Огаҳий эзгу урф-одатлар, асрий қадриятларнинг инсон шахси, камолоти, тақдиридаги ўрнини, рўза ва рамазон хислатларини теран билган ва асарларида таъсирчан акс эттирган. Шоирнинг эътиқоди, исломий илми, тасаввуф фалсафасига муносабатига шўролар даврида нотўғри баҳо берилган эди.
Аслида шоир ўз ғазалларида айшга берилган дин пешволарини, инсон онгини зулматга етакловчи зоҳидларни, золим амалдорларни танқид қилган. Худосизликни тарғиб этувчи коммунистик мафкура билан қуролланган шўро мафкураси таъсиридаги адабиётшунослик Огаҳий ижодидаги бу муҳим йўналишларга нотўғри ёндошган эди. Уни диний урф-одатларга, рўзага қарши ғазаллар битган деб, атеист шоир сифатида талқин этишларига оз қолганди. Зеро, ҳар бир ижодкор ижодини унинг эътиқоди, яшаб ижод қилган муҳити, шахсияти ва турмуш тарзидан келиб чиқиб баҳолаш зарур.
Огаҳий умри давомида намозни, рўза тутишни, оғир касаллигига қарамай канда қилмаган. Қуръони карим илмларини юрагига жо этган алломанинг Оллоҳга муҳаббати, диний-дидактик тафаккури ниҳоятда ёрқин бўлган.
Маълумки, Огаҳий 1845 йили отдан йиқилиб, оёғи синади. Ўшанда у 36 ёшда эди. Тез соғайиб кетишни қанчалик орзу қилмасин, шоир умрбод майиб бўлиб қолади. Бир ғазалида у бу ҳақида:
Икки ой эрди агарчи бу касалнинг муддати,
Лек икки йил дард чеккандин ямон этди касал —
деб ёзади.
Бу каби ғазалларидан аён бўладики Огаҳий ҳазратлари Қиёт қишлоғидаги ҳовлисида севган ёрисиз, фарзандсиз, бунинг устига оёғи ланг ҳолда ёлғиз қолган. Тўғри, унинг амакиваччалари кўп бўлган, улар ёнма-ён ҳовлида яшаганлар. Барибир ёлғизлик азоби устун келган. Яъни аллома инсон руҳини кўтариб, унга янада қудрат бағишловчи ифторликларни, саҳар чоғларидаги масъум илтижоли саҳарлик тамаддиларини, дилкушо ҳайит онларини якка-ёлғиз, севган аёлисиз ўтказган — рўзаи рамазоннинг нурли шодликларидан тўйиб роҳатланмаган. Бу ҳолат Огаҳий соғлигини яна оғирлаштирган, шу боис, у рўзадан эмас, ўз соғлиғидан, тақдиридан нолиган. Бироқ Огаҳийнинг иродаси, эътиқоди шу қадар кучли бўлганки, оғир хасталик, замоннинг ғурбати, қаҳратон қиш совуғи, ёлғизлик ва юпун турмуш уни имон нурларига йўғрилган қадимий қадриятларимиз, урф-одатларимиздан мутлақо узоқлаштира олмаган.
Огаҳийнинг фарзанди бўлмаганини ҳам унинг асарларидан билиб оламиз. Иқтидорли огаҳийшунос Нафас Шодмонов «Шоҳидул-иқбол» — адабий манба» номли монографиясида Огаҳийнинг ардоқли шогирди ҳақида ёзган марсиясидан қуйидаги парчани келтирган:
Манго доғи шогирди дилбанд эди,
На шогирд, хушхулқ фарзанд эди…
Билунтирмас эди ўғулсизлиқим
Ўғулсизлиғ ичра кўнгилсизлиқим.
Ёлғизлиги, фарзандсизлиги ва хасталиги боис сарой табибларининг рўза тутишини ман этишларига қарамай, рўзани канда қилмаган шоир саҳарликлар чоғида яратгандан эл-юрт саодатини сўраб қилинадиган муножотларни ҳамма нарсадан устун қўйган. Муҳаррам ойининг илҳомбахш сониялари бўлмиш Рамазон айтишни эса, қасида даражасига кўтарган. Фақат касаллиги туфайли, рамазон ойининг гаштини, малоҳатини сура олмаётганидан фарёд чеккан:
Рўза айлаб мани басе дилтанг
Бошим оғир, аёғим этди ланг —
деб ёзар экан, рўзадан эмас, балки хасталик ва кексайиб кучдан қолганидан нолийди: «Огаҳий, билма рўзадин ёлғиз, қарилик ҳам сани қилибдур танг».
Рўзаву дай шиддати ҳар соридин айлаб ҳужум
Қилдилар торожу ғорат йўқу боримни менинг —
деб ёзади яна бир ғазалида шоир. Ғазалдан рўзанинг қиш фаслида келганини (дай — қаттиқ қиш дегани) билиб оламиз. Огаҳий девонидаги ғазалларнинг аксариятида турмушнинг оғир ва таҳликали эканлиги, айниқса, қаҳратон қиш халқ бошига кулфатлар олиб келгани айтилади. Ўша замонда Хоразмда қиш фасли ўлим билан олишиш, ҳаёт-мамот жанги даражасида бўлган. Чунки ўтин, кўмир муаммоси, фақат қум барханларидан ошиб саксовул кавлаш, ундан писта кўмир тайёрлашдек хатарли, машаққатли меҳнат билан боғлиқ эди.
Шу боис, шоир рўзадан эмас, унинг илоҳий мафтункор сонияларидан бебаҳра қилаётган дай — қора қишдан нафратланади.
Дарҳақиқат, устозининг бутун ҳаёти ва ижодидан огоҳ бўлган Баёний Огаҳийнинг рўза ҳақидаги ғазалларини ўқиганки, «табъи сақим эмасдур», яъни табиати, эътиқоди, иқтидори заиф эмас, дейди:
Рўза қилмишдур мани дилтанг дебтур Огаҳий,
Бу анга нафратдин эрмас, табъи эрмасдур сақим.
Огаҳийга сўзнинг улуғ мартабаси, зарқалам шарофати насиб этгани боис, у ўзбек халқининг қадимий рамазон айтимларини севиб ўрганган, рамазон қўшиқлари асосида «Рамазон қасидаси»ни ёзган. Бу ҳақда таниқли тарихшунос олим М.Йўлдошов «Хива хонлигидан феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши» китобида шоир Огаҳий ҳақида адабиётшуносликка номаълум маълумотлар ҳақида ёзади. Масалан, Хива хонлари архиви 34-дафтарининг 66-вароғида: «1273 (1856 — 1857) йил рамазон ойида Муҳаммад Ризо мироб Огаҳий саройга рамазон қасидаси билан келганида Яъқубхўжа хазинадан унга 30 тилло олиб берган», деган маълумотларни ўқиймиз.
Огаҳий иккинчи бор рамазон қасидаси билан саройга 1866 — 1867 йилларда келади. Демак, шоир бу галги рамазон қасидасини ўзининг севимли шогирди, шоҳ ва шоир Феруз тахтга ўтиргандан кейин келган дастлабки рамазон ойида ёзган бўлиши мумкин.
Гап шундаки, қадим Хоразмда рамазон айтиш бир ой давом этган. Атоқли санъаткор Тамарахоним Хоразмда 1932 — 1935 йилларда ишлади. Суҳбатларда у рамазон ойида бўлиб ўтадиган турли қавмларнинг рамазон айтиш санъати ўзини ҳайратга солганини гапириб берган эди. Дарвоқе, халқ айтимларида шундай сатрлар бор:
Бу уйни олоъғойлар, булағойлар,
Бу уйни олтин билан сувағойлар.
Ё рамазон, омин…
Луғатларда «олоъ» — нозу неъматлар, «булағо» — сўз усталари, моҳир нотиқлар, деган маъноларни билдиради. Демак, рамазон қўшиқларини айтувчилар ҳар бир хонадонда нозу неъматли дастурхонлар, маънавий гўзал фикрловчи инсонларнинг кўп бўлишини тилаганлар. Ҳар бир ўзбек хонадонининг бўсағаси олтиндан, турмуши тинч бўлиши истаганлар.
Халқ ижодиётидан илҳомланган Огаҳий ўзининг рамазон қасидаларида юртни бошқараётган амалдорларга, ҳар бир инсонга маънавий бойлик, мўътабар фазилатлар тилаган. Афсуски, шоирнинг шахсиятига доир бу маълумотлар ҳали ўрганилмаган, истиқлол замонининг янги авлод тадқиқотчиларини кутаётир. Ишонамизки, ёш огаҳийшунослар шоир шахсияти ва ижодининг адабиётшуносликка ҳали номаълум бўлган жуда кўп қирраларини кашф этадилар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 43-сонидан олинди.