Комил Аваз. Огаҳиёна огоҳлик (2007)

Маълумки, халқимизнинг миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, моҳир таржимон, тарихнавис олим, давлат ва сиёсат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий 1909 йилнинг 17 декабрида Хива шаҳри яқинидаги Қиёт қишлоғида мироб оиласида дунёга келган.
Огаҳий баракали ижод қилган шоир. Унинг йигирма минг мисрадан зиёдроқ назм дурдоналарини ўзида жамлаган “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлари тумори”) девони ишқ аҳлининг севимли китоби бўлиб қолади.
Тарихнавис олим сифатида ҳам Огаҳий катта мерос қолдирган улкан илм соҳибидир. Амакиси Мунис ёзиб тугатолмаган “Фирдавс ул иқбол” (“Бахт боғи”) асарининг Муҳаммад Раҳимхон  (1806 — 1825) даврида тугатиш билан бирга, у Оллоқулихон даврига оид (1825 — 1842) “Риёз уд-давла” (“Саодат бўстонлари”), Раҳимлихон даврига оид (1843 — 1846) “Зубдат ут-таворих” (“Тарихлар сараси”), Муҳаммад Аминхон даврига оид (1846 — 1855) “Жомoе ул-воқеоти султоний” (“Султонлик воқеалари тўплами”), Саййид Муҳаммадхон даврига оид (1856 — 1865) “Гулшани давлат” (“Давлат гулшани”) ва Муҳаммад Раҳимхон Соний — Феруз ҳукмронлигининг (1865 — 1873) қарийб 10 йиллик даврини ўз ичига олган “Шоҳиди иқбол” (“Иқбол шоҳиди”) тарихий асарларини яратган.
Огаҳий бадиий ва тарихий асарлар ёзиш билан бирга Шарқ халқлари адабиёти ва тарихи ҳақидаги 20 га яқин нодир асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Булар машҳур тарихчи Мирхонднинг (ХV аср) кўп жилдлик “Равзат ус-сафо” (“Поклик боғи”) асарининг – жилдлари, Астрободийнинг “Тарихи Жаҳонкушойи Нодирий” (“Жаҳонни забт этган Нодир тарихи”), Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақое” (“Ажойиб воқеалар”), Ғиждувонийнинг “Мифтоҳ ут-толибин” (“Илм толибларининг калити”), Ҳиротийнинг Ҳиндистон тарихига оид “Табақоти Акбаршоҳий” (“Акбаршоҳ табақалари”) ва бошқа асарлардир.
Унинг мироблик даврида Хоразмда янги каналлар қазилиб, кўпгина сув иншоотлари қурилган. Полвонёпнинг янги боши — Тошсоқа қурилиши, Кўҳна Урганчга янги канал ўтказилиши, Дарёлиқ тўғони, Бўзёп, Шўрахон каналларининг қайта тикланиши Огаҳий фаолияти билан боғлиқ.
Огаҳийнинг ошиқлик лирикаси замирида ҳам, ижтимоий-сиёсий битиклари талқинида ҳам, адабиётимизнинг азалий мавзуси — ишқ, шунингдек, огоҳлик ва маъвиза (панду насиҳат) мавзуси етакчи ўринни эгаллайди. Шоирнинг тахаллуси ҳам ўзлари айтмиш огоҳлик билан хушмавзундир:

Не тонг огоҳ бўлса Огаҳий
ишқинг сиридин ким,
Онга беҳуда эрмас осмондин
бу лақаб пайдо.

Маърифий огоҳлик ва тўғри насиҳат ўчмас зиё, тинчлик, бахт меърожидир. Маоний маъвиза орқали огоҳликка даъват этган, фараҳбахш истиқбол йўлини ёритган алломалар ҳам абадиятга дахлдордирлар. Шу маънода, Огаҳийнинг маърифий огоҳликка даъват этувчи ғазаллари алоҳида ўрин тутади:

Мулку миллатға амин
ўлса агар огоҳлар,
Икки олам обрўйини
ҳосил эткай шоҳлар.

Шоирнинг юқоридаги матлаъ билан бошланадиган машҳур ғазалини таҳлил қилишга жазм этганимда мутафаккир адибимиз Асқад Мухторнинг “Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми”, деган гапи ёдимга тушиб, бир лаҳза ўйга толдим. Лекин бугунги кун ўқувчисига мумтоз адабиётимиз ғазалларини ҳали бери таҳлилсиз тақдим этиб бўлмайди. Кўпинча ўзимиз ҳам бундай асарларни луғат ёрдамисиз шарҳлашга ожизлик қиламиз.
Демак, огоҳлар мулку давлатга, миллатга амин (посбон) бўлса, шоҳлар обрўйини икки олам таъмин этади.
Шоир яна бир байтида шундай дейди:

Қолмоғой амният осори
агар топса ривож,
Шаҳр аро авбошлар,
бебоклар, бероҳлар.

Яъни, шаҳарда авбошлар (бебошлар, дайдилар, саёқлар, безорилар), бебоклар (ҳаёсизлар), бероҳлар (йўлини йўқотганлар) кўпайса, у ерда тинчлик бўлмайди. Огаҳийнинг огоҳликка даъваткор битиклари бугун ҳам долзарб. Унинг фалсафий қарашларида ҳам, панду насиҳатларида ҳам олам сирларидан, адабу икром хислатларидан воқифлик бош мезон.

Хилофат истасанг Одам киби
тарки такаббур қил,
Ки мардуди абаддур ушбу бад
хислат била шайтон.

Бу ўринда “хилофат” (ўринбосар) Оллоҳнинг инояти билан боғлиқ маъно касб этади. Негаки, Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 30-оятида: “Ва из қола роббука ли-л-малаикати инний жаъилун фи-л-арзи халийфаҳ…”, дейилган. Бу Парвардигорнинг фаришталарга: “Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман”, дегани. Демак, ҳазрати Одам зурёди сен ҳам Одам фарзандисан, Оллоҳга муносиб ўринбосар бўлмоқчи бўлсанг, отанг каби такаббурликни тарк эт, негаки, ўзининг бад хислати билан шайтон мардуди абад-абадий рад этилган, мангу қувғиндадир.
Бу каби ўгитни ҳукмдорга очиқ айтиш учун, шоир шоҳона амр соҳиби бўлмоғи лозим. Ровийлар, Оллоҳ таоло қайси юртни саодатманд этмакчи бўлса, подшосига билим, олиму фазл аҳлига шоҳона амр беради, деганларидек, шоир журъати замирида хоннинг адолатли ҳукмдорлиги, яъни хонга панду насиҳат қиладиган муҳит мавжуд.
Шунинг учун ҳам:

Халойиқ мушкулини қудратинг
еткунча осон эт,
Агар истар эсанг ҳақ
мушкулингни айлагай осон.

Чунки:

Бугун илгингда турғон чоқда
нақдинг хайру иҳсон қил,
Ки тонгла нақд бир ён борғуси,
ҳар бир қўлунг бир ён.

Ва:

Амал боғини сарсабз истасанг
ашки надомат тўк,
Ҳақиқатда эрур раҳмат
саҳоби дидаи гирён.

Амал (мансаб) боғининг яшнамоғини истасанг пушаймонлик кўз ёшини тўк, зеро, гуноҳу адашишлардан холи бўлмаган ҳар қандай инсон ҳамиша тавба ва тазарру билан яшамоғи дуруст. Тангрининг раҳмат саҳоби (булути) оламни қандай яшнатса, сенинг надоматли кўз ёшларинг амалинг боғини шундай яшнатади.
Шоир маъвизасининг туб моҳияти, амал боғи соҳибининг адаб-икромида, унинг покравлигида, негаки:

Бу ғайратгоҳ сайриға адаб
бирла қадам қўйким,
Неча озода жисми ҳар қадам
остидадур пинҳон.

Малоикдин бийикдур одами
ул шарт бирланким,
Риёзат бирла нахват чиркидин
пок айласа гар жон.

Юқоридаги байт шоир тафаккури қамровининг мисрама-мисра кенгайиб, мусиқа авжлари янглиғ юқорилаб боришини кўрсатади. Инсон нахват (нажосат, разолат) чиркидин (ифлослигидан) риёзат (машаққат) билан ўзини тийса, жонини ёмон ишлардан пок этса, яъни биринчи байтда таъкидланганидек, такаббурликни тарк этса, фариштадан-да буюк бўлади.
Такаббурликни тарк этган комил мўъминга бу олам хушдиллик жойи эмас:

Не тонг гар мўмини комил эмас
олам аро хушдил,
Ки айшу, роҳату, амну тараб
жойи эмас зиндон.

Аҳли дил, пири комил учун ҳақиқий роҳат, бу авом тушунчасидаги замин айш-роҳати эмас, балки ундан юксакроқ роҳат — қалб фароғатидир. Дарҳақиқат, қалби бой инсон икки дунёда ҳам бойдир.
Огаҳий айтмоқчи зиндон — нафс қулининг маскани бўлиши билан бирга, хонга айтилаётган маъвиза боис ўша даврга ишора бўлса ҳам ажаб эмас. Негаки шоир бир ғазалида: “Огаҳий ёнглиғ ҳамиша айш ила мағрур ўлуб, Васл аро мушкил ғами ҳижрон эканни билмадим”, дейди ва: “Борча авқотимни беҳуда ўтурдим, гўё Умрнинг бир неча кун меҳмон эканин билмадим”, дея надомат чекади. Байтнинг яна бир маъноси ҳам бор, яъни ҳамиша айш ила мағрур бўлиб, барча авқотини (вақтларини) беҳуда ўтказиб, ғафлат хилъатига ўралиб қолган инсон гуноҳу адашишга маҳкум, нодонлик зулматига гирифтор бўлади. Зулмат эса, зиндон. Васл аро (Оллоҳ васли аро) мушкуллик ғами ҳижрондир. Бу комили мўъмин инсонга тааллуқли.
Демак, вақтинчалик дунёга кўнгил қўйиб яшаган одамнинг бу оламдан кетгиси келмайди ва ҳар қандай забунликка (нотавонликка) ҳам чидаб яшайди. Бу гўзал, ёруғ оламни ўзига зиндон этган одам забун бўлмаса ким забун, деб надомат чекади Огаҳий:

Фалак бедодидин, ваҳ,
кимга дод айлайки, оламда
Забуни бўлмағон бир кимса
топилмоқ эмас имкон.

Чу бағринг умрлар қон айлабон
лаъл айладинг ҳосил,
Жафо метин кўксинг қилса
чок инжинмоғил, э кон.

Бу байтда ажиб бир ҳикмат бор. Метин — тош йўнадиган теша. Умр мобайнида бағрингни қон қилиб лаъл йиғдинг, қонга айланган кўксингни жафо тешаси чок этса (ёрса, яраласа) инжилма. Метин зарбасига чидамоқ даркор. Кўксинг — кондан лаъл чиққани учун фахрлан, дейди шоир. Дарвоқе, машойихлар ривоят қилишларича, лаъл, тоғда кўп йиллар мобайнида сизиб чиққан қизил қонга ўхшаш ширадан ҳосил бўлар экан.
Бу борада Ҳофиз Шерозий шундай дейди: “Гўянд санг лаъл шавад дар мақоми сабр, Оре, шавад, валекин ба хуни жигар шавад.” Яъни дерларки, тош сабр мақомида лаъл бўлади. Табиий тош эса, жигар қони билан, кўп риёзат ва машаққатлар билан лаъл бўлади.
Оламнинг бору йўғи кўксида лаъл ҳосил қилган одам олдида фош бўлади, осойишу коми-мақсади ушалади. Комил инсоннинг насибаси — ниятига етганидир.

Жаҳон осойишу коми
ул одамнинг насибидур,
Ки оламнинг йўқу бори онинг
олидадур яксон.

Шу сабабдан шоир маърифат неъматини сўраб илтижо қилади, муддаоси — илму маърифат орқали ўзини таниш:

Чу эмастур жаҳоннинг эътибору
иззати боқий,
Насиб эт хаста кўнглумга
илоҳи неъмати ирфон.

Ғазал ниҳоясида Огаҳий дуога қўл очади ва илк байтида бошлаган ўгитларига урғу беради:

Дуо қил, Огаҳий, ул шоҳи
одил жониға ҳар дам,
Ки олам бошиға келди
вужуди сояи субҳон.

Шоирнинг одил шоҳ ҳаққига дуо қилиши бевосита ҳадисга ишорадир. Чунки ҳадисда шоҳни Оллоҳнинг ердаги зилуллоҳи (сояси) дейилади.
Қимматли меросга эга ХХ аср Хоразм адабий муҳитини Огаҳийсиз тасаввур қилиш қийин. Ана шу катта адабиётнинг вориси Огаҳий ҳазратлари Феруздек, Комил Хоразмий, Комил Девонийдек забардаст шогирдлар етиштирди, ўзидан катта адабий-тарихий мерос қолдирди.
Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий 1874 йилнинг 14 декабрида вафот этди. Қабри ўзи туғилган Қиёт қишлоғининг Шайх Мавлон Бобо қабристонидадир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 48-сонидан олинди.