Машҳур кишилар, буюк сиймолар шахсиятига қизиқиш барча замонларда кучли бўлган. «Машҳур кишилар ҳаёти» туркумидаги китоблар, хотиралар тўпламлари ана шу маънавий эҳтиёж маҳсули. Буюк бобокалонларимизнинг бу борадаги фаолияти ҳам ибратлидир. Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» каби шоҳ асарлари мемуар жанрининг ноёб намуналари сифатида қимматли.
Адабиётимизда сўнгги йилларда мазкур жанрда ҳам анча жонланиш кузатилмоқда. Бу қувончли ҳол, албатта. Адабиётни қисмат деб билган ёзувчи Шукур Холмирзаев (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) ўзига замондош, тенгдош ижодкорлар ҳақида туркум эссе-хотиралар ёзди. Бу жанрда заҳматкаш олим Наим Каримов, айиқса, баракали ижод қилмоқда. Унинг «Чўлпон», «Ойбек», «Ойбек ва Зарифа» китоблари чоп этилди. Таниқли навоийшунос олим Азиз Қаюмов «Академик Ғафур Ғулом» номли хотиралар китоби билан мемуар жанр равнақига ҳисса қўшди. Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг», Кибриё Қаҳҳорованинг «Чорак аср ҳамнафас» номли китоблари мухлислар эътиборини тортди. Шунингдек, «Қодирийни қўмсаб», Озод Шарафиддиновнинг «Абдулла Қаҳҳор», ҳаётдан бевақт кўз юмган ёш ижодкорлар ҳақида «Эрта сўнган юлдузлар», Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Озод Шарафиддинов, Ғайбулло ас-Салом, Тоғай Мурод ҳақида замондошларининг хотиралари чоп этилди.
Камина айрим замондошлар ҳақида хотира ёзиш мақсадида отни мендан олдинроқ қамчилаган бир қатор муаллифларнинг китобларни синчиклаб ўқиб чиқдим ва: «Бизда хотира ёзиш маданияти эндигина шаклланаётган экан», деган хулосага келдим. Зеро, китобларга киритилган хотиралар турли савияда ёзилган.
Хотира ёзишга масъулият билан ёндошган, қаҳрамон ҳаётини яхши билган ва ўрганган, фикр-мулоҳазалари, ҳис-туйғуларини таъсирчан ифодалай олган муаллифларнинг битикларидан, албатта, кўнглим тўлди. Мен бу ўринда Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султонов, Сайди Умиров, Мирпўлат Мирзо, Эркин Аъзам, Маҳкам Маҳмудов, Ортиқбой Абдуллаев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ашурали Жўраевнинг хотираларини назарда тутяпман. Улардаги характерли чизгилар, ибратли воқеалар, салмоқли фикр-мушоҳадалар қаҳрамонлар суврати ва сийратини ўқувчи кўз ўнгида ёрқин гавдалантиради.
Зарифа Саидносированинг Ойбек, Кибриё Қаҳҳорованинг Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги китоблари мемуар жанрида воқеа бўлди, бу жанрнинг ҳали кузатилмаган имкониятларини намоён этди. «Аёллар бизни бахтли қилишнинг битта йўлини, бахтсиз қилишнинг эса минглаб усулини биладилар», деган эди Ҳайнриҳ Ҳайне. Зарифахоним ва Кибриёхоним ўша ягона, машаққатли йўлни онгли равишда танлагандилар ва шу асно, ўз номларини ҳам мангуликка муҳрладилар. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби атоқли адибларимизнинг бахти шундай фидойи аёллар билан умргузаронлик қилганида. Бундай умргузаронлик осон бўлмагани, буюклар билан ҳамнафас яшашнинг машаққати, масъулияти, айни чоғда, нашъу намоси хотираларда ниҳоятда самимий, эҳтирос билан, таъсирчан ҳикоя қилинган.
Сайди Умиров устоз Ғайбулло ас-Салом ҳақида эҳтиром ва ихлос билан ёзади: «Профессор Ғайбулло ас-Салом ёзма нутқи ҳам, оғзаки нутқи ҳам бирдек ўткир, равон, сара олим, ижодкор сирасидан эди. Ёзган сўзи ҳам, айтган сўзи ҳам мағизли, тамизли, тишли-тирноқли, муаммоли, мантиқли, адолатли, оҳанрабо янглиғ ўзига тортгувчи эди, негаки улар қомусий билимли, тафаккури кенг, саводи баланд, имонли, эътиқодли, ахлоқли, маънавиятли инсон томонидан айтилгучи, битилгучи эди». Юракдан ҳис этиб айтилган бу самимий эътироф шогирднинг устоз дунёқараши, истеъдоди ва услубининг ўзига хос жиҳатларини нозик илғай олганини кўрсатади.
Озод Шарафиддиновнинг Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотираси холислиги, мулоҳазаларнинг теранлиги, жўшқин эҳтиросга йўғрилгани боис диққатни тортади. Атоқли ёзувчининг адабиётимиз ривожидаги улкан хизматлари эътироф этилиши баробарида, шахсий ҳаётидаги қийинчиликлар, ўша даврдаги раҳбарлар билан муносабатидаги зиддиятлар ҳам эътибордан соқит қилинмаган.
Очиқ айтиш керак, қалб амри билан эмас, мажбурият юзасидан (тўпловчи буюртма бергани, муаллиф йўқ дея олмагани боис) ёзилган юзаки хотиралар ҳам талайгина. Улар икки томчи сувдек бир-бирига ўхшайди, такрорлар ғашга тегади, қаҳрамонларнинг фазилатлари шунчаки қайд қилинадики, шу боис, китобхонни тўлқинлантирмайди. Хотира юракдан, самимий ёзилса, муаллиф меҳру ихлосини, ҳис-туйғуларини китобхонга юқтира олса, мушоҳадалари тош босса, унинг ўзига хослиги, бетакрорлиги аён сезилиб туради. Чунки ҳар кимнинг ўз Чўлпони, ўз Қодирийси, ўз Ойбеги бор.
Тўғри, мундоқ қараганда, хотира ёзишнинг аниқ белгилаб қўйилган қонун-қоидаси йўқдек. Аммо хотирада ҳам муаллифнинг ўқувчига айтадиган муҳим гапи бўлиши керак. Айни чоғда муаллиф ўз қаҳрамони шахсияти, ижодиёти, у яшаган давр, адабий муҳит ҳақидаги оҳорли, дадил, салмоқли фикр-мулоҳазаларини китобхон ҳукмига ҳавола этсагина мақсадга эришади.
Мустақилликдан илгари ёзилган хотираларда ўша даврдаги ҳукмрон мафкура таъсири яққол сезилади. Муаллифлар кўнглидаги гапни очиқроқ ёзолмас, тарозининг бир палласига қаҳрамоннинг шўроларга қанчалик садоқат билан хизмат қилгани қўйилар эди. Балки ўша носоғлом муҳит сабаб бўлгандир, 1979 йили чоп этилган «Ойбек замондошлари хотирасида» китобининг (Азиз Қаюмов, Саида Зуннунова, Носир Фозилов хотираларини мустасно этганда) савияси ночор, юзаки эди. Ҳатто таниқли адибларнинг бу китобдаги хотиралари ҳам талаб даражасида эмасди. Замона зайли билан бу хотиралар эскирди. Афсуски, энди уларни қайта тиклаб, янгилаб бўлмайди. Ойбекни кўрган-билган авлод ўтди ҳисоб. Демак, хотира ёзиш сира кечиктириб бўлмайдиган, долзарб, хайрли иш.
Замондошлар Ойбек шахсиятига жуда юксак баҳо берганлар. Устоз Озод Шарафиддинов уни «Миллатни уйғотган адиб», деб таърифлаган. Демак, Ойбек ҳақидаги хотиралар китоби ҳам бу улуғ сиймонинг ўлмас қиёфасига монанд маънавий обида даражасида бўлмоғи лозим эди.
Тоғай Мурод ҳақида чоп этилган хотиралар китоби эса, мустақиллик эпкинидан дадилланиб, эмин-эркин ёзилгани боис, бирмунча жонли, мазмунли чиққан. Айрим хотиралар (масалан, Вафо Файзуллонинг мақоласи) қамровнинг кенглиги, теранлиги туфайли мустақил рисола даражасида. Адабиётшунослик ҳали унинг ижодини тўла таҳлил этиб бергани йўқ. Балки бу ишни энди янгича фикрлайдиган, адабиётга янгича нигоҳ билан қарайдиган авлод уддалар. Эзгуликнинг кечи йўқ.
Хотираларнинг кўнгилдагидек чиқмаётганининг сабаблари кўп. Шулардан бири ўзбекона андиша. Шу ўринда устоз Ғайбулло ас-Саломнинг «Эвоҳ, ўзбек бўлиш нақадар оғир!..», деган иқрори ёдга тушади. Хотира муаллифлари ўз қаҳрамонларининг айрим қусурлари, инсоний ожизликларини тилга олишдан ийманадилар. Мабодо шундай қилса, қаҳрамоннинг бола-чақалари, қариндош-уруғлари жанжал чиқарадигандек туюлади. Натижада сип-силлиқ ёзилган хотирада қаҳрамоннинг сиймоси ўз-ўзидан бирёқлама талқин этилади, идеаллаштирилади, ҳаётийликдан, ҳаққонийликдан маҳрум бўлади. Тўғри, андиша, одоб керак, фақат у меъёрида бўлгани, холисликка монелик қилмагани маъқул. Шу ўринда мустақилликдан илгари йигирма йил Ўзбекистонни бошқарган раҳбар, ёзувчи Шароф Рашидов шахсиятининг хотираларда акс этиши масаласи ёдга тушади. Албатта, Рашидов ўз даврининг фарзанди эди. Унинг хизматлари, қусурлари, аввало, шу билан изоҳланади. Айни чоғда, унинг Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат каби атоқли ёзувчилар билан муносабатлари мураккаб бўлган. Бу ҳақдаги турли миш-мишларга чек қўйиш учун ҳам ушбу масалага аниқлик киритиш зарур эди. Озод Шарафиддинов бу борада очиқ, холис ёзишга журъат этолгани ибратлидир.
Хотиралардаги яна бир камчилик — фикр қашшоқлиги, журъатсизлик ва ортиқча эҳтиёткорлик. Айрим муаллифлар аён кўриниб турган ҳақиқатларни айтгиси келмайди, замон аллақачон жой-жойига қўйиб қўйган масалаларни тилга олишга журъат қилмайди. Натижада бундай хотиралар кемтик бўлиб қолаверади.
Маълумки, шўролар замонида кўплаб атоқли, таниқли адибларимиз муттасил сиёсий тазйиқлар исканжасида яшаб ижод этишган, вақти келганда замонасозлик ҳам қилишган, қизил мафкурани шарафлаб асарлар ёзишга мажбур бўлишган. Ўртамиёна ва ундан пастроқ асарлар шу ҳолатнинг оқибати. Бу фактдан кўз юмиш, уларни тилга олмаслик мумкин эмас. Афсуски, эълон қилинаётган хотираларда масаланинг бу жиҳатига эътибор қилинмаётир.
Кўзга яққол ташланадиган яна бир нуқсон — қаҳрамонларнинг шўро замонида кўп азият чекканига ҳаддан зиёд урғу беришдир. Бундай хотираларда муаллиф қаҳрамонларини жабрдийда қилиб кўрсатишга мойил бўлади, уларнинг хизматини шўролар қадрламагани, унвонлар, мукофотлар бермаганини фожеа сифатида талқин этади. Бу билан муаллиф ўз қаҳрамонини улуғлаш ўрнига камситиб, ерга ураётганини сезмайди. Ахир, ёзувчи мукофот учун, унвон учун ёзмайди-ку! Асар, аввало, китобхон учун ёзилади. Китобхоннинг кўнглига йўл топиш ёзувчининг асосий мақсади эмасми?
Адабиётнинг заминида ҳаққоният, самимият туриши лозим. Бу фикр хотираларга ҳам тўла тааллуқли. Агар хотираларга заррача ёлғон аралашса, сезгир ўқувчи буни дарров пайқайди, ҳафсаласи пир бўлади. Афсуски, айрим хотираларга уйдирма аралашиб қоляпти.
Ҳурматли адибимиз Саид Аҳмад (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотирасида ўзининг «Уфқ» романи муҳокамаси ҳақида тўхталаркан, шундай ёзади:
«Муҳокама мажлисига табиатим тирриқ бўлиб бордим.» (Абдулла Қаҳҳор унга: «ТошДУнинг филология факултетида романингизни муҳокама қилишмоқчи. Бир-икки қитмир олимчалар романни йўққа чиқазишмоқчи, ҳушёр бўлинг», деганмиш. Бу гапга ишониш қийин). «Уч-тўрт кишининг романни бадном қилиш учун жиддий тайёргарлик кўргани билиниб турарди…», «Зал тўла одам. Студентлар ҳам, ўқитувчилар ҳам кўп… Студентлар шовқин кўтариб, муҳокамани Абдулла Қаҳҳор бошлаб берсин, деган таклифлар тушди. Факультет декани Абдулла Қаҳҳорга сўз беришга мажбур бўлди…», деб ёзади хотира муаллифи. 1964 йили бўлиб ўтган бу учрашувда биз – филология факултетининг биринчи курс талабалари ҳам қатнашган эдик. Бундай гаплар бўлмаган! Шовқин кўтариш, қандайдир талаблар қўйиш хаёлимизга ҳам келмаган. Биз — қишлоқдан кечагина келган ёшлар жуда тартибли, одобли эдик. Хотирада ёзилганидек, Абдулла Қаҳҳорга тазйиқ остида учрашув бошида эмас, охирида, ҳурмат-эҳтиром билан сўз берилган. Учрашув рисоладагидек, мароқли, кўнгилли ўтган.
Мавриди келганда яна бир мулоҳаза: «Машҳур кишилар ҳаёти» (айрим ҳолларда «Ажойиб кишилар ҳаёти») туркумидаги китоблар ҳозирча бундай туркум талабларига жавоб бермайди. Гап фақат китобларнинг ёзилиш савиясидагина эмас. Ушбу китоблар, асосан, адабиётшунос олимлар томонидан ёзилмоқда. Балки, шу боисданми, уларда ёзувчининг асарлари таҳлилига кўпроқ ўрин ажратилмоқда, китобнинг кўп саҳифалари илмий рисолага ўхшаб кетади. Ваҳоланки, жанр талабига кўра, бундай китобларда қаҳрамоннинг ўзига хос шахсияти муаллифнинг диққат марказида бўлиши, асари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ҳам қаҳрамон сиймосини очишга йўналтирилиши лозим. Жаҳон адабиётида бу жанрнинг ажойиб, бетакрор намуналари шу йўсинда яратилган.
Модомики, бундай туркум ҳозирча адабиётшунос олимлар томонидан ёзилаётган экан, муаллифлар ёзувчилик салоҳиятига эга бўлиши мақсадга мувофиқдир. Негадир истеъдодли, таниқли адибларнинг бундай шарафли, масъулиятли юмушга қўл ургилари келмаётир.
Умр ўткинчи, хотира боқий. Таниқли, табаррук, буюк сиймолар ҳақида замондошлар хотира ёзишга бурчли. Ўз даврида Лермонтовнинг қотили Мартинов ҳам замондошларининг тазйиқи остида ўзи ўлдирган шоир ҳақида хотира ёзишга мажбур бўлган.
Афсуски, бизда хотира ёзиш, кундалик тутиш анъанаси бўлмаган. Шу боис, жуда кўп машҳур, буюк кишиларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги тасаввур ва тушунчаларимиз жуда ғариб. Олис мозийни қўя турайлик, биз яқин ўтмишда яшаб ўтган шоирлар — Фурқат, Муқимий, Завқийлар ҳақида жуда кам нарса биламиз. Қатағон йилларининг қурбонлари — Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирнинг фожеаларга тўла ҳаёти ҳам кўп жиҳатдан бизларга қоронғу. Яшин, Уйғун каби уларни яхши билган замондошлари хотира ёзишмади… Авлодлар бундан ўзларига тегишли сабоқ чиқариб олишлари керак, албатта.
Улуғларимизнинг нурли сиймосини кўнглимизга яқин қилувчи хотираларнинг жуда катта маърифий, амалий аҳамияти бор. Хотираларда китобхон биронта дарслик ёки қўлланма, рисолаларда учрамайдиган ноёб далиллар, ғаройиб воқеа-тафсилотларни ўқийди. Айрим баҳсли, чалкаш масалаларга аниқлик киритилганидан, шоҳ асарлар қандай яратилганидан хабардор бўлади. Адабиётга ихлоси ортади. Миллатнинг асл фарзандлари билан фахрланиш туйғуси шаклланади. Фақат хотиралар ўқилса ва ўқишли қилиб ёзилса…
Ҳозир урф бўлган оммавий маданиятга андармон ёшларнинг аксарияти телевизорда бир-икки марта чиқиш қилган хонандани, кинода икки-уч марта рол ўйнаб қўйган актёрларни, футбол юлдузларини яхши билади, уларга қизиқади, аммо Асқад Мухторни, Миртемирни билмайди. Билишга ҳам интилмайди. Қатағон азобларини бошидан кечирган Шуҳратнинг ёш ижодкорларга, қалам аҳлига, одамларга қанчалар яхшилик қилганидан, ғамхўр, меҳрибон инсон бўлганидан хабарсиз. Чунки у ҳақдаги хотираларни ўқишмаган, улар китобдан йироқлашган.
Боқий, ноёб қадрият ҳисобланмиш хотира ана ўша маънавий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 37-сонидан олинди.