Лирик тур ва унинг жанрлари, одатда, монологик нутққа қурилади, деб келинади. Диалогнинг янги қирраларини кашф этган Михаил Бахтин ҳам очиқ ва ички мулоқотлар, асосан, насрий асарларга хослигини таъкидлаб, поэзия монологик нутққа бино қилинишини айтади. Материалистик дунёқарашидан келиб чиқиб, “фақат афсонавий Одам Атогина мулоқотдан четда”, деб ўйлаган ва башар фарзандларининг қолган барчасини мулоқот доирасида фикрлаши, диалогга киришишини кўра олган олим негадир назм дурларини бу ҳудудга киритишни истамайди. Бунинг муайян сабаблари бор. Улардан бири, поэзиядаги лирик ҳиссиёт субъективлик салтанатида чекланади, деган тўхтамга келинганидир. Шарқ мумтоз назмида эса, аҳвол бутунлай ўзгача. Шайх Абдулқодир Жузжоний “Далойил ул-иъжоз” китобида назмдаги нутқ насрдагидан қолишмаслигини, ҳатто назмий нутқда имконият кўпроқ эканини айтади. Шарқ ижодкори ижодий тахайюлни аксар ҳолларда назмда ифодалаган. “Балоғат илми” олимларининг фикрича, бундай ифода шакли Қуръон назмига бориб тақалади. Алишер Навоийнинг “Бўлмаса иъжоз мақомида назм, Бўлмас эди Тенгри каломида назм” байти ҳам буни тасдиқлайди.
“Назм» тартибга келтириш, “наср” эса сочилган маъносида келади. Сўзни тартибга келтириб, чиройли ифодалаш, фақат субъективлик салтанатида, субъектив ҳодиса сифатида рўй беради, деган фикр воқеликни, хусусан, шарқ бадиий тафаккурини тўғри акс эттирмайди. Эҳтимол, Бахтиннинг Шарқ бадиий тафаккур тарзи билан таниш эмаслиги, ҳозирда “Мумтоз поэтика” деб аталаётган “Балоғат илми”дан хабарсизлиги, бу мавзуда бирёқлама фикрлашига ва ўзи кашф этган диалог назариясидан поэзияни чиқариб ташлашига сабаб бўлгандир.
Юсуф Сакокийнинг “Мифтоҳ ул-улум”, Абдураҳмон Қазвинийнинг “Талхис ул-мифтоҳ” асарларига шарҳ ёзган Саъдиддин Тафтазоний “Мухтасар ул-маъоний” китобида балоғат илмининг биринчи қисми ҳисобланмиш “Илм ул- маъоний” бобида, муқтазои ҳол шарҳида, мутакаллим (сўзловчи) айтган ҳар қандай гапда ҳукм борлигини таъкидлаб, мухотаб (тингловчи) бу гапдаги ҳукмни тасдиқлайди ёки инкор этади; ҳайратланади ёки тушунмайди; мухотабнинг бундай муносабатига қараб иккинчи гап айтилади, дейди. Биринчи гап – ибтидоий ёки биринчи хабар, иккинчи гап — таъкидловчи, учинчи гап эса инкорий, деб аталади. Мутакаллим лафзида бу ҳукмлар бир асар доирасида узлуксиз такрорланишда давом этади. Лекин мутакаллим ўзига ўзи гапирмоқда, деб эътибор қилинмайди. Мутакаллимнинг сўзи ҳамиша кимгадир — бировга қаратилгани билан бирга, ўша бировнинг муносабатини ҳам назардан қочирмайди. Таъкидлар, инкорлар шунинг учун керак. Биров муносабати биз кўриб турган матндан ташқарида, бадиий асар воқелигида мавжуд. Лекин мухотабнинг муносабати бир қарашда илғанмайди. Айтилаётган калом, фақат мутакаллимнинг бир томонлама монологик нутқи, деган таассурот уйғотади. Эътибор бериб қаралса, муайян матнда мухотабнинг, яъни биров сўзларининг сояси ётади. Бундай ҳодисани Бахтин насрий асарларга, хусусан, романга хослайди. Бизнингча, Алишер Навоий ғазаллари ҳам ана шундай ички диалогик муносабатларга қурилган.
Ғазал Шарқ адабиётида қарийб минг йил давомида энг эътиборли жанр саналиб келди. Жонли сўз, жонли мулоқот ғазал воситасида бадиий сўзга айланди. Ҳаётда жонли сўзгина яшовчан. Жонли сўз эса монологик қуруқ, бирёқлама нутқда эмас, жонли диалогда яшайди. Жонли мулоқот иплари жамият аъзосининг ҳар бирига, бу орқали эса, катта замонга уланади. Сўзни ўта ҳассос тушунувчи шарқ ижодкори мулоқот шаклларини билмаган, дейиш соддаликдан бошқа нарса эмас. Абдураҳмон Қазвинийнинг “Талхис ул-мифтоҳ” китобида, каломни муқтазои зоҳирга (ташқи диалогга) чиқариш, муқтазои ҳолга (ички диалогга) тушуриш ҳолатлари ҳақида муфассал маълумот берилган ва Қуръони каримдан ҳамда араб шеъриятидан баъзи мисоллар келтирилган. Муқтазои ҳол тушунчасини биз ички диалогга тенглаштирдик. Аслида, муқтазои ҳол анча кенг ҳодиса. Ички диалог унинг бир қирраси, холос. Ҳолат тақозоси мақомларни ҳам ўз ичига олган ҳолда макон ва замонни ҳам қамраб олади. Балоғат илмининг объекти саналган бу тушунчаларни Навоий жуда яхши билган. Шунинг учун ҳам ғазалларидан бирида бундай ёзади:
Банд этибдур жадал аҳли ишин ашкол андоқ
Ким, не “Мифтоҳ” анга суд қилур, не “Талхис”.
Навоий “Мифтоҳ” деганда, биз юқорида айтиб ўтган Абу Яъқуб Юсуф Сакокийнинг машҳур “Мифтоҳ ул-улум” асарини, “Талхис” деганда эса, “Мифтоҳ ул-улум”нинг учинчи қисми ҳисобланган “Балоғат илми”ни алоҳида ажратиб олиб шарҳлаган, баъзи ўринларда Сакокий билан баҳсга киришган Абдураҳмон Қазвинийнинг “Талхис ул-мифтоҳ” китобини назарда тутади. Алишер Навоийнинг қуйидаги ғазалини шундан келиб чиқиб шарҳлашга ҳаракат қиламиз:
Эй кўнгил ер кўк асосин асру бебунёд бил,
Ул кесакни сувда кўр, бу сафҳани барбод бил.
Биринчи хабар ҳайратланарлилиги, кутилмаганлиги билан мухотабни ўзига жалб эта билмоғи керак. Бунда мақом қанчалик юксак бўлса, тингловчининг ақли шошади. Сўзлар қанчалик гўзал терилмасин, уларда тингловчи учун янги хабар топилмаса, чуқур мазмун баён этилмаса, мухотабда кутилган қизиқиш уйғотмайди. Шоир бадиий тахайюли тақдим этаётган саккиз тарафи чексиз маконда, чексиз замон ва шу замоннинг жуда қисқа бир лаҳзасида бутун моҳият жилваланади. Тингловчи тийиқсиз саволлар гирдобида қолади. Бунда ғазал воқелигидаги бор деб эътибор қилинадиган мухотабни айнан тингловчи дейиш у қадар тўғри эмас. Шунинг учун, шоирнинг лирик қаҳрамони мулоқотга киришаётган мухотабни ғазал воқелигидаги биров деб олиш масалани анча ойдинлаштиради. Лирик қаҳрамон билан ғазал воқелигидаги биров ўртасидаги муқтазои ҳол даражаси қанча баланд бўлса, шунга мувофиқ мақом ҳам юксалади. Мақом қанчалик юксак бўлса, муқтазои ҳол ҳам шунга муносиб тарзда кечади. Бу ўринда мақом жуда юксак. Ҳеч иккиланмасдан иъжоз мақомида, дейиш мумкин. Биринчи хабарда айтилган ҳукм, ғазал воқелигида бор деб эътибор қилинган бировда турли ҳолатларни вужудга келтириши эҳтимолдан холи эмас. Биров айтилган гапни тушуниши ёки тушунмаслиги, ҳайратланиши ё ҳайратланмаслиги мумкин. Лирик қаҳрамоннинг ғазал матнида кўринмайдиган, аслида ғазал воқелигида мавжуд бўлган бировга қарата айтган гапи ўша бировда жим турмасликни тақозо этади. У қандайдир муносабат билдиради. Бу муносабат қандай шаклда юз бергани ғазал матнида кўринмайди, лекин ғазал воқелигида бор, деб эътибор қилинади. Бу муносабатга жавоб сифатида иккинчи жумла юзага келади. Бу ўринда, бир байт ичида кечувчи, байтлар орасида содир бўлувчи ҳамда бутун ғазал давомида юзага келувчи мулоқотлар ҳақида эслаб ўтиш жоиз. Баъзан мазмун тугаллиги эътибори билан бир байт ичида мулоқот юз бермаслиги ҳам мумкин. Лекин юқоридаги байтнинг биринчи мисрасиёқ бировда муайян савол туғдириб улгурган. Шунинг учун иккинчи мисра, маълум маънода, бировнинг саволига жавоб тарзида келади. “Ул кесакни сувда кўр, бул сафҳани барбод бил”. “Эй кўнгил” бу ўринда, фақат шоирнинг ўзига қилган нидоси деб олинса, у қадар тўғри эмас. Тасаввуфда қалб ҳақида гап кетар экан, нафсоний тушунчадан юксакда турувчи қалб тушунчаси нафсини енгиб, кўнгил билан яшаётган кишига нисбатан ишлатилади. Шу боис “Эй кўнгил”дан мурод – Эй кўнгил кишиси. “…асру бебунёд”лик бировда савол туғдирар экан, айни пайтда, маълум хабардорлик ҳам пайдо этади. Навоий ғазалларидаги мутакаллимнинг, яъни лирик қаҳрамоннинг мақоми жуда юксак. Мухотабнинг, яъни бировнинг ҳолат тақозоси ҳам шунга муносиб тарзда. Зеро, муқтазои ҳол мутакаллимни баланд мақомда сўзлашга чорламоғи шарт. Биринчи мисра – ибтидоий хабар ғазал воқелигидаги бировда муайян туйғулар пайдо этар экан, ўз туйғулари ифодаси ўлароқ хабарга муносабат билдиради. Муносабат, аксар ҳолларда ибтидоий хабарга нисбатан тушунмаслик шаклида мавжуд, деб эътибор қилинади. Тушунмаслик мутакаллимда ҳолат тақозосига қараб янги жумлани айтишга йўл очади. Бундай ифода шакллари араб тилида турли таъкид воситалари ёрдамида амалга оширилади. Ўзбек тилида эса, таъкидлар кўпроқ жумладаги сўзлар ўрнини алмаштириш орқали юзага чиқади. Шунинг учун ғазалдаги, умуман, шеърдаги кўтаринкилик, қуймалик бу таъкидлар мавжудлигини, нутқнинг бировга қаратилганлигини сездирмайди. Ер-кўк асосининг аслида бебунёдлиги ғазал воқелигидаги бировда тушунмаслик пайдо этганини билган мутакаллим “Ул кесакни сувда кўр, бул сафҳани барбод бил”, деб таъкидловчи иккинчи хабарни айтади. Ер – замин мисоли бир сувга тушган кесакдек, кўк – осмон худди барбод бўлувчи, йўқлик сари кетувчи, йиртилиб-титилиб кетадиган бир саҳифа каби. Фано мақомида турган мутакаллимнинг бундай кутилмаган хабари ғазал воқелигидаги бировда яна муносабат пайдо этади. Бу муносабат энди тушунмаслик мақомида эмас, балки муқтазои ҳолга қараб ўзгачароқ кечиши мумкин. Байт ўз-ўзича мукаммал, ундан ҳеч нарсани олиб ҳам, қўшиб ҳам бўлмайди. Фикр ҳам гўё тугагандек, лекин шарҳи ҳол энди бошланди. Биринчи байт, аксар ҳолларда Навоий ғазалларида тезис шаклида келади. Кейинги байтлар бу тезисни бирма-бир ечиб боради. Қуруқ, жонсиз монологик нутқда бу тезис жавоблари ҳам бизнинг ҳисларимизга таъсир этмайдиган жонсиз бўлиб қолади. Ғазал воқелигида рўй бераётган жонли мулоқот эса, тингловчига таъсир этади ва ғазалнинг яшовчанлигини таъминлайди. Жонли мулоқот, жонли сўзгина яшовчан. Жонли сўз, қалб мушоҳадасидан ўтказилиб, кейин воқеликка айланади. Сўз қалбдан – кўнгилдан чиқмаётган экан, жонсиз, маънисиз товушлар силсиласига тушиб йўқлик сари ғойиб бўлади. Шунинг учун ҳам кейинги:
Жисм уйи чунким эрур фоний, тафовут йўқ ани
Гар фано селобидин вайрону гар обод бил –
байтидаги “чунким” ғазал воқелигидаги бировнинг мулоқотга киришиб билдирган муносабатига таъкид ўлароқ мисрадан ўрин эгаллайди. Аслида, бу ғазалдаги “бил” радифининг ўзи ғазал воқелигидаги мутакаллим ва мухотаб ўртасида мулоқот кечаётганини билдиради.
Биз кузатаётган ғазалда мулоқотнинг шундай очиқ шакли байтлараро ўз аксини топган. “Эй кўнгул, ер-кўк асосин асру бебунёд бил, Ул кесакни сувда кўр, бу сафҳани барбод бил”, матлаъсининг ўзи ҳам муқаддам савол берувчи биров мавжудлигини тасдиқлайди. Мухбир ғазал воқелигида муқаддам ўтаётган хабардан воқифгина эмас, балки унга қўшимча равишда мухотаб учун янги хабарни айтмоқда. Ер-кўк асоси, аслида, бебунёдлигини билдириш билан кифояланмай, ерни кесакка, кўкни саҳифага қиёсламоқда. Яна “бил” буйруқ феъли билан ғазал воқелигида мавжуд бировга таъкидлаб қўймоқда. Бунда муқтазои ҳол муқтазои зоҳирга чиқарилган. Муқтазои ҳол муқтазои зоҳирни ўз ичига олади, лекин муқтазои зоҳир муқтазои ҳолни қамраб ололмайди. Бошқача айтганда, ҳар қандай зоҳир тақозосида ҳол тақозоси мавжуд, балки зоҳир тақозоси ҳол тақозосининг ичида юз беради, бироқ ҳар қандай ҳол тақозоси зоҳирни тақозо этмайди. Шунинг учун, аксар ғазалларда муқтазои ҳолнинг муқтазои зоҳирга чиқарилмагани ғазал воқелигида кечувчи ички мулоқотни кўриш имконини қийинлаштиради. Ҳолат тақозоси эса, каломнинг ҳиссиз, жонсиз, ўликлар дунёсига эмас, аксинча, жонли мулоқотга киришувчи, қалби уйғоқ, тирик инсонларга қаратилмоғини шарт қилади. Ана шундан муқтазои ҳолда таъкидлар, инкорлар пайдо бўлади. Иккинчи байтда эса, матлаъдаги тезис шаклидаги фикр давом эттирилади, айни пайтда, биринчи байтга қайтиш эҳтиёжини пайдо қилади. Ер-кўк асосининг аслида бебунёдлиги, яъни фалакда сузиб юриши ва уларнинг лаҳзада йўқликка юз тутиши мумкинлиги тахайюлни коинотдан инсон сари етаклайди. Фано селобидан гоҳ вайрон, гоҳ обод бўлган жисм уйи ҳам “асру бебунёд” ер-кўк каби ўткинчи. Улар ўртасида, катта замонда олиб қараганда фарқ йўқ. Ўз-ўзидан, ғазал воқелигидаги бировда, айни пайтда, ўқувчида ҳам савол туғилади. Мутакаллим учун ана шу саволнинг туғилиши муҳим. Бу саволнинг муқтазои ҳолини фақат шоиргина кўра олади ва ғазал воқелигидан бизга яна кутилмаган янги хабарни беради:
Тўрт унсур қайдидин то чиқмағайсен нафъ эмас,
Осмоний тўрт дафтарни тутайким ёд бил.
Аввалги икки байтда етказилган хабар мухотабда қатор саволлар туғдиради ва бу саволлар қайсидир даражада мутакаллимда инкор этиш даражасига ўтиб боради. Аслида, мухбир ўз хабари билан мухотабга бир фойда – нафъ етказиши керак. Бу ўринда хабардан қандай нафъ борлигини сўрашни ҳолат тақозо этади. “…то чиқмағайсен нафъ эмас” деган сўз, ана ўша саволнинг мавжудлигига далолат. Осмоний тўрт дафтар – Забур, Таврот, Инжил, Қуръон. Тўрт унсур ва тўрт дафтар бир-бирига муқояса қилинади. Тўрт унсур – ҳаво, сув, тупроқ, олов. Инсон жисми мана шу тўрт унсурдан вужудга келган. Руҳ эса азалий маконида, ал-мийсоқда Роббисининг “Аласту би Роббикум!?” – Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми!? — деган нидосига, “ҳа, Роббимизсан!” — дея жавоб берган. Сўнгра жисмга киритилган. Навоий “Аласт жомин ичиб маст”, деганда ал-мийсоқдаги ўша воқеага, мулоқотга ишора этади. Тасаввуф аҳли руҳий сайру сулукка интилар экан, ана шу заминий тўрт унсур кишанларидан озод бўлиш истагида ёнади. Илоҳий тўрт китобни ёдлаб олган тақдирда ҳам инсон бу тўрт унсур қайдидин (кишанларидан) қутулмоғи душвор. Бунинг учун илоҳий китобни қуруқ ёдлаб олиш эмас, балки моҳиятига етиш, тушуниш, ҳислар оламида яшаш, илоҳий сирни англаш лозим. Илоҳий китобни ўқимаса, ёдламаса инсон қандай қилиб ҳақни танийди!? Ҳақнинг сифатларини қаердан билиб олади? Табиийки, бундай савол, юқорида айтилганидек, ғазал воқелигидаги бировда пайдо бўлади. Бировнинг саволи ниҳоят бу ерда келтирилади. Ана шу савол мавжудлигининг ўзи, бутун ғазал воқелигида мутакаллим сўзларига жавоб берувчи ва савол берувчи биров борлигидан хабар беради.
Эйки дебсен, ҳақни не таърифу васф ила билай.
Васфдин мустағнию таърифдин озод бил.
Байтни гўзал санъатлигидан чиқариб, мансурлаштирсак бундай кўриниш юзага келади: ундай бўлса, Ҳақнинг таърифини ва васфини қаердан билиб оламан? Ахир, ўша тўрт осмоний китоб бизларга Яратганни танитмадими? Сифатларидан хабар бермадими? Нақлий далилларга суянмаса, инсон ўз ақли билан Ҳақни топмоғи маҳол. Шундай экан, Ҳақни танитадиган таърифу сифатларсиз қандай қилиб Уни билиш мумкин?
Ғазал воқелигида мавжуд бировнинг бундай инкор даражасидаги муносабати лирик қаҳрамоннинг юксак мақомдаги инкорий жавобини юзага чиқаради. “Васфдин мустағнию таърифдин озод бил”. Ҳақ – Яратгувчи шундай Зотки, У сифатга муҳтож эмас, сифатдан беҳожат. Ҳар хил таърифлардан озод. Бундай тасаввур, фақат сўфиёна қалбга хос. Сўфий сифатлару таърифларсиз Унинг ўзига етишиш орзусида яшайди. Унинг жамолини кўришни бошқа ҳамма нарсадан устун қўяди. Унинг зикри билан туну кун машғул бўлади. Ётганда ҳам, турганда ҳам Унинг зикри билан нафас олади.
Табиийки, ғазал воқелигидаги бировда яна қатор саволлар туғилади: у ҳолда, ҳақнинг сифатларини келтирувчи, ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ, деб таърифловчи малоиклар, Ҳақ йўлига кирган валийлар нега мудом васфу таъриф ҳақида сўйлайдилар? Нега улар эртаю кеч зикр билан машғул? Зикр ўзи нима?
Тенгри зикриким, малоикка ғизойи руҳ эрур,
Бу ғизони ҳақ йўлига кирган элга зод бил.
Яъни малоикларнинг руҳий озуқаси, Ҳақ йўлига кирганларнинг зоди роҳиласи –сафар учун зарур саналган озиқ-овқат, анжомлари, энг керакли нарсаси, бу – Тангри зикри.
Кейинги байтнинг ҳарфи шарт маъносидаги сўз билан бошланиши, ғазал воқелигидаги бировда муайян диалогик муносабат пайдо этганига далолат қилиб турибди. Бу мулоқот қандай кечишини ижодкор шуурида ҳис этади ва тасаввурда жонлантиради. Ғазал воқелигидаги биров билан лирик қаҳрамонни баҳсга кириштиради.
Гар ҳабибим қилса изҳори калом, эй пири дайр,
Исийи Марямни ул дам гунги модарзод бил.
Агар ҳабибим гапирса, эй дайр пири, онадан туғилибоқ сўзлаган Исо ибн Марямни ўша дамда гапирмаган деб бил. “Ҳабибим” сўзини икки хил талқин қилиш мумкин. Биринчисига кўра, ҳабибимдан мурод – Яратгувчи ҳақ. Оллоҳнинг ўзи гапирганда Исони ҳам туғма соқов деб бил. Иккинчисига келсак, Навоий “ҳабибим” сўзини кўпинча Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан қўллайди. Бундан ташқари, мўминнинг муҳаббати Оллоҳга ва Муҳаммад алайҳиссаломга хосланадики, бу муҳаббатсиз мўминнинг иймони комилликка етмайди. Комил иймон эса, ана шундай ишқ ва ошиқликни тақозо этади. Демак, байтда ҳабиб ҳақида сўз кетган экан, ғазал воқелигида ишқ ва ошиқлик тўғрисида биров билан мулоқот кечади. Бу мулоқотнинг, қўйилган саволнинг жавоби ўлароқ кейинги байт дунёга келади.
Мантиқи ишқ ичра ошиқни тасаввур айла навъ,
Фард бўлғонларни бу йўлда анга афрод бил.
Ишқ мантиқи мантиқсизликка бино қилинади. У ҳар қандай мантиқни тан олмайди. Унинг ўз мантиқи мавжуд. Ошиқ бу мантиқсиз савдойиликлар ичра мантиқ топиб яшайди. Шайх Санъон ва муридлари ўртасида кечган мулоқотни эслаш бу жойда ўринли. Ҳар бири Жунайду Боязиддай фард бўлган тўрт юз мурид ишқ йўлида Шайхни тушуна олмай афродга айланди. Навоийнинг лирик қаҳрамони, аксар ҳолларда, ғазалларда қайсидир тасаввуф шайхларини эсга солади. Навоий пиру муршидлар маноқибларини бадиий асарларида синтезлаштириб юборади. Мулоқот ишққа келиб тақалган экан, лирик қаҳрамоннинг етуклиги, хабардорлиги ғазал воқелигидаги бировга яна-да таъкидлашни тақозо этади. Ана шундан “тасаввур айла навъ”, “анга афрод бил” сўзлари тушунмаслик ҳолига тушган бировга нисбатан ўта таъкидлаш даражасида айтилади. Байтдаги ҳолат тақозоси, кейинги байтда ҳам таъкид ва шарҳни талаб қилади. Ғазал воқелигидаги биров талабига мувофиқ кейинги хабар юзага чиқади.
Эл оёғига тушардин бошқа чиқмоқ расмини
Май куҳанпиридин ушбу дайр аро иршод бил.
Бу ўринда “бил” сўзи буйруқ феъли эканлигини, балоғат илмида эса, иншо деб аталишини айтиб ўтиш лозим. Иншо хабар эмас, балки буйруқ. Лекин Навоий буйруқ феълини хабар таркибига усталик билан сингдириб юборади. Натижада, кутилмаган хабарлар силсиласини бизга тақдим этади. Бу жонли сўз, жонли диалогда бўй кўрсатган мулоқотнинг шакли ғазал воқелигида савол қўйиш ва ғазал матнида жавоб бериш билан изоҳланади. Лирик қаҳрамон билан ижодкор ўртасида кўринмас иплар, боғлиқликлар мавжудки, уларни ажратиб олиш жуда қийин. Ғазал воқелигидаги лирик қаҳрамон ва биров мулоқотларини тушунишга йўл очади. Юқоридаги байтга шарҳ ўлароқ, биров талабига таъкид мақомида келган кейинги байт Навоийнинг шариат ҳаром қилган майга муносабатини яна бир бор кўрсатади. Навоий учун реал май ҳеч қачон мақсад эмас, балки мақсад учун восита. Айни пайтда, сулук аҳлининг сирни сақлаш йўлидаги ҳаракати, деб эътибор қилиниши тўғрироқ бўлади. Мавжуд воқеликдаги ҳодисани қандай бўлса, шундайлигича тасвирлаб қўя қолиш Навоий каби улкан ижодкорлар учун ҳеч қачон биринчи планда турмаган. Бу байт тасвиридаги қадимдан май тайёрланиш жараёни ва эл оёғига тушиб, тепаланиб, кейин бошга уриб, мастлик ҳолатини вужудга келтирувчи кўриниш, май ичишга иршод эмас. Иршод ўзни хор тутиб, паст олиб, зикр майини сипқоришгадир. Юксалиш ҳамиша қуйидан бошланишига иршоддир. Табиийки, бундай мушоҳада, бундай мулоқот ғазал воқелигидаги бировда савол туғдирмаслиги мумкин эмас.
Эй сулук аҳли, қачон мақсуд топқумдур десанг,
МосивАллоҳни фано кўрган кунинг мийъод бил.
“Эйки дебсен”, “Эй пири дайр” ва ниҳоят “Эй сулук аҳли”. Ғазал тасвиридаги бу нидолар ғазал воқелиги нақадар кенг миқёсларни қамраб олишига яна бир далил. “Иршод” сўзи сулук аҳлида мақсад ҳақидаги саволни пайдо этади. Бундай саволни қўя билиш ва саволга жавоб башарни ожиз қолдиради. “Тенгри зикри” билан тунларни тонгларга уловчилар – тунлари қойимлар, кунлари сойимлар зикр ва риёзатдан ҳориб, бир лаҳза тинганларида “қачон?” деган саволга жавоб излайдилар. Бу ҳолни бошидан кечирган, фано мақомига етган пешқадамларгина “Мосив Аллоҳни фано кўрган кунинг мийъод бил”, дея жавоб бера олади. Яъни Оллоҳдан бошқа нарсалар йўқлигини кўрган кунинг ўша мақсадга, ваъда қилинган кунга етдим, деб бил. Сулук аҳли Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини таъкидлаб, зикрда давом этар экан, дунёвий воқелик: хотиралар, ўйлар, кечинмалар, танишлар, муҳаббат можаролари, амал, бойлик ва ҳоказолар, буларнинг ҳар бири илоҳлик даъво қила бошлайди. Шавқ ва ҳол кучлилигидан мурид буларнинг ҳаммасини йўқлик сари суриб ташлайди. Маълум муддат ўтгач, бу нарсалар ҳам мурид қалбида Оллоҳ зикрини тиловат қила бошлайди. Лекин бу дегани, барча нарсалар ягона вужуд, ваҳдат ул-вужуд, дегани эмас, сўфийда кечувчи бир ҳолат, деб эътибор қилиниши керак. Сўфийнинг ботинида юз берувчи бу ҳолат ҳақида гапиришдан тасаввуф аҳли жуда эҳтиёт бўлган. Тариқат муршидлари эса бу ҳол ўткинчи эканини кўп таъкидлаган. Шунинг учун Навоий ғазалларидан бирида ёзади: “Сирри ваҳдат чун фано дайрида сиғмас лафз аро, Невчун, оё, хонақаҳ ичра туганмас айтилиб?”.
Ҳаёт билан ҳамнафас тариқат йўлларида инсонлар яшаган. Жонли ҳаёт кўчаларида эса ҳамиша савол ҳам, жавоб ҳам топилган. “Мосив Аллоҳ” тушунчаси ғазал воқелигидаги бировда “тавҳид” ва “сирр” ҳақидаги саволларни пайдо этади ва ўша бировнинг муносабати ўлароқ, ўша муносабатдан соя бўлиб байтга кириб келади:
Эйки дебсенким, билай тавҳид сирридин хабар,
Шаръдин неким тажовуз айлади, илҳод бил.
Байтдаги иккинчи мисра ғазал воқелигидаги бировнинг саволига жавоб тариқасида вужудга келади. Шариатсиз осмонда учганлар, сув юзида юрганлар, билки шайтондир, деган сўфийлар шиори бу байтда ўз ифодасини топган. “Тавҳид сирри”ни ифодалашга инсон лафзи ожиз. Шунинг учун ҳам Навоий ўзга бир ғазалида: “Нуктаи тавҳидни билган қила олмас баён, Ким баён қилдим деса, билгинки, қилмайдур билиб”, дейди. Тавҳид сирини билишга интилиш эмас, балки тавҳидга эътиқод қилиш, тавҳидга иймон келтириш, тавҳидда яшаш керак. Ғазал воқелигидаги бировга таъкид ўлароқ айтилган иккинчи мисра, лирик қаҳрамони билан ҳамфикр шоирнинг тавҳид ҳақидаги тушунчасини ифодалайди. Шариатдан чиқмасдан, тариқатда яшаш, шариат ва тариқатни бир биридан айро кўрмаслик, айнан Навоий мансуб бўлган нақшбандийлик тариқатининг йўли, аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди, ҳанафийлик мазҳабидир.
Ниҳоят ғазалдаги сўнгги байт, ғазал воқелигидаги бировга ўта таъкид даражасида, шоир, лирик қаҳрамон ва ғазал воқелигидаги бировнинг муқтазои ҳолини, айни пайтда, иъжоз мақомидаги ҳолат тақозосини зоҳирга чиқариш билан якунланади:
Дўст васлин топмағон дунёу уқбодин кечиб,
Ушбу дардингга Навоий ҳолин истишҳод бил.
Бу байтнинг бошида “Эй”, деган нидо ҳарфи тушиб қолган ва бу муайян тил ва шеър қоидаларига асосан амалга оширилган. Демак, байтнинг мазмуни қуйидагича: эй дунёу уқбодан кечиб, дўст васлини топмаган, ўзингнинг бу дардингга Навоий ҳолини ҳам гувоҳ, деб бил. Навоий ҳам сенга ўхшаб, дунё ва уқбодан кечгану лекин ҳали дўст васлини топгани йўқ.
Насрий баён шеърнинг жонини суғуриб олади. Унинг миқёсларини, мақом ва даражаларини соддалаштириб, ҳатто, айтиш мумкинки, йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам шеър мазмунини қайта ҳикоя қилиб берувчи шарҳлар порлаб турган гўзалликка соя ташлайди, холос. Биринчи байтда, яъни ғазал матлаъида ташланган тезис шаклидаги тасвир мақтаъгача бирма-бир байтлараро қамровини кенгайтириб борар экан, мақтаъда ҳам тугалланмасдан очиқ ҳолда қолади. Яъни ғазал воқелигида мулоқот тўхтаб қолмайди. Ўн бир байтда ниҳоясига етган ғазал матни ғазал воқелигида башарни ожиз қолдириб, иъжоз мақомига кўтарилади ва чексизликка қараб йўл олади. Ғазалдаги лирик қаҳрамон, биров ва воқелик ҳамда бу воқеликнинг қисқа бир лаҳзаси тасаввурдаги макон ва замон тушунчаларидан чиқиб, жуда катта замон ва маконни қамраб олади. Қисмда бутун, лаҳзада замон акс этади. Ижодий материалдан ҳамиша юксакда турувчи Навоий даҳоси, айрим ижодкорлар каби, нафақат бир-икки байтда, балки бутун ғазалда башарни ожиз қолдирувчи иъжоз мақомига кўтарилади. Бундай иъжоз мақомига кўтарилиш эса, ғазал воқелигида кечувчи жонли мулоқотга, жонли сўзга бино қилинади. Иъжоз мақомидаги сўз башарни ожиз қолдириш билан бирга энг жонли сўз ҳам ҳисобланади. Жонли сўз эса жонли мулоқотда пайдо бўлади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 49-сонидан олинди.