Самимий, чин дилдан ёзилган ўтли, пурҳикмат асарларни ўқиб, дунёнинг ранг-баранглигига, сўзнинг мўъжизавий кучига имон келтирасан киши. Шоирларнинг фикр ва туйғу уйғунлигида яратган қуйма сатрлари уларнинг маънавий дунёси нақадар кенг, тафаккур олами чегара билмаслигини намоён этади.
Шеър, аввало, истеъдод маҳсули. Том маънодаги шеър ёзилмайди, балки шоирнинг онги ва туйғусига йўғрилган ҳолда яралиб, қоғоз юзига тушади. Шу боисдан ҳам устоз шоирларимизнинг ҳаёт йўллари, ижодлари, йўл-йўриқ, маслаҳат ва мулоҳазалари бошловчи ижодкорларга йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди.
Кичкинтойларнинг севимли шоири, моҳир таржимон, болалар адабиётининг толмас тарғиботчиси Турсунбой Адашбоевни тақдир Қудрат Ҳикматдек талабчан сўз устасига рўбару қилганидан унинг ижод йўлини тутиб, собитқадамлик билан мағзи тўқ шеърлар, эртак ва балладалар, достонлар ёзиб келаётганидан қувонаман. Устоз Қудрат Ҳикмат 60-йиллар аввалида ёш шоирга пишиқ-пухта асарлар ёзиш ҳунарини «юқтиргани», унинг болалар шеъриятига ҳавас ва иштиёқини тўғри ўзанга солиб, оловлантиргани учун ҳам Т. Адашбоев йиллар давомида кўплаб қўрли ва чўғли асарлар яратиш бахтига мушарраф бўлди.
Дарҳақиқат, Т. Адашбоевнинг адабиёт оламидаги илк ютуғи ўзига муносиб устоз танлай билгани бўлди. Қ.Ҳикмат билан устоз-шогирдлик муносабатлари нафақат Турсунбой акага, кейинчалик устоз дея у кишининг этагини тутган истеъдодли шоирлар Ҳамза Имонбердиев, Содиқжон Иноятов, Худойберди Комилов, Зафар Исомидинов, Маъмур Қаҳҳор, Қўзи Исмоил, Эрпўлат Бахт, Равшан Исоқов, жумладан, каминага ҳам наф келтирди, уларнинг ижодкор сифатида тезроқ оёққа туриб олишларига далда бўлди.
Шогирдлар Т. Адашбоевдан, аввало, кўнгил буюрганини ёзиш лозимлигини ўргандилар. Қуруқ панд-насиҳат, сийқаси чиққан мавзулардан иборат мисраларнинг умри қисқа бўлишини тушуниб етдилар. Шоир умр бўйи ўқиши, сўз устида ишлаши зарурлигини дилдан ҳис этдилар. Албатта, улар устоз нимани чизган бўлса шуни чизиб, нимани ўчирган бўлса, шуни ўчириб, ижод қилмадилар, аксинча, ўз овозларини топиб, болаларга манзур шеърлар ёздилар. Энг муҳими, асар, аввало, тафаккур маҳсули бўлиб, халққа хизмат қилиши лозимлигини англадилар. Буларнинг бари устоз Турсунбой Адашбоевнинг серқирра ижодкор, шогирдпарвар инсон, болалар адабиётининг заҳматкаш тарғиботчиси эканига далил.
Эллик йилдирки, болажонларга атаб, бола бўлиб қувноқ асарлар ёзиб келаётган шоирнинг ижодий ютуқлари бисёр. Т. Адашбоев шеър ёзар экан, биринчи навбатда, ёш китобхонларнинг вақтини олмаслик пайида бўлади: қисқа ва лўнда ёзади. Унинг ҳар бир шеъридан ўзига хос “қиссадан ҳисса” аниқ-тиниқ англашилиб туради. Шоир шеърларини ўқиган болалар улардан узоқ вақт таъсирланиб, руҳланиб юрадилар Масалан:
Бойчечаклар ниш уриб,
То тургунча ўрнидан,
Баҳор қишни тарновга
Осиб қўйди бурнидан.
Шеърий асарларда, айниқса, улар болаларга атаб ёзилган бўлса, қофиялар янги ва тўла бўлишига не етсин. Дейлик, дастлабки сатри «баҳор» ва «лола» сўзлари билан тугаган шеърнинг учинчи ва тўртинчи сатрлари, албатта, «наҳор» ва «бола» ёки шу сингари кутилган оҳангдош сўзлар билан якунланади. Бироқ устоз Т. Адашбоев аксар шеърларида бу тахлит қофияга, қофияланишларга амал қилмайди ва… тўғри қилади! Нега дейсизми? Чунки бундай техник «шарт»ларга кўниш қайсидир маънода фикр ва туйғуни бир «қолип»га олиб келади, шоир қофиядош сўзларни «танлаш»га киришиб кетиб, ўзи истамаган ва сезмаган ҳолда сўзлар «изми»га тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Оқибатда кўнгилдаги гап шеърда таъсирсиз, оҳорсиз тарзда ўқувчига етиб боради.
Қофиядош сўзларнинг меъёрида, кутилмаган оҳанглар воситасида келиши, шаклнинг одатий, «силлиқ» эмаслиги ўқувчи эътиборини тезда ўзига тортади. Уни фикр-мушоҳада юритишга чорлайди. Шоирнинг «Уялади» шеъри бола тасаввурини бойитиши билан бирга, унда тилимизнинг дилтортар жилваларига ҳавас уйғотади ва шу тариқа болани тарбиялайди:
— Дада, булут ортига
Қуёш нега беркинар?
— Юз ювмаган боладан
Уялади, Эркиной…
Т. Адашбоев шеърларидаги «пешхари-пешлари», «яшил-ташир», «санғиб-чанғи», «ўпкалаб-чўккалаб», «кўпчиди-ўпчиги», «заптига кафтига», «жой эди-койиди» каби кўплаб кутилмаган қофиялар ўз вақтида адабиётшунос олимларимиз томонидан эътироф этилиб, ижобий баҳосини олган.
Шоирнинг аксарият асарларини воқебанд шеърлар ташкил этади. Бу, албатта, яхши ва асло тасодиф эмас. Болалар учун ёзилган асарлар, аввало, тушунарли, содда, равон бўлиши лозим. Машҳур болалар шоири эътироф этганидек, болалар учун ёзилган шеърнинг ҳар бир мисрасига расм чиза олиш мумкин бўлсин. Бунинг учун исталган воқеа, ҳодиса шеърга «хамиртуруш» бўла олади. Болалар абстракт тушунчаларни эмас, кўпроқ конкрет воқеа, ҳодиса, предметларни тушуниб, тўғри ҳис этадилар. Болалар шоирининг вазифаси болани зериктирмаслик, унга қувонч ҳадя этиш, кўнглига севинч солиш, Ватанни ардоқлашга ўргатиш, ота-онани қадрлашга чорлаш, тафаккурни бадиият орқали ўстириш, шакллантиришдир. Шу боисдан ҳам, воқебанд шеърлар ёзиш шоирни ўз олдига қўйган мақсадларига тезроқ етказади. Жумладан, Турсунбой Адашбоев «Аямади мўйлабин» шеърида шундай ёзади:
Чалган эди чигиртка
Созни авждан юқори,
Тун ярмида узилди
Ғижжагининг бир тори.
Хайриятки, бахтига
Устахона — дўкон бор.
Лекин ишлар кундузи,
Шохдор қўнғиз — дўкондор.
Тонгни кутиб ўтирмай,
Устани кетди излаб.
Топиб шохдор қўнғизни
Илтимос қилди сизлаб.
Чирилдоқлар нағмаси
Чиқди авжга-заптига.
Қолмайин, – дер кўрикдан,
Кафтин ишқаб кафтига.
— Дўкон ёпиқ, эртага
Келгин — деб айтолмади.
Чигиртканинг сазасин
Уста ҳам қайтармади.
Иззат-икром кўрсатди
Шохдор қўнғиз эъзозлаб.
Юлиб битта мўйлабин
Ғижжагин берди созлаб…
Шоир ярим асрдирки, жаҳон болалар адабиётини мунтазам равишда ўқиб, кузатиб келади. Унинг энг яхши намуналарини ўзбек тилига ўгиради. Ёш китобхонлар Уолтер Де-Ламер, Жовани Рабони, С. Маршак, К.Чуковский, Ю.Мориц, О.Алланазаров, Қ.Жунушев, Қодир Мирза, Е.Елубаев сингари шоирларнинг асарларини Т.Адашбоев таржимасида ўқишган. Устоз бу борада ҳам маҳорат билан қалам тебратишга, шаклни маъно ва мазмун билан омухта қилишга, аслиятдаги барча бадиий унсурларни тўлалигича сақлаб қолишга эришган.
Т. Адашбоев шеъриятининг мавзу доираси жуда кенг. Уни чигирткадек майда ҳашаротдан тортиб, тоғдек катта жисмгача бўлган барча нарса бирдек қизиқтиради, илҳомлантиради, шеър ёзишига туртки беради. Шоир она-Ватанни ўзига хос оҳангларда куйлайди, ёш китобхонларни табиатни севишга, унинг гиёҳидан тортиб, тоғу тошларигача асраб-авайлашга чақиради. Бироқ бунга у панду насиҳат билан эмас, аввало, тасвирлаш, қиссадан ҳисса чиқаришга ундаш орқали эришади. Шоирнинг, табиат манзаралари чизилган шеърлари китобхонлар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади:
Қиш аёзи тобида,
Қор эринмай бўралар.
Шох-шабба орасидан
Овчи сергак мўралар.
Эман барги товуснинг
Қуйруғидай серҳашам,
Кийик юрган сўқмоқлар
Қирда йўл-йўл беқасам.
Айиқ ғорга йўл олди,
Пиймасини ивитган.
Қуён пўстин тикибди
Ўзига оқ тивитдан…
Шоирнинг «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ҳам диққатга сазовор. Сўнгги икки йил ичида Т. Адашбоев ўзбек болалар шоирларининг рус тилидаги антологиясини чоп эттирди. З.Исомиддинов, М. Қодиров, Н. Остон, С. Иноятов, М. Қаҳҳор каби умидли шоирларнинг асарларини нашрга тайёрлади. «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилган «Ўзбек болалар адабиёти антологияси»нинг шеърият жилди ҳам Т. Адашбоевнинг кўп йиллик самарали изланишлари натижасидир. Бундан ташқари, бетакрор шоир Қудрат Ҳикматнинг сайланмасини китобхонлар ҳукмига тақдим этди.
Устоз ўз шогирдлари билан ҳамиша мулоқотда. Уларнинг янги асарларини мамнуният билан вақтли матбуот нашрларига тавсия этади. Тўпламлари чоп этилгудек бўлса, худди ўзининг китоби чиққандек қувониб, уларга “сим қоқиб” табриклайди. Ўзининг янги-янги шеърлари, пародиялари, таржималари, назарий-илмий асарлари билан «ЎзАС», «Афанди», «Муштум», «Гулхан», «Ғунча», «Соғлом авлод», «Ёшлик» каби газета ва журналларда, илмий-методик нашрларда қатнашиб туради. Шу билан бирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Болалар адабиёти кенгашини ҳам бошқариб келаётир.
Устоз бугунги табаррук ёшида ҳам одамга, оламга боладек беғубор нигоҳини, боладек орзуларга лиммо-лим қалбини, барчага холис, интилувчан, самимий муомаласини асраб келмоқда. Мана шу гавҳардек ноёб фазилатлар унинг бир чимдим ҳазилга, кутилмаган ҳолатга ва, албатта, донишмандга хос теран фалсафалар сингдирилган шеърлари, достонлари, эртаклари замонавий адабиётимиз хазинасидан ўрин олгани биз шогирдларнинг кўнглимизни тоғдек юксалтиради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 23-сонидан олинди.