Академик Шавкат Воҳидовни билмаган, танимаган юртдошларимиз кам. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, физика-математика фанлари доктори, профессор Шавкат Воҳидов кўп йиллар “Коинот” илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори бўлиб ишлаган эди.
Шавкат Воҳидов 1932 йили Самарканд шаҳрида туғилган. Илмий иқтидори билан космонавтика фани, космик технологиялар тараққиётига мислсиз ҳисса қўша олиш даражасига етган физик олимларимиздан. У 1987 йилдан Ўзбекистон Республикаси Космонавтика федерацияси президенти, 1990 йилдан бошлаб эса иқтидорли мактаб ўқувчилари учун ўзи ташкил этган халқаро аэрокосмик мактабнинг ташкилотчиси ва раҳбари бўлди. Шавкат Воҳидов қаттиқ жисмлар физикаси, космонавтика, спектроскопия, кристалография, радиотехника ва алока, асбобсозлик бўйича йирик тадқиқотлар қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида орбитадаги сунъий йўлдошларга метеорлар, фазодаги чиқиндилар ёки махсус жисмлар билан таъсир кўрсатилганида хабар берадиган ихчам йўлдошлар яратилди. Шунингдек сел, қор уюмлари кучиши ва бошқа табиий офатлар юз беришидан хабар берадиган ва бу фалокатлар олдини оладиган асбоб-ускуналар яратишга ҳам муваффақ бўлди.
Агар эътибор берган бўлсангиз, советлар ҳукмронлиги йилларида космосни забт этиш борасида қўйилган қадамларда юртимиз фарзандлари ҳам иштирок этишгани, ҳатто уларнинг бу ишларга доир бирор жўнроқ ишларда қатнашгани ҳақида ҳеч нарса эшитмаган эдик. Ҳолбуки, космосга учирилаётган сунъий йўлдошларнинг муҳим жараёнларини ишлаб чиқиш, уларнинг энг зарур асбоб-ускуналарини яратишда Шавкат Аҳадович Воҳидовдек алломаларимизнинг илм ва заковатлари, тенгсиз жасоратлари керак бўлган экан. У фазони забт этувчилар қаторида фақат оддий вазифалар ижрочиси бўлибгина қолмай йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида юзлаб олим ва юқори малакали мутахассисларга бошчипик қилиб, космонавтика соҳаси ривожидаги мисли кўрилмаган ютуқларга ҳиссасини қўшди.
Ўзбекистоннинг космонавтика фани ва амалиётидаги иштироки ташкил топганига қирқ йил тўлган Тошкент машинасозлик-конструкторлик бюроси билан бевосита боғлиқ. 1969—1977 йилларда бу муассасани унинг бош конструктори В.Г. Елисеев, 1977—1980 йилларда эса А.А.Прохоров бошқарган.
Шавкат Воҳидов мазкур конструкторлик бюросига 1981 йилдан то 2002 йилгача, яъни, йигирма бир йил давомида бош конструкторлик қилди. Ю.И.Болотин, Ю.Н.Денисов ва Б.П.Жуковлар унинг ўринбосарлари бўлган. Тошкентдаги махсус конструкторлик бюросида Шавкат Воҳидов раҳбарлигида яратилган “ЛБ-09” бурғулаш қурилмаси ва автоматлар Ойни, Марс ва Венерани тадқиқ этишда, Галлей кометаси сари учирилган “Вега”да олиб борилган тажрибаларда айниқса қўл келгани бугун кўпчиликка сир эмас. Бу қурилмалар “Луна-24” аппаратида Ойга етказилиб, унинг ёрдамида 2,7 метр чуқурликда Ой замини бурғуланган. Бу жуда ноёб ихчам бурғулаш қурилмасининг оғирлиги 27 килограмм, катталиги атиги уч метрча, холосдир. Тошкентдаги конструкторлик бюросида бу қурилмани Венера сайёрасида ишлатиш учун уни беш юз даража иссиқликка ва 95 Ер атмосфераси босимига тенг бўлган босим шароитида ишлай оладиган ва яна, Венера атмосферасининг тажовузкорлигини назардан қочирмаган ҳолда такомиллаштирилган.
1981 йилнинг октябрида учирилган “Венера-13” ва “Венера-14” космикстанциялари Венера сайёрасига юмшоқ қўндирилади. Венера заминининг физик-кимёвий хусусиятларини ўрганиш учун бу қурилмалар орқали махсус герметик бўлмаларда ўта ноёб тажрибалар амалга оширилади. Ерга Венера заминидаги элементларнинг олтмиш хил спектрини узатишга муваффақ бўлинади.
Орадан уч йил ўтгач, Шавкат Воҳидов раҳбарлик қилаётган жамоа яна бир улкан космик лойиҳа — Галлей кометасини ўрганишда ҳам фаол иштирок этади. 1985 йили “Венера-1” ёрдамида Венерага етказилган бурғулаш қурилмаси сайёранинг бошқа жойларидаги заминни ҳам таҳлил қилади. Бундай қурилмалар Марс ва унинг сайёраси Фобосда ишлаш учун ҳам яратилади. Бундан ташқари, Фобосга бориб тўхтайдиган ва узоқ вақт ҳаракатда бўладиган автоматик станция ҳамда қуёш системасининг бошқа сайёраларини ўрганишга мўлжапланган қурилмалар устида тадқиқот ишлари олиб борилади. Шовкат Воҳидов узоқ йиллар давомида жамоани аниқ мақсад сари уюшган ҳолда ҳаракатлантиришга муваффақ бўлди. У кўплаб юқори малакали конструкторлар, асбобсозлар ва технологлар, электрончилар, ишлаб чиқарувчи ва синовчиларга устозлик қилди. Космик фазони тадқиқ этишда жаҳондаги кўплаб олим ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилишга эришди. Бойқўнғирдан космосга одам учаётган навбатдаги бир парвоз арафасида қирқдан ортиқ ўзбекистонлик олим ва мутахассисни ўз ташкилоти ҳисобидан “Икарус” автобусида у ерга бориб-келишини ташкил қилганини эса — ҳали ҳануз кўпчилик катта миннатдорлик билан эслаб юради.
Шавкат Аҳадович юртимизнинг иқтидорли мактаб ўқувчилари учун ташкил этган халқаро аэрокосмик мактаб, мана, салкам йигирма йилдан буён муваффақиятли ишлаб келяпти. Алломанинг бениҳоя камтарлиги, гўзал инсоний фазилатлари, фидойилиги ҳам асло унутилмасдир. Якинда заковати тенгсиз улуғ аллома қарийб саксон ёш арафасида боқий дунёга рихлат қилди. Космик технологиялар тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган академик Шавкат Воҳидовнинг жасорати унинг яратувчилик ва кашфиётчилик ишини давом эттираётган шогирдлари тимсолида давом этажакдир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008 йил 28 ноябр