Наим Каримов. “Лолалар дардини англаган лола” (2009)

1926 йили Ўзбекистон давлат нашриёти Лолахон Сайфуллина-Арслонова деган номаълум адибанинг “Ўзбек хотин-қизлари турмушидан олинган сочма шеърлар” тўпламини нашрдан чиқарди. “Ичкари” деб номланган ушбу тўплам адабий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Бунинг боиси, ушбу тўпламга кирган қисса ва ҳикояларнинг Чўлпон томонидан таржима қилиниб, уларнинг “сочма шеърлар” деб баҳоланиши ва ҳатто адибага бағишланган қуйидаги шеърнинг тўпламга илова қилиниши эди:

Лолалар дардини англаган Лола,
Лолалар тилидан қилибсан нола.
Лолалар ноласи аччиқ бўлса ҳам,
То қалбдан келгувчи санчиқ бўлса ҳам,
Тинглаб келган эди карқулоқ девор,
Эркакнинг ўзидек у нўноқ девор.
Энди бу нолангни жаҳон тингласин,
Дилларда бор эса виждон тингласин,
Виждонга ишонган имон тингласин,
Яъни у муҳтарам Инсон тингласин.
Мен ҳам қаламимни аламга солиб,
Шеърий қувватимни қаламга солиб,
Нолангни қалбимга кўчирдим, Лола,
Эй лола тилидан қилғувчи нола…

Бу самимий сатрлар 1925 йил 15 ноябр куни Москвада ёзилган. Тахмин қилиш мумкинки, Чўлпон шу куни таржимани ниҳоялаб, ўзбек хотин-қизларининг Лола Сайфуллина тасвиридаги мунгли ҳаёти лавҳаларидан таъсирлангани туфайли асар муаллифига бўлган ҳурматини шундай чўлпонона ҳаяжон билан ифодалаган.
Машҳур шоирнинг шу шеъри Лолахон Сайфуллинага бўлган қизиқишни янада кучайтириб юборди.
Ўзбек кино санъати тарихи 1924 йилда “Бухкино” ташкилотининг тузилиши билан бошланади. Шу йилиёқ москвалик ва ленинградлик кино ходимлари иштирокида “Мусулмон қизи” номли илк ўзбек кинофилми суратга олиниб, ўша йилнинг 29 сентябрида экранга чиқарилади. Ўша йили “Ўлим минораси”, 1925-1926 йилларда эса “Пахтаорол”, “Бахт қуёши”, “Иккинчи хотин” ва “Равот қашқирлари” кинофилмлари майдонга келади. Агар айрим рол ижрочиларини инобатга олмасак, бу кинофилмларнинг ижодкорлари орасида миллий кадрлар йўқ ҳисоби эди. Шунинг учун ҳам “Иккинчи хотин” кинофилми сценарийсининг Лолахон Сайфуллина (Арслонова) билан В.Собберей томонидан ҳамкорликда ёзилганлиги “Ичкари”ни ўқиган китобхонлардаги Лолахонга бўлган қизиқишни ўн чандон орттириб юборди.
Ҳар бир жамиятнинг илғорлик даражаси аёлларнинг шу жамият ҳаётидаги ўрни билан белгиланади. Қайси бир донишманд томонидан айтилган бу сўзлар 20-йиллар аввалидаёқ ижод аҳлининг фикр-зикрини банд эта бошлади. Чўлпон ва Ҳамза сингари “кекса” авлод вакиллари ҳам, шу йилларда шеърият тулпорини жиловламоқчи бўлган Ойбек ва Ҳамид Олимжон сингари ёш шоирлар ҳам ўз асарлари билан жамият эътиборини “тўрт девор” орасида яшаб келаётган хотин-қизлар мавзусига бежиз қаратмадилар. Зеро, тарихий давр хотин-қизлар тақдирида кескин ўзгариш юз беришини тақозо этарди. Шунинг учун ўзбек киноси илк қадамларидан бошлаб диққат-эътиборини худди шу муаммога қаратди. “Мусулмон қизи”дан кейин “Иккинчи хотин” кинофилмининг яратилиши ҳам ижодкор зиёлиларнинг ўзбек хотин-қизлари тақдирида бурилиш ясаш орзуси билан бевосита боғлиқ. “Ичкари” тўпламидаги “Иккинчи хотин” ҳикояси асосида шу номдаги киносценарий ёзилиб, филм суратга олинади.
“Иккинчи хотин» филми ана шу муҳим ижтимоий-маиший мавзуга бағишланган. Л.Сайфуллина ўзбек ҳаётини, “ичкари”ни яхши билганлиги сабабли бу мавзуни “Мусулмон қизи” филмига қараганда анча ҳаққоний ва таъсирли ёритишга эришган. Филмдаги иккинчи хотин — Адолат ролини машҳур рус раққосаси Майя Плисецкаянинг онаси Раиса Мессерер маҳорат билан ижро этган. Кези келганда айтиш жоизки, Москвадаги кинотехникумни тугатган ва “Андозиянинг кўзлари” филмида эпизодик ролни ижро этган актриса ўшанда Тошкентга икки ойлик қизи билан келган эди.
Шу ўринда лирик чекиниш қилишга эҳтиёж туғилади.
1925 йилда “Ўзбекдавкино” ташкилоти тузилиб, унинг тасарруфидаги “Шарқ юлдузи” кинофабрикаси Шайхонтаҳурдаги Эшонқули масжидига, “Қизил Ўзбекистон” кинотеатри эса Кўкалдош масжидига жойлашган. “Ўзбекфильм” киностудиясининг кекса операторларидан бири А.Саидов таниқли киношунос Ханжара Абулқосимованинг илтимоси билан ёзилган хотираларида Кўкалдош масжидидаги киносеансларни бундай тасвирлаган:
“Залда чойхона ишлар, ёпган нон ва турли-туман ширинликлар сотиларди. Томошабинлар учта катта гуруҳга ажралиб ўтиришарди. Театрда бўлганидек, бу ерда ҳам ўзининг ”партер”и, ўзининг “амфитеатри” ва ҳатто “галёрка”си бўлган. “Партер”дагилар ерга ёзилган гилам устида, “амфитеатр”дагилар скамейкаларда, “галёрка”дагилар эса узун оёқли катларда ўтиришарди. Сеансга чойхоначи қўмондонлик қилар эди. У хоҳловчиларни нон-чой ва ширинликлар билан таъминлаб бўлгач, механикка ишора қилар ва филм намойиши бошланарди. Аммо филмнинг ўрталари яқинлашганда намойиш бирдан тўхтарди. Механик билан келишиб қўйган чойхоначи чойнак-пиёлаларни йиғиб олиб, яна бошқатдан тарқатиб чиқар ва яна механикка ишора қилганидан кейин филм намойиши давом этарди. Шундай қилиб, ҳар бир сеанс бир неча маротаба бўлинарди. Одатда, филм мазмунини баён қилиб берувчи таржимонлар ҳаммага овозлари эшитилиши учун аппарат олдига қўйилган махсус баланд ўтиргичларга ўтириб, бор овозлари билан қичқиришарди…”.
Дастлабки ўзбек филмлари ана шундай ибтидоий шароитда намойиш этилган. Шунга қарамай, томошабинлар орасида у ёки бу кинофилмда тасвирланган воқеани тушунувчи, унда олға сурилган ғояни илғаб олувчи кишилар оз бўлмаган.
Мазкур филм томошабинлар ўртасида катта муваффақият қозонди. Бундан илҳомланган Л.Сайфуллина “Соябон арава” киноқиссасини ёзади ва кинорежиссёр О.Фрелих раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ суратга олган киноасар 1928 йилнинг 31 январида экранга йўлланма олади. Агар М.Доронин экранлаштирган “Иккинчи хотин”даги фақат иккинчи даражали ролларни Ў.Мирзабоева, З.Йўлдошбоева, Ш.Маъзумова сингари ўзбек артистлари ижро этган бўлсалар, бу филмдаги бош ролларга Рустам Тўрахўжаев, Ойша Туманбоева, Раҳим Пирмуҳамедов, Наби Ғаниев сингари дастлабки ўзбек кино артистлари жалб этилди. Филм гарчанд камбағал йигит билан қизнинг муҳаббати тасвири билан бошланган бўлса-да, инқилобий давр воқеалари севги ва муҳаббат мавзуини бошқа ўзанга буриб юборган.
Ушбу филм рус кинематографчиларининг Шарқ ҳақидаги киноасарларидан реалистик лавҳалари ва ғоявийлиги билан қанчалик фарқ қилмасин, “Ўздавкино” томошабоп кинофилмлар яратиш зарурлигини сезиб, Л.Сайфуллинага француз адиби Ф.Дюшеннинг “Ўн тўрт кунлик ой” романи асосида киносценарий ёзишни топширади. Л.Сайфуллина француз офицерининг жазойирлик мохов қизга бўлган муҳаббатини тасвирловчи асар воқеаларини ўтган аср бошларидаги Ўзбекистонга кўчириб, араб қизини Адолат (ўзбек қизи), мустамлакачи француз офицерини Коронин (рус йигити), деб атайди. “Мохов” филми воқеалари томошабинларда қанчалик қизиқиш уйғотмасин, асар кинотанқидчилар назарида “Ўздавкино”га шон-шуҳрат олиб келмади.
Л.Сайфуллина Ўзбекистонда яшаган қисқа даврида нафақат кино, балки театр учун ҳам асар ёзишга улгурди. Унинг “Қон ҳам сув…” номли драмаси Москвадаги ўзбек драма студиясини тугатиб келган собиқ талабалар ижросида 1930 йили Самарқанд театри саҳнасида намойиш этилди. Афсуски, бу асар ҳақидаги хабар бизга Ҳамид Олимжоннинг 1930 йил 29 июл куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида босилган тақризи орқалигина етиб келган. Шунинг учун ҳам мазкур асар ҳақда етарли маълумотга эга эмасмиз. Аммо Ҳамид Олимжоннинг “Қон ҳам сув…” деб номланган тақризидан шу нарса маълум бўладики, тўрт пардали бу асар ўша йиллардаги Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масалаларидан бири — сув муаммосига бағишланган.
Ҳамид Олимжон ушбу тақризида асар ва унинг муаллифи ҳақида бундай самимий сўзларни ёзган:
“Ўқувчиларимизга “Лолахон дардини англаб” танилган Лолахон бугун саҳнамиз саҳифаларида “Қон ҳам сув…” билан кўринадир. Ўзбекистон ҳаётини, бошқа қўшни жумҳуриятлар ёзувчиларига қараганда, мукаммал ўрганган Лолахон ўзининг “Қон ҳам сув…” отли драмасида сув масаласини она чизиғи қилиб олади…”.
Тақризчининг бу сўзларидан “Қон ҳам сув…” драмаси ўша даврда юртимиз қишлоқларида кечган синфий кураш “манзаралари”ни ёритишга қаратилганлиги маълум бўлади. Ҳамид Олимжон гарчанд Лолахон Сайфуллинанинг бу саҳна асарига илиқ муносабат билдирган бўлса-да, унинг давлат театри саҳнасида қўйилмаганлиги “Қон ҳам сув…”нинг томошабинларга манзур бўлмаганидан дарак беради.
Адабий ижоди Шарқ хотин-қизлари ҳаётидан олинган қисса ва ҳикоялар ёзиш билан бошланган Л.Сайфуллина 20-йилларда киносценарий жанрида ижод қилиш билангина кифояланиб қолмади. У “Ичкари”дан ташқари, “Қулаётган минора” ва “Лолалар чаман-чаман” деган романлар ҳам ёзган. Мутахассисларнинг фикрларига қараганда, унинг бу асарлари ўша йилларда Ўзбекистонга келиб, ўзбек халқи ҳаётига мурожаат этган П.Скосирев сингари рус ёзувчиларига нисбатан миллий руҳни ёрқин ва ҳаққоний ифодалагани билан ажралади.
“Рус миллатига мансуб Сайфуллина, — деб ёзган эди адабиётшунос И.Я.Тёмкина, — муваффақият билан ўзини ўзбек адибаси сифатида намоён қилган. Бу мистификация фавқулодда катта қизиқиш уйғотди — Сайфуллинанинг китоби босмадан чиқиши биланоқ танқидчилар эътиборини ўзига жалб этиб, катта шуҳрат қозонди…
Сайфуллинанинг романларида Ўзбекистоннинг “ҳужум” ва ер ислоҳоти давридаги ҳаётига бағишланган кенг ижтимоий полотнони яратишга уриниш эътиборга сазовор”.
Агар адибанинг “Қулаётган минора” ва “Лолалар чаман-чаман” романларини варақласак, жамоалаштириш ва ер ислоҳоти давридаги қишлоқ ҳаёти манзаралари, ўзбек хотин-қизларининг шу даврдаги мураккаб ва машаққатли ҳаёти, янги ўзбек зиёлиларининг туғилиш жараёни кўз олдимизда ёрқин гавдалана бошлайди. Бу асарлар ўз даврида фақат танқидчилар эътиборини қозонибгина қолмай, Максим Горький каби машҳур ёзувчиларнинг ҳам назарига тушган. Чунончи, у атоқли француз адиби Ромен Ролланга йўллаган хатида бу ҳақда шундай сўзларни ёзган: “Ўзбек қизи Лолахон “Қулаётган минора” деган фавқулодда мароқли романни ёзди – бу асарнинг яқинда 10 000 нусхада иккинчи нашри босилиб чиқди”.
Кўрамизки, юқорида исм-шарифи қайд этилган адабиётшунослардан бири Л.Сайфуллинанинг миллатини рус, “пролетар адабиётининг отаси” эса ўзбек, деб аташган. Модомики, адиба асарлари дастлаб Москва ва Ленинградда нашр этилган, Чўлпон эса бу асарлардан бирини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган экан, уни ўзбек адабиётининг намояндаси, деб ҳисоблаш ўринли бўлмаса керак. Шундай экан, Л.Сайфуллина аслида ким бўлган?
20-йилларда нашр этилган “Кино” журналида “Ўздавкинода нима рўй бермоқда?” деган мақола босилган. Ушбу мақола гарчанд “Ўздавкино” ташкилоти фаолиятидаги камчиликларни фош этишга қаратилган бўлса-да, мақола муаллифи Д.Малори танқид найзасини асосан Л.Сайфуллинага қаратган. Унинг фикрича, бу “Шарқ адибаси” “Ўзбекдавлаткино” муассасасини тамомила эгаллаб олиб, бошқа сценарий муаллифларини мазкур корхонага яқинлаштирмай келади. Д.Малорининг бу мулоҳазасига қараганда, Л.Сайфуллина шу йилларда “Ўзбекдавлаткино” муассасасида хизмат қилган.
Д.Малори адиба шаънига тош отишда давом этиб, яна бундай сўзларни ёзган: “Шубҳасиз, миллий мавзуларда у ёки бу мамлакатнинг ерли аҳолиси ёзганига нима етсин. Паранжисини ташлаган ва озод Шарқнинг киноёзувчиси бўлиб олган Лолахон Сайфуллина, сирасини айтганда, Шарқ қизи эмас. У полшалик бўлиб, 1924 йилга қадар Лидия Осиповна Сивицкая, деб атаб келинган. У 1924 йили Муҳаммад таълимотига мойиллик билдириб, мусулмонликни қабул қилган ва Шарқдаги хотин-қизлар ҳаракатига раҳбар бўлиб олган”.
Ўтган асрнинг 20-йилларида ўзбек маданиятига чақмоқдек кириб келган, Чўлпон сингари машҳур шоир ва ёзувчиларни мафтун қила олган Лолахон Сайфуллина 30-йилларнинг бошларида, кутилмаганда, ғойиб бўлиб қолади. Унинг, иттифоқо, вафот этгани ҳам, бошқа бирор ўлкага кетиб қолгани ҳам ҳамон сир бўлиб қолмоқда.
Лолахон Сайфуллина ким бўлган? Унинг кейинги тақдири ҳақида Сизда бирор маълумот борми, ҳурматли газетхон?..

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 48-сонидан олинди.