Ўтмишда буюк салтанат тузган туркий ҳукмдорлар, хусусан темурийлар сулоласига мансуб шоҳ, амир ва беклар илмий ва бадиий ижодда ҳам беназир бўлганлар. Улар илм-адаб аҳлига ҳомий бўлишиб, ижодий жараёнларга ҳам таъсир кўрсатишган. Бобурийлар салтанатидаги деярли барча аслзодалар ана шундай юксак фазилат соҳиби бўлишган.
Забардаст олим, қилқалам хаттот, кўп тилларни билувчи мутаржим, нозиктаъб шоир Дорошукуҳ шундай беқиёс истеъдоди билан донг таратган.
Дорошукуҳ 1615 йили Шоҳ Жаҳон хонадонида туғилади. Она томонидан бобоси Осафхон (асли теҳронлик давлат арбоби ва олим) унга “Султон Дорошукуҳ” деб ном қўяди. Отаси унинг тарбиясини алоҳида назоратга олиб, араб, форс, санскрит тилларини пухта ўрганиши: ислом, тасаввуф, буддизм, фалсафа назариясини эгаллаши учун зарур шароит яратади. Дорошукуҳ бироз муддат Аврангзеб билан Лоҳурда Жаҳонгиршоҳ хизматида бўлади. Лоҳурдан қайтгач, илмий таҳсил билан жиддий шуғулланади. Бу йўлда унга бобоси Ғиёсиддин Муҳаммад Осафхон яқиндан ёрдамлашади. Унинг забардаст олим, тасаввуф донишманди бўлиб етишишида Самади Кошоний, Муллаабдуллатиф Султонпур, Шайх Муҳаммад бинни Фазлуллоҳ, Шайх Аҳмад Кобулий, Сарҳиндий, Мирак Шайх Фазлуддинларнинг ўрни катта. Ўзининг “Сафинатул-авлиё” асарида Дорошукуҳ Мулло Абубакр, Миёнжў, Муҳаммадмурод, кашмирлик Мулла Шоҳ каби устозлари номини ихлос билан тилга олган ва улар ҳақидаги нақл, ҳикматларидан намуналар келтирган.
Дорошукуҳ давлат ишларига лоқайд бўлса-да, илмий ва бадиий ижод билан жиддий шуғулланади. Ҳиндистонда илмий таржима мактабига асос солади; буддизмга доир ўнлаб асарларни аслиятдан форс тилига ўгиради. 1957 йили Шоҳ Жаҳоннинг соғлиги ёмонлашгач, Дорошукуҳни валиаҳд қилиб тайинлайди. Бундан норози бўлган Аврангзеб марказий ҳокимиятга қарши бош кўтариб, отасини уй ҳибсига гирифтор этади. Сарой тарихчиси Мустаидхон ва уламолар Дорошукуҳ атрофида “исломдан қайтди”, деб иғво уюштирадилар. Бу орада у исёнчилар билан курашда мағлуб бўлади. Шунинг учун аёли Нодирабегим ва ўғли Спеҳршукуҳ билан Эронга ўтиб кетиш мақсадида Қандаҳорга қараб йўл оладилар. Йўлда Нодирабегим вафот этади. Уни Ҳумоюн мақбараси ёнига дафн этадилар. Аҳмадободга келганда Саидаҳмад Бухорий, Гулмуҳаммад Малий Жейвун, Бахтиёрхонлар Баҳодирхон топшириғи билан Дорошукуҳни банди қилиб, Кўҳна Деҳлининг Хизробод қалъасига келтирадилар. Дорошукуҳни севган халқ йўлда фитначи сарбозларни тошбўрон қилади, аёллар ва болалар зулмкорлар устига ахлат тўкишади. Бундан ғазабга минган Бахтиёрхон уламолардан Дорошукуҳни қатл этиш ҳақида фатво олади. Шундан сўнг Малик Жейвун ханжар билан шаҳзоданинг бошини олиб, Аврангзебга юборади. Аврангзеб эса уни лаганга қўйиб, ҳибсдаги отаси Шоҳ Жаҳонга киритади…
Шоҳ Жаҳон саройи атрофида ўзига хос адабий-илмий муҳит мавжуд эди. Шунинг учун ҳам Дорошукуҳ ана шу муҳитда Файзий, Абдулқодир Бадюний каби адиблар, Муҳибулло, Муҳамммад Лисонулло Рустакий, Бобо Лаъл Дос, Жаҳон Натҳ Миср ва бошқа мутафаккирлар билан суҳбат, баҳс-мунозара жараёнида муттасил ижод қилиб, ўзидан катта мерос қолдирган.
Унинг ижодий меросида тасаввуф тарихи, қадимги ҳинд фалсафаси, хаттотлик, рассомлик, наққошликка доир асарлар, рисолалар алоҳида ўрин тутади. Ҳатто у қадимги ҳинд эпоси “Упанишад”ни таржима қилиш жараёнида синчков луғатшунос сифатида ҳам ўзини кўрсатган, упанишадлардаги минглаб сўзлар изоҳи ва шарҳини яратган.
Дорошукуҳ ижодий меросининг катта қисмини сўфизм тарихи, авлиёлар ҳаёти ва ижодий меросини таҳлил этишга, ислом тарихи, Ҳиндистондаги турли мазҳаблар тарихига доир асарлар, таржималар ташкил этади. У қадимги ҳинд эпоси “Йога-виҳиштий”ни ҳам форс тилига ўгирган.
“Сафинат-ул авлиё”. Бу китобни адиб йигирма беш ёшида ёзиб тугатган. Рисолада муаллиф Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) ҳамда исломдаги ўн икки имом, Қодирия, Нақшбандия, Кубровия, суҳравардия, Чиштия тариқатларидаги 377 шайхнинг мукаммал таржимаи ҳолларини беради. Уларнинг риёзат ва кароматлари ҳақида ҳикоятлар, ҳикматларидан намуналар келтиради. Бу китобнинг бошқа шу хилдаги асарлардан фарқи шундаки, муаллиф унда пайғамбар (с.а.в.) ва машойихларнинг завжаи мукаррамлари, қизларининг ҳолатларини ҳам баён қилган.
“Сакинат-ул-авлиё”. Бу асарини Дорошукуҳ йигирма етти ёшида ёзиб тугатган. Рисола тасаввуфга доир батафсил муқаддима билан бошланади. Абдулқодир Гелоний, Мулло Шоҳ Миёнжўлар ҳаёт ва фаолиятларини анча муфассал ёритади: ҳатто уларнинг маслакдошлари, шогирдлари, хизматкорлари хусусида ҳам маълумот келтирилади. Бу ҳақда ўзи китобда: “Мен Миёнжўнинг барча асҳоблари ҳақидаги ҳамма далилларни тўпладим”, дейди. Демак, “Сакинат-ул-авлиё” муноқиб моҳиятидаги асар экан. Шу билан бирга бу асар Дорошукуҳнинг шахсияти, ҳаёт йўлини ўрганишда ҳам энг мўътабар манба ҳисобланади.
“Рисолаи ҳақнамо”. Бу рисола олти фаслдан ташкил топган. Дорошукуҳ унда асосан, ваҳдати вужуд таълимоти ва назарияси ҳақида фикр юритса ҳам, ўз мулоҳазаларини устозлари Миёнжў ва Мулло Шоҳларга боғлаб изҳор этади. Ваҳдати вужуд ҳақидаги фикрлар орасида рубоийлар ҳам учрайди.
“Ҳасанат-ул-орифин”. Рисолани “Шатаҳиёт” деб ҳам аташади. Китобда олтмишдан зиёд буюк машойихнинг ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-таълимий моҳиятидаги ҳикоят ва тамсиллари келтирилган.
“Мажмаъ-ул баҳрайн”. Дорошукуҳ ислом дини билан ҳиндлар мазҳабидаги муштарак жиҳатларни “Унсунлар баёни”, “Хослар баёни”, “Машғуллик баёни”, “Аллоҳ сифатлари баёни”, “Руҳ баёни”, “Овоз баёни”, “Тўрт олам баёни” сингари 20 та баҳсда ислом дини билан ҳиндлар мазҳабидаги муштарак жиҳатларни аниқлашга интилган. Унда Дорошукуҳ ҳиндлар билан мусулмонларнинг бирлиги, биродарлигини таъминловчи “Сулҳи кулл” ғоясини илгари суради.
“Сирри Акбар”. Дорошукуҳ ўлмидан икки йил олдин олти ой давомида қадимги ҳиндларнинг илмий, ахлоқий-таълимий, диний, ижтимоий-фалсафий асарларидан бўлмиш “Упанишад”дан элликтасини санскритдан таржима қилади ва уни “Сирри Акбар”, деб атайди. Мазкур нусха “Упанишад”ларнинг ўзга тилга илк, нисбатан мукаммал таржимасидир. Таржимага қадимги ҳиндларнинг илмий ва диний қарашлари ҳақида кенг маълумот берувчи муқаддима илова қилинган. Китоб охирида матнда учрайдиган минглаб ибора, мазҳабий атамалар, асотирий, тарихий номларнинг анча батафсил шарҳлари илова қилинган. “Сирри Акбар”ни “Авесто”нинг таржимони Анкетил Дюперрон 1781 йили француз ва лотин тилларига таржима қилиб, нашр эттирган. Таржиманинг асл матни машҳур файласуф, тарихшунос доктор Таро Чанд сўзбошиси билан Теҳронда бир неча бор нашр этилган.
“Девони Дорошукуҳ”. Адиб умр бўйи форсий тилдаги шеъриятнинг барча жанрларида асарлар яратган. Илмий ва бошқа насрий асарлари таркибидаги кўплаб шеърлар ҳам буни тасдиқлайди. У шеърларини тўплаб, девон тузган ва унга “Иксири Аъзам” деб ном қўйган. Аммо бизга қадар унинг мукаммал нусхаси етиб келмаган. Турли қўлёзмалар хазиналарида “Девони Дорошукуҳ” номи билан сақланаётган дастхатларда асосан ғазал ва рубоийлар жамланган бўлиб, 225-300 шеърни ўз ичига олади. Агар бошқа асарлар таркибидаги шеърларни ҳам бунга қўшсак, шоирнинг поэтик мероси сони 500 дан ошади.
“Номаҳои ирфоний”. Дорошукуҳ ўз даврининг буюк машойихлари билан доим мактуб ёзишиб турган. Ушбу китобда ана шу номаларнинг асли ва уларга олинган жавоблар тўпланган. Масалан, Шайх Муҳибуллога йўлланган номада 16 ирфоний саволга жавоби берилган. Мазкур номалар Қодирия тариқатининг айрим жиҳатларини ўрганишда ҳам қимматли назарий маълумот бўла олади.
“Тариқат-ал-ҳақиқат”. Турли тадқиқотлар тарихи ва моҳияти таҳлилига бағишланган бу китоб муқаддима ва ўттиз бобдан иборат. Унинг таркибида 32 рубоий, 123 байт мавжуд. Улар Саъдий Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий ҳамда Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб. Мазкур байтлар муайян илмий, назарий мулоҳазаларни асослаш учун мисол тариқасида келтирилган. Рисола урду тилига таржима қилиниб, чоп этилган.
“Рисолаи саволу жавоби Дорошукуҳ Бобо Лаъл”. Қандаҳор сафаридан қайтишда Дорошукуҳ Сарҳинд вилояти яқинидаги Деҳанпур мавзеида истиқомат қилаётган замонасининг буюк донишманди Бобо Лаъл Дос ҳузурига боради. Суҳбат давомида шаҳзода Дорошукуҳ унга ҳинд мазҳаби ва тасаввуфга доир бир неча савол билан мурожаат қилади. Бу савол-жавобни ушбу суҳбатда иштирок этган браҳман Чандор Баҳон ёзиб олади. Мазкур китобда ана шу матн ўрин олган.
Дорошукуҳ қилқалам хаттот ҳам бўлган. У хат сирларини Мир Имод хушнависдан ўрганган ва бу соҳада ҳам муттасил ижод қилиб, ранг-баранг асарлар яратади. У кўчирган китобларнинг турли нусхалари Шарқнинг машҳур кутубхоналарида жамланган. Қадимий сарчашмаларда Дорошукуҳнинг хаттотлик назарияси ва амалиётига доир рисола ёзганлиги ҳақида ҳам маълумот бор.
“Ҳикмати Арасту”. Ҳайдарободнинг “Осафия” кутубхонасида сақланади.
Қуръоннинг насх хатида оҳу терисига кўчирилган нусхаси. Ҳайдарабоднинг “Азизбоғ” кутубхонасида сақланади.
Қуръони Мажиддан насталиқда кўчирилган беш сура. Оятлар олтин сувида ёзилган. Калкуттадаги Ёдбуди Якатурё толорида сақланмоқда.
“Рисолаи даҳ панди Арасту”. Калкуттадаги Ёдбуди Якатурё толоридан жой олган.
“Маснавии Султон Валад”. Банголадаги Анжумани Осиё кутубхонасида.
“Ҳофиз ғазаллари ва Жомий рубоийлари”. Деҳлидаги Қальаи Сурх музейида сақланмоқда.
Низомий “Хамса”си. Насталиқда кўчирилган. Уни Дорошукуҳ яқин дўсти ва маслакдоши Муҳаммад Муқим Жавҳарийга ҳадя қилган. Ҳиндистондаги Девон кутубхонасида сақланади.
“Сафинат-ул-авлиё”. Насх ва насталиқда кўчирилган. Бонгпур кутубхонасида сақланади.
Дорошукуҳ хаттот ва лаввоҳ бўлиш билан бирга диди баланд наққош ҳам эди. Ўзи тузган Қалъаи Сурх осорхонасида унинг бу соҳадаги ижодига доир бир қанча асарлари мавжуд. Улардан бири машҳур Мураққаъ — албомдир. Тасвирий санъат сирларини нозик тушунган Дорошукуҳ бир неча йил давомида Хуросону Мовароуннаҳр ҳамда Ҳинд миниатюра санъатининг нодир намуналарини йиғиб, алоҳида саҳифаларга жойлаб, турли нақшу нигорлар билан зийнатлайди, ҳар бирининг ҳошиясига олий навбадаги насталиқ билан поварақлар ёзади ва чармдан тайёрланган муқовага олиб севимли хотини Карамалнисо — Нодирабегимга ҳадя этади.
Муқова тикма-терма сирач усулида тайёрланган бўлиб, олтин суви югуртирилган. Мана тўрт асрдирки, бу мураққаъ санъатшунослар томонидан беназир бир мўъжиза, муаллифнинг буюк бир кашфиёти сифатида баҳоланиб келмоқда. Агар инглиз олими Перси Броун ўзининг “Темурийлар даври ҳинд наққошлиги” асарида “Бу мураққаъ шуни кўрсатадики, Дорошукуҳ… миниатюра санъатининг том маънодаги буюк донишманди ва ижодкори бўлиб, намуналарни баланд дид билан сайлаб олган”, деса, олим Чекил Бурнс 1940 йили “Таймс оф Индия” газетасида чоп этган мақоласида “Кўҳи Нур”ни Шарқ олмосларининг энг олийси дейиш расм бўлган. “Ушбу албомда Эрон, марказий Осиё ва Темурийлар даври Ҳиндистон миниатюраларининг энг гўзал намуналари юксак дид ва санъаткорлик билан жамланганки, унинг қиммати Кўҳи Нурдан асло кам эмас”, деб таъкидлайди.
Дорошукуҳ ўзининг тасвирий санъат назариясига доир мулоҳазаларини албомга ёзган муқаддимасида батафсил баён этган. Ушбу албом Шарқ халқлари миниатюра санъати тарихини ўрганишда нодир манба ҳисобланади.
Юқорида қайд этилганидек, Дорошукуҳ кенг қамровли наққош бўлган. Сарчашмаларда унинг ўзи кўчирган китобларга ўзи зийнат бергани, миниатюралар билан таъминлагани ёзиб қолдирилган. Бундан ташқари, у портрет жанрида ҳам баракали ижод қилиб, аждодларининг сувратларини чизиб қолдирган. Дунёнинг энг нуфузли музейлари ҳамда дастхатлар хазиналарида чизган суратлар сақланмоқда. Жумладан, Эрондаги салтанат кутубхонасида Дорошукуҳ яратган бир неча сувратлар мавжуд. Улар “Осори Эрон” китобида ҳам эълон қилинган. Дорошукуҳ чизган Мулло Шоҳ, Миёнжў портретлари Бомбей музейидан жой олган. Ҳиндистон тасвирий санъати, бобурийлар даври ҳинд миниатюра санъати тарихига бағишланган барча тадқиқотларда ҳам Дорошукуҳ асарларидан намуналар берилган.
Китобат ва миниатюрадагина эмас, бадиий ижодда ҳам Дорошукуҳ кўплаб ёшларга раҳнамолик қилган. Фарс ва ҳинд тилларида баробар ижод қилган машҳур шоирлар Мирзо Розий Дониш, Орифи Кашмирий, Муллашоҳий Бадахший, Чандра Бхан Брахманлар бевосита Дорошукуҳнинг шогирдлари ва ҳаммасликлари бўлиб, унинг ҳомийлигидан баҳраманд бўлган ҳолда шеъриятда ҳам донг таратганлар.
Дорошукуҳ ғазал, қасида, рубоий, қитъа, фарж каби жанрларда кўплаб шеърлар ёзган. Умрининг охирларида шеърларини тўплаб, “Иксири Аъзам” номи билан махсус девон тартиб берган. Дорошукуҳ ўзини Қодирия тариқатининг жонфидоси деб билгани учун шеърларида “Қодирий” тахаллусини қўллаган. Дунёдаги турли қўлёзмалар хазиналарида Қодирий девони, дастхатларининг турли нусхалари сақланади. Жумладан, Ўзбекистон ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институти бисотида 2295-рақамли қўлёзманинг 1-97 варақларида Қодирий девони жойлашган.
Ўтмишда яшаб ижод этган аксарият тасаввуф шоирлари ижодида исломий ғоя, ахлоқ-одоб, ислом маърифати, ҳақиқий ишқ тасвири етакчилик қилади. Уларда Аллоҳнинг ҳар икки олам яратувчиси эканлиги, ягоналик фақат унгагина хослиги, инсон фақат унгагина чин муҳаббат қўйиб, висолига эришмоқ йўлида заҳмат-риёзат чекиши шартлиги ифодаланган. Дорошукуҳнинг кўплаб ғазал ҳамда рубоийларида ана шу илоҳий ишқ ранг-баранг тасвирий воситалар орқали тасвирланган.
“Салтанат ҳеч нарса эмас, фақирликка юз тутгин”, дея даъвт этган Қодирий кишиларни поклигу ростликка, камтарлигу хуштавозеликка, инсондўстлигу ширингуфторликка чорлайди. Ғазалнинг енгил вазнларида, содда услубда ижод этган Дорошукуҳ ХVII аср биринчи ярмида Ҳиндистонда форсий тилда ижод қилган мутафаккирларнинг забардастидир. Унинг тасаввуф назарияси, қадимги ҳинд дини ва ислом тарихига доир қарашлари, таржимонлик фаолияти умумбашарий аҳамиятга эга.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 24-сонидан олинди.