Улуғ шоир Мақсуд Шайхзода аслиятдан таржима қилган «65 шеър»(1962) тўпламига Нозим Ҳикмат ёзган сўзбошисида ўзбек китобхонининг бадиий савиясига бўлган ҳурмат-эҳтиромини шундай эътироф этганди: “Ўзбек шеър ўқувчисининг диди юксакдир. Буларнинг барчасини биламан, билганим учун ҳам унинг қаршисига юрагимни ҳовучлаб чиқмоқдаман”.
Дарҳақиқат, ўзига хос дунёқараши-ю кескин фикрлари билан дунё жамоатчилиги диққат-эътиборини тортган, атрофида ҳануз турли зиддиятли мулоҳазалар билдирилаётган мураккаб тақдир эгаси турк ёзувчиси Ўрхон Помуқнинг автобиографик «Истанбул: хотиралар ва шаҳар» романи таржимаси “Жаҳон адабиёти” журналининг ўтган йилги октябр — декабр ҳамда 2009 йилнинг январ ойи сонларида чоп этилиши кўпчилик қатори мени ҳам қувонтирди. Чунки Швеция Қироллик академияси матбуот анжуманида айтиб ўтилганидек: “Она шаҳрининг мунгли руҳиятини акс эттиришда маданиятлар ўртасидаги тафовутларнинг янги жилоларини кашф этган” муаллифнинг халқаро нуфузли Нобел мукофотига лойиқ кўрилган мазкур романини ўзбек тилида ўқишни кўпдан бери орзу қилиб юрардим. Айниқса, мазкур таржима собиқ шўролар тузуми давридаёқ «Ҳозирги замон турк шеърияти»(1980), «Аср овози»(1988) тўпламларидан жой олган жаҳон шеърияти намуналаридан қилган нафис таржималари билан ўзбек шеър муҳибларининг эътиборини қозонган шоир Миразиз Аъзам томонидан амалга оширилганини билиб, кўнглимда тағин бир илиқлик пайдо бўлди. Бундай улкан ишга жазм этган муҳтарам адибимизнинг журъатига таҳсин ўқиган ҳолда, холис ният билан таржима мутолаасига киришдим. Бироқ, афсуски, менинг бу қувончим узоққа чўзилмади. Сабаби… Тўғри, мен таржимашунос эмасман, аммо ўзбек ҳамда турк филологияси бўйича олган сабоғим ҳурмати таржимада йўл қўйилган кўплаб хато ва камчиликлардан кўз юмишни ҳам маъқул топмадим.
Аввало, шуни айтиб ўтсак: эҳтимол, қардош ёки чет эл шеърияти намуналарини таржима қилганда, имкон қадар матн вазни ва оҳангини сақлаб қолиб, обрў олиш мумкиндир, аммо муайян бир насрий асар таржимасига қўл урилганда бундай йўл билан олқишга умидвор бўлишнинг иложи йўқ. Чунки насрий асар таржимасида асл матн тили таржима тилининг адабий нормалари, грамматик қонун-қоидаларига тўла бўйсундирилади. Акс ҳолда, на асл матн жозибасига, на таржима қилинаётган тил нафосатига эришиб бўлади. Қолаверса, хоҳ назмий, хоҳ насрий бўлсин, ҳар қандай асар таржимаси ҳам санъат, тўғрироғи, ижод маҳсули ҳисобланади. Унга ана шу нуқтаи назардан ёндашилмас экан, кўзланган мақсадга эришиш душвор.
«Истанбул: хотиралар ва шаҳар» романи таржимаси, афсуски, деярли дастлабки, қоралама ҳолатда, яъни сўзма-сўз қандай ўгирилган бўлса, шундайлигича таҳрир қилинмай нашр этилган. Оқибатда ўзбек тили грамматик қонун-қоидалари, адабий тил меъёрларидан йироқ турк тили грамматикасига хос сўз бирикмалари, изофа ва феъл замонлари қўшимчалари, жумла қурилишининг айнан қўлланилиши, бир сўзнинг синоними бўла туриб, қайта-қайта такрорланиши каби кўплаб камчиликларга йўл қўйилганини кўрамиз.
Сўзимизнинг исботи сифатида таржиманинг илк жумлаларига эътиборни қаратсак:
“Истанбул кўчаларининг ичкарисидаги ерда, бизникига ўхшаган бир бошқа уйда қош-кўзидан тортиб оғзи-бурнигача ҳамма аъзоси билан менинг ўхшашим, эгизим, ҳатто худди ўзимдай бир бошқа Ўрхон яшашига болаликдан бошлаб узоқ йиллар ақлимнинг бир чеккасида инониб юрдим. Бу фикр илк бора қаердан ва қандай қилиб менга келиб қолганини эслаёлмайман”.
Бизнингча, ушбу жумлаларни, жилла қурса, қуйидагича таҳрир қилишга зарурат бор:
“Истанбул кўчаларининг бирида бизникига ўхшаш бошқа бир уйда қошу кўзидан оғзи-бурнигача ҳамма аъзоси меникига менгзаган, эгизим, ҳатто худди ўзимдай бир бошқа Ўрхон истиқомат қилишига болалигимдан бери узоқ йиллар инониб яшадим. Бу фикр хаёлимга илк бора қаердан ва қандай келиб қолганини эслай олмайман”.
Бошқа бир ўринда ҳам худди шундай услубий хатоликка йўл қўйилган:
“Қор болалигим Истанбулининг айрилмас бир қисми эди”.
Ушбу жумла “Қор Истанбулда кечган болалигимнинг айрилмас бир парчаси эди” тарзида таржима ёхуд таҳрир қилинганда тўғрироқ бўлармиди.
Мутаржим асарнинг журналнинг 2008 йил октябр сонида босилган қисмида турк тилидаги маса сўзига шундай изоҳ беради: «Масо — арабча сўз бўлиб, “стол” маъносида ишлатилади». Ҳолбуки, masа — юнонча сўз бўлиб, туркчада ҳам masa тарзида ёзилади ва талаффуз этилади. Таржимон юқоридаги изоҳда мазкур сўзнинг ўзбек тилида фаол қўлланадиган муқобили гарчи стол эканлигига ишора қилса-да, бироқ таржимада кўп ўринларда негадир айнан масо шаклини қўллаб, тағин бир хатоликка йўл қўяди.
Турк удумига кўра, хотин кишининг эрига: “Кўрдингми, Ойдин нима деганига қара” қабилида мурожаат этиши табиий ҳол ҳисобланади. Ўзбек менталитетига ёт бўлган бундай мурожаатнинг таржимада айнан ўгирилгани ноўриндир.
«Истанбул: хотиралар ва шаҳар» романининг аслияти билан ўзбек тилидаги таржима матни қиёсланганда, турк тилидаги жуда кўп сўзлар ўзбек тилига хато таржима қилинганининг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, турк тилида хавотир, қизиқиш, истак, хоҳиш маъноларини билдирувчи merak сўзининг ўзбек тилига мароқ; зиёли, маърифатли маъноларини билдирувчи aydn сўзининг ўзбек тилига ойдин; кўникмоқ, одатланмоқ, ўрганиб қолмоқ маъноларини билдирувчи alshmak сўзининг ўзбек тилига олишмоқ деб, яъни асл маънолари четда қолиб, хато бир тарзда ўгирилиши; вулқон маъносини билдирувчи yanardag сўзининг ўзбек тилига тушунарсиз ёнартоғ; нур, ёруғлик, чироқ маъноларини билдирувчи IshIk сўзининг ўзбек тилига ишиқ; қишлоқ маъносини билдирувчи kоy сўзининг ўзбек тилига кўй; енгил, осон маъноларини билдирувчи hafif сўзининг ўзбек тилига хафиф; омборхона маъносини билдирувчи depo сўзининг ўзбек тилига депо; ҳуштак, сигнал маъноларини билдирувчи duduk сўзининг ўзбек тилига дудук тарзида, яъни таржима қилинмай айнан «ўгирилиши» таржима савиясининг янада пасайишига олиб келган.
Дарвоқе, фразеологик ибора, турғун бирикма, мақоллар, жуфт сўзлар ҳар бир тилнинг ўзига хослигини таъминловчи унсурлар ҳисобланади. Турк тилида siyah-beyaz: қора-оқ шаклига эга бўлган жуфт сўзнинг ўзбек тилидаги муқобили оқ-қора бўлишига қарамай, асарда 5-бўлимнинг номи ҳисобланган ҳамда саҳифаларда 57 бор такрорланган ушбу жуфт сўз таржимада ҳам тескари: қора-оқ ҳолида ўгирилган.
Романнинг турк тилидаги матнида сифатдан олдин қўлланилиб, кучайтирув ҳосил қилган ne — нақадар сўзининг ўзбек тилига на — инкор юкламаси ҳолида таржима қилиниши оқибатида жумладаги асл маъно жиддий ўзгаришга учраган: “Ғарблик кузатувчининг шаҳарни теран бир тарзда танқид (аслида тадқиқ — Ш.С.) қилиб ерга урган мақоласини унга қўшилиб ўқиш истаги менда ҳам бордир ва бу турдаги мақолаларни ўқимоқ Истанбулнинг на гўзал, на ғалати, на ҳайратланарли ва ўзига хос бир жой эканлигини такрорлаб турган Пиер Лоти каби ёзувчиларни ўқишдан кўра завқлироқдир”.
Таржимада исм ва жой номлари ёзилишида ҳам қатъий бир изчиллик, тартибга амал қилинмаган: асл матндаги тарихий шахслар: TanpInar – Танпинарни Тонгпинар; Yavuz – Ёвузни Явуз; Bayar – Баярни Боёр деб, ёки тарихий обида Ayasofya – Аясофияни бир ўринда Аё-София, бошқа бир ўринда эса Айя-София кўринишида ўгиришга қандай ҳожат бор экан?
Хуллас, ҳар қандай асарнинг ўқилиши равон, жумлалари бадиийликка, экспрессив бўёқдорликка эга бўлгандагина китобхонни ўз ортидан етаклай олади. Бу талаб таржима асарлари учун ҳам асосдир. Акс ҳолда, “сурнайчидан бир пуф” қабилида иш кўриб, ўқувчини ора йўлда қолдиришдан ҳеч қандай наф йўқ.
Ёзишни ҳаётининг асосий мазмуни деб билган Ўрхон Помуқнинг барча мухлису мухолифлари томонидан якдиллик билан эътироф этилган энг муҳим ютуғи – адиб қандай мавзуга қўл урмасин, тилдан ниҳоятда усталик билан фойдаланиб, асарга жозиба бахш этишидир. Асарлари жаҳоннинг қирқдан ортиқ тилларига қайта-қайта таржима қилиниб, бир қанча халқаро нуфузли совринларга ноил кўрилишининг сабабларидан бири ҳам шунда. Таржимада ана шу жиҳатларга эътибор қаратилганда нур устига нур бўларди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 42-сонидан олинди.