Ўзбек мумтоз адабиётида ўзини буюк санъаткор Алишер Навоийнинг шогирди ва у зот яратган ажойиб мактабнинг давомчиси, деб ҳисоблаган шоирларнинг сон-саноғи йўқ. Улар орасида яқинда таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланадиган Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат алоҳида ўрин тутади. Зотан, тўққиз ёшлигидаёқ шоирлар султони Навоий ҳазратлари асарларига мафтун бўлиб, ўша кунларда ҳазратни тушида кўриб, ундан “оқ фотиҳа” олиб, ўзига хос тиниқ мазмунли мўъжазгина байтини битган Зокиржондан бўлак ўта иқтидорли шоирни маданиятимиз тарихи билмайди.
Мана, шоир кейинчалик “Туркистон вилоятининг газети”да рақам қилган ўша ажойиб кунлар ва воқеалар тасвири: “Чун умрум шоҳиди тўққуз парда орқасидин чеҳра кўргузди, Амир Алишернинг туркий девонлариким Навоий лақабдур, забоним қуши ул хирмандин доначин ўлди.
Ул ҳангомаларда воқеаи ажаб рўйдод бўлди, яъни бир кечаким, ул жумъа кечаси эрди, туш кўрдум. Бир чорбоғе эмишдурким, эрам гулшани андин нишона бўлғай. Сабзалар ва кўб тоза гуллар ҳавуз яқосида, суффаи дилнишин гуногун бисотлар бирла ораста эрди. Ман ул жаннатсаро гулистонда ҳар тарафға танҳо кезар эмишман. Вақтеки боғнинг бир гўшасида бир дарахт узасиға чиқиб, мева термоққа машғул эрдим, ногоҳ бир зебосурат йигит пайдо бўлуб, пайғом еткарди. Дедиким: бир жамоа уламолар сизни суҳбатлариға таклиф қилурлар. Бул хабар истимоидин филҳол мен ул дарахтдин тушуб, анинг рафоқати бирла маҳалли ижтимоъға мутаважжиҳ бўлдум. Боруб кўрдум: ул суффаеким зикр ўлинмиш эрди. Анда кўп уламолар давра олиб ўлтурибдурлар ва хосса юқорида уч мўйсафид фариштасифат кишиким, ҳузурларида катта китоблар ёзилғон, бир-бирлари бирла мунозара қилурлар. Ва мен пастда қўл боғлаб салом қилдим (Фурқат тушида бу уч фариштасифат мўйсафидни кўргани бежиз эмас. Зотан, “Аҳволот”да баён қилинишича, бўлажак шоир ўша вақтга қадар Саъдий Шерозий, Мирзо Абдулқодир Бедил ва Алишер Навоий девонлари билан танишиб улгурган эди — Ш.Ю). Ул азизлардан бири жавоби арзан тутуб, чақириб, ул мажлисдин жой кўрсатдилар. Адаб зонус бирла ўлтурдим. Таҳсилимдин савол қилдилар. Амир Навоий деб таъзиман жавоб бердум. Ул азиз ишорати бирла бир киши менинг олдимға бир китоб ёзиб қўйди. Ул китоб Амир Навоийнинг “Чор девон”лари эрмиш. Андин менинг қўлимға қалам ва қоғоз бериб, ҳар қайсилари бир мисраъдин байт айтдилар. Мен ёзиб тамом қилдим эрса, ҳаммалари қўл очиб ҳаққимда дуо қилдилар ва шеър машқиға рухсат бердилар. Ул вақт қулоғимға хуруси саҳари хуруши етишуб, бедор бўлдумки, субҳ чоғи бўлмиш. Кўнглимға назар солсам, субҳдин мусаффоу кўзгудин мужалло эрди. Вузу айлаб, бомдод намози учун масжидға бордим. Баъд аз адойи саловат мактабға кириб, устозим ҳазратға бу воқеадин баён айладим. У киши муборак таъбирлар айтиб, дедиларким: эй фарзанд, ул юқорида ултурғон азиз Амир Алишер Навоий ва ўзгалари сойир шуаролар бўлғай. Сенинг зотингға алардин мадад етиб, илми ашъордин башорат бермишлар, муборакинг ўлғай. Зиҳи майманатмаоб хоб кўрмишсан, деб жабнимдин бўса айлади. Бу каломи фарҳатанжомдин кўнглимға тоза масарратлар юз қўйди.
Бир кун дабистонда танҳо қолиб китобат қилур эрдим. Нохостдин кўнглум ганжинасиға бир мазмун жилвагустар ўлуб, фикрим бикридин бир байт зода ўлунди. Филфавр таҳрир низомиға чектим, бу эрдики байт:
Менинг мактаб аро булдур муродим,
Хатимдек чиқса имлоу саводим.
Чун бу фард байтни устодим назариға еткардум, кўб истеҳсонлар айлаб, ҳаққимда дуойи хайрлар қилди».
Фурқатнинг матбуотда эълон қилинган «Аҳволот»идан олинган юқоридаги лавҳанинг алоҳида ибратли икки жиҳати бор. Булар, аввало, Алишер Навоийнинг оқ фотиҳаси, иккинчидан, маҳалла масжиди қошидаги оддий мактабнинг оддий домласи бўлмиш Муҳаммад Олимнинг ўз шогирди тушига муносабати билан боғлиқдир. Ҳазрат Навоийнинг оқ фотиҳаси тўққиз ёшли болакайнинг ҳақиқий кароматга дуч келганини, кейинчалик бу каромат ўзини тўла-тўкис оқлаганини кўрсатадики, бу жиҳат ўқувчида олий диний эътиқодни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мулла Олим домланинг шогирди тушига муносабати эса, шўро даври мафкурачиларининг гўё Туронзаминдаги эски мактабларда «вазава-вазава, от тўрва»дан бошқа нарса ўргатилмасди, улардаги домлалар ўз шогирдларига ўта бешафқат, чаласавод кишилар эди, деган қабиҳ туҳматлари қанчалар асоссиз бўлганини кўрсатувчи ёрқин далиллардир.
Домласининг оқилона муносабати Зокиржоннинг келгусидаги бутун фаолиятида, айниқса, буюк Навоий анъаналарининг бетакрор давомчиси ва камол топтирувчисига айланишида алоҳида аҳамият касб этган.
Дастлабки вақтларда ҳазрат ижодига тақлидий муносабатда бўлган, кейинчалик эса, поғонама-поғона юксалиб, ўз буюк устози билан бемалол мусобақалашиш даражасига етган Зокиржон Фурқат ижодининг бу жиҳати кўп томонлама ва мураккаб бир жараённи ташкил этади. Узоқ давом этмаган тақлидий ёндашув даврида Фурқат Навоий қўллаган тайёр тимсол ва ташбеҳларни, шеърий санъатларни олиб, уларга ўзича оро беради, ўқувчида янги туйғулар пайдо қиладиган чизгилар киритади. Лекин Навоийга шогирдликнинг ўша илк давридаги маълум даражада тақлидий ижод намуналари ҳам унинг ўзигагина хос улкан истеъдоди, аруз вазни сирларидан пухта хабардорлиги туфайли каттагина таъсир кучига, эҳтиросларга эга бўлган ва оддий шеърият ихлосмандларинигина эмас, балки ўша давр пешқадам ижодкорларининг ҳам эътиборини қозонган, уларда ҳавас туғдирган, ҳатто Фурқат Навоий ғазалларига қилган татаббуларига тахмислар боғланишига олиб келган ҳоллар ҳам бўлган. Шу ўринда Фурқатнинг Навоий ғазалларидан бирига қилган татаббусини мисол келтириш мумкин. Ҳазратнинг «ўлтурғуси» радифли ажойиб ғазали кенг ўқувчилар орасида алоҳида шуҳрат топганидан ташқари, ўз замонасининг энг етук бастакор ва хонандалари қалбига ўт солиб, тез орада шуҳратига шуҳрат қўшилганлиги маълум. Ёш шоир Зокиржон буюк устоз меросига маҳлиё бўлиб, уни кеча-кундуз тинимсиз мутолаа қила бошлаган йилларда ҳам “Ўлтурғуси” қўшиғи катта-катта давраларда Фарзинхон, Макайлик, Абдуқаҳҳор, Мадумар ҳофиз сингари фарғоналик хонандалар, Мулла Тўйчи ҳофиз, Абдулла булбул тахлитидаги Тошкент хонандалари томонидан завқ-шавқ билан ижро этилар эди. Ҳазрат Навоий девонларини мутолаа қилар чоғида Фурқат эътиборини жалб этган ғазалларининг бири ҳам “Бадоеул васат”дан ўрин олган худди шу “ўлтурғуси” радифли ғазал эди. Ғазал “Чор девон”нинг учинчи китобига киритилганининг ўзи ҳам ноёб санъат намунаси ҳазрат камолот чўққисига кўтарилган бир аснода яратилганидан далолат беради. Шунга қарамай, Зокиржон Фурқат ўз “Аҳволот”ида қайд этганидек, Муҳйи, Муқимий, Завқий, Нисбатийлар билан биргаликда Қўқон адабий муҳитида ижод этган қизғин дамларда ёш шоир буюк устозининг худди шу ғазалига татаббу битишга жазм қилганлигининг ўзи, айниқса, эътиборга лойиқдир. Ўша вақтда 25 — 27 ёшларда бўлган Фурқатнинг бу татаббуси Қўқонда ҳам, ундан олис-олисларда ҳам шунчалик кенг шуҳрат топадики, ўнларча йирик хонандалар уни энг суюкли хонишларидан бирига айлантириб оладилар. Янада характерли бир жиҳат шуки, Фурқатнинг буюк замондоши ва энг қалин дўсти Муқимий “ўлтурғуси” радифли ғазалига тахмис боғлашга камарбаста бўларкан, буюк Навоий ғазалини эмас, балки ўз қаламкаш дўстининг бу ғазалига қилинган татаббусини танлайди. Муқимийнинг бу ишидан у ўз ёш дўстини Навоийдан ҳам ортиқ кўрган эди, деган хулоса чиқмайди, албатта. Унинг бу тантилигида Зокиржон Фурқатни буюк Навоийнинг энг истеъдодли, энг муносиб давомчиларидан бири сифатида мардона тан олганини кўриш мумкин, деб ўйлаймиз.
Зокиржон Фурқатнинг ўзи эса, даҳо устоз меросининг энг ноёб намуналарига қайта-қайта мурожаат этиб, ўқувчи тасаввурини лол қолдирадиган беназир тимсоллар топишга, ҳазрат Навоийдек тенгсиз қалам соҳиби билан энг яхши маънода мусобақалашувга уннаб кўради. Энди у Навоий назмида чўққи ҳисобланган қанчадан-қанча тимсолларга янгича муносабатда бўла бошлайди, уларнинг даҳо ижодкор асарларида пинҳон қолган янги-янги қирраларини очиш даражасига етади.
Ҳазрат Навоийнинг “айлаб” радифли шоҳ ғазалларидан бири қарийб беш аср мобайнида қанчадан-қанча азамат шоирларни лол қолдирганининг, улар буюк устознинг бу ғазалига неча-неча тахмислар, татаббулар қилганликларининг ҳисобига етиш ҳам амри маҳолдир. Аммо ана шу ижод маҳсуллари орасида Зокиржон Фурқат боғлаган тахмис билан бемалол рақобат қиладиган бирор асар топилмаса керак. Чунки Фурқат тахмисида ҳар бир банд гўё ҳазрат Навоий қалбидан кечган, аммо ўқувчилардан маълум даражада пинҳон қолган ғоят зарур ва нозик туйғуларни ўқувчи тасаввурларида ҳайратомуз бир маҳорат билан гавдалантиради. Мана, ғазал матлаъи бўлмиш илк байт:
Тун оқшом келди кулбам сори ул гулруҳ шитоб айлаб,
Хироми суръатидин юз уза хайдин гулоб айлаб.
Кўриниб турибдики, ҳазрат Навоий маҳбубанинг тун оқшомдаги шитобкорлик билан, вужуди терга ботган тарзда ошиқ кулбасига кириб келиш ҳолатидан гап бошлайди. Лекин Фурқатни маҳбуба ошиқ кулбасига кириб келгунига қадар унинг севгилиси қай алфозда бўлганини ўқувчига кўратиш ҳам жуда-жуда қизиқтиради ва гапни худди шундан бошлайди:
Кўнгилда орзуйи васли ул олийжаноб айлаб,
Ётиб эрдим фироқ андуҳи жонимға азоб айлаб,
Баногоҳ гул юзига сунбули зулфин ниқоб айлаб…
Бинобарин, маҳбуба ошиқ кулбасига кириб келгунига қадар фироқ андуҳи жонига азоб берган ошиқ унинг васлини азтаҳидил орзу қилиб ётган бир алфозда, яна сунбул зулфини гул юзига ниқоб қилган ҳолда, бунинг устига тўсатдан кириб келган. Тахмиснинг бошқа бандларида шоҳ ғазалга янада мукаммаллик бахш этувчи, ноёб тимсолларни тиниқлаштирувчи, моҳиятини янгича кўриш билан ўқувчининг “Офарин!” дейишига сабаб бўлувчи беназир мисралар моҳирлик билан пайвандланган. Фурқатнинг бетакрор санъаткор сифатидаги кучи шундаки, у Навоий яратган энг кўркам тимсолларнинг ҳам янги томонларини очишдан, керак бўлганида уларни инкор этиб, уларга янгича моҳият киритишдан чўчимайди. Буни Навоийнинг худди шу ғазалидаги:
Қуёшдек чеҳра бирла тийра кулбам айлагач равшан,
Менга титратма тушти зарра янглиғ изтироб айлаб —
байтига Фурқатнинг муносабатида, айниқса, яққол кўриш мумкин. Ошиқнинг қоронғу кулбасига қуёш чеҳрали маҳбуба кириши биланоқ у изтиробдан зарра янглиғ титратмага тушиши билан боғлиқ доҳиёна, тенгсиз тимсол ҳар қандай забардаст шоирни ҳам ҳайрат мақомида қолдириши, бу таассурот уни неча-неча кечаларни бедор ўтказишига сабаб бўлиши тушунарли бир ҳолдир. Ғазални ўқиган Фурқат ҳам шу алфозда бўлганини мантиқ тақозо этади. Бироқ Фурқатнинг Фурқатлиги шундаки, у ҳар қандай ҳайрат мақомини енга олади, маълум фурсат ўтгач, у ҳолатдан чиқиб, энг ҳайратомуз жиҳатларга ҳам босиқлик билан қарайдиган, улар моҳиятини макаммал тушуниб, янги жиҳатлари ҳақида ўзига хос фикр юритишга етадиган қудрат ва истеъдодини намойиш этади. “Айлаб” радифли ғазалга тахмис бойлаган Фурқат ўша байт олдига яна уч мисрани кўркам пайванд этадию биз юқорида келтирган бемисл тимсол билан беллаша оладиган тимсол яратиш ишини кейинроққа қолдиради. Бу ҳайратомуз тимсолга у:
Жомаи заркаш кийиб, от ўйнатиб чиқсанг нигор,
Бўлмағайму заррадек хуршиди ховар беқарор —
матлаъли ғазалида мурожаат этганини кўрамиз. Энди Фурқат ҳар қандай ижодкорни ҳайрат мақомида қолдирадиган юксак чўққини эгаллайди. Ҳазрат Навоий байтида қуёшчеҳра маҳбуба ошиқ кулбасига қоронғу кечада кириб келиши ошиқни ожиз бир заррадек титроққа солгани ҳақидагина гап боради. Фурқатга келсак, маҳбубани қуёшга, ошиқни заррага ўхшатиш ҳам шоирни қониқтирмайди. Буни қарангки, Фурқат тасвиридаги маҳбуба заррин либосда, самандини ўйнатиб чиқаркан, оламни нурга тўлдириб турган қуёшнинг ўзи заррадек беқарор титроққа тушади.
Буюк шоирнинг бошқа кўплаб бетакрор ижодий тимсоларига ҳам Фурқат моҳият эътибори билан улардан бутунлай фарқ қиладиган, ўқувчи титроқ қалб билан қабул қиладиган янгиликлар киритади. Навоийнинг бир ғазалидаги:
Эй Навоий, борди деб аҳбоб таъжил этма кўп,
Ит киби мен иришиб ул корвонни бораман —
деган беназир тимсол ҳам Фурқат қалами қудрати билан юксакликка кўтарилганининг, янгича куч-қудрат касб этганининг гувоҳи бўламиз. Унда Навоий ўз лирик қаҳрамонини дўстлар томонидан ташлаб кетилган, бироқ вафодорлиги туфайли ўша дўстлар карвонини кўзлаб бораётган ит тимсолида тасвирлаб, ўқувчилар ақлини лол қолдирганлиги маълум. Ана шу бетакрор тимсол Фурқатнинг бутун ҳаловатини йўқотиб, кеча-кундуз хаёлини банд этади. Фурқат ўз буюк устози яратган ўта ҳазин тимсол билан беллаша оладиган, унинг янгича талқинини яратадиган тимсол яратиш учун бир эмас, бир неча йил фидойиларча меҳнат қилган кўринади. Зотан, шоирнинг турли даврларда яратган турли ғазал ва мухаммасларида бу ноёб тисолнинг турлича товланишларига дуч келамиз. Мана, уларнинг баъзилари:
Саги аввора янглиғ бормоғим қайда билолмасмен,
Қачон бўлғайки топгайман йўқотган корвонимни.
* * *
Адашган ит каби Фурқат қаён борғум билолмасмен,
Қачон бўлғайки топгайман хабар ёру диёримдан.
Бу икки байтдаги карвонидан адашган оввора ит тимсолининг ўзида янгиликлар бор, албатта. Негаки Навоий байтида тасвирланган аянч аҳволдаги итнинг олдида у қоралаб бориши мумкин бўлган карвон мавжудлигининг ўзи ит қифасида тасвирланган лирик қаҳрамон учун маълум даражада енгиллик туғдириши турган гап. Лекин синчков Фурқат бу янгилик билан чекланмайди. қайта-қайта қилинган оғир машқлар шоирнинг ўзини ҳам ҳайратга соладиган кашфиётларга олиб келади. Мана ҳар қандай ўқувчи қалбини ларзага соладиган ўша байт:
Югурсам ҳар тарафға айб қилманглар бу водийда,
Мисоли телба итмен корвонидин адашганман.
Буни қарангки, Фурқатнинг олдинги байтларидаги карвонидан адашганига урғу берилган оддий ит тимсолидаги лирик қаҳрамон энди бутун водийнинг у бошидан бу бошига сарсари югурувчи телба ит ҳолатида намоён бўлаяпти. Бундай даҳшатли манзарани Фурқатчалик тенгсиз куч билан, бу қадар бетакрор тасвирлаган бошқа бир санъаткорни ўзбек шеърияти тарихи ҳануз билмайди.
Буюк Навоий мактабидан олинган бу бебаҳо сабоқлар, бунинг устига Фурқатга Аллоҳнинг ўзи ато этган тенгсиз истеъдод уни санъаткор сифатида жуда ҳам юксакликка кўтариб юборди. Энди у фақат Навоийгина эмас, балки бутун Шарқ адабиёти гигантлари яратган, буюк кашфиёт даражасидаги тимсолларнинг янги-янги қирраларини очиш, ҳатто бутунлай рад этиш орқали, ғоят бетакрор, таъсир кучи беназир тимсоллар яратишда ўзига замондош энг йирик санъаткорлардан ҳам илгарилиб кетади. Масалан, маҳбуба чеҳрасини гулга, лолага, қаддини шамшодга, жаннат дарахти тўбига, рафторини товусга ташбеҳ этиш орқали ўқувчи қалбини ром этувчи манзаралар яратиш, асрлар давомида мумтоз адабиётимизда кўркам анъана бўлиб келган. Бироқ Фурқат бу анъана доирасини дадил ёриб чиқади, ўша анъанавий ташбеҳлар асосида яратилган ғоят таъсирчан тимсолларни рад этиш, уларнинг айни акси бўлган тимсоллар оламини ўз ўқувчиларига тақдим этиш йўли билан ҳайратомуз кашфиётлар қилади. Мана, шундай тисоллар намунаси бўлган бир ғазалнинг икки байти:
Бенгзар нечун руҳингга саҳро юзинда лола,
Қолғон қазо чўлида бир қон юқи пиёла.
Тўбиға этти ташбеҳ, жоно, қадингни восиф,
Билмай бу боғ сарвин бенгзартти эски тола.
Шеърий парвоз, шоирона идрок юксаклигини қарангки, не-не беназир маҳбублар чеҳрасига ташбеҳ этиш ифтихор ҳисобланган ял-ял ёниб турган лола буюк Фурқат қалами кучи билан қазо чўлидаги қон юқи пиёла шаклини олса, маҳбуба қаддини жаннат оғочи тўбига тенглаштириш не-не шоирлар учун кашфиёт ҳисоблангани ҳолда, Фурқат севгилисининг беназир қоматини тўбига ўхшатишни асл нафосат тимсоли бўлган сарв дарахтини эски, чириган толга тенглаштиришдек номақбул бир иш, деб ҳисоблайди.
Фурқат буюк Навоийдан ташқари ҳам кўҳна Шарқ шеъриятининг азалий намояндаларидан ўрганиб, яна бунинг устига Оллоҳ ато этган туғма истеъдоди кўмагида яратган кўркам тимсолларнинг, бу тимсолларда яққол намоён бўлган асл шоирона парвозларнинг чегараси, ҳадди-ҳудуди йўқ. Улар ҳали кўплаб янги-янги тадқиқотларга мавзу бўлиши муқаррар, деб ўйлаймиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 42-сонидан олинди.