Заҳириддин Муҳаммад Бобур — бутун Осиё тамаддунига улкан таъсир кўрсатган буюк шахслардан биридир. У тақдир тақозоси билан олдин Афғонистонни, кейинроқ Ҳиндистонни эгаллаб, бу мамлакатлар тарихий тараққиётида бурилишлар ясади. Бу ҳақда ҳинд халқининг буюк фарзанди Жавоҳарлаъл Неру шундай дейди: “Бобур келиши билан Ҳиндистон янги сулола ҳукмронлигида қудратли салатанатга айланди. Шу боис, Оврупонинг ҳужум қилиш хавфи ёки эҳтимоли йўқ даражага тушиб қолди”.
Гўдаклигиданоқ боланинг ўсиб-улғайиши, тарбиясига, жумладан, унинг жисмоний тарбиясига ота-онаси ҳам, катта онаси ҳам алоҳида эътибор бердилар. Натижада Бобур паҳлавон йигит бўлиб етишди. Уни тахт вориси сифатида ёшлигиданоқ ҳарбий ишларга ўргатдилар, махсус устозлар воситаси-ла араб ва форс тилларини мукаммал ўрганишини назорат қилдилар. Кичиклигидан “Қуръон” тиловатига ўргатилди. Эътиқоди мустаҳкамланиб боргач, фиқҳ қонунларини, тарих ва Шарқ адабиётини ўқитдилар.
Бобур кундалик ўткинчи хурсандчиликларга унча қизиқмайдиган, емак-ичмакда инжиқлик қилмайдиган бўлиб ўсди. Ҳаётда нима яхши-ю, нима ёмон эканига болалигиданоқ разм соладиган бўлди. У дўстлари, тенгдош ўртоқларига, уларнинг насл-насабидан қатъи назар, бир хил муомала қиларди. У шуҳратпарастликка, иззатталабликка асло ўрганмади. Ёлғон гапирмайдиган, муғомбирлик қилмайдиган, оқкўнгил бўлиб ўсди.
Бобур ўзгаларга нисбатан зийракроқ, ҳушёрроқ, доно ва фаросатлироқ бўлиб тарбияланади. У баҳодирона келбати, руҳан тетиклиги, абжирлиги ва нозик диди билан ўзгалардан ажралиб турарди. Кейинчалик, подшоҳлик йиллари ҳам ортиқча бойликка ружуъ қўймади, зеб-зийнатдан роҳатланиш ҳиссиётига берилмади, уларга нописандлик назари билан қарашга одатланди. Бундай феълини унинг бутун умри давомида, давлат фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.
Кейинчалик, ўгай укалари Жаҳонгир Мирзо ва Носир Мирзо туғилиб, вояга етганда ҳам айни шу феъли туфайли уларга меҳрибонликлар кўрсатди. Ғанимлар худбинлик йўлига ундаб, ғаламислик қилганларида ҳам укаларига ғаразгўйлик қилмади, кенгфеъллиги боис гина сақламади.
1487 йили, яъни Бобур Мирзо тўрт яшарлигида она томонидан катта отаси бўлмиш Юнусхон узоқ фалаж бўлиб ётгач, вафот этди. Бобоси васиятига биноан бўлса керак, келаси — 1488 йили беш яшар Бобурни, давр удумига кўра, амакиси Султон Аҳмад Мирзо қизларидан Ойша Султон Бегимга “қулоқ тишлатти” маросими учун Самарқандга олиб бордилар.
Заҳириддин Муҳаммадни, тўй тантаналари ўтгач, улуғ бобоси Амир Темур салтанатининг пойтахтини айлантириб томоша қилдирганликлари шубҳасиздир. Ана шунда Соҳибқирон даврида бино этилган ғаройиб қасрлар, ҳашаматли оромгоҳлар, ферузаранг гумбазли мақбаралар, кўкка бўй чўзиб ганчлари ярқираб турган миноралар гўзаллигини, масжиду мадрасалар маҳобатидан олган таассуротларини Бобур гўдаклик шуурига сингдиргани аниқ. Кейинчалик Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”ларини ўқиб, Соҳибқирон давлатчилик фаолиятининг кўп жиҳатларини ўрганди ва гўдаклик чоғидаги Самарқанд сафаридан олган таассуротлари ёрдамида улуғ бобоси ҳаётига разм солди. Амир Темур мақсадлари ва бу йўлдаги улкан ишлари, жангу жадаллари, исломий эътиқоди, олиму фузалоларга кўрсатган беминнат одамийликлари, туғишганларига бўлган ҳурмат-мурувватларини ўрганди. Булар Бобур учун бир умрга таълим мактаби эди.
Бобур тарбиясида катта бувиси Эсон Давлатбегим ва ўз онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг хизматлари беқиёсдир. Ёш подшозода одоб-ахлоқ ва давлат ҳақидаги таълимотларни ўзлаштиришдан ташқари, машҳур “Қобуснома”, Шайх Саъдийнинг “Бўстон” ва “Гулистон” китобларидан ҳам дарс олди.
Отаси Умаршайх Мирзонинг фазилатлари — танти ва сахийлиги, саводхон ва билағонлиги, олийҳиммат ва мардонаворлиги ёшлигиданоқ Бобурга ўз таъсирини кўрсатган. Ундаги хушхулқлилик ва саховатпешалик, табиатан хушчақчақлик ва беғаразлик, дўстона суҳбатларни эъзозлаш каби яхши хислатлар, шубҳасиз, ота-боболаридан ўтган ва Бобур бу хислатларни ўзининг ўта мураккаб ҳаёти давомида янада бойитди, ўз навбатида, уларни наслларга мерос қилиб қолдирди. Инглиз тадқиқотчиси Уилям Эрскин Бобур ҳаётини кўп йиллар давомида ўрганиб ёзадики, инсоният фаолиятининг барча соҳасида “осиёлик шаҳзодаларнинг ҳеч қайсиси тенг келолмайди ва унинг ёнига қўйиш учун лойиғини тополмаймиз”. Шунинг учун ҳам Ж.Неру уни “дилбар шахс” деб атайди.
Бобурнинг аёлларга ҳурмати ва меҳрибонлиги ҳам кишини лол қолдиради. Бу туғишган опаси Хонзода Бегимга (ўзидан беш ёш катта эди) кўрсатган иззат-ҳурмати, опанинг тақдирига ачинишлари, фавқулодда ғамхўрлиги бунинг яққол исботидир. Ёки катта онаси Эсон Давлатбегимга бўлган ҳурмати-чи? Мана, подшоҳ Бобурнинг онага ҳурмат юзасидан берган баҳоси: “Хотунлар орасида раъи ва тадбирда менинг улуғ онам Эсон Давлатбегимча кам бўлғай эди, бисёр оқила ва мудаббира эди”.
…Бобур Мирзога исёнчилар бош кўтарганлиги ҳақида Кобулдан чопар нохуш хабар келтиради. Ҳиротдан Ҳиндикуш тоғлари орқали қиш мавсумида кесиб ўтиб, тезроқ Кобулга етиб бориш мақсадида кўп қийинчиликларга дуч келади. Довон йўли чиндан ҳам хатарли бўлиб, қалин қор бўрони ичида музлаб қолиш эҳтимоли яқин эди. Шунда Бобур ёнидаги ғорга фақат кексалиги учун Қосимбекни олиб киришни, ўзи очиқда йигитлар билан тонг отгунча туришини айтади. Ўзларининг ўлим билан юзма-юз турганлигини хаёлидан ўтказиб, ҳаёт-мамот олдида шоҳу гадо баробарлигини эслатади.
Шу ўринда Бобур Мирзонинг “Дўстлар билан ўлмоқ шарафлидур”, деган сўзини эслашни истардим. Бобур Халқаро илмий экспедицияси бу йўлларни 2004 йили босиб ўтиб, Бобур Мирзонинг руҳини шод этган бўлса ажаб эмас…
Бобурнинг инсоний фазилатларини ўрганар эканмиз, унинг ислом дини фидойиси ва посбони бўлиш билан бирга, асло мутаассиб диндор бўлмагани ҳам яққол кўзга ташланади. Амир Темур каби, у, айниқса, Ҳиндистонда эканида уламо, фузалолар билан диний мавзуларда суҳбатлар қуришни севарди. Ҳар пайшанба куни фиқҳ масалалари бўйича суҳбатлар уюштирарди. Чаламуллаларни, текинтомоқ шайхларни, ўзига оро берадиган такаббур олимларни асло ёқтирмасди.
Ҳиндистонга юриш қилган аксарият подшоҳ-ҳукмдорлардан фарқли ўлароқ, Бобуршоҳгина бор бисотини Ҳиндистонга олиб бориб, ўша жойни ўз юртидек обод қилишга уринган.
Энг муҳими, Бобур Мирзо салтанатни идора этишда халқ хоҳиш-иродасини инобатга олар, унинг манфаатларини кўзлаб иш тутарди. Маданият, маънавият, яратувчанлик ишининг доимийлиги Бобур давлатининг устивор йўналишлари эди. Бу соҳаларга, жумладан, илм-фан ривожига давлат аҳамиятига молик иш сифатида қаралган.
У саройлар, қасрлар қурдирган, боғлар бунёд этган.
Бобур Мирзонинг шахсияти ва олийжаноб хислатларидан келиб чиқиб, Америкада ва Европада бундан бир неча асрлар олдин Рашбрук Уилямснинг “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, Ҳароят Ламбнинг “Бобур-йўлбарс”, Анна Флора Стилнинг “Тож кийган дарвиш” ва у ҳақдаги яратилган бошқа асарлар бутун дунёда тан олинган.
Ҳа, Бобур эътиқодда мустаҳкам, имони бутун, шу билан бирга, ҳиммати баланд комил инсон эди. У бобоси соҳибқирон Амир Темурга нисбат берса бўладиган улуғ киши, саховатли ва диёнатли подшоҳ эди. Бош фарзанди Ҳумоюн Мирзо бетоб бўлганида табиблар маслаҳатини ўзича талқин этиб, жонини фарзандига бағишлади, унинг дардини ўзига олди, кўз ёши тўкиб Яратганга астойдил мурожаат қилди. Оҳи Аллоҳга етиб фарзанди тузалди, ўзи эса касалланди. Бу ҳақдаги ўзгаларга ибратли ҳикоя асрлар оша бизларга етиб келди. Шу давргача ислом Шарқида, подшоҳлар тарихида бунақа ҳодиса кузатилган эмас. Бу ҳам Бобурнинг нақадар мустаҳкам эътиқодли, комил инсонлигидан нишонадир.
Бобур ёзган илмий асарларидан, тузган девонидан ташқари, унинг яна бошқа хислатлари ҳам бор эди. У мусиқий асарлар яратди, “Ҳарб иши”, “Бобурий хати” деб аталган алифбони кашф қилди. Ушбу ноёб қўлёзма асарни Бобур Халқаро илмий экспедицияси ўтган галги сафарида қўлга киритиб, Ватанга олиб келиб, илмий истеъмолга киритди.
Ҳеч бир шоҳ, ўзи ҳаётдан кўзини юммай туриб, тож-тахтни фарзандига топширмаган. Ҳеч бир шоҳ, ўзи ҳақида бор ҳақиқатни, хато-камчиликларини ёзиб қолдирмаган. Шундай қилган олийжаноб, комил инсон юртдошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.
Зокиржон Машрабов,
Халқаро Бобур жамғармаси раиси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 7-сонидан олинди.