Тошкентнинг машҳур Олой бозорида 1990 йиллар бошида юзаси катталиги росмана икки қарич келадиган патир нон бозорнинг энг мазали нонларидан ҳисобланарди. Фалакнинг гардиши билан бир гурунгда ёнимдаги нотаниш суҳбатдошим Олой бозорининг ўша машҳур патирини ёпадиган новвой эканини билиб қолдим. Маълум бўлишича, уларнинг нон ёпишдаги санъатининг мухлиси бўлган ва кейинчалик Тел-Авивга бутунлай кўчиб кетган бир нечта ҳамшаҳаримиз ушбу новвойни ҳам яхши ҳақ бериш шарти билан кўндиришиб олиб кетишибди. Тел-Авивнинг тупроғи тандир ясаш учун яроқсиз чиққани учун у ерликлар Тошкентдан бир нечта тандирни яшикларга жойлаб учоққа ортиб, машҳур новойимизга етказиб ҳам беришибди. Ўшанда телавивликлар аксарият оилаларида кам жон бўлиб яшагани учун новвойнинг патирлар ўлчамини кичрайтиришига тўғри келган экан.
Ҳар бир вилоят новвойлари нонларнинг сифати, мазаси, турли-туманлиги бўйича гўё бир-бири билан мусобақалашгандек… Наманганга борганда фақат бир кўча бўйлаб бозор дарвозаси томон етиб олгунингизча юздан ортиқ новвойларнинг саватларга солиб қўйилган турли нонлари ўз жилваси билан кўзингизни қамаштиради, таратаётган ёқимли ҳиди иштаҳангизни очиб юборади.
Фарғона водийида тайёрланадиган нонларнинг номлари: оби нон; оби жимжима; уй нони, кулча нон, жиззали нон, гўштли нон, ёғли нон, чапчап нон, гижда нон, оддий патир, ёғли патир, қашқар патир, ёғсиз патир, қатлама патир, тўй патир, лўлда патир, қўшалоқ ширмой, пайванд, оби хол олча гули, ширмой кулча, ширмон патир, кунгирали ширмой, кунжутли бозор нони, седанали бозор нони, байрам безакли нони ва ҳоказо.
Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳасида тайёрланадиган нонларнинг номлари: оби, якқафо, гахсаки, нони заргарон, ҳиндуги, фатири қашқари, ширмоли дужуфт, тафтон, тафтори ду без, нони тароқи, осиёий, пўлодий, жаззаин, кулчаи равғанин, оби жимжима, турфон, нони хаман, кулободи, забони гов, сохта ширмол, ширмоли седана пайванд, ширмоли оби холи олчагули, нони саланг, лаваш, чурек, давра, совғатин нақшин, ун нони, қўшалоқ барака кулча, куёв кулча нон, паркуп нон, кунжутли оби нон, седанали оби нон, кунжутли патир нон.
Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳасида тайёрланадиган нон номлари: оби нон, тўй нони, Хоразм нони, катта патир, кичик патир, сутли чурек, ширмон, ширмон қўшалоқ, кунжутли нон, лаваш нон ва бошқалар.
Ҳазрат Ҳизр ҳассасини суқиб кетган азим Тошкент шаҳри ҳозир катта бир новвойхонага ўхшайди. Бу ерда ватанимизнинг турли вилоятларидан келган новвойлар, мана, бир неча йилдан бери кимнинг нони мазали, ким уста новвой мусобақасини ўтказаётгандек нонларнинг турларини кун сари кўпайтириб боришяпти. Ноннинг биз учун азизлиги урф-одат ва анъаналаримизнинг нон билан боғлиқлигидир. У ерда-буерда нон ушоғини кўрсак, дарров бир четга олиб қўйишга тарбияланганмиз: қушлар ёки ит-мушук еб кетар, деймиз. Чунки бу бебаҳо неъмат инсоннинг пешона терию қалб қўри билан бунёдга келади. Алберт Эйнштейндан “Сиз дунё яратилганидан буён инсониятнинг қайси кашфиётини энг буюк деб ҳисоблайсиз?” деб сўрашганида у: “Нонни”, деб жавоб берган экан.
“Ҳаёт” газетаси, 2007 йил 22-ноябр