“Маънавият” нашриёти томонидан чоп этилган Вадуд Маҳмуднинг “Танланган асарлар”и (2007) адабиёт аҳлига ўзига хос туҳфа бўлди, десак янглишмаган бўламиз. ХХ асрнинг 20-йилларида ўзига хос “вадудона” (Фитрат таърифи — О.Ж.) чиқишлари билан адабий танқидчилигимиз хазинасини бойитган бу мунаққиднинг асарлари, хусусан, мақолалари муҳим илмий-маърифий қимматга эгадир. Аслида, мақоламиз мавзуи бу китоб ҳақида эмас. Лекин кези келганда, В.Маҳмуднинг асарлари қайтадан маънавий мулкимиз қаторидан ўрин олишида жонбозлик кўрсатган адабиётшунос, филология фанлари доктори Баҳодир Каримовга миннатдорчилик билдирамиз.
Вадуд Маҳмуднинг “Бу кунги шеърларимиз ва санъаткорларимиз” мақоласида “Амирий” тахаллуси билан ижод қилган Қўқон хони Муҳаммад Саид Амир Умархонни (1787 —1822) “илоҳий тараннумлар соҳиби”, дея таъриф этади. Ушбу нисбат, чиндан жуда ажиб ва улуғдир.
Тўғриси, Вадуд Маҳмудгача ва ундан кейин ҳам Умархон шеъриятига бундай ажиб ва баланд мақом баҳо берилмаган.
1925 йилдаёқ В.Маҳмуд юқоридаги мақоласида мумтоз шеъриятимиз янги ўзбек шеъриятига, тўла маънода, мактаб бўла олишини уқтирган ва ўз қарашларини Амир Умархон назми билан асослашга тортинмаган. Балки “Шарқ турк шеърининг иккинчи олтун даври бошлиғи”, дея унга юксак баҳо берган. Бироқ кейинчалик у алқаган ижодкор “феодал-клерикал адабиёт вакили” тамғаси билан қораланиши, танқидчининг мумтоз шоирга нисбатан бундай баҳоси вақт ўтиши билан ўзига отилажак тошларга сабаб бўлишини билганмикан?!.
Ҳар ҳолда В.Маҳмуднинг адабиётшунос сифатидаги позицияси собит ва буни у тўла оқлаган. Мунаққид Амирийнинг “Етар” радифли мухаммасининг бошланғич бандини мисол тариқасида келтиради ва таҳлил доирасига тортади.
У Амир Умархоннинг девони билан батафсил танишиб чиққан ва таъкидланган мухаммасни махсус танлаб олган кўринади. Ваҳоланки, Амирий қаламига мансуб дунёвий гўзалнинг таърифу таҳсинига бағишланган ўнлаб юксак савиядаги лирик ғазал, мухаммасу мусаддаслари бўлгани ҳолда, мунаққид айнан ўша махаммасни танлаб олган. Фикримизча, у ўз мақоласи аввалида уни «ҳақиқий ишқ» шоири сифатида қилган талқинига мазкур шеър мос тушган. Шу ўринда, В.Маҳмуднинг шеър танлаши ва бадиий асарга, туб моҳиятидан келиб чиқиб, аниқ баҳо бера олишини ҳам эътироф этишимиз зарур.
Мана, мухаммаснинг ўша илк банди ва мунаққид таҳлили:
Саҳар чаманда қулоғимга бонги уд етар,
Башорати карам вожиб ул-вужуд етар,
Бу кечаким тўлун ой, соғариға жуд етар,
Фалак пиёласидин шарбати шуҳуд етар,
Савод сурма дема, кўзларимга дуд етар…
“Буни кўрсатмакни иккинчи бир сабаби ҳам бор. Юқорида Эдгар Пўнинг таҳлилини кўрдик (мунаққид мақола аввалида Эдгар По асари ҳақида тўхталган ва сўнгра шу мисолни келтирган — О.Ж.). Амирийнинг шу ғазалини (аслида мухаммас — О.Ж.) ўшанга қараб бир оз таҳлил қилайлик: Умархоннинг мавзуи тасаввуфнинг юксак нуқтаси бўлғон умумий руҳга фано бўлиш, қуюлиш, коинот руҳи билан бирлашиш мавзуидир. Ўшанинг ҳасратидир. Эдгар Пў таъсирни гўзаллик орқасида бериш кераклигини айтадир. Фақат бир ўлум масаласи чиқарадир ва гўзалликни унга қўшиш учун “гўзал бир хотуннинг ўлуми” деган мавзуни оладир. Ҳолбуки, кўрингиз ўзининг қўйғон “гўзаллик орқали таъсир бериш” қонунига Умархонми муваффақ бўлғон, Эдгар Пўми? Мавзу орасидаги тафовутни кўрингиз, Умархоннинг ҳам қайғуси, ҳасрати бор, лекин “бир хотуннинг ўлуми учун” эмас, коинотнинг умумий руҳига қуйилиш ҳасратидир. Кўрингиз мавзу нақадар буюк, нақадар олийдир.
Сиз қандай талаққий этсангиз этингиз, буниси аниқки, инсоннинг эришган энг юксак даража фардиятчилик (индивидуализм) эмас, ўзининг фардиятини йўқотиб, жамият ҳаёти яшашида, ундан ўтса ҳинднинг сигирни тимсол (символ) қилиб олғон ҳайвон дўстлигида, яъни бутун жонли нарсаларни суйишда (китобда “cўйиш” дейилгани хато — О.Ж.), бундан ҳам ўтса жонсиз нарсаларда ўзига муштарак ҳаёт тасаввур этишда ва уларнинг умумий руҳларини сезиш учун интилишдадир.
Тасаввуф мана шу энг сўнгги нуқта маслагидир.
Умархон шу фалсафанинг бир намояндаси бўлғонидан саҳарнинг насими, уднинг суруди, ойнинг нури, юлдузларнинг сўзлари, кечанинг қоронғулиғи унга гапирадир. Уларнинг сўзларини сезадир. Руҳлари билан сирлашадир.
Бу мавзуни олғондан кейин бунга муваффақ бир шакл топқанми, йўқми? Албатта! Чунки мухаммасни олғон. Мухаммас, Эдгар Пўнинг таҳлилидан маълум бўладирки, банд-бандга ажралғон ва ҳар қайусида бир-бировиға алоқадор, фақат айри-айри мавзулар ишлата турғон, яъни бутун фикрлар берилиб, тугатиб бир-бировидаги робитани маҳкам боғлаб бориш учун энг мукаммал шаклдир. Сўзларнинг терилиши, калималарнинг оҳангдорлиғи, ҳарфларнинг садо бературғон, титрайтурганларининг олиниши кўрсатадирки, Умархон ҳақиқий бир санъаткордир.
Эдгар Пў (пелеточе)даги охирги “рий” ундан илгариги уст чўзгини баланд ва оғир ва чўзиқ товуш бериш учун мақтайдир.
Умархонда ҳам айнан шу ҳолни кўрмаймизми? Буни бир тасодиф асарими деймиз. Шу қадар юксак фикр соҳиби ва шунча ҳунарманд бир шоирни ҳарфнинг садоси, калималарнинг оҳанги, вазннинг тилидан хабарсиз демак мумкинми?
Умархондан уч юз йил илгари келган Навоий калиманинг, товушнинг маъно билан келишмаги кераклигини шундай яхши табиқ қилғон экан, нечун Умархон ундан ўтказмасун!..”
В.Маҳмуд диққатини бунчалик ўзига жалб этган ва унинг юксак даражадаги талқинига сабаб бу асар аслида Амир Умархоннинг Залилий ғазалига боғлаган тахмиси эди. Шоҳ ва шоирнинг эътиборини ўзига қаратган бу ижодкор аслида ким? Чунки нозиктаъб шоир ва сажияси баланд девон соҳиби Умархоннинг дақиқ назаридан асар ўтказиш ўз даврида мушкул ва шарафли эди.
XVII аср сўнгги чораги — XVIII асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган Шайх Муҳаммад Сиддиқ Залилий Қошғарий шеърлари қўқонлик аҳли назм ва адабиётшуносларнинг эътиборини қозонган кўринади. Унинг ғазалларидаги ўзига хос оҳанг ва жозиба асарларининг асл ирфоний моҳиятини тўла очиб беришда хизмат қилган. Балки шунинг учундирки, Умархон унинг уч ғазалига ва кейинги давр истеъдодли ижодкорларидан Мирмаҳмуд Қорий Ҳўқандий (1828—1906) эса беш ғазалига тахмис боғлаган. Яна Қўқонда кўчирилган ва китобат қилинган ўндан зиёд баёз ва мажмуаларда ҳам Залилий шеърлари ўрин олган. Мумтоз адабиётимизнинг билимдони Пўлатхон Қайюмий (1885—1964) эса, биратўла икки асарида — “Қўқон тарихи ва унинг адабиёти” ҳамда “Тазкираи Қайюмий”да Залилий шахси ва ижодига алоҳида ўрин ажратган, айрим шеърларини баҳолиқудрат таҳлил қилган. У Залилий шеърларининг тили ва услуби ҳақида эътиборли фикрлар билдиргач, унинг девони Қўқонда бўлганлиги ва унинг қўлига паришон варақларгина етиб келганини таъкидлайди.
Яна Амир Умархон мухаммасига келсак. Чиндан ҳам Залилийнинг “Етар” радифли ғазали ирфоний мазмун-моҳият касб этади ва Умархон бу асарнинг том маъносини топган ҳолда унинг ҳар бир байтига уйғун уч мисрани боғлайди. Натижада, “ҳарфнинг садоси, калималарнинг оҳанги, вазннинг тили” яққол акс этган шеър пайдо бўлган. Айтиш мумкинки, мазкур мухаммас тасаввуф фалсафасининг қисқача тарздаги баёнига менгзайди.
Унда: ошиққа етиб келган саҳарги уд саси карамли вожибул вужуднинг азалдаги ишқдан башоратидир. Тўлин ой ёруғидаги кечада эса соқий сахийлашади ва фалак пиёласида нафақат шарбат, балки “шарбати шуҳуд” етишади. Кўзларга қора суртилиши эса, фиғондан дуд чиқишидир. Кейинги бандларда тариқат аҳлининг асл ҳолати қандай бўлиши, соликнинг аҳволи руҳияси ҳам тилга олинади. Сўнгра, илоҳий ишқ ҳавосида қуш мисоли парвоз қилиш, унинг висолидан умидвор бўлиш, фақат танани ўйлаб қолмаслик, тариқат даштларини яланг кезиш таъкидланади. Ёки, мухаммаснинг яна бир ўрнида:
Тариқат аҳлини андешаси қаноатдур,
Вужуд шамъини куйдурмак анга одатдур,
Чу соф бўлса кўнгул, анжуманда хилватдур —
сатрлари орқали Умархон тасаввуф таълимоти, хусусан, хожагон-нақшбандия тариқати моҳиятидан чуқур хабардорлигини англатган. “Анжуманда хилватдур” жумласи мазкур тариқатнинг улуғлари — Юсуф Ҳамадоний, Абдуҳолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд томонидан ишлаб чиқилган ўн бир асос принципдан бири — “Хилват дар анжуман”нинг шеърдаги ифодасидир.
Шу тариқа муаллиф, В.Маҳмуд таърифи билан айтганда, “коинотнинг умумий руҳига қуйилиш ҳасрати”даги “нақадар буюк, нақадар олий” мавзуни ниҳоятда юксак маромда ва гўзал бадииятда ифодалаб бера олган.
Амирийни “илоҳий тараннумлар соҳиби” дейилиши бежиз эмаслигини, унинг Залилий ғазалларига қилган яна бошқа икки мухаммаси ва девонидаги бошқа бир неча асарлари ҳам асослайди. Мисол учун, унинг девонида “Ё, Шоҳ Нақшбанд” радифли форсча ғазали бор. Умархон ҳақида тарихий асар яратган — Фазлий ва Мушриф ҳам унинг дин пешволари ва замонасидаги тасаввуф арбобларига юксак эҳтиромда бўлганлигини таъкидлашади.
Умуман олганда, Умархоннинг зикр этилган мухаммаси ўзининг маърифий кўлами билан ажралиб туради. Ҳабибулла Қодирий ҳам отаси, улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ҳақидаги эсдаликларининг бир ўрнида Амир Умархон билан боғлиқ ривоят келтирадики, бу хоннинг умри поёнида айтган икки мисра шеъри билан тугайди. Тасодифми, тавофиқми, бу шеър ҳам таъкидланган мухаммаснинг дастлабки мисраларидир: “Саҳар чаманда…”.
Умархоннинг Залилий ғазалига боғлаган мазкур мухаммасини соф ирфоний руҳдаги асар, дейиш мумкин. Қуйида ушбу асар, шоир девонининг қўлёзма нусхалари асосида нашрга тайёрланиб, илк бора севимли ҳафталигимиз ўқувчиларига тақдим этилмоқда.
Амир Умархоннинг Залилий ғазалига мухаммаси
Саҳар чаманда қулоғимға бонги уд етар,
Башорати карам вожиб ул-вужуд етар,
Бу кечаким тўлун ой, соғариға жуд етар,
Фалак пиёласидин шарбати шуҳуд етар,
Савод сурма дема, кўзларимга дуд етар.
Тариқат аҳлини андешаси қаноатдир,
Вужуд шамъини куйдурмак анга одатдур,
Чу соф бўлса кўнгул, анжуманда хилватдур,
Чироғ хонақаи сўфиёна на ҳожатдур,
Ситораи фалак гунбази кабуд етар.
Ҳавои ишқда парвози мисли тайр этгил,
Ани висоли умидида тарки ғайр этгил,
Вужуд кисватини тошларга хайр этгил,
Тамоми дашти тариқат бараҳна сайр этгил,
Каломи хирқаи пашминадин не суд етар.
Висолсиз бу чамандин кўзумга зиндон хўб,
Нишоти маҳфилидин кунжи байт ул-ахзон хўб,
Агарчи булбули шўридаға гулистон хўб,
Мане жаҳон аҳлини базмидин гўристон хўб,
Навои навҳа, ҳар қабрдин суруд етар.
Фиғонки, ғафлат ила нақди умр бўлди ҳабо,
Ҳабиб равзасиға етмадим, чу боди сабо,
Амир эрдим, гарчи муҳаббат олиб або,
Насибаи чу жароҳат, Залил, во ажабо,
Муҳаммадий эдиму, шарбати жуҳуд етар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 32-сонидан олинди.