Юсуф Турсунов. “Истамак”ми ёки “эснамак”? (2009)

“ЎзАС”нинг 2008 йил 5 декабр сонидаги “Яхшилик била чиқса”ми ёки “қолса”ми?” сарлавҳали мақола кўнглимиздаги баъзи мулоҳазаларни газетхонлар билан ўртоқлашишга туртки берди. Мақола муаллифи Ёқубжон Хўжамбердиевнинг эътирозлари ўринли. У назарда тутган номақбул ҳолатлар адабиётимиз, хусусан, ҳазрат Алишер Навоий маънавий мероси ихлосмандларининг қалбини ранжитади, албатта.
Таассуфки, бундай ноқисликлар бот-бот кўзга ташланиб туради. Чунончи, Навоийнинг “Ушшоқ” куйида “Қилғил” радифли ғазали билан айтиладиган қўшиқни баъзи ҳофизлар “Қаро кўзум, келэй мардумлиғ эмди фан қилғил” деб бошласалар, баъзилар “Қаро кўзум, келиб мардумлиғ…” тарзида куйлайдилар. Ҳолбуки, девон тарзида ҳам, шоир шеърларидан намуналар туркумида нашр этилган китобларда ҳам бу мисра “Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил”, деб берилган. Наҳотки, ўша китоблардан бирини топиб, ғазалга бир бора назар ташлаш қийин бўлса?!
Матбуотдаги чиқишларда Навоийнинг бир мисраси “Эл нетиб топқай меники мен ўзимни топмасам” тарзида тез-тез тилга олинади. “Хазойин ул-маоний”даги иккинчи девон — “Наводир уш-шабоб”нинг 496-ғазалида келган бу мисра аслида бошқача:

Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топманам,
Буйлаким, ишқу жунун саҳросида оворамен.

Биринчидан, шарт майли йўсинидаги “мен ўзимни топмасам” жумласи билан ҳукм тарзидаги “мен ўзимни топманам (топмайман)” жумласи ўртасида мазмунан катта фарқ бор. Иккинчидан, мисранинг ўзи ҳали тугал маънога эга эмас, у кейинги мисра билан келгандагина мукаммал мазмун касб этади.
Бизнингча, мазкур мисрани бу тариқа ўзгартириб қўллашни ихтиёрсиз равишда қилинган, деб бўлмайди. Назаримизда, бу ҳолат муаллифларнинг мақсадларига кўра, ёки мақоланинг мазмун-моҳиятига мисра маъносини мослаштириш туфайли юзага келган. Фикримиз асоссиз бўлмасин учун бир мисол келтирсак. “Шоирнинг “Эл нетиб топгай (?) мениким, мен ўзимни топмасам”, деган сўзлари халқимизнинг бугунги миллий ўзликни англаш жараёнида ҳам ўз тасдиғини топмоқда”, деб ёзади “Тошкент оқшоми” газетасининг ўз мухбири “Буюк шоирга эҳтиром” мақоласида (2001 йил, 7 феврал, №16). Бу гап газетанинг навбатдаги (2001 йил, 9 феврал, №17) сонида босилган “Алишер Навоий даҳосига таъзим” сарлавҳали мақолада яна айнан такрорланади, мисра ҳам яна айнан ўшандай.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида Навоийнинг бот-бот тилга олинувчи:

Одамий эрсанг, демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами —

байтига танқидий кўз билан қараб, ўзларича унга тузатиш киритувчи “донолар” пайдо бўлди. Эмишки, байтнинг иккинчи мисраси аслида “Оники йўқ халқ ғами-ю дин ғами” тарзида бўлгану, уни ўша давр мафкурасига мослаш учун ўзгартириб босилган эмиш. Ажаб, “ғамидин” сўзидаги чиқиш келишиги қўйшимчаси “дин” сўзи билан тасодифан маънодош бўлса, бу ҳали мазкур даъвонинг тўғрилигига асос бўла олармикан?! Йўқ, албатта. Чунки, биринчидан, уларнинг айтганидек ёзилса, мисра ғоятда ғализлашади ва бу ғализлик алалоқибат байтнинг мазмунига путур етказади. Иккинчидан, қўлёзма нусхаларда “ғами” сўзидан кейин бириктирувчи боғловчи вазифасидаги “вов” ҳарфини кўрмаймиз. Котибларнинг баъзилари “дин” қўшимчасини эгалик қўшимчаси — “ё”йи ваҳдатга қўшиб кўчирганлар, баъзилари эса уни алоҳида тарзда битганлар. Бироқ уларнинг биронтаси боғловчи “вов” ҳарфини қўлламаганлигини “Ҳайрат ул-аброр” достонининг илмий-танқидий матнидан (Алишер Навоий, Ҳайрат ул-аброр. Илмий-танқидий матн. Тузувчи: Порсо Шамсиев. Тошкент, 1970, 141-бет, 79-байт) осонгина билиб оламиз.
Кутилмаганда, қўшимчанинг алоҳида тарзда, котиблар тили билан айтганда, узиб кўчирилганлиги туфайли “чалғиш” ҳолати шоир асарлари нашрига ҳам кириб қолганлигининг гувоҳи бўламизки, бу энди анчайин ачинарли ҳолдир.
“Лайли ва Мажнун” достонининг XII бобида шундай байт бор:

Ул иш неки воқиъ ўлди бехост,
Бир-бир деди ул икисига рост.

Бу байт достоннинг барча нашрларида, 1949 йилда асарнинг илмий-танқидий матнини тузган Ғ.Каримов нашридан тортиб, энг сўнгги 2006 йилда В.Раҳмонов томонидан амалга оширилган нашргача айнан шундай кўринишдадир.
Байтнинг таҳлили бундан сал олдин юз берган воқеа баёнини тақозо этади.
Баҳор чоғи дугоналари билан гулшанни сайр қилиб юрган Лайли, иттифоқо, гул бутаси орасида Қайсни учратиб қолади ва бу икки севишганлар ўртасида ҳаяжонли суҳбат бошланади. Қалби изтиробга тўла Қайс ёрига изҳори дил қилар экан, тутақиб сўзлагани туфайли ҳушидан кетади. Лайли унинг бошини тиззасига олиб, кўзларидан ёшлар тўкади, кутилмаган бу воқеадан қайғуга ботади. Шундай вазиятда уни излаб юрган икки канизи уларнинг устига келиб қоладилар. Бу манзарадан дунё кўзларига қоронғи бўлиб кўринган канизаклар қўрқувда “Бу қандай ҳол?”, деб сўрайдилар бекаларидан. Ўзининг қилмишини энди яшириб бўлмаслигига иқрор бўлган Лайли дугоналарининг саволига жавобан нима қилганлиги шу байтда келтирилган.
Энди байтнинг таҳлилига келсак. Биринчи мисрада мазмунга кўра қандайдир боғлиқлик етишмаётгандек. Мисрадан маъно чиқара олмагач, достоннинг эътиборли қўлёзма нусхаларига кўз югуртирамиз (мисолни араб имлосида келтиришнинг имконияти бўлмаганлиги учун ҳозирги имлода кўрсатамиз). Уларда:

Ул ишники воқиъ ўлди бехост —

деб ёзилган. Бунда мисра мазмуни аниқ: бехосдан содир бўлган бу ишни. Байтнинг тўлиқ мазмуни шундай: бехосдан содир бўлган бу ишнинг ростини (яъни қандай юз берган бўлса, шундайлигича) уларнинг иккаласига бир-бир айтиб берди.
Мазкур воқеанинг кутилмаганда юз берганлиги таъкиди сифатида “-ки” боғловчи қўшимчаси қўлланган. Ноширларимиз эса уни сўздаги тушум келишиги қўшимчаси билан биргаликда ўзак сўздан айрича ҳолда қабул қилганлар ва шу тариқа мисрага сингишмайдиган “неки” (арабча имлода “ники” ва “неки” бир хил ёзилади) сўзини ҳосил қилганлар.
Достоннинг ана шу XII боби баҳор фаслидаги табиат манзарасининг тасвири билан бошланади. Кўклам чоғи борлиқнинг қанчалар яшнаб кетиши бадиий воситалар, хусусан, ташбиҳ ва ташхис санъатлари орқали ғоятда жонли тасвирланади. Чунончи, бу айёмда тоғлар бағрида нафақат сел, балки ҳар бир тош Фарҳод фироқида ёшлар тўкади.

Тоғ бағрида сел йўқки, ҳар тош,
Фарҳод фироқидин тўкар ёш.

Саҳрода қуриган лоланинг учиб юрган гул япроқлари Парвезнинг кулоҳи (бош кийими)ни эслатади.

Саҳрода не лола бўлса барбод,
Парвез кулоҳидин берур ёд.

Лоланинг ҳар бир ғунчаси худди лаъл сақланадиган қутича, очилгач эса қизил парчага айланади.

Ҳар ғунчаи лола ҳуққаи лаъл,
Очилса ливода шуққаи лаъл.

Бир неча вақт очилиб тургач қуриган лоланинг гул япроқлари ҳавода учиб юраркан, бамисоли бағриқаро (деб аталувчи) қушлар даштга ёйилгандек бўлади.

Чун барги тушарга майл қилди,
Бағри қаро дашт уза ёйилди.

Сув ичидаги бинафша эса ҳар замон турна бошидек кўринади.

Сув ичра бинафша ҳар замони,
Сўна бошидан берур нишони.

Навбатдаги байтнинг мазмунини англаш эса мушкулроқ:

Ёш ғунчаға истамак бўлуб иш,
Жола тушуб оғзиға бўлур тиш.

Бу ерда ҳам деярли аввалги мисолга ўхшаш ҳолат. Биринчи мисрадаги истамак сўзи маъно жиҳатидан сингишмаётгандек. Қолаверса, мисралар ўртасида ўзаро мазмунан боғланиш кўринмайди. Хўш, байтнинг насрий баёни қандай ифодаланган экан? Биз бунга осонгина жавоб топиш имкониятига эгамиз. В.Раҳмонов нашридаги қулайликдан фойдаланган ҳолда байтнинг насрий баёнини ўқиб кўрамиз: “Ёш ғунчаларга иш орттириб ёғилган дўл уларнинг оғзига тиш бўлиб қадалади”.
Кўринадики, насрий баён ҳам кўнгил тўларли даражада эмас. Чунки, у аслиятдан бир қадар узоқлашган ва ҳаётий ҳақиқатдан бироз йироқ. Биринчидан, аслиятдаги ёш ғунча кўпга айланган. Иккинчидан, бир эмас, учта маънога эга бўлган истамак сўзи назардан четда қолган. Учинчидан эса, дўлнинг ғунча оғзига тиш бўлиб қадалиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Зеро, осмони фалакдан тушиб келган дўл донаси катта тезликка эгалиги туфайли ғунча оғзига қадалиб қолмайди, балки унинг оғзини йиртиб юборади.
Сўнгги илинжимиз энди достоннинг эътиборли нусхаларидан. Навоийнинг ўзи томонидан тасниф этилган “Куллиёт”дан бу байтни ўқиб кўрамиз:

Ёш ғунчаға эснамак бўлуб иш,
Жола тушуб, оғзиға бўлур тиш.

Ана энди маъно аниқ: иши эснаш бўлган ёш ғунчанинг оғзига шудринг тиш бўлиб ўрнашади. Қанчалар ҳайратланарли ифода, жонлантириш услубининг бетакрор намунаси. Шундай эмасми? Хўш, унинг нашрларга бузилган шаклда кириб қолишига сабаб нима? Бизнингча, котибнинг бепарволиги-ю мутахассисларнинг беэътиборлигидир. Арабча имлода “эснамак” ва “истамак” сўзларининг шаклий ўзаги бир хил ёзилади. Қайсидир котиб “нун” билан ёзиладиган “эснамак”ка ихтиёрсиз равишда иккита нуқта қўйиб юборган бўлиши керак. Натижада, “нун” (н) “те” (т)га айланиб, мисрага ўгайдек бўлиб “истамак” сўзи юзага келган. Бу ҳолат насрий баён муаллифлари фойдаланган қўлёзма нусхада ҳам мавжуд бўлган. Бироқ бу сўз байтнинг мазмунига дахлсиздек туюлаётгани учун насрий баённи амалга оширувчилар уни “четга чиқариб қўйиш”ни мақбул кўрганлар. Боз устига, “жола” сўзининг дўл маъносидан ташқари шудринг, шабнам маъноси ҳам борлиги уларнинг эътиборидан четда қолган.
Юқорида биз келтирган учрашувдаги Қайснинг тутоқиб Лайлига айтган гапларидан бири:

Сендин етиб бу шиддат охир,
Кимга тоқойин бу туҳмат охир?!

Байт мазмунини уқиш қийин эмас: сендан етишаётган озорларни кимга тақайин, ахир (бирор кишига нисбатан) шундай қилсам бу туҳмат бўлади-ку.
Бироқ асар қўлёзмасига қиёсланса, бу ўринда ҳам эътирозли жиҳат кўзга ташланади. Биринчидан, тоқайин ёки тақайин сўзини биз “Навоий асарлари луғати”да кўрмаймиз. Иккинчидан, қўлёзма нусхаларда байтнинг иккинчи мисраси:

Кимга ёқайин, бу туҳмат, охир?!

Бунда энди мисрадан маъно чиқариш мушкулроқ, ёқайин сўзи ишга тўсқинлик қилаётгандек. Аммо, қарангки, тоқайин ва ёқайин сўзларининг ҳам ёзилишдаги ўзаги бир хил. Шунга кўра, дастлабки ноширлардан бири, котиб бу ўзакка ихтиёрсиз равишда сўз бошидаги икки нуқтани нотўғри қўйиб юборган ва “ё”йи ваҳдат “те”га айланиб қолган, деган фикр билан ёқайинни тоқайинга ўзгартирган. Бу “тузатиш” нашрдан нашрга ўтиб келаверган. Аслида эса, ўша мисрага қовушмай турган ёқайин сўзини чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўриш керак эди. Зеро, унинг бир эмас, бир нечта маънога эга эканлиги “Навоий асарлари луғати”да кўрсатилган. Яъни, ЁҚМОҚ — 1. Ёқмоқ (ўт, шам); куйдирмоқ. 2. Хуш келмоқ, маъқул тушмоқ. 3. Нисбат бермоқ, тўнкамоқ. 4. Суртмоқ, қўймоқ, доғламоқ (дорини).
Кўринадики, бу маъноларнинг учинчиси сўз бораётган мисрага мувофиқ келади. Ёқайин сўзини ўзгартиришга қарор қилган шахс назарда тутган сўз бугунги кун тилимизда тақимоқ шаклида қўлланади. Тўғри, тилимизда тақамоқ феъли ҳам мавжуд, аммо у бошқа маънода қўлланади.
Севишганлар учрашуви баёни билан боғлиқ яна бир байт ҳам мунозарали. Қалби изтиробларга тўла Қайс нигорига ёниб-куйиб сўзлар экан, қаттиқ ҳаяжон туфайли ҳушидан кетади. Лайли унинг бошини бағрига олиб, юм-юм йиғлар экан, кўз ёшлари ошиғининг юзига оқиб тушарди.
Аслиятда ушбу ҳолат:

Қўйниға олиб нигор бошин,
Сочиб юзидин юзига ёшин —
деб ифодаланган.
Нашрларда иккинчи мисрадаги юзидин сўзи кўзидин қилиб ўзгартирилган. Бир қарашда бу тўғри қилингандек туюлади. Зеро, ёш кўздан чиқади-да, юздан эмас. Аммо чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрилса, бу ерда ҳам “кўз чиқариш” бўлган. Ахир, ёш кўздан чиқади, юздан оқиб тушади. Ана шу оддий ҳолат “тузатувчи”нинг эътиборидан четда қолган.
Бу каби мисолларнинг яна бир қанчасини келтириш мумкин. Бироқ “Мухтасар сўз — мўътабар”, деган нақлга амал қилиб, гапни шу ерда тўхтата қолайлик. Бизнинг ниятимиз кимларнидир хатокорликда айблаш, қайсидир қилинган ишни пастга уриш эмас, асло. Истагимиз ҳамюртларимизни — у хоҳ санъаткор бўлсин ёки сухандон, хоҳ мутахассис ёки публицист — мумтоз адабиётимиз намуналарига юксак масъулият ва жиддий эътибор билан қарашга, уларни нашр этишда ҳар бир сатр ёки байт, ҳар бир ибора ёки сўзни тафаккур тарозусида ўлчаб, сўнгра илмий жамоатчиликка, кенг оммага тақдим этишга чақиришдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 36-сонидан олинди.