Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергнинг шеърларини бундан ўн йил бурун таҳририят топшириғига биноан таржима қилганман. Эртасига газета саҳифаланадиган кун бўлгани учун бир кечада “Прииск” китобидан бешта шеърни рус тилидан ўзбекчага ўгиришимга тўғри келди. Ноябр эди. Эски ҳовлидаги сўрида қоғозга ёзганларимни чизиб ўчираман, сўзларни пишитишга ҳаракат қиламан… Шу тариқа илк таржимам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилиб чиқди. Ушбу мисралар Александр Файнбергдан мен дастлаб таржима қилган шеърдан:
Қабристонга бордим, қиш — баҳор эмас,
Юрагимга эсди мезон шамоли.
Осмондан ёғаётган оппоқ қор эмас,
Онамнинг бор-йўғи битта рўмоли.
Шоир шеърияти ўшанда мени маҳлиё этди. Шу-шу Александр Файнбергни мажбурий эмас, ихтиёрий равишда таржима қиладиган бўлдим.
* * *
“Пешонамга битилган бахтим бор экан, — деб ёзади Александр Файнберг. — Мен мустақил Ўзбекистонда яшайман. Ўз умрим давомида миллий камситишни ҳеч қачон ҳис этмаганман.
Адабиёт йўлида менга ўзбек ёзувчилари жуда кўп бора ёрдам беришди. Бутун ижодим давомида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва кўпдан-кўп ёзувчилар, рассомлар, мусиқачилар, бошқа турли касб эгаларининг яхшиликларидан баҳраманд бўлиб келмоқдаман”.
Ўз навбатида, Файнберг ҳам ўзбек адабиётига эҳтироми рамзи сифатида Навоий бобомиз ғазалларини, Асқад Мухтор, Жуманиёз Жабборов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Азим Суюн шеърларини рус тилига маҳорат билан тиржима қилди.
Бу катта дўстлик, юксак ижодий ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Мен устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг Файнберг ҳақидаги эътирофини эшитганман: “Ўзбекистонда яшайдиган русийзабон шоирлар орасида Александр Файнбергга тенглашадигани чиққан эмас. Умуман, собиқ иттифоқ доирасидаги рус шеъриятида Александр Файнберг энг юксак мақомлардан бирини эгаллайди. Унинг ижоди Ўзбекистонда ғоят қадрланди. Бироқ ҳали шоир катта рус адабиёти миқёсида муносиб баҳосини олгани йўқ”.
Абдулла ака Файнбергнинг бир шеърининг мазмунини айтиб юради: мен қинғир-қийшиқ ойнага қараб куламан, йиғлаш учун эса оддий ойнага қараса ҳам бўлаверади… Нақадар теран тешбеҳ!
Устознинг шу гапидан сўнг мен шоирнинг ўша шеърини топиб таржима қилдим.
* * *
Александр Файнбергнинг “Ўн бир метрлик жарима тўпи” деган шеъри бор. Унда футбол майдонидаги ўйин, дарвозабон образи ифодаланган. Шеърда дарвоза — Ватан, футбол жамоаси — халқ, дарвозабон — Ватан дахлсизлигини, халқ ғурурини, озодлигини қўриқловчи посбон рамзида тасвирланади. Унда шоирнинг бутун маҳорати бор бўйи билан намоён бўлади.
Дарвозага қулф каби осилдим.
Ҳар тепилган тўпга ўқдек отилдим —
дейди дервозабон. Нўноқ ҳимоячининг хатоси туфайли дарвозага ўн бир метрли жарима тўпи белгиланади. “Тушунмадим нечун ҳимоячимиз бекорга йиқитди “тўққизинчи”ни”, деб ўкинади дарвозабон. Бу футбол ўйинидан репортаж ёки шарҳ эмас, балки жонли тасвирдир. У ҳужумчи билан юзма-юз майдонга, курашга чиқади.
“Тўққизинчи” билан чиқдим
бирга-бир.
У югуриб келди…
Тўп тепди, оғир!
Оҳ, унинг зарбида бунча қаҳр-ғам!
Мен тўпни осмонга ўйнаб юбордим.
Темир штангага тегиб қобирғам
Зафар бурғусидек куйлаб юборди.
Сатрларнинг бўлиниб-бўлиниб ёзилиши, шиддатли оҳанг дарвозабоннинг ҳаракатини кўрсатади. Шеърда дарвозабоннинг руҳий ҳолати, изтироби, орзу ва қувончи маҳорат билан қаламга олинган.
Ҳужумчи шуҳрати менга не даркор,
Ҳеч қачон урмасман дарвозага гол.
Ўзимни нишонга қўйиб фидокор,
Жамоам шаънини асрайман ҳалол.
Токи мана шундай фидойи, мард ва жасур дарвозабон бор экан, ҳеч қандай ҳужумчи ўз мақсадига эриша олмайди. Бу ҳаёт ўйинларида қаҳрли ҳужумчилар, ғирром ҳакамлар, алдаб ўтадиган ўйинчилар эмас, иродаси мустаҳкам посбонлар ғолиб бўлаверади, деган мантиқий хулоса билан тугайди шеър.
* * *
«Булбулнинг хушовоз сайраши ҳаммага бирдек ёқимли эшитилганидек оташнафас шоирларнинг шеъри ҳам дунёнинг барча бурчагида бирдек жаранглайди, ҳаммани ўзига мафтун этади, ҳайратлантиради», деган эди устозлардан бири.
Демак, шеърият тили санъат ва мусиқа тилидек чегара билмайди.
Айтмоқчиманки, Александр Файнберг рус тилида ёзса ҳам, уни тушуниш мен учун унчалик қийин бўлмади. Чунки шоир шеърларининг образ ва тимсолларини, руҳини, шакл ва мазмунини тушуниб олиш кифоя. Мен тушунганларимни ўзбек тилида сўзлаб бердим, холос. Бу ноёб меъморий обидани томоша қилиб, уни кўрмаганларга нақши бундай экан, устунларию кошинлари, маҳобати бундай экан, деб таърифлаб беришга ўхшайди. Шу ўринда Александр Файнберг шеърияти мўъжизаларидан, бадиий санъатларидан бир неча мисоллар келтираман ва уларнинг ўзбекча шаклларига диққатингизни жалб этаман.
Аслият:
Я вис на сетке, как замок.
Был бог,
Мячи снимая с ног.
Я оба тайма был сторук.
Теперь «одиннадцать».
Каюк.
Таржима:
Дарвозага қулф каби осилдим.
Ҳар тепилган тўпга ўқдек отилдим.
Иккала таймда ҳам
зўр қалқон бўлдим.
Энди «ўн бир метр».
Энди мен ўлдим.
Аслият:
Я разминаю руки,
плечи.
Я убираю чуб со лба.
Ну что ж,
целуй меня покрепче,
моя футбольная судьба!
Таржима:
Қўл-елкаларимга тоб бераман хўб.
Қайираман кўзга тушган сочимни.
Мана, энди менинг пешонамдан ўп,
Футбол — тақдиримсан, сила бошимни.
Аслият:
В ладони грянувший огонь.
Таржима:
Кафтларимда ёнда лов этиб олов.
Аслият:
А ветерок колышет сетку
И пробегает по траве.
Таржима:
Шамол ҳилпиратиб эркалар тўрни,
Майсалар устида ўйнар беармон.
Аслият:
… А мяч по гаревой катился.
Стояло небо в вышине.
И ноль
во все табло светился.
И жаль «девятку» было мне.
Таржима:
Тўп юмалаб кетди четга шошқалоқ.
Фалакдан юлдузлар боқди,
лол қилдим.
Таблода нол ёнди
тўпдек юмалоқ.
«Тўққизинчи»ни мен «биру нол» қилдим.
Шундай қилиб, Александр Файнберг шеърлари ўзбекча сўзлади. Ўзбек тилида «Чиғир» номли китоби нашр этилди («Шарқ» НМАК, Тошкент–2007).
Она тилимизнинг имкониятлари шунчалик каттаки, у ҳар қандай тилдан таржима қилинаётган асарни ўз кўзгусида қуёш бўлса қуёш, юлдуз бўлса юлдуз қиёфасида акс эттира олади.
* * *
«Адабиёт туфайли ўзгаришим мумкин эканлигини англаганимдан буён мен адабиётдан мени ўзгартиришнинг янги имкониятларини кутаман. Чунки мен ҳали унчалик баркамол эмасман. Адабиёт сабабли ўзим ўзгаришим, онгли равишда яшашим мумкинлигини тушунганимдан сўнг эса, менда адабиёт билан бошқаларни ҳам ўзгартиришим мумкин, деган ишонч пайдо бўлди. Ахир, Клейст, Флобер, Достоевский, Кафка, Фолкнер, Роб-Грийе менинг дунё ҳақидаги тасаввурларимни ўзгартиришди-ку», деб ёзади австриялик ёзувчи Петер Хандке.
Мен ҳам Александр Файнбергнинг шеърларидан янгилик изладим — шоир ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ўзгартиришни истаб ёзган шеърларини таржима қилдим. Александр Файнберг шеъриятининг жанрлари хилма-хил: достон, баллада, шеър, саккизлик, тўртлик, сонет. У ўз сонетларини эркин сонетлар, деб атайди. Бунда у сонет шаклини сақлаб қолади, бироқ асарнинг ифода усули, мазмуни ва руҳида янгилик қилишни, эркин ва озод бўлишни истайди. Шоирнинг «Тил» сонетида ҳам мана шундай янгилик мавжуд:
Кимнинг тили йўқдир, йўқ унда ҳуқуқ.
Уммонлар сувига биз оғу қўшдик.
Делфинлар отилиб қирғоққа тушди,
Ўлса ҳам бирор сўз айтишгани йўқ.
Дарахтлар гапирмас, кесилар ўрмон.
Тоғ бошига юган солар локатор.
Саҳро осмонида ловуллар ядро,
Ёнади тили йўқ майса, ўт-ўлан.
Сув гап қайтармайди, гап қайтармас тош.
Шер оловга сакрар урсанг, эгиб бош.
Учар қушлар ўлар тўп отганда ўқ.
Яралгандан буён бу кўҳна дунё
Бефарқмиз. Уятдан ўлганимиз йўқ.
Не учун тил бердинг одамга, Худо?
Президентимиз Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида ёшларни юксак маънавиятли, мустаҳкам иродали қилиб тарбиялаш зарурлигини таъкидлаб: «Лекин бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак», — дейди ва машҳур файласуфлардан бирининг фикрини келтиради: «Душманлардан қўрқма — нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма — нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ — улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади».
Александр Файнберг шеърларида оддий инсоний туйғулардан тортиб, оламшумул муаммоларгача қаламга олинади. У инсоннинг соф, олижаноб туйғуларини асраб қолишга, инсон табиатини ва дунёни инқироздан қутқаришга ундайди. Оламнинг фаровонлиги, инсоннинг бахту саодати у яшаётган жамият тараққиёти билан яхлитдир, деб билади. Бошқалар бахтли бўлса, мен бахтсиз бўлолмайман, бошқалар бахтсиз бўлса, мен бахтли бўлолмайман, дейди. Жамиятнинг барча аъзоларини Ватан тараққиёти йўлида бирдамликка чақиради.
Шошилганимда ҳам висолга хушбахт,
Куйлаганимда ҳам дўстлар-ла сармаст —
Мени тарк этмайди бировнинг дарди,
Бировнинг ғамидан чекдим уқубат.
Ҳаётда ногаҳон хафа бўлсам гар,
Ҳасад ва хиёнат сўндирса шаштим —
Бировнинг қувончи кўнглимни олар,
Йиғлагани қўймас бировнинг бахти.
Инсон дунёқарашини ўзгартиришда, уни ўзлигини англашга, онгли равишда яшашга ундашда, ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашда, маънавиятимизни бойитишда Александр Файнбергдек шоирнинг шеърлари нақадар муҳим.
* * *
Мақолани якунлаб турганимда таҳририят телефони жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам, Файнберг. Тошкентнинг 2200 йиллигига бағишлаб янги асар ёзибди. Мақоламни дарҳол матн терувчига топширдиму янги асар қўлёзмасини олиб келиш учун Александр Файнберг билан учрашувга отландим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 24-сонидан олинди.