ёки эски лойиҳага янгича назар
Ниҳоят, орадан йигирма йиллар чамаси вақт ўтгач, Россия оммавий-ахборот воситалари Сибир дарёларини Марказий Осиёга оқизиш лойиҳаси ҳақида андак қимтиниб бўлса-да, умидбахш дадилларни ёзабошлади. Москва шаҳри мэри Юрий Лужков ўтган асрнинг охирларида танқидга учраган ва номаълум муддатга тўхтатиб қўйилган мазкур лойиҳани эслаб, изланишни давом эттириш зарурлигини гапириб қолди.
Юрий Лужков, бунда биринчидан, Россия манфаатларидан келиб чиқиб, дарё соҳилларидаги шаҳар-қишлоқларни сув босишидан сақлашни назарда тутган бўлса, иккинчидан, ана шу сувни Марказий Осиё республикаларига сотиб даромад олиш мумкинлигини ҳам яширмади.
“Аргументы и факты” ҳафталиги эса ўтган йилги 42-сонида Қозоғистон раҳбарияти ҳам мазкур масалани қўзғаганлигини баён этди. Бу ҳам табиий ҳол, албатта: Сибир сувларини ортга оқизиш, энг аввало, бепоён қозоқ даштларига обиҳаёт олиб келади.
Бу ўринда, андак орқага чекиниб, қарийб унутилаёзган мазкур лойиҳа ва унинг тақдири ҳақида сўз юритиш лозим деб ўйлайман.
Сибир дарёларини жанубга оқизиш ғоялари, аслида XX асрда куртак отган эди. Рус олимлари бу лойиҳанинг бир неча вариантларини ишлашган. Аммо фақат XX асрнинг етмишинчи йилларига келиб, ана шу серкўлам ҳужжат устида давлат миқёсида иш бошланиб кетди. Лойиҳа ҳали охирига етмасданоқ, канал аср қурилиши, деб ном олди ва унинг устида ўнлаб вазирликлар, илмий-тадқоқот институтлари ишни авж олдириб юбордилар. Саксонинчи йилларнинг ўрталарига келиб, лойиҳа тайёр бўлди ва жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида хизмат қилган пайтларим, бизнинг жамоада ҳам лойиҳа қайта-қайта кўриб чиқилгани ёдимда. Муҳокама жараёнида мутахассислар, олимлар ва ҳатто ёзувчи, журналистлар ҳам бу маҳобатли қурилишга андак шубҳа, иккиланиш билан қараганлари кўпчиликка аён, ва негадир, қувваи ҳофизаси етган-етмаган, аниқроғи, тиши ўтган-ўтмаган ундан қусур топишга ҳаракат қиларди. Йўқ, бу фақат ўзлигини намоён қилиш истаги эмасди; лойиҳа моҳиятини идрок этолмаслик устига, собиқ иттифоқда ижтимоий-иқтисодий тангликларнинг бошланганлиги ва булар нима билан тугаши мавҳумлиги оқибати ҳам эди бу.
Мана, орадан йигирма йил ўтди: тузум ўзгарди, дунёқарашларимизда инқилобий ўзгаришлар содир бўлди. Энди мазкур лойиҳага ўзгача нигоҳ билан, аниқроғи ўз манфаатларимиз ва бугунги ҳамда келажак авлод нуқтаи-назаридан қарашимиз, баҳо беришимизга тўғри келади.
Лойиҳа ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз учун ёдимда қолган факт-рақамларни келтирсам. Канал магистрал ўқининг узунлиги 2250 километр, чуқурлиги ўрта ҳисобда 16, эни эса 200 метр бўлиши кўзда тутилганди. Ана шу рақамларнинг ўзи ҳам унинг нақадар маҳобатли эканлигидан далолат бериб турибди. Канални чамаси беш йил давомида қуриб битказиш кўзда тутилган бўлиб, унинг харажатлари ўша йиллар баҳосида бир неча миллион долларни ташкил этарди. Лойиҳага кўра, канал Об дарёсининг икки нуқтасидан сув олиб, улкан насослар воситасида жанубга — Орол бўйлари томон оқизилиши керак эди. Каналнинг сув сиғими йил фаслларига қараб, ўрта ҳисобда секундига 2000 кубометрдан кўпроқ бўлади. Бу миқдор Сирдарё сувига тенг келади.
Канал Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти ҳудудида Сирдарё билан кесишиши ва бир қисм сувини дарёга ташлаши, кейин эса сарҳадсиз Қизилқумдан ўтиб, Хоразмга яқин жойда Амударёга қуйилиши кўзда тутилганди.
Лойиҳанинг таъриф-тавсиф ва шарҳларида иншоотни бунёд этишдан муддао саҳро қўйнида пахта етиштириш билан шуғулланадиган янги хўжаликлар, туман ва вилоятлар ташкил этишдан иборатлиги баён этилгандики — бу, кўпчиликнинг дилига ўтиришмас, чунки ўзимизда ҳам пахта яккаҳокимлигига қарши кураш бораётган ва Оролни қутқариш энг муҳим муаммога айланган кунлар эди.
Тўғри, янги каналдан асосий муддао кун сайин саёзланиб ва қуриб бораётган Орол денгизини тўлдириш эмасди. Аммо инсоф билан айтганда, қирғоғидан қочаётган денгизга куз-қиш ва баҳор ойларида катта миқдорда сув ташлаш имкони юзага келарди, қатор муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўларди. Мазкур муаммоларнинг эса мазмун-моҳияти жиҳатидан глобал аҳамиятга эгалигини тан олмаслик ноўрин бўларди.
Улардан айримларини санаб ўтмоқчиман. Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш имкони юзага келарди. Бизнинг авлод, айнан ана шу ҳудудлардаги оби ҳаёт таркибида туз ва бошқа минераллар миқдорини ошириб юборишга сабабчи бўлди. Об суви шарофати билан у ана шу туз миқдорини меъёрга, солиб келажак авлод олдидаги гуноҳларимизни камайтирган бўлардик. Ўзбекистонимизда экологик хавфли худудлар сони биттага камаярдики, бунинг савоби оламга етгуликдир. Ва ниҳоят, Орол сувини маълум меъёрда тутиб туриш мумкин бўларди.
Сўнгги йилларда, Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Оролбўйи экологиясини, бу ҳудуддаги аҳоли турмуш тарзини, тиббий ва маиший хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Аммо тоза сувнинг етарли даражада келиши ана шу эзгуликлар кўламини юз чандон оширишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Каналнинг шарофати фақат шулар билан чекланмасди, албатта. Келинг, тағин Қизилқумга қайтайлик. Сиз бу саҳрода қум барханларининг муттасил кўчиб юришни кузатганмисиз? Ёзда ҳарорат 45 даражадан ҳам ошиб кетишини биласизми? Мазкур саҳро Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон республикаларини бирлаштириб турадиган ҳудуд бўлиб, унинг бағрига Европадаги бир неча мамлакатларни жойлаштириш мумкин. Кўз илғамас чексизликларга фақат сув керак. Россияда эса қишлоқ ва шаҳарларни сув босаяпти.
Хўш, инсоннинг саҳрога сув чиқазишдек эзгу амали, энг аввало, табиат хатосини тузатиш эмасми? Шу қақроқ саҳрода олмалар гулласа, райҳон ифор таратса, босволдилар болга тўлиб ёрилса, пахта хирмонлари қад кўтарса, бунинг нимаси ёмон?
Шоирона эҳтиросларга берилиб кетдим, чамаси. Ҳар қандай вазиятда ҳам қўлда ҳужжат билан гапирган, тарози посангиси масаласида қаллоблик қилмаган маъқул. Инсоннинг табиат ишига ножўя аралашиб, унинг мувозанатини бузиб қўйган ва оқибатда нохуш кўргиликлар юз берганлиги ҳақида ҳам ўнлаб мисоллар келтириш мумкин.
Келинг, тағин лойиҳага мурожаат қилайлик. Каналнинг бир неча нуқталарида насос станциялари ва уларга қувват берадиган электр станциялар, икки томонда кенг асфалт кўча, посёлкалар қуриш мўлжалланганди. Бу дастлабки босқичда, албатта. Кейин бу қишлоқлар кенгайиб шаҳарларга, туман ва вилоят марказларига айланиши каромат қилинганди.
Ахир, сув бўлса, қуёш ҳимматини аямаса, Марказий Осиёда ишчи кучи етарлича бўлса… Тағин нима муаммо? Биз ўзбекистонликлар янги ерларни боғ-роғга айлантиришнинг кифтини келтиришимизга дунё гувоҳ.
Хўш, шундай улуғвор ва эзгу иш нечун амалга ошмай қолди? Эҳтимол, унинг биз англамаётган бирор иллати бордир? Бу хусусда, юқорида қисман тўхталган эдим. Унга қўшимча қилиб шуларни ҳам айтишим керакки, лойиҳадан амалий ишга ўтиш жараёнида бир гуруҳ рус зиёлилари, айниқса, табиатшунослари мазкур қурилишга рўй-рост қарши чиқдилар ва бугун орадан йигирма йиллар ўтиб, уларни ҳам айблашга асосимиз йўқ. Рус публицист-ёзувчиси Сергей Залигиннинг матбуотдаги чиқишлари кутилмаган мунозараларга сабаб бўлди ва охир-оқибатда аср қурилишига нуқта қўйди, десак, янглишмаган бўламиз. Бу улкан иншоот Россия ўрмонлари, ўтлоқлари, қишлоқларини хоку туроб қилади, унинг табиатига мислсиз зарар етказади, дейишди улар. Аслини олганда эса, бу даъволар остида “Дарёларимиз сувини ҳеч кимга бермаймиз”, деган анча худбин кайфият ҳам бор эдики, буни энг аввало, ўша нотинч кунларнинг нуқси десак тўғри бўлади. Шуниси қизиқ бўлдики, бунга биздаги айрим олимлар, мутахассислар ҳам қўшилдилар. “Марказий Осиёга бир Сирдарё суви келадиган бўлса, бу ердаги ҳарорат кескин тушиб кетади, пахта пишмай қолади”, деб ёзишди улар. “Саҳро саҳролигича қолиши керак. Уни ўзлаштириш табиат мутаносиблигини бузиш бўлади ва бу нохуш оқибатларга олиб келмайдими?”, дейишди бошқа бир даврадагилар.
Аслини олганда эса, лойиҳа ҳужжатларида бу саволларнинг барига олдиндан жавоб тайёрлаб қўйилганди; ошкоралик жўмраклари анчайин кескин очилгани сабаб, уларни чуқурроқ ўрганмай, фикр билдиришга шошиладиганлар сони кўпайганди, холос. Масалан, янги каналнинг бўлажак ҳавзасида ҳарорат ҳозир бошқа ҳудудларга нисбатан 3-4 даража иссиқлиги сир эмас; чунки қум барханлари ҳароратнинг кўтарилишига сабаб бўлаяпти. Сув келгач, ҳарорат андак тушиб, республикамизнинг ўрта минтақалар сингари мўътадиллашиши аниқ эди. Ёки чўлу саҳроларни ўзлаштириш масаласини олайлик. Халқимиз кучи ва иродаси билан азим Мирзачўл ўзлаштирилди. Бундан инсоният нима зарар кўрди? Табиат-чи? Ахир, сув келган ҳар қандай манзилда, энг аввало, табиат яшнайди-ку. Тупроқ шамол эрозиясига учрамайди, ўт-ўланлар ўсади, жониворлар кўпаяди ва ҳоказо.
Улкан канал ишга тушгач, ундан ўнлаб шохобчалар чиқариш ва қўшни туман, вилоятларимизни ҳам сув билан таъминлаш имкони юзага келишини назардан қочирмаслик керак, албатта. Майли, дўстингнинг хатоларини ҳам сев, деган экан бир донишманд. Ақлу идрокдан бенасиб одамларгина хато қилмайдилар. Шунга кўра эътироф этиш зарурки, лойиҳага қарши жамоатчилик фикрини шакллантирган адиб ва экологлар, биринчидан, канал суви Қизилқумга сингиб кетиб, янгидан-янги ботқоқликлар пайдо бўлиши ва манзилга тўкис етиб бормаслиги хавфидан ҳам огоҳ этдилар. Лойиҳада бу тахминга жавоб йўқ эди. Чунки канални бетонлаштириш кўзда тутилмаганди. Мутасаддилар мазкур тахмин қаршисида иккиланиб турганда, Залигин иккинчи муҳим бир масалани ўртага ташладики, бу ҳақда жиддий бош қотиришга тўғри келарди. Зеро, орадан йигирма йиллар ўтиб ҳам бу муаммони ҳал этиш илинжида қадам қўйилмаганлиги ачинарли ҳол, албатта.
Муаллиф Марказий Осиёда сув етарли эканини, лекин ана шу бойлик хўжасизларча исроф қилинаётганини, агар тежаб-тергаб фойдаланилса, янги каналга ҳожат йўқлигини ёзиб, талай мисоллар ҳам келтирди. Тан олмоқ керак, бу даъвога қарши бирор нарса дейиш қийин. Кўпгина мамлакатларда киши бошига бир кеча-кундузда 200 литр сув сарфланади. Жуда кўп-ку, дерсиз. Бир кунда одам, борингки, беш литр сув ичсин, ювиниш учун ҳам 20 литр сарфласин, кир-чирга ҳам кўпи билан шунча кетар, хуллас 100 литри етиб ортадигандай. Аммо бизнинг республикамизда бу миқдор 300 литрдан ошишидан бехабар бўлишингиз мумкин. Бунда биз куни билан жўмраги очиб қўйиладиган кранларни, ичимлик суви томорқаларга оқизилаётганини ва бошқа исрофгарчиликларни айтаётганимиз йўқ.
Қишлоқ хўжалигидаги сув сарфини, аниқроғи исрофгарчилигини айтмай қўяқолай. Бир пайтлар Миссисипи штатида яшайдиган пахтакор фермер Фред Баллард тажрибасини ўқиган эдим. У чигитни 75 сантиметрли қатор ораларига қадайди. Жўяклар остида эса азбест қувурлар кўмилган. Сув ана шу қувурлар орқали берилади. Нам тагдан сизиб чиққанлиги сабаб, бу далаларда жўяк олиш, ўғитлаш, култивацияга ҳожат қолмайди. Минерал ўғитни ҳам қувурлардаги сув билан оқизишади. Шу усул билан сув сарфини биздагига нисбатан 15 баравар кам ишлатади. Олтинга тенг оби ҳаётнинг ҳар томчисини тежайди. У гектаридан 16-18 центнер тола олади: буни пахтага айлантирадиган бўлсак эллик центнерни ташкил этади. Мазкур штатда айрим фермерлар ёмғирлатиб суғоришга ҳам ўтиб олишганки, бу алоҳида суҳбатга мавзу. Чунки мазкур тажрибаларга ҳамду сано ўқишим, айни дамда, асосий мақсад-муддаога зид бўлиб, каминани беқарор оғмачига чиқариб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Зеро, ҳозир бунинг мавриди ҳам эмас!
Шуларнинг барига қарамай, мен Сибир сувлари бизгача етиб келиши тарафдори эдим ва шу фикримда қоламан! Бунинг учун, энг аввало, лойиҳа (гарчанд, у ўз вақтида керагидан кўпроқ муҳокама этилган бўлса ҳамки) янги нуқтаи назарлар, замонавий стандартлар асосида қайтадан кўздан кечирилиши шарт. Евроосиё миқёсида ҳужжатларни мувофиқлаштириш, каналнинг қумликлардан ўтадиган қисмини бетонлаштириш, параллел тарзда янги ерларни ўзлаштириш, масаланинг молиявий томонларини ҳал қилиш, ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш… Эҳ-ҳе, битмас-туганмас юмушлар. Бу улкан сунъий дарё нафақат бизнинг юртимиз, инчунин қўшни мамлакатлар чиройини ҳам батамом очиб юборишига ишонаман.
Каминани хаёлпарастликда айбламанг-у, Қизилқум бағридаги сув ҳавзалари — шовуллаб ётган боғ-роғларни биз кўрмасак, келажак авлодлар кўришини том маънода ҳис қилиб турибман. Бу борадаги фикрларим нисбийлигини ҳам биламан ва муҳтарам газетхонлар ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашишларини истайман. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ўшанда ҳам ҳар иккала томоннинг фикрларини дадил эълон қилгани ёдимда. Таҳририят бу анъанани давом эттиришидан умидвор бўлиб қоламан.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 9-сонидан олинди.