Яхши сўзга, тиниқ туйғуга, илму ҳикматга рўбарў келган иймонли одам ўз қалбини тафаккур тиғида ўзи тилиб юборади. Алалхусус, гулнинг кўплиги кўзга зиён қилмагани каби, дардга малҳам сўзнинг кўнгил учун ортиқчалиги йўқ. Аксинча, бундай сўзлар кўнгил кўзини очади. Инсон эса қалб кўзи билан оламни кенгроқ кўради, уни ўзгача тасаввур қилади.
Шу боис миллат дардига малҳам бўлишни истаган ижодкор уйғотгувчи насимдек ҳамиша бедор бўлади. Юртбошимиз бежизга: «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» мавзусида мустақил юрт ижодкорларига мурожаат қилганлари йўқ. Чунки халқ ҳамиша ўз ижокорларини яхши кўрган, эъзозлаган, улардан тўғри сўз кутган ва уларнинг сўзига ишонган.
— Истеъдод инсонга ўзини эмас, ўзгаларни бахтиёр этмак учун берилади, — дейди Абдураҳмон Жомий. Шукурким, бетакрор диёримизда беназир истеъдод соҳиблари азал-азалдан кўп бўлган. Қайси соҳани олманг, дунё аҳлининг эъзозу эътирофида бўлган ўнлаб бобокалонларимизнинг, пиру комилларимизнинг номларини тилга олиш мумкин. Лекин эндиликда мақсад фақат фахру ифтихор эмас. Менинг ўрним, менинг ҳиссам, менинг масъулиятим қаерда, нимада деган ўй бизни безовта қилиб туриши керак. Қолаверса, мустақиллигимизнинг 18 йиллик балоғат поғонасига бир ҳатлаб етганимиз йўқ. Курашлар, оғриқлар, азоблар, қурбонлар эвазига етдик.
Савол туғилиши табиий. Бугун озодлик оромидан баҳра олаётган ижодкорларимизнинг орзу-хаёли нимада? Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан равнақи йўлида ижод аҳли ҳамдард, ҳамфикр, якдилми? Бу эзгу ишда уларга нима тўсиқ бўляпти? Оғриқ нуқталари нимада?
Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг Ёзувчилар уюшмаси фаолияти самарадорлигини ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан танишган ҳар қандай инсон юрт эгасининг тийрак нигоҳига, бизнинг дилимиздан ўтиб турган ўй-хаёлларни тўғри ҳис қилиб турганига тан бермай иложи йўқ.
Ҳурматли ижодкорларимизга ушбу фикрлар ёд бўлиб кетган бўлса ҳам, аммо ўзингга кўрсатилаётган эътибордан кўксинг тоғдек кўтарилади. «Бизнинг бу борадаги барча саъй-ҳаракатларимиз, аввало, Ёзувчилар уюшмасидаги муҳитни яхшилаш, уни мавжуд оғир вазиятдан чиқаришдек муҳим масалани ҳал қилишга қаратилиши зарур. Бу борада уюшма аъзолари, шоир ва адибларимизнинг ўзлари нима иш қилиши, айни пайтда давлат, ҳукумат, Президент томонидан қандай ёрдам бериши кераклигини аниқлаб олишимиз лозим».
Биздан талаб қилинадигани, аввало, ижтимоий фаоллик. Яхши ниятдан хуш фикр туғилади, эзгулик эзгуликка йўл очади. Озод ва обод Ватаннинг қадрига, энг аввало, эл-юртнинг зиёлилари етмоғи керак. Сўз айтмоққа чоғланган қалам соҳиби дунё зийнатига эмас, олам ҳикматига суянмоғи лозим. Демак асрлар оша илму ҳикмат, эзгулик, меҳру маърифат яшаб келаётган экан, биздан келгуси авлодларга қоладигани ҳам ана шу. Бунинг учун эса юртнинг шоир ва ёзувчиси тинчлик, дўстлик, биродарлик жарчисига айланмоғи, Ватан қадрига қалқон бўлмоғи, фидойи оқимнинг олдинги сафида юрмоғи, дилларда ишонч ва меҳру муҳаббат уйғотмоғи, муҳими, огоҳ бўлмоғи лозим.
Огоҳлик барча-барча учун, шу Ватан ҳавосидан, сувидан, нону тузидан баҳраманд бўлаётган, айниқса, тинчлик аталмиш улуғ неъматидан ҳузур топаётган одамлар учун зарур. Уларнинг олдинги сафида эса таъкидлаганимиздек, элнинг шоир ва адиблари бўлмоғи шарт. Шу ўринда Румий ҳазратларининг қуйидаги сўзлари биз қалам аҳлига айтилгандек:
— Мақсад — инсон. Лекин ҳар қандай, ҳар нечук инсон эмас. Ёлғиз ўз манфаати ва эҳтиёжи билан банд бўлган, тирикчилик ташвишларидан зир югуриб, улардан баланд кўтарила олмаган кимса ўз инсоний моҳиятини англаш йўлида ўзига парда бўлади. Эсланг: (сен ҳамма нарсани унутишинг мумкин, ёлғиз бир нарсани — нечун дунёга келгансен, шуни унутмасанг бас, ўзингни арзон сотмайсен, илло бахтинг баланд!)
Ижодкорнинг бахти элнинг эътирофида. Албатта, одамларга рўбарў келмай, эл-юртнинг яхши-ёмон кунига аралашмай, хилватнишин бўлиб ҳам жилд-жилд асарлар ёзиш мумкин. Аммо оддий меҳнаткаш халқ ўзи суйган шоир ва ёзувчисини кўришни, унинг овозини эшитишни истайди. Қолаверса, қоғоздан бошингни кўтариб, одамлар кўзига қараб шеър ўқишнинг ҳам ўз гашти бор. Элинг сени хушлаб турса, аввало, дуоси ёр бўлади. Одамларнинг кўзидан кўзингга, юзидан юзингга, дилларидан дилингга ўтган нур сени балқитади. Сен улар меҳрининг оғушида яйрайсан. Ўқувчи кўнглини топиш изингга ёқилган ҳавас чироғидир. «Умрингдан барака топ», деса, сени шоир қилиб яратган эгамга шукрона айтасан. Шукурли одамларнинг эса ишида кушойиш бор.
Шунданми, юртбошимиз суҳбатининг бошидан поёнигача ижод аҳлини эл ичига чорловчи даъват бор. Келинг, шу ўринда биз ижодкорлар ҳам ўзимизга бир танқидий назар билан қарайлик. Одатда бизлар кўпинча ғалвир сувдан кўтарилганда, улкан-улкан хирмонлар яратиб бўлинганда, ғолиблар олдинги сафга ўтганда, ғалла байрами, пахта байрами нишонланаётган кезларда даврага қўр тўкиб кириб борамиз. Ер эгасининг, мулк эгасининг шаънига ҳамду санолар ёғдириб, иккита шеър ўқиб берамиз-да, шу билан зиммамиздаги вазифани ўринлатиб қўйган бўлиб, яна даврадан хушҳол чиқиб кетамиз.
Хўш, ғаллакор, пахтакор, соҳибкор, чорвадор ёки машҳур тадбиркор шу кунга етиб келгунча бошидан нималарни кечирди? ғалла, пахта экиш учун тайёрланаётган қора шудгорнинг тепасида турганмизми? Қатқалоқ нима, шўр нима, ғаллага тушаётган занг, пахтадаги кўсак қурти, ўргимчак кана нима?.. Уларга қарши курашаётганда оҳи оламни ўртаб турганларнинг чеҳрасига боққанмизми? Бир бошоқдаги донни, бир туп ғўзадаги шонани деҳқон билан санашиб кўрганмизми? Умуман, катта хирмонга етиб келгунча, пахтакору ғаллакорларнинг юзларига табассум ёйилгунча ўтадиган йўл нималигини биламизми?
Кўпинча бу саволларни ўзимизга бермаймиз-да, «мен ижодкорман», деган иддаони баланд овозда айтишни хуш кўрамиз.
Устоз Абдулла Ориповнинг «Олтин балиқча» шеъридаги дард оқил одам дилини ўртаб юборади. Зеро, остона хатлаб кўчага чиқолмаган инсон тўрт девор ичида бу оламни ўзи хоҳлаганча тасаввур қилаверади. Юртбошимиз мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ота-боболаримизни бутун дунё билишини, уларни илм аҳли ўртасда қадри, ўрни борлигини, авлодлар ҳам аждодларига муносиб бўлиши кераклигини кўп бор таъкидлайдилар.
Мазкур суҳбатда ҳам ўзбек адабиёти дунёга қандай чиқмоғи керак, деган савол бор. Биз дунё адибларини ўқишимиз учун Президентимизнинг ўзлари «Жаҳон адабиёти» журналини очиб бердилар. Журнал чоп этилаётгандан буён дунёга машҳур неча ўнлаб шоир ва ёзувчиларнинг асарлари таржима қилиняпти. Бундан барча мамнун.
Биз дунёга қандай чиқмоғимиз керак? Барча ижодкорлар тан оладиган таржима мактабини ярата оламизми ёки бир-биримизга ҳамду сано айтиб ўтираверамизми? Савол аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатга тик боқадиган пайт келди. Албатта, бу ўринда маълум таклифлар билдириляпти. Аммо ташвишга солаётган жиҳати шундаки, таржима масаласида ҳам китоб чоп этишдаги хатога йўл қўймаслигимиз зарур. Демоқчиманки, ҳозир маблағи бор одам китобини истаган шаклда, тўғрироғи, ташқи қиёфасини олий даражада чиқариш имкониятига эга. Асарлар таржимасида ҳам шу тариқа йўл тутилса дунё ҳамжамияти олдида юзимиз шувут бўлиб қолиши табиий.
Таклифим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима кенгашининг тавсияси билан миллатга юз бўладиган, халққа ғурур, Ватанга шуҳрат келтирадиган асарлар таржима қилиниши керак.
Миллий университетнинг филология факултетида ўқиб юрган кезларда биз талабалар қозоқ, туркман, тожик, авар, рус, қирғиз шоир ва ёзувчиларининг ижодини кузатиб борар, шеърларини ёд ўқирдик. Адабиётимиз дарғалари Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия каби улуғ ёзувчи, шоирларимизнинг Мирзо Турсунзода, Собит Муқанов, Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Константин Симонов сингари ўнлаб адиблар билан дўстона алоқаларига, бири бирига меҳмон, бири бирига мезбонлигига ҳавас қилардик. Зеро, қайси тилда бўлишидан қатъий назар, адабиётдан сўз очилса, шеър ўқилса, қўшиқ тингланса, диллар дилга оқар сувдек йўл топади. Шу нуқтаи назардан қардош адабиётлар билан алоқаларни кучайтириш бугун Ёзувчилар уюшмасининг кун тартибидаги масалалардан бири бўлмоғи керак.
Аслида, ҳар дарёнинг аввали ирмоқлардан бошланади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ирмоқлари эса вилоятлардан, вилоятлардаги туман ва шаҳарлардан бошланади. Чунки республикамизнинг чекка-чекка қишлоқларида ҳали азим пойтахт Тошкентни қўя турайлик, ўз вилояти марказини ҳам кўрмаган, аммо дилбар шеърлар битиб, яқинларига ўқиб бериб, хуш ниятда энтикиб юрган талай-талай ўғил-қизларимиз бор.
Уларнинг қўлидан тутмоқ, машқий битиклари юзидаги ғуборларни артмоқ, қалбларида ишонч чироқларини ёқмоқ учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимларининг ишини ҳам тубдан қайта қурмоқ зарур. Зотан, бўлимдаги биргина масъул котиб штати билан бутун вилоят бўйлаб кўзланган мақсадга эришиш мушкул.
Аввало шуни комил ишонч билан айтамизки, Президентимизнинг бу жонбахш суҳбатлари уюшманинг вилоят бўлимлари раҳбарларини беҳад қувонтирди. Чунки Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти самарадорлигини ошириш вилоят бўлимларидан бошланса, шубҳасиз, муаммоларнинг илк тугуни ечилгай. Биз эса бундан умидвормиз.
Энг муҳими, ота-боболаримиз орзу қилган ҳур замон бизники. Йилнинг тўрт фасли ҳам тўкис юз очгувчи жаннатий диёр бизники. Биз ориятли, оқибатли, заҳматкаш халқнинг куйчиларимиз. Оқибатли халқнинг шоиру адиблари эса сўз айтмоққа чоғланганда, қадр қайғусидан қалам йўниб, эли орини оқ қоғоз қилгайларки, иншооллоҳ, тоабад унга доғ тушмагай.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 37-сонидан олинди.