Ҳаётда қанчалик қулайликлар кўпаймасин, электрон воситалар бизни қанчалик қуршаб олмасин, ижодкор сўзининг, қаламининг мавқеи асло пасайгани йўқ. Зеро, донишмандлар инсон қалбини “олами кубро”, яъни “олам ичидаги энг катта олам”, деб аташган. Ўзи жисман заиф бўлса-да, фикри-шуури осмондаги юлдузларга етадиган Инсон қалам билан янада шарафланди, обрў-эътибор, эъзоз топди.
Шоир аслида ким? У ўз халқининг маънавий-маърифий ганжиналарини асраб-авайлаб, янада бойитувчи хазинабон, ўз даврининг нафасини, шукуҳини кейинги даврларга элтувчи тарихчи ва чароғбон, ниҳоят, келажакка томон қадам ташлаётган Ватанининг олдинги сафларида кетаётган руҳбондир. Шоир ўз Тилининг луғат бойлигини, салоҳиятини оширувчи, адабий-эстетик ҳодисаларни бирлаштириб, инсоният шу пайтгача эришган тафаккур мақомининг симметрияларини кашф қила оладиган, башариятни уйғотувчи Комил Инсондир.
Ҳар бир шоир ўз навбатида, қайси даражада бўлмасин, шунга интилиб келган. Ўзбек адабиёти тарихига назар солсак ҳам, ана шу тамойилнинг белгиларини кўрамиз. Тўғри, адабиёт ишига кўп даврларда синфийлик нуқтаи назаридан ёндашилди, адабий анъана ва методлар, адабий ютуқлар партиявий жиҳатдан баҳоланди. Лекин ўзбек адабиётида яратилган ҳақиқий асарлар ўз ҳаётчанлигини йўқотмади. Чунки зоҳиран синфийлик характерига эгадек туюлган бу асарларнинг ўз руҳи, ички мазмунида умуминсонийлик концепцияси, жаҳон халқларини бахтли, фаровон ва аҳил кўриш ғоялари мужассам эди.
Буни жадид даври адабиёти вакиллари ижодини ўрганганимизда ҳам кузатишимиз мумкин. Фитрат, Ҳамза, Авлоний, Ибрат, Тавалло, Сидқий, Чўлпон кабилар ижоди ҳақида сўзлаганда адабиёт ўз даврининг бадиий инъикоси, бу ижодкорлар эса ўзи яшаб турган воқеликнинг онгли, ҳушёр аъзоси бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳа, ҳақиқий ижодкор чор-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга шунчаки гувоҳ эмас, балки уларни баҳолай олувчи тарозубон, мисоли олтинни мисдан ажрата олувчи заргар каби ҳақиқатни ёлғондан ажрата олувчи нозик кузатувчидир.
Жумладан, ўзбек жадид маърифат¬парвар¬ларининг забардаст вакили Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳаёти ҳам катта ташвишларга йўғрилган бўлса-да, ўзбек миллий адабиётида чуқур из қолдиришга эришди. Аввало, шоир жадид адабиёти ўз олдига қўйган улкан вазифаларни чин дилдан ҳис этди ва элни маърифат, кенг дунёвий илмга чақирди, истибдодга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини англаб, ўз асарларида интеллектуал руҳни намоён этди.
Мустақиллик йилларига келиб, Ҳамза ижоди ва ҳаётига объектив ёндашилган мақолалар, тадқиқотлар матбуотда эълон қилинди. Улар сирасига таниқли олимлар Наим Каримовнинг “Ҳамзани ким ўлдирган?”, “Ҳамза ва мухторият”, О.Шарафиддиновнинг “Истибдод қурбони”, Б.Қосимовнинг «Янги тафаккур: изланишлар, машаққатлар», Л.Қаюмовнинг «Биз билмаган Ҳамза» ва тадқиқотчи Абдумалик Ёқуб¬нинг «Тикансиз гул: жадидчилик ва Ҳамза» каби мақолаларни киритишимиз мумкин.
Мустақиллик йилларигача шоир ижодига бир томонлама, субъектив ёндашув мавжуд бўлган. Шоир ижодини баҳолашда социалистик реализм методига асосланилган. Ҳатто шоирнинг диний-дунёвий қарашларига ҳам “атеистик” ёрлиқ ёпиштирилган.
Аммо Ҳамза ижодининг руҳиятига, ички мазмунига чуқур назар ташласак, бундай тафсилга ҳожат қолмайди.
Ё илоҳо, сангадур ҳамду сано,
Қодиро, ҳайю тавоно зулаъло.
Ҳам қадимсан, ҳам азал, лоязал,
Ворлиғингга йўқ сани ҳеч интиҳо.
Ворлиғингга ул шаҳодат верғуси,
Ой ила хуршиду ҳам арзу само.
Бир сифотинг қулҳу оллоҳу аҳад,
Йўқ шеригинг, яккасан, ё раббано.
Шоирнинг “Тўла асарлар тўплами” дан ўрин олган ушбу ғазали муножот руҳида ёзилган бўлиб, Яратганнинг бирлигию, улуғлиги ва сифатларига эътибор қаратади. Шу билан бирга ожиз ва шикаста қалбнинг дил изҳорларини қаламга олади. Ҳам азал, ҳам боқий бўлган, аввал ва охирда мавжуд бўлган Раббининг сифатларини бир-бир айтар экан, ҳатто ою қуёш ҳам Сенинг борлигингга гувоҳдир, деб шукрона келтиради.
У диндорларни танқид қилар экан, динга эмас, мутаассиб, бидъатчи уламоларга қарши чиқади, диний аҳкомларни ўз фойдасига талқин қилувчи, фуқаро ғамидан ўз роҳатини устун қўювчиларни танқид тиғи остига олади. Олим Т.Зуфаров ҳамда тадқиқотчи Ш.Амоновлар олиб бораётган тадқиқотларда кўрсатилишича, шоирнинг турғунлик йиллари чоп этилган “Мукаммал асарлар тўплами” да ҳам, “Тўла асарлар тўплами” да ҳам уни асл манбаларга солиштирганда қатор матний тафовутлар борлиги кўзга ташланади. Олим Т.Зуфаров таъкидича, бу тафовутлар уч хил шаклда намоён бўлади: қисқартиришлар (яъни, шоир шеърларидаги мисра ва сатрлар асоссиз равишда тушириб қолдирилган), ўзгартиришлар (шоир қўллаган “битсун”,” қисун” каби сўзлар “битсин”, “ қисин” тарзида ўзлартирилиб, замонавийлаш¬тирилган) ва маънавий ўзгачаликлар (маъносига эътибор берилмай ўзгартирилган сўзлар). Тадқиқотчи Ш.Амонов тўғри айтганидек, бу матний тафовутлар ўша пайтдаги ҳукмрон мафкура таъсирида юзага келган.
Шоирнинг 1988 йилда чоп этилган “Тўла асарлар тўплами” 2-жилдида эълон қилинган “Эски Турон” деб номланувчи халқ ашуласининг поэтик интонацион хусусиятлари асосида ёзилган ”Дармон истариз” деб номланувчи ашула матнида ҳам ўзгаришлар мавжуд :
Эй мусулмонлар, қачон биз дарда дармон истариз,
Бу қоронғу кечамизга моҳи тобон истариз,
Биз ватан авлодина илм ила урфон истариз,
Ёдгори қолгудек ислома унвон истариз,
Эй мусулмонлар, келинглар хатми Қуръон истариз.
Миллата шавкат, тараққий, шаъну даврон истариз.
Ш.Амонов таъкидлашича, ушбу ашула нақо¬ратидаги “хатми Қуръон истариз” сўзлари асл матнда “ҳукми Қуръон истариз” экан. “Хатми Қуръон” – бу Қуръонни хатм қилиш, қироат билан ўқиш демакдир. “Ҳукми Қуръон истариз” деганда маъно юки янада ортиб, шоир мусулмонларни Қуръон ҳукмлари, аҳкомлари асосида яшашга чақираётгани англашилади.
Яна бир ўринда шоирнинг “Дардига дармон истамас” шеърида:
«Жамшид» у «Зарқум», «Баёз» аҳли салоҳни илгида,
Ё ақоид, ё ҳадис, тасвири Қуръон истамас,
Ухлама, кўп ўзбек эли, асри тараққий вақтида, –
дейилади. Асл матнда ”тасвири Қуръон “эмас, балки “тафсири Қуръон истамас” бўлар экан. Бунда ҳам мисра мазмуни бир сўзни алмаштириш билан катта ўзгаришларга учраган.
Миллат учун жон куйдириш, уни ижтимоий онгли бўлишини чин дилдан исташ, жаҳолат ва бидъатларга қарши маърифат билан курашишга чорлаш Ҳамза ижодиётининг асл меҳвари эди. 1915 йилдаёқ «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси»нинг биринчи бўлими тузилиб, Қўқонда тошбосмада чоп этилиши ундаги асарлар миллий ўзига хосликни намоён этиши, илм ва тарбиявий нуқтаи назаридан катта аҳамият касб этиши бежиз эмас эди. Биргина “Йиғла,Туркистон” номли шеъри катта фалсафий-маърифий мазмунни ифода қилади:
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон,
Тургил дарддан, жисмингни соғла, Туркистон,
Дониш ўтига бағринг доғла, Туркистон,
Белга ҳиммат камарин боғла, Туркистон,
Маърифатга етмоқни чоғла, Туркистон.
Ҳамза ижодининг лейтмотивини миллатга ўз оғир ҳолини англатиш, уни кенг дунёга янгича, юксак маърифий назар билан қарашга ундаш туйғуси ташкил қилади. Шу боис ҳам бу йўлда барчамиз, уламолардан тортиб боёнларгача, оддий фуқародан то амалдоргача бирлашиб миллат учун жон куйдиришга бел боғлайлик, дея мурожаат қилади. Буни “Яшил гул” тўпламига кирган шеърлардан ҳам билиш мумкин:
Ҳақ йўлида жон берсак, бўлсак миллат қурбони,
Дин хизматина кирсак, бўлсак миллат қурбони.
Келинглар, диндошлар, бир иттифоқ этайлик,
Мактаб очуб, илм ўқуб, шояд олға кетайлик.
Шоир “илмсизлик”ни бир жароҳат деб билади, уни зўраймасдан олдини олишликка ундайди:
Зўраймасдан жароҳат, даво қилинг, даволат,
То етмасдан фалокат, бўлсак миллат қурбони.
Миллат дардини теран томирлар билан ҳис қилиш шоирлик рутбасига ўта катта масъулият бағишлайди. Асрдан асрга қадам ташлаш чоғида Туркистон бошига келган кулфатлар, мустам-лакачилик келтирган балолар ва бунга яраша миллат ибрат оладиган, улар эргашадиган уламоларнинг бефарқлиги, бойларнинг ҳам ўз миллати ривожи учун қадам ташламаслиги, натижада ёш-яланглар тарбиясидаги ноқисликлар, билимсизликнинг авж олиши, бунинг оқибатида ижтимоий ҳуқуқсизлик келиб чиқиши, бутун жаҳон тараққиёти юз бериб турган пайтдаги даврларда ўлкадаги бу бош¬бошдоқликлар ҳушёр қалбли шоирнинг энг катта дарду аламига айланган эди. Бу қайғу бутун жадид маърифатпарварлари учун ҳам умуминсоний қайғуга айланди. Ва шу даврда яратилган ҳар бир шеър, насрий ёхуд драматик асарлар ўзида ташиётган асл маънолар жавҳари ана шундан иборат эди.
«Ёшлик» журнали, 2009, № 6