Ёзувчи ва публицист Нусрат РАҲМАТга мактуб
Қадрли Нусрат ака!
Сизни янги йил билан самимий қутлайман. Бу йилнинг қутлуғ шиорига, одатдагидек, Президентимиз оқ фотиҳа бердилар: 2009 йил — “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб белгиланди. Сизу мен гарчи шаҳарда туғилмаган бўлсак-да, тақдир тақозоси билан шаҳарларда яшаймиз. Ҳар ҳолда мендан кўра сиз қишлоққа яқинсиз. Самарқанднинг шундоқ биқинидаги қадим шаҳарга туташиб кетган қишлоғингизни обод қилиб, боларилар билан дўстлашиб яшамоқдасиз. Шу боис сизга ҳавас қиламан.
Газета орқали мактуб ёзишимга янги йил арафасида ўқиб қолган бир мақола сабаб бўлди. Унинг янги йилимиз шиорига ҳам алоқаси борлиги учун қўлимга қалам олдим. Асли сайтингизни очиб, унга ёзиб қўя қолсам ҳам бўларди-ю, бироқ ҳали “сайт очиш сирлари”ни сизчалик эгаллаб ололганимча йўқ. Қолаверса, мулоқотларимизни бошқалар ҳам ўқиса, она табиатимиз, Орол денгизимиз жонкуярлари янада кўпайишига умид боғламоқдаман. Чунки бугун экологик ҳаракат жонкуярлари амалий ишларга юз буришмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон экологик ҳаракати расман таъсис этилиб, ўз фаолиятини бошлади. Яқинда “Экоҳаракат”имиз уюштирган илк давра суҳбатларидан бирида иштирок этдим. Суҳбатда ҳаракатнинг ҳафталик нашрини чоп этиш, унинг иштирокчилари сафини кенгайтириш билан боғлиқ режалар, амалий таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Анжуман якунида экологик журналистика 7-миллий кўрик танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Унда газетамиз саҳифаларида атроф-муҳит муҳофазасига доир эълон қилинган туркум мақолалар ҳам эътироф этилди. Бунга албатта сувни тежаш ҳамда Орол муаммосига доир сиз билан қилган мулоқотларимиз ҳам сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.
Нусрат ака, гапнинг индаллосини айтадиган бўлсам, анжуман иштирокчиларига тақдим этилган “Вдоль Аму-Да… еще кое-что!” жаридасида босилган бир мақола шўролар ҳукмронлиги йиллари бой бериб қўйган денгизимизга жон бахш этишга умид уйғотди. Нукусда вақти-вақти билан шундай илмий оммабоп бюллетен нашр этиларкан. Унинг саҳифаларида босилган “Тўрғай қутқара оладими?!” *(“Тургай — спаситель?!”) деган мақола айни сиз билан биз мулоҳаза юритаётган Орол денгизига мадад бўладиган қўшимча обиҳаёт топиш ҳақида.
Муаллиф Юсуф Камолов айтган бир гап ниҳоятда долзарб: “Агар биз ўз кучларимизни бирлаштирган ҳолда амалда Орол муаммосини ҳал этмасак, бошқа бундан-да каттароқ, кўлами кенгроқ муаммоларни ҳам ҳал эта олмаймиз ва, охир-оқибатда, она сайёрамизни унга таҳдид солаётган глобал даражадаги хавф-хатарлардан асраб қололмаймиз”.
Унинг бу фикрига, назаримда, эътироз билдириб бўлмайди. Муаллиф сиз билан биз каби Сибир сувлари масаласига ҳам муносабат билдирган. “Кимдир ўз вақтида бу лойиҳани илгари суриш билан сиёсат бобида ўзларига керагича дивидендлар ишлаб олган ва рейтингларини янада ошириш учун бошқа янги имкониятлар қидириш билан овора эканликлари тайин, — деб ёзади у. — Нима ҳам қила олардик, гигантамания ва волюнтаристик ҳаракатларнинг хуружлари ҳали анча-мунчагача қулоққа чалиниб туради. Бундай хом хаёлларга алданиб, вақтни бой бериш одамларни зарур режалар тузишдан чалғитишдан бошқа нарсага ярамайди. Кейин, бориб-бориб, глобал даражадаги иқлим ўзгариши, табиий ва техноген фожиалар, эпидемия ва бошқа фожиалар таъсирида инсон зоти ҳам завол топади”.
Сайёрамизни бундай қисматга юз тутишдан асраш учун табиатимиз жонкуярлари ўз кучини бирлаштириши ва ҳамкорлик қилиши зарур. Шу эҳтиёждан келиб чиқиб муаллиф Оролни асраш масаласида ушбу таклифни илгари суради:
“Қадимда сувини Орол денгизига қуювчи Амударё ва Сирдарёдан ташқари яна бир дарё ҳам бўлган. У Қозоғистондаги Улуғтоғдан бошланувчи Тўрғай дарёсидир. Баъзи манбаларда унинг Оролга, бошқа манбаларда эса Каспийга қуйилгани айтилади. Шўролар давридаги сўнгги маълумотларга кўра, Тўрғай ўз сувини Орол ҳавзасига қуйгани аниқ. Ҳозир Тўрғайнинг суви тахминан уч юз километрча масофада Оролга етиб келолмай даштларга сингиб кетади. Бунинг сабаби, худди Зарафшон дарёси оқими саёзлашганидан Амударё яқинига етиб келолмаётгани каби, Тўрғай сувининг ҳаддан зиёд камайиб қолганидадир. Хўш, бу дарёлар обиҳаётини кўпайтириш мумкинми? Олимлар мумкин деб ҳисоблашмоқда”.
Аввало, бу дарёлар сувининг камайиб кетиш сабабларини таҳлил этайлик, деб ёзади мақола муаллифи. Дарёлар ўзани саёзланишига ўрмонларнинг ҳаддан зиёд қийратиб юборилгани, улар атрофидаги ўсимлик олами йўқ бўлиб кетиши ва бунинг оқибатида келиб чиққан гидрологик шароитлар ўзгариши сабаб бўлмоқда. Шундай экан, келинглар, мана шу икки наҳр — Тўрғай ва Зарафшон дарёлари атрофидаги ўсимлик оламини тиклайлик. Имкони бор жойларда ирмоқларини тозалаб, қуриб қолган ўзанларни чуқурроқ очиб, уларнинг гидрологиясини ўзгартирайлик. Бу дарёлар сувидан оқилона фойдаланиш орқали уларнинг обҳаётини тежайлик.
Бу ҳаракатни ҳеч бўлмаганда шу икки дарёнинг бирортасидан бошлайлик, дея таклиф этади муаллиф. Бу ҳаракат мақсад ва моҳиятига кўра “табиатни ўз измига бўйсундиришга жаҳд қилганларнинг уриниши”дан батамом фарқ қилади. Бу табиатдан оқилона фойдаланишни бурч деб билганлар ҳаракати, табиатни ҳурмат қилиш ва келгуси авлодлар ризқ-насибасидан қийиб олинган қарзларни қайтаришга уриниш бўлади. Энг муҳими эса бу ҳаракат инсоният ҳаёт-мамоти учун сайёрамизни асраб қолиш, барча кучларни бирлаштирган ҳолда бирор савоб иш қилишга қодирлигимизни намоён этган бўлур эди.
Ҳурматли Нусрат ака, ҳозир ҳар йили Сирдарёнинг қанчадан-қанча олтинга тенг обиҳаёти Айдаркўлга беҳуда қуйилиб ётгани ҳаммага маълум. Чордара сув омбори ва Сирдарёнинг шу жойдан давом этадиган ўзанлари қиш ва баҳор ойлари Тўхтағул сув омборидан очиб юборилаётган катта миқдордаги сувни ўзанларига сиғдира олмаётгани туфайли шундай иложсиз ҳол рўй бераётир. Эндиликда Ўзбекистон ҳукумати бундай вазиятнинг олдини олиш учун Наманган ва Жиззах вилоятларида катта-катта сув омборлари қурилишини олиб бормоқда. Бундан ташқари, Халқаро сув муаммолари институти мутахассислари ўзбек олимлари билан ҳамкорликда Фарғона водийсида ер ости сувларидан деҳқончилик мақсадларида фойдаланишни кўпайтириш ва Сирдарёнинг қишқи оқим сувларини табиий ер ости ҳавзаларида тутиб қолиш таклифи билан чиқмоқдалар.
Қозоғистонда эса Сирдарёнинг Оролга бориб турган сувларини тўғон билан Катта денгиздан тўсган ҳолда Кичик денгиз вужудга келтирилди. Тўғон қурилишида халқаро ҳомий ташкилотлар кўмагидан фойдаланилди. Эндиликда Сирдарё ўзани сиғдира олмай Айдаркўлга беҳуда оқиб кетаётган обиҳаётни қисман тутиб қолиш учун қозоқ дўстларимиз ҳам ўз ҳудудларида — Чордарадан қуйироқда яна бир сув омбори қурилиши тадоригини кўришаётир. Эҳтимол келгусида шу йўл билан Сирдарёнинг бир томчи сувини ҳам беҳуда оқизмасдан Орол сари йўллаш мумкин бўлар.
Тўрғай ва Зарафшон дарёлари гидрологиясини ўзгартириш эса бевосита шу ишларнинг мантиқий давоми бўлиши мумкин. “Зарафшон трансчегаравий дарё ҳисобланади, — деб ёзади Ю.Камолов. — Унинг сувини кўпайтириш давлатлараро қўшма лойиҳа бўлиши мумкин ва уни амалга оширишнинг ўзаро келишув билан боғлиқ мураккабликлари ҳам бор. Бироқ Тўрғай дарёси сувини кўпайтиришга доир лойиҳани эса биргина Қозоғистоннинг ўзи ҳал эта олади. Албатта, Оролга Турғайдан олинадиган икки-уч куб километр сув гигантамонлар назарида томчидай бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ Сибир дарёлари сувини жанубга оқизиш лойиҳасида ҳам Оролга бор-йўғи йилига беш куб километр сув бериш, қолган сувни эса янги ерлар ўзлаштиришга сарфлаш кўзда тутилган эди-ку! (Сибирнинг ўша сувини ҳам Тўрғай дарёси ўзани бўйлаб оқизиш мўлжалланган эди).
Агар биз Тўрғай ва Зарафшон дарёлари гидрологиясини ўзгартириш, яъни уларнинг обиҳаёти ҳосил бўладиган ва ирмоқлари оқиб ўтадиган жойларнинг ўсимлик оламини, бир пайтлар мавжуд бўлган табиий ўрмонларни тиклаш орқали сувини кўпайтиришга эришсак, иккала дарёдан Орол учун йилига беш куб километр сув йўллаш мумкин бўлади. Шу орқали биз программа-минимумни бажарган бўламиз. Шу билан бирга чўллаб қолган денгизимиз Сирдарёнинг 25-30 куб километр сувини ҳам доимий равишда олиб турса, у ҳолда бу уринишлар туфайли бутун Орол тирик экосистема сифатида қайта тикланган бўлур эди. Айни чоғда Марказий Осиё давлатларида индустрлаш жараёни янада кучайса, бу ҳам дарёлар обиҳаётини ҳозиргидан кўпроқ тежашга олиб келиши мумкин… Ахир бугун Германияда шамол энергиясидан фойдаланилган ҳолда ҳосил қилинаётган электр энергияси бешта Чернобил атом электр станцияси берадиган электр энергиядан кўп экан“.
Мақола муаллифи бу режани қўллаб-қувватловчи халқаро ҳомий ташкилотлар топилишига, лойиҳани амалга оширишга киришилганидан сўнг беш-етти йил ўтмаёқ дастлабки самаралар кўрилишига астойдил ишонади. Негаки, асрлар оша мавжуд бўлган ва инсоннинг номутаносиб фаолияти туфайли издан чиққан табиий сув йўллари, экотизимларни тиклашга бўлган ҳаракатлар қўллаб-қувватланишига шак-шубҳа йўқ.
Қадрли Нусрат ака! Сиз она табиатимиз жонкуярларидан бири сифатида Зарафшон дарёсининг экологиясини доимий равишда нигоҳингиздан қочирмай келасиз. Айни чоғда Орол денгизимиз тақдирига ҳам бефарқ эмассиз. Шу маънода менга ниҳоятда жонли туюлган бу таклиф сизга ҳам маъқул тушса керак, деб ўйлайман. Чунки бу лойиҳа амалга ошса, аввало, қанчадан-қанча одамлар ишли бўлади. Ўрмон ва табиий ўтлоқлар вужудга келган жойларда чорвачиликни, боғдорчиликни ривожлантириш мумкин бўлади. Ҳамма гап ҳаракатда. Ҳаракатга — баракат! — дея бежиз айтилмаган-ку. Германия шамол қувватидан фойдаланишни яқингинада бошлаб, бугун шу қадар катта натижага эришгани айни ҳақиқат-ку.
Хўш, сиз Ю.Камоловнинг таклифи ҳақида қандай фикрдасиз? Тўрғай ва Зарафшон дарёлари атрофидаги табиий экотизимлар — ўрмонлар ва бошқа ўсимлик оламини тиклаш йўли билан уларнинг обиҳаётини кўпайтириш мумкинми. Мумкин бўлса, бу ҳаракатни аввало нимадан бошламоқ керак? Бу хусусда мутахассис олимларнинг фикрлари билан бирга сиз каби асли биолог бўлиб, публицистикамизда ҳам қалами қайралган адиблар фикри қимматли бўлади, деб ўйлайман.
Сизга янги йилда катта ижодий муваффақиятлар тилаб:
Мурод Абдуллаев
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 2-сонидан олинди.