Сирожиддин Сидқий Хандайлиқий ХХ аср бошларида яшаган бошқа қаламкаш биродарларидан нафақат турли касб-ҳунарларни мукаммал эгаллагани, балки ўз ижодида суронли давр манзараларини ёрқин ва ҳаққоний акс эттирган шоир бўлганлиги билан ҳам фарқ қилади. 1884 йили Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Хандақлиқ қишлоғида туғилган Сирожиддиннинг миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бирига айланиши, эҳтимол, ажабланарлидир. Аммо шоирнинг тошкентлик машҳур мударрислардан бири Шомуҳиддин Охунд билан бирга ўқиган отаси Мулла Мирзоҳиднинг она қишлоғига қайтиб келиб, мадрасалар очгани ва толиби илмларга юксак савияда сабоқ берганини эсласак, унинг ўз даврининг пешқадам кишиларидан бири бўлиб улғайиши сабаблари равшан бўлади.
Дастлаб “Раҳматуллоҳ” (Кесакқўрғондаги), кейин “Беглар беги” ва “Кўкалдош” мадрасаларида таҳсил олиб, тошкентлик илм, ижод ва ҳунар аҳли билан яқин алоқада яшаш Сидқийнинг шоир сифатида шаклланиши, шунингдек, рассомлик, хаттотлик ва муҳрдорлик санъатларини эгаллашида муҳим омил бўлди. Замондошларининг маълумот беришларига қараганда, у Каримбек Камийдан аруз “сир”ларини ўрганиб, Саидаҳмад Васлий, Юсуф Сарёмий, Хислат, Мискин, Тавалло сингари шоирларнинг мушоира кечаларида иштирок этиб, шеърий истеъдодига сайқал бериб борди. Мирза Ҳошим Хўжандий ва бошқалардан араб ёзувининг насҳ, таълиҳ, убайдий, ёқутий, лоҳурий ва бошқа услубларини мукаммал эгаллаб, хаттотлик касбини юксак санъат даражасига кўтарди. “Шавқи гулистон” (1909), “Алиф ва Лайла” (1912-1914) сингари китобларни етук рассом сифатида безади. Абдураҳмон Сайёҳ муҳаррир бўлган “Ал-ислоҳ” журналини вёрсткачи-рассом сифатида нашрга тайёрлади.
У аруз вазнининг ранг-баранг баҳрларини қунт билан эгаллаб, ғазал ва мураббалар, мухаммас ва мусаддаслар ёзди. Лирик шеърларида Оллоҳга, ёрга бўлган анъанавий муҳаббат туйғуларини баланд пардаларда ифодалади. Табиийки, унинг шеърлари қаламкаш устоз ва дўстлари даврасида ўқилиб, улар назаридан ўтиш жараёнида сайқалланиб борди. Шоир “шавқ аҳли”ни “сўз гавҳарлари” билан қанчалик мамнун этса, ер куррасидаги “аҳли карам” сафи шунчалик ортиб боради, деган умид билан яшади. Ҳатто бир ғазалида бундай деб ёзди:
Сўзингни гавҳарин шавқ аҳлига базл айлағил, Сидқий,
Ки қолмас ушбу кўк қаср остида аҳли карам кам-кам.
Ушбу сатрлар ёзилган пайтда янги тарихий-маданий давр шабадалари эса бошлаган эди. Бу давр Сидқий сингари жадид шоирларидан илм ва маърифатни тарғиб қилишни, хурофот ва бидъат илдизларига болта уришни, қолоқлик ва жаҳолатга қарши ўт очишни тақозо этди. Сидқий энди янги тарихий даврнинг муҳим ижтимоий масалаларига бағишланган шеърлар ёзишга, Муқимий ва Завқийнинг ҳажвнавислик анъаналарини давом эттиришга ғайрат ва шижоат билан киришди. У шу йиллардаги ҳажвий шеърларидан бирида ўнқўрғонлик қозининг қилмишларини ҳажв қилади:
Бор эрди ўнқўрғон элин қозиси,
Катта-кичик ҳукмин эди розиси…
Омийи маҳз эрди-ю нодон эди,
Яъни саводи бор-у нохон эди…
Яъниким ул тарёку кўкнору банг,
Чўнтокида бўлғой эди ранг-баранг.
Шундай сатрлар билан бошланган ва қозининг барча ғайриахлоқий қилмишлари “таъриф ва тавсиф” этилган асар Сидқийнинг бошига бало тошлари бўлиб ёғилди. У ўз юртини тарк этиб, Андижонга бориб яшашга мажбур бўлди. “Бу сўзларим, — деб ёзган эди шоир кейинчалик, — барчага қуёш каби фош бўлғоч, ул золими банги қози ўзи киби золим ва мустабидларни ёллаб, мен камбағални Сибирияға сургун (авоқ) ва турма ичра турғун қилмоқға анча чолишди. Мавлоно Фирдавсий Султон Маҳмуд Ғозийни ҳажв қилиб, Тус шаҳриға қочқондек, ул золим амалдин қолғунча мен ҳам Фарғоналарда қочуб юрдум ва икки йилча умримни кечурдим. 1329 санали ҳижрияда, қиш ҳавосинда токи ул золим тахтдан тобутга тортилди, мен ҳам ўз ватаним дару девониға ортилдим”.
Сидқий Биринчи жаҳон уруши ўзбек диёрига қандай мусибатларни келтирган бўлмасин, янги даврнинг ҳар бир қадамини олқишловчи асарлар ёзиб, кўҳна дунё устунларининг чириганини ватандошлари онгига етказмоқчи бўлди. Шоир “Дар таърифи оташароба” деб номланган шеърида Туркистонга поезднинг кириб келишини ҳаяжон билан тасвирлаган бўлса, “Илм йўлига кирмадук бизлар…” сатрлари билан бошланган шеърида эса, илм олишга майл сезмаган замондошлари қиёфасини ҳажвий бўёқлар билан акс эттирди. Сидқий сингари жадид шоирлари назарида, халқ бошига тушган барча кўргиликларнинг асосий сабабчиси “эски ҳукумат” эди. Шунинг учун ҳам Сидқий 1917 йил феврал инқилобини катта қувонч ва умид билан қарши олиб, ҳуррият тароналарини куйлади. Аммо бу ҳали “чин ҳуррият” эмаслигини у яхши биларди. Шу сабабдан шоир халқнинг илғор кишилари орзу қилган куннинг тезроқ келиши учун тараққийпарвар ёшларнинг елкасини силаб, бундай сатрларни ёзди:
Замоннинг офатидан доимо бўлсун омон ёшлар,
Ситамгар чархдин ҳам кўрмасун зиён ёшлар.
Тараққийпарвар ўлсун, сарвар ўлсун эл борасиға,
Амон бўлсун, эсон бўлсун, яшаб неча замон ёшлар…
Бошқа жадид биродарлари қатори, Сидқий ҳам миллат ва Ватанни ҳар бир инсоннинг маънавий оламини белгиловчи абадий қадриятлар сифатида тасвирлайди. У миллатнинг “тамаддун чархи”да “меҳр ва анвар нурлари”ни сочиб, “жаҳон зулмати”ни тарқатиши лозимлигини айтади, унинг рафторини бузмоқчи бўлган бадкорларнинг юзи қора бўлишини истайди. Ҳар бир инсоннинг “ўроқ бирла хору хасни ўрғон” ерини “чет шаҳарнинг гулзори”дан афзал, деб билади. Шоир ижодидаги ватанпарварлик ва миллатпарварлик ғоялари ана шундай поэтик образлар силсиласида шаклланиб боради.
Бошқа жадид шоирларидан фарқли ўлароқ, Сидқий 1916 йил воқеаларига бағишланган бир-икки шеър ёзибгина қолмай, маҳаллий халқ фарзандларининг мардикорликка олиниши ва 1916 йил қўзғолонларининг шафқатсиз бостирилишини чор ҳукумати мустамлакачилик сиёсатининг авж нуқтаси, деб баҳолади. У 1917 йил феврал инқилоби ва Романовлар сулоласининг тахтдан ағдарилишига бағишланган “Русия инқилоби”, “Тоза ҳуррият”, “Ватан қаҳрамонлари” достонларини яратди. “Русия инқилоби” достонидаги “Сабаби назми инқилоб”, “Петроградда воқеалар нечук бошланди ва не равишда ўсди”, “Вазирларнинг қамалуви”, “Подшоҳнинг тахтдан тушуви” сингари боблар номининг ўзиёқ унинг феврал инқилобини диққат-эътибор билан кузатиб, ўзбек халқи учун ҳурриятли замонларнинг келишини орзиқиб кутганидан дарак беради. Афсуски, воқеаларнинг кейинги ривожи Сидқий кутгандек бўлмади. Шунинг учун ҳам у, кичик ҳажмдаги айрим асарларини эътиборга олмаганда, аввалгидек тўлиб-тошиб ижод қилмади.
Сидқий ижодий ҳаётидаги турғунликни изоҳлаб бундай ёзган эди:
“Барчага машҳурдирки, ҳар бир мол харидор бирла ривож топдиғи каби сўз ҳам харидор кўплуғи бирлан ва талабгор жўшиши илан тараққий этар. Сўз харидори ўлмоғондурки, ҳозирги асримизда қадимги шоирларимизнинг амсолини кўрмайдурмиз…
Бечора Сидқийнинг оз шеър айтмоғига боис сўз харидорининг йўқлиғидур”.
Шоир ижоди булоғининг шўролар даврида қайнаб тошмаганига қарамай, унинг “Туҳфаи Шавкат” (1913), “Савғоти Шавкат” (1914) шеърий мажмуалари ва юқорида номлари қайд этилган достонлари миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг олтин хазинасидан ўрин олган. Сидқий бу асарлардан ташқари “Базми Ишрат”, “Тазкираи Имоми Аъзам”, “Мезони шариат” (1914) каби асарлар ҳам ёзган. Унинг қаламига мансуб таржималар орасида эса “Ҳикояи латифа” (1911), “Алиф ва Лайла” (“Минг бир кеча”, 1912 — 1914), “Раҳимо — таржимаи Каримо” (1912), “Сафари ғам” (1916), “Ажойиб ул махлуқот” (1917), “Дурди ва қози”, “Нон ва ҳолва” (1920) кабилар бўлган.
Сидқий 1919 йилдан бошлаб ҳаётининг сўнгги даврини Бўстонлиқ туманидаги Паргизтепа қишлоғида ўтказди ва 1934 йили шу ерда бандаликни бажо келтирди.
Сидқий Хандайлиқий ғоят серқирра ижодкор бўлиши билан бирга табиатан синчков, тиксўз, ҳозиржавоб, риёкорлик, таъмагирлик, порахўрлик, қаллоблик каби иллатлар билан асло муроса қила олмайдиган пок ва олижаноб қалб соҳиби эди. Шоирнинг энг яхши ғазал ва мураббалари, мухаммас ва мусаддасларида китобхон унинг ғаройиб инсоний фазилатларини худди кўзгуда кўргандек бўлади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 32-сонидан олинди.