Ваҳоб Раҳмонов. Нуктадонлик санъати (2010)

Китоб ўқишнинг, китобхонликнинг аҳамияти ҳақида кўп гапирамиз, ёзамиз. Бироқ китобхонлик маданияти, хусусан, мумтоз шеъриятимиздан чинакамига лаззатланиш бахтига барчамиз бирдай муяссар бўла олаяпмиз, деб айтолмаймиз.

Зеро, мумтоз шеъриятимиздан бадиий-эстетик завқ олиш китобхондан, аввало, ҳар бир байтни тушуниб ўқиш, “қийин” сўзлар маъносини аниқлаб, сўнгра ғазал таҳлилига киришишни талаб этади. Бу жараёнда, шунингдек, байтнинг зоҳирий-дунёвий мазмунини тушуниш, нуктасини аниқлаб олиш лозим. Нукта — янги фикрий кашфиёт, демакдир. Яъни бир ҳаётий хулоса, оҳорли ўхшатиш ёки истиора, кутилмаган муболаға, мақол ва матал воситасида фикрни жонлантириш, фавқулодда янги фикр айтиш нукта бўлиши мумкин.

Қолаверса, байтдаги бадиий тасвир воситалари: маънавий, лафзий ва ҳарфий санъатлар иштирокини аниқлаш, уларнинг кўпмаънолик, таъсирчанлик хусусиятларини ҳис этиш лозим. Байтнинг ботиний-тасаввуфий мазмунини идроклаш, байт ғазалда воқеабандликка тобеми ёки мустақилми, байт нукталими, нуктасизми — буларни билиш, ўрганиш китобхонда нуктадонлик — фикрий кашфиётларни идрок этиш қобилиятини шакллантиради.

Газетхонлар бобурийларнинг сўнгги ҳукмдори Баҳодиршоҳ Зафар ҳақидаги кинофилмнинг бир лавҳасини эслашса керак. Унда Баҳодиршоҳ ғазал ўқиётганида ҳар бир байтдан сўнг бир муддат тўхтайди. Тингловчилар бир овоздан уни “Ваҳ! Ваҳ! Ваҳ!”, дея ол- қишлайдилар, яъни байт мазмуни ва ундаги оҳорли фикрий кашфиётга — нуктага қойил бўлганликларини шу тариқа изҳор этадилар.

Мен олимлар, шоирлар, талабалар ва ўқувчиларимизга мумтоз шеъриятимиз намуналаридан ана шундай лаззатланиш одати ёр бўлишини орзу қиламан. Чунки ғазалнинг ҳар бир байтида ҳаётий бир фалсафий фикр, жозиб бир туйғу, кўнгилдаги руҳий тугуннинг ажиб ифодаси ёки ечими, кучли ахлоқий-таълимий фикр лўнда талқин этилган бўлади.

Ушбу мулоҳазаларни ёзишга ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди Сайфиддин Сайфуллоҳ нашрга тайёрлаган мумтоз шоиримиз Атойининг “Девон”и (“Фан” нашриёти, 2008) туртки берди. С.Сайфуллоҳ “Девон”га сўзбоши ёзган, уни луғат ва изоҳлар билан таъминлаган. Нашрга филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққулов масъул муҳаррирлик қилган.

Ҳазрат Алишер Навоий Мавлоно Атойининг қуйидаги бир ғазалини ўқиб, бежиз “Ваҳ! Ваҳ!”, деб юбормаганлар-да, ахир:

Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклугиндин сув била ютса бўлур.

Қаранг, қандай ажойиб жозибали манзара, сеҳрли шоирона талқин ва халқона ўткир ўринли ифода! Бир байтдаги, тўғрироғи, шоҳбайтдаги шоир маҳоратига тан бермай илож йўқ.

Ўша ғазалнинг навбатдаги байтига келсак:

То магарким, Салсабил обина жавлони қила,
Келди жаннат равзасиндин оби Кавсар сори ҳур.

Мазмуни: афтидан, жаннат боғидан чиққан ҳур Салсабил булоғида чўмилиб олиб, Кавсар ҳовузи қирғоғига келганга ўхшайди.

Гўзалнинг поклиги ана шу байтда ажойиб ташбеҳ воситасида китобхонга етказилган. Ўқувчи шоирга, унинг маҳоратига лол қоладики, Атойи ҳурни жаннат боғидан чиқариб, Салсабил булоғига чўмилтириб, Кавсар ҳовузи қирғоғида намойиш этмоқда.

Киши пок бўлиши учун қўлларини сув билан ювиб тозалайди. Атойига тасаннолар айтайликки, ўша ғазалдаги санам қўлини тозалаш учун эмас, балки сувни поклаш, тозалаш учун қўли билан ювади!

Ул иликким, сувдин ориқтур, ювмас они суда,
Балки сувни пок бўлсун деб илики бирла юр.

Мазмуни: унинг қўли сувдан тозадир. Шунинг учун у қўлини сувда ювмайди, балки сувни пок бўлсин, дея қўли билан ювади.

Бундай талқиндаги фикрий кашфиётдан ким ҳам ҳайратга тушмайди дейсиз?! Мазкур шоҳбайт мазмунини идрок этолган одам, ҳеч бир шоир ёки мутафаккир ҳануз айта олмаган ушбу янги фикр қимматини баҳолай оладиган инсон ўн маротаба “Ваҳ! Ваҳ!”, деса ҳам арзийди.

Қайд этилган уч байтдаги қизлар тимсолини эслайлик. Биринчи байтда чиройли санамнинг дарё бўйида ўлтирганини кўрдик. Иккинчи байтда эса, жаннат боғидан чиққан ҳур Кавсар ҳовузи ёнига келди. Учинчи байтда у сувни поклаш учун қўл ювмоқда. Тўртинчи байтда сеҳргар шоир аввалги байтлардаги қиз ва ҳурни энди сув қизига айлантиради:

Энди билдим рост эрмиш, балки кўрдум кўз била,
Улки дерлар сув қизи гоҳ-гоҳ кўзга кўринур.

Мазмуни: энди билдим, ҳатто ўз кўзим билан кўрдим, “Сув қизи гоҳ-гоҳ кўзга кўринади!”, деганлари рост экан!

Мутафаккир шоирнинг ўзини соддага олиб: “Энди билдим, ҳатто ўз кўзим билан кўрдим!”, дейишининг ўзи бир ажиб санъат! Ҳар бир байтдаги туркона соддалик, шоирона сеҳргарлик ва мутафаккирона кашфиётчилик тантаналари бутун ғазал давомида кузатилади.

Ғазал мақтаъи — хулоса байтда маъшуқа тимсоли тамоман дунёвийлашиб, лирик қаҳрамоннинг севгилисига айланади ва унга иккинчи шахс сифатида мурожаат этилади:

Қошларинг ёсин Атойи кўргали ҳусн ичра тоқ,
Субҳидам меҳробларда сурайи “Ёсин” ўқур.

Мазмуни: камондай қошларингнинг ҳуснда ягоналигини кўриб, Атойи тонг пайти меҳробда “Ёсин” сурасини ўқийди.

Байт мазмунида ифодалаш имкони бўлмаган тажнис санъати мақтаънинг латофати, фикрий кашфиёти — нуктасидир: “Ёсин” — қошларнинг ёйи (камони) демакдир. Кейинги мисрадаги сура номи — “Ёсин” олдинги “ёсин”га шаклдошдир; маънолари эса ҳар хилдир. Китобхон буни идрок этиб, Атойининг юксак маҳорат билан сўзларни жинсдошлаштириши — тажнис санъатини яратишига тан беради.

Аслида шоир халқона “тоқ” сўзини бежиз қўлламаган: “ҳусн ичра тоқ” — ҳуснда (энг юксак) осмон, деган маънони ҳам жойлаб юборганки, бундан адабиётшунос “тоқ” сўзида Атойининг ийҳом санъатини қўллаганидан воқиф бўлади.

Атойининг бизни “Ваҳ! Ваҳ!”лашга мажбур этадиган қуйидаги байтида “шаҳбайт” истилоҳи ҳам қатнашган:

Хатмудур ул юз уза, ё котиби ҳусну жамол,
Сафҳайи гул узра қилди лутф шаҳбайтин савод.

Байтнинг идрокини осонлаштириш учун аввал “қийин” сўзларни луғатлар билан таъминлайлик: хат — юқори лабдаги нозик майин туклар; уза — устида; юз уза — юзда; сафҳа — саҳифа, қоғоз юзи; савод — қора; қора сиёҳ; қилди савод — қоралади, ёзди.

Шаҳбайт — шоҳбайт: нукта — фикрий кашфиётчи, бадиий юксак ва ўта таъсирчан ҳамда теран мазмунли байт.

Байт мазмуни: унинг юзидаги майин тукларми? Ёки ҳусн ва жамолни акс эттирувчи котиблар гул япроғига латофат шоҳбайтини ёзганларми?

Албатта, бу қуруқ мазмун баёнида Атойи байтининг тўкис мазмунию ажиб жаранги ва шеърий латофати мўъжизаларини ифодалай олмаймиз. Бироқ шоирнинг ушбу байтини тўғри идрок этган киши, албатта, ҳайратга тушишига имонимиз комилдир.

Мумтоз адабиётни тушунишдай улуғ бахт соҳиби Атойининг аксарият байтларини ўқиб, “Ваҳ! Ваҳ!”ламай иложи йўқ. Ҳатто жажжи байтда ҳам шоир китобхон идрокини ларзага солади. Тасаввур этайлик: мумтоз адабиётда қиз лаби қизил, алвон рангда талқин этилиши — анъанавий. Шунинг учун у ё қонга ўхшатилади, ё “қон” сўзи иштирокида таносуб санъати яратилиб нуктапардозлик — фикрий кашфиётчилик қилинади:

Лабинг қоним тўкарга ташналабтур,
Дами Исою ўлтурмак ажабтур.

Қонга, бировнинг жонига ташна бўлиш даҳшатини тасаввур этинг. Бу сифат ва туйғу ашаддий қотилларга хосдир. Шоир талқинича, қизнинг лаби ошиқ қонини тўкишга ташна! Қизлик латофатию… ана бу даҳшатли туйғу уйқашлигини қаранг!

Лабларинг нафаси — Исо Масиҳ. Яъни қизнинг лабларидан чиқаётган нафаси одамзодни тирилтирадиган Исо Масиҳу… унинг одамни ўлдириши эса… ажабланарли-ку?

Бу байт мазмунидан китобхон нега ҳайратга тушади? Чунки маъшуқа — ошиқнинг жонидир. Жондан севган қизи эса, йигитнинг қонига ташна! Ана шу обиҳаёт манбаи ошиқни ўлдиришга ошиқмоқда!

Шундай даҳшатли қисмат истиқболида бўлса-да, ошиқ: “Жоним сенга қурбон!”, деб ёр бўсағасига бошини қўймоғи шарт. Йигитнинг бу остонадан бошини кўтариши муҳаббат қоидасида одобсизлик, вафосизликдир:

Кўтармак бошни маҳбуб эшикиндин,
Муҳаббат бобида тарки адабтур.

Ваҳ! Ваҳ!

Мумтоз шоирларимиз хипчабеллик қизлар кўрк-латофатининг муҳим кўриниши эканлигини инобатга олиб, ёр белини қилга ўхшатишади, форс адабиётида “хипчабел” тушунчаси “мурчамиён” (чумолибел, бели чумоли белидай) сўзи билан ифодаланади. Атойи ёр белига нисбатан мутлақо янги, оҳорли ўхшатиш (ташбиҳ) кашф этади. Ёрнинг ингичка бели хусусида арибел — бели ари белидай, дейди. Бу ҳам маҳорат соҳасидаги нуктапардозлик — фикрий ихтирокорликдир. Қуйидаги байтни тўрт қисмдан иборат деб қарасак, дастлабки уч қисми анъанавий ташбиҳлар ва муболағадан иборат, тўртинчи қисм новаторлик — таждиддир:

Санингдек ҳусн ила ҳуру пари йўқ,
Лаби қанду асал, бели ари йўқ.

Ошиқнинг маъшуқага меҳрибонлиги, куюнчаклиги шу даражадаки, у ҳатто: маъшуқа эгнидаги кўйлагидан ҳам азият чекмаяптимикан, деб жонсарак. Шоирнинг бу борадаги кашфиётини қарангки, “Ўзгаларнинг этаги куйса, менинг жоним куяди”, деган халқ маталини биринчи мисрадаги фикрнинг ўзига бевосита дахлдор қилиб танлай олган. Халқ донишмандлиги маҳсули — фикрий жавоҳир байтга худди узукка ярашиқли кўз бўлиб тушган:

Пираҳандин бўлмасун, деб, ногаҳ озурда танинг,
Ўзгаларни этаги куйса, куяр жоним манинг.

Ваҳ! Ваҳ!

Мумтоз адабиёт намуналарининг ҳар бир байтини ана шундай бироз мулоҳазалар чиғириғидан ўтказиб, яъни байт мазмуни, ундаги фикрий кашфиёт — янги нуктани идрок билан илғаб, шоир маҳорати учқунини сезиб, ҳайратга тушайлик. Бу машғулот қийин эмас. Биз бирор сархил мева ёки таомга нисбатан “Оҳ, оҳ!, “Ҳай, ҳай!”, деб юборамиз-ку, ахир… Мумтоз адабиётдан баҳрамандлик бахтига муяссар бўлиш, ўрганиш учун мумтоз шоир ғазалини луғат орқали ўқиб, мукаммал руҳий-ҳиссий лаззатланиш имкони бор. Бу имконни юзага чиқарайлик.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 18-сонидан олинди.