Мен ҳар доим, ҳамма жойда, ҳатто ўзимдан ҳам шоир эканлигимни яширишга ҳаракат қиламан. Чунки шоирлик инсоннинг қадр-қимматини оширадиган касб ёки ҳунар эмас, балки у баъзан-баъзан хуруж қилиб турадиган ёмон одат, ғалати бир дарддир. Одамлар “Мен – заргарман!” деб мақтанади. Лекин, “Мен – шоирман!” деб дангал айтишга ийманади одам.
Чунки, биринчидан, илҳом келган пайти бир кечада юзлаб мисра ёзган шоир, агар илҳом уни тарк этса, йиллар давомида ҳам тўрт қатор шеър ёзолмаслиги тайин. Иккинчидан эса, шоирман дейишлик дардмандман, ичим тўла изтироб деган гапга ўхашб кетади. Шу боис мен шоирман деган сўзни тилимга чиқаришдан эҳтиёт бўламан.
Ўз пайтида дунёнинг энг ақлли одами деб ҳисобланган Суқрот шеър санъати қонун-қоидаларини мукаммал ўрганиб ҳам бир мисра шеър ёзолмайди. Лекин яхши шеър ёзиш учун шеър санъати назариясини билиш унчалик ҳам шарт эмас. Машҳур шоирларимизнинг аксари шеър назарияси деган гапни эшитгунларича энг гўзал шеърларини битиб улгиришган. Аксинча, шеър тўқиш техникасини мукаммал билиб олган шоир руҳсиз шеърларни кўп ёзиб юборади.
Назаримда шеър ёзиш руҳнинг ҳимоя механизмидир. Масалан, тананинг ҳимоя механизмини олиб кўрайлик. Жонланиб қолган касалликка қарши вужуд ҳароратни ошириб, патоген микрофлорани ўтиндай ёқа бошлайди. Шу тариқа у ўзини ўзи зарардан асраб қолади. Аслида илҳом ҳам киши иммун тизимнинг руҳиятдаги фаоллашидир. Аллоҳ томонидан соғлигимизни сақлаш учун дастурланган иммун тизими кўнгилда жонланиб қолган дард “микроблари”га қарши илҳом кўринишида кураш бошлайди. Ҳарорат танани, илҳом эса қалбни зарарлардан тозалайди.
Илҳом – руҳнинг иситмасидир.
Илҳом парисини итдек бўйнидан боғлаб бўлмайди, у осмонда эркин учиб юрган қуш, кутилмаганда кўнгил боғингиздаги дарахт шоҳига қўниб, ажабтовур хониш қилиб қолди, кейин эса тўсатдан бир ёқларга учиб кетади. Сиз эса қушча қачон қайтиб келишини кутишдан бошқа иложингиз йўқ. Шу боис шоирликни зинҳор ҳунар деб бўлмайди. Ҳунарим шоирлик деган кимсага асло ишона кўрманг.
Ўттиз йил давомида шеърий ижод билан банд бўлдим деган шоирни тушунолмайман.
Шоирлардан бир: “Мен илҳомни кутиб ўтирмайман. Ҳар куни шеър ёзаман” деган эди. Албатта, шоир ҳар кеча шеър ёза олади. Лекин бу каби шеърлар қоғоз гулдан фарқ қилмаслиги мумкин.
Одатда шоирлик истеъдоди инсонда умрининг охиригача сақланиб қолмайди. Гўзал шеърий истеъдод ҳам кутилмаганда севги каби келиб, ич оламингизни тўс-тўполон қилиб, сўнг сизни тарк этади. Айтмоқчиманки, шоирлик истеъдоди туғма бўлиши билан бирга, ўткинчи ҳамдир, яъни одам вақтинчалик шоирга айланади. Лекин, сизни тарк этган истеъдод орадан ўн йил ўтиб тўсатдан қайтиб қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Миртемирни олайлик. Шоир ижодининг дастлабки пайтлари гўзал лирик шеърлар битади, кейин эса узоқ вақт илҳомсиз ижод қилади, яъни коммунистик ғоя, социалистик қурилишлар ҳақида газета мақоласида ёзиладиган гапларни шеърга айлантиради. Умрининг охирроғида эса унга кутилмаганда шоирлик итеъдоди қайтиб келади ва “Мен сени инжитмайман…” каби самимий сатрлар ёза бошлайди. Шоирнинг анчайин кексайган ёшда ёзган ишқий шеърларида ёш ошиқ йигитнинг қалбида бўладиган кучли, баҳор тошқинларига монанд севги туйғуларини пайқаш мумкин. Севги туйғусининг кучи ва тафти физеологик ёш билан боғлиқ барибир… Нега Миртемир кексайганда физеологик ёшига тўғри келмайдиган ишқий сатрлар бита бошлади. Бунинг сабаби шуки, шоир ўша давр адабий муҳитда ҳоким бўлган ақидалар таъсирида самимий кўнгил кечиналарини сатрларда изҳор қилиш ўрнига, коммунистик буюртмани бажариш билан овора бўлган. У шундай қилишга мажбур эди. Йўқ эди бошқа йўл. Шундай бўлдики, шоир йигит ёшида кўнглидан кечган ишқий кечинмаларини кексайганида қоғозга тушириш имконига эга бўлди.
Очиқ деразадан ичкарига кирган мусичани чўчитиб юборсангиз, боёқиш ташқарига учиб чиқаман деб ўзини дераза ойнасига уради ва озгина карахт бўлиб ерга қулайди. Кейин, бир оз ўнгланиб, очиқ деразани тополмай, яна боши билан ойнага урилади. Ёрдам беришингиз керак унга: аста тутиб, ташқарига учириб юборасиз. Кўнгилда пайдо бўлган шеърий тўйғу ҳам шу мусичанинг деразага урилишига ўхшайди: уни ташқарига чиқариб юбормасликнинг сира иложи йўқ, ёрдам бериб, эркинликка қўйиб юбормасангиз, боёқиш қуш ўзини ўзи ҳалок қилади. Демак, кўнгилда пайдо бўлган шеър эмин-эркин қоғозга тушмаса, ичингизда кетмас ғашлик пайдо бўлади. Одатда кўнгилдаги фикр тилимизга кўчгунича мингта чиғириқдан ўтади. Фрейд айтмоқчи, инсоннинг хатти-ҳаракати ва гап-сўзини “супер Я “ қаттиқ назорат қилиб туради. Яъни, айтмоқчи бўлган гапингиз сўзга айланиб одамларнинг қулоғига етиб боргунича “Фикрим кейин ўзимга зиён қилмайдими, яқин дўстимнинг дилини оғритмайдими, аллакимнинг ғазабини қўзғамайдими” каби кўплаб чиғириқлардан мажбур ўтади. Шеър ёзишда эса “супер Я” мисраларни назорат қила олмайди. Кўнгилдаги ўй-фикр, ҳис-тўйғу бутунича шеърга кўчади. Илҳом келган пайти бир муддат ҳушёр ва эҳтиёткор ақл жунбушга келган кўнгилни назорат қилолмайди. Ҳақиқий шеър туғила бошлайди.
Баъзан ўйлаб қоламан: балки шоирлик ёшликка хос бир сифатдир. Ёш улғайгач, шоирлик қобилияти ҳам пасайиб бораверади. Ҳар қандай шоирнинг кўпинча илк тўпламига киритилган, ижодининг бошланғич палласида ёзган шеърларини ўқувчи севиб ёд олади. Унинг ёш жиҳатдан улғайганда тўқиган шеърларини эса оддийгина ўқиб қўя қоламиз, ёд олмаймиз. Шоирнинг ёши улғайиб, ҳаёт тажрибаси кўпайиб, маҳорати ошиб боргани сайин истеъдодининг ўткир қирралари емирилиб бораверади. Ўзи гўзал шеър ёзиш учун ҳаёт тажрибаси, илм ўрганиб кучга тўлган ақл ва юксак шеърий маҳорат ҳалақит беради.
Инсониятнинг инжиган кўнглини юпатиш учун Худо айримларимизга шеър ёзиш қобилиятини ато этган.
Ростдан ҳам шеър худди туш каби амалга ошмаган истагимиздан пайдо бўлади. Севаман деб шеър ёзган шоирнинг севгиси шеър билан бирга чиқиб кетган бўлади…
Шеърият кишилар рад қилган балчиқ туйғуларни “қайта ишлаб“ тилло ва кумушга айлантира олади. Шеърият аллақачон темир ва тошни тиллога айлантириш формуласини топиб бўлган.
Хуллас, ёзувчи бўлиш учун ҳаёт қозонида қайнашингиз шарт. Шоирлик учун эса ҳаёт халақит беради. Шоир айнан ҳаёт қозонида қайнашдан маҳрум бўлгани учун шеър ёзади. Балиқни сувдан олиб қуруқликка отиб юборинг, қарабсизки, у беш-ўн дақиқада Машрабга тенг шоирга айланади. Полопонни чўп билан турткилаб инидан пастга тушириб юборинг, боёқиш балоғат ёшига етмасданоқ шеър осмондан жуда юксак парвоз қила олган Рембо каби “дўзах азоби” ҳақида ўхшатиб шеър ёза олади. Жанубга учиб кетаётган қушлардан бири ярадор эди, учишга мадори қолмай тўдадан ажралиб, пастга қўнди. Ёлғиз эди у. Шип-шийдон ва совуқ боғда якка ўзи қолиб кетди. Яқин орада бошланажак қора совуқларда музлаб ўлиб қолади. Хўш, аччиқ тақдирга қарши у нима қила олади. Қуш шоирга айланади.
Жунун водисиға мойил кўрармен жону зоримни, Тилармен бир йўли бузмоқ бузулғон рўзғоримни, –деган доҳиёна байтни ёзишни ҳаммамиз орзу қиламиз. Лекин шу байтлар замирида акс этган руҳий изтироб, иложсизлик ва балога тенг машаққатга йўлиқишдан қўрқамиз, эй Худо, бундай ёмон кунга тушишдан ўзинг асра деб ичимизда дуо ўқиб юрамиз. Чинакам илҳом дўзахда куйишга тенг азоб экалигини биров билади, биров эса, хусусан, “ҳар куни шеър ёза оламан” деган шоир эса бир умр билмай ўтади. Шоир бўлиб чинакам илҳом нима эканлигини билмай бу дунёдан ўтаётган шоирлар ҳам бордир эҳтимол…. Баъзи шоирларимизнинг кўп йиллик ижодий меҳнати жамланган ялтироқ китобидан бир мисра ҳам шеър тополмай хафсалам пир бўлади. Булар нима учун шунча йил давомида шеър ёзмай шеърий ижод билан шуғилланганликларини ўзлари сезмадимикан деб хайронлар қоламан. Файласуф Киркегор шоирикка нисбатан шундай ўхшатиш ишлатади.
Қадимги Гретсияда жиноятчиларни жазолаш учун ичи ғовак улкан мис хўкиз ясашган. Жиноятчини мис хўкиз ичга қамаб тагидан ўт ёқишган. Мис қизиб, ичидаги жиноячи жон ҳолатда бақиришни бошлайди. Мис хўкизнинг бурни шундай моҳирлик билан мослаштиришганки, ичкарида азоб чекиб бақираётган жиноятчининг овози ташқаридагиларга майин, дилтортар куй бўлиб эшитилган. Шоирлик ҳам шунга ўхшаш-да: кўнглингиздан дўзах азоби ўтади, сиз эса азобингизни мисраларга айлантирасиз ва ёзганларингиз ўқуви кўнглига кўй каби ором беради.
Изтироб руҳнинг зарарли хилти (токсин)дир. Бу каби хилтлар чиқариб ташланмаса, кишини бетоб қилиб қўяди. Худо инсонга ато этган энг ноёб қобилият шеър ёзишликдир. Инсоният шеър ёзиш ва ўқиш воситасида руҳини покизалаб юради.
Шеър ёзиш ҳаётни соғинишдир асли.
Шеър ёзиш – ўз фожиангизга ўзингиз томондан берилган зарба.
Инсоният энг мушкил ва умидсиз вазиятлардан шеър ёзиш ва ўқиш орқали чиқиб кетади.
Нима учун ёридан айрилган ошиқ дардига малҳам сифатида шеърга ёпишади. Худди ярадор кийик баланд тоғлар орасидан мўмиё излаган каби, юрагини айрилиқ тиғи тиғлаган ошиқ шеър томон юзланади.
Нима учун умрида шеър ёзмаган ва шеър ўқишга қизиқмаган аёл, 35 ёшида умр йўлдошидан айрилиб қолгач, ярим кечаси уйқуси бузилиб ошхонасига чиқиб шеър ёзмоқчи бўлади.
Шеър инсоннинг руҳий дардига малҳамдир.
Худо шоирларни кўнглидан мотам кетмайдиган инсонларнинг дардига таскин бериш учун яратган. Ҳатто шеъриятни табобатнинг бир бўлими сифатида тақдим этгим келади.
Қадимдан шоирларни пайғамбарларга яқин кишилар деб таъриф қилишади. Нега? Шоирда пайғамбарларга хос қандай хислат бор. Маълумки, Аллоҳнинг расуллари инсониятни қиёмати кутиб турганлигини очиқ далиллар билан ошкор қилишган. Шоирларда ҳам келажакни башорат қилиш уқуви бор. Дейлик, бугун ижод қилаётган шоирларнинг мисраларида акс этган кечинмалари замирида 30 ёки 50 йилдан сўнг жамиятда, хусусан, кишилар руҳида содир бўлажак алоҳида бир ўзгаришлар тўғрисида маълумот топиш мумкин. Масалан, ўтган асрнинг 60-йиллар шоирлари, хусусан, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовлар ижодида ватанимиз Ўзбекистон Иттифоқ таркибидаги бир ўлка ўлароқ эмас, балки алоҳида, мустақил тушунча сифатида мадҳ этилди. Улар ижодида Ватан мустақиллиги туйғуси бўй кўрсатган эди. Сиёсий мафкура “рус халқи – улуғ оғамиз” деб турган бир пайтда Эркин Воҳидовнинг
Тарихингдир минг асрлар Ичра пинҳон ўзбегим, –дейиши ўша давр расмий тушунчаларига муҳолиф тушунчадир.
“ Ўзбегим “ шеърида поэтик ифодасини топган шонли тарихимиз музей экспонатлари эмас эди. Айтмоқчимизки, 60-йиллардаёқ ўзбек халқи ватан мустақиллигини реал психик воқиалик сифатида мавуд эди. Аввал ҳис, ортидан фикр, кейин эса ҳаракат юзага келади.
70–80-йиллар шоирлари ижодида эса индивудиализм бўй кўрсатди. Мустақилликка эришиб, бозор муносабатларига ўтишмиз билан жамиятимизда жамовий фикрлаш барҳам топиб, ҳар соҳада индивдуализм кўринди; шахс эрки, ҳақ-ҳуқуқлари масаласи олдинги планга чиқди; фикрлашда ҳар хиллик пайдо бўлди, кишилар дунёқарашини асоратга соладиган сиёсий мафкура ҳокимлиги тугади.
Одам букилган мих ёки сопи синган пичоқни ҳам ахлатга ташлаб юбормай, керак бўлиб қолар деб бир четга яшириб қўяди. Лекин шоирликни касб қилиб олган шоирнинг суст, мазасиз ва ҳиссиз шеърлари жамланган китобини қўлга олиш тугул, ҳатто китоб жавонида туришига ҳам сабрингиз чидамайди: кўздан йўқотасиз. Шоирлик ростдан ҳам одамларнинг ғашига тегадиган ёмон одат деб ўйлайсиз.
Кўпчилик шоирларнинг шеърларига уларнинг китобини қўлга олганингизда дуч келасиз. Камчилик шоирларнинг шеърлари эса ўз ҳаётингизда бўлиб ўтган муҳим ходиса каби деярли ҳар куни хотирангизда жонланиб туради.
Йигирма ёшингизда ёд олинган шеърнинг туб маъносини ўттиз ёки қирқ ёшда англашингиз мумкин. Рауф Парфининг ушбу мисралари:
Эҳтимол умримнинг ярми ўтгандир, Эҳтимол ярмига қолганман ботиб.Йигирма ёшимда ёд олган эдим бу мисраларни. Қирқ ёшимда эса кунлардан бир кун улар хотирамда қайта жонланиб, кўнглимни жунбушга солди. Бунинг сабаби шуки, шеърда акс этган маъно шахсий ҳаётимда содир бўлгандир балки. Масалан, севган ёридан айрилган ошиқ анчага довур реал ҳаётга кўшилишиб, аралашиб кетолмай, аччиқ хотиралар билан яшашга мажбур бўлади. Шоир айтмоқчи, умрининг “ярмига“ ботиб қолади.
Ойбекнинг сатрлари:
Тушимда кўрдим сени, Бирга олиб кет мени…Ушбу мисраларда йигирма ёшли ошиқнинг самимий ва бир оз шикаста кўнгил кечинмалари ифодаланган. Ошиқ тушида севганини кўриб, “Бирга олиб кет мени…” деяпти. Шу икки мисра шеърнинг маъноси эллик ёшдан ошганингиздан сўнг бутунлай ўзгача йўсинда ўзгариб кетади. Ўзи эллик ёшга етганингизда кўнгилга ғашлик, зерикиш ва чарчоқ ҳислари ўрнашади, кўплаб яқин инсонларингизни тупроққа бериб улгирасиз:
Менинг ер остида дўстларим кўпроқ… (Абдулла Орипов)Кунлардан бир кун тушингизга марҳум дўстингиз киради, қоронғуликдан чиқиб, юзингизга бир қарайди-ю, яна ортига қайтиб кетади, уйғониб кетасиз ва кутилмаганда хотирангизда ёнаётган оловдек икки мисра шеър уйғонади:
Тушимда кўрдим сени, Бирга олиб кет мени… …Тушимда кўрдим сени, Бирга олиб кет мени…