Эшқобил Шукур. Шеърда устоз виждондир фақат (2009)

Унинг китобларини ўқий туриб, бир фикрга келасиз: у майда ҳиссиётлар куйчиси эмас; у катта туйғулар шоири! Ҳар қандай шовқин-сурон ва ғала-ғовур ичидан ҳам унинг сокин овозини таниса бўлади. Чунки унинг ҳар бир шеърида юрт қайғуси, ватан дарди, эрк туйғуси бор. “Шеърда баъзан ҳаводек зурур, “Эрк” сўзига қофия “қасос”, “Қўрқоқ бўлсанг, қўрқоқ бўлар шеър”. Бу сатрларни у бундан ўттиз йил аввал ёзган. Бу пайтларда озодлик ва юрт ҳақидаги гапларни нафасингни ичингга ютиб гапирардинг. Ё гапирмай қўя қолардинг…
70-йиллари наср ва назмда об-ҳаво янгиланади. Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Садриддин Салим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон… Улар 60-йиллардаги катта адабий кўтарилишнинг давоми сифатида майдонга келиб, адабиёт — миллат овози эканлигини яна бир карра исботлаб бердилар. Бу ижодкорлар орасида Хуршид Давроннинг ҳам ўзига хос овози бор эди.
— Мунча қўрқоқ бўлмасанг, дўстим,
— Нетай, ахир, мен эрксиз ўсдим.
Рост гап! Эрксиз ўсган одамлар қўрқоқ ва журъатсиз бўладилар. Чунки, уларнинг руҳидаги устун синдирилган бўлади. Қўрқоқ ва журъатсиз руҳ сотқинлик ва хоинликка мойил бўлади. “Номардни қўрқув яратади”, “Қўрқмасдан қадам ташла, ер жуда қаттиқ”, “Менинг ўғлим қўрқар фашистдан”, “Бу одам китобнинг ўзидан эмас, Китобда битилган Сўздан қўрқади”. “Дуч келишдан қўрқади балки Қодирийга ёки Чўлпонга”, “Қул бошини тутганидек хам, қўрқув ютиб ўтиравердим”. Бу сатрлар Хуршид Давроннинг турли йилларда ёзилган турли шеърларидан келтирилди. Уларда қўрқувга қарши исён бўлиб жаранглаган сатрларга кўп дуч келасиз. Ҳолбуки, қўрқув бутун бошли тузум эди. Ўша салтанат ҳам Қўрқув салтанати эди. Зеро, шоирнинг қўрқув ичида жонини ҳовучлаб ўтирган миллатига мурожаати эди бу сатрлар.
Унинг “Баҳордан бир кун олдин” китобига киритилган 240 та шеърнинг аксарияти ватан ва озодлик ҳақидаги шеърлар. Кўнглингда шу дард бўлмаса, бу мавзуда мунча кўп ва хўб ёзолмайсан. Бу катта ва оғир мавзу. Китобдаги лирик шеърларда ҳам, мозий мавзусидаги шеърларда ҳам, асосан, шу руҳ етакчилик қилади. Нега шундай? Чунки, бу авлод шоирларининг ўзлари тирик ғояларга айланган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг шеърлари шу ғояларнинг овози бўлиб янгради. Сўз билан ҳазиллашиб бўлмайди. Унинг илоҳий юки бор. Шунинг учун ҳам Суйима опа Ғаниева доим: “Ҳозирги шоирларимиз асар ёзиш маданиятини унутиб қўйяптилар. Навоий замонида бу маданият мукаммал шаклланган ва ўзининг қатъий қонун-қоидаларига эга бўлган”, деб куйиниб юрадилар. Чунки ҳақиқий шеър ҳеч қачон майда-чуйда нарсаларнинг хизматкорига айланмайди.
Маҳмуд Кошғарийдан Навоийгача, Бобурдан Чўлпонгача, Ойбекдан Миркарим Осимгача не-не улуғларга бағишланган шеърлар бор “Баҳордан бир кун олдин” китобида. Улар фақат эҳтиром ва бағишловларгина эмас, бу шеърлар биз ўз улуғларимизга қалбнинг қайси нуқтасидан туриб қарашимиз кераклигини ўргатади. Шоир уларга ижодининг илк давридан катта меҳр-муҳаббат билан қараган. Ўз халқининг тимсолларини уларда кўрган ва шу нуқтаи назар билан тасвирлаган. Зеро, миллат улуғларини қадрламаган одам миллатини қадрлашни билмайди. Навоийга муҳаббати бўлмаган одамнинг ўзбек тилини севишига шубҳа бор. Қодирийни англамаган одам ўзбек руҳини англамайди. “Тарихни шахслар яратади” дейдилар, миллат қаддини ҳам шахслар кўтаради, маънавий қиёфасини ҳам улар белгилайди.
Хуршид Давроннинг китобларини ўқий туриб, унинг буюк боболаримизга нисбатан меҳрига, муҳаббатига, самимий эҳтиромига ҳавасинг келади. Дейлик, биргина “Эй, тилим, эй, элим, эй она тупроқ” деб номланган сонетлар тукумида Маҳмуд Кошғарийдан Мақсуд Шайхзодагача 14 нафар шоирга бағишланган шеър бор. Дарҳақиқат, она тилимиз тараққиётини уларнинг ижодисиз тасаввур қилиб бўмайди. Унинг 1970 йилда ёзган “Қодирийнинг сўнгги сурати” шеърида: “Йўлларимда учраса хато, Қийнаб қўйса элим ҳасрати, Келиб сендан тилайман паноҳ, Қодирийнинг сўнгги сурати”, деган сатрлар бор. Бу мисралардан кўриниб турибдики, эндигина йигирма ёшга кирган шоир адабиётга ва ҳақиқатга садоқат йўлини танлаган эди. Бўлмаса, у юқоридаги шеърида паноҳни партиядан тилаб, Қодирийнинг эмас-да, Лениннинг суратига тавалло қиларди. Ўша пайтларда бунинг учун уни ҳеч ким айбситмаган, аксинча, олқишлаган бўларди.
Ўтган шоирлар билан (ҳатто улар ўн аср олдин ўтиб кетган бўлсалар-да, замон шоирлари ўртасида аниқ руҳий боғлиқлик бор, уларнинг боғлаб турадиган кўзга кўринмас ришталар мавжуд. Эҳтимол, айни шу боғлиқлик уларни хиёнатдан сақлар, садоқатга ундар, ҳар лаҳзада руҳий ҳисоб-китоб талаб қилар, адабий виждон, деган атмосферани яратар.
“Шеърда энг буюк устоз виждондир”, деган гапни ҳам илк бор Хуршид Даврон айтди. Рост-да, ахир шоирга энг аввал виждони устозлик қилмас экан, унга ҳазрат Навоийнинг ўзлари келиб таълим берсалар ҳам бирор натижа чиқмайди. Зеро, шеъриятнинг олтин қоидаларининг асосида виждон ётади. Шеър виждондан ташқари ҳолатда туғилмайди.
“Шоир деган сўзда мангу шуҳрат бор”, деган эди Белинский. Нега шундай? Нима учун шоирга талаб бошқача қўйилади? Нега баъзида ҳаммага мумкин бўлган нарса шоирга мумкин эмас, ёхуд шоирга мумкин бўлган нарса бошқаларга мумкин эмас? Чунки, “шоир жасорат ва ишқ Фарзандидир, ўхшар дарёга — Қулларгамас, ҳурларга қўшиқ айтмоқ учун келар дунёга”.
Хуршид Давроннинг “Ватан ҳақидаги етти ривоят”ига етти мўъжаз асар киритилган. Иккиланмасдан уларнинг ҳар бирини бир асар деб аташ керак. “Боболар мозори”, “Бир парча ер”, “Ватан тупроғи”, “Лола гулли пиёла”, “Ватан меҳри”, “Туз ҳақи”, “Ота қабри”… Уларни ўқий туриб, одам шунчаки бир жонзот эмаслигини, фақат суяк ва сувдан иборатмаслигини, бесарҳад коинотда кичикдан-кичик зарра эмаслигини ҳис этасиз. Кўримсизгина бир мозорга муносабат номус ва орга муносабат эканини (“Боболар мозори”), ватан бир парча ердан бошланишини, яъни бир парча ер ҳикматини билмаган одам ватанини таний олмаслигини (“Бир парча ер”), инсон қалби фақат ўз тупроғида гуллашини (“Бир тупроғи”), энг оғир соғинч ватан соғинчи эканлигини (“Лола гулли пиёла”), юртга хиёнат — эътиқодга хиёнатлигини (“Ватан меҳри”), бир чимдим тузда қанчадан-қанча ҳақ борлигини (“Туз ҳақи”), ота қабри — номус қадри эканлигини равон ва гўзал ифодаларда сўйлайди бу ривоятлар. Бу мавзуларнинг юки оғир, уларни ровийнинг тили эмас, дарди-ҳасрати, орзу ва армонлари ривоят қилади. Раҳматли Шукур ака айтарди: “Энди билдим, ёзиш — ҳасратингни айтиш дегани экан.”

Ўғлим, бобонг ёнида
Ётсам, сақла тинчимни.
Сен мени қўриқлагин
Даст тутиб қиличингни.

Ватанни, юртни асраш аслида шундан бошланади. Чунки, миллат тарихини ҳимоя қилиш унинг келажагини ҳимоя қилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу яхлит бир нарса, унинг нариёғи бировники, буёғи бизники, деб ажратиб бўлмайди.

* * *
Туни билан девор ёқалаб
Юриб чиқди шошқалоқ баҳор —
Туни билан эриб, юпқалаб
Тарновлардан ерга томди қор.

Қандай гўзал тасвир. “Шеър кафанда ҳам, гулшанда ҳам гўзал бўлмоғи керак”. Модомики, шеър туйғу тасвири экан, туйғуни табиатдан айро ҳолда ифодалаш уни яланғоч ҳолда кўрсатишдай гап. Инсон туйғулари унинг табиат билан уйғунлашуви онларида ҳосил бўлади. Қалб илоҳий туташувларни ақлдан ҳам аввал туйғу орқали ўзида кечиради. “Бизнинг қалбларимиз коинотдан туҳфалар олиб туради” (Тагор). Бундай лаҳзаларда инсон табиат ичидаги табиатга айланади. Ўз тийнатида қирлар-адирлар, тоғлар, дарёлар, ўрмонлар — ҳамма-ҳаммаси борлигини ҳис этади.

Туни билан боғдаги толнинг
Восил бўлди қишки тушлари.
Кўкрагини тилиб шамолнинг
Новдаларнинг чиқди тишлари.

Шоир шунинг учун ҳам шоирки, бундай гўзал ҳодисалар ташқи табиатдан ҳам олдин, аввало, унинг ички табиатида содир бўлади. “Агар ер шарига кетар бўлса дарз, шоир юрагидан ўтар чизиғи” (А.Блок). Шоир шунинг учун ҳам шоирки, унинг табиатида “тунги боғлар туш кўрадилар, шамол кўксини тилиб, новдалар тиш чиқарадилар, гиёҳларга сув тутиб дарёлар оқадилар, баҳорларида олтин ёмғирлар ёғади”. Шоир шунинг учун ҳам шоирки, у ҳамма нарсанинг руҳини сезади, тириклигини илғайди, ҳатто хазонлар ила хайрлашувга ҳам ўз ичидан оташин ҳиссиётлар топа олади.

Туни билан дарадаги қор
Кўчди қора жарликлар томон —
Туни билан юлдузлар чангин
Қорлар узра сепди ёш осмон.

Бу манзара ичидаги осмоннинг ёшлигини фақат шеър орқали ҳис этиш мумкин. “Ёш осмон” — ғаройиб топилма. Миллиард-миллиард йиллардан буён собит турган осмон шу тўрт сатрда маҳорат билан ифодаланган манзара ичида ҳақиқатан навқирон кўринади. Гўзаллик ва кўркамлик кўпроқ ёшликка хос. Шоир фавқулодда сезги ила “ёш осмон”ни кўриб қолган. Бу кинодаги 25-кадрни илғаб қолиш каби нозик жараён, яъни видеотасвирдаги бир секундлик воқелик 24 та кадрда ифодаланади. Бироқ 25-кадр ҳам бор, уни ҳеч ким кўз билан илғай олмайди.

Туни билан боқиб интизор
Кутиб олдим баҳор офтобин.
Аммо олиб келмади баҳор
Мен унутган сўзлар китобин.

“Мен унутган сўзлар китоби”да шоирнинг ҳаёт йўллари билан ватани ва халқининг тарихи, кечмиш-кечирмишлари туташиб кетади. Ушбу мўъжазгина шеър ниҳоятда нозик кечинмалар ила бошланиб, бутун бир миллат дардини ифодалаган туйғулар билан якунланади. “Роман тўрт сарт шеърдан иборат бўлиши керак” (Тагор). Айтиб ўтганимиз каби, бу авлод шоирлари тирик ғояларга айланган шоирлар эди. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳар бир шеъридан, ҳар бир сўзидан миллат қайғусининг таъмини, озодлик туйғусининг бўйини сезса бўларди.
Хуршид Давроннинг асосий ижод қоидаларидан бири — шеърда Ватан бўлиши керак! У бир майса тимсолида акс этадими, тупроқ мисолида намоён бўладими, бир дарахт тасвирида кўринадими, дарё каби шовуллаб овоз берадими, қандай бўлмасин, шеърда ватан бўлиши керак! Бироқ бу рамз унинг шеърларига сира зўрма-зўраки киритилмаган, балки шамол каби эркин, муҳаббат каби самимий, виждон каби ҳалол кириб борган.

Усмон Носир, Ойбек ва Бобур,
Мен сиздан кўп ўргандим, бу рост.
Лекин шеърда устоз йўқ… Бордир
Фақат виждон —
Энг буюк устоз.

Сулаймон пайғамбар: “Бор кучинг билан қалбингни ҳимоя қил!”, деган. Эҳтимол, шеърият айнан қалб муҳофазаси учун ҳаёт майдонига келгандир. Айтганларидай, шеър, аввало, туйғу тарбияси билан шуғулланар экан, шунинг ўзи инсон қалбини ҳимоялашнинг муҳим асосидир. Одамнинг туйғулари қанча юксалса, қанча камол топса, кейин уни енгиб бўлмайди. Чунки унинг ичида муҳаббат вояга етган бўлади.

Ҳей, кўксим асири, қушча, алданма,
Бу олов ўзгадир,
Бу сас ўзгадир.
Сен уни тинглама, унга тиланма,
Сен қора дунёни чиқиб ўзгартир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 42-сонидан олинди.