри давомида ўз халқини озод, бахтиёр кўришни орзу этиб яшади. Ана шу эзгу ният йўлида курашди ва ижод қилди. Бугунги кунда мустақиллик қуёши бошимиз узра нур сочиб турибди. Истиқлол шарофати билан миллий қадриятларини тиклаб, аждодларимиз боқий меросидан баҳраманд бўлаётган халқимиз асрларнинг мумтоз садоларига янги ҳаёт бағишлаётир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 18-сонидан олинди.